Ер юзидаги барча организмлар ташқи муҳитда яшаб қолиши ва ўзидан кейин насл қолдириши учун турли хил мослашиш хусусиятига эга. Баъзи ўсимликлар йирик тиканлар ҳосил қилса, бошқалари тиканлари, барглари ва баъзан гулларидан-да воз кечиб ҳимояланишга ўтади. Бошқа тур ўсимликлари эса ер устки қисмидаги бўлагини қуритиб, илдизи билан ер тагида мослаша олади ва қулай шароит бўлганида, яна ўсишда давом этади.
Жумладан, Австралияда ўсаётган баланд пояли эвкалит дарахти ташқи муҳитга мослашиб, ўсиб кетиши учун бир йилда 1400 челак сув буғлатиб, ўзини сақлаб қолади. Шундай ўсимликлар ҳам борки, улар намли ва сувли ерларда ўсади, уларсиз ривожлана олмайди. Лекин саксовул ўсимлиги намликни кўтара олмайди, натижада у сувга тушиб қолганида ўсишдан тўхтаб, тез нобуд бўлади. Сабаби – саксовул ксерофит ўсимлик, у танасидаги сувни кам буғлатишга мослашган бўлади. Олимлар кузатиб, шуни маълум қилдиларки, баъзи ўсимликлар қуёшнинг ботиши ва чиқиши вақтида ҳаракатланиб, бошқа вақтда эса тинч ҳолатга ўтадилар. Масалан, эрталабки соат 4 – 5 ларда макка гули очила бошлайди ва қуёшнинг ҳарорати кўтарилиши билан уларнинг ҳарорати ва очилиши сустлашиб, ёпила бошлайди. Ҳаво очиқ ва иссиқ вақтларда момақаймоқ гули очила бошлайди, ҳароратнинг пасайиши билан улар гулларининг очилиши сустлашиб, сўлиб боради.
Бундай ўсимликларга мисол қилиб, шоли, ғўза, номозшомгул, кунгабоқар кабиларни ҳам айтиш мумкин. Таниқли олимлардан бири Карл Ленней гулли ўсимликларнинг ташқи муҳитга мосланишини ўрганиб, «гуллар соати»ни яратишни таклиф қилган эди. Бундай гул соатлар Унсалида ХВИИИ асрнинг 20-йилларида пайдо бўлган. Масалан, эчкисоқол ўсимлигининг гули тонгда, 3-5 ларда очилса, кечки соат 24:00 ларда эса кактуснинг гули ёпила бошлайди.
Бундай ўзгаришлар кун ва туннинг ўсимликларга кўрсатган таъсири натижасида юз беради. Масалан, клавер пиёзи ўсимлигининг барглари кундузи таранг ва бўлиқ бўлиб туради, кечга бориб эса сўлиб, қурий бошлайди. Сабаби – ҳарорат кўтарила бошлаганда ўсимлик таркибидаги сув кўп буғланиб кетади, натижада таранг ҳолатдаги барглар секин-аста сўлий бошлайди.
Яна шуни айтиш керакки, дуккакдошлар оиласи баъзи вакилларининг барглари ҳам ҳароратга қараб ўзгариб, ўз ҳаётини асраб қолади, яъни улар бундай пайтларда ухлагандек бўлиб кўринади.
Ўсимликларнинг ухлаши дейилганда, уларда вақтга нисбатан органларнинг таъсир реакциялари кузатилади. Бу нарса фанда пиктиностик ҳаракат дейилади.
Баргларнинг суткалик ҳарорати уларнинг ички ва ташқи томонлари ўзаро тенг эмаслигидан далолат беради. Агар ички томон тез ўса бошласа, унда гул япроқлари ташқарига қараб очилади. Агар ташқи томони тез ўса бошласа, унда япроқлари ёпилади. Кечки гул япроқларининг тушиб кетиши энергияни кам сарфлаши туфайли юзага келади. Кундузи эса, баргнинг тортилиши фотосинтез жараёни учун қулайлик яратишга хизмат қилади.
Ҳайвонларда ҳам ташқи муҳитда яшаб қолиш учун турли хил мосланишлар мавжуд бўлиб, бу ҳолат фақат уларнинг тузилиши ёки рангида эмас, балки одатлари, инстинктлари ва хулқ-атворларида – хавф сезганда қўрқитиш ҳолати, ота-оналик ва уя, ин қуриш инстинктлари, қушларнинг келиб-кетиши ҳамда озиқ ғамлашида ифодаланади.
