Умида Расулова. Тоғай Мурод қиссалари: аслият ва таржима

Маълумки, ўзбек адабиётининг сара намуналари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. ХХ асрда яшаган Абдулла Қодирий, Ойбек, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов кабиларнинг асарлари рус тилида жаранглаган. Сўнгги йилларда ҳам миллатимизнинг қадриятларини ­дунёга тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода миллий ўзлик, олийжаноблик, умуминсонийлик тараннум этилган асарларга ва уларнинг таржималарига эҳтиёж ортмоқда.

Истеъдодли адиб Тоғай Мурод ижодида миллатнинг урф-одати, анъаналари бетакрор услубда талқин этилган. Бу асарлар орқали китобхонда ўзбек халқи ҳақида яхлит тасаввур ҳосил бўлади. Тоғай Мурод насрида мисралар маъно кўламдорлиги, фикрлар мантиқий изчиллиги, ифода қисқа ва лўндалиги, жумланинг жарангдорлиги эътиборни тортади. Адиб персонажларининг туйғулари, эмоцияларини ҳис эттиришга, мос оҳангни танлашга эришади.

Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаси Герман Власов ва Вадим Муратхонов, “Ойдинда юрган одамлар” қиссаси Суҳбат Афлотуний томонидан 2018 йили рус тилига таржима қилинди. Қиссаларнинг таржимаси жанр поэтикасидаги янгиланишни кузатиш, услубий ўзига хосликни аниқлашга имкон беради.

Тоғай Мурод асарларини ўгириш мутаржимдан ҳар бир товуш, сўз, тиниш белгилари, пауза, талаффуз меъёрларини аслиятдагидек келтиришда мусиқадаги каби воситалардан фойдаланишни ўйлаб кўришни тақозо этади.

Ёзувчи сарлавҳаданоқ асарда ёритиладиган мавзу, ифодаланадиган ўй-ҳисларини, қарашларини ўқувчига маълум қилишга интилади, айни шу фурсатдан улар орасидаги муштараклик бошланади. “Сарлавҳа муаллиф томонидан шунчаки танланмайди, уни вазият, мақсад, шароит, эмоция (ҳиссиёт) ё мушоҳадага йўналган фикрлаш доираси тақозо этади”[1].

“От кишнаган оқшом” сарлавҳаси муҳим ҳодиса, воқеага қизи­қиш уйғотади, айни дамда савол туғилади. Қандай оқшом, нега “от кишнаган”. От – ҳалоллик, вафо рамзи. Қадимдан халқи­мизда отга меҳр бўлакча, у инсоннинг садоқатли ҳамроҳи, йўлдоши. Сарлавҳадаги “оқшом” вақтга ишора беради. Таржимон Герман Власов ва Вадим Муратхонов сарлавҳани айнан бермай, қисса поэтикасидан келиб чиқиб “Тарлан” дея ўзгартирадилар. Рус китобхонида илк тасаввурни аниқ, муфассал уйғотиш мақсадида шундай тўхтамга келингани аён бўлади.

“Ойдинда юрган одамлар” сарлавҳасида романтик руҳ етакчи, ойдин – ёруғлик, нурафшонлик белгиси. Одамларнинг ойга боғлиқлиги, у билан бирлигида қандайдир синоат мавжуд. Муаллиф ойнинг ёғдусида тасвирлаётган кишилар сийрати, табиати, поклиги, эзгулиги боис уларни юксакликка кўтараётгандир. Сарлавҳанинг ўзиёқ ўқувчи қалбида ажиб ҳисларни аллалайди. Таржимон Суҳбат Афлотуний сарлавҳани “Люди идущие в лунном луче” дея тақдим қилиши оҳанг, мазмунни аслига яқинлаштиришга интилганидан дарак беради.

Биринчи жумла – ёзувчи руҳидаги ғалаёнларни ёриб чиққан илк туйғу. Биринчи жумла – ибтидо, бошланиш, йўл боши. Унда мусиқа ҳам, оҳанг ҳам, руҳ ҳам, сурату сийрат ҳам бор. Асар структурасининг жамики руҳидан илк жумла жаранги эшитилиб туради.

Тоғай Мурод ижодида илк жумла ҳамда структурал яхлитлик масаласига эътибор қаратамиз.

Ёзувчининг “От кишнаган оқшом” қиссаси:

“Биродарлар, кўргилик, кўргилик!” жумласи билан бошланади. Илк танишув, самимий мурожаат ўқувчига хуш ёқади-ю, “кўргилик” – жумбоқ ўйлантириб қўяди. Сўзнинг қайта такрори қизиқишни орттиради.

Русчада ”Беда, братья мои, беда” тарзида берилиши асл фикрни етказишга хизмат қилади. “Биродар” сўзи ўрнига “акалар” каби умумлашган шакл берилади. Таржимонлар адибнинг асосий мақсади Оламу Одам яхлитлигини намоён этишга интилиш эканини уқишга киришадилар.

Зиёдулла тийнатидаги одамийлик, тантилик диққатга сазовор. Қаҳрамон одамлардан кўра жонзотга кўпроқ талпинади, унга қалбини бағишлайди, отини достон қилиб куйлайди. От ҳам ўз навбатида хўжасини оғир дамларда фалокат, ўлимдан қутқариб қолади, кўпкариларда чавандозни эҳтиёт қилиб авайлайди. Инсоннинг ваҳ­ший­лиги, жоҳиллигига жонзот вафоси, жасорати қарши қўйилиб, ритмдаги зиддият намоён бўлади. Қоронғи кечада қаҳрамоннинг оти билан дардлашиши, ҳасратлашиши ўзгача нур, жилва таратади:

“Бўлди, мен энди уларни акам демайман. Менинг акам сенсан, Тарлон. Ука деса дегулик, мендайин уканг бор, ака деса дегулик, сендайин акам бор, нима ғамим бор, Тарлон…

Аё Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик биродарим…”

Қаҳрамон отини туғишган жигари деб билади, бундан ҳам кўнгли тўлмай “қиёматлик биродарим” дея уни энг яқин, қадрдони эканлигини эътироф этади. Муаллиф қадрият, олийжанобликни инсон ва табиат ҳамоҳанглигида акс эттиради.

“Э, нет Тарлан ты – мой старший брат. Отныне я не буду их называть братьями. Ты мой старший брат! Спросят про младшего брата, он у тебя есть – это я. Спросят про старшего брата, он у меня есть – это ты. О чем еще после этого горевать?

Э, нет, Тарлан, ты – мой самый истинный брат. До самой моей смерти…”[2]

Таржима жараёнида “аё”, “бўлди” сўзлари ўрнига “э”, “нет” сўзлари қўлланади, фикрни тўлиқ етказишга интилиш кузатилади, қиёматлик биродарим ифодаси кенгроқ очилади. Тоғай Мурод сўзларни зид, такрор, қофияли усулда қўллаб оригинал тасвир яратган. Таржимада буни айнан етказиш учун ўзбек тили хусусиятини пухта ўрганиш талаб этилади. Таржимонлар асар поэтикасини ўзлаштириб, ижодий ёндашув асносида иш юритганлар.

Ёзувчининг “Ойдинда юрган одамлар” қиссаси илк сатриданоқ мусиқа, майин куй таралади, инсонга муҳаббат туйғуси англашилади, сўзлар мусиқага мослаштирилади:

“Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердадир одам овози келяпти…”

“Қулоқ сол” дея муҳаббат достонини тинглашга даъват этади. Асар бошидан адоқ инсонга меҳр, таъзим руҳи, оҳанги билан йўғрилган.

Рус тилида “Бабка, ухо разуй, слышишь? Вроде голос чей ветром принесло?” тарзида тақдим қилинади. “Момоси” сўзи ўрнига “бабка” варианти берилиши эркалаш оти қўлланганини кўрсатади.

Таржимон бўзбола (паренек), сағир (сиротка), отамиз (отец наш), онамиз (матушка), бобомиз (дед наш), момомиз (бабка) дея тақдим қилади. Суҳбат Афлотуний қиссадаги халқ удум, анъаналари (тўй, келинсалом, ҳайит) номини аслича қолдириб, мавсум ҳамда маросим қўшиқлари моҳиятини сақлаган ҳолда тақдим этади. У асардаги образ, тарихий шахс, диний маросимлар (фолчи, шифокорга бориш, авлиё­лар қабрини зиёрат қилиш, рўза, лайлатул-қадр) борасидаги маълумотлар генезисига эътибор қаратиб, баъзан уларга муносабат билдиради. “Мулк” сурасидаги оят тафсирини ҳам киритишга аҳамият берган мутаржим қисса структурасини синчиклаб ўргангани аён бўлади.

Қаҳрамондаги имон, диёнат, дунё­қараши, саъй-ҳаракати орқали ёритиб борилади. Қоплон аёлига меҳр ришталари ила шу қадар мустаҳкам боғланадики, уларни ҳеч ким ажрата олмайди, аёли ёлғиз суянчиғи, таянчи, дарддошига айланади.

“Бобомиз сўқмоқдаги сўнгги қадамларини боса-боса, ойдиндаги сўнгги сўзларини айта-айта, йўлларида давом этдилар:

– Энди кетсак майли!..”

Айни дамдаги хушнудлик ҳолати такрор равишлар воситасида аниқроқ тасвирланади, “сўнгги қадами” унинг адирларни, ҳаётни тарк этишига ишора қилинади. Мазкур қисса – инсонга қасида, юрак-юракдан силқиб чиққан мусиқа. Ҳазин наво инсон ички кечинмаларини, қалб туғёнларини ёритиб, ўқувчини ҳам дардни туйишга, ҳис қилишга мажбур этади.

“Последние шаги дед наш по тропке еле-еле делает, последние слова в луче лунном еле-еле бормочет, а путь свой продолжает. Теперь и нам уйти можно!”[3] дейилганда оҳанг, маънони тўлиқ етказишга интилган.

Адиб Тоғай Мурод асарларида китобхон диди, интеллектуал салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда воқелик тиғиз ва аниқ баён қилинади. Муаллиф воқеа-ҳодисани тасвирлашда, бадиий тадқиқ этишда сўз имкония­тидан унумли фойдаланади.

Зиёдулла кал отида адирдан ёлғиз кетаётганда чойхонадаги можаро сабабчилари – бўзболаларга дуч келади. Жиноятчи болалар уни роса дўппослайдилар.

“Шунда… шунда от кишнади.

Кишнаш кўрдим, кишнашлар кўрдим, аммо ушбу оқшомдагидайини кўрмадим.

Тарлон қаҳр, ҳам изтироб билан кишнади. Оқшом кишнашдан зир титради”[4]. Тасвирида драматизм кучаяди.

“И тут я услышал ржание. В этот раз ржание его было отрывистым и жалобным. От этого ржания сумерки стали печальными, но само оно было ещё печальнее сгущавшейся тьмы”. Кўринадики, таржимон тиғиз, сиқиқ жумла маъносини ёритишда батафсил мулоҳаза юритишни маъқул кўради. Тоғай Мурод такрор орқали, товуш уйғунлигидан унумли фойдаланиб, ҳиссий таъсирчанликни орттириб борган, таржимада ҳам мазкур усулга монанд тасвир яратишга интилинган.

Зиёдулла Тарлони билан дардлашиб кетади. Шу тарзда асар хотималанади.

“Ойдинда юрган одамлар” асари сюжети ғоят мароқли. Бошланишидаги нафис оҳанг Қоплон билан Оймомо ўртасидаги самимийлик, меҳр-оқибатни намоён этади.

Сюжет чизиғида бир кўриниш эътиборга молик. Қоплон адирда ёлғиз қолади.

“Қоп-қора булутлар Арчакўтал чўққиларини чалиб кетди.

Шунда… шунда, булутлар орасида бир чол пайдо бўлди. Чол уст-бошлари оппоқ бўлди. Соқоллари-да оппоқ бўлди”[5].

Мазкур лавҳа ҳам афсона-эртак жанрлари йўсинида жонланган. Зулматдан ёруғликнинг таралишида зиддият мавжуд. Ранглар: оқ ва қора – маъно фарқланишига, манзара, табиат тасвиридаги жозибани намоён этишга хизмат қилади.

“Заволокли чёрные тучи вершины Арчакутала.

И тут… и тут среди самых туч старец показался. Одежда на нем все белая-белая. Борода белая-белая”[6].

Таржимон ранг воситасида рамзий ифодавийликни илғаб, у орқали маълум маъно қирраларини етказишга ҳаракат қилган.

Оймомонинг бешик тебратиб, алла айтишида дардлар сиртда намоён бўлади:

“Аллада Шеробод даштларидай анқиллаб ётмиш кўнгил ноласи бўлди.

Кўнгил дарди бўлди, армони бўлди.

Кўнгил фожиаси бўлди!”[7]

Русчада “В колыбельной вся сердечная печаль, как Шерабадские степи, необъятная, вся выплёскивается.

Вся боль сердечная, вся тоска по несбыточному, все горе матушкино” тарзида келтирилиб, “нола”, “дард”, “армон” сўзлари моҳияти қамраб олинади. “Фожиа” тасвирнинг авж нуқтаси, маъно кучайган ўрин, “горе матушкино” ибораси айни аёл дарди эканини аниқ ифодалаган.

Адиб халқ оғзаки ижоди жанрларидан воқеалар ривожига туртки бериш ҳамда персонаж аҳвол руҳиятини мантиқий асослашда фойдаланади. Сюжет чизиғида ўлан, ёр-ёрлар равонлик, соддаликни, мақоллар яхлит фикрни, халқ қўшиқлари мунглилик, баъзан жўшқинликни, ривоятлар кучли мантиқийликни эртак, афсона йўсинидаги эпизодлар сирлилик, образлиликни юзага келтириб, ўзига хос кўламдорлик, ифодавийликни уйғун бириктиради.

Ёзувчи дунёқараши, асосий мақсадини характер негизига сингдиради, у орқали моҳиятни ёритишга интилади. Зеро, “Характер деганда эса муайян давр ва муҳит кишиларига хос энг муҳим, характерли умумий хусусиятлар билан алоҳида шахсга хос хусусиятларни ўзида уйғун мужассам этган образ назарда тутилади”[8] .

Ҳар бир ёзувчининг характер яратиш маҳорати ўзгача. Ёзувчи Зиёдулла кал мисолида ҳам инсоний фазилатларни ёритади. Зиёдулла асли чўпон, дўмбира чалиб, ашула айтади. Қир-адирларда пода боқиб куйлаши фитратидаги бағрикенглик, мусаффоликни намоён этади. Характери табиатан афандинамо – кулги, кесатиқ, саргузаштлари диққатга сазовор. Мухбир билан суҳбатда:

“ – Анави тўнғич акангизнинг қўйлари бўлмайди! Бари ўзидай калтафаҳм! Сизнинг қўйларингиз шундай доно, шундай ўқимишли… Ҳай-ҳай-ҳай, садағаси кетсанг, мухбирнинг қўйларининг!!”[9] – дейди.

Мухбир такаббур, доим ўз манфаатини кўзлайдиган шахс. Атрофдаги инсонларга паст назар билан қарайди. Зиёдуллага ҳам шундай муносабатда бўлганда қаҳрамон ўзининг камситилиши, мазах қилинишига йўл қўймай, уни усталик билан мот қилади. Қаҳрамон нутқидаги табиийлик, муҳими ундаги ифода тарзи ҳам Зиёдулладаги ҳозиржавоблик, зукколикни намоён этади.

“Овцы вашего старшего брата никудышние. Все в него, тупые. А ваши овцы все такие умные, смышленние… Да принесут меня в жертву за овец корреспондента!”[10] Таржимада “садағаси” сўзи қурбон келтириш маъносида қўлланиши гап мазмунини нотўғри ифодалашга сабаб бўлган.

Тарлон – Зиёдулла кал қалбининг бир парчаси. Зиёдулла кал оти чавандозлар ичида шарманда қилганда, ундан воз кечмоқчи бўлади.

Бироқ: “Шундай дейишга дедим. Ана, дедим. Аммо кўнглим туб-тубида нимадир… нимадир бир нима майда-майда ушоқ бўлиб-бўлиб кетди. Тарлон учун ич-ичимдан раҳмим келиб-келиб кетди…”[11]

Мазкур сатрлардаги сокин оҳанг қаҳрамон руҳиятини, қалб изтиробини ҳис қилдиради. Такрор сўзлар (“туб-тубида”, “ич-ичидан” –равиш, “майда-майда” – сифат, “бўлиб-бўлиб, келиб-келиб” – феъл) ҳолатни изчил тасвирлашга хизмат қилади. Ушоқ асли майда бўлади, тасвирда “майда-майда” ушоқ қўллангани таъсирли бадиий манзара яратган. “Нимадир, нимадир” – у мазкур ҳолатни, дилидаги оғриқни сўз билан ифодалашга ожиз, бунда пауза ҳам кечинмани чуқур ҳис эттиришга хизмат қилади.

Таржимада: “В душе у меня лопнуло что-то и рассыпалось на мелкие- мелкие кусочки. Жалко мне стало Тарлана”[12].

Муаллифнинг “Ойдинда юрган одамлар” қиссасида ҳам Қоплон пок туйғулар куйчиси сифатида талқин қилинади. Нутқидаги самимийлик, “момоси”, “аёлимиз” дея мурожаат қилиши аёлларга бўлган юксак эҳтиром намунаси. Жумла қурилишида ҳам руҳий ҳолатни ҳис қилдиришга йўналтирилган чизгилар берилади:

“– Кўзларингга боқишларим… боқишларимизнинг ўзи бир достон, момоси”[13].

Кўз кўзга тушса, меҳр товланади. “Боқишларим” сўзига урғу берилишида ҳикмат бор, бунда қадрдон, суюкли, азиз ёрга вафодорлик, садоқат тажассум топади. Биргина шу эътирофда қанча сурур, қанча тароват.

Қоплон портрети ровий томонидан анча батафсил тасвирланади: “Бўзбола елкадор, пишиққоматлик бўлади. Кулча юзларида чуқур-чуқур кулдиргичлари бўлади. Қўй кўзлик, сийрак қошлик бўлади”. Қомати, юз ифодаси аниқ акс эттирилади, бунда алоҳида белгиларга ҳам эътибор берилади. Тасвирда сажъдан ҳам фойдаланилади, “бўлади” феъли такрори фикр давомийлиги, изчиллигини кўрсатади.

Таржимада: “В плечах широк и сложен ладно. Лицо как лепёшка, улыбнётся-ямочки на щеках. Волоокий, бровь тонкая, осанка гордая-гусиная”[14] шаклида портет чизгиси берилади, аммо “лепешка” сўзи ғализлик келтиради.

Аёлга хос гўзаллик, нафосат портрет яратиш жараёнида ёдда тутилади. Момосулув тасвирида тажоҳули ориф санъати қўлланган: “Юзлари кулчадайми ё сулувми? Кўзлари қорами ё зиғир гулидайми? Қошлари қуюқми? Қуюқ бўлса, қайрилмами?”[15] Қиз қиёфаси таърифида юз, кўз, қош ифодасида образлилик, сўроқ оҳанги етакчи. Муаллифнинг мақсади таъриф ё тавсиф воситасида маҳбуба суратини изчил чизишга қаратилган.

Русчада аёл портрети бу шаклда берилади: “Красавица она или лицо у неё, как лепёшка? Черные у неё глаза или голубые, как цветок? Густые ли у неё брови? А если густые, то изгибаются ли дугой?”[16]. Бу лавҳада ҳам “кулча” сўзи ўрнига “лепёшка” сўзи қўлланиши ноўрин, боиси инсон чеҳрасини бундай таърифлаш салбий бўёқдорликни келтиради. Ўзбек тилида “кулчадай” деганда думалоқ юз тасвири гавдаланади, бу ўринда “круглое” дея эркин ёндашилса тўғри тасаввур пайдо бўларди.

Оймомо портретида ровий ҳайрати, ҳаяжонини яширмайди:

“Сағир бир қиз бўлди, бир қиз бўлди-е!!

Сарвқад бўлди.

Сулув юзларини оппоқ десак, бизнинг ҳақимиз кетади. Қорачадан келган десак, қизнинг ҳақи кетади.

Буғдойранг бўлди.

Барчин юзли бўлди, саратон юлдузли бўлди»[17].

Жумлаларнинг янги сатрдан бошланиши, “с” ва “б” товуши жарангдорлиги, сажъ қўлланилиши барчин юзли, саратон юлдузли; бўлди феълига урғу берилиши – барчаси оҳангдошликни юзага келтирган. Тасвирда ружуъ санъати, яъни аввалги сатрдаги таърифни кейинги сатрда янада кучлироқ, тўлиқроқ, аниқроқ ифодалангани намоён бўлади.

“А ведь сиротка девушкой была, и какой!

Кипарис одним словом!

Лицо её белоснежным назвать – против правды погрешить, смуглым назвать – девушку обидеть.

Как спелая пшеница вот какого цвета!

Сама полной луной сияет, саратанской звездой мерцает”.

Таржимон адиб тасвирига ҳамоҳанг лавҳа топишда маъно ва оҳанг уйғунлигини сақлашга интилади. Ўхшатиш, жонлантириш тажоҳули ориф ёхуд ружуъ каби санъатлар портретдаги тиниқлик жозибанинг юзага чиқишига туртки берган. Асарларда портретларга қаҳрамон ё ровий нигоҳи орқали чизги тортилади. Тоғай Мурод мумтоз адабиёт анъаналарини насрда давом эттирди, шеърий санъат жозибасини насрий матнда намоён этди.

Адиб сўздан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланади. Сиқиқ жумлалар қатига кенг маъно кўламини сингдиради. Асарлар таҳлилида тиғиз, аммо теран ифода, мантиқий-изчил тасвир, фалсафий-эстетик қарашлар кўзга ташланади.

Таржимонлар асарларни рус тилига ўгириш жараёнида ҳар бир сўз устида меҳнат қилгани аён бўлади. Улар топоним, байрамларни соф ҳолида қолдиради. Қиссаларда сўз ўйини, такрори орқали маъно бўртиб кўринган лавҳаларни аниқ етказиш мақсадида бир жумла ўрнида икки ё ундан ортиқ қўллайди. Ўзбек миллатига хос удумни, анъанани тўлиқ етказиб бериш мураккаблиги боис фикрларга илова киритилади. Баъзан маъно бир оз ўзгарсада матн моҳиятига путур етмайди. Кўринадики, таржимонлар Тоғай Мурод асарлари руҳига кириб, услубини ўрганиб, ижод қилганлар.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 11-сон

–––––––––––––––––

[1] Феллер. М. Структура произведения Феллер М. Структура произведения – М.Книга. 1981. с. 90.

[2] Тагай Мурад.Тарлан. М. РИПОЛ классик, 2018. с. 134.

[3] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 315

[4] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 214-б.

[5] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 313-б.

[6] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 78.

[7] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 347-б.

[8] Қуронов Д. Адабиётшуносликка кириш. Андижон. Ҳаёт. 20002. 69-б.

[9] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 112-б.

[10] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 37.

[11] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 183-б.

[12] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 99.

[13] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 327-б.

[14] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 138.

[15] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 103-б.

[16] Тагай Мурад. Тарлан. М. РИПОЛ классик. 2018. с. 9.

[17] Тоғай Мурод. От кишнаган оқшом. Т. Шарқ. 1994. 222-б.