Ўзбек адабиётида таржима билан шуғулланмаган ижодкорнинг ўзи йўқ бўлса керак. Биргина фарқи, айрим қаламкашлар фақат таржима орқали танилган бўлса (Қодир Мирмуҳамедов, Низом Комилов), яна бир тоифа ижодкорлар адабий меросининг ярмини таржима ташкил этади (Чўлпон, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир). Ва ниҳоят, яна бир тоифа адиблар борки, уларнинг қаламига мансуб асарлар орасида таржималар кўп бўлгани билан, афкор омма уларни мутаржим деб эмас, “соф миллий ижодкор” сифатида танийди (Ҳабибий, Саид Аҳмад).
Ғафур Ғуломни учинчи тоифага мансуб ижодкорлардан деса бўлади. Гарчи таржималари ҳам анчагина бўлса-да, улар ўтнафас шоир Ғафур Ғуломнинг шеър ва поэмалари, машҳур қисса ва ҳикоялари, оташин публицистикаси соясида қолиб кетгани чин.
Ғафур Ғулом таржима соҳасига ўтган асрнинг йигирманчи йиллари иккинчи ярмидан кириб келди. Байроқдор шоир Владимир Маяковскийнинг “Во весь голос” поэмасини “Ҳайқириқ” номи билан 1930 йилда ўзбек тилига ўгириб чоп эттирди. Ҳоди Тоқтошнинг бевақт вафоти муносабатидан дилгирлик шоирни 1932 йилда унинг шеърлар китобини таржима қилиб элга етказишга даъват этди. Ўша йили атоқли венгер шоири Антал Гидашнинг “Қичқирингиз” шеърлар тўпламининг ўзбекча таржимаси ҳам Ғафур Ғулом қаламига мансуб.
Ғафур Ғуломнинг кўпгина қаҳрамонлари билан ғарб адиблари яратган қаҳрамонлар ўртасида ажиб бир уйғунлик бор. Чунончи, “Шум бола”да Марк Твеннинг “Том Сойернинг саргузаштлари” асаридаги лавҳаларни эслатадиган манзаралар тасвирини кузатиш мумкин. Бироқ бу лавҳалар мутлақо ўзбекча қиёфа, ўзбекча руҳ билан намоён бўлганки, киши хаёлини беихтиёр, жаҳон адабиётининг худди шу тарзда: бири-биридан ўрганиб, бири-биридан ибрат олиб тараққий этгани ҳақидаги мулоҳазалар эгаллаб олади.
Ғафур Ғулом ўзбек тилининг имкониятларига чексиз ишонган, бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикр ва туйғу йўқ, деб ҳисоблаган. Атоқли шарқшунос олим, улкан мутаржим Шоислом Шомуҳамедовнинг хотирлашича, у киши Саъдийнинг “Гулистон” асарини ўгираётганида ҳар бир нақл охирида келган, Саъдийга хос қуйма мисралар, афоризмларни таржима қилишда қийналган ва “мана буни таржимада бериб бўлмаса керак”, дея Ғафур Ғуломга маслаҳат солганида, устоз адиб Шоислом акага қараб, “Ўзбекмисан?” деб сўрар экан. “Ҳа…”, дер экан Ш.Шомуҳамедов ажабланиб. “Ўзбек бўлсанг, топасан. Топ!” деркан қатъий қилиб Ғафур Ғулом.
Аммо шундай асарлар ҳам бўладики, бошқа тилга таржима қилинганида унинг фақат дастлабки, юзада кўриниб турган маъносигина акс этади. Чунки тиллараро мувофиқликларга қараганда номувофиқликлар муқаррар суратда кўп бўлади, сўзнинг образга айланиши эса ҳар бир тилда айрича, фақат ўзига хос тарзда кечади. Асарга жило бериб турган сўз ўйинлари таржима асарларда аксар ҳолларда тушиб қолади.
Мутафаккир шоир Мирзо Абдулқодир Бедил асарларига пурмаънолик айниқса хос. Ғафур Ғулом Шарқ шоири сифатида Бедилдан кўп таъсирланган, буни у ўз асарларида ҳам бир неча марта таъкидлаб кўрсатган, Бедил адабиётга олиб кирган кўпгина образли ифодалар унинг асарлари матнига ҳам кўчиб ўтган. Чунончи, ёруғ дунё, олам деган маънодаги “хонаи хуршид” ташбеҳи унинг шеъриятига Бедилдан кўчиб ўтган. Бедил ўз даврида “маликуш шуаро” бўлиб танилган ва кейинги асрларда “Абулмаоний” – ‘‘маънолар отаси’’ деб ҳам эъзозланган шоирдир. Бироқ Ғафур Ғулом Бедил асарларини таржима қилишга унча рағбат кўрсатмаган. Бедилга хос фикр теранлигини, бир мисрада бир неча маъно қаватланиб келишини яна тўлалигича қайта тиклаш амри маҳоллигини ҳис этгани сабабли, уни фақат аслиятда ўқиш лозим деб ҳисоблаган. Бу ҳам, шоир таржималарига оид тадқиқотлар олиб борган Абдулла Матёқубов ва Нарзулла Жўраевлар тўғри таъкидлаганларидай, китобхон олдидаги масъулият, Бедилга самимий ихлоснинг бир зуҳури эди.
Ғафур Ғуломнинг таржималари жанр нуқтаи назаридан, унинг оригинал ижоди каби, хилма-хил. Улар орасида улкан роман (Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон” асари)дан тортиб, бир неча байтлик ғазалгача, ўткир сиёсий аҳамиятга молик шеърдан тортиб, лирик драмагача бор. Асарлари Ғафур Ғулом таржимасида ўзбек тилида босилиб чиққан адибларнинг номи элликка яқин, улар дунёнинг ўнлаб тилларида яратилган.
Ғафур Ғуломнинг ўн икки жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи жилдлари таржималардан ташкил топган бўлиб, бу уч жилднинг умумий ҳажми 1600 саҳифадан ошади. Ҳолбуки, ушбу “Мукаммал асарлар тўплами”га “Қўрқинчли Теҳрон” романининг таржимаси каби йирик нашрлар киритилмаган.
Бадиий таржиманинг “табдил” деб аталган бир тури бор. Табдил – бадал деган ўзакдан олинган бўлиб, алмаштириш, ўрнига бир нарса қўйиш демак. 1940 йилда, Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлашга тайёргарлик қизғин кетаётган бир пайтда Ғафур Ғулом “Фарҳод ва Ширин” достинини ҳозирги тилга табдил қилиб, чоп эттирди ва мутафаккир шоир асарларини халққа янада яқинлаштиришга катта ҳисса қўшди. Чунки Алишер Навоий асарлари тили оддий китобхон учун бирмунча мураккаб бўлиб, орада ўтган тўрт ярим асрлик даврда тилимизда анча-мунча ўзгаришлар юз берган эди. Мана, достондаги бир боб бошланмаси:
Бу хоро узра тез эткан қаламни
Юзига буйла нақш этти рақамни.
Ушбу байт “Бу қаттиқ тош устида ўз қаламини чархлаб олган киши ўша тош устига қуйидаги гапларни нақш қилди” дея содда, ўқувчига осон тушунарли тил билан тақдим этилган. Албатта, ўн минг мисрадан ортиқ бўлган бу достон табдили устида Ғафур Ғуломнинг меҳнати, унинг талқини ва умуман таржимашунослик илмида табдил ҳодисаси алоҳида тадқиқ этилиши, ўзига хос жиҳатлари батафсил ўрганилиб чиқилиши даркор.
Ғафур Ғулом Рўдакийнинг “Қариликдан шикоят”, Шота Руставелининг “Йўлбарс терисидаги паҳлавон” достонидан боблар, Саъдийнинг “Гулистон” асарининг шеърий қисмини, Жомий ва Фоний ғазалларини, Бедилнинг икки рубоийсини, шунингдек И.Крилов масалларини, А.Грибоедовнинг “Ақллилик балоси”дан парчани, Пушкиннинг талай шеър ва поэмаларини, Т.Шевченко, А.Толстой, А.Фет, А.Майков, Н.Некрасов, Жамбул ва Сулаймон Стальский, А.Сурков, Лоҳутий, И.Бехер, В.Маяковский, И.Френкель, Л.Хьюз, А.Твардовский, М.Турсунзода, А.Кулешов, К.Симонов шеърларини, ўнлаб турли халқларнинг қўшиқларини ўзбекчалаштирди.
Вильям Шекспирнинг “Отелло” трагедияси, Лопе де Веганинг “Қўзибулоқ қишлоғи”, Фридрих Шиллернинг “Вильҳелм Телль” драмалари Ғафур Ғулом таржимасида саҳна юзини кўрган. Шу билан бир қаторда В.Катаевнинг “Солдат фронтдан қайтаркан”, Б.Лаврёновнинг “Денгиздагилар шарафига”, Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси”, Г.Мдиванининг “Фронт бўйлаб буйруқ”, Б.Сливконинг “Мушфиқий” пьесаларини ҳам ўзбекчалаштирган. Аммо ҳали бу рўйхатга қўшилмаган яна ўнлаб поэмалар, театр ва радиопостановкалар учун турли йилларда таржима қилинган драма асарлари ҳам беҳисоб. Буларнинг барчасига хос бўлган бир жиҳат, таъбир жоиз бўлса, Ғафур Ғуломнинг “ўгирмачилик услуби” шундайки, ушбу таржималар тили содда, ифодаси жайдари ва ўзбекона. Ғафур Ғулом ҳеч бир ўринда таржима тилини зўриқтирмайди, мураккаб ва гажакдор иборалар билан ўзбек ўқувчисини қийнамайди, фикрни эркин ва сарбаст туриб тақдим этади.
Зуҳриддин Исомиддинов,
филология фанлари номзоди, доцент
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон