Валентин Осипов. Михаил Шолоховнинг сўнгги кунлари

У бу ҳаётининг ичига ҳеч кимни қўймаган эди. Кўнглим фалон нарсани сезаяпти, қабилидаги гапни ҳам ёзмаганди. Оқ йўл тилаш учун қаламкаш дўстларини чорламаганди. Интервью учун журналистни таклиф қилиши тўғрисида-ку, гап-сўз бўлиши мумкин эмасди.

ХОНАНДАЛАРГА ҚАДАҲ “СУНИЛСИН”

Барибир ҳам Шолоховга унинг тақдири чизмоқчи бўлган шоҳ сувратни яратиш ҳозирча тўхтаб турадиган бўлганди, аниқроғи, у ўзига, ҳаётининг сўнгги йилларига чизадиган суврат. Бор-йўғи аллақандай қурама бўёқлар.

1980 йил… Марказқўм Михаил Шолоховга иккинчи марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони бериб, унинг 75 йиллик тўйини нишонлашга қарор қилди. Икки марта Қаҳрамон ҳайкали ўрнатилаётганда бир вёшенликдан сўрашганди: “Пойига қанақа гуллардан эксак экан?” Муғамбирона мийиғда кулиб, “Шувоқ”, деб жавоб қилишди.

У туғилган кунида меҳмонларни уйида кутажагини айтди.

– Нечта одам айтайлик?

– Ошхонамизга нечта сиғса, ўшанча, ундан кўп эмас.

24 майда Вёшкага таклиф этилиш менга ҳам насиб этди.

Юбилярнинг ўзи яқинда бошидан ўтказган кучли бетоблик туфайли, айтишларича, инсульт бўлибди – станицанинг Маданият саройига келолмаганди. Бироқ уни ёлғизлатиб қўйишмади – унинг барча шахсий меҳмонлари тантаналардан кейин ёзиладиган дастурхонга таклиф қилиб қўйилганди. Дастурхон давраси ғоят катта бўлганди: Мария Петровна, барча ўғил ва қизлари оилалари билан ва улфатдош меҳмонлар – ёзувчилар, партия ходимларидан сафдошлари, ўша пайтдаги ҳукумат раиси А.Н.Косигиннинг қизи, яна унга яқин одамлар.

Ўша зиёфатдан ён дафтарида икки сатргина ёзув қолганди. Шолоховга бор-йўғи иккитагина сўз тегишли бўлган жойдаги нарса нима экан?

…Табриклаш навбати келган москвалик шоир Егор Исаев юбилярга совға тариқасида ўзининг “Хотира айби” достонидан бир нималарни ўқий кетди. Тан олиш керак – ғоятда усталик билан ўқирди: ҳар бир бўғин, ҳар бир туроқ, ҳар бир сўз тўғри юракка бориб тегмоқда, вужудни қамраб олмоқда эди. Бир вақт қарасам – Шолоховнинг шоирга ҳамдардона тикилиб турган кўзлари ёшлана бошлаяпти. Фаҳм қилишимча, кўпчилик орасида бу ҳолдан у ўзини ноқулай сезди. Тошиб келаётган ёш елини тўхтатишга ҳаракат қилар экан, сигаретага ёпишди. Бироқ, билиб турибманки, ҳар қанча чиранмасин, пора-пора бўлган қалби унга ором бермаётганди.

У билан ёнма-ён ўтирганлар ҳам ёзувчидаги тобора ортиб бораётган руҳий изтиробни илғашди – ҳали бутунлай соғайиб кетмаган кекса одам учун бундай зўриқиш хатардан холи эмасди. Шолоховнинг панасидан туриб Исаевга шеър ўқишни тўхтатиши кераклигини ишора билан англатишга уринишарди.

Шоир, қарасам, дам бериш кераклигини дарҳол англабди ва дастлабки имкониятдаёқ шеър ўқишни тўхтатди. Буни англаган бир у эмасди. Шу заҳоти Дон ёзувчиси Виталий Александрович Закруткин ўрнидан туради. Иккаласи ҳам апил-тапил шивирлашиб келишиб олди-да, жўрликда эски дон казаклари қўшиғини хиргойи қила кетди. Буни биринчи марта куйлашмаётгани билиниб турарди. Дон ҳақидаги сўзларга етганда қўшиқ авжи айниқса яхши чиқди:

Отажоним деб йиғлайман, куяман мен,
Қадрдоним деб йиғлайман, куяман,
Оҳ, қайдасан мени туққан ватаним, қайдасан?…

Мана, неча йиллар сўнгида ҳам Шолохов қўшиқни қай тарзда тинглаганини ҳеч топиб ифода этолмаганимдан аламим келиб кетади – сел бўлиб тинглаганмидим-ей, билмадим… Аммо бир нарса аниқ эди: қўшиқ оҳанги уни олис-олисларга олиб кетганини ҳамма кўриб турарди.

Хонандалар қўшиқни тугатганда, сукунат ичида ниҳоят кескинликни юмшатиб, шолоховчасига, кутилмаганда, айтилган ташаккур сўзи янгради:

– Хонандаларга қадаҳ сунилсин!

