Маълумки, XIX аср охири XX аср бошлари Ўрта Осиё халклари тарихига “миллий уйғониш даври” бўлиб кирган. Бу даврда амал қилган ижтимоий-сиёсий ва маданий-адабий ҳаракат муаммоларини ўрганиш ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Зеро, жамият тараққиёти, инсоннинг ўзлиги, Ватан мустақиллиги ғоялари бу ҳаракатнинг ижтимоий идеали бўлиб, эскирмайдиган боқий қадриятдир. Бу мураккаб, кўп қиррали жараённинг таълим, бадиий ижод, санъат, матбуот ва бошқа соҳалардаги янгича кўринишлари, миллий ва умумбашарий мазмундаги инсонпарварлик қарашлари бугунги тадқиқотларда тобора ёрқинроқ очилмоқда. Бу жараён – “жадидчилик ҳаракати” сифатида кенг ёйилиб, унинг фаолият доираси, воқе бўлиш хусусиятлари, ўзига хослиги алоҳида диққатга лойиқдир. Таниқли адабиётшунос профессор Бегали Қосимовнинг “жадидчилик якранг эмас, у Туркистон, Бухоро, Хивада турли миқёс ва кўламда намоён бўлганлиги” ҳақидаги фикрларида ана шу турфалик назарда тутилган. Бу ҳол жадидчиликнинг асосий йўналишларидан бири адабиётга ҳам дахлдор.
Аввало, шуни айтиш керакки, қайд этилган даврдаги адабиёт қўш ном билан аталиб, “жадид адабиёти” иккинчи номидир. Муҳими, “миллий уйғониш даври адабиёти” ва “жадид адабиёти” тушунчаларининг моҳияти айнан бўлса ҳам истеъмолдаги даражаси ҳар хил. Чунончи, иккинчи ном Туркистон, Бухоро ижодкорларига нисбатан фаолроқ қўлланилади. Тўғри, ўзбек жадид адабиёти, асосан, мумтоз адабий тажрибалар, қисман жаҳон эстетик тафаккури заминида шаклланди ва такомиллашди. Бу хусусият Хоразм адабий муҳити намояндалари ижоди учун ҳам муштаракдир. Афсуски, Хоразмдаги жадидчилик ҳақидаги қатор тадқиқотларда асосий эътибор ижтимоий-сиёсий масалаларга қаратилиб, жадид адабиёти намуналарига етарли баҳо берилмади. (Бегали Қосимов ва Шариф Юсуповнинг “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” китобидаги Баёний, Комил Хоразмий, Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Аҳмад Табибий ижодига доир фикрлари бундан мустасно). Кўп ҳолларда, Хоразм шоирларининг миллий уйғониш даври адабий муҳитидаги ўрни эътироф этилса-да, уларга нисбатан “жадид” атамаси қўлланилмай келинмоқда, ҳатто мустақиллик йилларида яратилган Аваз, Сўфи, Отаниёз Ниёзий, Девоний ҳақидаги илмий ишларда ҳам уларнинг жадид адиблари вакиллари эканлиги қайд этилмайди. Ваҳоланки, бу муҳитда XIX асрнинг 80-йилларидан XX асрнинг 30-йиллари ўрталаригача яшаб ижод қилган деярли барча шоирлар асарларида илм-маърифат, эрк ва миллатнинг ўзлигини англаш мотивлари кенг тарғиб қилинди ва улар янги, жадид адабиёти мундарижасини сезиларли даражада бойитди.
Табиийки, ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий-тарихий шароит, асрий маданий-адабий анъаналар, бадиий-эстетик қарашлар даражаси жадид адабий тафаккурининг туғилиши ва тараққиётига муайян таъсир кўрсатди. Бу ҳол Хоразм адабий муҳитидаги қатор ўзига хос жиҳатларда ҳам намоён бўлди:
- Хоразмда Туркистон ўлкасига нисбатан рус маданияти, адабиёти, европача илм-маърифатдан таъсирланиш, уларни маҳаллий шароитга ижодий қўллаш сурати секин давом қилди. Хусусан, бадиий ижод билан бевосита алоқадор матбуот, театр, мусиқа санъати соҳаларидаги янгиланишларга боғлиқ айрим тафовутлар ана шу сабаб билан изоҳланади.
