Сафарга отландим бир ўзим танҳо;
Туманли йўлимда ярқирар тошлар.
Тун жимжит. Тангрини тинглайди саҳро,
Юлдуз юлдуз билан сўзлаша бошлар.
Михаил Лермонтов
Россия тарихида Пётр I тутган мавқе ниҳоятда баланд, унинг рус давлатчилиги тараққиётига таъсири жуда катта. Лекин бу таъсирга рус тарихчилари ва зиёлилари аксарият ҳолларда бирёқлама ёндашадилар: уни мутлақ ижобий баҳолайдилар. Камдан-кам ўринлардагина биз илк императорнинг Россия учун кўрсатган салбий таъсири ҳақидаги фикрларни учратамиз. Пётрнинг ижобий таъсири шундаки, у Россиянинг жаҳон маданияти билан боғланишини таъминлади, умумқабул қилинган фикрга кўра, “Оврўпага дарча очди”. Унинг даврида Россия қудратли денгиз флотига эга бўлган давлатга айланиш жараёнини бошлади, Фанлар Академияси тузилди, янги пойтахт “Шимолий Пальмиро” – Санкт-Петербург шаҳри қурилди ва ҳоказо. Дарҳақиқат, улуғ подшо кенг миқёсли ислоҳотларни амалга оширди, Россияни чинакам тараққиёт йўлига олиб кирди. Аммо унинг Россия ва руслар тақдирига салбий таъсири ҳам улкан эди. Пётр динни давлатга бўйсундирди: Синод тузилди ва у тўлалигича император хизматига ўтди, черков руҳонийлари давлат хавфсизлик хизмати айғоқчиларига айланди, тазарруга келган насронийларнинг сиёсий қарашлари ҳақида кашишлар ва поплар махсус ташкилотга мунтазам ахборот бериб турадиган бўлди. Натижада, диннинг демократик таъсири, барча насронийларнинг тенглиги ақидаси йўққа чиқарилди, халқ орасида унга ишонч тобора камайиб борди, аста-секинлик билан художўй рус мужиги, бирваракай “ҳам фаришталик, ҳам шайтонлик” йўлига ўтди. Шундай қилиб, Пётр баъзи рус мутафаккирларининг фикрига кўра, Дажжолга айланиб, диннинг моҳиятини бузиб юборди. Кейинчалик бу маънавий оғриқ, улкан йўқотиш бадиий асарларда ўз аксини топди. ХХ асрда Алексей Толстойнинг Пётрни улуғлайдиган “Улуғ Пётр” романи, Марина Цветаеванинг “Пётр ва Пушкин” шеъри сингари кўпгина асарлар билан бир қаторда эмиграцияда яшаган улкан рус мутафаккир ёзувчиси Дмитрий Мережковскийнинг буюк подшони танқид остига олган “Дажжол” романи яратилди. Бундай қарашлар шеъриятда ҳам ўз аксини топди. Шўролар турмасида антисовет сифатида саккиз йил ўтирган ва мустабид тузум инқирози пайтидагина юзага чиққан, кейинчалик РСФСР Давлат мукофоти билан тақдирланган атоқли рус шоири Борис Чичибабиннинг “Новый мир” журналида (1989 йил, 7-сон) босилган “Минг лаънат сенга, эй улуғ Пётр…” деб бошланадиган “Пётрга лаънат” шеърини мисол тариқасида келтириш мумкин. Унда муқаддас Русни “Етти қават ер остига кўмиб ташлаган, бошларни қиличдан ўтказган шафқатсиз ва худосиз подшо” ҳақида гап кетади, у Дажжол сифатида талқин этилади. Пётр амалга оширган энг салбий ишлардан яна бири шуки, унинг даврида бутун Россияда ҳарбий-полиция тузуми ўрнатилди, ҳамма губерниялар ва уездларда бошқарув жандармерияларга суянган ҳарбийлар қўлига ўтди. Россия улкан полиция маҳкамасига айланди, ҳар қандай эркинлик, ҳурфикрлилик жуда қаттиқ таъқиб остига олинадиган бўлди. Романовлар сулоласи, кейинги рус подшоларининг ҳаммаси шу бошқарув усулига қатъий амал қилдилар. Энг ёмони шунда эдики, улар Пётрнинг асосан ана шу салбий жиҳатларини дастуриламал қилиб олдилар ва улуғ подшонинг улуғ ислоҳотларни амалга оширганини унутиб, фақат унинг улуғ давлатчилик шовинизмига йўғрилган мустамлакачилик сиёсатини устувор санадилар. Шундай қилиб, Россия қадимги Юнон-Рум асотирларидаги маъбуд Сатурнга айлантирилди. Сатурн ўз болаларини туғилиши биланоқ, бир кун менга қарши бош кўтармасин деб ямлаб-ютиб юборарди. Россия ҳам ўз буюк фарзандлари билан шу тахлит муносабат қиларди. Тарихга назар солсак, не-не буюклар фожиасини кўриш мумкин: Пушкин, Лермонтов отиб ўлдирилди, Николай Чернишевский устидан қатл маросими ўтказилди, Достоевский олдин ўлимга ҳукм қилинди, кейин ўлим жазоси сургун билан алмаштирилди, Толстой номига Россиянинг барча черковларида лаънат ўқилди ва у черковдан қувғин қилинди. Рус подшоҳлари ичида “Қассоб” лақабини олган Николай I озодлик учун кўтарилган Польшани мисли кўрилмаган жаллодлик билан қонга ботирди. Буюк истеъдод эгаси, даҳо шоир, ёзувчи, драматург Михаил Юрьевич Лермонтов ана шу золим подшо даврида фаолият кўрсатди ва сургун ерида дуэль баҳонасида ўлдирилди.
Михаил Юрьевич Лермонтов 1814 йили 15 октябрда Москва шаҳрида дунёга келди. Онадан етим қолган Миша бувисининг тарбиясида катта бўлди ва 14 ёшида Москва университетининг пансионига ўқишга кирди. Пансиондан тўғри университетга ўтди. Лекин талабаликнинг иккинчи босқичида ҳурфикрлилиги, демократик ўзгаришлар тарафдори бўлгани ва подшопараст профессорлар билан келишмагани учун “университет низомини бузди” деган баҳона билан талабалар сафидан чиқарилди. Кейинги йил Санкт-Петербург университетига кирмоқчи бўлди, лекин уни ўқишга қабул қилмадилар, у – жандармерия назорати остидаги “ишончсиз” ёшлардан эди. Шундан сўнг Лермонтов юнкерлар мактабига киришга мажбур бўлди. Аммо унинг севган соҳаси адабиёт эди. Унинг илк шеърлари 1828 йилда ёзилган. Дастлаб “абадий мавзу”ларда шеърлар ёзган Лермонтов тез орада кучли ижтимоий руҳ билан йўғрилган, ёшига нисбатан фавқулодда маҳоратга эга оташин шоирга айланди. Унинг тили содда, гўзал ва халқона эди, бу тил шоир услубининг шаклланишида катта роль ўйнади. Лермонтовнинг “Елкан”, “Бородино”, “Шоҳ Иван Васильевич, навжувон ясовул ва азамат савдогар Калашников ҳақида қисса”, “Ватан”, “Мцири”, “Ўйлар”, “Баллада” каби асарларида халқона руҳ ва айни пайтда инсонпарварлик, ватанпарварлик, эркпарварлик ғоялари гўзал бадиий шаклларда намоён бўлади.
Ўша пайтларда, XIX асрнинг 30-йилларида Оврўпа адабиётида буюк инглиз шоири Жорж Байроннинг таъсири жуда кучли бўлиб, Байрон руҳи қалбу ақлларни эгаллаган, барча эътироф этганидек, Ер юзи бўйлаб байронизм бўрондек эсиб ўтган эди. Гёте, Ҳайне, Бальзак, Стендаль, Ҳюго сингари буюклар байронизмни қабул қилган, ҳатто Гёте “Дон Жуан”дан катта бир парчани олмончага ўгириб, эълон қилдирган. Рус адабиётида эса, Пушкин ва Лермонтов байронизм мактабининг буюк вакилларига айланган эдилар. Улар Байрон ижодидаги эркинлик, инсонпарварлик ғояларини, унинг шахсан мустамлакачиликка қарши олиб борган курашларини ўзлари учун мактаб деб билардилар. Лермонтов Байрон билан айрича бир яқинликни, руҳан бирдамлик туйғусини чуқур ҳис қиларди, унга қондошлигини интиутив тарзда сезиб турарди. Шу боис, ўзини у Байронга қиёслади, рус Байрони деб атади:
Йўқ, Байронмас, ўзга инсонман, –
Ҳали ҳеч ким билмаган даҳо,
Гарчанд қалбим русники, аммо,
Унинг каби саргашта жонман[1].
Бундан салкам ярим аср муқаддам “Советская культура” газетасида Лермонтовнинг Байронга она томонидан узоқ қариндошлиги борлиги тўғрисида маълумот берилган эди. Дарҳақиқат, Лермонтов шажараси хусусида икки хил фикр мавжуд. Ҳар икки фикр ҳам ривоятга бориб тақалади. Биринчисига кўра, Испанияни араблар босиб олгач, улардан қочиб Шотландияга келиб қолган аслзода граф Лерма шажаранинг асосчиси ҳисобланади, бу борада Михаил Лермонтовнинг ўзи чизган “Бобокалон Лерма” деган суврати ҳам бор. Иккинчи фикр Лермонтовлар шажарасининг ибтидосида “Тристан ва Изольда” романининг энг қадимги вариантини яратган шотланд шоири афсонавий бард Томас Лермонт туришини таъкидлайди. Лермонтларнинг бир авлоди – Жорж Лермонт ўз бахтини синаш учун Россияга келади ва подшо томонидан рус аскарларини ҳарбу зарб санъатига ўргатадиган зобит қилиб тайинланади, унга Булға – Волга дарёси ортидаги жойлардан ер (поместье) ажратиб берилади. Шундай қилиб, Лермонтлар рус дворянига айланадилар. Руслашиб кетган Лермонтлар кейинчалик Лермонтов фамилиясини оладилар. Байрон эса, маълумки, она томонидан Скотланд – Шотландия қироли Иаков I Стюартга қариндош. Демак, иккинчи фикр ҳақиқатга яқин – Лермонтов шажараси Лермонтлар оиласига бориб тақалади. Улар томирида эса шотланд қироллари қони оқарди. Михаил Лермонтовдаги ҳеч бир рус шоирида учрамайдиган байронча дадиллик, кескинлик, маълум маънода радикал демократизм эҳтимол ана шу қондан ҳам ўтгандир.
Шундай қилиб, бир томондан Байронни, иккинчи томондан эрксевар Пушкинни устоз деб билган ёш Лермонтов кичик халқларни ўзига бўйсундиришга, улар ҳудудларини босиб олишга қаратилган чор Россияси ташқи сиёсатига ва рус халқининг озодликка интилиши ҳамда шахс эркини бўғишга йўналтирилган ички сиёсатига нафрат билан қарарди. Сатурн-Россия ва унинг подшоси сиёсати билан ҳар қандай келишувчанликни инкор этарди ва бу борада Пушкиндан анча илгарилаб кетган эди. Чунончи, Пушкин “Дўстларимга” шеърида бундай сиёсатга подшо айбдор эмас, унинг атрофидаги маслаҳатгўйлари ёмон, уни ёмон йўлга хушомадгўйлар бошламоқда қабилидаги мисраларни тизади, “Россияга туҳмат қилувчиларга” шеърида эса, эрксевар Польшани қонга ботирган Николай Қассоб қилмишларини сифоришлаб ўтишга уринади, Польша қирғинини славянларнинг оилавий жанжали деб атайди, рус шовинизмини, чоризмнинг босқинчилик сиёсатини жаҳон афкор оммаси кўзи олдида оқлашга ҳаракат қилади. Лермонтовда, Пушкинда гоҳ-гоҳ учраб турадиган бундай заифлик, “кўнгли бўшлик” йўқ, у Байронга ўхшаган ниҳоятда кескин хатти-ҳаракатлар қилади. Петербургдаги баллардан бирида танишмоқчи бўлиб яқинлашаётган подшонинг қизидан юзини буриб, ўзини четга олади. Бу билан у ўзининг сарой аҳли, подшо оиласи билан ҳеч қачон ҳеч қандай алоқа қилмаслигини кўпчилик олдида очиқчасига намойиш этган эди. Ҳа, Лермонтов Сатурн подшодан нафратланарди. Шу боис биринчи марта “Шоирнинг ўлими” шеъри ва иккинчи бор “Замонамиз қаҳрамони” романи учун Кавказга сургун қилинган буюк шоир бу қисматни нафрат аралаш алам билан қабул қилади:
Алвидо, ювуқсиз Россия,
Қулдорлару қулларга макон!
Алвидо, эй, кўкиш мундирлар
Ва уларга содиқ оломон.
Балки мени Кавказ тоғлари
Шоҳларингдан яширгай бирпас:
Эшитолмас динг қулоқлари,
Ўқдек кўзи кўрмас эҳтимол[2].
Аслида Лермонтов Ватанини, Россияни дил-дилдан севади. Лекин бу севги, ўзи айтганидек “бошқача”, кўпчиликникига ўхшамайди. Унда подшопарастлик, шовинистик ғурур, босқинчилик ғалабаларидан фахрланиш туйғулари йўқ. Шоир ўз Ватанини озод ва “қонлар тўкилиб топилган шуҳрат”дан холи кўришни истайди, уни рус халқининг тинч меҳнат шодликлари, миллий байрамлари мафтун этади:
Кўплар сезмас, мен-чи: хурсандман –
Хирмонларни бўлуғ кўрганда,
Похолли томларга дилбандман,
Менга ёқар ўйма дарпарда.
Байрам чоғи, шудрингли кеча
Боқсам дейман ярим тунгача, –
Ҳуштак билан рақс нағмасига,
Маст деҳқонлар ҳангомасига[3].
Ҳа, Лермонтов Россиянинг Кавказдаги ғолибона урушини кўргани кўзи йўқ эди. Аммо қисмат уни зобит сифатида ана шу урушда иштирок этишга мажбур қилди, унга истеъфога чиқиб, адабиёт билан шуғулланиш учун рухсат беришмади. Шоир ҳарбий хизматга қасамёд қилган зобит сифатида бу урушга бўлган нафратини очиқ намоён эта олмас эди. Шу сабабли у норозилигини билвосита тарзда – мустамлакага айлантирилаётган Кавказга муҳаббат кўринишида акс эттирарди. Бу муҳаббат шоирнинг қатор шеърларида, достонларида, насрий асарларида ҳам намоён бўлди ва Россиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши исёнга айланди. Қуллик занжири билан кишанбанд қилинаётган Кавказга ачиниш шоир қалбини поралайди, ҳали Кавказдан олисда эканидаёқ бу юртнинг қисмати уни изтиробга соларди:
Эй Кавказ, эй, олис диёр,
Тўпори эрк макони!
Бахтсизликка бўлибсан ёр,
Бўяпти уруш қони!..
Эркка азиз бўлган макон
Ҳалокдир эрк йўлида[4].
Шу боис Лермонтовнинг энг гўзал достонлари Кавказ мавзуига бағишланди: “Кавказ асири”, “Исмоилбей”, “Ҳожи Абрек”, “Мцири” “Бостунчи овули”, “Қочқин” ва “Демон” шулар жумласидан.
Хуллас, Лермонтов икки ўт ўртасида яшади: Россияни Ватан сифатида жондан севди, лекин унда ҳукмронлик қилган “қуллар ва қулдорлар” жамиятидан нафратланди. Бу нафрат туйғуси насрий ва драматик асарларида ҳам ўз аксини топди. Унинг “Вадим” қиссаси, “Ниқоб базми” драмаси, “Замонамиз қаҳрамони” романи ана шу мунофиқлар жамиятининг, бошқаларни қул қилиши баробарида ўзи қулга айланган жамиятнинг шахс эркинлиги ва миллат равнақи учун нақадар душман эканини фош этади. “Ниқоб базми”даги князь Арбенин асли ор-номусли, ақлли, шафқатли инсон. Лекин сирти ялтироқ – ичи қалтироқ жамият, мунофиқликни маънавий одат қилиб олган киборлар давраси унинг ҳаётини заҳарлайди. Ҳалол, ор-номусли Арбенин охир-оқибат қотилга айланади. Драмадан чиқадиган хулоса шуки, Петербург киборлар жамияти ўзидан бир бош баланд турадиган ҳар бир шахснинг бошини ейди, уни оёқости қилишга, ҳалокатга маҳкум этишга уринади, ундан қақшатқич ўч олади.
