Абдулла Қаҳҳорнинг чет тилларга таржима қилинган асарлари, хориждан келган мактублар, умуман, адибнинг дунё халқлари билан алоқаси хусусида ёзувчининг уй-музейи фондида сақланаётган манбалар аниқ маълумот беради.
Хусусан, Германияда (1961 й.), Болгарияда (1961 й.), Эстонияда (1960 й.), Арманистонда (1961 й.), Руминияда (1963 й.), Молдавияда (1970 й.) нашр қилинган “Синчалак” қиссаси К.Симонов таржимасида “Знамя” журналининг 1959 йил 2-сонида, “Роман-газета”нинг 1959 йил 16-сонида “Птичка-невеличка” номи остида босилиб чиққан. Асар В.Смирнова сўзбошиси билан эълон қилинган.
1965 йил “Птичка-невеличка” китоб ҳолида нашр қилинади ва унда адибнинг қисса ва ҳикоялари ўрин олади.
“Синчалак”нинг Татаристондаги нашри Х.Яхин таржимаси “Кул жетмес кеше” номи билан “Совет адабияты” журналида эълон қилинган бўлса, кейинроқ Я.Шамсутдинов таржимасида китоб ҳолида чоп этилган.
Шу муносабат билан таржимоннинг Абдулла Қаҳҳорга ёзган хати билан таништирмоқчимиз.
“Ниҳоят сизга “Синчалак” қиссасининг таржима қилинган нусхасини жўнатишга имконият туғилди. Китоб март ойида нашр қилинди. Бизнинг тилимиз ўзбек тили билан ҳамоҳанг. Таржима сизга ёқадими-йўқми, ҳар қалай, сизга маъқул бўлишини хоҳлар эдим. Қозонда китобингизни севиб ўқишяпти.
Абдулла ака, Москвада янги пьесангиз “Тобутдан товуш” ижобий баҳоланибди. Малол келмаса, пьесадан бир нусха жўнатсангиз. Биз Татар академик театри билан бирга танишиб чиқамиз. Умуман, “Синчалак”нинг таржимасига оид (асар) тақриз ёзишингизни илтимос қиламан. Сервер Эдҳемованинг “Ип йурекли Сеиде” мақоласининг Я.Шамсутдинов мактубига илова қилинганлигидан қиссага доир мақолаларнинг матбуотда эълон қилинганлигини билиш мумкин”.
Яна бир хат собиқ ГДРдан, “Култур унид Фортштритт” нашриёти директори Кошутдан келган. Рус алифбосида ёзилган ва 1962 йил 5 январда жўнатилган ушбу мактубда шундай фикрлар бор:
“Ҳурматли ўртоқ Қаҳҳор! Шарафиддиновдан билдикки, сиз немис тилида чиққан “Sekretar Saida” романининг муаллифлик нусхасини олмабсиз. Эҳтимол, посилка йўлда йўқолгандир. Энди китобни кеч олишингиздан афсусдамиз. Роман бир неча ой олдин нашрдан чиққан. Бугун сизга алоҳида почта орқали китобдан 4 нусха ва нашриёт газетаси ҳисобланувчи “Эрнте” (“Жатва”)дан бир нусха жўнатяпмиз. Бунда сиз ва романингиз ҳақида маълумот берилган. Умид қиламизки, китоб сизга ёқади. Биз ҳозирги ўзбек адабиётининг қизиқарли китобини немис китобхонларига таништирганимиздан хурсандмиз. Сизга келгуси ижодингизда муваффақиятлар тилаб қоламиз”.
Шунингдек, уй-музейда Англия, Ҳиндистон, Чехословакия, АҚШдан келган, турли мавзуларда ёзилган мактублар ҳам бор. Калифорния штатидан, “Универсал билимлар ташкилоти” директори Фармер томонидан жўнатилган хатда келажак кишиси қандай бўлиши керак, бу дунёда жаннатни қандай яратиш мумкин, деган фикрлар юритилади. Махсус тўплам қилинаётганлиги хусусида тўхталиб, жумладан шундай дейилади:
“Бу тўплам дунёвий характерда бўлиб, “Инсон учун замонавий башорат” деб номланади. Америка газеталарининг кўпчилигида бу ғоя кўрсатилган ва уларни дунё бўйлаб тарқатяпмиз. Кутилган мақсад — келажак кишисининг камолотини аниқлаш. Мен умид қиламанки, Сиз бу ғояларни ўз дастурингизга киритасиз”.
Мактуб инглиз тилида ёзилган, кейинчалик музей ходимлари томонидан русчага таржима қилинган. Абдулла Қаҳҳор бу хатга қандай муносабат билдиргани бизга номаълум. Аммо шу маълумки, ёзувчи келган мактубларга беэътибор бўлмаган, ҳатто, бир неча жавоб мактублари ҳам сақланиб қолган.
“Ҳеч бўлмагандан кеч бўлгани ҳам яхши, дейишади. Мен “Синчалак” қиссасининг чечен тилидаги таржимасига муҳаррирлик қилдим. Уни чечен тилида “Кичкина Саида” деб атадик. Асар чечен китобхонларига манзур бўлди”, — деб ёзади М.Мусаев.
Бу каби хатларни жуда кўп мисол қилишимиз мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг асарларини дунёга танитишда “Совет адабиёти” (“Советская литература”) журналининг ўрни муҳимлигини қайд этиш лозим.
Мазкур журналнинг немис тилидаги нашрида “Das seidene sjusane” (“Шоҳи сўзана”, 1958 й., 8-сон), “Blunde wurden senend” (“Кўр кўзнинг очилиши”, 1961 й., 11-сон), испан тилидаги нашрида “Los ciedos empiezan a vercbaro” (“Кўр кўзнинг очилиши”, 1961 й., 11-сон), француз тилидаги нашрида “La tapis brode” (“Шоҳи сўзана”, 1958 й., 8-сон), инглиз тилидаги нашрида “The girls” (“Қизлар”, 1962 й., 12-сон) асарлари босилган.
Инглиз тилида “The shy wife” (“Майиз емаган хотин”) “Library оf soviet Literature” рукни остида “25 stories from the soviet repablics” (“Совет Иттифоқи ёзувчиларининг 25 ҳикояси”) номи билан Москвада чоп этилган. Бу тўплам “Абдулла Қаҳҳор” библиографик кўрсаткичда қайд этилмаган.
В.Смирнованинг “Abdulla Kakhar from the Fergana valled” (“Фарғона водийилик Абдулла Қаҳҳор”) мақоласининг “Soviet literature” журналида инглиз тилида чоп этилиши адабий танқиднинг Қаҳҳор ижодига илиқ муносабатини кўрсатади.
Абдулла Қаҳҳор асарлари Осиё халқлари адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Бенгал тилида чоп этилган “Маҳалла” ҳикояси “Рассказы писателей народов СССР” тўпламида Москвада (1967 й.) нашр қилинган.
“Солнце над барханами” тўпламида “Кўр кўзнинг очилиши” ҳикояси араб тилида Москвада (1967 й.) нашрдан чиққан. Тўпламда М.Авезов, Ч.Айтматов, Б.Кербобоев, Мирмуҳсин, Ф.Муҳаммадиев, Ш.Бейшеналиевлар асарларидан намуналар берилган.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Греция адиби Костас Франгискатоснинг “Совет Осиёсининг шоир ва ёзувчилари” китобида Қаҳҳор ижоди ҳақида маълумот ва “Шоҳи сўзана” пьесасидан парча берилган. Мазкур маълумот адиб библиографиясида берилмаган. Мазкур китоб муаллифнинг хати билан бирга уй-музейида саланади. Мактубда қуйидаги гаплар ёзилган:
“Ҳурматли ҳамкасб! 1959 йил 15 майда сизга биринчи мактубимни, “Гиопериодико мас” журналида босилган ижодингиз ҳақидаги мақолани жўнатган эдим. Шоир Али Тўқонбоевнинг менга ёзишича, бу мақола юзасидан сиз билан суҳбат ўтказган экан. Мактубда китобингиздан ва ўзингиз ҳақидаги маълумот жўнатишингизни илтимос қилган эдим. Бу ишимдаги имкониятларни оширар эди. Афсуски, жавоб ололмагач, Сиз ҳақингизда билганим озгина маълумот билан “Шоҳи сўзана” пьесасидан парчани китобимга киритиб юбордим. Эндигина нашрдан чиқишига қарамай, Афина ва Пиреядаги ҳамма газеталарда китобга оид тақризлар эълон қилинди.
Сизнинг Европа тилларига, хусусан, француз тилига таржима илинган китобларингизни олишни хоҳлар эдим.
Хат йўлларда қолиб кетмаслиги учун Афина элчихонаси ёки Совет иттифоқи Телеграф агентлиги (ТАСС) орқали жўнатишингизни илтимос қиламан”.
Бошқа бир мактуб — 1959 йил 15 декабрда чех ёзувчиси хатида, эса: Ш.Рашидов билан самолётда учрашдим. Унга Москвада К.Симонов билан “Синчалак” ҳақида гаплашганим, асарнинг чех тилига таржима илинаётганлигини айтдим…
Сизга “Синчалак” ва ижодингиз ҳақида ёзилган газетани жўнатяпман…” дейилади.
Бироқ қиссанинг чех тилидаги таржимаси музейда йўқ ва бу ҳақда библиографик кўрсаткичда ҳам кўрсатилмаган. Хориждан келган мактублар ёзувчининг бошқа эллар билан дўстона муносабат ўрната олганини кўрсатади.
Абдулла Қаҳҳорнинг қардош халқлар тилига таржима қилинган асарлари ҳам кўп сонни ташкил қилади.
“Асрор бобо” ҳикояси “Асраркул ата” номи билан қорақалпоқ тилида, “Кино” ҳикояси озарбайжон тилида, “Откен кунлерден эртеклер” (“Ўтмишдан эртаклар”) асари “Амударё” журналининг 1967 йилдаги қатор сонларида, “Олтин юлдуз” қиссаси ҳам шу журналда (1967 й., 6-7-сон) босилган.
“Жулдыз” номли қозоқ журналида (1960 й., 2-3-сон) “Шынамақтай шымшық” (“Синчалак”) қиссаси нашр қилинган.
Жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган, “Сароб” романи илк бор рус тилда В.Смирнова таржимасида “Мираж” номи билан Тошкентда нашр қилинган.
Қаҳҳор асарини тожик китобхонларига етказишда К.Қаҳҳорованинг хизмати беқиёс. К.Қаҳҳорова томонидан тожик тилига таржима қилинган “Сароб” романининг қўлёзма нусхаси уй-музейида сақланади, аммо китоб нашри библиографияда қайд этилмаган.
“Ўтмишдан эртаклар”, “Анор”, “Бемор”, “Миллатчилар”, “Бошсиз одам”, “Кўр кўзнинг очилиши”, “Башорат”, “Қабрдан товуш”, “Бек”, “Жонфиғон”, “Адабиёт муаллими”, “Қизлар”, “Майиз емаган хотин”, “Мунофиқ” асарлари “Афсонаҳо аз гузашта” номи билан “Ирфон” нашриётида (Душанбе) нашрдан чиққан бўлса, “Шарқи сурх” (1959 й., 3-сон) журналида “Ҳикояҳо” номи остида “Анор”, “Дузд” (“Ўғри”), “Бемор” ҳикоялари чоп этилган.
“Шарқи сурх” журнали Абдулла Қаҳҳорнинг кўп асарларини нашр қилган. Хусусан, “Сўзанаи шоҳи” (“Шоҳи сўзана”), “Се ҳикоя” номи остида “Зане ки мавиз нахурдааст” (“Майиз емаган хотин”), “Ғами зиёдати” (“Ортиқча ташвиш”), “Муаллими адабиёти” (“Адабиёт муаллими”) ҳикоялари чоп этилган.
Ёзувчи асарларини рус китобхонларига етказишда “Звезда востока” журналининг ўрни муҳим. “Минг бир жон” (“Тысячи одна жизнь”, 1957 й., 9-сон), “Оғриқ тишлар” (“Больные зубы”, 1958 й., 6-сон) “Звезда Востока”да, “Шоҳи сўзана” (“Шелковое сюзане”, 1952 й., 3-сон) “Звезда” журналида босилган.
Адибнинг комедиялари “Искусство” (1982 й.) нашриётида чоп этилган.
Яна бир гап. Абдулла Қаҳҳор ижоди юзасидан кўп тадқиқот олиб борган И.Боролинанинг 2004 йил “Муравей” нашриётидан чиққан “Тюркские литературы и фольклор” китоби К.Қаҳҳорованинг жияни Хуршида Жалолова томонидан музейга келтирилган. Унда И.Боролинанинг дастхати ёзилиб, 2004 йил 7 ноябр санаси қўйилган. Мазкур китобда “Рассказы Абдулла Каххара” деб номланган катта илмий тадқиқотнинг борлиги ёзувчи ижодининг алоҳида қимматга эгалигини кўрсатади.
Абдулла Қаҳҳор мураккаб бир даврда яшашига қарамай хориж ва қардош халқлар билан дўстона муносабати ўзбек адабиётини дунёга танитишда ўзига хос ўрин тутган.
Хуршида Ҳамроқулова, филология фанлари номзоди.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 9-сон