- Жадид адабиёти қадим мумтоз адабиёт билан янгича поэтик фикр тенденциялари кескинлашган маконда воқе бўлиб, ўтиш даври заруриятининг ҳосиласидир. Бу эса ўз навбатида адабий жабҳада муайян мураккаблик, қоришиқ ҳолатни вужудга келтиради. Жумладан, бу даврда Хоразмда Бухоро амирлигида бўлгани каби диний ва сарой адабиёти вакиллари ҳам фаолият кўрсатдилар. Зеро, энди шаклланаётган тенденция эски, кучли ва қамровли классик адабий тажрибалар бағрида, уларнинг давоми сифатида юзага келди ва мукаммаллашди.
- Китобат, матбуот жадидчилик ғояларининг муҳим тарғибот воситаси, ҳозиржавоб минбари вазифасини бажаришида ҳам айрим хосликлар кўзга ташланади. Туркистонда Россия билан маданий-маърифий, адабий алоқалар анча илгари бошланган. Тошкент ва Самарқанд маданий марказларга айланиб, бу шаҳарларда “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” ва бошқа газеталар чиқа бошлаган бўлса, Хоразмда вақтли нашрлар фақат 20-йилларда йўлга қўйилди. Аммо, Феруз даврида (1910 йилгача) кенг тарқалган девон, мажмуа, тазкира, баёзлар тузиш, умуман, китобат ишлари маълум даражада маърифий ғоялар тарғиботига хизмат қилди, китобхонлик кенгайди.
- Ўзбек жадид адабиётининг шаклланиши ва ривожига беқиёс ҳисса қўшган Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Ҳамза, Чўлпонларнинг фаолияти ва тафаккур қамрови кўп тармоқли бўлиб, улар бадиий ижод билан бирга бошқа ижтимоий фанларни ҳам чуқур билган, турли тилларни пухта эгаллаган, шеъриятдан ташқари драматургия, наср, публицистикада ҳам қалам тебратган зиёлилар эдилар. Хоразм жадид ижодкорлари бисотида эса асосан шеърият, таржима ва мусиқа соҳаси намуналари устувор бўлиб, асарларнинг бир қисми форс тилида ҳам ёзиларди.
Воҳадаги ижтимоий-тарихий шароит, турмуш тарзи, маданий-ҳудудий тамойиллар ва бошқа хусусиятлар Хоразм жадид адабиёти даврини шартли равишда икки босқичга ажратишга имкон беради:
- XIX асрнинг 80-йилларидан 1920 йилгача;
- 1920 йилдан 1938 йилгача.
Ушбу таснифда ҳар бир босқичга хос хусусиятлар давр характери билан боғлиқ ҳолда умумўзбек жадидчилик қарашлари контекстида акс этади. Шу жиҳатдан биринчи босқични икки қисмда кўриш мумкин: биринчиси, XIX аср охирларидан 1910 йилгача (илк давр); иккинчиси, ундан кейинги 1920 йилгача бўлган давр. Буларнинг ҳар иккаласи учун ҳам муштарак хусусият – шоҳ ва шоир Ферузнинг (1844-1910) маърифат ва адабиёт равнақи йўлидаги ҳомийлиги, амалий фаолияти. Шоҳ вафотигача бўлган бу давр янги адабиётнинг шаклланишига замин – шарт-шароит яратди. Академик Ойбек Ферузнинг маърифатга интилишларини назарда тутиб, Феруз “фақат халқ учун бўлмаса-да, ўз саройи учун маданият туси беришга мажбур бўлган”, дея қайд этган эди. Муҳими шундаки, бу мажбурлик адабиёт, санъат ва маърифат ривожига кенг йўл очди. Россияга қарамликнинг 1906 йилгача бўлган даври воҳада жадид мактаблари, маданият муассасалари, литография ташкил этилган палла бўлса, 1907-1910 йиллар қўлёзма ва тошбосма шаклларда энг кўп девон ва мажмуалар чоп этилган ва тарқатилган, хорижий адабиёт ва вақтли матбуотга қизиқиш кучайган давр ҳисобланади. Илк даврда, Туркистонда барқарорлашган янгича адабий тафаккур Хоразмда ҳам ўз нишоналарини кўрсатди. Комил Хоразмийнинг (1825-1899) Москва, Петербург, Тошкент шаҳарларида маданият янгиликлари билан танишуви, “Туркистон вилояти газети”да асарлари босилиши, усмонли, қозон, кавказ туркийсидаги янги асарларга Аҳмад Табибийнинг (1869-1911) қизиқишлари шулар жумласидандир. Шунингдек, ижодини миллий уйғониш даврида бошлаган Муҳаммад Юсуф Баёний (1858-1923) қаламига мансуб “Шажарайи Хоразмшоҳий”, “Хоразм тарихи” асарларида янгиланаётган адабий муҳитга доир қимматли факт ва маълумотлар, маърифий оҳанглар салмоқли ўрин тутади.
1910 йилдан 1920 йилгача бўлган даврнинг асосий хусусияти, Туркистонда рўй берган миллий озодлик ҳаракатлари ва ўзгараётган ижтимоий жараёнлар таъсири ўлароқ воҳа адиблари ижодида маърифатпарварлик мавзуси кенгайиб, миллатни ўз эркини англашга, ҳурриятга интилишга даъват этувчи оҳанглар билан бойиди, Аваз, Мутриб, Фақирий, Чокар асарларида публицистик пафос яна-да кучайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, миллий уйғониш даври Хоразм адабий муҳити намояндаларининг кўпчилиги сарой атрофида уюшганлиги адабий муҳит ўзига хослигининг яна бир кўриниши эди. Уларнинг бир гуруҳи – 20 нафарга яқини шаҳзода бўлиб, Феруз шажарасига мансуб шоирлар (Султоний, Содиқ, Саъдий, Комёб, Оқил ва бошқалар) эди. Бу шоирлар ижодида анъанавий лирика талқини етакчилик қилгани ҳолда маърифий қарашлар шу мавзу қобиғида акс этарди. Сарой хизматига бевосита ва билвосита дахлдор иккинчи гуруҳ ижодкорлар ёзган асарлар эса янгиланаётган адабиётнинг чинакам намуналари саналарди. Булар Аваз (1884-1919), Мирзо (1840-1922), Ниёзий (1844-1928), Сўфи (1860-1916), Мутриб (1870-1925), Чокар (1882-1952), Фақирий (1884-1925), Муғанний (1882-1938), Девоний (1887-1938) ва бошқаларнинг турли жанрлардаги битикларидир.
Ушбу рўйхатдан кўринадики, бу ижодкорлар (Аваз ва Сўфидан ташқари) 1920 йилда Хива хонлиги қулагандан кейин ҳам фаолият юритдилар ва миллий уйғониш даврининг иккинчи босқичида асосий ўрин тутдилар. Уларнинг алоҳида хизмати шундаки, шеъриятда маърифатпарварликнинг халқчиллик, гуманистик моҳияти чуқурлашди, реалистик тасвир ва тамойиллар кенгая борди, ишқий лирика билан уйғунлашган ижтимоий-сиёсий лирика мазмуни тобора қамровлилик касб эта бошлади. Бу давр адабиётида миллий уйғониш ва ўзлик талқинлари пайдо бўлиб: бир томондан, жаҳолат, қолоқлик, адолатсизликни кескин қоралаш; иккинчи томондан, маърифатни, эрк ва янги воқеликни мадҳ этиш, улуғлаш йўналишларида давом этди. 1910-1918 йиллардаёқ Аваз ижодида кўринган бу қарашлар, кейинроқ Сўфи, Фақирий, Мутриб томонидан яна-да такомиллашган ҳолда давом эттирилди. Хусусан, Фақирий ва Роғиб асарларида сатирик оҳанг Сўфи ва Мутриб шеъриятида ижтимоий-ахлоқий руҳ, Чокар, Девоний ва Муғанний ижодида маърифий-таълимий қарашлар етакчи бўлиб, умумий мазмунда миллат комиллиги, илму урфон ғояси мужассамлашди.
20-30 йиллар адабий муҳитида мавзулар кенгайиши, жанр ва услублар ранг-баранглиги ҳам юқоридаги ижодкорлар номи билан боғлиқ. Тўғри, мустабид тузум туфайли юзага келган адабиётнинг дастлабки намуналари маълум даражада давр мафкураси таъсирида бўлса ҳам, моҳияти халққа садоқат, инсон истиқболига ишонч туйғуси билан йўғрилган эди. Шунингдек, улар матбуот, таълим, маданият, санъат жабҳаларида фаолият кўрсатдилар. “Инқилоб қуёши”, “Хоразм хабарлари” газеталари, 1920-23 йилларда “Хоразм болалар адабиёти”, “Ёш қаламкашлар куйлайдилар”, “Юғурмия” номли тўпламларда ўз асарларини эълон қилдилар.
Машҳур ўзбек жадиди Ҳамзанинг 1921-1924 йилларда воҳадаги фаолияти Хоразм жадидчилиги тарихидаги муҳим саҳифаларидан бири бўлди. Ҳамзанинг ўлкада драм труппалар тузиши, адабиёт, санъат аҳлларини уюштириши, хусусан, Девоний, Муғанний, Шерозий ва бошқа ижодкорлар билан ҳамкорлик қилиши адабий-маданий ҳаётда ёрқин из қолдирди.
Хоразм адабий муҳити ўзбек миллий адабиётининг таркибий қисмларидан бири бўлиб келган. Шунинг учун, ҳар бир даврдаги умумий хусусият ва тамойиллар муайян даражада воҳа адабиётида акс этган. Табиийки, бундан миллий уйғониш ҳодисаси ҳисобланган жадидчилик ҳам мустасно эмас. Шундай экан, бу ҳудудда ҳам жадидчилик ва унинг адабий йўналиши ўз тарихига эга. Бу тарих Комил Хоразмий ижоди билан бошланиб, Аваз ижодида юқори чўққига кўтарилди ва бу ҳаётбахш ғоялар уларнинг издошлари томонидан янги воқеликка монанд давом эттирилди.
Манбалар гувоҳлик беришича, Аваз Хоразмдаги жадид адабиётининг энг йирик, сермаҳсул намояндаси эди. Улкан ижодий меросининг ҳозиргача фақат бешдан бир қисми нашр этилганини ҳисобга олсак, фондларда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарларини ўрганиш туфайли шоир поэтик истеъдоди ва маърифий етуклигининг янги қирралари кашф этилиши мумкин. Зеро, шоирнинг “Мактаб”, “Халқ”, “Миллат”, “Ҳуррият” радифли ғазаллари ижтимоий-сиёсий мазмуни, бадиий эстетик даражаси ва мавзу долзарблиги жиҳатидан миллий уйғониш даври шеъриятидаги чинакам новаторлик намуналаридир.
Хулоса қилиб айтганда, жадид адабиётини ҳудудлар контекстида қиёсий-типологик холис ўрганиш унинг айрим баҳсли жиҳатларига ойдинлик киритишга, ижтимоий-эстетик моҳиятини мустақиллик мафкураси асосида англаш ва қайта баҳолашга ҳамда ўша давр адабий жараёни ҳақидаги мавжуд тасаввурларни кенгайтиришга имкон беради. Бу ўринда Хоразм адабий муҳити, шубҳасиз, тадқиқ объектларидан бири бўла олади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 4-сон
Зебо Саиджонова 1983 йилда туғилган. Урганч давлат университетининг филология факультети, сўнгра Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультети магистратурасини тамомлаган. Республика ва хориж илмий нашрларида ўн бешдан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари эълон қилинган.