Бу гапни у ярим ҳазил тариқасида шундай оҳангда айтдики, гўё ростдан ҳам казак қўшинлари қаршисида туриб атаман–командир буйруқ бергандек. Фақат гап эгаси командирчасига эмас, балки шолоховчасига жилмайди.

МАХФИЙ НАРСА ҲАҚИДА ЎҒЛИГА АЙТИБ ТУРДИ

Ёзувчининг кичик ўғли Михаил Михайловичга балли, у энди бутунлай оғир ётган отасининг оғзидан чиққан сўзларни астойдил қоғозга тушириб борди, Бир ўзи ниманидир сўрарди, бир отаси ёнимга ўлтир деб илтимос қиларди, юрагидагини тўкмоқчи бўларди.

Ўғли сўради: “Нима учун Сталин шахсига сиғиниш керак бўлиб қолди?” Агар гап узайиб кетмасин десангиз, ўғлининг ёзиб олганларидан қуйидагилар билан жавоб қилса бўлади:

– Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: революциядан кейин бизда бундан бошқа нима бўлиши ҳам мумкин эди? Мана, дейлик: “Барча ҳокимият Советларга!” Советларга кимлар кирарди? Бунга битта-яримта одам жавоб айтарди деб ўйлайсанми? “Ишчи, деҳқон ва солдат депутатлари советлари” – бор гап шу. Аммо бу нарса, азизим, шиорларда яхши жаранглайди… Шу шиорни олиб хуторга, тирик одамлар олдига бор-чи. Улардан ишчилар етишиб чиқмайди, албатта. Деҳқонлар-чи? Деҳқонлар – марҳамат, истаганингча бор, ҳамма деҳқон. Улардан ким депутат бўлади?.. Ҳа, албатта, Шчукар бобо эмас. Разметков билан Макар ҳам эмас, улар ўз оилаларини ҳам эплаб ололмайдилар, одамга ўхшаб тузуккина тамаки тортишнинг ҳам уддасидан чиқолмайдилар… Казаклар уларнинг юзига тўғри шундай дейдилар: оббо оғайнилар-ей, иккита чўчқани тенг бўлишиб ололмайсизлар, чунки пешонангизга биттадан ортиқ чўчқа кўриш ёзилмаган-да, энди келиб-келиб бизга маслаҳат берадиган бўлиб қолдингизми? Яков лукичлару титковларни яқин йўлатиб бўлмайди. Советлар уларни синф сифатида тугатиш учун ташкил этилганди… Охирида энг мақбул келгани мана шу “солдатча” Советлар бўлди. Бу ҳокимиятни ким қўлида қурол олиб эгаллаган бўлса, бошқарсин. Улар-чи, кимлар эди аслида?.. Айтиш мумкинки, дурустгина тарғиботчилар эди, холос. Ёки Иван Дзержинский операда куйлаганидек, “дуруст йигитлар” бўлиши мумкин. Бироқ ҳаётни янгичасига қайта қурмоқ учун дуруст йигитларгина бўлиш камлик қилади. Худди мана шу инқилоб қаҳрамонлари раҳбар ўриндиқларига ўлтириб олишган… Билим деган нарсадан ном-нишон йўқ. Фақат биргина уруш уқувини мерос қолдирдилар – буйруқ олиш ва буйруқ бериш, вассалом. Хутор комиссари оёғини қўлига олганча буйруқ кетидан станица бошлиғи ҳузурига учади. У эса, худди унинг ўзига ўхшаган лашкар, фақат унвони сал баландроқ одам – вилоятга чопади. Вилоятдаги қаёққа чопади? Шунда хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, бироқ энг юқорида доҳий пайдо бўлиши керак-да. Айнан доҳий. Олий Бош қўмондон. У узил-кесил олий қарорлар қабул қилишни зиммасига мардонавор олишга қодир инсон… Барча учун. Юқоридан энг қуйигача ва Москвадан мамлакатнинг энг чекка жойларигача…

Бу мақола саҳифаларидаги монолог кенг тарқалган. Бироқ 1985 йилдан кейин матбуотда пайдо бўла бошлаган бошқалардаги кўпсаҳифалик баёнларга нисбатан ҳаддан ташқари қисқа эди. Шолоховнинг устунлиги шундаки, у Сталиннинг, айниқса, кейинги шахсий ҳаёти хусусиятлари ҳақида чурқ этиб оғиз очмаган эди.

Отанинг фарзандга қолдирганидан мен шу нарсани англадим. Кейин яна сўз Шолоховга берилди:

– Ўша вақтни ўзингча бир тасаввур қилиб кўргин-а. Унга қуш парвози баландлигидан туриб бир назар сол… Революция. Фуқаролар уруши. Фуқаролар уруши, мен сенга айтсам, оғайни, шундай ифлос нарсаки, унда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмайди…

Менинг холам, сенинг катта онанг бўлгувчи Ольга Михайловнанинг тўрт нафар ўғли бор: Иван, Валентин, Александр ва Владимир. Уч нафари – кўнгиллилар армиясининг жангчилари, Валентин эса – қизил. Қизиллар оқларни хутордан уриб ҳайдайдилар, Валентин уйига чопиб киради, ечиниб ҳам ўтирмай сув ичиб олади: “Қўяверинг, она, куйинманг! Бу контрнинг уруғини қуритамиз-да, кейин ўз билганимиздай яшай бошлаймиз!” Ўғиллар отга ирғиб минадилар-да, шамолдай елиб кетишади. Она эса кўзда ёши шашқатор – сочини юлиб қолаверади… Бир кун ўтиб худди шу шаҳд билан Иван уйга ўқдай учиб киради. “Валька ифлос келганмиди? Ҳа, барибир қўлимга тушади-ку! Қўяверинг, она, мана, айтди дерсиз, унинг Дондан нақ қорасини ўчирамиз-да, эскичасига қандимизни уриб яшаймиз!” Она эса энди бошини деворга уриб йиғлайди… Бунақаси кошки бир ё икки марта бўлиб қўя қолса.

Хутор совет ҳокимиятини сайлашди. Хуторликларнинг ўзлари эмас, албатта. Станица ҳокимияти сайлади уни… Ана, янги сайланган ҳокимият атаманлар бошқарув кулбасида ёки биронта “Хутор бойваччаси”нинг мусодара қилинган уйида ўтирибди. Ташқарида аҳвол кўнгилдагидек эмас… Шундай дамлар бўладики, деразадан ўқ узиб қолишади. Қачон ўқ миямга келиб жойлашар экан, деб қараб ўтираверасанми? Ёки санчқи билан нозик жойингни ўйиб-кавлашларини истайсанми? Ўзини билган эркак ҳеч ҳам бундай бўлишини кутиб ўтирмайди. Ҳамма кўриб қўйсин деб наганни ёнига осади-да, душманни ўзи қидириб кетади. Ҳар тўрттасидан иккитаси сенга еб қўйгудай қараб тургандан кейин сен душманни қандай билиб олардинг? Бир вақтлар жодулар изидан шунақа тушишганди… Шубҳа соат сайин кучайиб боради – қўрқув ҳамма нарсадан ёмон; қўрқув каттариб кетган, шубҳа эса, қара, энди ишончга айланиб бўлган. Сенга “революцион ҳушёрлигинг” қулоғингга шипшиган бу шубҳали ишончни “иш”га қайд этиб қўйишгина қолган, холос…

Шолохов бошқа томонни ҳам унутгани йўқ:

– Ҳокимиятда қолмаганлар олма пиш, оғзимга туш деб ўтираверган деб ўйлайсанми? Йўқ, оғайни, улар ҳам қўлларидан келганча ириллашган, бўкиришган, маърашган. Энди ўзинг билиб олавер гуноҳкор ким эканини…

У ҳарбийларга хос мардона умумлашувлар юксаклигигача кўтарилишга ўзида куч топа олди:

– Дарсликларингиз бўйича фуқаролар уруши қачон тугаган эди? 20-йилдами? Йўқ, азизим, у ҳозир ҳам давом этаётибди. Фақат воситалар бошқача, холос. Уни ҳали-вери тугайди деб хомтама бўлма. Чунки ҳали-ҳалигача бизда қандай тадбир бўлмасин – буйруққа қараб бўлади, қандай буйруқ бўлмасин, одамларнинг, юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, бошига битган бало…

Яна умумлашмалар:

– Бизлар тарихнинг тутуруқсиз, нўноқ шогирдларимиз – мана шу энг ёмони. Унинг эса бир шундай қувноққина қоидаси бор. Аждодлар учун нимаики тўғри бўлган бўлса, зурёдлар учун у кўпинча ножоиз бўлиб чиқади. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Ота-боболаримизга нима азиз бўлган бўлса, биз уни милтиқ найзасига санчиб кўтардик. Ҳозир биз ифтихор қилиб турган ҳамма нарсани ва ифтихор қилувчи ҳар бир инсонни энди невараларимиз лаънатласалар ҳам эҳтимол. Бизлар бўлсак, нуқул давримиз ўтиб кетди-я, деб аттанг қиламиз, холос.

Энг яқин зурриётларимиз ҳукмидан қутулиб қолмоғимиз учун Гомер бўлмоқ керак. Бизлар-чи, ким бўлибмиз? Бугун бор, эртага йўқмиз. “Ҳар ким насибасига ярашасини кўради”. Ўз “кун тартибимиз”дан бир қадам ортиқча босолмаймиз. На кун тартибидан ва на гуруҳлар “тартибидан”. Бизнинг айни дамдаги ўзлигимиз ҳамма учун абадул-абад мақбул бўладиган нарса деб ўйлаймиз.

СЎНГГИ КАСАЛХОНА

1984 йил, 9 январ. Ўша пайтларда машҳур Давлат адабиёти (Гослит)нинг директори сифатида ёзувчи билан менинг янги учрашувим. Афсуслар бўлсинки, яна касалхонада, яна ўша, бир вақтлар Герцен ва Огарёв дўстлик учун аҳд-паймон қилган Москва-рекадан сал наридаги жойда.

Учрашувдан олдин хат юбордим. Унда Шолоховга шундай хабар бердим: “Янги беш йилликда сизнинг навбатдаги асарлар тўпламингизни бошлаш ниятидамиз. Бироқ “Огонёк”нинг бош муҳаррири А.В. Сафронов билан учрашдим, у айтдики, сиз ўз асарлар тўпламингизни журналга илова тарзида кўришни истар экансиз. Шу гап тўғрими?..”

Шу топ телефон жиринглади. Менга, ёзувчи ўз асарлари тақдири ҳақида гаплашмоқчи, деб айтишди.

Палатага кириб келаман – кеч тушиб қолганди. У ёзув столи ёнида ғилдиракли ўриндиқда ўтирибди: оддийгина пижамасида, яланг очиқ кўкси узра оппоқ ички кўйлагининг учбурчак ўмизи кўриниб турибди. Столда китоб, рўзномалар, дори шишаси ва иккита кулдон. Улардан бири ўзининг ғалати тузилиши билан узоқ вақтгача эсимдан чиқмай юрди – худди болалар шилдироғидек қопқоғи айланадиган эди. Бир-бирига улаб чекишини азалдан билардим – наҳотки, бу ерда ҳам шундай бўлса?

Илгариги кўркамлик қани. Қоқ суяк – эт бориб устихонга ёпишган. Баланд манглайидаги сочлар сийраклашган, мўйлови деярли кўзга ташланмайди. Чаккасида, худди ярага ўхшаб, бир парча қора доғ пайдо бўлибди. Қўлини кўтарганда ва енг сирғалиб тушганида билаги очилиб кетар ва англашимча сонсиз игналар туфайли ҳосил бўлган қип-қизил қонталаш жойлар кўзга ташланарди: иккинчи қўли, эҳтимол, худди шу сабаб билан боғлаб қўйилган эди.

Бироқ мени ҳаммадан қаттиқ ташвишга солгани унинг овози бўлди. Бошда дуруст гапирар эди, кейин тез-тез тўхтаб олар, хирқироқ ва чийиллаш аралаш ғудранар, узлуксиз йўталар эди. Уни мудҳиш касаллик қаттиқ қисти-бастига олганди – томоқ саратони! Ўзи эса, ана, ўша-ўша бориб турган томоқ кушандаси аччиқ тамакини “Гаълуаз”ни чекарди. Ўзини аямасди – зарурат пайтида суҳбатга киришар ва гарчи куч билан бўлса-да, астойдил жавоб қайтарар, оғриқданмас, балки зарурат юзасидан гапдан тўхтар эди.

Аммо қудратли зако таслим бўлмади. Жон бераётган ёзувчи ҳаётининг қолган жуда қисқа ҳафталарини вафотидан кейинги биринчи нашри борасидаги ташвишларга бағишлади. Нуқул савобдан иборат ташвишлар! Ўлим олдидаги бу муборак ташвишларда саросималикдан, қўрқув-ҳадикдан ном-нишон йўқ эди.

… Унинг ҳузурида Мария Петровна ва қизлари Светлана ва Мария бор эди. Девор ёнида бутун оқшом ёшгина ҳамшира қиз стулда чурқ этмай ўтирди. Бундай ўтроқ назоратчи қизлар илгари, ҳарҳолда менинг пайтимда, ҳеч қачон бўлмаганди. Ҳамма энг ёмон нарсага шай турганини ҳис қилдим. Мен буни уларнинг хавотирга тўла кўзларидан, оёқ учида овоз чиқармай юриш-туришларидан, безовта қилишдан чўчиб, босиқ шивирлаб гапиришларидан билдим.

Салом-алик қилдим. Менга унинг аравачаси ёнидан жой беришди. Бир-икки дақиқадан сўнг бу ерга таклиф этилган мавзу бўйича суҳбат бошланиб кетди.

Мария Петровна. Биз Гослитда юбилей муносабати билан асарларингизни чоп этишга изн олмоқчи эдик…

У. Ҳа, ҳа… (жим бўлиб қолди: йўтал, хириллаш) бу… (сукут) энг… (сукут) яхши нашриёт…

Мен. “Огонёк”ка берилган ваъда нима бўлади?

У. Сизларда… Гослитда… босилса…

Мария Петровна. У яхши одам. Ҳеч нимага йўқ демайди, ёзда шундай ваъда берганди.

Мен. Суҳбатингизни расмий илтимос деб қабул қилсам бўладими?

У. Ҳа… ҳа… (гарчи мана бундай қисқа бўлса-да, у ҳар бор сўзни аввалгидай йўталиб, хирқираб базўр гапирарди).

Яхшиямки мен: Китобга сувратлар қилиш керакми? – деб сўраганим, баҳс бошланиб кетди. Хотини ва қизлари “ҳа” дейишди, у бўлса “истамас” экан. Улар унатмоқчи бўлишса, у нуқул: “Истамайман… Кераги йўқ… Ёқмайди…” дейди.

Бирдан, эҳтимол, эҳтиросни босиш ва баҳсни тўхтатиш учун шундай дейди: “Қани… меҳмонларга.. чой-пой қўйинглар…” Қувончимнинг чеки йўқ эди: кўплар, одатда, “Бадиий адабиёт” деб атайдиган айнан Гослитда асарларини чоп этишнинг узил-кесил рухсатини олдик-ку, тағин казаклар расми бўйича қадаҳ, билан. Унинг ўзи қадаҳ томон интиларкан, “Узатиб юбор” дегандек қизига имо қилади.

Ишчан руҳдаги суҳбат ниҳоясига етди. Одамлар келавериб, беморни уринтириб қўйишмадимикан, деган фикр тинчлик бермайди. У гавдасини кўтаришга уринади. Кетманглар деб имо қилади. Ўтган галларда бўлганидек, мен бир нарсани англадим: Шолохов ўзини касалхонада ёмон ҳис қилишининг яна бир сабаби шунда эдики, янгиликлардан хабарсиз қолар, эркинликда юрганлар билан мириқиб суҳбатлаша олмас эди.

Қадаҳдан бир қултумгина олганимни кўриб, деди: “Бизда… охиригача… ичадилар… Газак қил… Газак…”

Сўздан сўз чиқиб, суҳбат қизиб кетади, бировнинг кўрсатмаси бўйича эмас, дил тилаганча. Ўзини бемалол тута билганини аниқроқ тасаввур қилиш учун шуни айтишим жоизки, мен ҳатто унинг болалиги ўтган Қозоғистондаги жойларда кўп эшитган қўшиқлардан бирини куйлашга ҳам журъат этдим (қадаҳ ўз ишини қилган эди-да!). Суҳбат асносида Иван Шухов ва унинг бир вақтлар оғизга тушган “Аччиқ чизиқ” романи эсга олиб ўтилгандан кейин шунга жазм этгандим. Мазкур асар аслида менинг ҳам дарём бўлган Иртиш бўйларида истиқомат қилувчи қозоқлар ҳақида эди.

У Буниннинг қандайдир ҳикояси ҳақида гапириб беришни дилига тугиб қўйган эди. Бироқ хириллаш ва йўтал бирон-бир сўзни илғаб олишимизга имкон бермаётганди. Шолоховнинг Нобел мукофоти бўйича сафдоши ва у ҳам ҳурмат қиладиган, ҳам гина қиладиган ватандоши билан видолашуви англанмай қолиб кетгани ҳали-ҳали алам қилади менга.

Тинчланди-да, нимагадир бирдан айтиб қолди – Ростовда йирик муттаҳам устидан суд кетаётибди экан, бироқ тўсатдан қуйидаги сўзлар лабларидан учиб чиқа бошлади, “Миллат… белгиламайди… турли миллат… вакиллари… суд қиладилар… руслар… яҳудийлар… арманилар… греклар…”

Лаънати йўтал тутганида гапидан тўхтаб қолар, кўзини туширмас, гаплашиб турган одамга узоқ тикилиб қоларди. Бу нигоҳни тикка қараш, кўзини қадаш десак одобдан бўлмас, балки у мулойим, маъюс, айбдорларча боқиш эди.

Нима хусусидадир гапира бошлайди, “Бизда… икки кундан кейин… байрам… тўй… олтмиш йил… уйланганимга… шунча бўлибди…”

Оғриқни енгиш учун жилмайиб қўйди. Бу тўйни нима деб аташ лозимлиги устида бош қотира бошладик – олтин тўйми, бриллиант тўйми?

— Пўлат тўй! — ҳеч бир бўёқ-бежоқсиз кичик қизи ўзича ном берди ва биргина шу оддий сўз билан “қўш ҳўкизлик”даги узоқ йиллар давомида оила қанчалик мустаҳкам бўлганини ифода этди — қўйди.

— Зангламайдигани! — ўша заҳоти аниқлик киритди у жуда ҳам паст товушда, аммо унга қўшимча тарзда машҳур табассуми ила жило бериб қўйди.

Дарди бедавонинг унга шафқат қилиши ва ортга чекиниши учун гўё шугина сўз кифоядек туюлди — кўзлари чақнарди: гўё бирдан жонланиб, ёшариб кетгандек бўлди. У шу тобда менга эски фильмдаги Суворовни эслатиб юборди — жиккаккина, қотмагина, кенг манглайда бир тутамгина оқ кокилчаси гажакланиб турибди, лабида шўх табассум.

— Биргаликдаги ҳаётингизни қандай бошлаган эдингиз? — сўрадим мен.

У сукут сақлади. Мария Петровна жавоб берди: — Фуқаролар урушидан кейинги оч ва яланғоч қолган даҳшатли Москвани эслади. Сўнг аниқлик киритди.

— Бошида жуда қийналгандик. Гоҳо бутун бир ҳафтада битта селёдкаю чўян печкада пиширилган бир нечта картошка ризқимиз бўларди. Ўша пайтларда унинг қалам ҳақлари аҳён-аҳёнда ва жуда кичкина бўларди.

Шолохов унинг сўзини бўлмай тинглар, гўё атрофидагиларни кўрмаётгандай хотинидан кўзини олмасди. Ўша дақиқаларда унинг кўзлари кўрибгина қолмай, гапираётган ҳам эди. Хотинида бир вақтлардаги ишқий лаҳзаларнинг катта жонланишини кўриш унинг учун чинакам бахт эди.

Ишқдаги вафодорликда у янглишмаганди. Ўша куни узоқ йиллар давом этган узоқ муҳаббат жуфтлиги ҳақида эшитган ҳамма нарса ҳали-ҳамон яшашда давом этмоқда экан. Бир вақтлардаги бахтдан қанчалик дили чароғон бўлса, бу давоматнинг муқаррар тугажагидан шунчалик қайғуга ботмоқда эди. Бироқ улар бир-бирига омухта бўлиб кетиб, 79 яшар инсоннинг муҳаббати учун миннатдорлик ва хайрихоҳлик туйғулари, бундай туйғулар ноёб бўлиб бораётган ғарибона асримизда, одатдан ташқари кўтаринки жўшқинлик сифатида қабул қилинаётир. Мана шунинг ўзи давоматдир…

11 январ. Касалхона палатасининг ўзида эр-хотин Шолоховлар юбилейини нишонладилар. Ўз-ўзидан маълум, меҳмонлар камчилик эди. Маша-Мария, кичик қизи, эртасига телеграмма ва телефонда меҳмонлар йўллаган табрик­лар­дан қанчалик хурсанд бўлганини, ҳазил плакат билан тасвирланган нашриёт­имиз­дан келган табрикномани ажратиб олганини айтиб берди.

18 феврал. У энди Вёшкада, ўзи тинмай талаб қилаверганидан кейин шу ерга қайтариб олиб келишганди. Касалхона наф бермаслигига кўзи етган бўлса керак. Эрталаб уйғонгач, Мария Петровнага шундай мурожаат қилди:

— Биз бир-биримизга шунчалик ўхшаб қолибмизки, ҳатто туш кўрибман, унда иккаламиз учун битта отни эгарлаб қўйишибди… Яшил отни…

21 феврал — унинг сўнгги туни. Яна Мария Петровнанинг ҳикояларидан.

— Соат ўн бирда, балки эҳтимол тунги ўн иккида, вафотидан икки соат олдин мени чақирди, қўлларимдан тутди ва тинмай ўзи, фақат ўзи томон тортаверди, тортаверди… Тамом кучдан қолган бўлишига қарамай мен томон интилгани-интилган эди. Ўпгани интилаётганига ҳадеганда ақлим етмабди…

Юрак-юракка сўнгги муждасини ҳавола этган бу дарднок лаҳзалар абадиятдан гувоҳлик бериб турмайдими.

Қаламимни 9 январ воқеаларига бураман. Шолоховга Леонид Леоновнинг самимий салом сўзларини айтаман, у билан касалхонага жўнай-жўнай деб турганимда кўришиб қолгандим.

Жавоб ҳам самимий бўлди:

“У… қандай… экан? Унга… раҳмат… де…”

Ўтган галги кўришувимизда ҳам, гарчи ҳеч қандай дўст бўлмаган бўлсалар-да, Леонов ҳақида “қалай, ёзяптими, ижод қиляптими?” деб астойдил сўраб-суриштирганди. Леонов ўзининг ҳар бир қайта нашр этилаётган асарларига талай ўзгаришлар киритаётганини айтганимда, назаримда, ўйчан тинглаб турганди.

Сал жонлангандек бўлди — бу ҳол унинг шолоховча ҳарбий публицистикани қайта ўқиб чиққанини, очеркларидан биттасининг сюжет-фабуласини қайта жойлаб чиққанини сўзлаб берганида рўй берди.

Озгина чекиниш қиламан. 1983 йил ёзида, Шолоховнинг овчибоп ҳикояларини кўп мириқиб тинглагандан кейин ёзувчиниг овга ишқибозлиги ҳақидаги Сергей Тимофиевич Конёнковнинг, олдиндан айтиб қўя қолай, унча мақтовга сазовор бўлмаган сўзларини ҳикоя қилиб беришга жазм этган эди. Кекса ҳайкалтарош шундай деганди. “Шолохов – бизнинг Толстой, аммо унинг бу ишқибозлигини маъқулламайман. Нега у ўрдак ва ғозларимизни ўлдиради?..”

Кейин, нега яширай, гапимдан ўзим пушаймон едим. Менга Шолохов хафа бўлгандай кўринди. Унинг устаси фаранг овчи эканини ким билмасди дейсиз. Шу боис пайтини топдим-да, шартта айтиб юбордим… Ўшанда хафа бўлган эдингиз, шундай эмасми?..

Жавоб уч иборада мужассам эди.

Биринчиси:

– Йиллар ўтиб… Ҳамма нарса… ўзгаради.

Йўтал тутди, азобли онлар анча чўзилади, сўнг заиф товушда дейди.

— Бизнинг… районимизда… шу қишдан… сўнг… она бўрини… ўлдиришди…

Санъат бобидаги машҳур сафдошига берилаётган изоҳларга хотима ясагандек ғоят қисқа жумлани ирод этди. У тугал бўлмаса-да, мантиқан узоқ давом эттириш мумкинлигига заррача шубҳа йўқ эди:

— Ҳар қандай… ҳайвон… чиройли…

Мария-Маша билан кўз тўқнаштирамиз ва беихтиёр равишда — доноларча содда баён этилган бу пурмаъно иборани товуш чиқариб такрорлаймиз. Ўз гапини яна бир тасдиқлагандек у бош ирғаб қўйди.

Мария-Маша мени кузатиб қўйгани лифтгача чиқди. Йўл-йўлакай сўзланди: “Акам Саша ҳам шу ерда. У ҳам… саратон. Уни бошқа бўлимга қўйишди. Уларни кўриштириб бўларканми. Билсалар, дадам чидаёлмайдилар”.

СЎНГГИ ШАРТНОМА

Эртаси куни тонгдан ёзувчининг асосий илтимоси билан шуғуллана бошладик – нашриётда ва Матбуот Қўмитасида асарлар тўпламини қай тариқа тез ва сифатли тайёрлашга киришдик. Кўплар ёрдам берди, зеро кўп нарсани олдиндан кўзда тутиш керак эди: неча жилд бўлади, тиражи қанча бўлади? Қоғоз масаласи ҳаддан ташқари ёмон эди, сўзбоши қанақа бўлиши керак ва яна кўплаб бошқа нарсалар.

Шолоховга вақт жуда кам ажратилганини билиб турардик. Кунларми? Ҳафталарми? Тайёргарлик бошланиб кетганини исботловчи бирон-бир далил олиб бориб кўрсатишни жуда-жуда истардик.

Мен ва Юрий Николаевич Верченкони, Ёзувчилар Уюшмаси котибини М.Қ.га, мафкура ва маданият ишлари юргизувчи котиб ҳузурига чорлашди. У шартнома тайёрлашни тезлаштиришни илтимос қилди — шифокорлар берган хабарлар ғоят нохуш дейишди.

19 январ. Верченко билан биргаликда ушбу нашриёт шартномасини имзолаш учун касалхонага олиб келдик.

Уни ўша-ўша аравачада ва ҳатто ўша-ўша стол ёнидаги ҳолатда кўрамиз — эшикка, барча келувчиларга орқа ўгириб олган.

Палатада ёлғиз эмасди. Мария Петровна ва қизи бор.

Синчиклаб қарайман. Лабларининг чеккаларида қўнғир доғлар бор – кейин бизга айтишларича, биз келишимиздан сал олдин томоғидан қон келибди. Столга қўйилган ўнг қўлида маршал Жуковнинг эсдаликлар китоби бор эди.

Шартнома шартларини айтаман-да, унга имзо чекишни сўрайман. У ручкани тутди, шартнома қоғозига кўз югуртириб чиқди ва – аниқ, қатъий тарзда имзо чекди. Ушбу ҳужжатдаги бош муҳаррир имзосини кўриб қолди-да, унга салом деб қўйинглар, деди. Уни ҳурмат қиларди.

Верченко Ёзувчилар уюшмаси котибияти кузда, Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан пленум ўтказишга қарор қилганини сўзлаб берди. Деярли лоқайд тинглади.

– Шолоховни таклиф қилиб бўларканми? – деб “айтганимда” у бир силкиниб тушди.

Мен атайлаб сукут сақлайман. Усулим иш берди – Шолоховнинг вужуди қулоққа айланганди. Дард забтига олган одамни тутақтирмоқ учун кутилмаганда миямга ўрнашиб қолган сценарийни давом эттирдим ва ҳатто гўё Шолоховдан бошқа одамга мурожаат қилгандек дедим:

– У ҳамманинг пўстагини қоқади-ку… Эсингдадир, у ўз нутқларида Фурцевани, Эренбургни, Симоновни… қандай танқид қилганди… у пленумга қиличини яланғочлаб келади…

Сценарий муваффақиятли чиқди – у жонланди.

Тўсатдан мен эслатган кишилар ҳақида:

– Уларнинг… бари… ўлиб кетди… – деди.

Бу коса тагида нимкоса гапнинг маъносини ким ҳам чақа оларди. Хайрлашар эканмиз, унинг кўзлари жиққа ёш эди.

СЎНГГИ ТАЛАБ

Февралнинг ўрталарида Вёшенскаядан хат ва таниш имзо келди. Сана ҳам бор: 9 феврал. Айтишларича, бу Шолоховнинг адабиёт ташвишлари билан боғлиқ энг сўнгги хати экан. Унда бор-йўғи олти сатр бор эди. Ундаги ҳамма гап бир нарсага қаратилганди: асарлар тўпламини тайёрлаш. У бўлажак нашр тузувчиси исмини айтганди – кичик қизини танлаганди. Зудлик билан жавоб телеграммасини жўнатаман: “СССР Давлат нашриёт қўмитаси асарлар тўпламингизни Сиз таклиф этган ҳажмда чоп этишга қарор қилди. Асарлар тўпловчиси сифатида Марям Михайловна Манохина Шолоховани жалб этиш ҳақидаги Сизнинг илтимосингиз бажарилди. Ишга тушмоқдамиз. Сизга ва Сизнинг яқинларингизга соғлиқ ва бахт, саодат тилаймиз.”

Унинг ижодий васиятига дахл этиш ҳам менга насиб қилган экан. Марям Михайловна ғоят муҳим ҳужжатни берди – “Тинч Дон”да кўплаб исм-шарифлар ичида энг аввал Троцкий исмини тиклаш борасидаги отасининг илтимоси.

