Ал-Ҳаким ат-Термизий

Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан[1] ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган[2].

Унинг мазкур шаклдаги тўлиқ исми аллома томонидан ёзилган «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-расул» («Расулуллоҳ хабарлари ҳақидаги нодир усуллар»), «Илм ул-авлиё» («Валийлар (ёки авлиёлар) илми»), «Хатм ул-авлиё» («Авлиёларнинг охиргиси») ва «Назоир ул-Қуръон» («Қуръон ибратлари») каби асарларнинг номлари ёинки муқаддима қисмларида ҳам айнан шу тарзда келтирилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф уз-зунун» номли машҳур асарининг бир неча ўринларида ал-Ҳаким ат-Термизий вафотини ҳижрий 255 (мелодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (мелодий 869) деб ёзилган. Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг узоқ — 116 ёинки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750—760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатганлар. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади[3]. Мана шуларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу йўналишда келажакда олиб бориладиган чуқур илмий тадқиқотлар аллома ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуди ва вафоти саналарини аниқлаш имконини беради, деб ўйлаймиз. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Термиз шаҳри ҳақидаги қимматли маълумотларни араб географлари ал-Муқаддасий (Аҳсан ут-тақосим фи маърифат ал-ақолийм), ал-Истахрий (ал-Масолик вал-мамолик), ал-Балазурий-Футуҳ ул-булдон ва бошқа қатор муаллифларнинг асарларида учратамиз. Мазкур манбаларда таъкидланишича, ал-Ҳаким ат-Термизий туғилган Термиз шаҳри ҳам IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда исломий илм ва маданият юксак даражада тараққий этган. Илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, исломий илмлар бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Жаҳоний эҳтиромга сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири ал-Ҳаким ат-Термизийдир. Афсуски, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Унинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг автобиографик рисоласи «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» ва «Ар-Радд аълол-муаттила» каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган. Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб, камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган. Бу хусусда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз китобларидан бирида шундай ҳикоя қилади:

— Оллоҳ таоло мени устозим — волидимдан жудо қилганда мен саккиз ёшда эдим. Унинг саъй-ҳаракатлари боис мен илм олишга шундай берилиб кетгандимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, менинг тенгқурларим ўйин-кулги ва вақти хушлик билан банд бўлардилар. Волидимнинг ижтиҳодлари туфайлик мен шу ёшимда «Илм ал-осор» (Қадимий ривоятлар (ҳадислар) ҳақидаги илм)ва «Илм ар-рай» («Эътиқод ҳақидаги илм») билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим…

Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган[4]. Шундан сўнгра аллома Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: «Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса. Сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан?» — деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари ал-Ҳаким ат-Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Унинг икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушадилар. Сўнгра, ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, ал-Ҳаким ат-Термизий Бағдодга боролмаганлиги учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида йиғлаб хафа бўлиб турганида унинг ёнида юзидан нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. Ал-Ҳаким унга юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса бу киши Хизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди[5]. Айни шу воқеа бошқа манбаларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади…

Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Чунончи, ушбу ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. У ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган — оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан ўз волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олганлиги боис охир-оқибатда илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек, манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқасининг солиҳа, тақводор, покиза аёл эканлиги, оилада олтита фарзанди бўлганлиги ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ УСТОЗЛАРИ

Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизий сабоқ олган устозлари ҳақида манбаларда келтирилган маълумотлардан қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг биринчи устози, юқорида зикр этилганидек, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий эди. Бу ҳақдаги маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» (2-жилд, 373-бет) номли асарида келтирилган.

2. Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий ал-Балхий ҳақидаги маълумотлар ҳам ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» (4-жилд, 264-бет) номли асарида келтирилади. У илм олиш талабида ёшлигидан кўп мамлакатларга сафар қилган. Шу мақсадда Бағдод, Макка, Мадина, Шом ва Миср каби мамлакатларга борган. Ўз даврининг етук муҳаддисларидан ҳисобланган Молик ибн Анас, Ал-Лайс ибн Саад, Абдуллоҳ ибн Лаҳийъа, Яқуб ибн Абдураҳмон, Ҳамод ибн Зайд, Исмоил ибн Жаъфар, Суфён ибн Уйайнадан ҳадислар эшитган. Ўз навбатида Қутайба ибн Саъийддан ҳам Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Юсуф ибн Мусо, Абу Довуд ас-Сижистоний, Иброҳим ал-Ҳарбий, Мусо ибн Ҳорун, абу Зуръа, Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож («Саҳийҳ» асарларида) ва улардан бошқа кўплаб йирик олимлар ҳадислар ривоят қилганлар. У тахминан ҳижрий 150 (мелодий 767) йидда таваллуд топиб, қарийб тўқсон йил умр кўриб, ҳижрий 240 (854 мелодий) йилда ўзи узоқ муддат истиқомат қилган Балхнинг Буғлон номли қишлоғида вафот этган.

3. Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий. Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» (1-жилд, 315-бет) ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Лисон ал-мейзон» (3769 рақамда) каби асарларида келтирилган. У узоқ муддат Бағдодда яшаб Молик ибн Анас, Ҳамод ибн Яҳя ал-Абаҳ, Абдулворис ибн Саъийд, Абсар ибн ал-Қосим, Шурайк ибн Абдуллоҳ, Жаъфар ибн Сулаймон, Фараж ибн Фазола, Умар ибн Ҳорун ал-Балхий каби олимлардан ҳадис илмидан сабоқ олган. Шунингдек, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Зуръа, Абу Ҳотам ар-Розийон ва бошқа олимлар ҳадислар ривоят қилганлар. Тарихчи Ибн Ҳиббон ўзининг «ас-Сиқот» номли асарида унинг ҳақида ёзиб «Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий «Соҳиб суннат ва фазл» деб таъкидлаган.

4.  Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий. Унинг исми шарифи ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод», Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Мейзон ал-эътидол» ва шунингдек «Лисон ал-мейзон» каби асарларида зикр қилинган. У Муҳаммад ибн Марвон ал-Садайдан ҳадислар ривоят қилган, шунингдек, ҳаж ибодатини адо этиш учун бораётганда Бағдодда тўхтаб Ҳамдон ибн Зуннун ва ўз юртдоши ал-Қосим ибн Ибод ат-Термизийдан ҳадислардан сабоқ олганлиги маълум. Абул Ҳасан ибн ал-Хилал ал-Муқрий ундан ҳадислар ривоят қилган. Баъзи манбаларда унинг муржиъа оқимига мансуб бўлганлиги, уларга пора бериб бир қанча муддат Термиз қозиси лавозимида фаолият кўрсатганлиги ҳақида ҳам қайд этилган.

5.  Суфён ибн Вакийъ. Таниқли тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий ўзининг «Мейзон ал-эътидол» номли асарида (2-жилд, 173-бет) унинг исмини Суфён ибн Вакийъ Ибн ал-Жарроҳ Абу Муҳаммад ар-Равосий деб тўлиқ келтирган. Муаррих Ибн Ҳиббоннинг ёзишича, унга отаси Вакийъ ибн ал-Жарроҳ варроғини (ёзганларини оққа кўчирувчисини) алмаштиришни маслаҳат берган, чунки у (варроғ) унга чалкаш, мавқуф ҳадисларни ҳам ёзиб келаверганлиги сабабли кўп азиятга мубтало бўлган экан. Суфён ибн Вакийъ фозил ва ҳақиқатгўй шайх бўлиб, Ибн ал-Ҳиббоннинг ёзишича, ҳижрий 247 (мелодий 861) йилда вафот этган.

Ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ал-Балхий. Унинг тўлиқ исми ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ибн Асмоъ Абу Али ал-Жармий ал-Басрий бўлиб, Ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» асарида зикр қилинишича (7-жилд, 355-бет), у тижорат ишлари билан кўпинча Балхга бориб тургани учун ал-Балхий нисбати билан машҳур бўлган, сўнгра у Бағдодга бориб унда отасидан, Абдулворис ибн Саъийд, Жаъфар ибн Сулаймон ва бошқалардан ҳадислар ривоят қилган.

Ал-Ҳасан ал-Балхийдан Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Зуръа, Абу Ҳотам ар-Розиён, Мусо ибн Исҳоқ ал-Ансорий ва ал-Ҳасан ибн ат-Таййиб ал-Шижоъийлар ҳадислар ривоят қилган. Унинг ҳақида Абу Зуръа ва Имом ал-Бухорий каби алломалар ҳам таҳсинга лойиқ фикрларни айтганлар. Ал-Ҳасан ал-Балхий 230 ҳижрий (845 мелодий) йидда вафот этган.

7. Аҳмад ибн Ҳизравайҳ. Унинг тўлиқ исми Абу Хомид Аҳмад ибн Ҳизравайҳ ал-Балхий бўлиб, унинг ҳақидаги қисқача маълумотлар Абу Нуаймнинг «ал-Ҳилйа» (10-жилд, 42-бет), Абу Абдурраҳмон ас-Сулламийнинг «ат-Табақот» (103—106-бетлар) номли асарларида келтирилади. Улар ёзишларича, Аҳмад ибн Ҳизравайҳ Хуросоннинг йирик машойихларидан бири бўлган. У Абу Туроб ан-Нахшабий Ҳотам ал-Асамнинг суҳбатида бўлиб, Абу Язийд ал-Бистомий билан учрашган. Замондошларининг фикрича, у олийҳиммат, ҳақиқатгўй киши бўлган. Вафоти ҳижрий 240 (мелодий 854) йилга тўғри келади.

8. Абу Туроб ан-Нахшабий. Абу Туроб ан-Нахшабийнинг тўлиқ исмини тарихчилар Асқар ибн Муҳаммад Ҳасийн Абу Туроб ан-Нахшабий деб келтирганлар. Ас-Сулламий «Табақот ас-суфиййа», Тожуддин ас-Субкий «Табақот аш-шофоиъййа ал-кубро» номли асарларида Абу Туроб ан-Нахшабийнинг Хуросоннинг энг буюк машойихларидан бири бўлганлигини, у ўз илми, футуввати, зоҳидлик ва художўйлиги билан алоҳида ажралиб турганлигини таъкидлайдилар. Тожуддин ас-Субкийнинг таърифлашича, Абу Туроб ан-Нахшабий бешак ўз даврининг улуғ шайхи бўлиб, илм ва динни ўзида тўла мужассам қилган зот бўлган.

У Абу Ҳотам ал-Аттор ал-Басрий, Ҳотам ал-Асами ал-Балхий каби олимлар билан мулоқотда бўлиб ҳамкорлик қилган. У турли олимлардан кўплаб ҳадислар ёзиб олган, Имом аш-Шофиъий асарларини чуқур ўрганган. У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нумайр, Нуайн ибн Ҳамод, Аҳмад ибн Наср ан-Найсобурий каби олимлардан ҳадислар ривоят қилган. Ўз навбатида Абу Туроб ан-Нахшабийдан Аҳмад ибн ал-Жалоъ, Абу Бакр ибн Осим, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар ҳадислар ривоят қилганлар. Абу Абдуллоҳ ибн ал-Жалоъ шундай деган: Мен ҳаётимда олти юз шайхни учратганман, лекин уларнинг орасидан тўрттасига ўхшаганини сира кўрган эмасман. Улардан энг биринчиси, шубҳасиз, Абу Туроб ан-Нахшабийдир. Ибн ас-Салоҳ қолган учталари: ушбу Абдуллоҳнинг отаси Яҳя ал-Жалоъ, Абу Убайд ал-Иусрий ва Зуннун ал-Мисрийдир — розия оллоҳу анҳум деган.

9. Яҳя ибн Маоз ар-Розий. Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод», ас-Сулламийнинг «Табақот ас-суфиййа» ва бошқа баъзи асарларда келтирилган. У Исҳоқ ибн Сулаймон ар-Розий, Маккий ибн Иброҳим ал-Балхий ва Али ибн Муҳаммад ат-Танофусий каби олимлар ҳадисларидан сабоқ олган. Ундан эса Рай, Ҳамадон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларидан келган олимлар исноди кам бўлган ҳадисларни ривоят қилганлар.

Яҳя ибн Маоз ар-Розий аксар умрини Нишопурда ўтказиб, то вафотигача шу ерда яшади. Шу орада у Бағдодга ҳам келган эди ва шунда шаҳардаги суфий машойихлар унинг ҳузурида тўпланишиб, илмий мунозаралар қилганлар. Сўнгра у Бағдоддан чиқиб Балхга, ва бирмунча муддат Балхда яшагач, яна қайтиб Нишопурга келади, 258 ҳижрий (872 мелодий) санада шу ерда вафот этади.

10. Яқуб ибн Шайба ибн ас-Салт. Унинг тўлиқ исми Яқуб ибн Шайба ибн ас-Салт ибн Асфур Абу ас-Садусий бўлиб, у асли Басра аҳлидан. Яқуб ибн Шайба ҳақидаги маълумотлар тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира»), ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» номли асарларида келтирилган. Молик ибн Анаснинг гапига қараганда, у асли бағдодлик фақиҳлардан саналган, кўплаб ҳадислар ривоят қилиб, қатор асарлар ҳам яратган.

У Али ибн Осим, Язид ибн Ҳорун, Аффон ибн Муслим, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий, Асвад ибн Омир, Яҳя ибн Абу Бакр ва уларга ўхшаш кўплаб олимлардан ҳадислар эшитган.

Ундан ҳадис ривоят қилганлардан ўғлининг ўғли (набираси) Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яқуб, Юсуф ибн Яқуб ибн Исҳоқ ибн ал-Баҳлул кабиларни кўрсатиш мумкин. Яқуб ибн Шайба ҳижрий 262 (мелодий 876) йилда вафот этган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг юқорида номлари зикр этилган устозларидан олган билими, ўз даврининг йирик алломаси даражасигача етишида салмоқли таъсир кўрсатган, албатта. Айни вақтда шуни ҳам таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизий амал қилган ўзига хос сўфиёна нуқтаи назар, унинг тутган фиқҳий йўли ҳадисларни ривоят қилишда муҳаддисларнинг анъанавий йўлларидан фарқ қилиши баъзи олиму уламоларнинг ғазабини келтириб, охир-оқибатда унга кўп ташвиш келтирди. Шу билан бирга ал-Ҳаким ат-Термизийни муайян бир сўфий мактабига мансуб этиш ҳам қийин, чунки у юқорида кўриб ўтганимиздек, Хуросоннинг энг буюк шайхларидан саналган Абу Туроб ан-Нахшабий ва Аҳмад ибн Ҳадравайҳ билан яқин муносабатда бўлган, Яҳя ибн ал-Жалоъ ал-Бағдодий билан ҳамкорлик қилган, Шом мактабининг шайхларидан бири ал-Антокийнинг асарларини ўзлаштириб унга шогирд мартабасида бўлган. Ушбу Шом мактабининг Миср мактаби билан алоқалари ҳам мустаҳкам бўлганлиги ва ниҳоят ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Нишопурда ал-Маломатийлар мактаби билан боғлиқлиги ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Юқорида баён қилганлардан аён бўлаётирки, аллома ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг узоқ умри давомида бир қанча босқични босиб ўтган. Бинобарин, ёзма манбаларга, биринчи навбатда унинг автобиографик тусдаги «Бадъ шаан Аби Абдуллоҳ» номли асарига таянган ҳолда муҳаддиснинг ҳаётини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:

Биринчи босқич — ал-Ҳакимнинг саккиз ёшгача бўлган болалик даври. Афсуски, биз унинг мана шу даврдаги ҳаёти ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлмасакда, лекин тахмин қилиш мумкинки, унинг болалик йиллари кўпчилик тенгқурлариники каби одатдагидай ҳар хил ўйинлару кўнгилочар машғулотларга тўлиқ бўлмаган. Чунончи, тасаввур қилиш мумкинки, агар шу алфозда бўлганда унинг яқин келажакда илму ирфон билан жиддий шуғулланиши учун (бу ўйинқароқликлар) имкон бермаган бўларди. У бир лаҳзада улардан воз кечиб ўз устозларининг жиддий сабоқларига маънавий тайёр бўлмаган бўларди. Шу боис комил ишонч билан айтиш мумкинки, у ўзини ёшликдан илму маърифатини чигал сўқмоқларни енгиб ўтадиган мураккаб имтиҳонларга маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳар томонлама тайёрлай бошлаган эди.

Иккинчи босқич – ал-Ҳаким ат-Термизийнинг саккиз ёшидан то йигирма етти ёшигача бўлган умрини қамраб олади. Бу даврда унинг бир устози бўлиб, у бор имконияти ва маҳоратини ал-Ҳакимни турли илмлардан чуқур билим олишига сарфлайди, шунга астойдил раҳномалик қилиб унга ўз иноятини кўрсатади. Гарчанд ушбу шайх (устоз) ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, у ўз шогирдини фақат илм йўлига, хусусан илм ал-асор (археология, қадимшунослик) ва илм ар-рай (диний масалаларда ўз фикрини билдириш) каби илмларни чуқур эгаллашига қаратади. Бу вазифа осон вазифалардан эмас эди[6].

Ушбу илмлар билан шуғулланишни ал-Ҳаким ат-Термизий ҳатто Маккага — Байтуллоҳ ал-Ҳарамга ҳаж ибодатини адо этиш учун бораётганида Ироқда тўхтаб ўтганида ҳам давом эттиради. Ўша пайтда унинг ёши йигирма еттига яқинлашиб қолган эди. Айтиш керакки, айнан мана шу сафарлар давомида турли олимлардан олган билимлари унинг илмий ҳаётида сезиларли из қолдирган эди. Манбаларда кўрсатилишича, ўз ҳаётининг айнан шу босқичида ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадис ва фиқҳ илмларига алоҳида эътибор берган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётининг учинчи босқичи Қуръони каримни ёд олиш ва уни чуқур ўрганиш билан бевосита боғланган. У Оллоҳнинг каломини ёд олишга алоҳида иштиёқ билан киришади, кечани кундузга улаб уни ёд олади, бу машғулотдан унинг қалби ҳаловату алоҳида завқ-шавққа тўлади. У энди раббоний руҳдаги асарларга ғоятда берилиб, улардаги ибратли мавъизалар, охират ишларига доир маълумотлар, тариқатга бошловчи пири муршидларнинг ҳикоятларини алоҳида қизиқиш билан ўрганади. Шу омиллар таъсирида у ақлий йўналишдан (иттижоҳ) батамом руҳий йўналишга таважжуҳ қилади. Мана шу фикр-мулоҳазаларни жамлаб, бу босқични ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётидаги бурилиш даври (фитрат ат-таҳаввул) деб атасак, айни ҳақиқат бўлур эди. Бинобарин, шу даврда у рўза тутиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби ибодатларга батамом берилиб кетади. Лекин шу билан бирга бу даврда у муайян бир усул, ёинки бирон-бир хос тариқатга эга эмасди. Унинг ўз таъбири билан айтганда, токи унинг қўлига ал-Антокийнинг китоби тушгунга қадар шу йўсунда ҳаёт кечирган, кейин эса ал-Антокийнинг фикрларидан таъсирланиб ўз нафсини риёзат (риёзат ан-нафс) чекишига йўл қўйган. Мана шу пайтдан эътиборан унинг ҳаётида узоқ ва машаққатли бошқа бир давр бошланадики, бунда у ўзини ҳеч бир аямасдан риёзат чекишга, хилма-хил имтиҳону синовларга мубтало қилади. У узлат ва хилватни, одамлардан ўзини четга олиб узоқ тутишни ихтиёр қилади.

Мана шу жараёнлар оқибатида у ўз тариқатини яратдики, натижада кечалари унинг атрофида кўплаб издошлари ва маслакдошлари тўпланишиб баҳсу мунозаралар уюштирадилар, дуо ва тазарруълар билан ўз шуурларини изҳор қиладилар. Афтидан, мана шу баҳсу мунозаралар пайтида ўзининг чуқур мазмунга эга бўлган сўфийлик тажрибалари ҳақидаги ошкора баёнотлари туфайли диний масалаларнинг баъзи жиҳатлари, хусусан, илм ар-раъй, ёинки илм ал-осор, ҳатто тасаввуф илмларига доир фикрлари билан ўз замонидаги қатор олимларнинг қаҳру-ғазабини қўзғаб, уларнинг шиддатли ҳужумларига дучор бўлади. Натижада ал-Ҳаким ат-Термизий устида гап сўзлар кўпайиб, уни ҳавойи гапларга берилишда ва бидъатда айблай бошлайдилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийга улар томонидан қўйилган туҳматларни умумлаштириб қуйидагиларни айтиш мумкин:

1.  Ҳадис ривоятчилари томонидан билдирилган туҳматлар. Айни вақтда, айтиш керакки, у ҳадисшунос олим ҳам эмас, унинг ривоятчилари тоифасига ҳам кирмайди. У ўзининг яроқсиз китобларини мавзу (сохта) ҳадислар билан тўлдириб, уларда ривоят ҳам қилинмайдиган, эшитилмайдиган хабарларни қалаштириб ташлаган.

2.  Фақиҳлар томонидан билдирилган туҳматларда гўёки у илм аш-шарийъа (шариат илми)га кўпчилик жамоат қабул қилмайдиган заиф ва бўлмағур фикрларни киритган.

3.  Мутасаввуфлар томонидан билдирилган туҳматларда ҳам у ҳақиқатга хилоф ишларда айбланиб, бу ҳаракатлари билан фақиҳлар қоидасидан чиққан ва ҳар қандай дашном ва таъналарга сазовор киши сифатида тасвирланган. Хулласи калом, уларнинг ҳаракатлари шу даражага бориб етдики, улар (айбловчилар) Балх ҳокимига хабар юбориб, ал-Ҳаким ат-Термизийга нисбатан иғвою туҳматларини давом эттириб, уни Оллоҳга муҳаббат ҳақида гапиради, одамлар ўртасида фисқи фасод тарқатади, уларни бидъатга етаклайди, нубувватликни даъво қилади деб айбладилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи ҳам «Бадъу шаани Абу Абдуллоҳ» номли автобиографик асарида уларнинг бу туҳматлари ҳақида зикр қилган. Натижада Балх ҳокими Оллоҳга муҳаббат ҳақида гапирмаслик ҳақида унинг ваъдасини олиб, одамларни тинчлантириб, улар ҳис-ҳаяжонига бир қадар таскин берган бўлди. Бу зайлдаги ноҳақ туҳматлардан нафақат ал-Ҳаким ат-Термизий, балки ўша даврдаги қатор мутасаввуфлар ҳам четда қолмаганлиги ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилган.

Айни вақтда айтиш жоизки, бу тарздаги ишлар (ноҳақ туҳматлар) ҳокимлар ва қозилар томонидан қонун нуқтаи назаридан шу зайлда осонгина ҳал этилгани билан, лекин бақир-чақирга ўрганган омма, шунингдек, олиму уламолар ўртасида бунчалик тез ўтиб кетмайди, чунки улар маълум вақтгача асл ҳақиқатни бекитиб, қуруқ сафсатаю қандайдир ғаразли мақсадлар йўлида ноҳақ туҳматлар тарқатадилар. Бинобарин, бу ноҳақликлар дастидан ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам талай муддат оммадан қўрққанидан бошини кўтариб юришга журъат қилолмади.

4. Лекин аҳвол шу тариқа давом этмади. Унга ноҳақ туҳматлар қилиб, азият етказганлар ўз муддаоларига ета олмадилар. Мана шу пайтдан эътиборан ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаётида янги бир босқич бошланади. Бунда у хилват ва узлатдан чиқиб, одамлар томон юзланади. Натижада унинг фазлу фазилати тўла намоён бўлиб, номи тилларда зикр қилина бошлайди. Атрофида тўпланадиганларнинг сони кундан-кунга ошиб боради. Ана шундан кейингина одамлар унинг ҳақида тарқатилган миш-мишлар, туҳматлар ноҳақ бўҳтонлардан бошқа нарса эмаслигини тушуниб етдилар ва унга нисбатан ўз ҳурмату эҳтиромларини намоён қилдилар. Мазкур босқичдаги фаолияти даврида эҳтимол, кейинчалик баъзи олимлар томонидан «ал-ҳакимиййа ват-термизиййа»[7] деган ном билан аталган оқимга асос солинган бўлса керак. Эҳтимол шу боис ат-Термизийнинг ўзи ҳам бу давр ҳақида тўхталиб, унда шогирдлари ва издошлари пайдо бўлганлиги ҳақида таъкидлайди. Чунончи, ушбу даврда унинг шогирдларининг сони кўпайиб, мавъизаю маърузалари юксак камолотга етишди, обрў-эътибори ошиб, шону шуҳрати чор атрофга тарқалдики, ҳатто яқин ўтмишда унга қарши фитна уюштирган гуруҳлар ҳам унга ўз ҳурматини билдира бошладилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шогирдлари кўп бўлганлигига қарамай, тарих саҳифаларида улар исми-шарифларининг баъзилари сақланиб қолган, холос.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ

1. Абу Муҳаммад Яҳя ибн Мансур ал-Қозий

Унинг ҳақидаги маълумотлар тарихчи Ибн Имод ал-Ҳанбалийнинг «Шазарат уз-заҳаб» («Олтин бўлакчалари») номли асарида келтирилган[8]. У ўн йилдан ортиқ Нишопурда қозилик қилган Абу Абдурраҳмон ас-Сулламийнинг устози ҳисобланади. Яҳя ибн Мансур Али ибн Абдулазиз ал-Бағавий ва Аҳмад ибн Салма ва улар табақаларига мансуб олимлардан ҳадис ривоят қилган. Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-булдон» асарида ёзилишича, ҳижрий 350 (мелодий 960) йилда, Ибн Имод ал-Ҳанбалийнинг ёзишича, ҳижрий 351 (мелодий 961) йилда вафот этган.

2. Абу Мансур Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид аз-Зуҳлий ал-Ҳиравий

Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотларни ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» асарида учратамиз. У асли Ҳирот аҳлидан бўлиб, бир гуруҳ хуросонлик олимлардан ғаройиб ва афсонавий тусдаги ҳадислар ривоят қилган. Сўнгра Бағдодга келиб, унда ҳадислардан сабоқ берган. Абу Саъийд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий: «Мансур ибн Абдуллоҳ ал-Ҳиравий каззобдир, унинг ривоятига эътиқод қилмайдилар», — деган.

3. Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ал-Журжоний

Унинг ҳақидаги маълумотларни ас-Сулламийнинг «Табақот ас-суфиййа», ас-Субкийнинг «Ат-Табақот ал-кубро» номли асарларида учратамиз. Ал-Журжоний машҳур асарлар муаллифи, Хуросоннинг энг улуғ машойихларидан бири ҳисобланарди. Ас-Сулламий ўзининг маломатиййа ҳақидаги рисоласида ундан ҳадислар ривоят қилган.

4. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо

У ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод», ас-Сулламийнинг «Табақот ас-суфиййа» ва бошқа асарларда келтирилган. Аҳмад ибн Муҳаммад Ироқнинг энг йирик машойихларидан бири бўлиб, Жунайд ва унинг сафдошлари билан баҳс юритганлардан эди. Эътиқодда унинг тариқати мўътадиллиги билан ажралиб турарди.

5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Ҳаким ал-Варроқ

У асли термизлик бўлиб, лекин кўп йиллар Балҳда истиқомат қилган. Абу Бакр ал-Варроқ Аҳмад ибн Ҳадравайҳ, Муҳаммад ибн Саъийд ибн Иброҳим аз-Зоҳид, Муҳаммад ибн Умар ибн Хашном ал-Балхий каби таниқли олимларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган. Ҳадислар иснодини келтириб кўплаб машҳур асарлар яратган. Унинг асарлари рийазат (математика), муомалатлар ва адаб-ахлоқнинг турли масалаларига бағишланган. Ўз илмий салоҳияти ва донишмандлиги боис Абу Бакр ал-Варроқ ҳам ўз устози ал-Ҳаким ат-Термизий каби ал-Ҳаким деган юксак лақабга сазовор бўлган.

6. Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Муҳаммадибн ал-Ҳайсам ибн Умрон ибн Бурайда

Унинг ҳақида баъзи маълумотларни келтирган ал-Хатиб ал-Бағдодий уни асли анбарлик деб зикр қилган[9]. У Аҳмад ибн ал-Халил ал-Баржулоний, Муҳаммад ибн Абу ал-Авом ар-Рийоҳий, Жаъфар ибн Муҳаммад ас-Соиғ, Абу Исмоил ат-Термизийдан ҳадислар эшитган, шунингдек, Иброҳимибн Исҳоқ ал-Ҳарбийдан ҳадислар ривоят қилган. Ўз навбатида ундан Абул Ҳусайн ибн ал-Фазл ал-Қаттон, Абул Фараж ибн Сумайка, Али ибн Аҳмад ар-Разоз кабилар ҳадислар ривоят қилганлар. Муҳаммад ибн Жаъфар ҳижрий 360 (милодий 971) йил муҳаррам ойининг ўнинчи (ашура) кунида вафот этган.

Бу ўринда доктор Усмон Яҳя тўғри таъкидлаганидек[10], аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шогирдлари ва издошларидан атиги бир қисмининг исми-шарифлари келтирилган. Албатта, бу ҳол ал-Ҳаким ат-Термизий илм бобида эришган юксак мақомига, айниқса унинг тасаввуф оламидаги мислсиз обрў-эътиборига ҳам мутлақо мос эмас. Бу фикримизга қўшимча яна айтиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг нафақат шогирдлари ва издошлари ҳақида маълумотлар кам, балки алломанинг ҳаёти ва илмий ижодий фаолияти ҳақида ҳам тарихий асарлар ва био-библиографик қомусларда афсусланарли даражада ғоятда оз маълумотлар келтирилган. Шу боисдан бўлса керак, XV асрда яшаб ўтган машҳур араб тарихчиси, юзлаб қимматли асарларнинг муаллифи Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам чуқур ўкинч билан «Бу аллома (ал-Ҳаким ат-Термизий)нинг тўлиқ таржимаи ҳолидан воқиф бўлиш менга насиб этмади-да, яна ҳам Оллоҳ ўзи мададкор»[11] деб ёзган.

Бинобарин, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз ҳаёт йўллари ҳақида ёзиб қолдирган маълумотлари фавқулодда аҳамият касб этади. Ҳар ҳолда алломанинг асарларида унчалик мукаммал, тўлиқ бўлмаса-да, унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросининг тадрижий камолоти ҳақида етарли тасаввурга эга бўламиз. Ўзининг ҳаётий босқичлари ҳақида, масалан, саналари аниқ кўрсатилган ҳолда маълумот бермаган, илм йўлида хорижга қилган сафарлари, ўзи яратган асарлар, ўзи асос солган мазҳаб ёки мактаб ҳақида ҳам аниқ кўрсатилмаган. Лекин бошқа баъзи манбалардан унинг Нишопурга риҳлат қилганлиги ва унда ҳадисдан сабоқ берганлиги, Нишопур олимларидан Яҳя ибн Мансур ал-Қозий ундан ҳадислар ривоят қилганлиги, Термиздан чиқариб юборилганлиги ва Балхда бир неча йил яшаганлиги ҳақида ҳам хабарлар бор. Манбаларга таяниб яна айтиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий фаолиятининг кейинги икки босқичи илмий-ижодий нуқтаи назардан ғоятда самарали ва баракали бўлган. Чунончи, айнан шу даврда унинг фаолиятида кенг омма билан мулоқот, унинг атрофида кўп сонли шогирдлар ва издошларнинг тўпланиши ва энг муҳими узоқ йиллар давомида шаклланган қарашлари, фикр-мулоҳазалари ва ҳаётий тажрибалари асосида ўзининг ўлмас асарларини яратдики, бу асарлар буюк бир маънавий мерос сифатида ислом маданияти, айниқса тасаввуф илми тарақкиётида салмоқли ўрин эгаллади.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ ЛАҚАБЛАРИ

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган асарлари, шунингдек, рисолалари номларида ҳам у турли лақаблар билан аталганини кўрамиз. Жумладан, уни аш-шайх, ал-олим, ал-аллома, муҳаддис, аз-зоҳид, ал-ҳофиз, айниқса аксар ҳолларда ал-имом лақаблари билан атаганлар. Бундан ташқари ал-Ҳаким ат-Термизий баъзи ҳолларда «ал-муаззин» деган лақабга ҳам эга бўлган. Бу лақабни муаллифнинг «Таҳсийл назоир ул-Қуръон», «Ал-Масоил ал-макнуна», «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-Расул» каби асарларида, шунингдек, тарихчилар Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тазкират ул-ҳуффоз», Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Лисон ал-мейзон» асарларидаги ал-Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган қисмларида ҳам кўришимиз мумкин. Албатта, ушбу лақаблар унинг илмий салоҳияти ғоятда юксак бўлганлиги ва бу ҳол илму-ирфон намояндалари томонидан юксак эътироф этилганидан далолат беради. Айни вақтда ат-Термизий асосан ал-Ҳаким лақаби билан аталиб, ал-Ҳаким ат-Термизий (баъзан ат-Термизий ал-Ҳаким) шаклида келтирилган. Бинобарин, ат-Термизийга берилган «ал-ҳаким» лақабининг маъносини талқин қилиб баъзилар унга «табиб» деб маъно берганлар ва шунга кўра ат-Термизийни буюк табиб деб ҳисоблаганлар. Бу ўринда шуни айтиш зарурки, «табиб» ва «ҳаким» сўзлари ўртасида муайян даражада умумийлик мавжуд. Айнан шу мавзуга, яъни табиблар, ҳакимлар ҳақидаги муҳим қомусий китоблардан бири Ибн Жалжалнинг «Табақот ул-атиббо вал-ҳукамо»га мурожаат қилсак, унда «Буқрот» бобида шундай деб ёзади: табиб бўлган киши руҳонияти тоза фазилатли, ўз биродарларига шафқатли, шакли чиройли, кийиниши озода, ўз касбини яхши эгаллаган, Ҳаким (яъни ақли фаросати комил), ҳамма нарсани ҳисобга олувчи ва идрок этадиган бўлиши шарт деган[12].

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий-ижодий фаолияти хорижий юртларга қилган сафарлари билан бевосита боғлиқдир. Дастлабки сафари давомида у Хуросоннинг қатор шаҳарларида бўлиб, кўп олимлар билан илмий-ижодий мулоқотда бўлган. Жумладан, Балхда бўлганида ҳадис ва тасаввуф илмларининг таниқли олимлари билан учрашади. Балхда етук муҳаддислардан ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шақийқ ал-Басрий (у ал-Балхий нисбаси билан ҳам машҳур эди), Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий ал-Балхий (қайсики ундан Ибн Можадан бошқа олти саҳийҳ ҳадислар тўпламларининг муаллифлари ҳадислар ривоят қилгандилар) билан самимий мулоқотда бўлган эди. Айни вақтда айтиш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг мутасаввуфлар билан муносабатлари муҳаддисларга қараганда анча самарали ва чуқурроқ эди. Шу билан бир қаторда ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илм талабидаги риҳлатлари фақат Хуросоннинг барча шаҳарларига бўлиб қолмай, балки Ироқнинг ҳам деярли ҳамма томонларини қамраган эди. Мана шу сафарлари чоғида ал-Ҳаким ат-Термизий илмий тафаккурининг шаклланишида айниқса йирик шаҳарлар Балх, Нишопур ва Бағдодда бўлганлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Мана шу шаҳарлар билан бир қаторда ат-Термизийнинг илмий ижодий фаолиятида у туғилиб ўсган она шаҳри Термизнинг ҳам ҳиссаси бениҳоя катта бўлган. Айнан шу шаҳарда ал-Ҳаким ат-Термизий илм толибларига дарс берган, ўзининг ўлмас асарларини яратган. Жумладан, Термизда яратган асарларидан «Ҳотам ал-анбиё», «Илал аш-шарийъат» номли асарларини кўрсатиш мумкин. Тарихчилар Тожуддин ас-Субкий, ас-Сулламийларнинг ёзишича[13], мана шу асарларни яратгандан кейин бир тоифа кишилар ал-Ҳаким ат-Термизийга қарши мухолифат билдириб чиқишган. Охир-оқибатда у Термиздан бадарға қилиниб, бир неча йиллар Балхда яшаган. Эҳтимол, ат-Термизийнинг Балхда яшаган йиллари унинг ҳаётининг охирги йилларига тўғри келар, чунончи, зикр этилган икки асарини аллома умрининг сўнгги йилларида яратган.

Аввал зикр қилганимиздек, ал-Ҳаким ат-Термизий дастлабки билимни отасидан сўнг Термиздаги таниқли олимлардан олади.

Ал-Ҳаким ат-Термизий муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Маккаи мукаррама томон равона бўлади. Йўлда у Ироқда тўхтаб ўтади. Ироқнинг қатор шаҳарларида, жумладан, Куфа ва Басра каби йирик шаҳарларида бир неча кун тўхтаб ўтади. Бу шаҳарлардаги муҳаддислар билан мулоқотда бўлиб, илмий-ижодий мунозараларда иштирок этади ва шаъбон ойида Маккага етиб келади. У тўрт ой, токи ҳаж мавсуми бошлангунга қадар, бу муқаддас шаҳарнинг файзу-барокотидан баҳраманд бўлади. Мана шу давр, айтиш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёт тарзида, унинг дунёқарашида ва одамлар билан ўзаро муносабатида батамом бурилиш нуқтасини ясайди ва қалбида ўчмас из қолдиради. Бу хусусда алломанинг ўзи кейинчалик шундай ёзган эди[14]:

«Шаъбон ойида Маккага қадам қўйдим. Ҳажга қадар Оллоҳ менга у ерда истиқомат қилишни насиб этди ва тунлари менга дуо эшигини очиб қўйди. Каъбатиллоҳда, дуолар мустажоб бўладиган маконда туриб илтижолар қилдим. Кўнглимда тавбани маромига етказиш, нафсимни майда-чуйда нарсалардан йироқ қилиш азимати пайдо бўлиб қолганини ҳис этдим. Оллоҳдан қалбимни тўғри йўлга бошлашини, дунёда зоҳидлардан бўлишимга мадад беришини, Қуръони каримни тугал ёд олишни менга насиб қилишини сўрадим. Ватанга қайтаётганимда кўнглимда Қуръони каримни ёд олишга иштиёқ пайдо бўлганини сездим. Йўлда бир неча сурани осонликча ёд олиб қўйдим. Уйга келганимдан сўнг сал кун ўтмай уни бошидан охиригача хатм қилдим».

Ушбу сафари муборақдан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётида янги давр бошланади. У Оллоҳнинг сифатларини баён қиладиган китобларни ва тариқат йўлига бошлагувчи пири комилни излай бошлайди. Аммо унинг бу уринишлари зое кетади ва ахтарган нарсасини тополмайди. Шундан кейин у бор кучу ғайратини ибодатга, намозу рўзага қаратади. У ўзининг бундан кейинги ҳаётини шундай ҳикоя қилади:

«… Қўлимга ал-Антокийнинг «Қалблар давоси» китоби тушиб қолди. Гўё йўқотган ва қидираётган нарсамни топиб олгандай бўлдим. У ҳам бўлса нафс риёзати эди. Мен нафсимни тарбият қилишга киришдим. Бу саъйю-ҳаракатимда Оллоҳ менга мададкор бўлди. У менга нафсимни шаҳвоний ҳирс-туйғудан тийишлик йўлини ўргатди. Натижада аста-секин қалбимни англай бошладим… Қалбимда уйда узлатда ўтириш ва саҳроларга чиқиб кетиш иштиёқи пайдо бўлди, юртимдаги харобат, хилват ва мозористонларни айландим. Бу ҳозиргача менинг кундалик одатим бўлиб қолган. Тўғри сўз одамлардан менга ёрдам қўлини чўзишларини илтимос қилиш хаёлимга келди. Аммо ундай қилмадим, кимсасиз жойларни тавоф қилишни давом эттирдим. Шундай кунларнинг бирида худди туш кўраётган кишидек пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни кўрдим…»

Тасаввуф таълимотига кўра, тариқат йўлига киргувчи солик бирор пири муршиднинг этагидан ушлаши, унга муридлик қилиши, маълум бир муддат унинг хизматида ва тарбиятида бўлиши зарур ва шундай қилгандагина у ўз мақсадига эришади. Хўш, ал-Ҳаким ат-Термизий бу таълимотга нисбатан бошқача фикрдами? Ҳа, унинг фикрича, соликнинг руҳий камолотга етмоқлиги унинг ўзининг жидди-жаҳди, саъй кўшиши, риёзатининг сидқидилдан эканлиги ва унинг учун риёзат доимий одат тусига айланганлигига боғлиқдир.

Дарҳақиқат, ал-Ҳаким ат-Термизий асарларига асосланиб шуни айтиш ва хулоса қилиш мумкинки, у ўз ҳаётида муайян пири муршидни этагидан ушлаган ва бошқаларни ҳам бундай қилишга маслаҳат берган эмас. Унинг тариқатда камолот чўққисига эришишда асосан ал-Антокийнинг «Қалблар давоси» номли китоби етакчи роль ўйнаган. Шунинг учун ҳам у мурид тарбия қилиш, маслакдошларни орқасидан эргаштириб юриш кабилар билан машғул бўлмаган. Одатда, муридлар ўз пирларининг маноқибларини, кароматларини, саховатларини ва шунга ўхшаш ижобий фазилатларини одамлар орасида тарғибу ташвиқ қилганлар ва ўзларидан кейинги авлодга ҳам етказишга доим ҳаракатда бўлганлар. Ал-Ҳаким ат-Термизийда гарчи муридлар бўлмаган бўлса ҳам, аммо унинг фикр-мулоҳазаларию ғояларини асрлар оша биз авлодларга бекаму-кўст етказиб келган ўлмас асарларининг мавжудлиги беқиёс даражадаги илмий-маънавий бойликдир. Буюк аллома тариқат илмининг таълимотларига, йўл-йўриқларига ўзининг бебаҳо асарлари ва шогирдлари орқали аниқликлар киргизган ва ўз навбатида бу шогирдлар буюк устозларининг ишларини давом эттирганлар. Алломанинг донгдор шогирдларидан айримлари ҳақида юқорида зикр қилиб ўтгандик.

Афсуски, олам ҳодис бўлганидек, ер юзида ҳаёт пайдо бўлганидан буён ҳар қандай соҳада ҳам камолот чўққисига эришган даҳо аҳли иқтидорсиз, ҳасадгўй, лаганбардор ва мунофиқ ҳамкасабаларининг туҳмату маломатларига дучор бўлганлар. Бундан буюк донишманд ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам мустасно бўлмади. Унинг халқ орасида кундан-кун ортиб бораётган ҳурмат ва эътибори баъзи бир жоҳил уламолар қалбида ҳасад уруғини сепа бошлади ва охир-оқибатда улар Балх волийсига мактуб йўллаб ал-Ҳаким ат-Термизийни бидъату хурофотни кучайтириш, одамларни йўлдан уриб эътиқодини бузиш ва Оллоҳга муҳаббат ҳақида гапиришда, ҳатто пайғамбарлик даъвосини қилишликда айблаб, унинг ҳақида иғво қилдилар. Натижада волий уни Балхга чақиртириб олиб, Оллоҳга муҳаббат тўғрисида гапирмаслик ҳақида огоҳлантириб, одамларга қўшилмасдан узлатда умр кечиришлиги ҳақида унинг ваъдасини олади. Шу тариқа ал-Ҳаким ат-Термизий умрининг бир неча йилини хилват ва узлатда ўтказган. Лекин мухолифлар бу жазоларга рози бўлмай, шаҳарда фитна ва ғавғони кучайтиришда давом эттиргач, ал-Ҳаким ат-Термизий хилватдан чиқиб, масжидларда халққа амр-маъруф қилишга ўтади. Шундагина халқ ал-Ҳаким ат-Термизийнинг юксак фазлию улуғ мартабасини тушунади, унинг шогирдлари ва мухлислари янада кўпаяди.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ

Ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтирганлар. Баъзиларининг фикрига кўра унинг асарларининг сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар ал-Ҳаким ат-Термизий саксонта ёинки қирқта асар яратганлиги ҳақида ёзганлар. Жумладан, мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий тўрт юздан ортиқ асарлар яратган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Энг муҳими, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади[15]. Мана шу асарлардан энг аввало пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисаларига бағишланган «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар») номли асарини айтиш керак. Бу асар шунингдек «Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн» («Орифлар овунчоғи ва Оллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони») номи билан ҳам аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (№ 10842). Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки асарини кўрсатиш мумкин. Улардан бири «Китоб ҳақийқат ал-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва иккинчиси «Адаб ун-нафс» («Нафс одоби») номли асаридир. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Уларни бир қадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Стамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Париж Миллий кутубхонасида (араб бўлими, 5018 рақамида) ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қуйидаги ўн иккита асарининг қўлёзмалари сақланади:

1.  «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо» («Намоз ва унинг мақсадлари»).

2. «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи» («Ҳаж ва унинг сирлари»).

3. «Китоб ул-иҳтийотот» («Эҳтиёткорлик йўллари»).

4.  «Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо» («Билиш лозим бўлган жумлалар»).

5.  «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф» («Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни маън қилиш»).

6. «Китоб Ҳақийқат ул-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб»).

7.  «Китоб Урс ул-муваҳаддийн» («Якка худога эътиқод қилганларнинг завқи»).

8.  «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур» («Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб»).

9. «Китоб Манозил ал-ибод мин ал-ибодати» («Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Оллохга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб»).

10. «Китоб ул-ақл вал-ҳаво» («Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб»).

11. «Китоб ул-Амсол мин ал-Китоб вас суннат» («Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби»).

12. «Китоб ал-маноҳий» («Раддиялар ҳақида китоб»).

Дамашқ (Аз-Зоҳирия кутубхонаси,  Тасаввуф  104 рақамида) мажмуаси икки китоб ва бешта рисоладан иборат. Улардан бири Китоб ар-Рийазат ёинки «Китоб Ҳақийқат ул-Одамиййа» («Рийазат ёки Инсоният ҳақиқати тўғрисидаги китоб»). Унинг қўлёзмаси, юқорида зикр қилганимиздек, Париж мажмуасида ҳам, шунингдек, Стамбул мажмуасида ҳам мавжуд. Аммо иккинчи қўлёзма «Китоб ул-Акйос вал-муғтарийн» («Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб») номли бўлиб ушбу асарнинг ягона қўлёзмаси ҳисобланади. Бу асар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг эътиқодий қарашларини англашда муҳим аҳамиятга эгадир. Аммо ушбу мажмуага кирадиган рисолалардан қуйидаги учта рисолани кўрсатиш мумкин:

1. «Жавоб Китоб Усмон бин Саъйид мин ар-Рай» («Райлик Усмон бин Саъийднинг мактубига жавоб»).

2. «Баён ул-Касб» (Касб-ҳунарнинг баёни).

3. «Масоил суила анҳо» («Савол берилиб сўралган масалалар»).

Миср Араб Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Искандариййа (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) мажмуасида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг учта рисоласи сақланади:

1. Ал-Масоил ал-макнуна («Яширилган масалалар»).

2.  Таҳсийл назоир ал-Қуръон («Қуръон ибратларини ўрганиш»).

3.  Китоб Радд аълол-Муаттила («Ал-Муаттилийларга[16] раддия китоби»).

Ал-Искандариййа мажмуасида мавжуд ушбу рисолаларга яна алломанинг «Китоб ул-Фуруқ» («Фарқлар ҳақидаги китоби»)ни (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) ҳам қўшиш мумкин. Мазкур асарнинг бир нусхаси, аввалроқ зикр қилганимиздек, Париж мажмуаси таркибида сақланади.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Лондон мажмуасига кирган асарлари қуйидагилардан иборат бўлиб, улар асосан аллома Шестарбити тасарруфидаги асарлардир:

1.  «Китоб ур-риёзати» («Риёзат ҳақидаги китоб»). Ушбу асарнинг бошқа нусхалари Париж, Дамашқ ва Стамбул мажмуаларида ҳам сақланади.

2.  «Мухтарот мин китоб ас-Сафо» («Китоб ус-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар»).

3.  Бир рисола (номи кўрсатилмаган).

4. «Адаб ун-нафс» («Инсоннинг одоби»).

5. «Масалат ул-иймон ва ислом вал иҳсон» («Иймон, ислом ва эҳсон масалалари»).

Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ал-илмиййа»да сақланадиган қўлёзма ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Илал ал-Убудиййа» ёинки «Илал аш-шарийъа» («Шарийъат далиллари») номли асарининг нусхаси бўлиб, аслида бу рисола алломанинг «Китоб ус-Салот» («Намоз ҳақидаги китоб») асарининг қисқартирилган шаклидир.

Лейпциг мажмуасида сақланадиган атиги ягона китоб ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Ад-Дур ал-макнун» («Бекитилган марварид») асари бўлиб, у ҳаётда юз берган ва юз бериши эҳтимоли бўлган воқеаларга боғлиқ ҳадислар мажмуасидан иборат.

Стамбул шаҳридаги Аё-сўфиё кутубхонасида мавжуд қўлёзма нусха алломанинг «Китоб ал-Фуруқ» асарининг қўлёзмаси бўлиб, бу асарнинг бошқа нусхалари Париж ва ал-Искандариййа шаҳарларидаги мажмуаларда сақланиши ҳақида аввалроқ айтиб ўтилди.

Аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарларидан бири «Хатм ул-авлиё» (бу асар баъзи манбаларда, хусусан, ал-Ҳужвурийнинг «Кашф ул-маҳжуб» номли асарида «Хатм ул-валоят» шаклида келтирилган) бўлиб, унда тасаввуф тарихида биринчи маротаба «валоят-валийлик» назариясига ва бунинг асосида «ал-ҳакимия» мактабига асос солинган. Ушбу асарда келтирилган фикр-мулоҳазалар Термиз аҳлининг баъзи кисмлари ўртасида кескин эътирозга ҳам сабаб бўлиб, натижада ал-Ҳаким ат-Термизий она шаҳри Термиздан бадарға қилиниб, бир қанча муддат Балхда ҳам яшаган. Узоқ йиллар давомида йўқолган китоблардан ҳисобланган «Хатм ул-авлиё» 1965 йили Ливаннинг пойтахти Байрутда Париж илмий тадқиқотлар маркази исломий маданият бўлимининг аъзоси Усмон Исмоил Яҳё томонидан нашр этилди. Валийликнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, унинг нубувват ва рисолат билан боғлиқ бўлган жиҳатлари «Хатм ул-авлиё» китобининг бош мавзуси ҳисобланади. Муқаддима ва 29 фаслда мурид ва шайх ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб тарзида таълиф этилган бу асарнинг тузилиши қуйидагича:

Муқаддима. Бу қисмда муаллиф «валоят мақоми» тушунчасидан изтиробга тушган кишиларга жавоб ёзган.

Биршчи фасл: Ҳаққуллоҳ валийлиги.

Иккинчи фасл: Худонинг даъвати ва банданинг ижобати.

Учинчи фасл: Ҳаққуллоҳ валийлиги ва валийуллоҳ.

Тўртинчи фасл: Руҳоний саволлар. Бу фаслда муаллиф 157 та саволга (бундан 34 таси бевосита валоят масаласига, қолгани эса Қуръон тафсири, Ҳадислар ва диний масалаларга доир) жавоб беради. Ибн ал-Арабий «Жавоб ул-мустақим» ва «Ал-Футуҳот ал-Маккиййа» китобларида эҳтимол ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Хатм ул-авлиё» китобининг матнидан хабардор бўлмаган ҳолда, ўзининг ирфоний мактаби нуқтаи-назаридан бу 157 саволга (152—153 саволлар бундан мустасно) жавоб ёзган. Ал-Ҳаким ат-Термизий «Хатм ул-авлиё» китобининг турли фаслларида бу саволларнинг қарийб барчасига жавоб топган.

Бешинчи фасл: Авлиё ва набийлик илми.

Олтинчи фасл: Валийуллоҳ.

Еттинчи фасл: Валоят ва авлиёликнинг ўнта хусусияти.

Саккизинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё ва ҳотам ул-анбиё.

Тўққизинчи фасл: Нубувват ва валоят.

Ўнинчи фасл: Авлиё аломати.

Ўн биринчи фасл: Шайтоний хавотирлар ва насхи илоҳий.

Ун иккинчи фасл: Муқарриблар (Аҳл ул-қурба).

Ун учинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё.

Ун тўртинчи фасл: Башорат.

Ун бешинчи фасл: Қуръон ва руҳ.

Ун олтинчи фасл: Мўъминлар ва авлиё.

Ўн еттинчи фасл: Валоят ва нубувват ўртасидаги аҳд-паймон.

Ўн саккизинчи фасл: Авлиё аҳволини инкор этувчилар.

Ўн тўққизинчи фасл: Валоят, саодат, муҳаббат.

Йигирманчи фасл: Валий ва гувоҳ.

Йигирма биринчи фасл: Валий ва илоҳий асрор.

Йигирма иккинчи фасл: Ҳидоят этилган ва танланган инсонлар.

Йигирма учинчи фасл: Жазаба ва замон.

Йигирма тўртинчи фасл: Мажзуб.

Йигирма бешинчи фасл: Ҳотам ул-авлиё ва хатм ул-валоят маъноси.

Йигирма олтинчи фасл: Сохта авлиё.

Йигирма еттинчи фасл: Хайр давлати ва шарр (ёмонлик) давлати.

Йигирма саккизинчи фасл: Диндорлар.

Йигирма тўққизинчи фасл: Амаллар ва даражалар.

Бу китоб валоят масаласини биринчи маротаба мукаммал бир назария ва ажойиб мақолалар туркуми шаклида тасаввуфга тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга молик. У, айтиш мумкинки, тасаввуф тарихида «ҳакимий»лар деб аталмиш бир гуруҳ машҳур сўфийлар, хусусан, Термиз ва Балх атрофида шаклланган тасаввуф аҳли учун маънавий васиятнома ёхуд таълим дастури сифатида хизмат қилган. Бу асарнинг овозаси ўша давр ислом оламига, Мисру Тунисдан, Эрону Мовароуннаҳргача, Ҳалабу Шомдан Кичик Осиёгача етган эди[17].

Юқорида зикр этилган асарлар ал-Ҳаким ат-Тер-мизийнинг бизгача етиб келган асарларининг мавжуд қўлёзмалари ҳисобланади. Лекин алломанинг номлари тарихий, ёинки библиографик тарзда сақланиб қол-ган, лекин бизгача етиб келмаган асарлари ҳам борки, улар ҳақида баъзи маълумотларни келтириш мақсадга мувофиқдир. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳозирги дав-римизгача етиб келмаган деб ҳисобланган муҳим асар-ларидан бири «Хатм ул-авлиё» асари ҳақида юқорида зикр қилдик. Бу асар ислом оламининг таниқли фай-ласуфи ва мутасаввуфи, аллома Муҳйиддин ибн ал-Арабий (1165—1240) давригача етиб келган бўлиб, ушбу асар ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Чунончи, Ибн ал-Арабийнинг қаламига мансуб «Ал-Футуҳот ал-Мак-киййа» («Макка фатҳлари») номли китобидаги бир юзу эллик беш саволга ал-Ҳаким ат-Термизийнинг маз-кур асарига таянган ҳолда жавоблар берилган. Шунин-гдек, Ибн ал-Арабий «Шарҳ ул-масоил ар-руҳониййа аллатий суила аънҳо ал-Ҳаким ат-Термизий» («Ал-Ҳаким ат-Термизийдан сўралган руҳий масалаларнинг шарҳи») номли махсус асар ҳам яратган[18].

Шунингдек, Ибн ал-Арабий бир юзу эллик уч саволга жавобни ўзида мужассам қилган бошқа бир асар ҳам яратган. Мазкур асарнинг нусхаси Миср Араб Республикасининг ал-Искандариййа шаҳридаги «Мактабат ал-баладиййа» кутубхонасида (3467 ж рақами остида) сақланади. Бу хабарлардан маълум бўлаётирки, буюк аллома Ибн ал-Арабий термизлик донишманд ал-Ҳаким ат-Термизийнинг асарлари ва таълимотига алоҳида эътибор билан қараган ва унинг ўзига хос бой илмий-маънавий меросининг кейинги авлодларга етиб келишида беқиёс ишларни амалга оширган. Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келмаган бошқа айрим асарларига ўша даврда ёзилган баъзи шарҳларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар алломанинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганувчилар учун ғоятда муҳимлиги шубҳасиздир[19].

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келмай йўқолиб кетган асарларидан бири унинг «Китоб ул-ўълум» («Илмлар ҳақидаги китоб») бўлиши керак. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг эътиқодий фикр-мулоҳазалари айниқса унинг билиш («ал-маърифа») назариясига оид қарашларини англашимизда аллома асарининг аҳамияти беқиёс бўлиши керак эди. Чунончи, бу ҳақда ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида (15-бет) зикр қилган. Айни шу «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида ал-Ҳаким ат-Термизий бизгача етиб келмаган бошқа бир асари — «Китоб уд-дуъот ва сидқиҳум ва аҳволиҳум» («Исломга даъват қилувчилар, улар сидқидиллиги ва аҳволлари ҳақида китоб») ҳақида ҳам баъзи маълумотларни келтирган. Шунингдек, ўзининг «ал-Масоил ал-макнуна» номли асарида бизгача етиб келмаган таснифларидан «Китоб ул-Иродат» («Марғуб ишлар ҳақида китоб»), «Адаб ун-нафс» номли машҳур асарида «Сифат ал-қулуб ва аҳволиҳо» («Қалблар хусусияти ва улар ҳолатлари») номли асари ҳақида зикр қилиб ўтган.

XI асрда яшаб ўтган тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири Абул Ҳасан ал-Ҳужвирий (у 1072 ёки 1076 йилда вафот этган)нинг фикрича, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг яна қуйидаги асарлари бизгача етиб келмаган:

1. «Одоб ул-мурийдийн» («Муридлар одоби»).

2. «Китоб ут-Тавҳийд» («Оллоҳнинг ягоналиги ҳақидаги китоб»).

3. «Азоб ул-қабр» («Кабр азоби»).

4. «Ат-Тафсир» («Қуръон тафсири»).

5. «Китоб ул-Наҳж» («Йўл-йўриқлар китоби»).

6. «Китоб ул-машойих ав ат-табақот ас-суфиййа» («Машойихлар ёинки суфийлар табақалари ҳақидаги китоб»).

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи ҳам «Жавоб китоб Усмон ибн Саъийд мин ар-Рай» номли асарида «Китоб ул-машойих» рисоласи ҳақида «Китоб сийар ал-авлиё» («Авлиёлар сийратлари ҳақида китоб») номи билан эслатиб ўтган. Мазкур асарлар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизга маълум бўлган илмий-маънавий меросини ташкил қилади. Мана шу бой ва ранг-баранг мазмундаги меросга зоҳиран назар ташлашнинг ўзиёқ, ал-Ҳаким ат-Термизий илмий-маънавий уммонининг ғоятда чексизлиги, унинг тафаккур оламининг кенг қамровли ва бениҳоя чуқурлигидан далолат беради. Айни вақтда, масаланинг мураккаблиги шундаки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзини ҳам, унинг асарларини ҳам аллома яшаган даврдаги бирон-бир илмий фаолият билан боғлиқ ҳолда ёки қиёсий тадқиқ қилиш орқали баҳолай олмаймиз. Бинобарин, унинг хилма-хил мавзуларда ёзилган асарларининг умумий йўналишини ҳам, уларга асос бўлган манбаларни аниқлашда ҳам муайян қийинчиликлар туғилиши табиийдир.

Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг таълиф этилиш йиллари ҳақида ҳам айнан шу муаммога дуч келамиз. Чунончи, муаллиф ҳам, унинг ҳақида ёзган олимлар ҳам аллома асарларининг ёзилган йилларини кўрсатмаганлар. Шу билан бирга аллома ижодини ўрганиш жараёнида бу борада ҳам баъзи тахминларни қилиш мумкин. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизий ёзган дастлабки асари «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор Расул» асари бўлса керак. Мавзуларининг хилма-хиллиги, кўтарилган масалалар ададининг кўплиги, ҳажмининг улканлигига қарамасдан бу асарида муаллиф бошқа бирорта асарини тилга ҳам олмаган, бирортасига ишорат ҳам қилмаган. Ваҳоланки, муаллиф аксар асарларида «Наводир ул-усул»га ишорат қилганки, демак, ўша асарлар ундан кейин ёзилган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларидан аллома умрининг охирларида ёзилган таснифлари жумласига «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» ва «Китоб ул-фуруқ» кабиларни ҳам киритиш мумкин. Чунончи, ушбу асарларда муаллифнинг бошқа бир қанча асарлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг мазмун-моҳиятига биноан уларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин. Бир туркум асарлари аллома томонидан илм толибларига ўқилган маърузалар, матнлар шаклида бўлса, бошқа бир туркум рисолаларни аллома турли-туман муносабатларга бағишлаб, ёинки ундан савол тарзида сўралган масалаларга жавоб, ўзига билдирилган эътирозларга раддия, ёҳуд бирон мураккаб, чигал масаланинг баёни ёинки дўсту-биродарларига йўлланган мактублар ташкил қилган. Шу боисдан ҳам бу туркумга кирган рисолалар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бутун умри давомидаги илмий-ижодий фаолиятининг ўсиши билан тадрижий равишда, босқичма-босқич такомиллашиб борган дейиш мумкин. Унинг асарлари мазмуни ва хусусиятларига қараб уларни аллома яшаган даврдаги илм-фаннинг бирор соҳасига мансуб этиш ҳам қийин. Бинобарин, унинг асарларини тўлиғича на тасаввуфий асарлар жумласига, ёинки на ҳадис илмлари жумласига, на фалсафий асарлар жумласига ёки бўлмаса калом ёки фиқҳ илмлари жумласига мансуб этиб бўлмайди. Мана шу ўринда аллома ал-Ҳаким ат-Термизий илмий фаолиятини баҳолашда ўта бир нозик қирра очилаётганга ўхшайди. Гап шундаки, алломанинг илмий-ижодий фаолиятини ўрганган қатор тадқиқотчилар ҳам таъкидлаганларидек, ал-Ҳаким ат-Термизий асарлар таълиф ва тасниф этишда ўз даврида мавжуд бўлган йўлдан юрмади, балки у ўз диний қарашлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб, ўзига хос бўлган алоҳида йўлни танлади. Ал-Ҳаким ат-Термизий танлаган бу йўл (баъзи араб олимлари бу йўлни ҳатто «мазҳаб» деб ҳам ёзганлар) ўша даврда бепоён ўлкаларгача бориб тарқалган. Бу даврда, афсуски, диннинг асл моҳиятини бузувчи тоифалар кўпайди, шу боис ислом динининг ҳақиқий, асл моҳиятини тўғри талқин қилиш жамият учун ғоятда муҳим эди. Ал-Ҳаким ат-Термизий танлаган бу йўлнинг учта йўналиши бўлиб, улар қандай эътиқодга мансуб бўлишидан қатьи назар фақат жамият манфаатларига, инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилиши билан умумбашарий аҳамият касб этган эди. Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимоти қуйидаги уч йўналишдан иборат:

1. Ибодат ёки маросим (арабча ат-туқус) ёинки шарийъат йўналиши.

2.  Тасаввуф йўналиши.

3.  Эътиқод йўналиши.

Мана шу йўналишлар ҳақида ўз фикрини биддирганда ал-Ҳаким ат-Термизий ишлатган иборалар ва истилоҳлар айнан шундай аталмаса-да, лекин шуларга яқин атамаларни қўллаган. Масалан, муаллиф «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» номли асарида, жумладан, шундай деб ёзади: «Аллоҳ таолонинг дини учта арконга асосланган бўлиб, улар ал-Ҳаққ (Ҳақиқат), ал-Адл (Адолат) ва ас-Сидқ (Ҳалоллик)»дир. Чунончи, Ҳақиқат инсон жисми аъзолари, Адолат юрак, Ҳалоллик акл-идрок билан боғлиқдир»[20]. Мана шу учта йўналишни ал-Ҳаким ат-Термизий мукаммал ҳолда тасаввур қилиб ва шуларга таяниб ўз таълимотини шакллантирди ва айнан шу тамойиллар асосида ўз асарларини яратди. Шу билан бир қаторда, унинг асарларининг характерли томони шунда эдики, зарурат туфайли турли тоифаларга бағишлаб ёзилган асарларида айнан шу тоифаларга хос сийғалар тўлиқ равишда ўз ифодасини топарди. У ўз асарларидаги ғояларни турли ижтимоий гуруҳларга мансуб мусулмонлар, улар оддий халқ вакилларими ёинки ҳадис олимларию уламолариданми, бундан қатъи назар, ўз таълимотларининг барча мўмин-мусулмонлар орасида кенг кўламда тарқалишига алоҳида эътибор берарди. Бинобарин, жамият муайян эҳтиёжларидан келиб чиқиб унинг асарлари хилма-хил услуб ва йўналишда яратилганлигини кўрамиз. Айни вақтда у ўз таълимотининг (мазҳабининг) янгилигини ҳам биларди ва шу боис ўша давр илмий доиралари миқёсида ўзига хос ўринни эгаллаб, шу пайтдаги билиш (ал-маърифа) назариялари ўртасида ўз мақомига эга бўлишга алоҳида эътибор билан қаради. Шунга кўра ўз қаламига мансуб асарларнинг аксар қисмига ёзган муқаддимасида билиш назарияси ва турли илмлар ҳақида жиддий тарздаги ғояларни илгари сурган. Мана шу тарздаги аксар муқаддималарни муаллиф умрининг охирларида ўз таълимотини ҳимоя қилиб ёзган рисолаларда учратамиз.

Юқорида билдирилган фикрларга хулоса қилиб, ал-Ҳаким ат-Термизий ёзган асарларни тўрт асосий бобга ажратиш мумкин. Бу тақсимлаш муайян даражада шартли бўлиб, у ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарларнинг ҳаммасини қамраб ололмайди, албатта. Шунингдек, бу бобларга ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз дўсту-биродарлари сўраган саволларга жавоб тарзидаги кундаликлари (ал-йавмиййот), у ташкил килган илмий мажлислардаги маърузалари ва сўзлари кирмаган, гарчанд баъзи ҳолларда бу тарздаги кундаликлар муаллиф таълимоти ва қарашларини ёрқин ифодалаган бўлса-да.

Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларини мавзу жиҳатидан тасниф этиб, қуйидаги беш мажмуага бўлиш мумкин:

Биринчи мажмуа:

А — Маърифат (билиш) ва илмларга оид асарлар:

1. Китоб ул-уълум.

2. Китоб уд-дуоъот ва сидқиҳум ва аҳволиҳум.

3. Китоб ул-акйос вал-муғтарийн.

4. Китоб ул-фуруқ ва манъ ат-тародуф.

5. Китоб ус-салот ва мақосидиҳо.

6. Китоб таҳсийл назоир ал-Қуръон.

Б — Шарийъатга оид асарлар:

1.  Илал уш-шарийъат ав ал-убудиййат.

2.  Китоб ус-салот ва мақосидиҳо.

3.  Китоб ул-ҳажж ва асрориҳу.

В — Тасаввуф ва одоб-ахлоққа оид асарлар:

1.  Ал-Ақл вал ҳаво.

2.  Манозил ул-ибод мин ал-ибодати.

3.  Ҳақийқат ул-одамиййат ав ар-рийозат.

4.  Адаб ун-нафс.

Г — Инсон табиати ёхуд олий ҳикмат ёхуд ботиний ашёлар ҳақида:

1.  Китоб хатм ул-вилойат.

2.  Китоб ул-аъзо ван нафс ёинки ғавр ул-умур.

3.  Китоб урс ал-муваҳиддийн.

Иккинчи мажмуа:

Бу йўналишда муаллиф муҳаддислар йўлини тутган.

А — Шарийъат ва ал-адаб (урф-одатлар):

1.  Китоб ул-манҳийот.

2.  Китоб ул-иҳтийотот.

3.  Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо.

Б — Баённомалар (ан-нусус):

1. Китоб азоб ал-қабр.

2. Ад-Дурр ул-макнун фи асъилати мо кона ва мо йакуну.

В — Эътиқодга оид асарлар:

1.  Китоб ут-тавҳийд.

2.  Китоб ур-радд аълол муъаттила.

Учинчи мажмуа:

Сўфийлар ва муридлар учун ёзган асарлари:

1.  Китоб одоб ул-мурийдийн.

2.  Китоб ул-аъзои ван нафс ав ғавр ул-умур.

3.  Тарих ул-машойих ав сайр ул-авлиё.

Тўртинчи мажмуа:

Ўз таълимотини яратишда суннатлардан фойдаланиб муҳаддислар услубини қўллаган асарлари:

1. Китоб Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-Расул.

2. Китоб ул-амсол мин ал-Китоб вас Суннати.

Бешинчи мажмуа:

Ҳар хил муносабатлар туфайли ёзган асарлари:

1.  Китоб ул-масоил ал-макнуна.

2.  Масоил суъила анҳо ва зикри атвибатиҳо.

3.  Жавоб Китоб Усмон ибн Саъийд минар Райй.

4.  Баён ул-касби.

Ал-Ҳаким ат-Термизий илмий-маънавий меросини ўрганиш жараёнида алоҳида бир хусусият зоҳир бўладики, бу ҳам бўлса унинг асарларидаги маълумотларнинг хилма-хиллиги ва бойлиги, муаллиф маданий-маърифий салоҳиятининг кенг кўламлигидир. Ал-Ҳаким ат-Термизийга хос бўлган бу ажойиб хусусиятлар унга замондош олимлардан бирортасида ҳам бўлмай, ўша давр илм-фани ва маърифати тараққиётининг барча жиҳатларини ўзида мужассам қилган эди.

Уз даврининг улуғ алломаларидан бири даражасига етишган ал-Ҳаким ат-Термизий, табиийки, баъзи таниқли олим ва уламоларнинг хато ва камчиликларига нисбатан танқидий фикр-мулоҳазаларини билдиради. Жумладан, у Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг асл моҳиятидан келиб чиқиб чуқур мазмунли янгича талқинларни илгари суради. Одатда, ҳар қандай янгича фикр аксар ҳолларда дастлаб танқидга учрамай қолмагани каби ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам бундан мустасно бўлмайди. Бу фикримизга баъзи мисоллар келтирайлик. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадисларга таяниб баъзи асарлар ҳам яратганди. Албатта, ўша даврда яшаб (айниқса IX асрда) фаолият кўрсатган кўплаб буюк муҳаддислар каби ал-Ҳаким ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплаб уларни муайян бир мавзуга солиб махсус асарлар яратмаган. Лекин муаллиф ўзининг баъзи асарларида мўмин-мусулмонлар учун ғоятда фойдали бўлган эътиқод, ибодат ва муомалотга, шунингдек, одоб-ахлоқ ва зоҳидликка оид туркум ҳадислар келтирганки, бу қимматли ҳикматлар сўнгра қатор муҳаддисларнинг асарларидан ҳам ўрин олган. Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадис ривоят қилувчи ровийларга нисбатан қўшимча талаблар ҳам қўйганлигини айтиш лозим. Агар буюк муҳаддис имом ал-Бухорий ҳазратлари ровийларга ростгўйлик, тақво ва омонат (ишончлик) каби шартларни қўйган бўлса, ал-Ҳаким ат-Термизий ровийлар албатта маъно ва таъвилни ҳам мукаммал билишлари шарт деб ҳисоблайди.

Фиқҳ (ислом қонуншунослиги) илмини билувчиларни эса ал-Ҳаким ат-Термизий ўзидан аввал ўтган алломалардан фарқли ўлароқ икки тоифага бўлади: бири — аҳком масалаларини чуқур эгаллаган қонуншунос мутахассис; иккинчиси эса фиқҳ илмини мукаммал эгаллаб фақиҳ бўлмоқ, унинг фикрича, қалб билан тушуниб етувчи ва идрок этишлик даражасига етган кишигина фақиҳ дейилади. Аксинча, инсон ҳақиқий фақиҳ даражасига етмаган ҳисобланади, дейди.

У намоз ва рўза аҳкомларига бағишланган баъзи эътиқодий масалаларнинг хато томонларини кўрсатиб ўз танқидий мулоҳазаларини ҳам билдиради. Муаллифнинг айнан шу масалаларга бағишланган «Асрор ус-солат» («Намоз сирлари»), «Асрор ус-савм» («Рўза сирлари») ва «Асрор ул-ҳажж» («Ҳаж сирлари») номли  асарларида намоз,  рўза ва ҳаж ибодатларининг инсонга фойдали бўлган ички, ҳақиқий моҳиятларини очиб беради[21].

Ақоид ва калом каби илмларга ал-Ҳаким ат-Термизий асарларида алоҳида эътибор берилган бўлса-да, биз уни йирик мутакаллимлар сафига ҳам қўша олмаймиз. Унинг қатор асарларида ислом файласуфлари (мутакаллимлар) билан бўлиб ўтган баҳсу мунозаралар ҳақида талай маълумотлар учратамиз. Аллома ўзининг ўткир илмий мулоҳазалари билан баъзи мутакаллимларнинг хато-камчиликларини очиб ташлаб, уларга нисбатан асосли, танқидий муносабатини билдирган. Ўзидан илгари ўтган тасаввуф олимларининг фаолияти ҳам ал-Ҳаким ат-Термизийнинг сергак назаридан четда қолмаган, албатта. У илгари сурган ғояларга кўра, энг яхши сифатлар — Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни адолат билан шарҳлаш; фиқҳ масалаларига ғоятда мақбул, мантиқий нуқтаи назардан ёндошувчи кишилар — булар фақат мутасаввифлар деган хулосага келади. Айни вақтда аллома бундай вазиятларда эҳтиросларга берилмай, беғараз, холисона йўл билан ёндошиш орқали исломга беминнат хизмат қилиш мумкин дейди.

Шундай қилиб, ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг ҳам Қуръони карим маъносини талқин қилиш, ҳадисларни шарҳлаш ва фиқҳий масалаларга амал қилишда тасаввуф йўлидан борганлигини таъкидлайди, тасаввуф йўли киши виждонига — қалбига ором берадиган ягона йўл деб изоҳлайди. Мана шу тарздаги таълимотларни яратган ал-Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари IX— X асрнинг буюк диний олимларидан ва ислом дини таълимотларини илмий асосга таянган ҳолда янада чуқурроқ талқин қилувчи, шариатнинг беназир арбобларидан бири сифатида бутун мусулмон оламида шуҳрат қозонди. Мавриди келганда шуни ҳам айтиш керакки, ўзининг асосли, муросасизлик билан дадил фикрларини айтгани сабабли буюк аллома тазйиқ ва азобларга ҳам дучор бўлди. Юқорида қайд этилганидек, бир қанча йиллар ўз она юртидан бадарға ҳам қилинган. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тасаввуф илмининг алломаси бўлиб етишишида унинг устозлари Абу Туроб ан-Нахшабий, Аҳмад ибн Ҳизравайҳ, Йаҳйа ал-Жалла каби буюк шайхлар билан қилган илмий-маърифий суҳбатлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг Шом, Бағдод ва Мисрнинг мутасаввуф олимлари билан мулоқотлари ҳам ғоятда фойдали бўлиб, булар туфайли у Ўрта Осиё тасаввуф илмини ҳар томонлама бойитиб, уни янада юксак поғоналарга кўтарди. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўша пайтда Шарқ мамлакатларида мавжуд бўлган турли тариқатларнинг фаолиятидан воқиф бўлган, албатта. У айниқса Нишопурдаги маломатиййа тариқатидан кучли таъсирланди. Шу боис ушбу тариқат йўли кейинги асрларда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан Абдухолиқ ал-Ғиждувоний ва Баҳоуддин ан-Нақшбандий каби машҳур мутасаввуфлар фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ал-Ҳаким лақаби билан аталиши масаласи олиму-уламоларни азалдан қизиқтириб келган ва бу масалада турли фикрлар ҳам билдирилган. «Ҳаким» сўзининг тарихига назар солсак, бу ибора Қуръонда ҳам, Тавротда (Хохом шаклида) ҳам учрайди. Ҳакимнинг луғавий маъноси доно, донишманд, ақл-идрокли, файласуф, шунингдек, табиб, доктор тушунчаларини англатади. Шу сабабли баъзи олимлар уни ҳатто моҳир табиб деб ҳам атаганлар. Ат-Термизий яшаган давр истилоҳларига таяниб баён қилсак, ҳикмат (ҳакимдан олинган) ибораси ҳақиқатга етишиш (арабча исобат ал-ҳаққ)ни англатиб, бунга илм ва ақл билан эришиш мумкин деб изоҳланган. Ҳаким киши шундай шахски, у мукаммал ақл-идрок ва чуқур билим билан ҳар доим ҳақиқатга эришади. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Таҳсийл назоир ал-Қуръон» номли асарида: «Ҳаким илмнинг ички, ботиний маъноларини тушунувчи киши» деган фикрни ҳам келтирган. Қуръони каримга «Мафотиҳ ал-ғайб» номли ўн беш жилддан иборат улкан тафсир ёзган буюк ватандошимиз Фахриддин ар-Розий (у 1209 йилда вафот этган) ҳикматдан мурод ёки илм, ёки савоб, яъни тўғри ишни қилишдир, деб талқин қилган. Тасаввуф аҳли ҳам «ҳаким» сўзини шу мазмунда таъвил қилиб «ҳикмат» — илм (билим)дан юқорироқ даражада туради, «ҳаким» деб ҳар қандай илмни чуқурроқ ўзлаштирган кишига айтилади, чунки бу шарафли даражага узоқ машаққат ва риёзат орқали эришилади деб таъкидлайдилар. Доктор Усмон Исмоил Яҳёнинг фикрича, ат-Термизий «ҳаким» лақабига тасаввуфда инсон табиатини яхши ва чуқур тушуниб етгани учун эришди, деб ҳисоблайди (Муқаддима, 4-бет). Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи эса ҳақиқатга етишишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи, илоҳий бир нарса — валийлик ҳам бор деган фикрни илгари суради. Ҳаким, унинг эътиқодича, валийнинг бир хилидир (арабча ал-ҳаким ҳува навъ мин ал-валий). Валий киши ҳақиқатга фақат чуқур илм ва катта ақл-идрок билан эмас, балкии Оллоҳ таоло унга ато қилган бир илоҳий сир воситасида эришади, бинобарин, уни тугал ақл ва чуқур илм билан сийлаган ҳам Оллоҳнинг ўзидир. Гарчанд ал-Ҳаким ат-Термизийда «ҳаким» калимаси «валий» калимаси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ифода қилинса-да, «ҳаким» билан «валий» тушунчаси ўртасида муайян фарқ бор, албатта. Ал-Ҳаким ат-Термизий «ҳаким» мақомига эга шахснинг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни ҳақида ёзиб, у миллатнинг диний соҳадаги файласуфи, муомалат масалаларидаги қозиси, намоз ва ибодатларида уларнинг имоми ҳамда уларни тинчлик, хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровон турмушга бошловчи валийси бўлишлигини таъкидлайди.

Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимотидаги муҳим масалалардан бири инсонда билиш (ал-маърифа) ҳақидаги фикрлардир. Билиш махсус тузумга (жиҳоз хос) эга бўлиб, у тўртта асосий қисмдан иборатдир, дейди. Улардан биринчиси идрок этиш орқали бўлиб, улар инсондан ташқи бўлган ҳиссиётлар — билим, тажриба ва малака, уларни тушуниб идрок этиб улардан ўз фаолиятида фойдалана билиш. Бу тизимнинг фаолиятида кўз, қулоқ, тил каби аъзолар билан бир қаторда ташқи маълумотларни қабул қилиш, бунда инсоннинг зеҳни, фаҳму фаросати, қувваи ҳофизаси катта роль ўйнайди. Яна бир хил воситалар борки, булар ҳаяжонланиш, ҳиссиёт, шуур билан боғлиқ ҳолатларда (машоъир) (жигар, талоқ, буйрак, шаҳват билан) намоён бўлади. Иккинчи тизим инсонда бор билим воситасида амалга оширилади. Учинчи тизим ахлоқ масалалари билан уйғунлашиб амалга ошади; бу сўнгги иккаласи муштарак бўлса инсонда зийраклик, латофат, юксак салоҳият каби алоҳида фазилатлар юзага келади. Алломанинг ўзига хос бу фикрлари, шунингдек, инсоннинг билишида унинг руҳияти, ақли ва қалби қандай роль ўйнаши ҳақидаги қарашлари тасаввуф аҳлининг руҳонияти ва тафаккурига катта таъсир кўрсатди. Инсон эришиши қодир бўлган билим — тасаввуфий маърифат ёки ҳикмат («гносис») деб, уни инсон қалбида тажалли бўлган илоҳий бир нур билан тенглаштирди. Чунончи, шарийъатнинг турли масалаларини талқин қилиб, уни ҳаётга татбиқ қилишга қодир бўлган билим (илм)дан фарқли ўлароқ, маърифат (гносис) ўша нарсаларнинг яширинган (сирли) моҳиятини, охир-оқибатда унинг илоҳий моҳиятини англашга эришади. Агар илмга ўқиш, ўрганиш жараёнлари орқали эришилса, маърифатни эса Оллоҳ таоло ўзи суйган, танлаган бандаларигагина марҳамат қилади. Илмни ҳаётга татбиқ қилиш замони ва майдони (ҳудуди) бир қадар маҳдудий, чегараланган бўлса, маърифатнинг эса чеки-чегараси бўлмайди. Маърифат фақат руҳи ҳар қандай дунёвий, нафсоний мойилликлардан покиза бўлиб, бутун ниятию, фикри-зикри билан Оллоҳга таважжуҳ қилган инсонларгагина насиб этади. Мана шундай инсонлар тоифасига ал-Ҳаким ат-Термизий, энг аввало, суфий валийларни мансуб этади. Унинг фикрича, улар (валийлар) мана шу жиҳатлари — маърифатлари билан бошқа мўмин-мусулмонлардан ажралиб турадй. Эҳтимолдан ҳоли эмаски, ал-Ҳаким ат-Термизий биринчилардан бўлиб назарий жиҳатдан авлиёлар ҳақидаги тасаввуфий қарашларни асослаб, амалда ҳуқуқий жиҳатдан уларни Оллоҳнинг элчилари (расул) ва пайғамбарлари (анбиё) даражасида тенглаштирган. Алломанинг пайғамбарлик ва валийлик хусусидаги, айниқса унинг тасаввуфда валийликнинг муҳим ўрни ҳақидаги қарашлари кейинчалик ислом оламида машҳур бўлган буюк файласуф Ибн ал-Арабий (1165—1240) томонидан янада ривожлантирилди. Ҳатто ушбу масалага бағишланган қатор асарларида Ибн ал-Арабий ал-Ҳаким ат-Термизий рисолаларидан бутун-бутун саҳифаларни сўзма-сўз кўчириб келтирган ҳоллари ҳам учрайди[22].

Умуман олганда, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг билиш (маърифат) назариясига доир фикрлари муҳим аҳамиятга эга. Шу боис алломанинг айнан шу масала бўйича қарашларига бағишланган махсус асарлар, тадқиқотлар ҳам яратилган. Фикримизга мисол тариқасида араб олими Абдулмуҳсин ал-Ҳусайнийнинг «Ал-Ҳаким ат-Термизийда билиш масаласи» («Ал-Маърифит иънд ал-Ҳаким ат-Термизий») асарини кўрсатиш кифоя.  Баъзи бир тадқиқотчиларнинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий буддизм, насронийлик ва манихеизм динлари таълимотлари билан ҳам яхши таниш бўлган. Чунончи, унинг деярли барча асарларида мазкур динлар таъсирини кузатиш мумкин. Буюк аллома ал-Ҳаким ат-Термизий ўз замонасининг диний илмларидан, дунёвий илмларидан ҳам ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган. Унинг мукаммал илми ва беқиёс салоҳиятига кўпчилик алломалар юксак баҳо берганлар. Жумладан, буюк мутафаккирлар Абдураҳмон Жомий «Нафаҳот ул-унс» асарида, Алишер Навоий «Насоим ул-муҳаббат» асарида уни энг улуғ шайхлар қаторида зикр қилганлар ва мутасаввуфларнинг иккинчи бўғинига киритганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ал-Ҳаким ат-Термизий тўғрисида қуйидаги маълумотларни келтирган: «Муҳаммад бин Али Ҳакими Термизий  —  иккинчи табақадиндур.  Кунияти Абу Абдуллоҳдур. Машойихи кибордандур ва Абу Туроб Нахшабий ва Аҳмад Ҳизравайҳ ва Ибни Жалла била суҳбат тутубдур ва кўп ҳадиси бор ва зоҳир каромати ва тасонифи (ёзган асарлари) бор. Ул жумладин «Хатм ул-вилоя» китоби ва «Наҳаж» китоби, «Наводир ул-усул» ва бундан ўзга ҳам китоблари бор ва зоҳир улумида ҳам кутуби бор ва бир тафсир («Қуръон тафсири») ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға (охирига) улар вафо қилмайдур…» Хожа Баҳоуддин ан-Нақшбандий ҳазратлари ҳам ал-Ҳаким ат-Термизий ҳақларида: «Азиз авлиёларнинг пешвоси Хожа Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким ат-Термизийнинг руҳонийётига таважжуҳим тушганда, ҳар сафар менга таъриф ва тавсифдан холи тасаввуф намоён бўлади», деб, унинг руҳоний оламидаги юксак мартаба ва мақомларини алоҳида лутф билан таъриф этган эканлар.

Убайдулла Уватовнинг “Икки буюк донишманд” («Шарқ» НМАК, Тошкент, 2005) китобидан олинди.


[1] Баъзи муаррихлар, масалан, аш-Шаароний ўзининг «ат-Табақот ал-кубро» асарининг 78-саҳифасида ал-Ҳусайн деб келтирган.

[2] Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Хатм ул-авлиё» асарини нашр этган доктор Усмон Яҳя унинг муқаддима қисмига ушбу рисолани ҳам қўшиб чоп этган.

[3] Ал-Ҳаким ат-Термизий ва назариятуҳу фил-вилойа, 35-бет.

[4] Аш-Шайх Комил Муҳаммад Муҳаммад Авайда. Ал-Ҳаким ат-Термизий, 5—6-етлар.

[5] Ал-Ҳаким ат-Термизий  ва  назариятуҳу фил-вилойа,  31—32-бетлар.

[6] Ал-Ҳаким ат-Термизий ва назариятуҳу фил-вилояти, 45-бет.

[7] Масалан, ал-Ҳужвийрий, Кашф ал-маҳжуб.

[8] Шазарат уз-заҳаб, 3-жилд, 9-бет.

[9] Тарихи Бағдод, 2-жилд, 150-бет.

[10] Хатм ал-авлиё, Муқаддима, 37-бет.

[11] Лисон ал-мийзон, 5-жилд, 308-бет

[12] Бу ҳақда қаранг: Шайх Абдуғани Абдулло. Ал-Ҳаким ат-Термизий; Совет Шарқи мусулмонлари журнали, 1990 йил, 3-сон, 14-бет.

[13] Табақот аш-шофиъиййа ал-кубро, 2-жилд, 20-бет; Табақот ас-суфиййа, 48-бет.

[14] Мазкур маълумотлар арабшунос Абдуқаҳҳор Шошийнинг «Термизлик донишманд» номли мақоласидан олинди.

[15] Аш-Шайх Комил Авайда. Ал-Ҳаким ат-Термизий, Байрут, 1993, 10-бет

[16] Ал-Муаттилийлар — луғавий маъноси бекор қилувчилар, рад қилувчилар бўлиб, муътазилийларнинг номларидан бири. Улар худонинг одамга ўхшаш ғоясини илгари сурган ал-мушаббихлардан фарқли равишда илоҳий сифатларни йўқ деб рад қилганлар.

[17] Доктор Иброҳим Худоёр. Ишқ Жайҳунининг йўлдоши (ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Хатм ул-авлиё» асари). Тошкент, «Гулистон» журнали, 2000 йил, 5-сон, 25-бет.

[18] Мазкур асар нусхаси Қоҳирадаги «ал-Мактабат ат-Таймуриййа»да (255 рақами остида) сақланади.

[19] Аш-Шайх Комил Авайда. Ал-Ҳаким ат-Термизий, 13-бет.

[20] Китоб ул-акйос вал-муғтарийн, 2-бет.

[21] Бу ҳақда яна Шайх Абдуғани Абдуллонинг «Ал-Ҳаким ат-Термизий» номли мақоласига ҳам қаранг («Совет Шарқи мусулмонлари», 12—13-бетлар).

[22] Бу ҳақда яна қаранг: Ислам. Энциклопедический словарь. Москва, Главная редакция восточной литературы, 1991, стр. 237—238.