Бир машҳур ёзувчимиз номи чиққан асарида “… бир ракаат намоз ўқиб олай” деб ёзган эди қаҳрамони тилидан. Ваҳоланки, ибодатнинг бу турининг энг қисқаси икки ракаат бўлади.
Собиқ иттифоқ даврида ижодкорларимиз томонидан бу каби хатоларга билиб-билмай йўл қўйилган ҳоллар учраб туради. Баъзан классик адабиётимиз намояндаларининг асарларидаги ислом дини ва шариати билан боғлиқ мисралар атайин тушириб қолдирилган ўринлар ҳам учрайди. Кейинги йилларда нашр этилган китобларда бундай сакталиклар тузатилиб, тўлдирилиб борилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ айрим хатоликлар китобдан китобга, нашрдан нашрга ҳамон ўтиб келмоқдаки, баъзида оддийгина туюладиган бундай хатоликлар ортидан улкан маънавий янглишишлар келиб чиқиши мумкин. Бугун машҳур туркман шоири Махтумқулининг эл орасида машҳур, кўплаб ҳофизларимиз томонидан қўшиқ қилиб айтилган “Бўлмас” деб номланган шеъри таржимасидаги бир хатолик ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Маълумки, қардош туркман классик шоирининг шеърлари ўзбек тилида илк бор 1958 йили Жуманиёз Шарипов таржимасида “Танланган асарлар” номи билан нашр этилган. Бу таржималар 1960, 1963, 1976 йиллари қайта нашр қилинган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг эса, Мирзо Кенжабек, Музаффар Аҳмад, Эргаш Очилов, Абдумўмин Жумаев ва Жуманазар Зулпиев шоир шеърларининг янги таржимасини амалга оширдилар. Албатта, Жуманиёз Шарипов таржимасини мукаммал таржима деб бўлмайди. Буни мутахассислар ҳам таъкидлашган. Мисол учун, машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг ҳам Жуманиёз Шариповнинг Махтумқули шеърлари таржимасидан кўнгли тўлмаганлиги Каримбой Қурамбоевнинг “Махтумқули — илҳом чашмаси” китобида келтирилган. Классик адабиётимизнинг чин билимдони бўлган ҳофиз “кўп шеърларнинг таржималари аслиятга ўхшамаслигини” таъкидлаган. Яна баъзи шеърларнинг муҳим қисмлари қолдириб кетилган ўринлар ҳам кўп учрайди.
Собиқ иттифоқ давридаги адабий ва сиёсий муҳитнинг ва бошқа сабабларнинг таъсири оқибатида шундай бўлгандир. Бироқ Махтумқулининг кейинги таржимонлари бу борада ҳеч қандай тўсиқларга дуч келган бўлишлари мумкин эмас. Шундай бўлса-да, бу хато ҳамон тузатилмасдан қолмоқда.
“Бўлмас” шеърининг учинчи тўртлигини Жуманиёз Шарипов шундай таржима қилган:
Мағрур бўлиб кезма умринг гулига,
Дуч бўларсан бир кун, хазон елига.
Юз йил яшаб тушсанг ажал қўлига,
Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас.
(Махтумқули. “Танланган асарлар”, Т., 1976.)
Энди Эргаш Очилов таржимасига эътибор беринг:
Мағрур бўлиб юрма умринг гулига,
Соврилар у бир кун хазон елига,
Юз йил яшаб, тушсанг ажал қўлига,
Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас.
(Махтумқули. “Устозингдан айрилма”, “Ўзбекистон”, 2012 й.)
Дидактик мазмундаги шеърнинг мазкур тўртлигида шоир умрнинг ўткинчилигини, инсон қанча давру даврон сурса ҳам бир кун барибир ажал билан юзма-юз келишини, бу муқаррар эканлигини таъкидлаяпти. Бу ерда эътибор қаратишимиз керак бўлгани тўртликнинг учинчи ва тўртинчи мисраларидир. Уларни Ж. Шарипов ҳам, Э. Очилов ҳам ўзбекчага бир хил ўгирган:
Юз йил яшаб тушсанг ажал қўлига,
Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас.
Бу мисраларнинг асли шундай:
Йуз яшайип душсенг ажал элине,
Сагынгдан солунга баканча болмаз!
(“Ики томлук”, 1-том, Ашгабат, “Туркменистан”, 1983)
Саг — соғ — ўнг, соғ қўл — ўнг қўл маъносини беради. Одатда мусулмон халқларда бирон ишни аввал ўнг томондан бошлаш ёки яхши, эзгу ишларни ўнг қўл билан бажариш керак, деб ҳисобланади. Энди бевосита ушбу байтга келадиган бўлсак, уни Абдумўмин Жумаев ва Жуманазар Зулпиев тўғри таржима қилишган:
Юз йил яшаб, тушсанг ажал қўлина,
Ўнгингдан сўлингга боққанча бўлмас!
(Махтумқули-Фироғий, “Сайланма”, Т., “Ўзбекистон”, 2008)
Кўплаб салафлари сингари Махтумқули ҳам шеърларида бошқа шеърий санъатлар қатори талмеҳ санъатидан жуда кўп фойдаланган. Жумладан, биз кўриб чиқаётган мисолда ҳам талмеҳ санъати ўринли қўлланилган. Маълумки, талмеҳ — шеърда машҳур тарихий воқеа, шахслар, бадиий асарларга ишора қилишдир. “Адабиётшунослик луғати”да келтирилишича, “Талмеҳ шоирни кўзда тутилган фикрни батафсил айтиш, ҳолатни батафсил тасвирлаш заруратидан халос этиб, кўзланган самарага ўша фикр ёки ҳолатга мос келадиган бошқа бирор ҳаётий ёки бадиий фактга ишора қилиш биланоқ эришиш имконини беради. Натижада оз сўз билан кўп маъно ифода қилиш мумкин бўлади”.
Биз кўриб чиқаётган байтда Махтумқули, менимча, қуйидаги ривоятга ишора қилган:
«Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг бирларидан сўрадилар:
—Бу дунёда инсоннинг ҳаёти билан ўлими орасини қандай тасаввур қиласан?
Саҳоба шундай жавоб берди:
—Ҳаёт билан ўлимнинг орасини, икки намоз ўртасидаги вақтгача, деб биламан, ё Расулуллоҳ.
Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳар нафасда ҳақ бўлган ўлим ҳақида бунчалик кенгчилик қилиш, бепарво бўлиш яхши эмаслигини уқтирдилар ва бундай дедилар:
—Мен эса, инсон ҳаёти билан ўлими орасини киши ўз ибодатидаги, ўнг тарафидан чап тарафига салом берганчалик вақт оралиғичадир, деб тасаввур қиламан».
Бирон асарни ўз тилига ўгиришга чоғланган ижодкор ўша асар муаллифи даражасида билимга эга бўлиши шарт. Ҳеч бўлмаганда, бу билимлардан хабардор бўлмоғи керак. Шарқ классик адабиёти намояндалари асарлари таржимони, жумладан ислом динидан, мумтоз адабиётимизда кенг қўлланилган шеърий санъатлардан етарли даражада хабардор бўлиши зарурлигини бугун бот-бот эътироф этаяпмиз. Акс ҳолда, бугун кўриб чиққанимиздаги каби хатоликларга билиб-билмай йўл қўйилаверади.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, ночор таржимани ўнгласа бўлади. Бунинг учун илгари бажарилган таржималарни шунчаки ўқиб чиқмасдан, асарни аслиятига солиштириб ўқиш керак. Шунда ўнг билан чапнинг фарқига борадиган ҳар бир ижодкор бундай қўпол хатоликка йўл қўймайди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2013 йил 25 октябрь, 43-сонидан.