Шолоховнинг бу кўрсатмаси – унинг ижодий таржимаи ҳолидаги алоҳида сатр ҳисобланади. Казакларни тарқатиб юбориш мавзусидаги тарихий ҳақиқатни ўз имкониятларига кўра тўла ёритиш учун курашишга аҳд қилган эди. Сталин ҳам, кейинги доҳийлар ҳам айнан партия ва ҳокимият казакчиликни тугатишнинг кенг авж олдирганини ҳатто бадиий асарда тасвирлашга ҳеч кимга йўл бермагани ҳақида гап кетмоқда эди. Фуқаролар урушида Троцкий бу ваҳшиёна кампанияни турли йўллар билан авж олдиради – буни эслашнинг нима ҳожати бор, зеро марказ шундай буюрган. Бу яққол кўриниб турган парадокс: Троцкий ўзи қачондан бери Кремлнинг, шахсан Сталиннинг қон душмани, муҳожирликда аллақачон ўлиб кетган, аммо уни фожеанинг айбдорлари сирасида тилга олишга Шолоховнинг ҳаққи йўқ. Бироқ партия тарғибот-ташвиқот йўриқларининг ўз мантиғи бор. Мана, муаллиф ҳақиқатни тиклашга жазм этаётир. Йиллар давомидаги тақиқларга чек қўйилган. Энди ҳамма нарса ўз ўрнига тушмоқда – ахир Троцкий исмисиз казакларни тарқатиб юбориш айбдорлари фақатгина маҳаллий лўттибозлар бўлиб чиқади.

Мен ҳар эҳтимолга қарши нари-берисини ўйлаб, Шолоховнинг амри ҳақида М.Қ.га ҳам, главлитдаги цензорларга ҳам ҳеч нима демадим. Шу тариқа ўтиб кетди. Ҳеч ким романда ниманидир таъмир қилиш мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмасди. Асарлар тўплами миллионлаб нусхада чоп этилди.

АЁВСИЗ САНАЛГАН КУНЛАР, СОАТЛАР…

Кабиса йили Шолохов йилини ҳам ўз ҳукми остига олган эди.

…Бирданига у Вёшкадаги уйига элтиб қўйишларини талаб қилиб қолди.Мария Петровна ва болалари ҳайрон ва лол – ахир у ерда бундай шифокорлар йўқ-ку.

Бош Кремл шифохонаси шифокорлари тўғрисини айтиб қўя қолишди. “Агар ўзи шуни хоҳласа, зўрлаб олиб қолишнинг кераги йўқ… балки у ёқда мўъжиза рўй бериб…”

Бироқ кетишга ҳеч шошилишмаётганди – об-ҳаво самолёт учиши учун нобоп. Вёшенкаликлар ҳар куни тонгда бетоқат осмонга разм солишади: осмон очиқми ё йўқми?..

Кичик-кичик самолётларда учишарди – вилоят партия қўмитаси ташвишга тушиб қолди ва ЯК-40 ни ажратиб беришди.

Уйда унга кўп нарсаларга рухсат этиларди. Аввал ҳамма нарса одатдаги биронта касалликда бўлмаганидек кечар эди: тонгги газеталар, сўнг депутатлик аризаларини “бошлиқларга” тарқатиб, қўлига китоб оларди…

Бироқ даҳшатли оғриқ ўз ишини қила бошларди, бундай касалликни халқ орасида ёқимсиз қисқичи бўлган зараркунанда – “саратон” қиёфасида бекорга тасвирлашмас экан.

Врач ҳайрон: у гиёҳвандликдан бош тортган – оғриқни босувчи биронта ҳам укол қилинмади.

Фақат ёнида Мая Петровна бўлган дамлардагина пинакка кетар ёки узуқ-юлуқ тунги уйқуни оларди.

Ҳатто иш вақтидан кейин ёнида шифокор ёки ҳамшира ўтирганидан ўзини ноқулай сезарди. Уларни унутишга ҳаракат қиларди – боринглар, уйларингга боринглар, менга ҳеч нарса қилмайди… Ўзи эса энди чойли кружкани қўлига ололмас ва кўйлагини алмаштиришаётганида ҳам қийналарди. Ўзининг тобора кучдан қолаётганидан нафрати қўзир эди.

Тўхтовсиз чекарди.

У касали тузалмаслиги ҳақида билишига ҳаммамиз амин эдик.

Шундай бўлса-да, яшашга жон-жаҳди билан тиришар эди. Бирдан эсига тушиб қолди – қайсидир қишлоқ кутубхонасига дастхатли “Тинч Дон”дан юборишни ваъда қилганди. Тўсатдан котибга райкомга бориб, партия взносини тўлаб келишини айтди. Котиб ўйлаб ҳам ўтирмай, “ҳали вақти бўлгани йўқ”, деди. Ҳозир ойнинг ўртаси, взнослар эса, ойнинг охирида тўланади. Жавобига нигоҳида бир янгича қарашни кўради, бунинг маъносини тушунмайди – наҳотки, ҳаётда ҳар бир сония қадрли эканини билмаса. Бирдан хотирасида менинг нашриётим олдидаги мен юқорида сўзлаб ўтганим ҳолатлар сузиб ўтди.

Михаил Александрович Шолохов 1984 йил 21 февралда ярим тунда ўз уйининг 2-қаватида вафот этди. Котиб соат милларини бирдан қирқ дақиқа ўтганида тўхтатиб қўйди.

Станицада қаҳратон қиш авж палласида эди ва шиддатли чўл шамоли деразаларга тинимсиз зарбалар берарди.

А. Файзулла ва Г. Муҳаммадёрова таржимаси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон