Яқин тарихдан маълумки, ХХ аср рус адабиёти ҳақида сўз кетса, унинг энг улкан дарғалари рўйхатининг бошида Владимир Владимирович Маяковский номи зикр этилар эди. Унга Шўро ҳокимияти ва машъум қисматларга сабаб бўлган Улуғ Октябрнинг толмас куйчиси ва солномачиси сифатида таъриф берилар эди.
Ҳозирда Улуғ Октябрь тушунчасининг бутун моҳияти маълум бўлиб, халқларнинг порлоқ келажаги ҳақидаги тушунчалар тумтароқ бўлган бир даврда Маяковскийни “замон аравасидан” тушириб қолдириш, ҳатто уни умуман унутиш кайфияти пайдо бўлди. Худди унинг ўзи бир пайтлар рус футуристларининг Манифестида “Пушкин, Достоевский, Толстойларни Замона пароходидан итқитиб юбориш керак. Ўтмиш ниҳоятда чиркин”, деб ёзганидек, орадан етмиш йиллар ўтиб, ўзи ҳам шундай қисматга дучор бўлиши мумкинлигини хаёлига келтирганмикин? Гарчи В.В.Маяковский ёшлиги ва замонасининг ёвқурлиги ҳавосига берилиб, ўзигача бўлган буюк шеъриятни инкор этган бўлса-да, бугун унинг шеъриятига ҳам ўзи каби шундай муносабатда бўлиш ўта калтабинликдир. У ҳар қандай вазиятда ҳам, ҳақиқий шеър ихлосмандлари учун шеъриятда бурилишлар ясаган, тажрибалар қилган, янги сўз айтиб, ўз овози билан жаҳон шеъриятининг атоқли намояндасига айланган санъаткор сифатида баҳоланади ва қадрланади. Қолаверса, у вақти билан ўзининг дастлабки бодинамо саркаш шиорларидан воз кечиб ҳам улгурган эди…
Владимир Маяковский 1893 йилнинг 7 июлида Грузиянинг Кутаиси шаҳри яқинидаги Бағдодий қишлоғида ўрмончи Владимир Маяковскийнинг хонадонида икки қиздан кейинги орзиқиб кутилган ўғил бўлиб дунёга келди. Унинг опалари Людмила ва Ольгадан кейин хонадонда икки ўғил туғилган, бироқ улар ҳали гўдаклигидаёқ нобуд бўлган эди. Шунинг учун ҳам орзиқиб кутилгани ва айнан отасининг 36 ёшга тўлган кунида туғилгани учун ҳам ўғилга ота номи билан Владимир дея исм қўйишади.
Ўғилнинг тарбияси билан оилада асосан она шуғулланади. Шоирнинг онаси Александра Алексеевна узоқ яшаб, 87 ёшида ўғлининг ҳам ўлимини кўриб вафот этди. Нафақат ўлимини, фарзандининг шоир сифатида мислсиз шону шуҳратга кўмилиб улуғланганлигини ҳам кўрди ва у ҳақида “Владимир Маяковскийнинг болалиги ва ўсмирлиги” номли китоб ёзиб қолдирди.
Володя 9 ёшида Кутаисидаги гимназияга ўқишга киради, шу ерда тўрт йил ўқиб, турли инқилобий ғоялар, тақиқланган ҳар хил адабиётлар таъсирига берилади, гимназистларнинг турли сиёсий ҳаракатларида қатнашади.
1906 йилининг февралида Маяковскийнинг отаси тўсатдан, оддий тасодиф туфайли қўлини шикастлаб, қон бузилишидан азобланиб вафот этади.
Шу воқеадан кейин Маяковскийлар Кутаисидан кўчиб кетиб, Москвада жойлашадилар. Москвада Владимирнинг опалари турли байрам қутилари, ҳайитлик тухумларини бўяш билан шуғулланар, бўлғуси шоирнинг ўзи эса уларни олиб чиқиб сотар, оила тирикчилигини юритар эди.
У 1908 йили 15 ёшида большевиклар партиясига аъзоликка ўтиб, тарғибот-ташвиқот ишлари билан шуғулланади. Уч марта қўлга олинади. 1909 йили ўн бир ой Бутир қамоқхонасида бир кишилик камерада сақланади ва балоғат ёшига етмаганлиги учун қўйиб юборилади. Ана шу даврларини эслаб шоир ёзган эди: “Ўн бир ойлик қамоқ даври мен учун ниҳоятда муҳим бўлди. Аввалги ўқиганим назарий адабиётлардан сўнг қизиқарли беллитристикага шўнғидим, барча янги нарсаларни ўқиб тугатдим. Хусусан, Белий, Бальмонт каби символистларни… Ўзим ҳам яхшилаб ёзишга ҳаракат қилдим, аммо бу ёзганларим кўнгилдагидек чиққан деб айтолмайман… Шу тарзда бутун бир дафтарни тўлдирдим. Қамоқдан чиқаётганимда ўша дафтарни олиб қўйишди. Замонавий асарларни ўқиб тугатгач, классикага ўтдим. Байрон, Шекспир, Толстой. Энг сўнгги ўқиган китобим “Анна Каренина” бўлди. Аммо уни ўқиб тугатолмадим. Тунда чақириб, чиқариб юборишди.” Маяковский ана ўша қамоқ дафтаридаги шеърларини ўз ижодининг бошланғич даври деб ҳисоблаган эди.
1911 йили Маяковский Тасвирий санъат, ўймакорлик ва меъморчилик ўқув юртига кириб ўқий бошлайди. Шу ерда у рус футуризм йўналишининг асосчиларидан бири шоир ва рассом Давид Бурлюк билан танишади. Ана шу шахс Маяковскийнинг инсоний ва ижодий тақдирида ниҳоятда катта роль ўйнайди. У Бурлюкнинг қистови ва таъсирида ўзининг биринчи нашр учун мўлжалланган профессионал асари “Арғувон ва оқ” (“Багровый и белый”)ни яратади. Бурлюк Маяковскийни Велемир Хлебников, Алексей Крученних каби бошқа рус футуристлари билан таништиради. 1912 йилнинг 17 ноябрида “Саёқ ит” (“Бродячая собака”) номли мўъжазгина кафеда Маяковскийнинг дастлабки оммавий чиқиши уюштирилади. Шу йилнинг декабрида шоир “Ижтимоий дидга тарсаки” номли альманахда илк бор “Тун” ҳамда “Тонг” шеърларини чоп эттиради. Айнан шу альманахда рус футуристларининг манифести ҳам эълон қилинган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, Маяковскийни ижодий доираларда машҳур қилган “Мен” номли биринчи шеърлар тўплами нашр этилади. Тўпламдаги шеърлар мутолаадан кўра кўпроқ эстрададаги чиқишларга мўлжалланган эди. Шеърлар гўё парчаланган, махсус зинапоя шаклидаги интонациялар асосига қурилган эди. Шу кезларда шоирнинг “Владимир Маяковский” номли дастурий трагедияси ҳам яратилади ва унда шоир келгусида ўз жонига суиқасд қилишини башорат қилгандек эди. Бу пьеса Петербург шаҳрида “Луна-парк” театрида саҳналаштирилади. Премьера ҳуштаквозлик ва шовқин-сурон билан ўтади.
1912 йилдан Маяковский доимий равишда янги санъат масалаларига бағишланган баҳсларда, турли кўргазма ва бадиий кечаларда, авангардчи шоир ва рассомларнинг йиғилишларида чиқишлар қилади. Унинг шеърияти кўпроқ тасвирий санъат билан боғлиқ бўлиб, турлича авангард шакллар, аввало кўз учун мўлжалланган ифодалардан иборат эди. Шоирнинг чиқишлари, турли давралардаги нутқ ва маърузаларидан келиб чиққан жанжаллар билан, ҳатто муштлашишлар билан ўтарди. Шу сабабли Маяковский ва Бурлюк 1914 йили ўқув юртидан ҳайдаладилар. Ўша йили Биринчи жаҳон урушининг бошланиши шоир ҳаётида ҳам муайян ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлди. У урушнинг моҳиятида нима ётганини англаб етди ва унга нисбатан ўз нафратини яширмай, шундай изҳор қилди: “Уруш қабоҳатдир, уруш орти эса ундан ҳам баттарроқ.” Шоирнинг бу сўзларида урушдан фойдаланиб, унинг ортидан манфаат қидираётган, бойлик орттираётган қаллобларга нафрати ҳам ифодаланган эди.
1915 йилнинг майида Маяковский Санкт-Петербург яқинидаги ижодкор зиёлиларнинг дала-ҳовлилари жойлашган Куоккала шаҳарчасига сафар қилади. Шу ерда у Максим Горький, Корней Чуковский каби ижодкорлар билан танишади. Унинг “Иштондаги булутлар” номли машҳур поэмаси шу ерда яратилади. Шоир бу поэмасини инқилобгача ёзган энг яхши асари деб эътироф этган эди.
1915 йилнинг июлида Маяковский эр-хотин Осип ва Лиля Бриклар билан танишади. Танишув ва сўнгра яқинлашув асносида Лиля Брикка кўнгил қўяди. Лиля Брик ҳам Маяковскийга бефарқ эмаслигини яширмагани ҳолда шоир билан ҳам, ўз эри Осип Брик билан ҳам ишқий муносабатларини то улар вафот этгунига қадар сақлаб қолади.
1917 йилги февраль инқилоби ва ундан бироз ўтиб содир бўлган Октябрь инқилоби Маяковскийнинг инсоний ва ижодий тақдирида чуқур из қолдирди. У Октябрь тўнтариши пайтида Смольнийда эди. “Қабул қиламанми ёки йўқ? Менинг учун бундай саволнинг ўзи йўқ эди. Менинг инқилобим. Смольнийга бордим. Ишладим. Нима тўғри келса шуни қилдим.” Таъкидлаш жоизки, инқилобда шоир ўтмишдаги барча хўрлик ва ҳақоратлар учун қасос имкониятини кўрган эди. Шундан кейинги йилларда Маяковскийнинг истеъдоди бор бўйи билан намоён бўлди. “Ҳайқириқ”, “Сўл марш”, “Мистерия Буф”, “150 000 000”, “Владимир Ильич Ленин”, “Жуда соз”, “Севаман” каби асарлари ўша йиллар маҳсули ҳисобланади.
Маяковский 1918 йилдан кинематография соҳасига ҳам қизиқиб қолади. У кино учун Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи асосида “Пул учун туғилмаган” ҳамда “Бегойим ва безори”, “Фильм жодуси” каби киносценарийлар яратди ва улар асосида суратга олинган фильмларда актёр сифатида иштирок этди. 1919 йилдан шоир РОСТА – Россия Телеграф Агентлигида фаол ҳамкорлик қила бошлади. “РОСТА ойнаси” номли машҳур ҳажвий-ташвиқий плакатларни шоир ва рассом сифатида безаб боради.
Маяковский шўролар даврида ҳам футурист, аниқроғи, коммунистик футурист бўлиб қолди. 1922 – 28 йилларда “ЛЕФ” – санъатнинг чап қаноти уюшмасига раҳбарлик қилди. Шу йилларда мамлакат бўйлаб ва хорижга сафарларга чиқди. Латвия, Франция, Германия, Испания, Куба, Мексика ва Америка Қўшма Штатларида бўлди. Ҳаётининг сўнгги йилларида драматургияга кўпроқ қизиқди. 1928 йили “Суварак”, 1929 йили “Ҳаммом” номли сатирик пьесаларини яратди. Улар машҳур театр ислоҳотчиси В.Мейерхольд томонидан саҳналаштирилди.
Ана шу ўтган йиллар давомида Маяковский Лиля Брик билан яқин муносабатларини давом эттирди. Гарчи орада яна учта аёл билан ишқий саргузаштларни бошидан кечирган бўлса-да, унинг ягона муҳаббати Лиля Брик бўлиб қолди.
1930 йил февралда Маяковский Россия пролетар ёзувчилари ассоциациясига (РАПП) қабул қилинади. Шу ҳаракати боис унинг кўпгина собиқ адабий сафдошлари ундан юз ўгирадилар. Ўша кунлари “Маяковскийнинг 20 йиллик ишлари” кўргазмаси очилади. Аммо кўргазма муваффақият қозонмайди. Шоирнинг шахсий ҳаётида ҳам Л.Брикнинг бетайин феъл-атвори туфайли тушкун кайфиятга етакловчи ҳолатлар юз бераётган палла эди. У шу кезлари алам устида Москва Бадиий театри актрисаси Вероника Полонская билан турмуш қурмоқчи бўлади. 1930 йилнинг 14 апрель куни шоир Полонская билан учрашиб, ундан театрдан бўшашни ҳамда яшаб турган оиласини тарк этишни талаб қилади. Полонская розилик бермайди ва у Маяковский ҳузуридан чиқиб кетар экан, ортидан ўқ овозини эшитади. Саросимада хонага қайтиб кирганида буюк шоирнинг гилам узра қонга беланиб ётганини кўради. У ўз жонига қасд қилган эди. Гарчи шоирнинг ўлими ҳақида кейинчалик “махсус уюштирилган”, “ташкил этилган” деган ривоятнамо гаплар тарқатилган бўлса-да, аслида унинг ўлими шу тахлит оддийгина содир бўлган эди.
Ҳаётини ёниб, ёқиб ўтқазган Владимир Маяковскийнинг таржимаи ҳоли, ижодий йўли қанчалар мураккаб бўлмасин, у санъаткор шоир сифатида рус шеъриятини янгилаб, бойитиб, юксалтириб ўтди, буюк шоир сифатида жаҳон адабиёти тарихидан мустаҳкам ўрин олди.
Ш. Турсун ўғли тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон