Умр эртаги (Ҳанс Кристиан Андерсен)

Ясси қора ликопча – “Мелодия” ёрлиғи туширилган винил пластинка бир маромда айланади…

“…Ҳаммадан кейин тухумдан чиққан бечора ўрдакча хунуклиги туфайли ҳар томондан дакки ер эди. Уни ўрдакларгина эмас, ҳатто товуқлар ҳам туртиб, чўқиб, масхара қилардилар…” Тожига қон қуйилган хўроз важоҳат билан бостириб келганида, ўрдакчага қўшилиб, чамаси 5-6 ёшли қизалоқ ҳам қўрқа-писа бурчакка биқиниб олади. Арзанда мушугини “ўғилчам” деб эркалаб, сертухум товуғини қизалоғидай яхши кўрувчи кампир қўлидаги оташкурак билан ўрдакчани қувиб солганида, жажжи тингловчининг томоғига нимадир тиқилиб, бурни ачиша бошлайди. Севимли эртагининг қандай якун топишини яхши билса-да, ҳар сафар шу ҳолат такрорланаверади-такрорланаверади…

Юқоридаги манзара акс этган “Иркит ўрдакча” эртагини кўпчилик билади. Унинг муаллифи Андерсен номи ҳам таърифга муҳтож эмас. Ҳозирга қадар Дания ифтихори ҳисобланмиш Ҳанс Кристиан Андерсен 1805 йилнинг 2 апрелида Фюн оролида жойлашган Оденсе шаҳрида туғилган.

Отам – косиб Ҳанс Андерсен, – деб ёзганди у ўзи ҳақида, – менга ҳеч қаттиқ гапирмас, ўз ҳолимга қўйиб қўйганди. Мен унинг ҳаёти мазмуни эдим. Отам бу дунёда фақат фарзанди учун яшарди гўё. Унинг бўш вақти тўлиқ менга бағишланарди. Сўраган ўйинчоғимни ҳеч оғринмай ясаб берар, бирга ўтириб расм чизишар, оқшомлари эса онам иккимизга Лафонтен масаллари, Гольберг асарлари ва “Минг бир кеча” эртакларидан ўқиб берарди. Ҳаётда ҳам, касб-ҳунарда ҳам омади чопмаган отамнинг юзига фақат мутолаа пайтларигина табассум инарди…”

Ҳанс яккаю ёлғиз фарзанд бўлгани сабабли оиладаги ночор аҳволга қарамай, эркинликда, ғам-ташвишсиз ўсиб-улғаяди. Ўқишга унча хуши йўқ, қаттиққўл мураббийлар танбеҳини кўтаролмаган болакай таълимни кейинроқ, тенгдошларидан анча ортда қолиб олади. Бироқ бу унинг ўта эрка ва тантиқ бўлиб ўсганини англатмайди. Кристиан тенгқурлари билан кўча чангитиб юрмасди. Болакайнинг энг ёқтирган машғулоти ҳовлидаги дарахт соясида ўтириб, ўйинчоқларига ранг-баранг кийимчалар тикиш эди. Ота-она арзанда ўғлининг қизиқишларига тўсқинлик қилмас, чеварликка туғма иқтидори бор, деб ҳисоблар, келажакда ундан моҳир тикувчи чиқишига умид қиларди.

Ҳанс болалигидан ўзининг оламида яшайди. “Кўчаларда сайр қилиб юрарканман, кўпинча хаёлим қочиб, кўзимни чирт юмиб олардим. Буни пайқаган одамлар мени кўзи ожиз, дея ўйлай бошлабдилар. Ваҳоланки, менинг кўзим жуда ўткир бўлган”, – деб ёзади адиб. Дарҳақиқат, унинг ўткир нигоҳи бошқалар кўролмаган нарсаларни ҳам илғаб оларди. Кейинчалик Андерсеннинг ана шу лаёқати, атроф-борлиққа меҳр ила боқиб, жонсиз нарсаларга ҳам инсоний хислатлар бағишлай олиши синоатга тўла эртаклар салтанати эшикларини ланг очиб, безабон оламни тилга киритади.

Болалигидан театрга қизиқиши катта бўлган Ҳанс саҳна асарларини томоша қилиш иштиёқида ёнса-да, оилавий шароит бунга йўл қўймасди. Шу сабаб болакайнинг кўз ўнгида спектакль ўрнига хаёлий томошалар жонланарди. У шаҳар бўйлаб афиша тарқатувчи Петер исмли киши билан танишиб, унга кўмаклаша бошлайди. Кристиан иш ҳақининг эвазига янги спектакль афишасидан биттадан олади. Уйига келгач, бир чеккага ўтириб, хаёлан спектакль номи ва иштирокчиларига монанд янги воқелик ўйлаб топиб, ўз дунёсига шўнғийди. Бу жараён ҳар сафар бир неча кунга чўзилади. Шу тарзда ҳам муаллиф, ҳам рассом, ҳам бастакор, чироқчию хонанда вазифаларини бирваракай бажарган болакай тасаввурида янги сирли бир саҳна асари туғилади.

Кристиан ўн икки ёшида тикувчига шогирд тушади. Икки йил давомида ишлаб топган пулини йиғиб, сармояси ўн уч далерга етгач, пойтахт – Копенгагенга кетишни ихтиёр этади.

– Бу билан нимага эришмоқчисан?! – умрида биринчи маротаба ўғлининг хоҳишига қарши чиқади она (бу пайтга келиб оила бошлиғи ҳаётдан кўз юмганди).

– Сизни дунёга танитаман! – жавоб беради эндигина ўн тўртни қаршилаган Андерсен ишонч билан.

Анча тортишувлардан кейин ўғлининг бурнига сув кириб, тез орада уйга қайтишига ишонган она кўзида ёш билан дилбандини кузатиб қолади.

Копенгагенга келгач, Андерсен Қироллик театрига ишга кириб, иккинчи даражали ролларни ижро эта бошлайди. Фақиргина, аммо интилувчан, иқтидорли бу ўспирин пойтахтдаги обрўли шахсларнинг назарига тушади. Улар Дания қиролига махсус илтимоснома билан мурожаат қилиб, Кристианнинг давлат ғазнаси ҳисобидан Слагельс мактабида ўқиши учун рухсатнома олиб беришади. Айни пайтда Андерсен беш актли пьеса ёзиб, уни саҳналаштириш учун маблағ сўраб, яна қиролга мактуб жўнатади. Адабиёт ва санъатни беҳад қадрлаган ҳукмдор бу илтимосни ҳам ерда қолдирмайди. Дарвоқе, Дания қироли Фредерик VII билан ёзувчи ўртасидаги бевосита танишув кейинчалик дўстлик ришталарига айланиб кетади. Қирол умрининг охиригача адибни қадрдонлари қаторида қўллаб-қувватлайди.

1828 йили Ҳанс Копенгаген университетига ўқишга кириб, таҳсил ниҳоясида фалсафа фанлари номзоди унвонига сазовор бўлади.

1829 йилда чоп этилган “Холмен каналидан Амагернинг шарқий сарҳадлари томон пиёда саёҳат” сарлавҳали фантастика жанридаги ҳикоя Андерсенни элга танитади. 1831 йили ижодкор биринчи маротаба хорижий сафарга чиқади – Германия саёҳати “Соядаги суратлар” номи остидаги эсселарда ҳамда шеърий тўпламда ўз ифодасини топади. Кейинчалик адиб қироллик томонидан тақдим этилган махсус нафақа ҳисобидан Европа бўйлаб кезиб, машҳур шахслар билан танишади, сафар таассуротларини асарларида акс эттиради. Парижда Ҳенрих Ҳайне, Римда номи чиққан ҳайкалтарош Торвальдсен билан учрашади. Римдан кейин Флоренцияга йўл олади, ундан Неаполга, сўнг Венецияга ўтади. Англияда Чарльз Диккенс билан дўстлашади, Францияда Виктор Гюго, Оноре де Бальзак ва Александр Дюмалар билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлади.

Шу йилларда адиб сафар битик­ларидан ташқари кўплаб шеърий асарлар, фалсафий эсселар, романлар ҳам яратади. Европада Андерсен “Импровизатор” романи муаллифи сифатида ном қозонади. Унинг “Шунчаки скрипкачи”, “Ҳаёт ё мамот” романлари, “Тўнғич фарзанд” комедияси, “Дурагай (Мулат)” ижтимоий мелодрамаси ҳам ижобий баҳоланади. Аммо Андерсенни жаҳонга машҳур қилган, шак-шубҳасиз, унинг эртак­ларидир. 1835 йилда Андерсеннинг илк эртаклар китоби чоп этилади. Шу йилнинг охирида иккинчи эртак­лар китоби, 1837 йили эса учинчиси нашрдан чиқади. Таажжубки, унинг эртаклари мутахассислар томонидан дарҳол тан олингани, эътироф этилгани йўқ. Эртакларнинг ноанъанавий услуби, болалар учун деса, ортиқча насиҳатомузлиги, катталар учун эса анчайин жўнлиги танқид остига олинади. Мунаққидлар муаллифни кўплаб имловий хатолари учун обдон “сийлашни” ҳам унутмайдилар. (Андерсен умрининг охиригича бехато ёзишни ўрганолмаган – вақтида тиришиб ўқимагани унга панд берган.) Бироқ “Иркит ўрдакча”, “Ёввойи оққушлар”, “Сув париси”, “Дюймчахон”, “Қор маликаси”, “Қиролнинг янги кўйлаги” ва бошқа кўплаб эртак­лар ўқувчилар кўнглидан жой олиб, тез орада муайян халқ ёки бирор тоифанинг эмас, бутун дунё китобхонларининг, биринчи навбатда жаҳон болаларининг маънавий мулкига айланади.

Кичкинтой ўқувчилар тугул, ҳатто катталар ҳам, умуман, зиёлиман, деган одам борки, Андерсен эртакларини ўқиган ва бундан кейин ҳам ўқийди, унинг ўзига хос рангин дун­ёсига саёҳат қилиб, олам-олам завқ олади. Андерсен эртакларини шунчаки тўқима, деб бўлмайди. Унинг асарлари замирида кўз илғамас маъно-ишоратлар мўллигини англаш мумкин. Бу борада машҳур рус ёзувчиси Константин Паустовскийнинг “Буюк эртакчи” асаридан қўйидаги сатрларни келтириш кифоя: “Мен у вақтда (болалик йиллари назарда тутилмоқда) Андерсен эртакларида “коса тагида нимкоса” борлигини тушунмаган эканман. Болалар учун ёзилган ҳар бир эртак замирида яна бир, моҳиятини фақат катталаргина англаши мумкин бўлган асар яширинганини билмасдим. Буни орадан анча вақт ўтгач тушунганман. Машаққатли ва азим йигирманчи аср арафасида ғаройиб ёқимтой ва ажойиб шоир Андерсенга рўбарў бўлиб, қалбимда порлоқ келажакка, қуёшнинг зулмат, эзгуликнинг ёвузлик устидан шаксиз ғалаба қозонишига ишонч уйғонгани менинг омадим чопганидир”.

1840-йилларнинг иккинчи ярмида Андерсен ўз романлари ва пьесаларини чоп қилдиришда давом этади, унинги орзуси драматург ва романнавис сифатида ном қозониш эди. Халқаро миқёсда фақат эртакчи сифатида танилаётганидан ўзининг кўнгли тўлмаса-да, бу жанрда янгидан-янги асарлар яратишини канда қилмайди.

Бутун ижодий фаолияти давомида, ҳатто кексайган чоғида ҳам, Дания адабий дунёсида Ҳ.К.Андерсеннинг ижтимоий келиб чиқиши, камбағал бир косибнинг ўғли экани писанда қилинар, аксарият асилзода ижодкор ва олимлардан иборат давраларда кўрпасига қараб оёқ узатиши лозимлиги бот-бот “эслатиб” туриларди. Андерсен қайғу шаробидан керагича тотгани, “киборлар” деб аталгувчи жамият уни бир умр четлатишга урингани, вақти келганда майна қилиб устидан кулганию пайти келганда қуруқ туҳматларга қолдиргани ҳақида ўкиниб ёзади. “Нега? Нима учун?” деган саволга эса ёши ўтиб, ҳаёт ҳақиқатини англагач жавоб топади. Андерсен нафақат томирларида авом қони оқаётгани, балки қўли калта бўлса-да, ниҳоятда бағрикенглиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Асосийси, унинг сон-саноқсиз китоб­лари нуфузли ўқув муассасаларида олинган кўп йиллик таълим натижаси эмас, Яратган томонидан берилган бебаҳо инъом – илоҳий истеъдод маҳсули эди. Эртакчи ана шуниси билан калондимоғ замондош-касбдошларига ўхшамасди.

У ҳар қандай шароитда каттаю кичикни, дўсту душманни бирдек яхши кўради. Олам зимистонга айланганда ҳам, игнанинг учидек ёруғликни, борлиқнинг гўзаллигини кўра олади, атрофдан таралаётган назмнинг унсиз наволарини эшита билади…

Андерсеннинг ҳаёт йўлида учраган қизлар у билан мулоқотдан сўнг ўзларини чинакам маликалардек ҳис қилардилар. Негаки, адиб ўзининг бой хаёлоти билан улардаги ботиний гўзалликни (бўлса-бўлмаса) афсонавий таърифларга кўмиб ташларди. Аммо қизларнинг ҳеч бири бу ғаройиб эртакчини жиддий қабул қилмас, у билан оила қуриш мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмасди. 1840 йили Кристиан машҳур швед хонандаси Йенни Линд билан танишиб, унга кўнгил қўяди. Афсуски, ёзувчининг самимий муҳаббати жавобсиз қолади. (“Булбул” эртаги “Швед булбули” деган таърифни олган мазкур санъаткорга бағишлаб яратилган.) Андерсен бу дунёдан тоқ ўтади…

1872 йили кекса адиб йиқилиб тушиб, жиддий жароҳат олади ва шу бўйи ўнгланмайди, уч йил давомида тўшакка михланиб қолади. 400 дан ортиқ эртаклар муаллифи, шоир, ёзувчи, драматург, эссенавис Ҳ.К.Андерсен 1875 йил 4 августда вафот этиб, Копенгагендаги Ассистэнс қабристонида дафн этилади.

Эртакларда ҳар қандай қайғули воқеа охир-оқибат ижобий якун топганидек, буюк эртакчи ҳам ҳаётида учраган адоқсиз синовлардан фақат ва фақат яхшилик излаган. Ва уни ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай шароитда топа билган. Боиси, бир умр шукроналик туйғуси билан яшаган.

…“Мелодия” ёрлиғи туширилган винил пластинка аллақачон йўқ бўлиб кетган, юракни энтиктириб юборгувчи қадрдон болалик хотираси – Андерсен эртакларини қайта варақлайман. Кейин адибнинг “Умрим эртаги” биографик очерклари мутолаасига шўнғиб кетаман…

“…Оққуш эса хижолат бўлиб, нимагалигини ўзи ҳам тушунмаган ҳолда, бошини қанотлари орасига яширди. У ниҳоятда бахтли, аммо кўнглида заррача кибр йўқ эди. Ҳаммадан дакки эшитиб, хўрланган пайтларини ёдида сақлаган юрак кибр нималигини билмасди…”

Нима бу, эртакдаги ҳаётми ё ҳаёт эртаги? Кимнинг қисмати битилган уларда? Андерсенними, балки… меники, балки… сизникидир?

Юлдуз Ҳошимова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон