Заҳириддин Муҳаммад Бобур бутун Осиё тамаддунига улкан таъсир кўрсатган шахслардан биридир. Шу билан бирга, у эътиқоди мустаҳкам инсон эди. Бобур айни мана шундай юксак фазилатли саркарда ва подшоҳ бўлгани учун ҳам Ҳиндистондек буюк мамлакат тарихида ўзидан ўчмас из қолдирди.
«Бобурнома»ни ҳар сафар ўқиганимизда, у дили пок, эътиқоди нақадар мустаҳкам, шижоатли, мард ва баҳодир инсон бўлгани исботланаверади. Бобур ҳар бир тадбирда, давлат ишининг ҳар бир соҳасида фақат Яратгандан нажот сўрайди, Оллоҳ таолога таважжуҳ қилган ҳолда ихлос билан иш бошлайди.
Бобур подшоҳ ҳар қандай муҳим тадбирда пиру устозларига сиғиниб иш кўрар эди. Унинг биринчи ғойибона пири, отаси Умаршайх мирзонинг ҳам маънавий устози бўлган машҳур Хожа Аҳрор Валий эди. Тарихдан маълумки, Бобур туғилганида Умаршайх мирзо дарҳол пирига чопар юборган ва чақалоққа исмни ҳам Хожа Аҳрор қўйиб берган эди.
Бобурподшоҳнинг яна бир пири — Саййид Аҳмад ибн Саййид Жалолиддин Косоний-Даҳбедий — Маҳдуми Аъзам эди(1462 — 1542). Ҳиндистон тамоман эгаллангач, Бобур барча пирларига ҳадялар йўллаган. Жумладан, Махдуми Аъзамга махсус одам орқали бир бўлак олтин қуймасини ҳадя қилиб, қуйидаги шеърий қитъа билан юборган.
Адашган нафсимиз ҳавоси йўлида умрни зойе қилдик, Дин аҳли олдида бу қилмишимиздан уятлимиз. Биз томонга ҳеч бўлмаса назар солинг — вафодорлик ила, Хожага боғланганмиз, Хожага бандамиз.(Форсийдан Исмоил Бекжон таржимаси.)
Бобурнинг яна бир ғойибона пири борлиги машҳур тарихнавис олим академик В.В.Бартольд орқали маълум бўлди. Бунинг тафсилоти қуйидагича: академик Туркистонга қилган навбатдаги илмий сафарида (1916 йил) самарқандлик дўсти, таниқли туркистоншунос В.Л.Вяткин хонадонида бир кеча меҳмон бўлади. Дам олиш соатида олим дўстининг китоб жавонидаги ўзига номаълум бўлган бир қўлёзма — 1543 йили ёзилган «Мифтоҳ ат-толибин» («Талабаларга калит») номли асарга кўзи тушади. Бартольд ушбу қўлёзмадан қуйидаги парчани келтиради: «Машҳур Нажмиддин Кубро мактабининг йирик намояндаси бўлмиш Шайх Хожа Муҳаммад Хабушоний Кучоний деганнинг кўп фазилати-ю кароматларини Бобур илгари эшитган ва унга ғойибона қўл бериб, ўзининг пири, деб ҳисоблаган. Шайх 1517 йили Хоразмдан Самарқандга кўчиб келиб, туриб қолган. Бундан Қобулдалигида хабар топган Бобур унинг ҳузурига махсус киши юбориб йўқлаган ва мадад қилиб туришини сўраб хат, ҳадялар, инъомлар юборган. Шайх ҳам Бобурнинг содиқлик хати ва нишоналарини олиб, уни ўзига шогирд, деб қабул қилган, ғойибдан дуолар қилиб хотирага ўз табаррук ҳассасини юборган. Бобур бу ҳассани муқаддас билиб, доимо ўзи билан бирга сақлаб юрган ва ҳар ибодатида пирдан мадад тилаб юрган».
Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ лозимки, Бобур улуғ бобоси Соҳибқироннинг машҳур «Темур тузуклари»ни ҳам мутолаа қилиб юрган. Давлатдорлик тажрибасининг мажмуи бўлмиш ушбу асар Бобурнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий фаолиятида энг муҳим йўл-йўриқ, қўлланма эди. Улуғ бобосининг тузуклари шаҳзодаларни жангу жадалга ўргатишда, илм-фанга ихлосманд қилиб тарбиялашда ҳаётий мураббий ҳисобланган асар эди. Мовароуннаҳр ва Афғонистонда бўлиб ўтган жангларда қўлланган «тўлғама» жанг услуби ва Бобуршоҳ ўзи орттирган жанговар тажрибаларини Ҳиндистон учун бўлган ҳаёт-мамот жангларида моҳирона қўллаши уни атоқли саркарда бўлиб тарбия топганидан нишона эди.
Бобуршоҳ ушбу тактик амалиётни ўзлаштириб, Ҳиндистон учун бўлган жангларда муваффақият билан қўллади.
Таниқли инглиз олими Уилямс Рашбрук Бобуршоҳ замондошлари томонидан ёзилган «Тарихи Рашидий», «Ҳабиб ус-сияр», кейинча яратилган «Ҳумоюннома», «Шайбонийнома», «Табақоти Акбарий» ва бошқа тарихий асарлардан фойдаланиб, «XVI аср бунёдкори» номли машҳур асарини ёзади. Ушбу асарда ёзишича, 1511 йили шоҳ Исмоил билан турк султони Салим қайсар ўртасида Ғалдирдонда бўлиб ўтган жангда Бобуршоҳ иштирок этади. Ушбу жангда ўтотар тўплар ва милтиқлар қўллаганлари учун турклар ғалаба қозонадилар. Манбаларда ёзилишича, 1514 — 1520 йиллар оралиғида Бобуршоҳ турклардан Устод Али исмли замбарак тайёрлаш бўйича мутахассисни ва бироз кейинроқ ўзиотар милтиқ тайёрлаш бўйича мутахассис Мустафони чақиртириб келтириши Ҳиндистон учун бўладиган жангларга яхши тайёргарлик кўриш имкониятларини яратди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз юртидаги табиий қазилма бойликлардан оқилона фойдаланиб, чақиртирилган мутахассислар иштирокида ўқ дори, замбарак-милтиқлар яратиб, ўз қўшинларининг жанговарлик маҳоратини оширди.
Соҳибқирон Амир Темур армияси жанг чоғида ғаним кучларининг қанотларидан айланиб ўтиб, ён ва орқа томонидан зарба берган. Ушбу тўлғама жанг услубида душман кучлари қанотларида кучли зарбага учраб енгилган. Шайбонийхон 1500 йили Самарқандда бўлган жангда тўлғама услубини қўллагани сабабли Бобуршоҳ енгилган.
Панипат жанги сиёсий жиҳатдан энг олий мақомдаги ҳал қилувчи воқеа бўлган эди. Ҳиндистонда Иброҳим Лўдийдан кейинги Бобур рақибларидан энг кучлиси ражпутлар сардори Рожа Раана Сангаа эди. У қудратли мустақил ҳинд ҳукмдорларидан бўлиб, деярли 100 минг қўшинга эга бўлган ҳарбий саркарда эди. Унинг ҳарбий режасидан хабар топган Бобуршоҳ бу кучли ғанимига қарши жиддий тайёргарлик кўра бошлайди. У ғаним қўшинлари босиб ўтиши эҳтимоли бўлган Биҳар, Гвалийар, Дибалпур каби шаҳар ҳокимлари билан дўстона дипломатик алоқалар боғлаб, уларни ўз томонига ағдариб олишга муваффақ бўлади.
Ражпутларнинг бирлашган кучлари ҳужумига қарши жиддий тайёргарлик бошланади. Етарли миқдорда замбарак ва милтиқлар захирасини яратишга киришилади. Саккизта қозон тинимсиз металл эритиш билан банд эди. Ниҳоят, улкан тўплар ҳам тайёр бўлади. Бобуршоҳ бундан мамнун бўлиб, бош тўпчи Устод Алини тақдирлаб, табриклайди.