Ҳашаротларда бошқа йиртқич ҳайвонлардан ҳимояланишнинг ҳар хил усуллари мавжуд. Ҳашаротлар танасининг ранги ва шакли хилма-хил бўлиб, қўшимча атроф-муҳит рангига, баъзан нарсаларнинг шаклига ўхшаш бўлади. Бу ўхшашлик уларга душманларидан қутулиб қолиш ёки ўз ўлжасини сездирмасдан қўлга тушириш имконини беради. Масалан, одимловчи капалак қурти хавф туғилганда орқа оёқлари билан шохга ёпишиб ва танасининг олдинги томонини кўтариб, қимирламасдан бир соатдан ортиқроқ туриши мумкин.
Жанубий Америкада тарқалган қўнғизнинг кўриниши ҳайвонлар экскреминтини эслатади. Ҳашоратларнинг ҳимоя ранги табиатдаги узоқ давом этган табиий танланиш натижасида пайдо бўлган фойдали мослашув воситасидан иборат. Ушбу мослашув туфайли ҳеч қандай ҳимоя воситасига эга бўлмаган ҳашоратлар ўз душманларидан сақланиш имконига эга бўлади, яъни улар йиртқич ҳайвонлар кўзига кам ташланади. Ҳимоя ранги ва маскировка ҳайвонларни доимо душмандан сақлайди, деб бўлмайди. Бироқ мослашган организмлар мослашмаганига нисбатан кам нобуд бўлади.
Мосланишлар ҳайвонларда хилма-хил кўринишда бўлади, масалан: яшаш шароити бир хил бўлганда организмлар турлича мослашади. Крот билан кўрсичқон ер ковлайдиган ҳайвон ҳисобланади, бироқ крот ерни оёқлари билан қазийди, кўрсичқон эса боши ва кучли қозиқ тишлари билан ер остидан йўл очади.
Тюлен курак оёқлари, делфин эса сузгич думлари ёрдамида сузади. Организмларнинг серпуштлиги турни сақлаш учун воситадир. Насли ёппасига қирилиб кетадиган турлар, масалан, паразит чувалчанглар, балиқларнинг кўп турлари ҳаддан зиёд насл бериши бунга яққол мисолдир. Майда кучсиз ҳайвонлар – сичқонсимон кемирувчилар, шунингдек, кўп ҳашаротлар серпуштлиги билан фарқ қилади. Наслини ҳимоя қилиш инстинкти ривожланган турлар унчалик серпушт эмас. Калюшка балиғининг урғочиси эркаги ясаган уяга атига 120-150 дона тухум қўяди. Эркаги уруғланган тухумни ва майда балиқчаларни ҳимоя қилади. Треска балиғи эса 4 миллионтагача увилдириқ ташлайди, бу билан, табиийки, наслини ҳимоя қилмайди.
Чучук сув ҳавзаларида учрайдиган тикан балиғининг эркаги урчиш даврида сув ўтларини сўлак безлари ишлаб чиқарадиган суюқлиги билан ёпиштириб, урғочилари учун қулай уя ясайди. Бу уяга бир неча балиқ тухум қўяди. Эркак балиқлар уяга қўйилган тухумларни уруғлантиради ва тухумдан чиққан балиқчаларни мустақил озиқлантирадиган даражагача ҳимоя қилади. Денгиз отчаси эса уя қурмайди, лекин эркаклари тухумларини қорнидаги махсус халтачасида олиб юради.
Африканинг чучук сув ҳавзаларида яшовчи тиляпия балиғининг ўз авлодига ғамхўрлик қилиш инстинкти янада кучли ривожланган. Тиляпиянинг эркаклари урғочилари ташлаган тухумларини оғиз бўшлиғида олиб юришга мослашган, уларга бирор хавф туғилгудек бўлса, кичкина балиқлар ҳам унинг оғзига кириб, жон сақлашга мослашган бўлади.
Организмлардаги мосланишлар мутлақ бўлмай, балки нисбийдир, масалан, қишда қуёш чарақлаб чиққанда оқ курапатка қорга қалин соя солиб, ўзини сездириб қўяди.
Оқ товушқон қалин қор ёққанда ўрмонда сезилмайди. Дарахтларнинг қорамтирроқ фонида кўриниб қолади. Тунги капалаклар нобуд бўлишига қарамай, оловга томон учади. Улардаги инстинктлар оловга тортади, чунки улар кечаси яхши кўринадиган, асосан оқ гуллардан нектар йиғади. Жарқалдирғочнинг қанотлари узун, оёқлари эса калта бўлгани боис, текис жойдан парвоз этолмайди. У трамплин цингари бирон нарсанинг чеккасидан итарилибгина учади.
Ўсимликларнинг ҳайвонларга ем бўлишига тўсқинлик қилувчи мосланишлари нисбийдир. Масалан, лишайникнинг замбуруғли иплари у билан бирга яшайдиган сув ўтларини нобуд қилади.
Хуршидабону Остонова,
“Марифат” газетасидан