Германияга Исломнинг кириб келиши
Немислар ва мусулмонларнинг ўзаро алоқалари 1200 йил аввал бошланган. Турли манбаларга кўра, қирол Карл 797 ёки 801 йили аббосийлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатган. Келишувга кўра, икки давлатда яшовчи кам сонли мусулмон ва насоролар учун дин эркинлиги кафолатланган.
ХVIII асрдан бошлаб Германия ва усмонийлар алоқалари яхшиланиб, мусулмон жамоалари немис тупроқларида яшай бошлаганлар. 1701 йили султон Мустафо II Пруссия қироли Фридрих I ни тахтга чиққани муносабати билан қутлаган. Курляндия герцоги Фридрих I га 20 нафар асирга тушган мусулмон татарларини ҳадя қилганда қирол улар учун алоҳида ибодат хонаси ташкил этган.
1712-1786 йилларда ҳукмронлик қилган Фридрих II («Буюк») ҳам динга бағрикенглик билан муносабат билдирган. 1745 йили у Пруссия армияси таркибида боснияликлар, албанлар ва татарлардан иборат мусулмонлар бўлинмасини ташкил этган. 1760 йили ташкил этилган боснияликлар корпусида 1000 га яқин аскар хизмат қилган.
Усмонийлар билан илк расмий дипломатик алоқалар 1763 йили бошланган. Илк турк элчиси Аҳмад Расмий-афанди 73 нафар башанг кийинган мулозимлари билан Берлинга ташриф буюрганда шаҳар аҳолиси уларни мамнуният билан кутиб олган. Бундан руҳланиб кетган дипломат султон Мустафо III га ёзган мактубида «Берлин аҳолиси Муҳаммад алайҳиссаломни ҳурмат қилади ва улар Исломни қабул қилишга тайёрлар» дейди. 1798 йили навбатдаги элчи вафот этганда қирол Фридрих III дипломатни Ислом қоидаларига кўра дафн этишни буюради. Шундай қилиб илк мусулмон қабристони Берлинда ўша йили ташкил этилади.
Биринчи жаҳон урушида турклар ва немислар иттифоқдош бўлганлар. Берлин яқинидаги иккита лагерда кўп миллатли мусулмон-асирлар сақланган. Уларнинг ўз масжидлари ҳам бўлган.
1922 йили Берлин Ислом уюшмаси ташкил этилган. 1923-1925 йилларда Германия пойтахтининг Вилмерсдорф туманида масжид қурилган. 30-йилларда Германияда 3000 нафар мусулмон яшарди, улардан 300 нафари немис миллатига мансуб эди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет иттифоқи армиясидан асирга тушганлар, “Туркистон легиони” жангчилари Учинчи Рейх сафида хизмат қилганлар. Урушдан сўнг минглаб мусулмон жангчилар Германияда қолганлар.
Немис санъати ва Ислом
Немис алломаларидан Ҳегел Исломдан таъсирланган эди. Иоганн Гёте эса Исломни, шарқ фалсафаси ва тасаввуфни чуқур ўрганган эди. У «Ғарбу шарқ девони»ни (1814-19) мусулмон шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда шоир «булбул», «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфтий», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди.
Иоганн Гёте Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида ёзаркан, шундай дейди: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктагига ҳам арзимас экан… Биз Европа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса ундан юқорироққа ўта олмайди”.
Вена мумтоз бастакорлари «Аля турк» мусиқасидан илҳом олганлар. Вольфганг Моцарт ўз операларидан бирида туркона оҳанглардан фойдаланган. Бу борада Гайдннинг «Турк марши»ни эслаш кифоя.
Мусулмон меъморчилигидан таъсирланган француз ва немис архитекторлари 1779-1791 йилларда Германия жанубидаги Шветзинген саройи таркибида «Қизил масжид»ни қурадилар. 1907 йили Дрезденда қурилган Янидзе тамаки фабрикаси биноси (ҳозирда бизнес-марказ) ҳам араб-турк услубида эди.
Меҳнат муҳожирлари: Исломнинг янги юзи
60-йилларда Ғарбий Германияни қайта қуриш учун мусулмон давлатларидан муҳожирлар кела бошладилар. 1961 йилдан турклар, 1963 йилдан марокашликлар, 1965 йилдан тунислик муҳожирлар Германияни тиклаш ишларида меҳнат қила бошладилар. Аввалига эркаклар кела бошлаган бўлсалар, кейинчалик улар ўз оилаларини ҳам кўчириб келдилар. Кейинчалик Ироқ, Эрон, Афғонистон, Босния ва бошқа мусулмон давлатлари иммигрантлари Германияда Ислом жамиятининг шаклланишига ҳисса қўшдилар. 2005 йили қабул қилинган миграция тўғрисидаги янги қонун муҳожирлар учун бир қатор енгилликлар берди.
Германия мусулмонлари сони қанча?
Германия Ғарбий Европада мусулмонлар сони бўйича Франциядан кейинги ўринда туради. 2011 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Германиянинг 1,9% аҳолиси (1,5 миллион нафарга яқин) ўзларининг мусулмон эканликларини изҳор қилганлар. Лекин бу рақам мусулмонларнинг ҳақиқий сони эмас. Чунки сўровчилар эътиқодлари ҳақида маълум қилмаслик ҳуқуқига ҳам эга эдилар.
Deutsche Welle маълумотларига кўра, Германияда 4,3 миллион (аҳолининг 5,4%и) мусулмон яшайди (2009). Улардан 1,9 миллиони Германия фуқароларидир (2,4%).