Жиддий ғанимга қарши курашга тайёргарлик кунлари Бобур ўз исломий эътиқодининг мустаҳкамлигини тасдиқловчи яна бир тадбир кўради: у шароб ичишга қарши ўзининг тарихий фармонини қабул қилади. Алоҳида чуқур қаздириб ғазнадан унинг учун олиб келинган шаробни тўкдиради. Май ичадиган олтин қадаҳларни тошга уриб синдиртириб, парчаларини камбағалларга улашиб беради ва ўзининг шароб ичишдан бутунлай воз кечиб, тавба қилганини ошкор этади. Нуфузли бекларнинг 300га яқини унинг қарорига қўшилиб, улар ҳам ичмасликка қасамёд қилишади. Бобуршоҳнинг бу ҳаракатлари қўшин қалбини янги бир ҳиссиёт билан тўлдиради. Бобуршоҳ мусулмон бўлмаганлардан олинадиган «тамға» солиғини ҳам расмий тарзда бекор қилади ва қўшиндаги аскарлар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бобуршоҳ қўшинига тўғридан-тўғри мурожаат этиб, уларни жангга руҳлантиради.
Бобур ражпутлар томонидан бўладиган жиддий хавфнинг олдини олиб ўз ташаббуси билан армиянинг ҳимоя чизиғига ҳам янгилик киритади. Жуда кўп тупроқ тўлдирилган қопларни араваларга тахлаб, узун масофада камон ва милтиқ отувчилар учун ўзига хос ҳимоя «қалқони» ҳосил қилади. Ғилдиракли «қамал иншоатлари» ясатиб, улар ҳам тўплар билан бир қаторда олдинги қисмларга ўрнатилади. Қудратли душман армияси билан юзлашадиган пайтда тўпчи Устод Али ва Мустафонинг вазифалари ўта муҳим ва кўп эди. Устод Али ва Мустафо қўл остидаги тўпчилар ва милтиқчиларнинг кескин ҳаракати билангина қудратли рақиб қўшинига бас келиш мумкин эди. Бўлажак жангга бағишланган махсус кенгашда ана шу масалалар муҳокама қилиниб, барча зарур чоралар белгилаб олинади.
Нонуштадан сўнг Бобуршоҳ беклар билан яна бир бор маслаҳатлашиб, қатъий ҳужумга ўтишга буйруқ беради. Ўзи эса отда чопиб икки томонга чўзилиб кетган армиянинг гоҳ ўнг, гоҳ сўл қанотида, гоҳ марказда пайдо бўлар, айрим беклару, баҳодир йигитларга кўрсатмалар бериб, аскарларни руҳлантирар эди. Қўшинлар жабҳа бўйлаб олға юришгач, Бобуршоҳ ҳужумидан хабар топган Раана Сангаа армияси ҳам олға юра бошлаганидан хабар келади.
Бобур армияси лагер қуриб ва атрофига хандақлар қазиб ўрайди. Бобуршоҳнинг разведкага юборилган отлиқ йигитлари тунда кутилмаганда душман устига бостириб бориб, унинг олд лагерига ҳужум қиладилар ва ғалаба қозонадилар. Бу тактика ҳал этувчи жанг олдидан аскарларнинг руҳини кўтариб, бўлғуси ғалабага ишончни янада мустаҳкамлайди.