Лермонтовнинг шоҳ асари бўлмиш “Замонамиз қаҳрамони” романида ҳам жамият ва шахс муносабатлари асосий ўринни эгаллайди. Ундаги бош қаҳрамон Печоринни Оврўпа адабиётидаги машҳур бадиий қиёфалар тизимининг давоми дейиш мумкин: Шатобрианнинг Ренеси, Гётенинг Вертери, Байроннинг Дон Жуани, Бальзакнинг Растиньяки, Пушкиннинг Онегини унинг салафларидир. Печорин ақлли, билимли, истеъдодли, соғлом, иродаси кучли инсон, лекин у ўзидаги бу фазилатларнинг бирортасини рўёбга чиқариш учун мавжуд жамиятда имкон тополмайди, умрини буюк ишларга бағишлаш ўрнига “эрмакка писта чақиш билан шуғулланади”, контрабандистларга алданади, қарта ўйини, аёллар, дуэллар билан вақтини ўтказади. Унинг ўзи ёш, лекин ҳаётга, ҳамма нарсага бефарқ, қалбан қариган. Бундай қисматни Байрон “Дон Жуан” шеърий романида қуйидаги аччиқ аламли сатрлар билан шундай ифодалайди:
Ҳозир ўттиздаман, аммо сочда оқ…
Суратан ёшман-у, сийратан мен – чол,
Ҳали Май тугамай ёзим ўтди, боқ,
Жангари бўлмоғим энди кўп маҳол.
Умрим сармояси энди – фойизсиз,
Ўзимни енгилмас санаш жойизсиз[5].
Лермонтовнинг “Ўйлар” шеъридаги мана бу замондош – замон қаҳрамони ёзилажак романдаги бош қаҳрамон Печорин қиёфаси учун чизгилар эди:
Замондош наслимга қарайман ғамгин,
Унинг келажаги – нурсиз, шарафсиз…
Яхши-ёмонликка бешарму бефарқ,
Умр бошидаёқ жангсиз сўлармиз…
Севгимиз – тасодиф, нафратимиз ҳам,
Йўлида ҳеч нарса қилмаймиз қурбон.
Қонда ёшлик ўти қайнаб турган дам
Сирли бир совуқлик қалбда ҳукмрон…[6]
Печорин замон учун “ортиқча одам”. Замон печоринларни ёқтирмайди, чунки, улар замондан баланд турадилар. Шунинг учун ҳам айнан ана шу “ортиқча одамлар” ўз замонасининг ҳақиқий қаҳрамонларидир, улар замонни олға етаклаш қудратига эга, бироқ замон уларни ўз темир исканжасига олиб ҳалок қилади: шунча билим, юксак ақл-идрок, фаоллик, маънавий қудрат беҳудага сарф бўлади. Шундай қилиб, “Замонамиз қаҳрамони” романи “ортиқча одамни” эмас, замонни ўзгартириш ҳақидаги ғамгин маънавият қўшиғига айланади.
Романдаги бу бош ғояни илғор фикрли кишилар хурсандчилик ва қониқиш билан, ҳукмрон доиралар эса ғазаб билан кутиб олдилар. Ўзини Пушкин асарларининг цензори деб эълон қилган ва Лермонтов асарларига ҳам цензорлик кўзи билан қараган подшо Николай I эса, “Замонамиз қаҳрамони”ни диққат билан ўқиб чиқиб, киноя аралаш ғазабда шундай деб ёзган эди: “Мен “Қаҳрамон”ни охиригача ўқиб чиқдим ва унинг иккинчи қисмини ўта расво, модага айланиб кетиш учун тайёр нарса деб биламан. Бу ҳам ҳозирги романларда учратадиганимиз – жирканч характерларнинг бўрттирма тасвиридан бошқа нарса эмас… Шундай қилиб, мен ишонч билан айтаманки, бу – муаллифнинг каттагина бошибузуқ эканлигини кўрсатадиган ва ҳеч нарсага арзимайдиган китоб… Оқ йўл, жаноб Лермонтов! Бир бошини тозалаб келсин!..”[7] Сатурн-Россиянинг подшоси ана шу тахлит Лермонтовни иккинчи бор Кавказга, энг оғир жанглар олиб борилаётган жойдаги Тенгин пиёдалар полкига сургун қилди. У ерда шоир, замондошларидан бири айтганидек, “Дантеснинг нусхаси пасткаш Мартинов” томонидан дуэлда номардларча отиб ўлдирилди ва унинг жасади кечгача ёмғир остида қолиб кетди. Черков кўмиш маросимини ўтказишдан бош тортди. Бу хабарни эшитган Николай хурсандлигини яширмади: “Итга ит ўлими!”, деди у, бу ёвузликдан қониқиш билан.
Илғор рус зиёлилари шоир ўлимини мисли кўрилмаган улкан қайғу, Россиянинг фожиаси сифатида қабул қилдилар: мустабид Россия ўзининг яна бир даҳо фарзандининг бошини еган эди. Ҳа, Лермонтов, ёш кетишига, йигирма еттига тўлмай ҳалок бўлганига қарамай, том маънодаги даҳолик даражасига кўтарила олди.
Лермонов ҳақида гап кетар экан, яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу – унинг Пушкинга тақлиди масаласи. Дарҳақиқат, бу бор гап, Лермонтов учун Байрон ва Пушкин, айтиб ўтилганидек, намуна эди. У Пушкинни ниҳоятда севарди, дастлаб унга тақлидан шеърлар ёзгани ҳам маълум. Бироқ бу тақлид буюк шоирга оддий эргашиш эмасди, унинг йўлидан бориб, янги йўлни, уникидан ҳам кенгроқ, каттароқ йўлни очишга интилиш эди. Зеро, ҳар қандай ижодкор ўз йўлини тақлиддан бошлайди, ҳамма гап ўша тақлид даражасида қолиб кетмасликда. Лермонтов Пушкинни давом эттирган ва ундан-да юксакликка кўтарила билган даҳо эди. Тадқиқотчилар кўпинча “Уч хурмо” шеърини Пушкиннинг “Қуръондан иқтибос” шеърий туркумига тақлид дейишади. Тўғри, бу туркум Лермонтовга таъсир қилгани шубҳасиз, лекин у Пушкин ўз шеърида илгари сурган ғояни яна ҳам юксакроқ даражада акс эттиради. Чунончи, Пушкин туркумда Аллоҳ қудратининг тенгсизлиги ва карамининг чексизлигини бадиий акс эттиради: Аллоҳ бутун оламни ҳар сонияда ўз измида тутиб туради, истаса ёш одамни – кекса, кексани – ёш қилиб қўя олади… Лермонтовда эса, Аллоҳ шу қудрат билан биргаликда одил ва раҳмдил, трансценденталь ҳақиқат соҳиби: адолатли, шафиқ бўлгани учун ҳам У узоқ вақт хурмолару булоқ бошига одамларни йўлатмайди. Бундай олий адолатни тушунмай, Яратгандан норози бўлган хурмолар охир-оқибат одамзод қўлида ҳалок бўлади. Айни пайтда “Уч хурмо”, инсон фалсафасини ўртага ташлаган фалсафий шеър сифатида ҳам “Қуръондан иқтибос”га нисбатан олға ташланган қадамдир. Ёки “Вадим” қиссаси Пушкиннинг “Дубровский”сини эслатишини олайлик. Ҳақиқатан ҳам шундай: ҳар икки қиссада хўрланган ота учун қасос олишга уринган фарзандлар бош қаҳрамонлардир. Лекин, биринчидан, “Вадим” ёзилганида ҳали “Дубровский” чоп этилмаган эди. Иккинчи томондан, Дубровский қароқчилик тўдасига бошчилик қилади, Вадим эса халқ қўзғолонини уюштиришга уринади: Лермонтов Вадимининг ижтимоий ҳаракат доираси Дубровскийникига нисбатан миқёсли.
Бу икки даҳо шоирнинг яна бир ўхшашлик жиҳати шундаки, улар Жорж Байрон изидан бориб, “Шарқ достонлари”ни яратадилар. Лекин ҳар икки “Шарқ достонлари” солиштирилганда, шуни аниқ кўриш мумкинки, Пушкин эркин Кавказни ва Кавказ эркини маълум маънода романтик-экзотик нуқтаи назардан тасвирлайди. Лермонтовда эса, Кавказга, ўз озодлиги учун курашаётган халқларга реал муҳаббат ва ҳурмат биринчи ўринда туради. Мисол учун Пушкиннинг тугалланмаган “Тазит” достони билан Лермонтовнинг “Қочқин” достонини солиштириб кўриш ўринли. Тазит жанговорликни ёқтирмайди, у тинч, севгилиси билан бахтли яшашни хоҳлайди. Шу туфайли қон тўкишни истамайди, ҳам ўз отаси, ҳам севган қизининг нафратига учрайди. Пушкин достонда Кавказни тинчликка чақиради, унинг таг-заминида, унчалик яққол бўлмаса-да, кавказликларни тақдирга тан беришга ундаш ғояси илғар-илғамас кўзга ташланади. Лермонтовнинг “Қочқин”идаги Ҳорун ҳам жанг қилишни истамайди, у рус босқинчиларига қарши курашган отаси билан акасининг жасадини жанг майдонида қолдириб, интиқом олиш ўрнига қуролини ташлаб қочади. Аммо Лермонтов уни оқлашга интилмайди, аксинча, Ватан учун жангдан қочган инсон нафратга сазовор, деган ғояни илгари суради: “Қочқин”даги Ҳорун беватан дайдига айланган инсон, бир умрлик дарбадарликка маҳкум, онасию ватандошлари лаънатига учраган номард тоғлик. Шундай қилиб, Пушкин Тазитнинг сезилар-сезилмас “ёнини олса”, Лермонтов Ҳорунга очиқчасига тавқи лаънат тамғасини босади. Бу ўрнида ҳам, кўриниб турибдики, Лермонтов Кавказ халқлари миллий озодлик курашининг тарафдори сифатида намоён бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу фикрларимиз қандайдир маънода Пушкинни камситиш, уни Лермонтовдан қуйи ўринга қўйишга уриниш эмас. Асло. Ҳар бир миллий адабиётнинг ўз асосчиси бўлганидек, Пушкин ҳам рус адабиётининг том маънодаги асосчиси эди ва шундай бўлиб қолади. Тўғри, унгача Тредиаковский, Херасков, Сумороков, Ломоносов, Державин, Жуковский, Батюшков сингари шоирлар рус адабиётини умумславян адабиётидан ажралиб чиқишида катта хизмат қилдилар. Тимсолли қилиб айтганда, улар Пушкиннинг пайдо бўлиши учун майдон яратдилар. Пушкин эса, ўша майдонда ўз асарлари билан олтиндан пойдевор қурди. Лермонтов, Толстой, Некрасов, Блок, Есенин, Пастернак, Цветаева, Ахматова – рус адабиётининг барча буюклари ва куни кеча бизга замондош бўлган Николай Рубцов, Юрий Кузнецов сингари улкан истеъдод эгалари ҳам ана шу пойдевор устида ўз гўзал биноларини қурдилар. У бинолар қанчалик маҳобатли, қанчалик ҳашаматли ва гўзал бўлмасин уларга доимо олтин пойдеворнинг шуъласи тушиб туради. Буни ўз вақтида тушуниб етган улуғ мутафаккир В.Г. Белинский “Замонамиз қаҳрамони” ҳақида фикр юритар экан, Печорин ва Онегинни ўзига хос қиёслаб шундай деб ёзган эди: Лермонтовнинг Печорини… бу – замонамизнинг Онегини, замонамиз қаҳрамони. Уларнинг ўзаро ўхшаш эмаслиги Онега ва Печора[8] оралиғидаги масофадан анча қисқа… Онегин бадиий жиҳатдан Печориндан қанчалик баланд бўлса, ғоявий томондан Печорин Онегиндан шунчалик баланд ”[9]. Бошқа бир ўринда Белинский бу фикрини шундай изоҳлаб беради: “Лермонтов романининг ғояси замирида ички инсон ҳақидаги муҳим замонавий масала ётади… Воқеликни теран ҳис қилиш, ҳақиқатни тўғри интуитив сеза билиш, соддалик, характерларнинг бадиий тасвири, мазмун бойлиги, тенгсиз ифода гўзаллиги, шоирона тил, инсон қалби ва замонавий жамиятни чуқур билиш, мўйқаламнинг миқёсийлиги ва дадиллиги, руҳнинг кучи ва қудрати, бой ва гўзал хаёлот, эстетик ҳаётнинг туганмас мўллиги, табиий ўзига хослик ва оригиналлик – бутунлай янги бир санъат дунёсини намойиш этадиган ушбу асарнинг сифатлари мана шу ”[10].
Ўша давр илғор рус танқидчилигида Пушкин ва Лермонтов даҳосини қиёслаш, уларни бир-биридан фарқлаш алоҳида ўрин тутади. Чунончи, Белинский шундай деб ёзади: “Пушкин қалб ботинидаги ҳиссиётлар шоири, Лермонтов бешафқат ҳақиқат – фикр шоири. Пушкиннинг пафоси санъат доираси ичидаги санъат билан чегараланади; Лермонтов пафоси инсон шахсининг тақдири ва ҳуқуқи тўғрисидаги ахлоқий масалалардан иборат… Пушкинда назокат ва самимият қанчалик катта ўрин эгалласа, Лермонтовда жазиллатадиган кескир куч шеърнинг асосий сифати ҳисобланади: бу момоқалдироқнинг қарсиллаши, чақиннинг ярақлаши, қиличнинг сермалиши, ўқнинг чийиллаши”[11].
Айни шу масалада буюк рус файласуфи ва танқидчиси Н.Г. Чернишевсий анча кескин фикрлар билдиради. У ўзининг “Гоголь даври рус адабиёти очерклари” деб номланган, адабий танқиднинг фундаменталь намунасига айланган йирик мақола-тадқиқотида шундай деб ёзади: “У (Лермонтов – А. Ш. ) Пушкинга ташқи-шаклий бўйсунишдан жуда тез қутилди ва ўзигача бўлган барча шоирларга нисбатан, Пушкинни ҳам истисно қилмаган ҳолда, мисли кўрилмаган даражадаги оригинал шоирга айланди”[12].
Кундаликларида эса, Чернишевский Лермонтов даҳосини Пушкиндан юқори қўяди. У бир суҳбат ҳақида фикр юритар экан, шундай деб ёзади: “Мен эса… Лермонтовни Пушкиндан баланд қўяман ”[13].
Тўғри, Чернишевскийнинг бу фикри баҳсли, зеро у кўпроқ Лермонтов асарларидаги ижтимоий залворни назарда тутади. Бошқа томондан, уни кундаликдаги нисбатан субъектив фикр дейиш мумкин. Лекин мазкур фикр Лермонтов даҳосини эътироф этиш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Дарҳақиқат, Лермонтов, айтиб ўтилганидек, Пушкиннинг тақлидчиси эмас, унинг янги поғонадаги давомчиси. Зеро, у Дантес ўқи билан йиқитилган Пушкиннинг қўлидан эрк ва шеърият байроғини олиб, уни янада баландроқ кўтарган даҳо, коинот билан сирлашишга мушарраф бўлган, юлдузлар суҳбатини тинглай билган мутафаккир шоир даражасига кўтарилди. “Замонамиз қаҳрамони”нинг учинчи нашрига ёзган тақризида Белинский роман ҳақида: “токи руслар русча сўзлашар эканлар, у яшайверади ”[14], деган эди. Буюк танқидчининг бу гапларини Лермонтовнинг барча асарларига бемалол тадбиқ қилиш мумкин. Лекин, шуни ҳам айтиш керакки, эндиликда Лермонтов фақат русларнинг эмас, барча эрксевар халқларнинг севимли шоиридир, шу жумладан, биз ўзбекларнинг ҳам. Унинг даҳоси китобхонларимизни матонатли, номус-орли, миллат озодлигини, Ватан мустақиллигини, шахс эркини қадрлайдиган инсон бўлишга, шоир-ёзувчиларимизни эса, эрк учун, эзгулик учун, маънавият учун курашда дадиллик ва фаоллик кўрсатишга доимо чорлаб тураверади.
Абдулла Шер
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон
___________________
[1] Лермонтов М. Ю. Сузиб борар оппоқ бир елкан. Т., “Ўзбекистон”, 2011, 70-б. Абдулла Шер таржимаси.
[2] Ўша китоб. 72-б. Абдулла Шер таржимаси.
[3] Ўша китоб. 18-б. Мақсуд Шайхзода таржимаси.
[4] Лермонтов М. Ю. Танланган асарлар, I том. Т., Ўздавнашр, 1955, 58-б. Ҳамид Ғулом таржимаси.
[5] Байрон Ж. Г. Ушалмаган орзулар. Т., «Ўзбекистон», 2011, 146-б. Абдулла Шер таржимаси.
[6] Лермонтов М. Ю. Сузиб борар олис бир елкан, 25-26-б. Асқад Мухтор таржимаси.
[7] Селегей П. Домик Лермонтова. Ставрополское книжное издательсво, 1974. С. 108.
[8] Россиядаги кўл ва дарёнинг номлари (А.Ш.)
[9] Белинский В. Г. Собрание сочинений в девяти томах. Т. 3. М. , «Художественная литература», 1978. С. 146.
[10] Ўша манба. С. 393.
[11] Белинский В. Г. Собрание сочинений в девяти томах. Т. 5. С. 430.
[12] Чернышевский Н. Г. Избранные философские сочинения. Издание в трех томах. Т. 1. Государственное издательство политической литературы. М., 1950. С. 542.
[13] Чернышевский Н. Г. Избранные философские сочинения. Т. 3. С. 853.
[14] Белинский В. Г. Собрание сочинений в девяти томах. Т. 7. С. 436.