Беркли дин, тинчлик ва халқаро алоқалар маркази маълумотларига кўра, Германиялик мусулмонларнинг аксарияти турклар (63,2%), кейинги ўринларда покистонликлар, собиқ Югославиядан, араб давлатларидан келганлар, эрон ва афғонистонлик туради.
Энг кўп мусулмонлар Берлинда ва Ғарбий Германиянинг катта шаҳарларида яшашади. Германия мусулмонларининг катта қисми суннийлардир (75%). Шунингдек, шиалар (7%), аҳмадийлар (1%), алавийлар, язидлар, имомийлар жамоалари ҳам мавжуд. Ҳозирда Германияда 140 дан ортиқ масжид фаолият юритмоқда ва яна бирқанча янги жомеълар барпо этилмоқда.
Германиядаги энг катта мусулмон шаҳри Дуйсбург бўлиб, аҳолисининг бешдан бир қисми Ислом динига эътиқод қилади. 2008 йили шаҳарда мамлакатдаги энг катта масжид қурилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида жомеъда 3000 киши ибодат қилиши мумкин.
Германияда таълим осон эмас
Германия дунёдаги таълим тизими энг ривожланган давлатлардан биридир. Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Болалар боғчаси хайрия жамғармалари, маҳаллий ҳокимият, черков ва масжидлар, исломий марказлар васийлигида фаолият юритади. Мамлакатда бир нечта мусулмон боғчалари ҳам мавжуд. Ана шундай мусулмон боғчаларидан бирига ташриф буюрганимизда, таълим муассаси ходими боғчада болаларга мусулмон анъаналарига кўра тарбия берилишини, агар ота-онаси хоҳласа, бошқа дин вакилларининг ҳам болалари қабул қилинишини айтганди.
Германия Конституциясига мувофиқ, мактаб таълими давлат назоратидадир. Мактаб таълими мажбурий ва бепул бўлиб, 6 ёшдан 18 ёшгача фуқаролар мажбурий тартибда таълим олиши шарт. Немис тилини яхши ўзлаштиролмаслик, баъзи ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли мусулмон муҳожирлари орасида таълим даражаси маҳаллий аҳолига нисбатан пастроқ.
Германиядаги баъзи мактаб ва университетларда исломий дарсларга рухсат берилган. 2005 йилдан Мунстер, 2007 йилдан Оснабрук университетларида мусулмон таълим муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрлана бошланди. 2008 йили немис тилида илк Ислом дарслиги чоп этилди. Ўқувчиларнинг ўқув муассасасига ҳижобда келиши турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган бўлса-да, бунга расман тақиқ йўқ.
Ислом – Германиянинг ажралмас қисмидир
«Ислом Германиянинг бир қисмидир ва биз ҳақиқий Ислом билан терроризм ўртасида аниқ чегарани ўтказиб олишимиз керак… Биз бу масалада мутлақо очиқ бўлишимиз керак: ҳа, бу ўз қисмимиздир» деган эди Германия федерал канцлери Ангела Меркел хоним ўз чиқишларининг бирида.
2009 йилда сайланган ҳозирги Германия парламенти таркибидаги 20 нафар депутатлар мигрант оилалардан чиққан бўлиб, уларнинг 9 нафари мусулмон оилада тарбияланган. Бундестаг расмий сайтида уч нафар депутат ўзларининг мусулмон эканликларини маълум этган бўлсалар, қолганлари эътиқодлари ҳақида маълумот бермаганлар. Икки германиялик мусулмон Вурал Ўгер ва Жем Ўздемир 2004-2009 йилларда Европарламентда ишлаганлар.
Бремен, Гамбург ва Қуйи Саксония федерал ерларида Ислом расмий дин сифатида тан олинган. Бу эътироф мусулмонлар учун мактаб, касалхона, ҳибсхоналарда диний фаолият олиб боришга, мусулмон мозорлари ташкил этишга, масжидлар қурилишига рухсат беради. Бундан ташқари ушбу федерал ерларда яшовчи мусулмонлар учун Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий дам олиш куни этиб белгиланади.
Гамбург шаҳридаги 44 метрли минора ва ер майдонига эга бўлган лютеран черкови ислом маркази томонидан сотиб олиниб, ҳозирда масжидга айлантирилмоқда. Ушбу черков 2002 йили молиявий буҳрон ва ташриф буюрувчиларнинг камлиги сабаб ёпилган эди.
Германияда “ҳалол” сўзи умумэътирофда бўлиб, йиллар давомида шаклланган ислом анъаналари таъсиридан унинг маъносини ҳамма тушунади. Мусулмонлар учун алоҳида ҳалол ресторанлар мавжуд. Бошқа ресторанларда ҳам мусулмонлар учун алоҳида ҳалол таомлар пиширилади. Баъзи сув ҳавзаларида мусулмон аёллар куни ташкил этилган бўлиб, шу куни ҳавза атрофи парда билан ўралади. Бошқа дин вакилларига ҳурмат сифатида кўпгина касалхона ва мактабларда хоч белгиси олиб ташланди. Бир қатор завод ва умумий муассасаларда намозхоналар ташкил этилди.
Иммиграция, мусулмонлар орасида туғилишнинг кўплиги, маҳаллий аҳолининг ҳам Ислом динини қабул қилаётганлиги ҳисобига Германияда мусулмонлари сафи йилдан йилга ошиб бормоқда. Биргина 2006 йилнинг ўзида 15000 немис миллатига мансуб фуқаролар Ислом динини қабул қилди.
Давронбек Тожиалиев