Ниҳоят, ражпутлар армияси яқинлашиб келгач, Бобур ҳужумга буйруқ беради ва ҳал қилувчи жанг бошланади. Ҳамма ёқни карнай, дўллар (катта ноғоралар) овози, шовқин-сурон тутиб кетади. Иккала томон армиясининг марказий қисми бир-бирига қарама-қарши келади, аммо асосий тўқнашув ўнг ва сўл томонларда бошланади. «Шундай зўр уруш бўлдики, ер юзига зилзила ва юксак осмонга ғулғула тушти, деб таърифлайди Бобур. Бу жангда Раана Сангаа армиясининг чап қаноти Бобур армиясининг ўнг қанотига қарши жангга киришади. Буни кузатиб турган Бобуршоҳ тажрибали саркарда Чин Темур Султонни дарҳол ўнг қанотга ёрдамга боришга буйруқ беради. Шу ондаёқ Чин Темур Султон лашкарлари бостириб келаётган душман қўшини билан тўқнашадилар ва мардларча курашадилар.
Ражпутлар ўз қўшинларини ҳар томондан ҳужумга чорлайди. Улар Мустафонинг милтиқчилари фаол ҳаракат қилаётган марказдан қочиб, Бобур қўшинларининг чап томонига ҳужум уюштирадилар. Рустам Туркман ва Мўмин Атка бошчилигидаги тўлғамачилар душман қўшинининг орқа томонига ўтиб, уни қуршаб олишга имкон яратилади. Тўлғама усулида жанг қилиш моҳиятини душман тушуниб етгач, бобурийларнинг чап қанотини сиқиб кела бошлайди. Уларга қарши Хожа Ҳусайн бошчилигидаги ички қисм ёрдамга юборилади. Бутун жабҳа бўйлаб бобурийларнинг тўп-милтиқлари зарба берса-да, душман қўшинининг охири кўринмасди. Шундай ҳолатда Бобуршоҳ ички қўшиндаги сарбозларни иккига бўлиб, уларни тўпчиларнинг ҳар икки тарафига жойлаштиради ва ўнг қанотда жанг қилаётган Мустафо бошчилигидаги милтиқчилар Устод Алининг тўпчиларига мададга етиб келади.
Ушбу ҳарбий тадбир ражпутларнинг марказий қисмига қақшатқич зарба бериб, ўточар қуроллар душман қўшинини ер тишлатади. Бобуршоҳ ташаббусни ўз қўлига олиб, марказий кучларни олға бошлайди. Унинг ушбу ҳаракатидан илҳомланган чап ва ўнг қанотдаги жангчилар шиддат билан олға интиладилар. Аммо ражпутларнинг ҳарбий тактикаси яхши бўлмаса-да, уларнинг сон жиҳатдан устунлиги сезилиб турарди.
Вазият танг ҳолатга келади. Бироқ Мустафо милтиқчиларининг зарбасига бардош бера олмаган душман аскарлари орқага чекинишга мажбур бўлиб, қоча бошлайдилар. Бобуршоҳнинг ҳар икки қанот сардорлари келиб, ғалаба улар томонда эканидан хабар берадилар.
Ражпутлар армияси тум-тарақай қоча бошлайди ва шу билан Канва ёнидаги жанг ғалаба билан ўз якунига етади.
Моҳир саркарда Бобуршоҳнинг қудратли артиллерияси ва жанговар интизом ўрнатилган армиясининг зарбасига ҳар қандай қўшин ҳам бардош бера олмаслиги намоён бўлади.
Канва яқинида бўлиб ўтган бу жанг Ҳиндистоннинг сиёсий тарихида жуда муҳим аҳамиятга молик воқеалардан бири бўлди. Ушбу жангдан сўнг Бобуршоҳга бас келадиган рақиб қолмади.
Бобуршоҳнинг юраги баъзан Ватанни — Андижонни қўмсаб турса ҳам, вақти соати келиб боқий дунёга кетгунича ҳаётининг қолган қисмини Ҳиндистонда бунёдкорлик, давлат ва маъмурий ишларни одилона ҳал қилиш билан ўтказди. Бобурийлар бутун дунёга машҳур бўлган тарихий обидаларни бунёд этдиларки, улар ҳозирда ҳам дунёни лол қолдириб келмоқда.
Зокиржон Машрабов,
Бобур халқаро илмий экспедиция раҳбари,
Сайфиддин Жалилов,
экспедиция аъзоси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 7-сонидан олинди.