Ҳар қандай асар китобхонда муайян таассурот қолдиради. Китобхон ёзувчи тасвирлаётган воқеаларга ишониши ёки ишонмаслиги, эътироз билдириши ёки ундан қониқмаслиги ҳам мумкин. Эркин Самандаровнинг «Дарёсини йўқотган қирғоқ» романи шу жиҳатдан китобхонда бирмунча яхши таассурот қолдиради ва мунозарали фикрларни уйғотади, эътирозларга ҳам сабаб бўлади.
Асар қаҳрамонларининг характерлари турғунлик йилларида табиатга нисбатан шафқатсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида келиб чиққан оғир оқибатларни тасвирлаш орқали очилади. Романда таъсирли, ишонарли ҳаётий қаҳрамонлар, ўқувчининг қалбига йўл топа оладиган саҳифалар анчагина. Биз шуларни назарда тутиб, романни шартли равишда уч қисмга ажратдик ва унинг биринчи бўлагида ёдда қоларли характерлар билан юзма-юз келдик. Булар шуҳратпарастлик билан юқори лавозимни эгаллаган партия раҳбари Болтабеков, Дулдулсой қурилишининг муовини Аминов, колхоз раҳбари Исроил раис (кейинчалик ижроқўм раиси), район милиция бўлимининг бошлиғи Раҳмоновлардир.
Буларни нима учун эсда қоларли характерлар деб атадик? Шундай деб баҳо беришга, уни асослашга арзийдиган далилларимиз борми? Маълумки, насрий асарнинг, умуман бадиий адабиётнинг энг муҳим хусусиятларидан бири — қаҳрамонни таърифламасдан тасвирлай билиш, унинг руҳий оламини очиш, жонли шахс сифатида гавдалантиришдан иборат. Юқорида тилга олинган қаҳрамонларни ёзувчи шу йўналишда ярата олган.
Раҳбар Болтабеков романда унча кўп кўринмаса-да, энг разил ишларни ўзгалар қўли билан амалга ошира олади, ўз тасарруфидаги ҳамма ишларни шу қадар усталик билан қўлга оладики, бу шахс гўё ҳеч бир ҳаяжонланмай қотиллик қилаётган кишига ва турғунлик йилларидаги фожиаларнинг сабабчисига айланиб бораверади.
Аминов — ўз шахсий ҳаётини юксак даражада таъминлашга, айши-ишрат билан бу дунёнинг гаштини суришга интиладиган ва бунга эриша оладиган одам. Раҳмонов эса — деярли ҳис-туйғулардан ва одамийликдан маҳрум бўлган, ватан, табиат деган тушунчаларни истаганча оёқости қила оладиган, ўзгаларга озор бериб, ундан роҳатланадиган шахс. Исроил раис ҳам шулар жумласидан.
Романда буларнинг ҳаммасини бирлаштириб турувчи нарса шуҳратпарастликдир. «Бутуниттифоқ зарбдор қурилиши» деб эълон қилинган, аслида Аму ва Орол бўйи атрофидаги воҳанинг табиий муҳит ҳолатини бузадиган Дулдулсой ГЭСининг қурилиши турғунлик даври қаҳрамонларига шуҳратпарастликка эришишнинг барча йўлларини очиб беради. Негаки, улар разиллигини ва ёмон ниятларини ҳамиша партияга содиқлик шиори билан ўрайдилар. Даврнинг ўзида эса бунинг учун имконият яратилган. Яъни воҳанинг табиий мувозанатини бузадиган ГЭС қурилиши планини давлат расмий равишда тасдиқлаб қўйибди. Бу ерга «умумхалқ иши», «меҳнат фронти», «зарбдор қурилиш» шиори остида комсомоллар, ёш мутахассислар жалб этилган ва ҳоказо.
Аслида нима бўлаяпти? Бу раҳбарлар оқибати халққа зиён-заҳмат, азоб-уқубат келтирадиган бу ишдан нима манфаат кўрадилар? Уларга қарши куч, халқ қудратининг заковати сезилмайдими? Турғунлик даврида, умуман жамиятимиз табиатида ақл-идрокни оёқости қиладиган, адолатнинг қанотини, ҳақиқатпарвар кишиларнинг иродасини синдирадиган имкониятлар кўп. Бу ҳолат кўпинча юқоридан нима буйруқ берилса, уни ҳеч ўйламасдан ижро этадиган демагогларга катта йўл очиб беради ва ҳамиша уларнинг парвозини таъминлаб туради. Романдаги Болтабеков, Аминов, Раҳмонов, Исроил раис кабилар маънавий жиҳатдан қашшоқ, илмий савиялари ўта паст бўлишига қарамай юқоридаги имкониятлардан фойдаланиб, ҳақиқат тантанаси учун курашувчиларнинг интилишини бўғадилар ва яна шу ишлари учун мукофотларга, орденларга ҳам эга бўладилар.
Романда адолат йўлида курашувчилар, табиатни поймол қилувчиларга бутун вужуди билан қарши турувчи қаҳрамонлар ҳам бор. Булар энергетик Духанов, ёш мутахассис Ганжа, халқ орасида ҳурмат қозонган доно Муҳаммад бува, тўғрисўз, ноҳақликка чидай олмайдиган Қурбон домла, табиат учун фидойи Ободлардир.
Духанов Дулдулсой қурилишининг лойиҳасида табиатни поймол этувчи ҳолатларни Тошкентдан келган вакил Усов иштирокидаги йиғилишда исбот этиб беради. Шундай йирик қурилишни, шифобахш туз кони ва тўқайзордаги ажойиб жонзотларни асраб қолган ҳолда барпо қилиш мумкинлигини ҳам илмий, ҳам ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб беради. Лекин шунча мулоҳаза ва уриниш қурилиш бошқармасининг муовини Аминовнинг: «Дулдулсой Бутуниттифоқ комсомол қурилиши деб эълон қилинган, у ерда турли миллат вакиллари бир ёқадан бош чиқариб кечаю кундуз ишламоқдалар, ўртоқ Духановнинг сўзлари уларнинг қўлини ишдан совутади», деб айтган гапи билан чиппакка чиқади. Шу тариқа Болтабеков, Аминов, Исроил раис, Раҳмонов ва бошқалар одамларнинг, ҳатто ўз фарзандининг (Дулдулсойда Аминов буйруғи билан амалга оширилган портлашларнинг бирида унинг ўғли ўлади) қурбон бўлишига қарамай, тантанавор митинглар ўтказилади, шов-шувга, қичқириқларга зўр берилади.
Мана шу тарзда турғунлик даври руҳи билан уиинг раҳбарлари ўртасидаги ҳамоҳанглик уйғунлашиб боради. Салбий кучларнинг ҳолати ва ҳаракатлари бирмунча теран очилади, ҳатто Аминовга ўғлининг ўлими энг катта раҳбарларнинг келишига бағишланган митингни ўз вақтида ўтказиш олдида ҳеч нарсага арзимай қолади.
Романнинг тили жозибали. Халқ сайллари, Гулдор кемадаги саёҳатлар, тўй манзаралари шулар жумласидан. Шунингдек бу манзаралар яна қадимий Хоразм достонлари оҳангларида кўнгилларга ором берувчи сокин ва майин бир тарзда баён қилинганки, асарга ҳам таъсирчанлик, ҳам миллий руҳ бахш этади.
Романнинг иккинчи қисми деб ажратганимиз Муҳаммад буванинг отларни тўқайга ташлаб келиш учун юборилиши, у ерда табиатнинг оёқости қилиниши, тўқайзордаги паррандалар, ҳайвонот оламининг сув омбори тагида қолиши, шифобахш туз конининг бекилиши, отларнинг (Ғирқов, Мелиқуш, Маржон) худди инсонлар янглиғ фарёди, Буванинг яна тўқайга бориши, отлар билан бирга ҳалок бўлиши ва бу манзараларнинг барчаси ҳаяжон билан тасвирланганки, улар ўқувчи қалбини ларзага солади, изтиробли туйғуларини кучайтиради.
Дулдулсой қурилишининг директори Анисимов характери ҳам ишонарли яратилган. У — шамолнинг эсишига қараб иш тутадиган, ер тагида илон қимирласа сезадиган шахс. Анисимов партия йўлланмаси билан қаерга ишга юборилса, ўша жойда фаолият кўрсата оладиган, маҳаллий халқнинг дарди, табиати билан қизиқмайдиган, ўзи тинч бўлса, оиласининг ороми бузилмаса, ҳамма жойни ватан деб ҳисоблайдиган одам. Анисимовнинг инженер Искандаров билан қуйидаги суҳбати бу хил одамларнинг табиатини жуда ёрқин очиб беради.
«— Шу вақтгача ўндан кўп шаҳарда ишладим, Юсуфбек, йирикйирик қурилишларни бошқардим. Бир ерда михланиб ўтирадиган одамларга ҳайронман. Моғор босиб қолмайдими? Отам ҳам шундай жаҳонгашта бўлган, у шаҳардан бу шаҳарга кўчганимиз кўчган эди. Кўчманчининг нақ ўзи, ҳей. Бундай олиб қарасанг, шу яхши-да. Дунё кўрасан, одам танийсан. Яшаб қоласан. Сенлар, Юсуфбек, мени маъзур тут-у, киндик қоним тўкилган деб битта тупроққа ёпишиб оласанлар. Ўла-ўлгунча ундан бир қадам нари жилмайсанлар, ҳей. Киндик қони тўкилса нима бўпти? Мен киндик қоним тўкилган жойни айрича тутмайман. Қаерда одамнинг қорни тўйса, шу ер унинг ватани».
Жумҳуриятимиз табиатининг вайрон бўлишида, пахта якказироатчилигининг қарор топишида шунга ўхшаган инсонларнинг хизматлари бениҳоя катта. Бугун ошкоралик, қайта қуриш даврида бундай «фаолиятли» шахсларнинг қиёфаси янада мукаммал яратилиши керакки, бу борада дадил қалам тебратган муаллифни табриклаш мумкин.
Энди, тақризимизнинг: «Роман айрим жузъий камчиликлардан ҳоли эмас», деб бошланадиган зерикарли қисмига келдик. Шундай бўлса-да, анъанага содиқ қоламиз ҳамда бу нуқсон ва жиддий камчиликлар нималарда кўринади, деган савол қўямиз.
Аввало романдаги ижобий қаҳрамонлар ниҳоятда ожиз, айрим тасодифлар билан тезда кўздан ғойиб бўладиган, бирмунча насиҳатгўй тарзда яратилган. Масалан, ўз лойиҳаси, асосли эътирозлари билан Болтабеков ва Аминовларга жиддий қаршилик кўрсатаётган Духанов Болтабеков қўллаган режа бўйича, юқоридагиларнинг талаби қондирилиб, Яманга ишга юборилади. Икки қадрдон дўст — Ганжа ва Обод фитна ва иғвонинг тузоғига тушиб қоладилар, ҳақиқат учун курашчи Қурбон домла ниҳоятда жўн туҳмат билан (умрида наша, наркотик моддаларнинг нималигини билмаган домланинг уйига қўшниси наша беркитиб қўяди) қамалади. Натижада тўқнашувларнинг жиддий тус олиши, олишувлар, фикрлар жанги сусайиб, охир-оқибатда сўниб қолади.
Романда кишини ўйлантирган, ишончсизлик билан қарашга ундайдиган воқеалардан бири, бу — Ганжанинг қотилликка қўл уриши, рашк туфайли дўсти Ободни ўлдиришидир. Тўғри, рашк қотилликка ундаши мумкин. Бунга мисоллар кўп. Лекин ҳамма гап ёзувчининг ўқувчини унга ишонтира олишидадир. Лекин мазкур асар қаҳрамони Ганжада пайдо бўлган рашк жаҳолатга ундаса-да, дўсти Ободнинг хатти-ҳаракати, унинг Ганжага бўлган садоқати бундай қотилликнинг юз беришига шубҳа уйғотади… Ганжанинг хотини Қумридаги иккиланиш китобхонни ишонтира олмайди. Бу ҳолатни ёзувчининг ўзи ҳам воқеалар баёнида деярли сезиб туради, шунинг учун романнинг сўнггида Қумрининг кундаликлари орқали бунга яна ишора қилади, унинг «мажбур бўлганлари» ҳақида айрим далиллар келтиради, лекин барибир ўқувчи кўнглининг бир чеккасидаги ўша ишончсизлик йўқолиб кетмайди.
Ниҳоят, ўзимда мутлақо қониқмаслик туйғусини уйғотган жиҳат романнинг учинчи қисми: Ганжанинг халқ бошига мусибатлар келтирган, она юрт табиатини оёқости қилган, ўзини қотилликка ундаган шахсларга нисбатан курашиши, уларнинг кирдикорларини фош қилишга бағишланган саҳифалардир.
Аввало, гапнинг ростини айтсак, бизда бир хунук иш услуби борки, бу — жазоланган шахсларга нисбатан тутган муомаламиз билан боғлиқдир. Мабодо бирон тасодиф туфайли раҳбарият томонидан ҳайфсан олиб қолгудай бўлсанг, бутун йил давомида қилган қанчақанча ҳалол меҳнатларинг икки пул бўлади. Агар бирон жиноятга қўл уриб қамалсанг (ҳатто ноҳақ қамалган тақдирингда ҳам), яна аввалгидай ишлаб кетмоғинг қийин. Мазкур роман қаҳрамони эса ўз дўстини ёқасидан бўғиб, хотини ишлайдиган район ижроия комитетининг бўлимига олиб киради, хотинининг кўз олдида (Қумрихон район ижроия комитетининг бўлим мудири) пичоқлаб ўлдиради. Ваҳоланки, Қумрининг номусини оёқости қилган Обод эмас, Аминов эди.
Мана энди ўзингиз ўйланг, Ганжа ана шундай жиноят қилгани ҳолда, ҳарбийдан қайтган ва билаги кучга тўлган ёшлар, Афғонистонда байналмилал бурчини адо этиб, бирмунча имкониятларга эга бўлган жангчилар, яхшигина мутахассис, билимдон кишилар иш тополмаётган бизнинг жумҳуриятимизда ўз дўстини ўлдириб қамоқдан қайтиб келган Ганжа яна аввалгидай мутахассислиги бўйича ўз ишини давом эттираверади. (Аслида қанийди шундай бўлса, лекин бизнинг жазо олганларга нисбатан муомаламиз мантиқига зид-ку бу).
Китобхонни ҳайратда қолдирадиган яна бир нарса борки, Ганжа қамоқдан қайтгач, адлия ходими Олимон Одилов билан (бу одам Ганжа қамоқдалигида унга кўп яхшилик қилган, дардини эшитган) биргаликда Аминовларга қарши кураш олиб боради, уларнинг кирдикорларини фош этади, бу кураш жараёни кўпроқ мажлисбозлик руҳида намоён бўлади ва ўқувчини зериктиради.
Хуллас, асар ёмонликнинг мағлубияти, порахўрлик ва у билан боғлиқ бўлган барча жиноятлар ва жиноятчиларнинг фош этилиши, уларнинг қўлларига кишан солиниши, адолатнинг тўла тантанаси билан якунланади.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 7-сон