Елена Князева, Алексей Туробов. Табиат тўғрисидаги ягона фан

СИНЕРГИЯ — ҲАМЖИҲАТ ҲАРАКАТ

Синергетика мустақил илмий йўналиш сифатида 1969 йили пайдо бўлган. Айни ўша йили немис физиги Герман Хакен Штутгарт шаҳри дорилфунунида лазер нурланиши назариясига оид машғулотларида “синергетика” атамасини қўллай бошлади. Юнонча бу янги атама ҳамкорлик, мувофиқлашган ҳаракатлар, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш маъноларини билдиради.

Лазер нур тарами шаклланиши жараёнида атомларнинг нурланишига мувофиқлашган ҳаракатларга қандай самарали таъсир кўрсатади? Хакен бу хусусда шундай ёзади:

“Лазерда аксарият атомлар, масалан, рубин сингари кристаллда фаол муҳитда бўлади. Ташқи кучайтирувдан кейин атомлар қўзғаладилар ва ёруғлик тўлқинларини айрим-айрим тарзда кетма-кет чиқара бошлайдилар. Шу асно ҳар бир атом сигнал чиқаради, яъни муайян ахборот ҳосил қилади, бу ахборот ёруғлик майдони орқали ўтказилади. Кетма-кет ёруғлик тўлқинлари лазер саҳнида бошқа қўзғатилган атом билан тўқнашиши мумкин, бу уларнинг яна ҳам кучли тўлқинлар чиқаришига олиб келади… Алоҳида атомлар бир-биридан мустақил тарзда ёруғлик тўлқинлари чиқара олганликлари ҳамда бу тўлқинлар бошқа қўзғатилган атомлар воситасида яна ҳам кучайиши мумкинлиги боис, гарчи кучайтирилган бўлса-да, бироқ ўзаро мувофиқлашмаган кетма-кет ёруғлик тўлқинларининг фавқулодда мавқе ҳосил бўлади ва биз тамомила тартибсиз манзаранинг гувоҳи бўламиз.

Бироқ сигналлар кўлами етарли даражадаги катталик касб этгач, тамомила бошқача жараён бошланади. Атомлар ўзаро мутаносиб тебрана бошлайдилар, натижада майдоннинг ўзида ҳам ўзаро мутаносиб ҳаракатларнинг яхлитлиги кузатилади, яъни эндиликда бу майдон кетма-кет тўлқинлар тартибсиз ҳаракат қиладиган майдонга эмас, балки амалда ягона ўта узун синусоидага айланади.

Бу ўз-ўзини идора қилишнинг анъанавий намунаси бўлиб, тўлқинларнинг муваққат тартибсизлиги ташқи аралашувсиз юзага келади. Тартибсизликлар ўрнини муайян тартиб эгаллайди. Батафсил математик назариянинг кўрсатишича, ёруғлик тўлқинларининг юзага келган тартибсизлиги ўзига хос тартиб-интизом андозаси хизматини ўтаб, атомларни ўзига бўйсундиради”.

Хакеннинг мана шу мулоҳазаларида “ўз-ўзини идора қилиш” тушунчасига дуч келамиз. Айни шу тушунча синергетика моҳиятини англашда жуда қўл келади. Аслида синергетикани ўз-ўзини идора қилишга оид фан сифатида таърифлайдилар ёки батафсил баён қиладиган бўлсак, турли табиатларнинг очиқ нотекис тизимида тартибли муваққат ҳамда саҳнли структураларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлиш ўз-ўзини бошқаришига оид фан сифатида таърифлайдилар.

Хакен когерент ёруғлик тўлқинлари ҳосил бўлишини таърифлашда синергетиканинг қатор бошқа асосий тушунчаларини қўллайди. Қувват берилиши мазкур тизим очиқ хусусиятга эга эканини, яъни жадал суратда ташқаридан қувват берилиши, шунингдек, қувватнинг чиқиб кетишини билдиради. Юзага келувчи муваққат ёки саҳнли структура фаол муҳитда шаклланади ҳамда ўзига ғоят хос дискрет ҳолат намоён бўлишидан иборат бўлади. Бу тизим тартибли хусусиятга эга эмас, яъни атомларнинг тартибсиз ҳаракатларини улар нурланишларининг когерент ёруғлик тўлқинлари хусусияти касб этиши қувват кўпайишига мутаносиб равишда силлиқлик билан рўй бермайди, балки қувват муайян даражада ортган лаҳзадан эътиборан нотекис тарзда содир бўлади. Алоҳида атомларнинг тартибсиз ва турлича ҳаракатланиши тизимнинг бошбошдоқлик ҳолатига мос бўлиб, айни шу ҳолатдан босқичли ўтиш орқали тартиб юзага келади. Ҳар қандай тизим учун тартиблилик андозаларини белгиласа бўлади, натижада ҳар бир муайян тизимнинг мураккаб ҳолатини жуда осонлик билан таърифлаш, шунингдек, муайян назорат андозаларини танлаб олиш, ана шу андозаларни ўзгартириш ҳисобига тизимнинг макроскопик ҳолатини жиддий ўзгартириш мумкин. Тартиб андозалари тизимнинг айрим унсурлари хатти-ҳаракатларини бўйсундиради — айни мана шунда Хакеннинг бўйсундириш қоидаси ўз ифодасини топади.

Янги “синергетика” атамасини яратишда ҳамда ўз-ўзини идора қилиш тартиботларини таърифловчи тушунчалар ва назариялар тизимини ишлаб чиқишда Хакен, шубҳасиз, салмоқли ўринни эгаллайди, лекин у ўз-ўзини идора қилиш ҳодисаларига оид тадқиқотлар масаласида кашшофликка даъвогарлик қила олмайди.

Ташқи жадал қувват бериладиган шароитда барқарор структуралар ҳосил бўлиши самараси физикада азалдан маълум. Жумладан, остидан қиздириладиган елимшак суюқликлардаги конвектив оқимлар келтириб чиқарувчи Бенар катакчаларини олиб кўрайлик. Бу тажрибани ҳар ким уйида синаб кўриши мумкин. Товага ўсимлик ёғини етарли миқдорда қуйиб, уни баланд оловга қўйишнинг ўзи кифоя. Ҳеч қанча ўтмай, ёғнинг қуйидаги, ўта қизиган қатлами ҳамда юқоридаги ҳали қизиб улгурмаган қатлами тик оқим бўйлаб мунтазам ўзаро жой алмашаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бундай қатламлар тартибсиз ёки бир йўла бутун това бўйлаб эмас, балки асалари хоначаларини эслатадиган олти қиррали тўғри хоначалар шаклида ўзаро жой алмашадилар. Суюқлик қуйи ва юқори қатламлари ҳароратидаги фарқ муайян босқичли қиймат касб этганидан кейин ўз-ўзини идора қилишнинг бутун саҳн бўйлаб ёйилган структураси юзага келади. Суюқликнинг оқимлари тўсатдан, яъни ҳеч қандай ташқи ташкилий таъсирсиз тартибли хусусият касб этади, бундай ҳолат нисбатан барқарор ва геометрик тўғри шаклларга мос бўлади.

60-йилларда ўтказилган ҳисоблаш тажрибалари кутилмаган натижа берди: плазманинг ўта тез сиқилиш ва қизиш тартиби мавжуд бўлиб, бунда унинг ҳарорат кўрсаткичи жадвалда деярли тик ҳолатда кўтарилади ва бу кўтарилиш тўхтовсиз давом этаверади, муайян саҳн ҳажми, яъни иссиқлик оролчасининг совуқ муҳит билан қуршалган саҳни дастлабки чегаралари доирасидан чиқмасдан, ёйилмай қолаверади. Бу плазма ўз атрофида айни ўз таркибидан ҳимоя қобиғини юзага келтиришини билдиради. Бундай нотекис самара термоядро синтези реакциясини ҳосил қилиш учун талаб қилинувчи қувватни ўн минглаб марта камайтириш имконини беради.

Плазма муҳитидаги мана шундай ҳолатнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар қандай нормал шароитда “иссиқ-совуқ” нисбати ўзаро тенглашишга интилади, жумладан, қайноқ қаҳвага бироз совуқ сут аралаштирилиши натижасида бу ичимлик илиқ бўлиб қолади. Синергетика эса — бу фан ҳамиша ғалати ҳолатларни ахтарувчилар учун мана шу хусусияти билан қизиқарли — қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш мумкинлигини исботлайди: иссиқлик ёлғизлатилишига силжишдан, мувозанатдан кучайиб борувчи мувозанатсизликка ва мувозанатдан йироқ структуравий ҳолатлар ҳосил бўлишига олиб келади.

Ёпиқ тизимларда тартибсизликнинг (энтропиянинг) ўсишига оид термодинамиканинг иккинчи бошланмаси назарияси синергетика ўрганувчи очиқ нотекис тизимларга нисбатан ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолади. Ёлғизлатилган, тез авж олувчи структуралар муҳитда энтропия ҳосил қилиниши негизида бошбошдоқлик ортиб бориши ҳисобига мавжуд бўлади. Ёниш структуралари ўз атрофидаги муҳитни гўё жадаллик билан “ёндиради”. Уюшқоқлик (тартиблилик) ҳам, қовушмаганлик (энтропия) ҳам баравар ортади. Бироқ қизиш ва “саралаш” жараёни ўта кескин даражага етганида ҳарорат чегаралари фавқулодда заифлашиб, жараённинг кутилмаган кичик ўзгаришларига ҳам сезгир бўлиб қолади. Хусусан, мураккаб структуранинг емирилиши ёки қарама-қарши — ҳароратнинг пасайиши ва ҳароратнинг ёйилиши тартибини касб этиши мумкин.

ЗАМИНДАГИ ҲАЁТ НЕГИЗИ

Тартибли структураларнинг тўсатдан пайдо бўлишига оид муҳим натижалар 70-йилларнинг бошларида химия фанида ҳам олинади. Бу натижалар Брюсселнинг Озод дорилфунунида Илья Пригожин — келиб чиқиши рус, бельгиялик олим (1927 йили ўн яшарлигида уни ота-онаси Россиядан олиб чиқиб кетишган) раҳбарлиги остида олиб борилган тадқиқотлар билан биринчи навбатда боғлиқ. Илья Пригожин мувозанатсиз термодинамика соҳасидаги ишлари учун 1977 йили Нобель мукофотини олган.

“Турли тажрибавий шароитларда, — деб ёзади Илья Пригожин ва унинг ҳаммуаллифи Изабелла Стенгерс, — айни битта тизимда ўз-ўзини идора қилишнинг турли шакллари бўлиши мумкин”.

Химиявий соатлар — химиявий жараёнларнинг ўз-ўзини идора қила олишининг энг ёрқин намунаси бўлиб, уни 50-йилларнинг бошларида россиялик олимлар Б.П.Белоусов ва А.М.Жаботинский кашф этган. Бу борада ҳосил бўладиган структура саҳнли хусусиятга эмас, балки муваққат структура хусусиятига эга бўлиб, муайян даврийлик асосида тебраниб туради.

Белоусов-Жаботинский тажрибасини назарий изоҳлаш учун Пригожин ўз ходимлари билан брюсселятор дея номланувчи махсус модель яратди. Бу модель қуйидаги кўринишга эга. Ўзаро химиявий реакцияга киришадиган моддалар мавжуд. Улардан биттасининг — “бошқарувчи” модданинг миқдори оҳиста кўпайтирилади. Унинг миқдори муайян даражага етгач, химиявий тизимнинг аввалги барқарор ҳолати беқарор тус олиб, бошқа иккита ўзаро таъсир қилувчи моддаларнинг миқдори сезиларли даврийлик асосида ўзгара бошлайди. Бундай ўзгариш айрим беқарор фокус атрофида бўй беради ва энг юқори маромига чиқиб олади, яъни барқарор даврий ҳаракатланиш йўлга қўйилади.

Мураккаб тизимнинг босқичли траекториявий муқаррар кесишадиган сўнгги соҳаси синергетикада аттрактор дейилади. Муайян нуқта (барқарор фокус) ёки бирмунча мураккаб ҳосила аттрактор вазифасини бажариши мумкин. Тизимларнинг траекториялари муайян соҳа ичкарисида тартибли тавсифлаб бўлмайдиган ихтиёрсиз хатти-ҳаракатлар қилганида ғалати аттракторлар вужудга келади. Пригожин таъбирига биноан ғалати аттракторни “жозибали бошбошдоқлик” дейиш мумкин.

Химиявий соат манзарасини ёрқин тасаввур қилиш, унинг ўзига хослигини эса таъсирли ифодалаш учун Пригожин билан Стенгерс реакцияда икки хил — “қизил” ва “яшил” молекулалар қатнашаяптилар, дея шартли ҳисоблашни таклиф қиладилар. “Бошқарувчи” модданинг миқдори муайян даражадан кўпайишига қадар улар қовушмаган аралашма ҳолатида бўлди ва биз дастлабки ранглардан бири тартибсиз равишда хиёл устунлик қилишига мойил пробиркада аллақандай бинафша рангли суюқликни кузатамиз. “Химиявий соатга назар ташлаганда бошқача манзаранинг шоҳиди бўламиз: ўзаро реакцияга киришган аралашманинг ҳаммаси яшил рангда бўлади, кейин унинг ранги тўсатдан қизил бўлиб қолади, сўнг яна яшил тус касб этади ҳамда мана шу жараён давом этаверади. Аралашманинг ранги аниқ муайян даврдан кейин ўзгаргани туфайли, биз когерент жараённинг шоҳиди бўламиз. Миллиардлаб молекулаларнинг мувофиқлашган хатти-ҳаракатларига асосланувчи шу даражада юксак тартиблиликка ақл бовар қилмайди, шу боис, башарти, химиявий соатни қўлга олиб кўриш имконияти бўлмаганида, шундай жараён рўй бериши мумкинлигига ҳеч кимни ишонтириб бўлмасди. Ўз рангини баравар ўзгартира олиши учун молекулалар “қайсидир тарзда” ўзаро алоқада бўлишлари зарур. Тизим яхлит бир бутунлик сифатида фаолият юритиши даркор”. Химиявий тизимларда унсурларнинг когерент, ўзаро мутаносиб ҳаракатланишининг самараси шу мисолда ёрқин кўзга ташланаётир.

Химиявий жараёнлардаги ўз-ўзини идора қилиш ҳолатлари билан боғлиқ тадқиқотлар натижасида Пригожин ўз-ўзини идора қилишнинг умумлашма назариясини ҳам яратдики, бу назария химия фани чегаралари доирасидан бутунлай чиқиб кетади. У мазкур назариясини турлича атайди: нотекис мувозанатсиз термодинамика, мураккаблик тўғрисидаги фан, бошбошдоқликдан тартиблиликка ўтиш назарияси, лекин аксарият диссипатик структуралар назарияси деб атайди. Пригожин “синергетика” атамасини қўлламасликни афзал билади, аслида унинг тадқиқотлари ички мазмун-моҳиятига биноан, шубҳасиз, мураккаб тизимларнинг эволюцияси ва ўз-ўзини идора қилишига оид синергетик назарияга тегишли ҳисобланади.

Бироқ Пригожиннинг мақсади ёлғиз ўз-ўзини идора қилиш назариясини яратишдан иборат бўлмаган. Унинг асосий диққат-эътибори — мазкур назариядан жонли мавжудот пайдо бўлишининг теран сир-асрорларини кашф этишда фойдаланишга қаратилганди. У жонли ва жонсиз табиатни тавсифлаш ўртасидаги сифат фарқланишларини бартараф этишга ёки камида — замонавий илм-фан уддасидан чиқа оладиган — жонли ва жонсиз табиат оралиғидаги жарлик узра олимлар азалдан қуришига уринаётган кўприкка яна бир неча қисмлар қўшишга интилди.

“Табиий тартиб-интизом доирасига кирувчи ҳаёт табиатда рўй берувчи ўз-ўзини идора қилиш жараёнларининг олий инъикоси сифатида намоён бўлади. Биз… башарти ўз-ўзини идора қилиш шартлари бажарилса, ҳаётни Бенарнинг беқарорлиги ёки эркин ташланган тошнинг ерга тушиши сингари ҳаётни ҳам олдиндан бемалол башорат қилиш мумкин, дея эътироф қиламиз”, — деб ёзади Пригожин ва Стенгерс.

Пригожин жонли ва жонсиз табиат ўртасидаги ўзаро боғловчи бўғинларни ахтаришда молекуляр биологиянинг икки соҳилни бир-биридан ажратувчи дарё ўзанининг гўёки ўртасида жойлашган маълумотларига таянади. Немис олими Манфред Эйгеннинг биологик ривожланишдан олдинги эволюция назариясига Пригожин юксак баҳо беради. Эйгеннинг тадқиқотларига биноан, полимер молекулалар тизими — ўз ҳолича олинган молекулалар анъанавий тасаввурга зид равишда “ҳаёт”нинг ҳатто “бир томчиси”га ҳам эга эмас, — улар ўз мавжудлигини ўз-ўзини қайта ишлаб чиқариш тизими орқали ва ташқи аксилтаъсирларга қарши таъсир кўрсатиш орқали сақлай оладилар. Уларнинг ўзини сақлаш ва ташқи муҳитга мослашиш механизми жонли мавжудотларнинг ДНК силсиласи орқали ҳаётини таъминлаш механизмининг айни намунаси ҳисобланади.

Пригожин жонли мавжудотларга ўтилишида ўз-ўзини идора қилишнинг кутилмаган оролчаларини тилга олади: “Чамаси, ҳаёт сари эволюциянинг айрим дастлабки босқичлари химиявий қувватни қабул қила олувчи ва ўзгартира олувчи механизмлар пайдо бўлиши билан боғлиқ, деган тахмин ҳақиқатдан холи эмас. Бундай механизм тизимни кучли мувозанатсиз шарт-шароитларга киришга мажбурлайди. Шу босқичдаги ҳаёт ёки “илк ҳаёт нишоналари” ноёб ҳодиса бўлиб, Дарвиннинг табиий танлаш таълимоти ана шу кезларда кейинги босқичлардагидек жиддий аҳамиятга эга бўлмаган”.

Табиатни жонли ва жонсиз мавжудотларга ажратмасдан яхлит талқин қилиш тамойили мутлоқ хусусиятга эга бўлмасдан, олам ҳақидаги тасаввурларимизнинг чеклангани билан боғлиқ. Башарият тафаккурига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, шундай тамойил шарқ фалсафасига хос бўлиб, ғарбга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Мана шундай нуқтаи назарни ёқлаганлар, қолаверса, моҳиятан олганда, синергетик дунёқарашнинг дастлабки тарафдорлари қаторида Шеллингни ҳам тилга олса бўлади. Унинг фалсафаси табиат ҳақида яхлит жонли мавжудот сифатидаги тасаввурларга асосланган. У: “Жонли ва жонсиз табиатнинг илдизлари яхлит ва ягона илдизларга эга” — деб ёзганди. Бунда муайян ижодий жараённинг “ташкилийлиги” ва ўз-ўзидан содир бўлишини ана шу яхлитликнинг негизи деб ҳисоблаган.

Шундай экан, синергетика қайси жиҳатлари билан янги фан саналади? Жонли ва жонсиз табиатнинг илдизлари ягона эканига оид кўҳна тасаввурларга нисбатан синергетиканинг янгилиги ва олға ташланган қадам экани шундаки, синергетика, мураккаб тизимларнинг ўз-ўзини идора қилиш ва эволюция жараёнларининг универсал негизини ташкил қилувчи қонуниятларни муайян фанлар доирасида илмий ва назарий умумлаштириб ўрганади ҳамда ўз назарий хулосаларини жиддий илмий тадқиқотларнинг кўпдан-кўп тажриба маълумотлари билан мустаҳкамлаб боради.

Яхлитлик соҒинчи

Антик даврларда фан, санъат ва фалсафа яхлит ва уйғун бўлиб, илмнинг фанларга бўлиниши сезилмасди. Бироқ Янги даврга келиб, илм-фан муайян соҳаларга ажралиб кетади. Фаннинг ҳар бир соҳаси табиат танасидан ўзига тегишли қисмини кесиб олиб, уни эринмасдан яна нимталаб чиқди ва ҳар бир нимта-бўлак фаолиятини ёлғиз унинг ўзидан келиб чиқиб талқин қилишга зўр берди.

Сўнгги даврда, айниқса XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, дунёни яхлит тасаввур қилиш, сунъий равишда ажратиб юборилган соҳаларга жиддий муштараклик хослигини пайқаш ҳамда шуларнинг табиий якуни сифатида фанларни бирлаштиришга, ягона ва яхлит табиат ҳақида ягона-яхлит фан яратишга мойиллик кучайгани бежиз эмас. Фанларнинг шу тариқа бирлаштирилиши самарасиз зўраки қўшилиш тарзида эмас, аксинча, улардаги муайян муштарак негизни юзага чиқариш ва фанларни фақат шартли бўлинган ягона тадқиқот майдонининг айрим қисмлари сифатида қайтадан бирлаштирилиши тарзида қаралмоғи даркор.

Синергетика даврнинг мана шу даъватига, айниқса, изчил жавоб бера олади. Синергетика аниқ ва қатор ижтимоий фанларни — уларнинг тенглигига ва ўзига хосликларини, албатта, сақлаган ҳолда — бирлаштириш усулларидан, шунингдек, фанлараро чамбарчас боғлиқликнинг истиқболлари, турли соҳа мутахассисларининг ижодий ҳамкорлигидан далолат беради. Муҳим мавзу — ўз-ўзини идора қилиш мавзусини ўрганиш борасида ҳам турли фанлар куч-ғайратларини бирлаштириш мумкин. Фанларни яхлит тарзда эмас, балки муайян жиҳатлар нуқтаи назаридан — воқеликнинг турли даражаларидаги мураккаб тузилмалар (тизимлар)ни уларнинг эволюцияси ва ўз-ўзини идора қилиш механизмларини ўрганиш доирасидагина бирлаштириш ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

“Жонли — жонсиз” зиддияти фанларнинг бирлаштирилиши йўлидаги асосий, бироқ ягона муаммо деб қаралмаслиги керак. Микро ва макрооламларни, индивидуал психология ва хулқ-атвор олами билан оммавий ижтимоий жараёнлар оламини, ниҳоят инсоннинг ҳаётий олами, инсон экзистенцияси олами билан илм-фан оламини яхлит нуқтаи назардан тадқиқ қилиш ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Синергетика нафақат яхлит инсонни фанга қайтаришга, балки инсонга фанни қайтаришга, ҳаётий муаммолар ва мураккаб масалаларга бевосита назар ташлашга ундашга даъват қилинган.

Синергетика кашф этадиган қонуниятларнинг универсал хусусияти, бу демак, унинг доирасидаги тадқиқотларни заруриятга мос равишда фанлараро хусусият касб этиши синергетиканинг моҳиятига киради. Физикавий, химиявий, биологик, ижтимоий ва бошқа тизимларда мавжуд эволюция ҳамда ўз-ўзини идора қилиш жараёнларининг умумийлигини синергетика биринчи ўринга қўяди. Мана шу тизимларнинг ўзига хослиги,бир-бирига ўхшамасликлари эса изоҳловчи, муайян тузатишлар киритувчи сифатида талқин қилинади, қавсдан ташқарига чиқарилади. Бунда синергетиканинг вазифаси — шундай тизимлар хусусиятларининг ташқи аломатларини шунчаки қайд этиш эмас, балки ботиний хосса-сабабларини аниқлашдан иборат бўлади.

Синергетика аниқ тажриба маълумотларидан назарий ва муайян фанлар билан боғлиқ умумлашма хулосалар чиқаришга интилганидек, шунга баравар равишда аксилжараённи — назарий хулоса-ечимлар ва ишлаб чиқилган моделлардан турли фанлар ҳамда амалий фаолият соҳаларидан бевосита қўлланилишини ҳам назарда тутади.

Бинобарин, синергетикани икки: назарий ва амалий синергетикага ажратиш мумкин, бу жуда шартли ажратиш эканини унутмаслик лозим. Ўз соҳаларида аниқ бирон соҳа устида иш олиб бораётган олимлар синергетиклар ҳамжамиятига умумий тусга эга ғоялар ва тахмин-фаразларни тақдим этадилар, улар шундай вазифаларни ҳал қилиш давомида беихтиёр пайдо бўлади. Таклиф қилинган ғоя ва тахмин-фаразлар эса ўз навбатида тамомила бошқа фан соҳасида тадқиқотлар бошлаб юбориш учун туртки бўлади, бунинг натижасида илмий доираларда ғояларни мунтазам амалий айирбошлаш рўй беради.

Синергетиканинг қудрати ва самарадорлиги — фанларнинг бир-бирларини мунтазам ўзаро озиқлантиришларида, компьютер тили билан айтганда, фаннинг бирон-бир соҳасидаги мутахассис бошқа йўналишдаги фанларнинг маълумотлари хазинаси билан бевосита боғлиқ ҳолатида бўла олишида.

Синергетика айни шу жиҳати билан ўзидан аввал 50-йилларда пайдо бўлган кибернетикадан ҳамда 60-йиллардан анъанавий тус олган системали, яъни изчил ёндошувдан (тизимларнинг умумий назариясини яратишдан) афзаллик қилади. Дарвоқе, синергетикани кибернетика билан қиёслаш одатий тус олган.

Кибернетика ҳам, системали ёндошиш ҳам қуйидаги тарзда фаолият юритган: улар турли аниқ фанлардан аллақандай умумийликни зўрма-зўраки чиқариб олганлар, мавҳумлаштирганлар ва шундан сўнг мана шу аксарият мавҳумлашган эссенция устида иш олиб борган. Кибернетикада “кириш — чиқиш” ва “сигнал — жавоб”, системали ёндошувда эса “элемент — система”, “аксил алоқа — гомеостазис” меъёрий мезонлар вазифасини бажарган. Олимлар мана шундай бир тутум эссенцияни олганлар ва уни ўзларининг фанлари қозонидаги “масаллиқларга” аралаштириб юборганлар, буни кибернетик ғояларни қўллаш ёки системали ёндашувни амалга ошириш ҳисоблаганлар. Фанларнинг бевосита бирлаштирилиши, бевосита ўзаро таъсир кўрсатиши эса бўлмаган. Ҳолбуки, фақат шундай бўлгандагина бирон мавҳум ғояга эга бўлиш мумкин. Шу йўл билан олинган ғоягина синергетика ҳамжамияти учун ҳаётий қиммат касб этади.

Бу борада физик олим мия фаолиятидаги ғалати аттракторлар тўғрисидаги нейрофизиологнинг китобини алоҳида иштиёқ билан мутолаа қилади, об-ҳавони ўрганувчи мутахассис эса гидродинамика ва ҳатто галактика астрономиясига оид илмий ишларни катта қизиқиш билан ўрганади (бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки ҳар иккала ҳолатда ҳам турбулент оқимлардаги бўронли шаклий тузилмалар ҳамда нозик тартибсизликлар тизими ҳақида гап боради), аниқлик киритилган тартибсизликнинг эволюцияси баёнини ўрганар экан, психиатр ўз мижозларини даволашга оид қимматли маълумотларга эга бўлади ва уларнинг барчаси “аттракторлар”, “флуктуациялар” ва “бифукациялар”нинг ҳаммабоп тилида бемалол муомала қиладилар.

Штутгарт дорилфунуни ҳузуридаги Назарий физика ва синергетика институти халқаро синергетиклар ҳамжамиятини вужудга келишида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Унга Герман Хакен асос солган ва узоқ йиллар раҳбарлик қилган. Хакен 1997 йили таваллудининг етмиш йиллигини нишонлади ҳамда директор лавозимидан бўшади, лекин шу институтдаги Синергетика марказига ҳамон раҳбарлик қилаётир. Олимларнинг институт атрофида бирлашишлари мунтазам шахсий алоқалар йўлга қўйилиши ва фан оламида синергетика ғоялари кенг ёйилишига ёрдам берди.

“Синергетика” деган умумий ном остида туркум шахсий ва жамоа илмий асарларининг нашр қилиниши синергетиканинг обрў-эътибори ҳамда юқори даражада самарадорлигининг ёрқин намунаси бўлди. Бу асарларни Германиянинг етакчи “Springer” илмий нашриёти Хакен институти билан ҳамкорликда чоп этган. 70-йилларнинг ўрталаридан буён 70 жилддан зиёд асар чоп этилди. Бу туркумда йигирмадан ортиқ турли илмий соҳалар олимларининг асарлари дунё юзини кўрди.

Шу билан бирга синергетика мутахассислари орадан ўттиз йил ўтганига қарамасдан ҳамон ўзларини “синергетик” деб атамайдилар. Физик камтарлик билан: “Мен синергетика моделларини қўллаяпман”, — деса, синергетика билан қизиқувчи химик, биолог ёки замонавий география мутахассиси ҳам деярли айнан шундай дейди. Синергетикага бирон-бир илмий унвон бериш қийин масала. Бу нима: назариями? парадигмами? илмми? фанми? Буларнинг ҳеч бири унга тўғри келмайдигандай. Синергетикани илмий йўналиш, яна ҳам аниқроғи — бамисоли сиёсий ҳаракат дегандай уни ҳам илмий ҳаракат деб аташ мақсадга мувофиқ бўларди. Синергетика доирасида ҳамфикр олимларнинг баҳамжиҳат фаолият юритиб, ҳар биттаси ҳаётнинг ҳайратланарли муаммоларидан бири — ўз-ўзини идора қилиш муаммосини ўзларининг илмий ихтисосликлари нуқтаи назаридан идрок қилиш имкониятига эга бўладилар.

ОчиҚлик. Нотекислик. Аттракторлар.

Шундай қилиб биз, қувват оқими ёки бошқа бир етарли жадал ташқи таъсир учун очиқ тизимга эга бўлиб турибмиз. Бу мураккаб тизим бўлиб, жуда катта миқдордаги, баъзан жуда қийинчилик билан ҳисоб-китоб қилинадиган унсурлардан — лазер кристаллидаги атомлардан, химиявий аралашмадаги молекулалар, жамиятдаги одамлардан, миядаги нейронлардан таркиб топиб, улар бир-бирларига мураккаб ўзаро таъсир кўрсатадилар, — шу боис мазкур тизимдаги жараёнлар оммавий кооператив жараёнлар сифатида юзага келади.

Шу билан бирга тизимнинг мураккаблиги ва соддалиги — нисбий тушунчалар. Уларга ҳал қилувчи меъёр-мезонлар сифатида ёндошиш кутилган самара бермайди. Синергетика ҳар қандай тизимни бирваракайига яхлит бир бутунлик сифатида яхлит тарзда макродаражада ҳамда кўпдан-кўп унсурларнинг ўзаро мураккаб таъсири сифатида микродаражада кўриб чиқа олади.

Масалан, аланга — ёнғиннинг кўзга кўринарли акси бўлгани ҳолда мустақил ҳосила, муайян шакли, ранги, ҳарорати, бошқа объектив хоссаларига кўра, айни аланга сифатида ҳам, шунингдек, батамом ёниб тугамаган кўплаб бўлакларнинг уйғунликдаги алангаси сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин. Ниҳоят, алангани янада майда таркибий қисмларга ажратиш ҳамда қиздирилган, тез ҳаракатланувчи молекулаларнинг турбулент оқими сифатида ҳам талқин қилса бўлади.

Бирон-бир руҳий ҳолат, дейлик, инсон бошдан кечирган қаттиқ таъсирланишни ҳам турли даражаларда тасвирласа бўлада. Руҳий-психологик фан нуқтаи назаридан талқин қилинганида, бундай ҳолат инсон маънавий оламига хос кечинма-туйғуларнинг қайта гуруҳланиши, табақаланиши — психологик ва ахлоқий атамаларда аксарият қайд этиладиган кўрсаткичлар (“Кўзим қайтадан очилгандай бўлди”, “Бутунлай бошқа одамга айланган”) сифатида намоён бўлиши мумкин. Лекин айни шу муайян шахсга хос силжиш-ўзгариш психологик жараёнлар оқимини таъминловчи нейрон тўрларининг қайта жойлашуви даражасида талқин қилиниши мумкин. Шундай нуқтаи назарга биноан, амалда хилма-хил жараёнларнинг шоҳиди бўламиз.

“Тартибсизлик” ва “тартиб-интизом” тушунчалари борасида ҳам айни шундай фикрларни билдирса бўлади. Бу тушунчаларга синергетикада баъзан моҳиятан нотўғри аҳамият берилади. Чунки мутлоқ тартибсизлик ва мутлоқ тартиб-интизом бўлмайди. Шу боис, бирон-бир кўрсаткичга кўра, тартиблилик (ёки тартибсизлик) даражаси камайиши ҳисобига ёки унга зид равишда бирон-бир кўрсаткичга биноан тартиблилик (ёки тартибсизлик) даражаси ортгани ҳақида гапирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тартибсизлик жуда нозик, баъзан ташқи кузатувчи илғай олмайдиган тартиботга, масалан, турбулент оқимдаги тартиботга эга бўлади. Тартиб эса — муайян изга солинган тартибсизлик, холос.

Очиқлилик — мазкур тизим ўз-ўзини идора қилиши учун зарурий, бироқ кифоя қиладиган шарт эмас. Мазкур тизим яна нотекис ҳам бўлиши керак.

Математик нуқтаи назардан, нотекислик математик тенгламаларнинг муайян амалларнинг бир маромдаги эмас, балки сезиларли нотекис ўсиши ва бир неча сифат ечимларига эга алоҳида типини билдиради. Бунда нотекисликнинг физикавий моҳияти ҳам ойдинлашади: нотекис тенгламаларнинг ечимларини муайян мажмуига айни шу тенгламаларга хос тизим эволюциясининг кўплаб йўллари мос келади, тизимнинг ёки эволюция йўналишининг нисбатан барқарор ҳолати эса эгри чизиқнинг алоҳида нуқталарига мувофиқ равишда сакраш тарзида содир бўлади.

Ифодали изоҳни хуш кўрувчиларга қуйидагича тушунтириш мумкин: ҳуштак ёки пуфлаб чалинадиган чолғу асбобини олиб, аввалига секинроқ, кейин эса тобора қаттиқроқ пуфлай бошлайсиз (қувват тизими ва оқимининг очиқлиги). Ҳаво оқими кучайишининг муайян даражасида мавҳум сас бирданига сакрагандек (нотекис равишда) ҳуштакка ёки куйга айланади — бу, аслида, ягона тонли резонанс товуш тўлқини, яъни тартибли тўлқин тартиботи ҳисобланади. Лекин сиз пуфлашга янада зўр берадиган бўлсангиз, кўнглингизни яйратаётган ҳуштак овози ёки куй тупук аралаш хириллашга (синергетикадан бехабарлик оқибати) айланади.

Синергетикани кибернетика билан қиёслашга қайтайлик. Кибернетика ва тизим назариясининг турли кўринишлари техник, биологик ва социал тизимлардаги гомеостаз жараёнларини, мувозанатни сақлаш билан асосан машғул бўлган. Кибернетика мураккаб нотекис эволюция жараёнларини текис жараёнларга айлантиришга, кам деганда, имкон бўлган ўринларда шунга эришишга ҳаракат қилди. Бу фан тадқиқот қилса бўладиган нотекис тизимлар билан шуғулланди, яъни секинлик билан ўзгарувчи параметрларга эга текис тизимлар билан иш кўрди. Кибернетика алгоритмлар ва тизимлар устидан ташқи назорат усулларини ишлаб чиқди. Синергетика эса тизимларнинг ўз-ўзини идора қилиш жараёнларини, уларнинг ўзига хос ўз-ўзини назорат қилишини ўрганади, бунинг учун тизимларнинг нотекис хоссаси муайян асос яратади.

Шундай қилиб, башарти нотекис тизим очиқ бўлса ва унинг ички флуктуациялари ёки ташқи таъсирлар бирон-бир даражадан ошса, бундай тизим тўсатдан янги макроскопик ҳолат касб этиши мумкин. Бироқ бу қандай ҳолат? Ва аслида қандай ҳолатлар юзага келади?

Мана шу жойда синергетиканинг марказий мезонларидан бирига яқинлашдик. Бу — муайян тизим ўз ривожи жараёнида касб этиши мумкин ҳолат-хоссаларнинг дискретлиги бўлиб, айни пайтда улар сонининг муайянлиги, чекланганлигидир. Бошқача айтганда, ривожланишнинг эҳтимол тутилаётган тартиботлари—аттракторларининг хилма-хиллиги, яъни муайян тизимдаги ривожланиш жараёнлари касб этувчи тартиботлари ялпи тусга эга эмас. Ривожланиш жараёнида муайян тизим у ёки бу ҳолатни касб этади, лекин улар оралиғидаги бирон-бир ҳолатда қолиб кетмайди.

Муайян ривожланиш йўналишларигина мақсадга мувофиқ бўлиб, айни шу йўналишлар мажмуи кўриб чиқилаётган тизимнинг ички хоссаларига мос келади. Аслида, камида, масалан, плазма ўз-ўзини идора қилишининг нисбатан барқарор тартиботларини аниқлаш билан боғлиқ математик физика нуқтаи назаридан, бу йўналишлар мажмуини аниқласа бўлади.

Аксарият юзага келадиган ҳолатларнинг дискретлиги ва чекланганлигига оид тасаввурларни кўплаб мисоллар ёрдамида тасаввур қилса бўлади. Физикавий ва химиявий соҳаларда ҳал қилувчи феноменлар билан — атомдаги электронларнинг белгиланган айланма доираларига мос қувват даражаларининг дискретлигига дуч келамиз, бунда табиатда бўлиши мумкин атомларнинг мажмуи акс этади.

Жонли мавжудотларнинг ҳаракатларида ҳам дискретлик кузатилади. Отлар қадамлаб, йўртиб, йўрғалаб юриши, шамолдай тезлик касб эта олиши бизларга азалдан маълум. Буларнинг ҳар бирида от аъзоларининг ҳаракатлари муайян қатъий қоидаларга мос бўлади, қолаверса, бир шаклдаги ҳаракатдан бошқа шаклдаги ҳаракатга сакрама тарзда ўтилади. Заминдаги хилма-хил от зотлари айни бир хил ҳаракатлар қилади.

Айни пайтда фил хартуми, мушук ва ит думларининг муайян ҳолатдаги ҳаракатлари ҳам диққатга сазовор. Айни шу жониворларнинг мана шу аъзолари ҳаракатланишида муайян маъно мавжуд бўлиб, уларга мавҳум оралиқ ҳолати бегона.

Аттрактор тушунчасига мурожаат қилайлик. Аттрактор деганда тизимнинг муайян даража сари ривожланиш ҳолати тушунилади. Тизимда жиддий барқарор аттрактор-тартиботларнинг бир йўла бир нечтаси мавжуд экани дискертлик ғоясининг бўлакча, қайта шакл касб этган инъикоси ҳисобланади. Аттракторлар мажмуини стол ўйини саҳнидаги ўйиқлар мажмуи сифатида тасаввур қилиш мумкин, қўйиб юборилган пружинали металл шарча ана шу ўйиқлардан биттасига, албатта, тушади.

Аттрактор жадвал тарзида траекторияларнинг ягона нуқтада ёки ёпиқ ҳалқада туташиши тарзида намоён бўлади, тизим ҳолати мана шу доирада мунтазам тебраниб туради. Туташув нуқтаси траектория жадвалнинг қайси жойидан чиққанига, яъни ҳаракатнинг бошланғич тарзига боғлиқ бўлмайди. Синергетикада аттрактор тортишувининг конуси ҳақида гапирилади, унинг мана шу оҳанрабо сингари тортиш хоссаси тизимнинг турли бошланғич шартлар тақозоси бўлган кўпдан-кўп траекторияларини ўзига тортиб туради. Тортиш гирдоби траекторияларнинг бошланғич тарқоқ чизиқларини муштарак, тобора йиғноқ ҳолатга келтиради.

Аттракторлар ҳаракатларининг парадоксал хусусияти шундаки, унинг гўё тизимнинг бўлажак ҳолати детерминациялайди. Ҳали муайян ҳолат касб этилганича йўқ, бироқ аллақандай сирли ҳолатда келгусидан айни ҳозирги замонга тортиб олинади. Шу ўринда ноорганик табиатдаги мақсадга мувофиқлик эҳтимолига боғлиқ фалсафий муаммога дуч келамиз. Аттракторни тизим ҳаракатининг ўзига хос мақсади сифатида талқин қилиш мумкинми? Синергетика жавоб беради: онтологик нуқтаи назардан — даргумон. Лекин методологик жиҳатдан аттракторга мақсадга ўхшаш тарзда назар ташлаш, тизимнинг гўё бевосита ўзи танлаган мақсади сифатида қаралганда, аксарият амалий тусга эга бўлади.

“Траекториялар”, “тортиш гирдоблари”, “аттракторлар”ни одатдаги ҳаётга бутунлай бегона тушунчалар деб ҳисобламаслик керак. Шу нуқтаи назардан А.И. Герцен воқеаларини қандай идрок қилганини кўздан кечирайлик. “Кўплаб синовларни бошдан кечирган ҳар бир одам, — деб ёзганди у, — ҳаётида муайян бурилиш бошланувчи кунлар, соатлар, қатор сезиларсиз нуқта-нишонларни эсда сақлайди; бундай нуқта-нишонлар билан белгилаш ёки эҳтиёткорлик кутилмаган ҳолат эмас, улар — пинҳон ва аллақачоноқ мавжуд, ҳаётда рўёбга чиқишга шай бошланғич ўй-ниятларнинг пировард-натижасидир”.

Синергетикага хос дунёқараш ва услубий мазмун-моҳият билан илк танишаётганларда бу ҳақда илгари қаердадир эшитгандай тасаввур пайдо бўлиши мумкин. Ва ниҳоят: ахир бу диалектик материализм-ку, деган хулосага келинади. Синергетиканинг асосий ғояларидан бири — бирон-бир етакчи мезон-ўлчовларга биноан силлиқ сифат ўзгаришлари ҳамда тизимнинг тўсатдан (аслида математик жиҳатдан таърифласа бўладиган) сифат жиҳатидан янги ҳолат касб этишини олиб кўрайлик. Кантпарастлик, К. Поппернинг мантиқий ижобийлик ёки танқидий рационализм руҳида тарбияланган ғарблик олим бу борада очиқ рўй-ростлик унсурларини кўриши эҳтимолдан ҳоли эмас, айни мана шунда синергетиканинг кашшофлик таълимоти сифатидаги обрў-эътибори қисман ўз ифодасини топади. Бироқ бутунлай бошқача руҳда тарбияланган бизнинг журналхонларимизга сон ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига айланиш қонунияти яхши маълум: жумладан, уларга марксистик нуқтаи назарга таянган ҳолда, материя ривожланишининг муайян босқичида ҳаёт пайдо бўлгани ҳамда онгнинг пайдо бўлгани-ю инсоният жамияти юзага келгани ҳамда бир ижтимоий-иқтисодий давр ўрнини бошқаси олгани сингдирилган.

Шу билан бирга синергетика билан диалектик материализм ўртасида жиддий фарқ бор. Жумладан, марксизм жамият ривожланишининг муқобилсиз манзарасини тақдим этади. Яъни феодализм ўрнини ҳаётий зарурият сифатида капиталистик тузум эгаллайди, шу асно капитализм ўрнини коммунизм эгаллаши керак. Тарихий ривожланишнинг олдиндан мана шу тарзда юксалишига оид таълимот синергетика учун бегона ҳисобланади. Хусусан, синергетик нуқтаи назарга кўра, гарчи ривожланишнинг эҳтимол тутилаётган йўллари чекланган бўлса ҳам кутилмаган омилларнинг таъсири оқибатида улардан бирортаси танлаб олиниши мумкин.

Флуктуациялар. Бифуркациялар.

Флуктуациялар ёки тизимдаги сезиларсиз, кутилмаган салбий ҳолатлар синергетика услубларига биноан, уч хил хусусиятга эга.

Биринчидан, улар бетараф омил хусусиятига эга бўлади. Бунда тизимнинг ташқи монеликлари ва ички шовқинларининг бутун мажмуи ўзаро мутаносиб бўлиб, тизимнинг сезиларли оғишига олиб келмайди. Ҳатто салмоқли флуктуация ҳам, башарти муайян даражадан ошиб кетмаса, бошқа барча “хотиржам” атомлар ва молекулалар салмоғи билан бартараф қилинади.

Иккинчидан, флуктуациялар янги ҳолат юзага келишида муайян аҳамият касб этиши мумкин: қулай шароитда айрим флуктуация аксилтаъсирни кучайтириши, бунинг оқибатида шундай аксилтаъсир тизим ичкарисида кучли тус олиши ва бутун тизим ҳолати ўзгариш учун шай хусусият касб этиши мумкин. Башарти тизимнинг сезгирлик даражасидан ўтилган бўлса, айрим флуктуациянинг таъсири сезиларли тус олиб, қулай шароитларда тизимни жиддий ҳаракатга келтириши ва ҳолатини ўзгартириб юбориши мумкин.

Учинчидан, юқори даражадаги мувозанатсизлик ва беқарорлик ҳукм сураётган тизимда флуктуация оловга ёғ қуйгандек таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳолат ўз-ўзини идора қилиш танқидийлиги феномени деб аталади.

Буларни муайян мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Дастлаб психологияга оид мисолни оламиз. Аврелий Августиннинг “Иқрорнома”сида қандай қилиб тақводорга айлангани тафсилотларини кўздан кечирамиз. Августин дастлаб узоқ йиллар мобайнида ичкиликка берилгани, маиший бузуқликка муккасидан кетгани ва IV асрда обрў-эътиборли хурофотчи-васвослар йиғинларида сафсатабозлик билан умрини беҳуда ишларга совурганини эслайлик. Мана шундай бемақсад ва бемаъни турмуш тарзи унинг меъдасига текканига қарамай, ундан узоқ вақт қутула олмаган. Бироқ вақт ўтгани сайин муҳим қарорга — зоҳидона ҳаёт йўлини танлашга тобора яқинлашиб борган.

“Ўзимни ўзим ишонтиришга ҳаракат қилдим: “Ҳозир, айни паллада шундай қилишим даркор”, — шу гапни такрор-такрор айтиб, ягона қарорга келдим ҳам, уни амалга оширишга чоғландим ҳам, бироқ амалда бунга журъатим етмади, бироқ яна аввалгидек шармандали турмуш кечиришга ҳам чек қўйдим: ўзимни тутиб олдим ва жиддий мулоҳаза юрита бошладим.”

Августин мана шундай изтиробли ўйлар оғушида кутилмаганда қаёқдандир ёш боланинг: “Китобни ол, ўқи! Ол қўлингга, ўқи!” деган даъватини эшитади.

“Ич-ичимдан келаётган фарёдни ютганча ўрнимдан турдим, бу нидони Яратганнинг даъвати сифатида қабул қилдим: китобни очиб, дуч келган жойидан ўқишга тутиндим”.

Августин Ҳаворийларнинг муқаддас китобини қўлга олганини ёзади: “Уни очиб, дуч келган жойидан ўқидим. “Маишатбозликка, ичкиликбозликка, бузуқликка ва фоҳишабозликка берилманг: Исойи Масиҳга юз тутинг ҳамда шайтоний нафсингиз измига тушиб, шаҳват қулига айланманг”. Мен давомини ўқий олмадим, давомини ўқишимнинг ҳожати ҳам йўқ эди: шунинг ўзи биланоқ қалбим нурга тўлиб, хотиржам бўлиб қолди — иккиланишларим зулмати ғойиб бўлди”.

Августиннинг самимий дил изҳорини қуруқ синергетика тилига таржима қилишимизнинг ҳожати бўлмаса керак — синчков китобхон ўзи уддалай олади.

Энди иқтисодиётга мурожаат қиламиз. Нью-Йорк Фонд биржасида акциялар баҳосининг ҳалокатли пасайиши, бу ҳолнинг тез-тез бўлмаса ҳам, узлуксиз давом этиши (бу вазият 1929 йилда, айниқса, даҳшатли тус олганди, 1987 ва 1998 йилларда эса нисбатан кучсизроқ шаклда такрорланди) кучайиб борувчи флуктуацияларнинг синергетик услуби нуқтаи назаридан жуда яхши таърифланади.

Нохуш ахборотларнинг узлуксиз оқими атиги бир неча йирик компаниялар акцияларининг нархи кескин тушиб кетиши ва шунга мос равишда арзонлашишига олиб келади, бироқ айни шундай пасайиш бозордаги ҳар қандай тебранишларни, давлат молиявий мансабдорларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда ҳаттоки фирмаларнинг молиявий аҳволига оид текширилмаган миш-мишларни ҳам жиддий қабул қилувчи брокерлар орасида саросиманинг тобора кучайишига сабабчи бўлади, — ва куннинг охирига келиб бинойидек фаолият олиб бораётган бошқа минглаб компанияларнинг акциялари нархи, улар билан биргаликда бутун биржа кўрсаткичларини кескин пасайтириб юборади.

Бу борада фалокатни, таъбир жоиз бўлса, йўқ жойдан чақириб олиш, ёмон ниятда бўлиш ҳам муайян аҳамият касб этади. 1998 йил октябр ойида Нью-Йорк биржасининг брокерлари аллақандай ғалати ва қайсарона қатъият билан акцияларнинг нархи 1987 йилдагидек яна тушиб кетади, дея ёмон ният қила бошладилар. 1987 йилнинг айни октябр ойида шундай кўнгилсизлик рўй берганди. (1998 йил ёзида Осиёнинг молиявий фондларида жиддий кўнгилсизликлар бўлгани, Россияда банклар фаолияти билан боғлиқ фожеали воқеалар рўй берганини ҳам эсга олайлик.) Бу қандай оқибатга олиб келди? Нью-Йорк фонд биржасида акцияларни нархи ҳақиқатдан ҳам тушиб кетди! Уларнинг нархи барқарорликка кўникиб қолган америкаликлар учун жиддий даражада, нақ 20 фоизга пасайди. Тўғри, Америка иқтисодиётининг барқарорлиги туфайли ярим йилдан кейин уларнинг нархи яна кўтарилди.

Турли аттракторлардан бирортасини танлаб олиш, ривожланиш йўлларининг туташуви синергетикада алоҳида аҳамиятга эга. Мана шу туташув палласини белгилаш учун бифуркация атамаси қўлланади. Фақат аттрактор гирдобига тушилганидан кейин ва бифуркация нуқтаси босиб ўтилгач, ривожланиш йўли қатъий белгилаб олинади. Лекин мана шу бифуркация нуқтасига яқинлашиш палласигача ва беқарорликнинг кучайиши арафасида флуктуациянинг роли ўта ортиб кетади. Тасодифийлик омили майдонга чиқади.

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида муҳим қарорлар қабул қилишдан иборат кўпдан-кўп паллалар, бифуркациялар силсиласи мавжуд. В.В. Набоков қуйидагиларни ёзаркан, аслида, ҳаётнинг синергетик манзарасини тасвирлайди: “Ўтмишга назар ташлаб, башарти бирон тасодифни бошқаси билан алмаштирилса, натижада сезиларсиз ва самарасиз кечган лаҳзалар ўрнида бир пайтлар ҳатто хаёлга ҳам келмаган антиқа воқеанинг юзага келишини тасаввур қилишнинг ўзгача гашти бор. Ҳаётнинг мана шундай ғаройиб тармоқланиши, ортимизда қолган ҳар бир лаҳзада чорраҳаларнинг беҳисоблиги — рўй берганидан бутунлай бошқача воқеалар ҳам содир бўлиши мумкинлиги, — хуллас, ўтмишнинг зулматли қўйнидаги умидворлик нури билан ёритилган йўл-йўлаклар кўпайгандан кўпайиб бораверади”.

Тизим қанчалик беқарор, кескинлик палласига ёки бифуркация нуқтасига қанчалик яқин бўлса, турмушнинг ҳам қуйи, ҳам юқори қатламларидан киритиладиган жамики таъсирларга шунчалик сезгир бўлади. Флуктуациялар ортиши, кучайиши самарадорлиги нотекис оламдаги арзимас сабаб-баҳоналар йирик оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини билдиради. Микрофлуктуациялар макроскопик даражага ёриб кириши ва жараённинг макроманзарасини белгилаши мумкин. Дунё тузилиши юқори қатламларнинг қуйи қатламларига акс таъсири учун ҳам мана шундай ҳолат хос.

Беқарорлик ҳолатларида инсон танасининг тизим ости фаолиятига радиация даражаси, ер магнит майдони қўзғалишлари, ҳатто сайёраларнинг жойлашувига мос равишда келиб чиқадиган энг кичик гравитация ўзгаришлари сингари самовий даражадаги омиллар ҳам суқилиб кириши мумкинлигининг ҳам илоҳиётга ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ.

Муҳитнинг бир маромдаги ҳолатида турмушнинг турли даражалари бир-биридан ҳаддан ташқари йироқ бўлади. Атомлардан таркиб топган молекулалар ўз навбатида тўқима-ҳужайраларнинг таркибий қисми ҳисобланиб, ҳужайралар инсон танасининг барча тўқималарининг энг содда бўлакчалари саналади, улар амалда инсон танасининг фаолиятига ҳеч қандай тарзда алоқадор эмас. Инсоннинг тириклиги ёки вафот этганини атомлар ҳатто пайқамайдилар. Нафас олишингиз ёки юрак уришини ўз билганингизча, ёхуд махсус тайёргарлик асосида муайян тартибга солишингиз мумкин, бироқ ўз танангиздаги лоақал ягона ўта майда атом зарраси ҳаракатини бошқариш қўлингиздан келмайди.

Синергетика эса — очиқ нотекис муҳит беқарорлигининг алоҳида ҳолатларида тананинг энг қуйи майда зарралардан тортиб, энг йирик аъзоларига ҳам таъсир кўрсатиш мукинлигини эътироф этади. Шароит ғоят қулай бўлган муҳитда атом заррачалари даражасидаги флуктуация авж олиши ва макродаражада алоҳида ҳолат сифатида мустаҳкамланиши (айни сиз билан биз яшаб турган муҳитда) мумкин, бу макроҳолат эса ўз навбатида фазовий, мегодаражадаги жараёнларга ҳал қилувчи флуктуациялар сифатида қўшилиб кетиши мумкин. “Қутурган” атом ҳатто Коинотни ҳам алғов-далғов қилиб юборади — бу фантастик роман учун тайёр мавзу…

Тизимнинг мувозанат ва барқарорликдан холи экани, унда кўплаб бифуркация нуқталарининг мавжудлиги ҳар доим ҳам унинг емирилишига олиб келмайди. Аксарият ҳолларда, айниқса, юксак ташкилийлик даражасида ривожланиш йўлларининг хилма-хиллиги ва фаолият тартибларининг фавқулодда ўзгариши эҳтимоллари муайян тизим учун ҳаётий аҳамият касб этади. Тизимнинг эркинлик даражаси қанчалик йирик бўлса, ўзлигини “ўнглаб олишга” ва ўзлигини мураккаблаштиришга, тартибот даражасини оширишга шунчалик қобилиятли бўлади. “Тартибсизлик орқали тартибот касб этилади” қоидасининг моҳияти айни мана шунда ўз ифодасини топган. Бу борада табиат бамисоли шоирга (жаз созандасига ҳам деб қўшиб қўямиз) ўхшатилганки, айни шоир бошланғич материалдан фавқулодда, ўта тартибсиз муқоясалар, мазмун-моҳиятининг турлича талқин касб этиши, оҳанг ва қофияларнинг қалтис ранг-баранглиги воситасида пировард-натижада юксак даражада яхлит бадиий асар яратади.

Нейрофизиологларнинг аниқлашларича, одам мияси айни қалтис вазиятларда, тўлқинли тузилмалари фаолияти таъминланиши эвазига самарали ишлар экан. Инсон мияси “қалтис вазият бўсағасида”, бифуркацияларнинг кетма-кет зарбасига олдиндан шай ҳолатга келади. Худди шундай боксчилар ҳам рақибининг зарбаларига исталган ҳолатдан қўққисдан зарба бера олиш учун муттасил ҳаракат қиладилар.

Биологик мавжудлик арафасидаги ўз-ўзини идора қилиш ва ўз-ўзини шакллантириш негизлари макромолекулалар силсиласида оғир беқарорлик вазиятларида ўзларини тутиб тура олишлари билан боғлиқ бўлиб, бу қобилият уларни ғаним муҳитнинг салбий таъсирини “ҳис этиш” ва муносиб жавоб беришга ундайди. Яна ҳам қизиқарли жиҳати шундаки, оғир вазиятдан тўлақонли барқарорлик томон силжиб борилган тақдирда атайин оғир вазият ҳолатини тиклайди. Мураккаб мослашувчан тизимлар муттасил равишда “қалтис тартибсизликлар” томон илгарилайди, гўё ўт билан ўйнашадилар.

Бу мулоҳазалар ҳозир ҳалокатлар назарияси ва оғир вазиятларни атайин юзага келтирилиши назарияси доирасида ўрганилмоқда. Кейинги назария АҚШнинг Нью-Мехико штатидаги Санта-Фе шаҳридаги мураккаб мослашувчан тизимларни тадқиқ этиш институти ходимлари П.Бак ва С.Кауфман томонидан ишлаб чиқилган. Улар ҳалокатлилик ғоясини ифодалаш учун кўргазмали мисол тарзида қум уюмидаги қум заррасининг ҳолатини оладилар. “Қум уюми мажозан мураккаб ҳодисаларга оид физикавий мушоҳадалар доирасидан анча чиқиб кетади, унда ҳамма қонуниятлар: кўплаб бўлакчаларнинг кооператив феъл-атвори, тасодифийлик, кутилмаганлик, тақдир мужассам. Бу — оламни идрок қилишнинг янгича услуби”.

Яна бир кашфиётни эслатиб ўтайлик. Бу ҳам табиат атайин флуктуациявий тусга эга оғишлар келтириб чиқаришидан, улар пировард-натижада ҳаётий аҳамият касб этишидан далолат беради. Буни Барбара Мак-Клинтон ўсимликлар генетикаси соҳасида кашф этган бўлиб, шу кашфиёти учун 1983 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Маълум бўлишича, хромосомалар таркибида ҳаракатчан деб номланувчи генлар бўлиб, уларнинг вазифаси ДНК силсиласининг бир жойидан бошқа жойига сакраб ўтиб, генетик кодга атайин бузилишлар киритишдан иборат. Тана ўз хромосомасини шу асно қасддан “бузиши”дан кўзланган мақсад шундан иборатки, шундай бузилишлар ортиши эвазига кейинчалик табиий танлаш содир бўлади, яъни тана аста-секинлик билан кечаётган табиий жараённи кутиб ўтирмасдан, унга туртки бериб, тезлаштиради. “Эволюция, яъни ривожланиш — парвоз чоғида қўлга киритиладиган ноёб ҳодиса”. Француз олими Ж. Мононинг бу таърифи кутилмаган бузилишларнинг моҳиятини акс эттиради. Бундай ҳолатнинг сир-асрорларини англашга ҳатто Ч.Дарвин ҳам уринган.

Бу ҳолат-ҳодисалар табиатда холисона мақсадга мувофиқлик мавжудлигига оид масалани қайта-қайта кўтаришга мажбур қилади, табиат кетма-кет тасодифий воқеалар оралаб ўзи учун шунчаки йўл очмайди; табиат ривожланиб-равнақ топиши учун атайин, ҳаттоки қасддан ўзини ғалаёнга солади, фавқулотда вазиятларга дучор этади.

СУРЪАТЛИ ОЛАМЛАР. ОЛИС КЕЛАЖАККА ДОХИЛЛИК

Синергетика айрим бўлаклардан яхлит ривожланганликда юзага келтириш, нисбатан содда тузилмалардан мураккабларини шакллантириш, тизимларнинг биргаликда барқарор ривожланиши қоидаларини кашф этади. Самарский-Курдюмов илмий мактабининг сезиларли ютуқларидан бири мана шу бўлди.

Мустақил, ҳали бирлашиб улгурмаган тузилмалар “бир-бирларини сезмаган ҳолда” мавжуд бўладилар. Уларнинг ҳар бири турли “суръат оламларида” яшайдилар, яъни ҳар бири ўзига хос суръат асосида ривожланади. Мураккаб тузилма “турли ёшдаги” — турли ривожланиш босқичларидаги тузилмаларнинг бирлашишини билдиради. Масалан, илмий мактаб олимларнинг турли авлодларини: ўқитувчиларнинг ўқитувчиларини, ўқитувчиларнинг ўзларини, фаол иш олиб бораётган шогирдларни ва умумий ишга эндигина қўшилган ёшларни бирлаштиради.

“Турли ёшдаги” тузилмаларнинг яхлит-ягона ривожланувчи бир-бутунлик касб этиши қоидасини синергетика қуйидагича талқин этади. Нисбатан содда тузилмалар яхлитликнинг таркибий қисмига айланувчи барча айрим бўлаклар, содда тузилмалар ривожланишида умумий суръат қарор топиши орқали бирмунча мураккаб тузилмага бирикадилар. “Турли ёшдаги” тузилмалар ягона суръат оламига тушиб қолади ва бир хил суръат — тезлик билан ривожлана бошлайди. Айни умумий ривожланиш суръати шарофати билан хилма-хил тузилмалар яхлит тузилманинг ўзаро мос ва мутаносиб таркибий қисмларига айланади.

Ўзаро бирлашиб мураккаб тузилмани юзага келтирган тузилмаларнинг оқилона топологияси, яъни тўғри қиёфага эга бўлса, мураккаб тузилманинг ривожланиш суръати ортади. Мана шу яхлитлик таркибига кирган энг тез ривожланувчи тузилманинг суръатидан ҳам яхлит тузилманинг касб этган суръати тезлиги юқори бўлган. Биргаликда ривожланган фойдали, чунки бунинг натижасида моддий ва маънавий сарф-харажатлар тежалади. Шу боис, бирлашиш, яхлитланиш ўзини оқлайди. Ривожланганлик даражаси нуқтаи назаридан мураккаб тузилмалар маҳобатли буюклик ва яхлит баркамоллик тимсоли бўла олади. Қадимий ҳиндлар тили билан айтганда, улар “Маъбуда қиёфасини касб этади”.

Синергетика ривожланиш асносида юзага келувчи мураккаб-тузилма — жисмларнинг яна бир ўзига хослигини кашф этади. Ривожланувчи мураккаб тузилманинг шакл-шамойили ахборот кўринишига эга. Бу тузилманинг муайян қисмларидаги жараёнлар илгари қандай кечган бўлса, айни пайтда ҳам шу суръат билан кечади, бошқа қисмларида эса жараёнлар бутун тузилмада келгусида қай суръатлар билан кечиши зарур бўлса, шунга мос равишда рўй беради. Шунинг учун ҳам шундай бўладики, юзага келган жараёнлар, аттрактор-тузилмалар инвариант ечимларни ҳосил қилади, уларда макон ва замон эркин эмас, балки ўзаро чамбарчас боғлиқ. Синергетика вақт машинаси калитини бамисоли қўлимизга тутқазади, натижада айни пайтда мозий ҳамда бевосита ҳаётий келажак эшиклари қаршимизда очилади. Бундай имкониятдан фойдалана билиш учун муайян уқув талаб қилинади. Фақат синергетика таълимоти билан қуролланган одамгина мана шундай некбин фазилат касб этади.

Синергетик дунёқарашнинг зиддиятли оқибати эса мана бундай. Башарти тузилма суст фаоллик ва чекланмаган тарзда ҳаракатланувчи тўлқинлар тартибида ривожланса, яъни гўё мураккаб тузилма “ҳордиқ” ва “уйқу” ҳолатида бўлса, шу тузилма марказидаги бугунги жараёнлар шундай кучга айланадики, ана шу куч таъсирида жуда олис келажакдаги жараёнлар содир бўлади. Бу — мураккаб ривожланиш тарзининг математик моделлари таҳлилининг натижаси.

Бундай тартиб, умуман, туш кўрмасдан ухлашга, айниқса, мос бўлиб, уни ҳиндлар азбаройи сирли ҳолат деб ҳисоблаганлар. “Одам уйқуга кетса-ю, ҳеч қандай туш кўрмаса, шундай ҳолатда яхлитликка эришади. Бутун исми шарифлар билан нутқ унинг танасига киради, барча тимсоллар билан нигоҳ жо бўлади, жамики товушлар билан қулоқ тўйинади, жамики фикр-мулоҳазалар билан тафаккур унда тажассумини топади. У уйғонганида, алангадан тўрт томонга оташ-учқунлар сачрагани каби, мана шу Атмандан ҳам ўз жойлари томон ҳаётий куч-қувват, ҳаётий куч-қувватдан — Тангрилар, Тангрилардан эса — олимлар тарқалади”. Упанишада асарида Каушитакининг ҳолати мана шундай тасвирланган. Тетиклик ҳолатидаги ҳаётий куч-қувватнинг максимал юзага чиқиши бошқа қутбдаги ғоят осойишта уйқуга мос бўлиши зарур. Уйқу ҳолатида куч-қувват аксарият пинҳона тарзда бўлакланмаган ва осойишта яхлитликда жамланган бўлади. Инсон шундай ҳолатда фазовий яхлитлик билан алоқага киришиб, универсал алоқалар тасарруфида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Муайян уйғунлик, мавжуд жараёнларнинг мурод-мақсад, келажакдаги тартибот билан муқояса қилиниши рўй беради.

Синергетик мушоҲада — синергетика тарзИда яшаш

Синергетика ўз илмий мавқеи юксакликларидан инсонга шу асно панд-насиҳат қилади. Дунёда ҳамма нарса ўзаро боғлиқ; сен қўғирчоқ эмассан, бироқ ҳукмрон ҳам эмассан, сен хаёл етмас ибтидодан беадоқ интиҳо сари узанган универсум ривожланиш силсиласи мажмуидаги фаол тугунсан.

Бу анъанавий шарқона дунёқарашга ўхшайди. Синергетиканинг кўплаб ғояларини мазмун-моҳияти; ҳамма нарсанинг ҳамма нарса билан ўзаро боғлиқлиги, оламда ва жамиятда муайян поғоналарнинг мавжудлиги, унга хоҳласанг-хоҳламасанг амал қилиш кераклиги, томчида денгиз акс этганидек, денгиз ҳам миллиардлаб томчиларнинг тажассуми экани, қадимий Хитой рамзи — инь ва ян галма-гал алмашгани каби ҳаракатланиш суръатлари ва маромининг диалектик алмашуви, ҳамма нарсанинг йўқликдан пайдо бўлиши ва яна йўқлик қаърига сингиши, — синергетикани даосизм, индуизм, будда дини, конфуцийлик таълимотларига яқинлаштиради.

Синергетик дунёқарашнинг жиҳатлари атрофимиздаги оламга хос у ёки бу даражадаги қонун-қоидаларга мувофиқ талқин қилиниши мумкин. Уларни сирли тадқиқотлар билан машғул олимнинг ҳам, жамиятда олимларнинг фаровонлигига оид антиқа тасаввурларини қарор топтириш учун ҳаракат қилаётган сиёсатдонлар фаолиятига ҳам, қолаверса, оддий инсон хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам тадбиқ қилиш мумкин.

Биз шундай қонун-қоидаларни имкониятимиз даражасида тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Биринчи қоида: “Қандай акс-садо бериши номаълум”. Илья Пригожин бу ғояни лўнда, лекин жуда тушунарли изоҳлайди: “Табиат детерминистик оламда инсон томонидан тўла назорат қилинади, хусусан инсон истак-хоҳишларини инерт объектига айланади. Башарти табиатга моҳиятан беқарорлик хос бўлса, инсон теварак-атрофидаги оламга эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик билан муносабатда бўлиши керак, — лоақал келгусида нималар содир бўлажагини аниқ башорат қила олмаслиги учун ҳам шундай қилмоғи зарур”. Бизлар яшаётган олам нотекис ва очиқ. Нотекис, яъни беқарор оламда эса ҳатто эҳтимолдан йироқ ҳодиса-воқеалар рўй бериши ҳеч гап эмас.

Иккинчи қоида: “Зарур ҳолатларда ва зарур паллада ҳаракат қил”. Эрамизгача V асрга мансуб Хитой фалсафий ёдгорлиги — “Го Юй” воситасида бизгача етиб келган конфуцийпараст донишманднинг сўзларига қулоқ тутайлик. Аллома хонликлардан бирининг хукмронига шундай насиҳат қилади: “Ҳозир У (Само) сизни кузатаётир, шу боис режалар тузишга ошиқманг… Қулай фурсатни кутиш зарур, зеро зафарлар йўлида куч-қудратига ортиқча ишонадиган кимса мағлубиятга маҳкум… Қулай фурсатни қўлдан чиқармаслик керак, чунки бундай омад фақат бир марта келади. Башарти қулай фурсат келса-ю, ундан мақсадга эришиш учун фойдаланилмаса, Само юз ўгиради”.

Само тимсолида ялпи фаол муҳит, илоҳийлик нишоналари акс этган. Унда одамзотнинг муайян иштироки натижасида фаоллашадиган кўплаб йирик имкониятлар ўз тажассумини топган. Муҳитнинг ташқи таъсирга муносабати таъсирнинг муҳит имкониятларига мос келиши ва мос келмаслиги билан белгиланади. Табиий (Дао) йилига амал қил — ижобий натижага эришасан, башарти муайян муҳитга қарши иш тутадиган бўлсанг — мағлубиятга учрайсан.

Учинчи қоида: “Рўй бериши мумкин бўлмаган нарса, албатта, рўй бермайди”. Бунга Собиқ Совет Иттифоқида социализм қуриш учун ҳаракат бўлганлигини мисол қилса бўлади. Марксизм асосчилари ва инқилобнинг дастлабки “доҳийлари” тасаввуридаги баркамол ижтимоий тузум, аслида, муайян ижтимоий муҳитнинг ички ўзига хосликлари ва имкониятларига мос келмади. Оқибатда қадимги Шарқ мустабид тузумларига хос белгиларга эга ижтимоий муҳит вужудга келди. “Муайян хонани мўлжаллаб қадам ташлай туриб, бутунлай бошқасига кириб қолинди”…

Башарти, аллақандай тараққиёт йўлини танлаб олар эканмиз, уни амалга ошириш эҳтимолдан йироқ эканини, эҳтимол тутилаётган ҳолатлар харитасида бундай йўл умуман йўқ эканини англаб етмоғимиз лозим. Бундай ҳолатларда тизимнинг ички хоссаларини ўзгартириш, мавжуд ҳолатларни ўзгартириш имкониятларини қидиришимиз, ёхуд муайян муҳитга мос келмайдиган тартиб-қоидаларни зўр бериб жорий қилишга уринишлардан бутунлай воз кечиш даркор. Инсониятнинг келгуси ривожланиши режа-тарҳларини тузиш билан боғлиқ, замонавий кароматгўйлик фаолиятида мазкур қоидага амал қилиниши, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчи қоида: “Арзимас нарса билан йирик ютуқларни қўлга кирита оласан, бироқ салмоқли, йирик нарсалар билан ҳамиша арзимас нарсаларга эга бўлолмайсан”. Бу қоидада нотекислик, беқарорлик тамойили, айниқса, ёрқин акс этади. Нотекис тизимларда кўплаб куч-қувват сарфланиши мутаносиб натижа олишни кафолатламайди. Бошқа томондан эса, арзимас ёки баъзан бехосдан қилинган оқилона таъсир ҳам тизимни жиддий ҳаракатлантириши, унинг мудраб ётган имкониятларини уйғотиб юбориши мумкин. Башарти, муҳитнинг зарур нуқтасига тегишли тартибда таъсир кўрсатилса, кутилган самара қўлга киритилади.

Айрим тахминлар

Синергетика ривожланишининг тажрибаси замонавий илм-фан йўлларига оид қандай муҳим хулосага олиб келади? Синергетиканинг келажаги қандай?

Синергетиканинг ўзига хослиги шундаки, у илмий англашнинг янги усулини юзага келтирди — бу тамомила бошқача, ҳатто қарама-қарши нарсалар билан қиёслаш орқали англаш ҳисобланади. Дарвоқе, Ғарб илм-фани асосан қайси мақсадга йўналтирилганди? Қатъий тахмин-фаразлар тизимини ва илмий амалиёт ичкарисидаги далил-исботларни ишлаб чиқишга, муайян мазмун-моҳиятни йўқотмаслик, хиралаштирмаслик учун бегона унсурлардан атайин воз кечишга йўналтирилган. Синергетика қарама-қарши йўлдан бориб, бутунлай бошқача махсус ечимларни, воқеликнинг ўта олис соҳаларидан изоморфизмларни топишга уринади. Лекин навбатдаги қадамни ҳам ташлаб, турли фанлар далилларини ўзаро бойитадиган тарзда таҳлил қилади.

Асосий фанларнинг муайян тармоқлари вақти-вақти билан ўзаро боғланади, бу ўзига хос катализатор вазифасини ўтайдики, мазкур ҳолат муайян фан ўрнини боса олмайди ва бунга қодир ҳам эмас, бироқ фанларни рағбатлантиради, тезлаштиради, бойитади, уларда қарор топган ғояларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади.

Фанлараро тадқиқотлар вақт ўтгани сайин муқаррар бирлашиб кетади, муайян муаммоларни ҳал қилишнинг бошқача усул ва воситалари уларнинг диққат-эътиборини жалб қилади. Яна чорак асрдан кейин бундай муаммога синергетика ҳам дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин турли табиат жисм-тизимларининг мураккаб тартиботларини тадқиқ қилишга асосланувчи фанларнинг ўзаро боғлиқликдаги ёндошуви долзарб бўлиб қолаверади.

Мақолани ўқигандан кейин синергетиканинг ўттиз йиллик тараққиёти ҳам гўё қудратли “энг етакчи фаннинг” ғолибона юриши сингари муваффақиятли кечгандек, унинг содиқ тарафдорлари тобора кўпайиб бораётгандек таассурот пайдо бўлиши мумкин. Бунинг боиси, аввало, синергетиканинг ижобий жиҳатларини ва янгилигини ёрқин намойиш қилишга ҳаракат қилдик. Шу билан бирга синергетикага шубҳали назар билан ёндошувчи танқидий нуқтаи назарлар четда қолиб кетди. Аслида диққат-эътиборни оҳанрабодек жалб қилувчи янгиликнинг тарафдорлари билан биргаликда ҳамиша мухолифлари ҳам бўлади.

Дастлаб синергетика билан илмий рақобатга ва унинг мантиқий танқидига тўхталамиз.

Барчага хос заифликлардан олимлар ҳам ҳоли эмас. Боз устига, ижодий шахслар сифатида рақобатлашиш, касбий шахсиятпарастлик каби сифат-хислатлар уларда кучлироқ бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, — буларнинг барчаси халқаро илмий ҳамжамият фаолиятида ҳамиша намоён бўлиб келаётир. Бунинг нафақат психологик жиҳатлари, балки амалий-моддий сабаб-илдизлари ҳам бўлиб, улар сармоя ва яхши иш жойлари учун курашга бориб тақалади. Замонавий илм-фанга синчиклаб назар ташлайдиган бўлсак, уни (башарти қалбан ҳамон идеалист бўлиб қолган тақдирингда ҳам) саноат ёки тадбиркорлик турларидан бирига беихтиёр қиёслаймиз. Илм-фан рақобат ва яшаб қолиш қонуниятларига бўйсуниб, тобора америкача хусусият касб этиб бораётир. Кимки жамоатчилик диққат-эътиборини жалб қилиб, олдинга чиқиб олса, у осонгина молиявий мададга эга бўлади, энг яхши дорилфунунларга таклиф қилинади, ниҳоят машҳурлик ва шон-шуҳратга ноил бўлади. Рақиби ундан хиёл ортда қолса ёки деярли баравар бўлса ҳам бутун диққат-эътибор пешқадам деб топилган кимсага қаратилиши одатга айланган. Ғарб мамлакатларидаги китоб дўконларида бўлар экансиз, илмий адабиётлар бўлимидаги нашрларни кўздан кечириб, ҳатто илмий адабиётларнинг муқовалари ҳам ўта ёрқинлиги, боз устига детектив асарлар каби ғоят қизиқарли номланганининг шоҳиди бўласиз. Замонамиз олимлари оммавий шон-шуҳрат қозониш учун бамисоли рок — мусиқа юлдузлари сингари ўзларини “сотишлари”, “кўз-кўз қилишларига” тўғри келаётир.

Бу борада анъанавий фанлар билан анъанавий фанлар, айни пайтда анъанавий фанлар билан нисбатан навқирон фанлар, шунингдек, бевосита навқирон, ёш фанлар ҳам ўзаро беллашмоқдалар. И. Пригожин “синергетика” атамасини имкон борича қўлламасликка ҳаракат қилишини қайд этгандик. Хўш, нима учун? Асосан илмий биринчилик ва обрў-эътибор нуқтаи назаридан. Олий натижа — янги илмий йўналишни бошқалар эътироф этадиган ўз номланишини қарор топтиришдан иборат. Бизлар баҳс юритаётган илмий соҳанинг саккизта номланиши борлигига қарамасдан бирортаси ҳам умум томонидан эътироф қилинмаган. Улар орасида: мураккаблик тўғрисидаги фан, мувозанатсиз термодинамика, детерминлашган тартибсизлик назарияси, ўз-ўзини идора қилиш назарияси, нотекис динамика, мураккаб мослашувчан тизимлар назарияси кабилар бор. Бу йўналишларнинг ҳар биттасининг, албатта, муайян ўзига хосликлари бўлиб, у ёки бу ҳодисаларга алоҳида эътибор қаратади, лекин уларни аллақандай муштараклик бирлаштиради. Натижада муайян айланани ҳосил қилувчи бўлакларнинг номлари аниқ, бироқ айни доиранинг номланиши номаълум бўлган манзара пайдо бўлади. Аксарият ҳолларда турдош илмий йўналишга мансуб ҳамкасбларнинг изланишлари ҳатто бирон марта эсга олинмайди, гўё улар мутлақо йўқдай.

Шахсий ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб инкор этиш ёнига географик камситиш ҳам қўшилмоқда. Шарқдагилар Ғарб томондагиларнинг илмий изланишларини кузатиб борадилар, Ғарбдагилар эса Шарқдаги ҳамкасабаларини ҳатто пайқамайдилар ҳам. Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатларда Россия, табиийки, Европа ва АҚШ илм-фанида қилинаётган асосий изланишларни инобатга олишга уринадилар. Россия вилоятларида олиб борилаётган илмий ишларга Москвада етарли эътибор берилмайди. Дейлик, германиялик олим Россия, Хитой, ҳатто ўта ривожланган Япониядаги ҳамкасабаси фаолияти билан деярли қизиқмайди, бу борада, албатта, тил билмаслик ҳам тўсқинлик қилади. Германиялик олим ҳатто ҳамюртининг илмий иши, башарти, АҚШда нашр қилинган тақдирда ҳам, унга камдан-кам ҳолатда эътибор беради. Қолаверса, бизлар ҳамон шартли равишда синергетика деб номланаётган ғояларнинг асосий ташаббускорлари Ғарбий Европа ва Россия олимлари эканидан қатъи назар, америкаликлар бу илмий йўналиш айни бизнинг ватанимизда юзага келган, дея комил ишонч билан даъвогарлик қилаверадилар.

Адолат юзасидан эслатиш керакки, синергетика асосчиси Г. Хакен 50-йилларда Москвада таҳсил олган, рус тилини билади ҳамда россиялик олимлар, жумладан, С.П. Курдюмов ва назариётчи физик Ю.Л. Климентовичнинг илмий ишларидан яхши хабардор. У Штутгартдаги Илмий марказга раҳбарлик қилиш билан бирга Флориданинг Атлантика дорилфунунида Мураккаб тизимлар марказида мунтазам илмий иш олиб боради.

Мазкур йўналишдаги шахсий муносабатлар ва даъвогарликларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? Уларни қисқача қуйидагича ифодалаш мумкин.

Биринчидан, синергетика қамраб бўлмайдиган нарсани қамраб олишга бел боғлаган, қамров қанчалик кенг бўлса, аниқ натижа шунчалик ғариб бўлади. Фанлараро боғлиқлик — дея эътироф қилади унинг мухолифлари: бир йўла бир неча ўринларга интилиш эмасми?

Иккинчидан, синергетика боғланмайдиган нарсаларни боғлашга ҳаракат қилади. У микро ва макро оламларнинг, физикавий ва биологик ҳодисаларнинг, психологик ва ижтимоий тартиботларнинг сифат жиҳатидан фарқланишини истисно қилади.

Учинчидан, синергетика аксарият кўҳна, азалдан маълум нарсаларга янги ёрлиқлар ёпиштиради. Ана шу ёрлиқ олиб ташланса, анъанавий фаннинг негизи очилиб қолади, унда гарчи янгича фан етилиб келаётган бўлса ҳам, буни синергетика шарофати деб ҳисобламайдилар.

Тўртинчидан, синергетиканинг айрим амалий тавсиялари сеҳр-жодуга ўхшамайдими? Арзимас нарса билан жуда салмоқли натижаларни қўлга киритиш мумкинлиги жодугарликнинг бир кўриниши эмасми? Ахир синергетикани шундай талқин қилиш мумкинки, дейлик, афсунгарларга хос сеҳру жодуни ишга солиб, жуда катта ютуқ эгаси бўлиш мумкин.

Шуларга ўхшаган барча далилларни изоҳлаш учун яна битта мақола ёзиш керак бўлади. Табиий эътироф этиш зарур: синергетикада ҳақиқатдан ҳам тобора авж олиб бораётган ҳукмронлик тамойили мавжуд, бу хусусият, афсуски, ҳар доим ҳам унинг фойдасига хизмат қилмайди, аксинча иллат сифатида талқин қилинади. Синергетика ўз моҳиятига кўра қандай ишларга қодир эканини ойдинлаштириб олиши — шунингдек, қайси соҳалар ва масалалар билан шуғулланмаслиги зарурлигини ҳам аниқлаб олиши керак. Қолаверса, бунга оид баҳс-мунозара давом этади, деган умиддамиз. Зеро, ҳақиқат — баҳс-мунозараларда туғилади.

“Новый мир” журналининг 2000 йил 3-сонидан олинди.   

«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 1-сон.

Абдуҳамид Пардаев таржимаси.