Асқад Мухтор – ХХ аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожиалари ила, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир.
Рауф Парфи
Соғинч ўртаганда гўзал, мардона, ҳақ туйғунинг қадри билинади. Хумори тутади… Бундан икки ярим йиллар олдин ёруғ туйғулар мўъжизакори Асқад домланинг ора-чорада кўклам насимидай кўнгилга оҳорли умид олиб кирадиган шеърлари кўринавермагач, бунинг соғинчи нафис мажлисларда қайта-қайта мавжлана бошлади. Бу тўлқин тўғонини бузганда бир сафар уйларига телефон қилдим.
– Дут, дуут, дут, дуут, – бир қисқа, бир узун овоз симда узоқ эшитилиб турса-да, гўшакни ҳеч ким кўтармади. (Лекин табиат садоси олдида унинг сир-синоатига ғарқ бир кўнгил оламни жуда муштоқ, интизорлик билан тинглаб ўтиргандек эди. Бу тилсимлар қамалида, хаёллар занжиридаги зотнинг сўзини эшитишни ким истамайди.) Кейин дала ҳовлилари телефон рақамини тердим. Гўшакни домланинг рафиқалари кўтарди. Домланинг аҳволларини, янги шеърларини сўрадим. У томондан кескин жавоб бўлди:
– Ҳозир хасталар…
Хаста одамни безовта қилиб бўлмайди. (Аммо бу дил хаста бўлиши мумкинми? Дард ойдинлигида унинг кўнгил кўзига нималар жилваланаётган экан? Эҳтимол, бу Хаёлни бутун бир давр қийшанглаган шайтонлар базми ўртаётгандир. Балки юракка очилган дарчадан малакларнинг яшил руҳзоридаги шаффоф йиғилари кираётгандир…)
Тўққиз-ўн ой ўтиб “Тафаккур”да домланинг “Уйқу қочганда…” – “Тундаликлар”и чиқиб қолди. Номининг ўзидаёқ адабий оламни янгилаган бу руҳиёна фикрлар ўша зукко Дарахтнинг ҳар ёққа сочилган тилла япроқларидай ҳазин, гўзал, умидли… Хазина излаган кўнгил унга дуч келганидан қувонмаслиги, ҳовлиқмаслиги мумкин эмас. Шодлигимнинг бошқа томони яна хаёлда у киши билан гурунглашиш имкони туғилди, деб ўйлаш эди. “Тузалган бўлсалар, ҳеч бўлмаса, суҳбатларини оламан”. Олдин телефонда боғланиб, кейин хонадонларига бормоққа қасд қилдим.
– Дут, дуут, дут, дуут, – бу бир хил совуқ симларнинг садолари неча бора қайтарилганини билмадим-у ниҳоят, кун охирлаб қолганда гўшакни домланинг ўғиллари олди. Одатдагидек, домланинг соғлиқларини сўрадим.
– Хасталар. – Суҳбат шу билан узилди. Энди телефондан безовта ва раддияли қисқа овоз пайдар-пай келарди: – Дут, дут, дут…
(Буям бир сирли шеърдай эди…)
Ҳозирча гурунглари насиб қилмаган бу инсоннинг бизга замондошлиги ҳаяжонга солар, ой кетидан ойлар ўтса-да, домла билан мулоқот ҳеч хаёлимдан кетмади. Бирдан яна бу мумкиндай, кунлар тўсиндан салқинлаб қолган ёмғирли мезон бошида хаёлим чарақлаб кетди. Аммо бу сафар орадан икки-уч кун ўтиб кетиб, рақамлар қайта-қайта терилганига қарамай, гўшакни ҳеч ким кўтарай демади.
– Дут, дуут, дут, дууут…
Лекин бу овозлар сўнгсиз давом этаётган бўлса-да, домла билан суҳбатлашишга умид янаям кучайди. Унинг алангаси бадтар кўкка ўрлади. Кейин… шу икки-уч йил орасида диллашиш ва сабоқ дояси бўлган “Йилларим”ни қайтадан кўнгил очди. Бунга ҳамиша имконият борлиги руҳга қувонч гулдастасини тутди.
* * *
ХХ аср ўзбек шеърияти яхши шеърларга сероб. Асқад Мухтор бу шеъриятга ўзининг катта ҳиссасини қўшган истеъдодли адибдир. Рост, аср йўргагида қуввайи ҳофизаси забардаст шоирлар мўл эди. Лекин мудҳиш ўттиз еттинчи йилдан кейин олтмишинчи йилларгача бу нафис дала тап-тақир бўлиб қолди. Шу орада бу бўтана дарёда, дили саёз дарёда битта Кўприк собит бўлди. Бу кўприк Фитрат-у Чўлпонларнинг гўзал оҳанглари, ҳур фикрларини Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов авлодининг ўтли ҳаяжонлари, фикрчан руҳият кўтаришларига туташтирди.
Асқад Мухторнинг сара шеърлари – фикр шеъриятимизнинг гўзал намуналаридир. Бу шеърият 70-йилларда адабиётимизда туғ кўтарган бутун бир авлодни турткилаб уйғотди ва уларнинг илдизига сингди. Балки, шу жиҳатдан ҳам энди бу дарахтларни силкитсангиз фикр ёғилади… Шубҳасиз, бу фикрлар янги, салмоқли, таъсирчан, ҳаяжонга бурканган, жазавали. Ажойиби – улар Асқад Мухторникига ўхшамайди. Ғаройиби – улар ўз мўъжизаларини Асқад Мухторникига солиштириб, гуми-бўйларини ўлчаганлар, ўсганлар – чуқурлашганлар. Асқад Мухтор шеърияти эса ҳамон улар билан бас бойлашади. Кўнгил мулки пойгасининг совриндори бўлиб юради…
Бу ҳассосликнинг тилсими қаерда? У қандай қилиб Чўлпон билан Рауф Парфини боғлай олди? У нима учун шахссизлик гирдобида ҳам шахс бўлиб қола билди? Буни тасвирлаш мумкин бўлмаса-да, хаёл ақл селида қолган гўзал ва абгор кўчаларга кириб чиқади. Қирқ йиллаб тош ёққан бу руҳият кўчаларида қандайдир умид ва ишонч топишнинг ўзи мўъжиза.
Асқад Мухторнинг фикр шеърияти – ўткир ақл шеърияти, нозик фаҳмлар оҳангзори, ўзига хос маърифат манзили. Балки шу боис ҳам ўртадаги қанчадан қанча маънисиз, мадҳиябоз, жимжимали шиғирлар ўз гирдобида ўзлари чўкиб кетганлари ҳолда табиий оҳанг, инсоний сўз, рост ҳислар кемаси бўлган Асқад Мухтор шеърлари кўмагида уфқ сари сузиб боришга қайта-қайта эҳтиёж сезамиз. Бу шеърият гирдобида чўкиб кетилганда ҳам ҳурлар ва дурлар оғушида ниманингдир маънисига етиш арзирлидир… Ахир, чин шеърнинг қонидан татиб кўриш қанчалик саодатли.
Бунинг устига шеър ёзиб, тилга тушишнинг ўзи оддий ҳодиса эмас. Аммо буни астойдил кўзлаган омма тилмочи мақсадига эришиши, олқиш гулларига кўмилиб кетиши мумкин. Лекин ундан-да ноёб, ҳамиша, вақтида қадрланавермайдиган, бирдан тушуниш амри маҳол, аҳли хосларнинг чўққидаги нигоҳи учун ёғду бўладиган яна бир шеърият бор. Ўрислар лўнда алфозда уни “интеллектуал”, деб таъриф беришади. Оммавий “ура-ура, ҳай-ҳай”чилик замонида бу шеърият бизда ҳам ниҳоятда дармонсизланиб шўри қуриши борган сари авжлади. Лекин шу даврда ҳам Асқад Мухтор интеллектуал шеъриятнинг толиби илми, маҳлиёси ва дардисари бўлиб қолмай, ўрталикда устози сонийси ҳам бўлди. Шу боис ҳам диди ниҳоятда баланд, таъби нозик ўзбек шеърияти ўсди, турли йўсинда шаклланди. Асқад Мухтор сўз майдонида бўй кўрсатганда эса бу санъаткорлик, зукко ва гўзал кўнгиллиликнинг мўъжиза кўрсатиши ўрни бўшаб, хазон қоплаб, умидсизланиб ётарди. Бу йўл унинг зеҳни билан умидланди, овози билан безалди, ўрганишлари билан тузалди. Унинг кўп яхши шеърлари жаҳон шеърияти тажрибаларидан хабардор, уларнинг энг авангард шаклларига хайрихоҳ, лекин ўзбекона ҳис-фикрдан туғилган миниатюралардир.
* * *
Мана, бир фожианинг беш мангу лаҳзаси…
Кўчаларда илон изи навбат,
нонга, керосинга, ўтинга…
Бу-ку урушни кўрган-кўрмаганнинг ҳаммасига бирдай маълум тасвир. Аммо шоир бизга фожиаларнинг фожиасини топиб беради. Бунда машҳур Лутфихон ая тирикчиликни ўтказиш учун эмас, бола олиш учун, мусибатзада сағирларнинг бошини силаш учун навбатда… Бу шеърда шундай нур балқийдики, у фожианинг устуни ўзбекона меҳр тимсолининг бўғзидан олингандай юракка қувонч улашади. Бу сарғаймас тасвир йиллар ўтган сари очилади, маъно теранлигининг бўйлари хушбўйлашади. Унга умиднинг этагига ёпишгандай ёпишасиз.
Асқад Мухтор фикр суратини чизар экан, воқеа-ҳодисалар баҳонасида ҳаётда кўзга ташланмайдиган, кўнгилда эса севинч-у ғуссадай, шафақ яллиғида товланиб турадиган мўъжизалар, ҳаёт маъносини кашф қилади. Уларни бошқа бир шоир “гуллаши” душвор. Унинг “Янгам” деган машҳур шеъри бор. Бундай олса, унинг устухони икки жумла мана бу гапда ўз аксини топгандай: “Янгага биров фарзанддан гап очса, менинг болаларим нобуд бўлган, дейди урушда”. Бироқ фикрга оддий гапдай қарай олмаслигимизнинг боиси – унда истеъдодгина топа оладиган фожиа қирраси мужассам. “Янгам”дан юзлаб аёлларнинг романларга сиғмайдиган уқубатлари бош кўтариб туради.
Умуман, энг навқирон даври уруш палласига тўғри келганиданми, шоирда, бу мавзуда хотирали, тиниқ тасвирлар анчагина. Улар бир-бирини такрорламаслиги бахтига, руҳият тилсимларини таҳлилий шарҳлаши билан янада жозибали. “Туш” шеъри хотирага келади. Аёлларнинг тушида ҳам жанггоҳдаги эрлари. Улар ҳар куни тушларини отинга сўйлаб, ундан таъбирини сўрайдилар. Бирови қалдирғоч айвонига қўнганини гапирса, бири тушида илон кўрганидан ҳўнграб йиғлайди… Таъбирчи отин эса буларнинг барини яхшиликка йўйиб, хотинларни умидлантиришга уринади. Аммо, шеърхон учун муҳими қалдирғоч жангчининг ватанига эсон-омон қайтиши, илоннинг йўл, ойнанинг дийдор, деб таъбир қилиниши, миллатнинг руҳи ҳақидаги рамзлар экани, тимсоллар тилида оламни англашга уриниш тасвири билан диққатни жалб этади. Бу аёллар ичида бир қизнинг келиб-кетиб, ўз тушини айтишдан чўчиши эса, янада сирли ва руҳиёна:
У қиз ҳам энди йўқ, унинг ўрнида
Бир аёл юради суқумсизгина.
Узоқларда ўлган жангчи йигитнинг
Тушларида қолди қизгина.
Ҳар тугул дангал бу фожиянависликнинг қуюқ ранги, сел қилувчи оҳанги адоғида умид гули очилиб туради. Унинг “Излар” номли ўн олтилигида жисми-жони ярадор жангчининг ватанига қайтгандаги илк кунлари оғир таассуротлари одатийдай чизиб келинади-ю, сийратнинг умидли ҳолати сўнгги паллада ошкор қилинади. Бунинг қувончидан бўғзингизга ёруғ йиғи келади.
Борсак – қўшни боққа кириб кетганди
Ёғоч оёғининг излари…
Шеъриятнинг қудрати ҳам шу-да. У бизга чексиз мусибатлар чангалзорида ҳам умид бахш этади, кўнглимиздаги ҳаётсеварликни, баҳорий ишқнинг ватанини топиб беради:
Ошиқлар ниҳолдай тебраниб сўрар
Сўлаётган баҳордан:
Ҳайҳот
Кетарсан сендан сўнг нима бўлади?
– Ҳаёт. Ҳаёт. Ҳаёт.
Бундай гўзал ва эзгу сатрларни ўқиганингиз сари уққингиз, руҳингизга жойлаб, кўкларга кетгингиз келади. Ахир, улар чақмоқ ёруғида ёзилган. Ахир, уларнинг абадияти шунда. Шундан бизга биродарлиги. Худо хоҳласа, ҳали Сиз билан жуда кўп гурунглашамиз, дардлашамиз – Асқад домла!
* * *
Адиб эса ярим йил ўтмасдан, 1997 йил баҳорида бу ёруғ оламни ташлаб кетди. Асқад домла билан ҳаётда учрашиб, гурунгларини олиш орзуси мен учун Қиёматга қадар армонга айланди.
Энди ўйлайман: биз ёшлар Асқад Мухторни шахсан билмай-танимай нега унга интилганмиз? Улуғ асарларининг мутолааси ёрқин таассуроти боис, албатта. Бироқ шунинг ўзи учунгина эмас. Давраларда Асқад Мухторнинг бутун ва етук шахси, маърифати-маданияти, зиёлилиги, миллатни озод кўриш йўлидаги ўзига хос оқилона кураши ҳақида гап-сўзлар ҳар замон қулоғимизга чалиниб, юракларни тўлқинлантириб, умидлантирар эди. Орадан қанчадир ўтди, билмадим, қўлимга: “Асқад Мухтор замондошлари хотирасида” (“Маънавият” нашриёти, 2003) китоби тушди. Ва айни шу китоб боис ҳам Асқад домла шахсиятига оид талай савол ва қизиқишларимга бир қадар аниқ жавоб топдим. Жонкуярлиги, мардлиги, фидойилиги, довруғи юрагимни қувончга тўлдирган бўлса, оғир хасталикка чалиниб, жуда азобланиб бу дунёдан кетгани бағримни ўртади. Бугунги зиёлиларимизнинг пешқадами, ўшанда талаба бўлган Иброҳим Ғафуров ўтган асрнинг 50-йилларини хотирлаб, ёзади: “Ҳеч ким ёшларга Асқад Мухторчалик дўст эмас деб тушунардик”. Ҳали ҳаваскор ижодкор Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар” романи ҳақидаги таассуротларини бир кичик тақриз қилганида, адиб ёш дўстини олдига чақириб, роман китоб ҳолида нашр этилаётганини айтиб, сўнгсўз ёзиб беришни илтимос қилади.
Ҳолбуки, довруғи собиқ Иттифоқнинг чеккаларигача етиб борган адибга истаган танқидчи бу сўзни бажонидил ёзиб бериши мумкин эди. Йўқ, адиб романини тарғиб-ташвиқ қилишдан олдин, ундан ҳам юксакроқ мақсадни кўзлайди – ёш умидли ижодкорни рағбатлантириб, парвозга чоғлайди.
Асқад Мухтор билан ёнма-ён ишлаш толейида ёзилган, университетни битирибоқ, “Гулистон” журналида иш бошлаган, севимли шоиримиз Абдулла Шер эътироф этади. “Асқад ака ҳеч кимга ҳеч қачон илтимос қилмасди. Бир сафар эса шу анъанани “бузган” эди…” Гап шундаки, у радиокомитет бошлиғи Убай Бурхоновга шахсан илтимос қилиб, унинг қўл остида ишлаётган Тоҳир Малик ва Эркин Аъзамни ўз журналига ўтишга рухсат беришни сўрайди. Бу ҳам ёш истеъдодларга ижод қилиш имкониятини кенгайтириш, ижодий муҳитнинг марказида бўлишга имкон яратиш эди. Мен ҳеч бир вақтли нашрда “Гулистон” журналидагидек меҳнат тартиби – иш соати 11 да бошланиб, 17 (5) да ниҳоясига етиши деб белгиланганини эшитмаганман. Бу журнал ходимларини ишга ўралашиб қолишдан асраш, ижод қилиш ва эркин бўлиш учун амалий меҳрибонлик, ижодкор психологиясини тушуниб, шунга кўра иш тартибини жорий қилиш эди. Шу фавқулодда адолатли тартиб ва демократия боис ҳам “Гулистон” журнали ўтган асрнинг 70-йилларида юртимиздаги адабий нашрларнинг карвонбошиси бўлди.
Асқад Мухтор қўлидан келганча, журъатли ва истеъдодли ёшларнинг Қизил империя тажовузида жувонмарг бўлиб кетмаслигига уринарди. Шоир Абдулла Шер жасур тенгдоши Асқар Қосим қисматидан сўзлайди. 60-йилларнинг охиридаги Ёзувчилар уюшмасидаги 500–600 киши йиғилган мушоиралардан бирида Асқар Қосим Империя зулмига қарши шеърларидан бирини ўқийди:
…Кўрмас эдим бунчалар хўрлик,
Агарда мен ўрис бўлиб туғилганимда.
Бу шеърни эшитган тумонат мухлислар ўрнидан туриб, шоирни олқишлайди.
“Эртасига эса Ёзувчилар уюшмасига тегишли идораларнинг ходимлари келишади ва Асқар Қосимовни топиб беришларини сўраб, у билан “суҳбат” қилишмоқчи эканликларини айтишади. Уюшманинг ижодий ишлар ва, айни пайтда ёшлар бўйича котиби Асқад Мухтор “меҳмон”лар билан бамайлихотир, бафуржа гаплашиб, Ёзувчилар уюшмаси айнан ана шундай ёшларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш учун мавжуд эканлигини тушунтиради. Хуллас, Асқад ака Асқарни аждаҳо оғзидан олиб қолади”. (Талабалигимиз кечган 80-йилларда ҳам ўн йиллар олдин собиқ тузум тазйиқи билан хўрланиб, қурбон бўлиб кетган Асқар Қосимнинг мардона шеърлари оғиздан-оғизга кўчиб юрарди. Худди ўзининг тақдирини башорат қилгандек, яна бир истибдод қурбони улуғ шоир – Усмон Носирга бағишланган шеърида шундай сатрлар бор эди, у ҳамон хотирамда турибди:
Тирик туриб сени тўрда кўрмадим,
Ўлик кўриб сени гўрда кўрмадим!..)
Истеъдодли ёшлар, айниқса, юрт-халқ озодлигини орзу қилиб, Чўлпон-у Фитратлар йўлини бошқача бир тарзда тутган ёш ижодкорларга ҳужум бир кун ҳам тўхтамас, жаллодлар ва тажавузкорларнинг шотирлари-да қиёфаларини минг турда алмаштириб, ўзбекнинг мунгини кўрсатмаслик, ҳар бир нидони қийратиш пайида бўлади. Ўзбекистон Ёзувчиларининг 1984 йилги қурултойида энди истеъдодли шоир Рауф Парфи маҳдудликда, даврнинг “улуғ”ишларига бефарқликда уриб чиқилади. Асқад Мухтор эса айни шу ғараз, нохолис танқидларга раддия ўлароқ Рауф Парфининг “Сабр дарахти” (1986) китобига сўз боши ёзган. Мақоланинг номиёқ совет мафкураси ҳайбаракаллочиларига ҳақли жавоб эди: “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони”. Мақола ниҳоясида Асқад домла умидли шогирдини гўзал бир дуо қилиб, ишонч билан дейди: “Кичик жилғалар дарёга олиб чиқади”.
Ажабки, Асқад домла истеъдодлар ҳимоясига оқилона сўзи, нуфузи билан имкон қадар ҳаракат қилар экан, бу билан ўзига ҳурмат-эҳтиром хирмонини йиғиб юрмаган. Гуруҳбозликдан ҳам узоқ бўлган. Буни Яратганнинг розилиги, ҳақиқатнинг тантанаси учун, руҳиятларнинг ҳур бўлишини астойдил истаганидан қилган. Ўзига нисбатан мақтов ва алёрларга эса совуқ, жуда бўлмаганда, беэътибор, эшитмагандай қараган. Беихтиёр хотирамга Қуръони каримдаги огоҳлантирув келади: “Аллоҳ мақтанчоқларни севмас”. Шоир Рауф Парфининг бир суҳбатида ўз оғзидан шу луқмани эшитганман: Устоз (Асқад Мухтор)га бир марта шеър бағишлаб, тавба қилганман. Хотира китобда таниқли шоир ва адиб Машраб Бобоев ҳам устози А. Мухторга бағишланган шеърини келтирар экан, “Устозга ёқмаган бўлса керакки, ҳеч нима демаган эди” деб ёзади. Шеър ажойиб, унда маддоҳлик йўқ, фазилатлар гўзал бир тарзда дарж этилади. Асқад Мухтор ўзига ниҳоятда талабчан бўлганидан ҳам индамаган, Машраб акани хижолатга солишни истамагандир. Мақтовга ҳуши йўқлигини бошқа шогирдлари ҳам кўп айтишади. Бу ҳам биринчи навбатда комил бир шахс бўлишга интилиш аломатидир.
Ўтган аср бошида миллат ойдинлари маърифат ила оммани уйғонтириш, илм билан истибдоддан қутулиш йўлида улуғ бир ҳаракатга келганини, Туркистонда жадидчилик бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий турганини, жадидларнинг кўтариб чиққан масалалари, айтган фикрлари бугун ҳам долзарб эканлигини энди-энди амалий бир эътироф этишга ўтдик. Бу жабҳа ҳукумат миқёсида мавжланяпти. Зеро, бунга маънан биз муҳтожмиз, ахир. Асқад Мухтор ўз замонида буни чуқур англаган, бу жадид, маънавий ислоҳотчи боболаримизни юрагидан севган, улар ҳаёт йўлини ўрганиш таъқиқдалигига қарамай, бунга бел боғлаган олим-у уламога ихлос қилар, айтмаса ҳам ўзининг уларнинг издоши, ўқувчиси деб билган.
Шунинг учун ўз имконияти даражасидан чиқиб ҳам шонли ўтмишимизни ўрганувчиларни қўллаб-қувватлар, киши билмас уларни қизил мафкура бало-қазоларидан ҳимоя қилишга тиришар эди. Биргина мисол. Академик Матёқуб Қўшжонов шундай хотирлайди: “1981-йил август ойида Тил ва адабиёт институтини мафкура жиҳатидан текшириш учун нуфузли комиссия тузилиб, Тошкент шаҳар партия комитети жадидизмни оқловчи, миллатчилик ғояларини ташвиқ қилувчиларни излайди. Уларга Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ҳам ёрдамга шошилади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири Асқад Мухтор эса шўровийларнинг ғаразли ниятини фаҳмлаб, асосий ҳужум зарби институт директори (Ўшанда М. Қўшжонов институт раҳбари бўлган В.Ф.) бошига тушишини тушуниб, қалқон тутади. (Бунинг учун раҳмат эшитмаслигини билган, албатта… В.Ф.). Газетага В. Тюриковнинг институт директори ҳақидаги ижобий мақоласини беради. Ушбу мақолага кўзи тушган Ёзувчилар уюшмаси котибларидан бири зудлик билан бош муҳаррирни ҳузурига чорлайди. Текшириш кетаётган пайтда бу мақолани нега бердингиз деб ўшқиради. Шунда Асқад Мухтор котибга қарата: “Кечагина “Правда” (СССР Коммунистлар партиясининг бош нашри эканига ишора қилиб)да институт директорининг катта мақоласи эълон қилинди. Сиз бу газета раҳбарини ҳам кабинетингизга чақиринг-да танбеҳ беринг! Жазосини олсин”, дейди-да, эшикни ёпиб чиқиб кетади”. Бунинг ўзи ҳам жаддидчилик ҳаракатини қўллаш, миллатни маҳдудликда тутишни истаб, ўйин билан ҳужум қилаётганларга гўзал бир “финт”, оқилона кураш, курашда биродарлик эди. Асқад Мухторни яқиндан билган ҳассос адиб Хайриддин Султон шунинг учун ҳам буюк устозини “Ўтган асрнинг сўнгги жадиди” деб атагани диққатга сазовордир.
Асқад домланинг ижоди каби шахси ҳам гўзал ибратдир. Ундан ҳар бир қаламкаш ибрат олса арзийди. Кимгадир қуйидаги ҳужжатимиз, жуда майда-чуйда туйилиши мумкин. Бизнингча эса ундай эмас. Адибнинг ўғли Темур Мухторов “Мен дадамни ҳеч қачон ичган ёки чекиб турган ҳолда кўрмаганман” деб ёзади. Шу маълумотнинг ўзи даҳрий, арақхўр жамиятда Асқад Мухтор Қуръон амри билан яшагандек таассурот беради. Муқаддас китобда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” Ҳадис-у шарифда эса, мўмин банда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказмайди, дея ўгит берилади. Асқад Мухтор эса ичкиликбозликнинг оқибати яхши бўлмаслигини ёш истеъдодларга уқтиришдан ҳам чарчамасди. Туркий халқларнинг машҳур адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов Асқад Мухтор билан ёш ёзувчи сифатида учрашувларидан бирида бу огоҳлантирувни шундай эслайди: “Ақли бутун ижодкор қаламни шиша билан улфат тутмайди”.
Ва умуман Асқад Мухтор ўзбек адиблари, ўзбек адабиёти билан, аввало, туркий қардошларимиз таниш бўлишлигини, ўртада чамбарчас биродарлик, бирлик бўлишини истаб, шу йўлнинг жонкуярларидан бўлган. Ижоди эса туркийгўй ёзувчиларнинг аксарияти томонидан қадрланган. Жумладан, дунёга донғи кетган, собиқ Иттифоқнинг энг олий мукофотига тириклигида мушарраф бўлган уч қардошларимиздан бири, бошқирд шоири Мустай Карим жуда камтаринлик билан шундай дейди. “Асқад Мухтордек ижодкорлар ҳар йили туғилавермайди”. Қолаверса, Асқад Мухтор ўзбек адабиётини жаҳонга чиқишида, сара асарларимиз маромига етказилиб таржима қилинишида собиқ Иттифоқ даврида олтин кўприк бўла олган. У “Тундаликлар”ида истиқлолга етгандан кейин етти-саккиз йил ўтиб ҳам бирон-бир яхши асаримиз рус тилига таржима бўлмаганидан ҳақли куйинади. Буни собиқ Иттифоқнинг тарқаб кетишига боғламаслик керак, дея, инқилобгача ҳам анча-мунча бадиий-тарихий дурдоналаримиз бу тилга таржималар қилинганлиги тарихий далиллар билан кўрсатиб, ҳаммаси ихлос ва фидоийликка бориб тақалишини уқтиради. Унинг бадиий таржима ҳақидаги мана бу фикрини эса олтин қоида қилса арзийди: “Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!”.
Очиғи, чин адабиёт тарғиб-талқини сийраклашиб кетаётгани қаторида, қаламкашларнинг ўзи ҳам эътибор ва дабдабага ҳаддидан оша ўч бўлиб қолгандай. Бу жараён атайин муаллифлар томонидан ташкиллаштириш урфга-да кириб кетди… Бу билан улуғ, янги асарлар тарғиботи қилинмаслиги, ёш ва ўрта ва кекса адабиёт вакилларига эътибор қилиш керак эмас демоқчи эмасман. Балки холис ва мухлис эътиборни кўнгил истайди. Меъёр ва мезон бузилмаса. Фойдали танқидлар ҳам бўлса, ўзимиздан кетиб қолмасак. Бу борада ҳам Асқад Мухтордан ўрнак олсак, фақат ютамиз. Етук зиёлиларимиздан бири бўлиб етишган Тоҳир Малик эслайдилар: “Ёзувчилар уюшмасида ишлаётганимда Асқад аканинг етмиш йиллик тўйларини ўтказиш бўйича тадбир тайёрлаб, котибият ҳукмига ҳавола этдик. Котибият таваллуд тўйи ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. … Котибият мажлисининг эртасига эрталаб Асқад ака келдилар. Қўлларида ариза. Мазмуни: “Халқ қийналаётган пайтда менинг тўй қилишим ярашмайди…” 80 ёшга етган улуғ ёзувчи Лев Толстой ҳам бу улуғ санани юбилей қилишга қарши норозилик билдиради, тўхташиш пайида елиб-югуради, аммо тантаналарини тўхтатишга қурби етмайди… Биз икки адиб шахсида ўхшашлик излаётганимиз йўқ. А. Мухторни Толстой бобога тенглаштирмоқчи ҳам эмасмиз. Шундай ҳам Асқад Мухтор Толстой ижодининг муҳиби эди, унинг шахсини, шахсий ҳаётини синчиклаб ўрганиб ҳам ибратланган. Толстойнинг бир туркистонлик билан учрашувидан илҳомлангани эса насрий ижодининг чўққи нуқталаридан бири. Аммо юқоридаги воқеада Асқад домлани дабдабалардан нари бўлиш, камтаринлик, ўзини кўз-кўзлашни истамаслик, мақтовни жини суймаслик, миллат олдидаги масъулият шунга ундаган, холос.
* * *
Яна шундай азиз он етди. Асқад Мухторнинг дилбар шеърларини жуда соғиндик. Шундай кунларда ул зотнинг таваллуди юз йиллигини юрт-давлат миқёсида нишонлашга киришилди. “Шарқ”да муҳташам бир китобда “Танланган асарлар”и нашрини тайёрлаяпмиз. Китобнинг бошида ўша ўзи мўъжаз, ҳайбати улуғ, маъноси кўп қаватли шеърлар. Ўртада роман, қисса ва ҳикоялардан иборат, ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ довруғи олис Америкага етиб бориб, йирик шарқшунос Э. Олворт “Ҳамон таъсир кучини йўқотмаган” деб эътироф этган насрий асарларининг саралари, китобнинг сўнгида эса сочилган маънавий жавоҳирлари “Уйқу қочганда…” – Тундаликлар. Шу ажиб мутолаа, зиёли мактаб таъсирида бўлса керак, тунда ҳам уйғониб кетавердим. Тонгга яқин кўзим илинганда туш кўрибман. Аллақандай катта бир қоғозда шеърий мисралар. Қўлда ўчирғич билан ўчириб келиняпти. Қора қаламда ёзилган эди-да… Аммо бир ерга келганида бир шеър ҳеч ўчмади. Шарикли ручкада ёзилган яшил сиёҳдаги мисралар чиқиб келаверди. Ярим ухлоқ, ярим уйғоқ бир тарзда – туш ва ҳуш орасида: “Э, бу Асқад Мухторнинг шеъри-ку!” деб юбораман-да, бутунлай уйғониб кетаман. Турибоқ корректурасини уйга олиб келганимга кўзим тушиб, узоқ пайт қўлга олмаганимдек, яна овоз чиқариб шеърларни ўқишга тутинаман.
“Эл-юрт” шеъри ниҳоятда дўлвор ва ўйчан ўзбекнинг бутун умрлик ҳаётининг энг муҳим дақиқалари, кунлари эл-юртсиз маъносиз ва забун, душворлиги ҳақида ёлғизликдаги мардона, теран иқрор. Бошқа бир миллат вакили том маънода бундай тўхтамга келиши мумкин эмасдай!
Асқад Мухтор ҳаётни ҳамма нарсадан устун қўйгани сабабли ҳам шоир шеърлари қайтариқсиз ва яшовчандир. Унинг таърифини ҳам ўзи қилади: Шеър жуда ҳам гўзал… яна ҳаёт шеъримдан минг қатла ҳусндор экан (“Ухламай”). Хотирада эмас экан ёшлик, Ёшлик шу ҳаётнинг ўзида экан (“Эслаб ёшлигимни…”). Бу мисралар содда туйилгани билан диалектикасининг залворига қаранг. Маънавий умр фалсафий тарзда мавжланади.
Сўз ҳақида ҳар бир шоир ўз таърифи бўлишига интилади.
Гомер каби мангуликка танла уни,
Мангу ёнар топсанг агар қаловини.
Асқад Мухторнинг бу шеъри оҳанги маснавий бир вазнда битилган ҳазрат Навоий достонлари каби қулоғим остида жаранглайди. Ташбеҳли талаб ҳам шу даражада катта, ҳар бир шоир, дунё нозимларининг устоди Ҳомердай бўлишга чорланяпти.
Бадиий асар руҳан қандай бўлиши борасида баҳслар тинмайди. Асқад шоир буни шундай тасаввур қилади, тасвирлайди:
Китобхон орзулар қанотида учсин,
Вужуди титрасин муқаддас дарддан.
Ҳайратдан нафаси ичига тушсин,
Билмасин қайси зум уни ўзгартган
(“Бош сатрларда”).
Бироқ шоирнинг ижодкордангина эмас, инсондан ҳам талаби, шеъриятга меҳри, муносабати шунчалик кўлвор ва оташин: Сени танимаган шўрликлар аянч (“Шеърият”). Ушбу сатрни дунё шеъриятининг билимдони, янги шеъриятимизнинг улуғ вакили Рауф Парфи “Шеърият” аталмиш шеърига иқтибос қилиб олади. Зеро, бу шоҳ сатр ила инсонларнинг қисмати сўзга, шеърга муносабат ила иккига ажралади, гўзал ва мудҳиш бўлишини фикр қилган ўзича кўраверади. Қалби сўқирларга нисбатан улуғ бир йиғи, марсия шу бир мисрада ҳайқириб ётибди.
Ана шундай бетакрор шеърлари ила Асқад Мухтор шеърияти 60-, 70– ва 80-йилларда кўз очган, жумладан ҳассос шоирларимиз бўлиб қолган А. Орипов, Ш. Раҳмон, ҳатто Муҳаммад Юсуф ижодига қандай таъсир қилганини равшан кузатиш мумкин. Бу шоирларнинг ҳеч бири устозга заррача ўхшамаса-да, ундан ўрганишлари, илҳомланганлари , бир мавзуда бутунлай янгича гўзал шеърлар яратганларини сезмаслик мумкин эмас.
Асқад Мухтор табиатан юмшоқкўнгил одам бўлганини ўзи-да айтади. Бу бошқалар кўнглини аяганларидандир. “У юрак ва онгнинг тарбиясидан дарак беради” (И. Ғафуров). Лекин шеърда унинг учун, аввало, ҳақиқатни мардона айтишдан бўлак маслак бўлмаган:
Астойдил ёлчидим дўстлар, дўстлардан,
Йиллар дарё каби музлаганида
Шулар олиб ўтди мени музлардан,
Шулар мени кўтармади кўкка,
Хато қилганимда шулар боплади.
“Эшик қоқаётир эллигим. Тавба…” мисраси билан бошланган бир бет ҳажмидаги сарҳисоб ушбу шеърда бир инсон бутун умрида кечирадиган аччиқ ва тотли қисмат реал ҳақиқат, киноя, рамз, афсус, сир, нимкоса, таг қатлам фикрлар қуюнида ўқувчи тасаввурида жонли тиклаб бериладики, ҳаракатдаги ҳаёт давомида тафаккурга ҳам чўмиб нималарни эсламайсиз ўзингизча. Унинг аксарият шеърлари ана шундай улуғ бир максимал таассурот ясайдиган сиқиқ, қатламли, лутфи, нутқи, оҳанги, реалияси ўхшамасдир. Шакли эса ўзгариб, қалқиб, фикр ва залворига ҳамоҳанг вужудни қамраб, қалбни забт этади. Завқланиб таълим оласиз. Мен туйганимни ўнлаб қоғозлар қоралашдан тийилиб, мана бу шеърларни ҳеч бўлмаганда санамасдан-да ўтиш катта ютқизиқдай . “Қўр”, “Бирор соат”, “Портрет”, “Хом олма”, “Сендан сени яхши билар хотининг”, “Эслайсанми жоним, у чоғларни…”, “Тун қўйнида”, “Турди – Мажнун”, “Умр нега ширин”, “Болаликда…”, “Ўтар-кетар”, “Икки гул”, “Инсонликнинг маъноси ўзгарди”, “Чегарадан ўтганда…”, “Заррама-зарра”, “Телба дарё экан, умр дегани…”, “Бойчечак”, “Икки эшик ораси”, “Мендан нима қолар”, “Наво”, “Аяжонимиз”, “Мўъжизалар”, “Мактаб”, “Тунда”, “Аслига тўғри” каби юзлаб шеърлари борки, уларни фақат шеър деб бўлмайди. Тасаввур, тафаккур, илм, завқ ва шавқ, фалсафий ва психологик ҳаёт мактабининг сабоқлари ўқувчини эсанкиратиб қўяди. Ростдан ҳам уларни шарҳлашга руҳоний қувват етмайди. Асқад муаллимнинг ўзларидан ошириб бир нарса деёлмаймиз: “Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?” Шеъриятни севганлар учун ана шу мусаффо ҳаводай Асқад Мухтор шеърлари.
Шоирнинг “Ҳамид Олимжонга” деган мумтоз шеъри бор. У Ҳамид Олимжоннинг энг яхши шеърларидан бири “Ўрик гуллаганда” турткисида ёзилгани аниқ. “Деразамнинг олдида бир туп ўрик оппоқ бўлиб гуллади” (Ҳ.О.). Жараёнларнинг давомий мароми ҳам уйқаш. Аммо бутунлай янги, фалсафий хулосаси яна ҳам теран, шафқатсиз ва умидбахшдир. Демак, мавзу, воқеалар ўхшашлигида шоҳ асардан бутунлай фарқ қиладиган, унинг таъсиридан мутлақ чиқиб кетадиган, ёриб ўтадиган асарлар битиш даҳо адибгагина насиб қилар экан. Шу шеърдан охирги бир парчани келтиришдан олдин адиб ижодий лабораториясидан ҳам нишона бера оладиган, яхлит ҳикматлар қаторида, Худо умр берса, келгусидаги асарларнинг режалари бўлиб-да қолган, бошқа ижодкорларимиз учун тарихий шахслар ҳаётини ёзишга ундалган, туртки берган “Тундаликлар”дан яримтагина иқтибос келтиришдан ўзимизни тўхтата олмадик. Зеро, шу икки оғиз гап ҳам ижод моҳиятидан, чинакам сўз санъаткорининг ҳиссий-ақлий қудратидан муждалар беради: “Ёшлик қайтиб келмайди. Лекин гўё ёшлик қайтиб келганидек мўъжизавий бир ҳиссиётни кўп бор бошимдан кечирганман. Бундай ҳиссиёт кўнгилда ва хаёлда янги роман ёки қисса туғила бошлаган чоғларда вужудимни қамраб олади”. Бу илҳом онлари! Айни шеърга ҳам дахлдор.
Бари ўтар экан, биз ҳам ўтармиз,
Ҳеч ким осмонга устун бўлмайди.
Ўшанда ҳам
Ғуссаларни енгиб
Ўрик оппоқ бўлиб гуллайди!
Ишхонамнинг деразасидан ташқарига қарайман. Лайлак қор ёғяпти. Осмондан ҳали ерга тушиб улгурмаган қор парчалари кўзимга негадир ўрикнинг учиб тушаётган оппоқ гулларига жуда ҳам ўхшарди…
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 11-12-сон