Ўзбек насри уфқлари (давра суҳбати)

ИЖОДНИНГ АЗАЛИЙ ВА АБАДИЙ ЙЎЛИ

Ўзбекистон мустақилликка эришиб, турғун фикрлар, сохта ғоя ва идеаллар исканжасидан қутулганига ҳам чорак асрдан ошди. Республика иқтисоди, саноати, қишлоқ хўжалиги, фан, маданият ва санъатда, жумладан, бадиий адабиётда муайян юксалиш, ривожланиш нишоналарини кўриб турибмиз. Ҳамма соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг аниқ самаралари яққол сезила бошлади. Халқаро алоқалар кучайиб, дўстлик ришталари қайтадан тикланаётгани, айниқса, ҳали куртак ҳолида бўлса-да, маданий-адабий ҳамкорликларнинг йўлга қўйилаётгани азалдан дунё аҳлига дўст, қардош, дарддош бўлиб келган бағри кенг халқимиз ҳамда кўнгли ҳамиша тоза ижод аҳлининг бағрига баҳорий илиқлик олиб келмоқда, уни умидбахш туйғулар билан илҳомлантириб, эзгулик, олижаноблик, адолат устувор бўладиган порлоқ янги манзилларга чорламоқда.

Айни замонда, чорак аср маълум даражада босиб ўтган йўлимизни сарҳисоб қилишга, эришган ютуқларимизни умумлаштириб, айрим камчиликлар, бажарилмай қолган ишлар сабабини таҳлил қилишга, улардан сабоқлар чиқаришга ҳам имкон беради.

Биз маънавият соҳаси — сўз санъатининг аскарлари бўлганимиз учун сар-ҳисоб даврида биринчи навбатда адабиётда яратилган асарлар ҳақида сўз юритишимиз, бу борадаги ютуқлар ва етишмовчиликлар хусусида гапиришимиз ўринли бўлади.

Ҳозирги адабий жараёнда яққол кўзга ташланадиган ва ҳаммамизни қувонтирадиган ҳодиса ижодкорларнинг хилма-хил услубий изланишлари учун кенг имкониятлар очиб берилганидир. Ҳеч кимга сир эмаски, социалистик реализмнинг темир кишанлари улоқтириб ташлангандан кейинги дастлабки йилларда «бозор адабиёти» деб аталаётган саёз асарлар анча болалаб, кўпа-йиб кетди. Эпчиллик қилиб ҳомий топа олган ёки озгина маблағи бор қаламкашларнинг ўртамиёна ижод намуналари китоб дўконлари пештахталарини безаб турганига кўникиб ҳам қолдик. Аммо маълум вақт ўтгач, бундай «усти ялтироқ, ичи қалтироқ» асарларнинг ўткинчи эканлиги ҳақидаги гаплар, мулоҳазалар яна устувор бўла бошлади. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида сўнгги йилларда юзага келган бозор адабиёти маҳсулотларини таҳлил этиб, баҳосини берувчи давра баҳслари, суҳбатлар уюштирилгани бежиз эмас.

Вақт ўтиб, бўтана сувлар тиниқлашгани сари адабиёт ўзининг асл ўзанларига, азалий қадриятларига қайтаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Зеро, адабиётда — сўз санъатида ҳаётни бўяб-бежамасдан ҳаққоний тасвирлаш, инсон қалбини теран тадқиқ қилиш, унинг қувонч-ташвишлари, дардларини, ички дунёсини, мураккаб туйғулар оламини бутун зиддиятлари билан акс эттирувчи ёрқин образлар, бадиий кашфиётлар яратиш воситасида ўқувчига эстетик завқ бериш ва унинг маънавий дунёсига таъсир кўрсатиш талаби ҳеч қачон эскирмай қолаверади. Ана шу муқаддас қонуниятни асосий мезон қилиб олган чинакам ёзувчилар қайси давр ва тузумда яшашидан қатъи назар, инсон юрагининг энг чуқур нуқталаригача етиб борадиган, ўлмайдиган ҳаётбахш асарлар яратиб қолдиргани маълум. Бальзак ёки Гоголь, Диккенс, Толстой, Достоевский, Тургенев, Чехов, Марк Твен ёки Тагор сингари ўнлаб башарият даҳолари ижоди бунга мисол бўла олади. Бугунги кунда бу адибларнинг қайси методда ижод қилгани ёки адабий тажрибалар ўтказгани эмас, балки ҳаёт манзараларини шафқатсиз ҳаққонийлик билан тасвирлаб, ўқувчи юрагини ларзага солгани ва адабиётни қудратли маънавий куч даражасига кўтара олгани муҳим. Шу фикрларни ўтган асрда социалистик реализм қолипларини ёриб чиқа олган Шолохов, Булгаков, Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Астафьев, Распутин сингари ёзувчилар ижоди ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шеъриятда эса Есенин, Твардовский, Николай Рубцов, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва бошқа ўнлаб шоирларнинг асарларини тилга олиш лозим. Бугун биз уларнинг ижодини қайсидир адабий ўлчовлар, айтайлик, социалистик реализм, сюрреализм, модернизм, постмодернизм ва бошқа «изм»лар талабига мос келганига қараб эмас, балки тасвирнинг ҳаётийлиги, санъаткор сифатида ўзига хос, бетакрор туйғулар оламини қай даражада суратлантириб берганига қараб қадрлаймиз ва улуғлаймиз.

Бу азалий ҳақиқатни қайта такрорлаб, унга урғу бераётганимизга сабаб шуки, фикр эркинлиги тамойиллари янги имкониятларни вужудга келтирган дастлабки кезларда энди адабиёт қайси йўлдан боради деганга ўхшаш мулоҳазалар пайдо бўлиб, баъзи ижодкорлар орасида ғарбда новаторлик сифатида баҳоланган айрим оқимларга маҳлиёлик ёки тўғридан-тўғри тақлид қилиш кайфияти бир қадар кучайган, модернизм, абсурд асарларини ёқлаш ёки уларни бутунлай инкор этиш майллари ҳам кўрингани маълум. Илло, ҳозир бу баҳсларга (улар кейин ҳам давом этади) муносабат билдириб ўтирмасдан, атоқли ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг ғарбдаги айрим адабий тажрибалар катта кашфиётларга олиб бориш ўрнига адабиётни ҳаётдан узоқлаштириб қўйгани ҳақида билдирган мулоҳазалари асосли эканини таъкидламоқ жоиздир.

Аммо бу мулоҳазалар адабий тажрибаларни, бадиий тасвир имкониятларини кенгайтириш йўлидаги изланишларни инкор этиш тарзида қабул қилинмаслиги керак. Адабиёт ҳамиша юксак изланишлар, бадиий кашфиётлар билан тирик. Фақат, юқорида айтганимиздек, янги адабий изланишлар ижод уфқларини кенгайтиришга хизмат қилиши ва айни замонда бошқотиргич-жумбоқларга айланиб кетмаслиги лозим. Ғарбдаги «эксперимент» шайдолари ҳам ўз машқларидан толиқиб, яна анъанавий наср усулида асарлар ёза бошлагани буни тасдиқлайди. «Жаҳон адабиёти» журналининг шу йилги 8-9-10-сонларида эълон қилинган америка ёзувчиси Кристофер Баклининг «Арабистонлик Флоренс» романини ўқиган китобхон фикримизга қўшилади деб ўйлайман.

Мазкур мулоҳазаларни қувватлайдиган яна бир мисол келтираман. «Иностранная литература» журналида ўтган йили турк ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Ўрхон Памуқнинг «Деразадан кўринган манзаралар» ҳикояси эълон қилинди. Асосан модернизм йўналишида ёзадиган бу ёзувчи мазкур янги ҳикоя-сида соф реалистик тасвир йўлидан боради. Қаҳрамонларининг портретини, хатти-ҳаракатилари, маънавий-руҳий кечинмаларини содда ва аниқ деталлар, ҳаётий манзаралар асосида гавдалантиради. Ҳикоядаги ҳар бир чизги ўз ўрнида, худди қуйиб қўйилгандек. Биронта ортиқча тафсилот, кераксиз гап-сўз, мулоҳаза йўқ.

Муаллиф кичик бир оиладаги фожиани, драматик вазиятни бола тили ва нигоҳи орқали таъсирли, ҳаётий лавҳаларда катта маҳорат билан гавдалантиради. Эр оиласини, бола-чақасини ташлаб кетган, ночор аҳволда қолган хотин, кекса она, болаларнинг изтироблари — ҳаммаси ниҳоятда самимий бўёқларда чизилган.

Бундан бир неча йил аввал худди шундай услуб янгича тамойилларда ижод қилишга мойил ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Қазо бўлган намоз» ҳикоясида ҳам ёрқин кўринган эди.

Адабиётимизнинг янги бўғинига мансуб бўлган Шойим Бўтаев, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, Абдуқаюм Йўлдошев, Наби Жалолиддин, Тилаволди Жўраев, Адҳам Даминов ва бошқа истеъдодли ижодкорлар жаҳон адабиётидаги энг яхши тажрибаларга ижодий ёндашиб, дуруст натижаларга эришаётгани ўқувчини қувонтиради.

Умуман олганда, қайси услубда ижод қилиш, қайси ёзувчидан ўрганиш ёки унга эргашиш ижодкорнинг шахсий иши. Ҳамма гап эришилган натижада. Адабий таъсир, адабий алоқаларсиз, бутун жаҳон адабий жараёнидан ажралган ҳолда юксак адабиёт, санъат намуналарини яратиш қийин, албатта. Айниқса, ўзбек халқининг табиатида бағри кенглик, жаҳон маданиятидаги энг илғор тамойилларнинг қадрига етиш ва эъзозлаш фазилати кучли. Буни буюк Навоий ижоди ёрқин кўрсатиб турибди. Ҳазрат мумтоз шарқ адабиёти ютуқларини, қадимги юнон, ҳинд, хитой адабий-фалсафий тафаккурини пухта ўзлаштиргани ўлмас ғазалларида яққол сезилади. Аммо бу ҳолат буюк Навоий асарларининг юксак парвоз қилишига заррача халал берган эмас. Ёки улуғвор «Хамса»ни яратар экан, Навоий ўзидан олдин яшаган ва форс тилида ижод этган шоирлар — Низомий, Хисрав Деҳлавий ҳамда устози Абдураҳмон Жомийларнинг анъаналарини, санъаткорлик сирларини пухта ўзлаштирмаганида хамсачиликда юксак муваффақият қозона олармиди?

Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романини яратиш жараёнида машҳур тарихий романлар муаллифи Журжи Зайдоннинг ижодий тажрибаларидан ўрганганини қайд этган эди. Айни замонда адиб бу араб романчиси орқали яна бир машҳур тарихчи ёзувчи Вальтер Скотт ижоди билан ҳам танишади. Шунингдек, у тарихий асарларини ёзар экан, рус ёзувчилари, хусусан, А.С.Пушкиннинг насрий маҳоратидан сабоқ олади. Буни «Ўткан кунлар» ва «Капитан қизи»ни қиёслаганда яққол кўриш қийин эмас.

Чўлпон ҳам жаҳон адабиётини пухта ўрганганини Рабиндранат Тагор ҳақидаги мақолалари, Шекспир, Пушкин трагедияларининг ажойиб таржималари исботлаб турибди. Айни замонда у Лев Толстой сабоқларидан ҳам кўп баҳраманд бўлган, жумладан, «Кеча ва кундуз»ни ёзишда ҳам «Тирилиш» романида қўлланган усуллардан моҳирона фойдаланган. Аммо бундай таъсирланиш, ўқиб-ўрганиш ҳолатлари ҳар икки машҳур ўзбек ёзувчисига миллий руҳ балқиб турган ёрқин образлар ва миллий ҳаёт манзараларини гавдалантиришга, миллат қисмати ва фожиасини ҳаққоний бўёқларда кўрсатишга асло монелик қилмади. Бундай табиий ҳолат адабиётнинг азалий қоидасидир.

Хуллас, адабий алоқалар, адабий таъсир самаралари бундан кейин ҳам янги-янги асарлар яратилишига туртки берувчи ҳаётбахш омил бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳам бугунги адабий жараён ҳақида гапирганда ҳар хил «изм»лар ўрнига адабий таъсир ва адабий алоқаларнинг самарасига кўпроқ эътибор берган маъқул.

Шу маънода бугунги насрдаги янги ва энг яхши изланишлар ўзига тўғри ўзандан йўл топиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Буни Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодировларнинг «Осий банда» ва «Она лочин видоси» романлари тажрибаси яққол кўрсатади. Бу икки машҳур адиб соф реалистик анъаналарга таяниб, ҳаққоний, таъсирчан асарлар яратиш йўли асло эскирмаганлигини, ҳамма гап маҳоратда, мазмуннинг чуқурлиги, кўламнинг кенглигида эканини амалда исботлаб бердилар.

Бугунги давра баҳсида шу кунларда фаол ижод этаётган барча ёзувчиларнинг асарлари мунозара учун мавзу бўлади деб умид қиламиз.

Ортиқбой Абдуллаев, танқид ва адабиётшунослик бўлими мудири

 

НЕОРЕАЛИЗМ БЎСАҒАСИДА

Ҳозирги ўзбек насри ҳақида ўйлар эканман, хаёлимда Максим Горькийнинг машҳур ҳикоясидаги қоронғи ўрмонда йўл қидириб юрган ва Данкодек қаҳрамон юрагини машъал қилиб, ёруғликка олиб чиқишини кутаётган оломон жонланади. Бундай ҳол, яъни гўзал наср дурдоналарини яратиш йўлида ҳудудсиз изланишлар уммонида талпинишдек мушкул жараён ўтган асрнинг 20-йилларида ҳам кузатилган эди. Уни ўша вақтларда шоир Чўлпон йўлсизликдан қийналиш деб атаган эди. Ўшанда муаммо осонгина, яъни расмий буйруқбозлик асосида ҳал қилиниб, деярли барча ёзувчилар ҳукм-рон мафкура ва ягона ижодий метод йўлига чиқариб қўйилган эди. Энди эса, аниқроғи, сўнгги ўн беш йил мобайнида ижод эркинлиги анча кенгайиши оқибатида насримиз ривожида бир неча йўналиш ёки тамойил бир-биридан сезиларли даражада фарқланиб, аниқ-равшан кўриниб қолди. Жумладан, бир гуруҳ ёзувчилар ўзлари учун нажот келтирувчи мунаввар йўл сифатида XX аср бошларида Ғарбий Европа адабиётида аён кўринган, «онг оқими» таъсири остида шаклланган модернизм анъаналарини танладилар. Уларнинг изланишлари натижасида Ғ.Ҳотамовнинг «Янги ой чиққан кеча», Тўхтамурод Рустамнинг «Капалаклар ўйини», Неъмат Арслоннинг «Мавҳумот», Асад Дилмуроднинг «Фано даштидаги қуш» романлари майдонга келди. Бу романларда худди Жойс ёки Пруст сингари машҳур модернизм намояндалари асарларидаги каби воқеа-ҳодисалар деярли тўлиғича қаҳрамонлар онгидан, хотирасидан ўтказилган тарзда акс эттирилиши натижасида ҳаётнинг ёрқин манзаралари ўрнига ўта мавҳум, ниҳоятда мураккаб ва китобхоннинг англаб етиши жуда қийин бўлган руҳий жараёнлар сурати тақдим этилди. Демак, соф модернистик анъаналар изидан бориб қилинган тажрибалар ҳозирча ўзбек насрида айтарли ижобий самараларга олиб келмади. Уларга нисбатан бутунича мумтоз реализм тамойилларига содиқ қолган ёзувчилар жиддийроқ, салмоқдорроқ муваффақиятларга эришдилар. Ўшандай муваффақиятлар насримизнинг деярли барча жанрларида мавжуд бўлиб, уларнинг анча таъсирчан ёзилган намуналари сифатида Шукур Холмирзаевнинг «Булут тўсган ой», «Озодлик», «Банди бургут» каби кўплаб бир-биридан гўзал ҳикояларини, Одил Ёқубовнинг «Қайдасан, Морико?», «Осий банда», Пиримқул Қодировнинг «Она лочин видоси», Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат» сингари қисса ва романларини эслаш мумкин. Булар орасида ҳозирги ўзбек насрининг Данкоси — ёзувчи Одил Ёқубовнинг «Осий банда» романи китобхонни ларзага солиши, юксак савияда ёзилганлиги, кўзимизни ярқиратиб очишига кўра сўнгги йиллар адабиётида энг жиддий ҳодиса даражасига кўтарилди. «Осий банда» романи XX асрнинг 60-80-йилларида мамлакатимизга раҳбарлик қилган арбобларнинг қисмати, фожиаси, халқ олдидаги жиноятлари, виждон азоблари ва жон талвасасидаги талпинишлари ҳақидаги асардир. Қизиғи шундаки, ёзувчи романда ўша раҳбарларнинг биронтасини ҳам номма-ном тилга олмайди, фақат ҳар қайсисининг таърифи учун биттадан сифатлаш қўллайди. Шу сифатлашларнинг ўзи ўша даврларда яшаган деярли ҳар бир одам учун гап қайси раҳбар тўғрисида кетаётганлигини яққол аён қилади-қўяди. Жумладан, муаллиф «масхарабоз подшо» сифатлашини қўллаши билан хаёлимизда беихтиёр Хрушчёв қиёқаси намоён бўлади. Худди шунингдек, асарда «дудуқ подшо» дейилганда, кўз олдимизда Брежнев, «кўзойнак подшо» бирикмаси учраганда Андропов сурати ўз-ўзидан гавдаланади. Уларнинг барчасини ёзувчи «катта оталар» деб ҳам атайди ва бутун шўро давлатига раҳбарлик қилганликларига ишора қилади. Шундан «кичик ота» дейилганда, ўша даврда Ўзбекистонга раҳбарлик қилган арбоб кўзда тутилгани англашилади. Муаллиф бу «доҳий»ларнинг деярли шу пайтгача кўпчиликка маълум бўлмаган ишлари, қизиқ-қизиқ хатти-ҳаракатлари ва энг муҳими, руҳий талпинишларини очиб берар экан, барчасининг таъсирчанлигини оширувчи восита сифатида ўша вақтдаги хўжалик раҳбарларидан бири Бобохон Саркорнинг хотиралари, хаёллари, ўй-кечинмалари ва тушларидан фойдаланади. Мазкур воситалар эса, катта даврнинг муфассал манзарасини эмас, балки энг муҳим нуқталарини, ҳодисаларини, китобхон қалбини жунбушга келтирувчи лавҳаларини ажратиб кўрсатиш имконини туғдирган. Улар орасида ўша даврнинг энг мудҳиш воқеаларидан бири сифатида «кичик ота»нинг Кремлдаги катта йиғилишда сўзлаган бир нутқи романнинг кульминацион нуқтаси даражасига кўтарилгандек туюлди. «Кичик ота» ўз нутқида мана бундай деган экан: «Пахтанинг нархи жуда баланд. Оқибатда пахтакорларнинг ҳаёт даражаси бошқа республикаларга нисбатан бир неча баробар юқори. Бу нархни қайта кўриб чиқиш даркор».

Бундай дейиш мудҳиш жиноятдан бошқа нарса эмас эди, чунки пахтанинг нархи пасайтирилиши натижасида ҳеч қачон косаси оқармаган, колхоз туфайли хонавайрон бўлган ўзбек деҳқонининг шўрига шўрва тўкилар эди. Фақат ёзувчи бу ҳодисани қайд қилиш билан чекланиб, чинакам санъаткорона йўл тутади, яъни уни ҳеч ерда «жиноят» деб атамасдан, мутлақо қораламасдан, асосий эътиборини қаҳрамоннинг нутқ сўзлагандан кейинги руҳий ҳолати, виждон азоби тасвирига қаратади. Қаҳрамоннинг ўз қилмиши оқибатлари қанчалик даҳшатли эканлигини англаганлигини ва чексиз виждон азобига ғарқ бўлганлигини очишда ҳам Саркорнинг хотиралари, айниқса, қўл келган. Саркор хотирасида «кичик ота»нинг телефонда Москвадаги раҳбарлардан Кулаков билан гаплашаётгани ва бир илож қилиб, пахта нархини қайтадан килограммига уч тийин оширишга кўндиргани худди кинотасмасидагидек жонланади. Шундай жонли манзара «кичик ота»нинг ўз хатосини пайқаганини, руҳан чексиз эзилганлигини ва қандай қилиб бўлса-да, уни тузатишга интилганлигини равшан тасаввур қилишимиз учун йўл очади.

Роман шундай мазмундор ва жонли манзараларга ниҳоятда бой бўлиб, уларнинг барчаси жамланган ҳолда ХХ аср иккинчи ярмидаги ҳаётимизнинг ғоятда мураккаб, чигал, қоронғи томонларини ҳаққоний гавдалантиришга йўл очган. Агар романнинг кейинги қисми ҳам худди шундай шафқатсиз реализм йўлида ёзилса, Одил Ёқубовнинг бу китоби яхлит ҳолда ҳозирги замон жаҳон адабиётининг олий андозалари савиясига яқинлашса ажаб эмас.

Энг қувончли томони шундаки, адабиётимизга яқиндагина кириб келган ёш ёзувчилар ижодида ҳам реализмнинг имкониятлари туганмас ва чексиз эканлиги яққол исботланмоқда. Бундай умидбахш хулоса чиқаришга сўнгги йиллардаги ўзбек насрининг чинакам кашфиётлари сифатида намоён бўлган икки ёзувчи – Луқмон Бўрихон ва Зулфия Қуролбой қизидек ёш истеъдодлар ижоди тўла асос беради. Чунончи, Зулфия Қуролбой қизининг «Тафаккур», «Ҳилола», Луқмон Бўрихоннинг «Адашган тунлар», «Чорбоғ қўриқчиси», «Сирли муаллим» сингари ҳикоя ва қиссалари мумтоз реализмнинг ҳаёт бахш анъаналари изидан бориб ҳам, ҳозирги замон китобхонининг қалбини ларзага соладиган, онгини бойитадиган ҳамда яшашига ёрдамлашадиган таъсирчан асарлар яратиш мумкинлигини яққол исботлади. Бундай асарлар орасида, айниқса, Луқмон Бўрихоннинг «Жазирамадаги одамлар» ва «Темир йўл» романлари ҳозирги насримизнинг жиддий ютуқлари сифатида эътироф этилганлиги бежиз эмас. «Жазирамадаги одамлар» романи эзгу инсонпарварлик ғояларини кишилар табиатидаги фавқулодда ўзгаришлар ва воқеалар ривожидаги кутилмаган, кескин бурилишлар воситасида ифодалаганлиги билан китобхонда катта қизиқиш уйғотади. Асарнинг қизиқарли чиқишига муаллиф воқеаларни ҳаётдагидан бошқачароқ тартибда жойлаштириш, кишиларнинг табиий майлларига эҳтиёткорлик билан ёндошиш ва деярли ҳар бир бобда диққатимизни турмушдаги сон-саноқсиз муаммоларга қаратиш орқали эришган. Романга сўнгсўз ёзган танқидчи Қ.Йўлдошев асар юзасидан одамни ҳайратга соладиган қуйидаги икки хулосани ўртага ташлайди: «Бугун бадиий асар қизиқарли воқеалар тасвиридаги эмас, балки инсон кўнглининг микротаҳлилидан иборатдир…»

Қатор ҳикоя ва қиссалари билан ўқувчилар эътиборини қозонган ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг «Жазирамадаги одамлар» романи ана шу йўналишда битилган асардир… Ёзувчининг илк романида ижтимоий муаммолар эмас, алоҳида одамларнинг кечинмаю сезимларини тасвирлаш етакчилик қилади».

Кўрамизки, бу сўзларда романдаги ўзаро мутлақо ажратиб бўлмайдиган унсурлар бир-бирига қарама-қарши, зид қўйилган. Аслида деярли ҳар доим воқеалар давомида инсоннинг руҳий ҳолати очиб берилади. Одамнинг маънавиятидаги ўйлару ҳис-туйғулари, хотиралари оқимида эса турмуш ҳодисалари ҳам, чексиз муаммолари ҳам, гоҳ тўлиқ, гоҳ узуқ-юлуқ, баъзан шунчаки кўринар-кўринмас чизги ёки излар шаклида қалқиб юзага чиқади. Танқидчи романда «ижтимоий муаммолар» етакчилик қилмаслиги ҳақида хулоса чиқаришига шу нарса сабаб бўлганки, ёзувчи ҳеч ерда асарида қандайдир муаммони кўтарганлиги ёки қаламга олинган қишлоқда муайян ҳал қилинган масала мавжудлиги тўғрисида кўкрагига уриб гапирмайди.

Ҳақиқий ёзувчи ундай қилмаслиги табиий, чунки у кўзда тутган долзарб муаммолар романнинг ҳар бир ҳужайрасидан, бутун тўқимасидан келиб чиқишини яхши билади. Чунончи, романда бошқа персонаж-лардан ажралиброқ турувчи ва гўё марказий қаҳрамонлардек туюлувчи Ўроқ ҳамда Лолахоннинг ҳаётига, тақдирига, фожиасига боғлиқ воқеалар жараёнида ХХ аср охирларидаги ҳаётимизнинг деярли ҳаммани ўйлантирган, ларзага солган кўплаб муаммолари назарда тутилгани аниқ-равшан сезилади. Ўроқ ҳам, Лолахон ҳам моҳият эътибори билан афғон урушининг қурбонлари ҳисобланади. Фақат ёзувчи ҳеч жойда «афғон уруши» деган бирикмани тилга олмайди. У фақат Ўроқнинг қайсидир жангда ҳалок бўлганини, жасади темир тобутда келтирилиб, қопқоғи очилмасдан кўмиб юборилганини маълум қилади. Ахир худди шулар афғон уруши оқибатида туғилган ва кишиларга чексиз руҳий азоб-уқубатлар келтирган ижтимоий муаммолар эмасми? Лолахоннинг кутилмаган ўлими воситасида эса муаллиф узоқ вақтлар мобайнида инсон «ижтимоий муносабатларининг мужмуи» сифатида тушунилиб, табиий эҳтиёжлари, майллари инобатга олинмаслигидек ниҳоятда муҳим муаммонинг барчани ўйга толдирувчи ечимини таклиф қилгандек бўлади. Худди шу ечимда баъзи танқидчилар Луқмон Бўрихон мазкур масалага ишора қилаётганини ангалатиш учун Чинорнинг ёшларимиз ёмон билим олаётганлиги ҳақидаги ўйларини келтиради. Чинакам образли тасвир ёки бадиий маҳорат деб шуни айтсалар керак-да.

Романда қайта-қайта қаламга олинган зиёфатлар давомида эса, ёзувчи узоқ йиллар мобайнида жамиятимизда тилдан тушмаган, лекин ҳал қилишнинг йўли топилмаган масалага, яъни қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги тафовут, одамларнинг чўлдан қочиб, Тошкентга талпиниши муаммосига ишора қилади. Ҳар гал маст бўлганларида Сафармурод Чавандоз билан Улаш агроном қаттиқ тўполон қилиб, шаҳарда яшаш яхшилигини гапириб, қишлоқдан кетишга отланиб қоладилар. Бундай ўринларда ҳам муаллиф «муаммо» сўзини тилга олмагани ҳолда, шўро замонида колхозу совхозлардаги одамлар қулдан баттар қашшоқ ва жирканч ҳаёт кечирганлиги манзараларини жонли ҳамда таъсирчан гавдалантиришга муваффақ бўлган.

Шу тариқа романда деярли ҳар бир персонаж ҳаёти, тақдири, қувончи ёки фожиаси воситасида кўплаб муаммоларга эътибор қаратилган. Асардаги персонажлар сони эса элликка яқиндир. Албатта, улар воситасида романнавис бирин-кетин ҳаётдаги муаммоларни иллюстрация қилишга берилиб кетмайди. Улар яккам-дуккам тасвирлангандек кўринса-да, ўзаро жамланган ҳолда чўлга кўчирилган ва саратон жазирамасида қулдек меҳнат қилишга маҳкум кишиларнинг, аниқроғи, муайян қишлоқдаги халқнинг ташвишга тўлиқ ҳаёти панорамасига айланади. Бу кенг кўламли манзарада ёзувчи ўша халқнинг турмуш тарзини, маънавий дунёсининг миқёсларини, онги ривожининг ўта юксак чўққиларию ҳаддан ташқари тубан нуқталаригача намойиш қилишнинг уддасидан чиққан.

Ҳозирги ўзбек насридаги ранг-барангликнинг ортишини таъминлаган яна бир гуруҳ қизиқарли асарлар пайдо бўлдики, уларда муаллифлар турли ижодий методларнинг унсурларини ўзаро чатиштириш орқали муайян ютуқларга эришдилар. Ўшандай ютуқларнинг кўпчиликка манзур бўлган намуналари сифатида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ором курси», «Жажман», «Бозор», Назар Эшонқуловнинг «Истило», «Қора китоб» сингари асарларини эслаш мумкин. Уларда гўё реалистик изчиллик ва ҳамма тафсилотларнинг далиллаб борилиши асосига қурилган сюжетга худди модернистик адабиётдагидек кутилмаган рамз-ларнинг сингдириб юборилгани кузатилади. Мазкур асарларда ҳаяжонли реалистик тасвирга фавқулодда рамзий ифодалар ниҳоятда теран маъно бахш этганлиги сезилиб туради. Масалан, «Жажман» ҳикояси ва «Бозор» романидаги ножинс махлуқдек рамзий тимсол орқали Хуршид Дўстмуҳаммад сотувчи ҳамда харидорларнинг бор-йўғини ғорат қилувчи порахўрларни моҳирона фош этиш билан бир қаторда бу тафсилотни Ўрта Осиёнинг Россия томонидан босиб олинишию бойликлари талаб кетилишидек мудҳиш тарихий ҳодисага ишора даражасига кўтаришга муваффақ бўлган. Ножинс махлуқ тимсоли беихтиёр хаёлимизда постмодер-низмнинг энг йирик вакилларидан бўлмиш ёзувчи А.Камюнинг «Вабо» романидаги каламушлардек ажойиб рамзий топилмани жонлантиради. Шаҳарга ёпирилиб кириб, сон-саноқсиз кишиларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган каламушлардек рамзий тимсол орқали Камю инсониятни фашизм офатидан огоҳ этишга интилган эди. Демак, Камю ижодидаги каби пурмаъно рамзлар кашф этилаётгани ўзбек ёзувчиларининг насримиз гуманистик моҳиятини чуқурлаштиришга мувофиқ келадиган бадиий воситалар топиш йўлида тинимсиз изланаётганлик-ларидан далолат беради.

Ниҳоят, сўнгги йиллардаги ўзбек насрининг шу гуруҳга мансуб жиддий ютуқлари орасида яна бир қатор асарлар майдонга келдики, уларда модернистик адабиётдаги воқеаларни инсон хотирасига кўчириб акс эттириш усули муфассал реалистик тасвир билан омухталаштириб юборилгани ва шунинг оқибатида таъсирчанликка эршилгани яққол сезилиб туради. Уларнинг энг яхши намуналари сифатидап Н. Норқобиловнинг «Қоялар ҳам йиғлайди» қиссасини ва А.Нурмуродовнинг «Қон ҳиди» романини хотирлаш ўринли бўлади. Бу асарларда воқеалар худди модернизм намуналаридаги каби қаҳрамонлар хотирасида қандай сақланган бўлса, шундай ҳолда, яъни ҳаётда рўй бериши мумкин бўлганидан бошқача тартибда тасвирланади. Шунга қарамай, муаллифларнинг маҳорати туфайли, яъни қўллаган ўринли имо-ишоралари ва бошқа бадиий воситалари ёрдамида китобхон воқеаларни деярли турмушдагидек кетма-кетликда, реалистик изчилликда жойлаштириб чиқиш ҳамда тасаввур қилиш имконига эга бўлади. Реализм ва модернизм унсурларининг шу тахлитда усталик билан пайвандланиши муаллифларга китобхонларнинг деярли бир умр ёдида сақланиб қоладиган ҳаётий сабоқ чиқариш имконини туғдиради. Хусусан, «Қоялар ҳам йиғлайди» қиссасида бундай синтез ахлоқий нопоклик инсонни ҳалокатга олиб бориши ҳақидаги ғоянинг таъсирчан ифодаланишига йўл очган бўлса, «Қон ҳиди» романида урушларнинг, жанглардаги қаҳрамон-ликнинг моҳиятини янгича талқин этишга, яъни муҳорабаларда ҳеч ким ютуққа эришмаслиги, барча фалокатга учраши тўғрисидаги ҳақиқат ёрқин юзага чиқарилишига хизмат қилган.

Демак, Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшон-қулов, Н.Норқобил ва А.Нурмуродов каби ёзувчиларнинг ижодий ютуқ-ларидан маълум бўлишича, ўзбек насрининг бундан кейинги гуркираб ривожланиши кўп жиҳатдан мумтоз реализмнинг буюк бадиий кашфиёт-лар туғдирган гўзал анъаналарини модернизмнинг энг яхши фазилатлари ҳисобига бойитиб бориш асосида давом этадиган кўринади. Шундай синтездан туғиладиган самарадор ижодий методнинг номи неорелизм бўлса ажаб эмас. Зеро, ҳозир Россияда ҳам, бутун жаҳон миқёсида ҳам бадиий адабиётда худди шундай номланишга лойиқ ижодий метод юзага келаётган-лиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Ҳозирги ўзбек насрида ҳам худди шунга ўхшаш метод қарор топаётганлиги унинг секин-асталик билан бўлса-да, бадиий ижод соҳасидаги жаҳон андозаларига яқинлашаётганлигидан гувоҳлик беради.

Санжар Содиқ, профессор

 

УМИДВОРЛИК

Бугун адабиётга ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж катта. Бадиий сўзга — халоскор сўзга, юпатувчи, руҳлантирувчи сўзга ташналик, илҳақлик ҳар лаҳзада, ҳар қадамда сезилиб турибди. Худди шу чанқоқликни қондира оладиган, фикрга чорлаб, сурур бахш этадиган асарлар керак. Бу ўта долзарб, ўта масъулиятли зарурат. Заруратки, унинг залвори энг аввало наср жанрининг елкасига тушади. Чунки ҳар қандай миллат, ҳар қандай эл-элат адабиётининг кўламини, қиёфасини кўпинча насрий асарлар белгилайди. Гап шу ҳақда бораркан, ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, бугунги ўзбек насрининг ҳол-аҳволи қандай?

Маълумки, мустақиллик шарофатидан юртимизда янги давр, янги турмуш бошланди. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Албатта, ислоҳотлар, ўзгаришлар осон кечаётгани йўқ. Чунки, бу — кураш! Янгилик ва эскилик, маърифат ва жаҳолат, эрк ва тутқунлик ўртасидаги беаёв олишув. Худди шу жараён адабиётимизда, жумладан, миллий насримиз жабҳаларида ҳам кечмоқда. Кўпгина ёш ёзувчиларимиз адабиётда шу пайтгача шаклланган тушунчаларни, эски қолипларни бузишга, адабий муҳитга соғлом руҳ, тоза об-ҳаво олиб киришга ҳаракат қилишяпти. Хусусан, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи, Исмоил Шомуродов, Наби Жалолиддин, Нормурод Норқобилов каби навқирон носирларимиз асарларида шу ҳол кузатилади. Лекин афсус билан таъкидлаб ўтиш керакки, бугун миллий насримизда ижодий жараён андак суст кечмоқда. Менимча, бунга биринчи сабаб — нашр масаласидаги чигалликлар. Ёзувчиларимиз нафақат ижод қилишлари, балки китобларини чиҳаришлари учун зир югуриб ҳомий топишлари ҳам зарур бўлмоқда. Тўғри, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаётган нашриётларимиз ҳол-аҳволини тушунишимиз мумкин. Лекин ёзувчи қўлидаги асарга эмас, унинг чўнтагига кўз тикиб туриш биздек маданиятни юксак қадрлайдиган халққа ярашмайди.

Шу ўринда боз қайд этиб ўтиш мумкинки, асосан адабий-бадиий битиклар чоп этишга мўлжалланган «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» каби журналлар ҳам иқтисодий муаммолар сабаб бир йилда аранг тўрт-беш марта «озиб-тўзиб» чиқаяпти, холос. Албатта, бундай қийинчиликлар ўткинчи. Лекин вақтинчалик бўлса-да, адабий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Миллий насримиздаги ижодий сусткашликнинг тағин бир сабаби, ёзил-ган асарларнинг етарли равишда тарғиб-тадқиқ қилинмаётганида, деб ўйлайман. Албатта, бу масаланинг увол-савоби адабиётшунос уламоларимиз бўйнида. Масалан, иқтидорли ёзувчи Нормурод Норқобилов сўнгги уч йил ичида тўрт-беш қисса эълон қилди: «Овул оралаган бўри», «Увлаётган ит», «Белбоғ» ва ҳоказо. Ҳатто, «Шарқ» наш-риёти томонидан тўплами ҳам нашр этилди. Бироқ, ҳали-ҳануз мунаққидларимиз Нормурод Норқобилов ижоди ҳақида ёлчитиб бирор нарса дейишмади. Умумий, мавҳум рўйхатларда қайд этиб туришади, холос. Ваҳоланки, матбуотда кўринган ҳар бир асарни таҳлил-тадқиқ қилиш, ютуқ ё камчиликларини рўй-рост айтиш янгиланаётган адабиётимиз учун ғоят зарур.

Модомики, сўз адабиётимизнинг, жумладан, насримизнинг равнақи, ривожи ҳақида бораркан, ҳеч бир адабиёт ўз ҳолича, айро униб-ўсмаслигини эсда тутишимиз лозим. Зеро, бугун биз ҳар соҳада, ҳар жабҳада дунё билан бўйлашишга, бошқа илғор мамлакатлардан тажриба орттиришга ҳаракат қиляпмиз. Демакки, адабиёт соҳасида ҳам жаҳон адабий жамоатчилигида юксак баҳоланган адиблар ижодидан ўқиб-ўрганиш гуноҳ саналмайди. Бу ҳақиқатни тузук англаймиз шекилли, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳартугул мақтовга арзигулик. Ҳассос таржимон — адибларимиз томонидан кўпгина бадиий сўз дарғаларининг асарлари ўзбекчага ағдариб таржима қилинди. Чунончи, Г.Маркеснинг «Бузурукнинг кузи» романи устоз Иброҳим Ғафуров томонидан маҳорат билан таржима қилинди, бирваракайига уч ижодкоримиз — марҳум устоз Озод Шарафиддинов, мунаққид Аҳмад Отабоев, шоир Азиз Саид, ҳар бири мустақил равишда П.Каэльонинг «Алкимёгар» романини ўзбек ўқувчисига етказиб беришди. Бундан ташқари, «Жаҳон адабиёти» журналининг деярли ҳар бир сонида дунёнинг донгдор асарларидан баҳраманд бўляпмиз. Бундай саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси қувонарли, албатта. Лекин машҳур адибларнинг машҳур асарларини таржима қилиш билангина мурод ҳосил бўлмайди. Назаримда, уларни чуқур таҳлил қилиб, ўқувчига тушунтириб бериш ҳам ўта зарурдир. Бу машҳур асар қай жиҳатлари билан аҳамиятли. Ёзувчининг санъаткорлиги нимада, у қайси адабий оҳимнинг қай бир қарашларини қай тарзда ифодалаган? Хуллас, шунга ўхшаш саволларга батафсил жавоб битилган илмий-адабий мақолаларга эҳтиёж катта. Ишончим комилки, машҳур ва мураккаб асарларни таҳлил-тадқиқ қила оладиган, дунё адабиётининг сиру синоатидан яхши хабардор, билимдон олиму адибларимиз етарлича топилади. Фақатгина андак хоҳиш, андак ғайрат бўлса, олам гулистон. Биз истаётган ўша таҳлилий мақолалар ёш ижодкорларимизга, хусусан, навқирон носирларимизга ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди. Уларнинг ижодий изланишларига, янгича бир руҳ, янгича бир нафас билан қалам тебратишларига туртки қўлади.

Ҳолбуки, қаламкашларимиз бугун «анави анъанавий», «манави модерн» деган даҳанаки тортишувлар, ҳавойи хаёллар билан овора. Уларнинг «модернизм» ҳақидаги тушунчалари у-бу давраларда узуқ-юлуқ қулоғига чалинган гаплардангина иборат, холос. Демак, қаламкашларимизга анчадан бери жозибали-жозибали кўриниб юрган дунё адабиётининг энг илғор анъаналарини илм тили билан, таҳлил тили билан тушунтириб бориш, уларни беҳуда тортишувлардан озод этиш пайти етди.

Маълумки, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ижодкорлар олдига замон қаҳрамонлари образини яратиш вазифаси қўйилган. Ўта долзарб, ўта ҳаққоний талаб! Чунки давр, ҳаёт ўзгармоқда. Сўнгги ўн-ўн беш йил ичида миллат турмуш тарзида, онгида ва қалбида эврилишлар юз берди. Худди шу эврилишлар марказидаги бугунги ўзбекнинг қувончу ташвишларини, ички оламини, руҳий тўлғоқларини бадиий асарларгда акс эттириш зарурати пишиб етилди. Қолаверса, бугун дунё бўйлаб мафкуравий, ғоявий кураш қизғин паллага кирди. Шарқу ғарб маданияти, ахлоқи, тафаккури башарият онгини, қалбини эгаллаш учун ўзаро талашиб-тортишмоқда. Унинг шарпалари юртимиз узра ҳам кезиб юрибди. Бу талотўплар силсиласида миллат тақдири қандай бўлади? Мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, юртбошимиз бошлаган шарафли йўлдан давом этадими? Миллий қадрият, миллий маданият омон сақлаб қолинадими? Келажак авлодлар олдида юзимиз ёруғ бўладими? Бу хил оғриқли саволларга ёзувчиларимиз замона қаҳрамонлари образинигина яратиб жавоб беришлари мумкин. Бунинг учун бадиий баркамол, самимият ва холисликка йўғрилган асарлар ёзиш керак бўлади, албатта.

Мен юқорида бозор иқтисодиёти билан боғлиқ муаммоларни тилга олиб ўтдим. Лекин бу ўткинчи қийинчиликлар, ноқулайликлар, ишонч билан айтаманки, чинакам истеъдод эгаларига ҳеч бир монелик қилмайди. Чунки улар қалбида истеъдод изтироблари ҳамиша сил-қиб туради. Ёзувчини Инсонга, воқеликка дард билан, хайрихоҳлик билан теран назар солишга ундайди. Қўлига қоғоз-қалам тутқазади. Худди шундай безовта Юрак, ёниқ Сўз ёзувчиларимиз бор экан, адабиётимизнинг эртасига умид ва ишонч билан қараймиз.

Луқмон Бўрихон, ёзувчи

 

АДАБИЙ ЖАРАЁН ҲАҚИДА

Ҳаёт бугун ёзувчини қай кўйларга солмоқда? Уни ўзининг қайси шафқатсиз оқимлари бўйлаб оқизиб кетмоқда?

Шуларни ўйлашимиз керак.

Аввало, ҳаёт жараёнларини буткул идрок этмасдан адабий жараён ҳақида гапириш мумкин эмас.

Дунёга назар ташлайлик: ХХ аср кўпдан-кўп фожиаларни ўз бошидан кечирди ва шубҳасиз, улар орасида энг даҳшатлиси Иккинчи жаҳон уруши бўлди. Миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ёстиғини қуритиш билан бирга авж олган мафкуралар кураши наинки халқларни, оға-иниларни ҳам бир-биридан ажратиб ташлади. Берлин деворларининг қулаши, чанг-тўзонлар ичра бир-бирига талпинган оға-инилар, қавму қариндошларнинг тинимсиз оққан кўз ёшлари халқлар ўртасидаги моддий ва маънавий, мафкуравий симтўсиқларни юлиб улоқтиришга қатъий даъват бўлган эди. Шундай бўлди ҳам. Ва бу ҳол барча маънавий қадриятлар орасида, айниқса, адабиётнинг тубдан янгиланишига туртки бўлганини эътироф этмай илож йўқ. Дунё халқларининг ўзаро бир-бирини яқиндан англаб етиши, тушуниши, ҳурмат қилиши адабий сарчашмаларнинг кўмилиб ётган кўзларини беозоргина очиб қўйишнинг энг қулай йўлидир, бош-қача айтганда, адабий маҳдудлик миллат, халқ маҳдудлигининг оддийгина кўриниши ҳисобланади.

Хўш, дунё эшикларини очди, дунёга қадам қўйдик, барча жабҳаларда шиддатли ўзгаришлар, булар орасида ёзувчи ўз ўрнини қандай топади?

Демак, адабий жараённи маълум маънода жамиятнинг ёзувчига бўлган муносабати белгилаб туриши чин ҳақиқат экан. Сўз – илоҳий, уни ўрнини топиб ишлатган авлиё; бошқалардан фарқли ўлароқ, миллий менталитетдан келиб чиққан ҳолда ҳам унинг супачасини ўзидан бўлак ҳеч ким эгаллаб ўтиролмайди.

Ёзувчига муносабат китобга бўлган муносабатни белгилайди.

Китобга муносабат маънавий даражанинг ўсишига, ақлий комилликка бўлган муносабатни белгилайди.

Булар биргаликда китобхонликни шакллантиради.

Маънавияти юксак, фикрловчи Шахслар ҳам, албатта, ана шундай китобхонлик бағридан ўсиб чиқадики, бундай Шахсларга муҳтожлик, афсуски, аҳён-аҳёнда бўлса-да, билиниб қолиши сир эмас.

Ёзувчига нисбатан муносабатнинг яхшиланиши, унинг қадрини ошириш профессионал адибларнинг ўз ўрнини топишига имкон туғдиради ва кечагина қўлига қалам ушлаб олди-қочди «роман» битаётган ҳаваскор қаламкаш билан миллат фахри бўлган улуғ адибни бир даражада ва мақомга тушириб қўймайди. Улуғ идеаллар, катта ғоялар айнан шу муносабат ҳосиласи ўлароқ вужудга келиб, энди ёзувчи елкасидаги олахуржун ерга туширилади ва Илҳом парисининг қанотлари бу елкалардан ўсиб чиқиб, уни юксакларга парвоз эттиради.

Илҳом париси майда ҳисларни ёқтирмайди, инсониятнинг орзу, аъмоллари, келажаги, бахти – хуллас улуғ идеаллар унинг қанотларини узайтиради.

Алишер Навоий буни шундай ифодалаган:

Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.

Ёки:

Қаю элгаки бир фармон йибордим,
Анинг забтига бир девон йибордим.

Алишер Навоий бобомиздаги дунё халқларининг бир-бирини тушунишга, бирлашишга қилган даъватлари у зотни инсоният даҳоси деб аташга изн беради.

Ҳаёт воқелиги, ижодкор маҳорати, жанрлар ўзгариши ва юксалиши каби қатор омиллар адабий жараённи белгилар экан, булар орасида адабий алоқаларнинг ҳам ўрни муҳим. Жаҳонда адабий ўзаклари бир бўлган қўни-қўшни республикаларда адабий жараёнлар қандай кечяпти, уларнинг ютуқлари, яхши асарлари, изланиш муаммолари ҳақида билиб, қиёслаб борилса, жараённинг фаоллашувига хизмат қилади.

Ёзувчи Шахси асарнинг савияси ва умрбоқийлигини таъминлайди. Шундай бўлса-да, барчага бирдек ёқадиган, барчани бирдек қойил қолдирадиган асарнинг пайдо бўлиши қийин ва чамаси, бунинг кераги ҳам йўқ. Ҳозир адабиёт турли-туман оммавий-тасвирий воситалар орасида ўзининг аниқ ўрнини белгилаб ололмаётганга ўхшайди: холбуки, унинг ўрни барчасидан юксакда, халқнинг онг-савиясини белгилаб турадиган даражада бўлиши керак. «Адабиёт яшаса, миллат яшайди», деганди Чўлпон. Кимдир биров «Ойнаи жаҳон яшаса, миллат яшар» деса бу гапнинг сохталиги дарҳол билиниб қолади. Адабиёт асрлар мобайнида аждодларимиз руҳини сўз орқали сақлаб келаётгани боис ҳам ўзининг айрича ўрнини даъво қилишга мутлақо ҳақли ҳисобланади.

Шойим Бўтаев, ёзувчи

 

МАЪНАВИЯТ ХАЗИНАСИНИ БОЙИТАЙЛИК…

Бугун ўртага ташланаётган мавзу жуда муҳим ва бу ҳақда азалдан ўйлаб келаман. Шунинг учун фикрларимни дангал айтишга ҳаракат қиламан. Аввало, шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, мен ҳам кўплар қатори ўз Ватанимни, Президентимни яхши кўраман ва уларга бўлган ҳурматим беқиёс. Адабиётимизнинг бугунги даражага етишида хизмат қилган устозларимизнинг барчаларига бош эгиб, таъзим бажо этаман. Қолаверса, бир нарса ҳақида кескин фикр айтиш, ундан қониқмаслик, ўша нарсанинг аввалгиларини инкор этиш дегани эмас (назаримда, биз ўзбеклар мана шу хислат маданиятини ҳам ўрганишимиз керак). Мен асосан ҳозирги кун, янада тўғрироғи, навқирон авлод насрини назарда тутиб фикр билдирмоқчиман.

Хўп, аввало, наср ҳақида: шеърият, фикримча, худди биринчи муҳаббатга ўхшайди — тўфону тўзонлар билан бир келади-ю, ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлайди. У бир неча лаҳзалик руҳий тўлғониш, кейин у қачон ёдингга тушса, ўртаниб-ўртаниб юраверасан. Наср эса мисоли умр йўлдошингдир — унга узоқ йиллар алоҳида эътибор зарур. Акс ҳолда, оила барбод бўлиши мумкин. Бизда ана шу узоқ йиллик заҳматга чидолмай, кўр-кўрона муносабат билан «оиласини» — насрни барбод қилаётган ёзувчилар ҳам бор. Аслида эса ўзбекда носирлар унчалик кўп эмас. Чунки бизнинг халқ табиатан шоир, носир эмас. Кўпларимизнинг бир нарса устида узоқ йиллар тер тўкишга бардошимиз етмайди. Қолаверса, ёзувчилик — бу ашулачилик ва ҳатто шоирлик ҳам эмаски, тезда шон-шуҳратга эришилса.

Ҳа, мустақиллик биз ижодкорларга кўп нарса берди. Хоҳлаган мавзуда хоҳлаганча ёзишимиз мумкин. Аммо бизлар мана шу эркинликдан деймизми ёки малакасизлигимиз туфайлими, ҳамон ўзимизга келолмай, эсанкираб юрибмиз. Бизларда профессионализм, яъни ҳунардаги усталик етишмайди. Аввало сўз денгизида чинакам ғаввос каби сузолмаймиз, асарларимизда ишлатаётган сўзларимизнинг миқдори ҳам жуда оз. Танлаган мавзуимизга хос оҳанг-жамали, миллий руҳиятимизга мос сўзларни, ибораларни топишга уринмаймиз. Тил устида ишлаб, сўзларга юрак қонимиздан жон бермаймиз. Бусиз, бир-биримизни ҳар қанча мақтамайлик, умуммуддаога етолмаймиз.

Бир гап айтаман, асло шаккокликка йўймагайсиз (аслида бағоят художўй одамман), яъни фикримни мажозий маънода тушунишингизни истайман: ёзувчи ўзи яратаётган оламнинг худоси бўлиши лозим. У ҳамма нарсани ўзига хос яратсин. Дейлик ерни, дов-дарахтларни, сувлару жонзотларни ва ниҳоят одамларни. Кейин уларнинг баридан огоҳ турсин ва барчаларига одилу холис муносабатда бўлсин. Меҳр-саховат, ҳиммат кўрсатишда, бағрикенгликда беназир бўлсин. Ўз оламида бағри дарё бўлиб оқсин. Ёзаётганда ҳеч ким ва ҳеч нарса билан ҳисоблашмасин, яъни ўзига турли сунъий чегаралар, қолипу меъёрлар яратиб олмасин. Бунинг учун ёзувчида журъат бўлмоғи лозим. Токи ёзувчи, мен асар ёзаяпман, воқеани ҳикоя қилиб бераяпман, деб эмас одамларга, миллатимга жон, қон бермоқдаман, дея тасаввур қилсин. Дарвоқе, биз ўзбек ёзувчиларида ана ўша журъат ҳам етишмайди. Журъатда гап кўп. Бу эса кенглик, қамров деган тушунчаларга олиб келади. Ёзувчи бағоят кенг бўлмоғи жоиз ва шунингдек, бу тамойил унинг кўнглига ҳам даҳлдордир. Зеро, у хаёлнинг буюк қувватига ҳам ишонсин. Токи асар ва ундаги мавзу ичра баралла қулоч ёза олсин. Буларсиз ёзувчи ҳаваскор бир мухлисга айланади-ю, буни ўзи тан олмай юраверади.

У ёғини сўрасангиз, бизда кўр-кўрона тақлид ҳам кучли. Ёш қаламкашлар (ёзувчи ва адабиётшунос-лар)нинг аксарияти ғарбона фалсафа ва усулларни (қўпол қилиб айтганда) рўкач қилиб пайдо бўладилар. Гўё Ғарбнинг зўр ёзувчилари номларини, дунёқараши ва фалсафасини билсалар, бошқалардан бошқачароқ, балки ақллироқ бўлиб қоладигандек тутадилар ўзларини. (Ҳатто баъзи адабиётга даҳлдорликни даъво қилган ёшларнинг «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Навоий»ларни ўқимаганликларини кузатганман). Менимча, масалага бундай ёндашмаслик зарур. Ҳа, бугунги кунда Ғарб маданиятини, айниқса, адабиётини билмай туриб, тараққий топмоқ мушкул. Бироқ уларни, дейлик, адабий ютуқларини ана шундайлигича ўз ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз ҳам хато. Унда бора-бора ўзлигимизни йўқотиб қўямиз. Шунинг учун улардаги усулларни ва эришган муваффақиятларини синтез қилиб ўзлаштиришни ўрганишимиз лозим. Ана шунда адабиётимиз, маънавий хазинамиз бойиб, дунё бадиияти тамо-йиллари даражасидаги асарларни ёзишга киришсак ҳам ажабмас.

Ёшларнинг ва баъзи катта ёшдаги адиб ҳамда адабиётшуносларнинг юқоридагидек муносабатларидан келиб чиқадиган яна бир шахсий фикр: бизда (яъни адабиётчиларда) ўзимизни, ўз адабиётимизни менсимаслик ҳоллари ҳам бор. Нега бўлмаса, уларнинг баъзилари адабиётга мисол учун, Қодирийни «тафтиш» қилиб кириб келмайдилар. Нега Ғ.Ғулом насрини, Ойбекни, П.Қодировни, Ш.Холмирзаевни, Э.Аъзамни ёки бошқаларни ўрганмайдилар, янгича фикр ва қарашлар билан уларни ҳам томонлама «фош» этмайдилар. Зеро, уларнинг фақатгина ютуқларини айтишлари ҳам шарт эмас. Ахир ана шунда адабиётимиз ривож топиб, бойимайдими?!

Яна тағин бизда ёзувчининг фақатгина асарига эмас, унинг шахсидан, мав-қеидан келиб чиқиб баҳо бериш анъанаси кучли. Биз бундан мутлақо воз кечмоғимиз лозим. Бу бизни мутлақо майда одамларга айлантириб ташлайди. Адабиётда адабиётга пок, ҳалол муносабат бўлмас экан, унинг ривожланиши, дунёга юз тутиши мушкул.

Биз бугун кўпинча аллақайси шоир ёки ёзувчининг қайсидир бирон давлат нашрида иккита шеъри, балки битта ҳикояси чиққани билан мақтанамиз. Шуям ишми?! Қани биздаги ғурур? Ахир биз катта миллатмиз-ку! Ҳа, дарров ўзбекчадан бошқа тилларга ўгирувчи таржимонлар йўқлигидан нолий бошлаймиз. Инсоф билан бир ўйлаб кўрайликчи, ахир биз «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилаётган ҳар хил катта-кичик халқларнинг турли савиядаги асарларини бировларнинг буюртмаси ёки истаги билан таржима қилмаяпмиз-ку. Ўз хоҳишимиз билан миллатдошларимизга етказишга уриняпмиз. Нега бошқалар бизнинг асарларимизни таржима қилишмайди? Нега тилимизни (шундай катта тилни) ўрганишмайди? Тан олайлик, бунда ўзимизнинг ҳам айбимиз бор. Автомобилларимизни, спортимизни, пахта ва бошқа нарсаларимизни дунёга танитамиз-у, нега энди адабиётимизни кўрсатолмаймиз? Чунки бунинг учун ҳам тинимисиз ишлаш, бутун бир тизим яратиш керак-да.

Аввало дунёга бошқалар учун ҳам фойдали ва қизиқарли бўлиши мумкин адабиётимиз борлигини кўрсатайлик. Дейлик, кино санъати нисбатан осонроқ дунёга чиқади. Демак, зўр сценарийларга асосланган кинолар ишлашимиз керак. Уни кўрган дунё аҳли шундай бир миллат борлигини билади ва ҳеч шубҳасиз, бугун маданиятимизга, адабиётимизга қизиқа бошлайди.

Иккинчидан, овози мутлақо йўқ, аммо чиройликкина ашулачиларни кунда бир нечталаб «кашф» этаётган қайси миллатпарвар мулкдор, компания, студия ёки ташкилот бирон-бир ёзувчини «реклама» қилди, китобларини чиқарди? Ана ўшалар зўр асарларимиз учун чет эллардан харидор топишлари, борингки, уларни таржима қилдиришлари мумкин-ку. Бу йўл билан ҳам пул топишлари мумкин, ахир.

Учинчидан, давлатлараро адабий алоқаларни кучайтириш лозим. Буни давлат миқёсида ва ёзувчиларнинг шахсий борди-келдилари учун имкон яратиш даражасида ҳам амалга ошириш мумкин. Биз бугун ҳатто ёнимиздаги жондошу қондош халқлардаги адабий жараёнлардан бехабармиз ва улар ҳам бизнинг ҳаётимиздан хабарсиз. Балки бошқа давлатларда ўзбек адабиёти кунларини, Ўзбекистонда бошқа халқлар адабиёти кунларини кўплаб ташкил этиш керакдир. Ардоқли устозимиз Абдулла Орипов бошчилигида қўшни давлатлар, айниқса, Россия билан бадиий асарларимизни таржима қилиб, нашр этиш бўйича шартномалар тузсак ва уларга яхши асарларимиз юзасидан тавсиялар берсак, яхши бўларди. Янаки, ёзувчиларимиз ҳам чет элларга чиқа олсинлар (моддий таъминот яхшиланса). Чунки ёзувчилар ўртасидаги шахсий алоқалар, дўстлик ҳам кўп яхши ишларга сабаб бўлади. Бу исботланган ҳақиқат.

Қолаверса, ноширлик ишларимиз ҳам ўлда-жўлда, уларда яхши асарни танлаш механизми яратилмаган. Уларда бутун дунёда бўлгани каби харидоргир яхши асарларнинг муаллифларини рағбатлантириш анъаналари ҳам шаклланмаган. Қалам ҳақлари ҳақидаги қонун ҳам қабул қилинди, аммо ҳали амалга кирмади. Ёзувчининг ҳар томонлама қулоч ёйиши учун бу ҳам жуда муҳим. Бундан ташқари, яхши китобларнинг ўқувчига етказиш тизими ҳам носоз. Мактабларга-ку янги китоблар қарийб бормаяпти. Бунинг оқибатида на фақат ўқувчилар, ҳатто ўқитувчилар ҳам бугунги кун ўзбек адабиёти ҳақида тузукроқ тасаввурга эга эмаслар. Очиқ айтиш керакки, кейинги йилларда халқимизнинг бадиий китоб ўқиш даражаси тушиб кетди. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси адабиётимизнинг даражасига салбий таъсир қилаётгани сир эмас.

Албатта, энг асосийси, аввало яхши асарни ёзиш керак. Бунинг учун ёзувчи буюк тафаккур соҳиби, дунёқараши кенг, сабрли, журъатли ва фидойи бўлмоғи лозим. Булар чиройли гаплар эмас, илло адиб ўз асарига бутун вужудини ва ҳатто соғлигини, жону жаҳонини бахш этмас экан, асло жаҳоншумул асарлар ярата олмайди.

Хўш, асли бизда дунё тилларига таржима қилиб, кўз-кўзлашга арзирли замонавий асарлар борми? Дунё тилларига таржима қилишга арзирли асарлар ўзи қанақа бўлади? Унинг ўлчовлари борми? Ҳамма мақтаётган «Алкимёгар»дақа бўладими? Ахир, бу асар 170 дан ортиқ тилга ўгирилган-ку. Дарвоқе, «Алкимёгар»ни мен ҳам «Жаҳон адабиёти» таржима вариантида эл қатори ўқидим. Лекин жуда унақа таассурот олмадим. Эҳтимол, менинг ақлим етмагандир. Тилдаги, ифодадаги жозибани сезмадим. (Балки ўз тилида бўлакчадир, ахир бу таржима «шўрвасининг шўрваси»-ку). Сюжет оддий, саргузаштнамо. Асарнинг мазмуни ва фалсафасини турлича маънога йўйиб, талқин қилиш мумкин. Ўзимизнинг «Зарбулмасал»дай гап. Балки ана ўша тагдорлик кўпларни ўзига тортгандир. Ҳа, айтгандай, балки асарнинг шов-шувга сабаб бўлиши боиси ушбудир: асарда соф шарқона фалсафа ва исломий ақидалар олға сурилади. Бу, ахир, Ғарб халқлари учун экзотика ва ҳатто янгилик-ку. Шунинг учун… Биз Шарқ кишилари учун эса бу гаплар, фикрлар жуда оддийдай туюлмайдими? Кимлардир зўр дея эътироф қилган нарсани инкор этиш билан ақлли бўлиб қолмайман, буни ҳам биламан. Аммо мендан шахсий фикрим сўралди-ку, ахир.

Шу маънода замонавий ўзбек адабиётида жаҳон тилларига ўгириш мумкин бўлган асарлар бор, бироқ оз. Менимча, бу фикрни ёзувчиларимизнинг барчалари тан оладилар. Қолаверса, таржима қилинган асар ўша халқ томонидан эътироф этилиб, обрў топиши керак-да. Тенгдошларим орасида жиддий тажрибалар қилиб, яхши натижаларга эришаётганлари ҳам бор. Ана ўшалар адабиётимизнинг жаҳоншумул эртасидир балки.

Яна қайтараман, эришган ютуқларимизни, ёзилган ва ёзилаётган яхши асарларимизни, устозларимиз ҳамда дўстларимиз меҳнатини инкор этишдан мутлақо йироқман. Фақат суюкли Ватанимни ҳар томонлама мукаммал кўрмоқни истайман. Ҳозир биз она тупроғимизни бағримизга босиб, кўзларимизда севинч ва умидворлик ёшлари ила дунёга кўз тикиб турибмиз. Яъни тезроқ ўша кунлар келса-ю, замонавий ўзбек ёзувчиларининг асарлари ҳам дунё халқлари тилларида баралла жарангласа, чет элларга чиққанимизда ёзувчиларимиз, уларнинг асарлари ҳақида сўрашса, гапиришса, қўйингки, жаҳон майдонида ўзбек романлари, қисса ва ҳикояларининг ҳам ўз ўрни пайдо бўлса. Муддао, асл мақсад ана шу.

Наби Жалолиддин, ёзувчи

 

ТАФАККУР ҚАНОТИ

Асар қайси тилда ва ким томонидан ёзилишидан қатъи назар, инсонни камол топтириш, унинг маънавий ҳаётини бойитишга хизмат қилади. Туркий адабиётлар ҳам бундан мустасно эмас. Бой маданий мерос, тарих ва анъаналарга эга бўлган турк адабиётидан намуналар ёритиб боришга журналимиз таҳририяти алоҳида эътибор бермоқда. Ўтган йиллар давомида «Жаҳон адабиёти» саҳифаларида Азиз Несин ҳикоялари, Р.Н. Гунтекиннинг «Ҳалала» комедияси, Суот Дарвишнинг «Фосфорли Жаврия», Явуз Баҳодирўғлининг «Хоразм ўт ичида», Тариқ Буғранинг «Усмон Ғозихон», Ҳ.Н. Отсизнинг «Кўкбўриларнинг тирилиши» романлари, бир қатор адабий-маърифий, публицистик мақолалар эълон қилинди.

Бошқа халқлар адабиёти қатори турк адабиётида ҳам турли оқимлар, йўналишлар мавжуд. Ҳозир модернизм, постмодернизм оқимлари турк адабиётида етакчи мавқега эга. Бу улкан адабиётда янги-янги номлар пайдо бўлди. Постмодерн оқими вакилларидан бири Ўрхон Памуқ Туркиядагина эмас, Европада ҳам машҳур бўлиб кетди. У кейинги романлари учун 2006 йилда халқаро Нобел мукофотини олишга муяссар бўлди.

Ўрхон Памуқ долзарб мавзуларни қаламга олиши билан ажралиб туради. Унинг «Менинг отим қирмизи» романи йигирма тўрт тилга таржима қилинди. «Оқ қалъа», «Қор», «Қора китоб» романлари ҳам бир неча тилларга таржима қилиниб, қатор мукофотлар билан тақдирланди. Шу жиҳатдан Ўрхон Памуқнинг Нобел мукофотига сазовор бўлгани бежиз эмас. Лекин бу романлар севиб ўқиладими, ҳаммага маъқул бўладими?— Гап мана шунда. Хусусан, мен муаллифнинг икки романини ўқиб чиқдим. Таржима қилиш ниятим ҳам йўқ эмасди. Лекин негадир бу романлардан қониқмадим. Таржима қилишга ҳам қўлим бормади. Юрагим «жиз» этмади. Қалбим жунбушга келмади. Негадир роман деганда кўз ўнгимга Абдулла Қодирий, Ойбек, Жўржи Зайдон, Чингиз Айтматов асарлари келаверади… Лекин менга ёқмади деган гап бошқаларга ҳам ёқмайди дегани эмас. Унинг ҳам ўзига яраша мухлислари бўлиши турган гап…

Ҳа, дарвоқе, Ташкентда таҳсил олаётган туркиялик адабиётчи илм толибидан илтимос қилиб, Ўрхон Памуқнинг «Қора китоби» романини келтиртирган эдим. «Ўзингизнинг фикрингиз қандай?» деб сўрадим. Туркиянинг ўзида яхши баҳо олмаганини айтди. «Бу асарга асос қилиниб Болгарияда чиққан қандайдир асарнинг ғояси олинган», деди. Ҳам романнинг ёзилиш услуби, ҳам тили, бунинг устига «ҳалиги гап» ҳафсаламни пир қилди.

Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳамма ёзувчини, унинг асарини ўз қаричим билан ўлчаш фикридан йироқман. Журналимизда босилган ҳар қандай асардан ўқувчи маънавий озуқ олсин, тафаккури бойисин, жаҳон халқлари маданиятидан баҳраманд бўлсин — мақсадимиз шу. Адабиёт нафақат дўстлик элчиси, маънавият сарчашмаси ҳамдир. Бадиий тафаккур ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. У ҳамиша ўсиб ва юксалиб бораверади. Адабий жараён тафаккур каби тинимсиз янгиланишда, юксалишда. Турли халқларнинг адабиёти ўсиб, ривожланиб, бир-бирини бойитиб боради. Журналимизда ана шу нарсанинг акс этиши — маънавиятимиз бойишининг муҳим омилларидан биридир.

Файзи Шоҳисмоил, таржимон

 

ДУНЁ БИЛАН БўЙЛАШИБ

Биз кўникиб қолган аввалги ўзбек насрида, асосан умумлашган (типик) тимсолларни тасвирлашга, бир қаҳрамон сиймосида бутун бир ижтимоий қатламга хос жиҳатларни кўрсатишга интилиш етакчи йўналиш ҳисобланар эди. Эндиликда воқеликнинг ижтимоий маъносини излашдан кўра, тасвирлашга, эстетик моҳиятини англашга уриниш кучайди. Тасвир объектининг ўзгарганлиги насрий асарларнинг жанри табиатига ҳам таъсир кўрсатиб, унинг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги ўзбек прозасида ҳужжатлилик билан фантастика уйғунлашуви, ахлоқий ва ижтимоий насрнинг чатишуви, ривоят билан фалсафанинг аралашуви каби ҳолатлар кучайиб бормоқдаки, буни дунё адабиётида рўй бераётган жанр ўзгаришларининг адабиётимиздаги кўринишлари деб изоҳлаш тўғри бўлади.

Бугунги носирлар инсонни “ҳазрати одам” сифатида фақат улуғлашдан кўра, унинг иллат ва ожизликларини ҳам батафсил тасвирлашга эътиборини қаратмоқдалар. Шунинг учун ҳам замонавий ўзбек насрида истеъмолчи одамга хос ижтимоий-психологик стереотип тасвири кучайди. Бугунги насрий асарларда кўпинча моддиятдан бўлак қадриятларни арзимас нарсалар деб ҳисоблайдиган истеъмолчи кимсаларга хос кечинмалар, зиддиятлар ҳам кенг кўрсатилмоқда. Замонавий ўзбек насри истеъмолга ташналикдан бошқа барча туйғулари ўлиб бораётган кимсалар қуршовида қолган эзгу табиатли кишилар руҳиятини, кўнглини, қисматини тасвирлашга йўналтирилган.

Шунинг учун ҳам бугунги насрда бойлик, мартаба олдида минг қиёфада турланадиган одамлар тасвирини кўп учратиш мумкин. Бу ҳол насрий асарларда инсон характерини шаклланиш жараёнини кўрсатишдан кўра, унинг муайян ҳолатини тасвирлашга, характер психологиясини таҳлил этишга мойилликни кучайтирмоқда. Бугунги айрим одамлардаги беқарорлик ва ўзгарувчанлик, шароитга мослашувчанлик майли замонавий ўзбек насрида қаламга олинаётган қаҳрамонларнинг ўзгармас хусусиятларига айланиб бормоқда.

Бугунги ўзбек насри тараққиётидаги асосий тамойиллардан яна бири ҳар бир носирнинг ўз ижодий йўлидан юришга интилаётганидир. Зеро, ижод маҳсули бетакрорлиги, ўхшаши йўқлиги билан қимматлидир. Ҳатто, энг даҳо санъаткорнинг энг доҳиёна асарига хос жиҳатлар такрорланса, бу оригинал ижод эмас, бор-йўғи нусхакашлик бўлади. Маълумки, энг ночор битикчи ҳам энг улуғ ижодкорнинг нусхакаши бўлишни истамайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги ўзбек насрининг кўзга яққол ташланадиган яна бир белгиси ягона мафкурадан холи бўлиб, инсон кўнгли изҳорини, руҳий эҳтиёжини ифодалашга ўтганлигидир. Миллий насрнинг эстетик буюртма бажариш эмас, кўнгил ҳолатлари, руҳият манзараларини тасвирлашга ўтиши бадиий нигоҳ билан ўзгариб, ижодий мезонларнинг соғломлашувига олиб келади. Бугунги наср ўқувчига ниманидир ўргатиш, уни қайсидир тўғри йўлга даъват этиш даъвосини қилмайди. Чунки ўқувчини етакка муҳтож ношуд мавжудот деб ҳисобламайди.

Яқин ўтмишдан яхши маълумки, биздаги ҳар қандай бадиий асар асосан мавзусига кўра баҳоланарди. Мавзунинг долзарб ва салмоқдорлиги бадиий даражаси учун кафолат ҳисобланарди. Ҳозир яратилаётган бирорта асарни мавзусининг муҳимлигига қараб баҳолаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Ўзбек носирларининг асосий қисми долзарб мавзуни эмас, ўзини тўлқинлантирган, хаёлотни безовта қилган инсоний тақдирларни тасвирламоқда. Бу бугунги ўзбек насри инсон кўнглини, дардларини, ҳаётий ташвишларини қаламга олишга ўтганини англатади ва бу эстетик тамо-йил адабий мезонга айланиб бораётганлиги қувонарлидир. Илгарилари носирлар учун инсон фаолиятининг оқибати бўлмиш улкан тарихий ҳодисалар, салмоқли ижтимоий воқеалар тасвири муҳим саналган бўлса, энди ёзувчилар воқеа-ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, воқеаларни ҳаракатлантирган, улардан фойда топган ёки жабр кўрган одамлар ҳақида қалам сурмоқдалар. Бугунги ўзбек насрида ҳодиса, яъни оқибатнинг ўрнига сабаб, яъни одам руҳиятининг тасвири биринчи ўринга чиқиб бормоқда.

Замонавий ўзбек насрига хос яна бир муҳим тамойил ҳар бир асарнинг ўз қиёфаси, ўз йўсинига эга бўлиб бораётганлигидир. Олдинлари асарнинг тасвир йўналишини мавзу белгилаган бўлса, ҳозирда ифода ўзгачалиги муҳим саналади.

Замонавий ўзбек шеъриятида янгиланиш жараёни анча кескин ва оғриқли кечди. Натижада, поэтик авлодлар ўртасида муайян даражада узилиш рўй берди. Насрда эса бу жараён бирмунча оҳиста ўтиб, ижодий авлодлар давомийлиги ва узвийлиги сақлаб қолинди. Шунинг учун ҳам ўзбек насрининг бугунги тараққиётида Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров сингари оқсоқол ёзувчиларнинг ҳиссалари сезиларли бўлмоқда. Улар ўз битикларида турли замонларда яшаган кишилар руҳиятидаги бугунга мос тўлғамларни акс эттиришга эришмоқдалар.

Бадиий насрдаги туб янгиланишлар Шукур Холмирзаев, Муҳаммад Али, Эркин Самандар сингари шаклланган тасвир манерасини ўзгартирмаган адиблар ижодида ҳам намоён бўлди. Улар қадим тарих ёки бугунги кунда бўлиб ўтган муҳим воқеаларни эмас, ана шу воқеаларда иштирок этган одамларнинг кўнгил тебранишлари ва руҳий изтиробларини тасвирлашга устувор аҳамият бера бошладилар. Бу адибларнинг асарларида одам тарихий ҳодисаларнинг иштирокчисигина эмас, уларнинг ижрочиси бўлган бетакрор ва ўзига хос тақдир эгалари сифатида кўрсатилмоқда. Асад Дилмурод, Эркин Аъзам, Нормурод Норқобил, Шойим Бўтаев, Аббос Саид сингари носирлар ўз бадиий йўлларидан собитлик билан боришмоқда ва қаҳрамонлар руҳиятини тасвирлаш борасида ўзига хос кашфиётлар қилмоқдалар.

Тасвир йўсини ўзгачалиги билан ҳозирги ўзбек насри ривожида алоҳида ўрин тутган Назар Эшонқул, Тўхтамурод Рустамов каби носирлар одамнинг бутунлай ўзига хос ва бетакрор ўйлари дунёсини ҳеч кимга ўхшамаган йўсинда тасвирлаш йўлидан бормоқдалар. Назар Эшонқул “Тун панжаралари” қиссасида: “Мен “ҳаётий воқеаларни” шунчалик ёмон кўриб қолган эдимки, бу ҳикояларни ҳам ана шу ўта даражадаги аниқликка қарши ўзим учун ёзгандим”, — дейди. Бу тўхтам ёзувчининг ижодий эътиқоди эканидан ташқари, бугунги ўзбек насри тараққиётидаги муҳим бир тамойилни ифода этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Чиндан-да, миллий наср ҳаётий аниқликдан юксакроқ реаллик бўлмиш чигал руҳият ва теран фалсафий мушоҳадаларни ифодалаш даражасига кўтарилди.

Зеро, миллат бадиий тафаккури тараққиётининг турли босқичларида ҳодисаларга ёндашиш тамойиллари ўзгариб боради. Буни бадиий асарлардаги ҳаётий ҳақиқатни акс эттирш мезонларига ҳам татбиқ этиш мумкин. Яқин-яқинларда ҳам ҳаёт ҳақиқатига мос келиш бадиий асарнинг ютуғи деб қараларди. Бунда моҳият, ички жиҳат, сабаб-оқибат боғланишлари, кўнгил, туйғулар силсиласи ҳаёт ҳодисаларининг ичида пинҳон бўлиб қолаверади. Ҳаёт учун натижа муҳим. Адабиёт учун эса — жараён. Шу маънода адабиётнинг адабиётлиги ҳам ҳаётга айнан ўхшамаслигида, унга қараганда кўламлироқ, чуқурроқ эканлигидадир. Шунинг учун ҳам ҳаётдагига ўхшамаган тасвирлар миллий насрда кенг ёйилиб бормоқда.

Омон Мухтор, Шойим Бўтаев, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Саломат Вафо, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Жамила Эргаш каби бир қатор носирлар ўз битикларида инсон ва унинг моҳиятини тамомила янгича нуқтаи назардан кўриш ҳамда кўрсатиш йўлини тутдилар. Бугунги насрий асарларнинг қаҳрамонлари фақат фаолият одамигина эмас, балки ўй ва мушоҳада кишилари сифатида ҳам тасвирланадиган бўлди. Одамнинг асл моҳияти фаолият кўрсатаётгандагина эмас, балки тин олиб турган ёки ўйлаётганда ҳам намоён бўлиши мумкинлиги бадиий тасвир тажрибасига кириб кела бошлади. Бу хил асарларда бирор ижтимоий қатламга мансуб одамнинг ўзга қатламдаги кимсага қарши кураши эмас, балки ўзини англамоқчи бўлаётган одамнинг ўз-ўзи билан омонсиз ва азобли олишуви кўпроқ тасвирланадиган бўлди.

Ўйлаб қаралса, адабий қаҳрамонларни фақат фидокор, жонидан кечишга шай кимсалар тарзида кўрсатишни талаб этиш, бир томондан, ижод эркинлигига зуғум бўлса, иккинчи ёқдан, одамнинг асл табиатига, ҳаёт тамойилларига ҳам зиддир. Адабиёт ана шу бир ёқламаликдан қутулиб, одамга хос барча яхшию ёмон томонларини мураккаблиги билан тасвирлашга ўтса, инсон деган хилқат ўз назарида ҳам, ўзгалар кўзи олдида ҳам юксалади. Аслида кимдандир фақат юксак идеаллар учун фидо бўлишни талаб этавериш ҳам бирёқламаликка олиб келиши мумкин.

Бугунги ўзбек насри ривожига синчиклаб назар ташлаган киши унда, ижтимоий танқид, ижтимоий-психологик тадқиқ, ижтимоий-ахлоқий тас вир каби уч йирик йўналиш борлигини кузатиши мумкин.

Одил Ёқубовнинг “Адолат манзили”, “Осий банда”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, Аббос Саиднинг “Кўчада қолган одам” асарлари ижтимоий танқид йўналишига мансуб бўлса, Шукур Холмирзаевнинг “Динозавр”, “Ўзбеклар”, Омон Мухторнинг “Ишқ аҳли”, “Буюк фаррош”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Ёлғизлик”, “Мувозанат”, “Исён ва итоат”, Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар”, Шойим Бўтаевнинг “Шох”, “Шўродан қолган одамлар”, “Бир кунлик меҳмон”, Назар Эшонқулнинг “Қора китоб”, “Шамолни тутиб бўлмайди”, Зулфия Қуролбой қизининг “Тафаккур” каби асарлари ижтимоий-психологик йўналишда битилганлиги билан ажралиб туради. Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой”, “Наврўз, наврўз”, “Ёзувчи”, Нормурод Норқобиловнинг “Қоялар ҳам йиғлайди”, “Орият”, “Овул оралаган бўри”, “Тоғ одами”, Тўхтамурод Рустамовнинг “Капалаклар ўйини” сингари асарлари эса ижтимоий-ахлоқий йўналишда битилгандир. Ахлоқий ўлчамлар ўзгараётган, маънавият мезонлари янгиланаётган даврларда жаҳон адабиётида ҳам бадиий насрнинг шу тахлит йўналишларда ривожлангани маълум.

Бугунги насрнинг кўплаб намуналарида тарихнинг бурилиш нуқталарида яшашга маҳкум бўлган одамларга янгича назар билан қараш тамойили кучайиб бормоқда. Тарих ва тарихий вазият ҳамда шахс ва омма муносабатларидаги чигаллик, мураккаб вазият исканжасига тушиб қолган ўта улуғ шахсиятларнинг ҳам бошига тушган оғир синовлар бу асарларда жуда таъсирли акс эттирилган. Ўзбек насрида инсон концепциясининг бу тахлит ўзгаришида ҳам жаҳон адабиётининг таъсири катта бўлган, албатта.

Бугунги адабий қаҳрамонлар кўпинча фароғатсизлик, безовталикка йўлиққан, руҳий мувозанатдан чиқиб, ўзи, ҳаёти, умрининг салмоғи ҳақида адоқсиз ўйлар қучоғида қолган кишилардир. Бу дунёнинг моддий ташвишлари уларга малол келади. Улар маиший ташвишлардан баландроқ туради, моддийликка қоришиб кетишдан сақланишига интилади, кўнгил инжишларидан азобу изтироб чекади. Бундай персонажларни ташқи жиҳатлар, ахлоқий шартлиликлар, ижтимоий ёрлиқлар қизиқтирмайди. Улар моҳиятни билмоққа, унга етмоққа уринадилар.

Адабиёт шуниси билан қимматлики, уни ҳамиша бир хил мезон билан ўлчаб бўлмайди. Навоий асарлари билан танишаётганда фикр миқёсининг чексизлигини кўзда тутиш, Достоевский асарлари ўқилаётганда руҳий тўлғоқларнинг кўламини ҳисобга олиш, Толстой асарлари хусусида фикрлаётганда тасвир қамрови кенглигини унутмаслик, Кафка асарлари борасида гап борганда ҳаётнинг мантиғи ва табиий маромига мутлақо бўйсунмаган ижодкор шахснинг дун-ёси ёки адабий қаҳрамон фожиаси акс эттираётганини назардан қочирмаслик керак бўлади.

Бугунги ўзбек насрида миллатга хос бўлган маънавий фазилатларнинг қаймоғи мужассамланган қаҳрамонлар ҳам акс эттирилаётганини таъкидлаш жоиз. Миллатнинг қудрати аҳолининг сонига эмас, балки миллатга хос асл хусусиятларни ўзида мужассамлаштирган шахсларнинг кўплигига боғлиқ.

Ўзбек адабиёти жаҳонга чиқа олмаяпти, унда жаҳоний мезонларга жавоб берадиган асарлар яратилмаяпти, деган иддаолар кўп айтилади. Бу борада ташкилий тадбирлар зарурлигини инкор этмаган ҳолда, умуман адабий асар фақат жаҳоний миқ-ёсларга чиқиш учун ёзилмаслигини ҳам унутмаслик керак. Бадиий асар аввал бошдан алоҳида бир ижодкор кўнглидаги оғриқлар сифатида дунёга келади. Ва у албатта миллатнинг руҳини ифода этади. Бирор миллатни билиш учун унинг адабиётини ўрганишдан тўғрироқ йўл йўқ. Бинобарин, жаҳон ўзбек миллатининг кўнглини билмоқни, уни англамоқни истаса, бизнинг адабиётимизда бугун яратилаётган асарларга мурожаат этиши табиий. Агар дунё шунга эҳтиёж сезмаётган, ўзбекнинг кўнгли қайси асарда тўлароқ намоён бўлаётгани билан қизиқмаётган экан, бундан катта фожиа ясаш ўринсиз.

Хуллас, бир дунёда туриб, ундан ташқарида яшаш мумкин эмас. Бунинг учун дунёга чиқиш, унга танилиш керак. Танилгимиз келади ҳам. Лекин бунинг учун дунё билан тенгма-тенг гаплаша билиш, алоқа қилиш лозим. Фақат томошабин бўлиб қолиш мумкин эмас. Дунёнинг эси бор. У зериккан ёки марҳамат қилганидан эмас, фойдали деб ҳисоблаганида, ўзи излаб топади.

Шундай экан, дунё аҳлини санъату адабиётимизга экзотика сифатида ажабланиб назар солишига йўл қўймаслигимиз, миллий ориятни, асл қадриятларимизни сақлай билишимиз зарур.

Қозоқбой Йўлдош, адабиётшунос

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон