Таниқли ёзувчи Тоғай Мурод насрида сўз сўйлайди, куйлайди, тасвирлайди. Адиб санъатлараро уйғунликни теран ҳис этиб, дунёни, борлиқни бастакор, рассом, меъмор нигоҳи-ла идроклайди. Асарлари замиридаги мусиқийлик, кўламдорлик муаллиф тафаккур ва тасаввур оламини яхлит гавдалантиради. У ҳар бир воқеа-ҳодиса, ҳолатни теран ва образли тасвирлашга аҳамият берди: “Табиатни тўлғоқ тутди. Атиргуллар атриёт анқитди” (“Ойдинда юрган одамлар”).
Бир хил товушлар такрори – аллитерация, ассонансга асосланган жумлаларда оҳангдорлик, мантиқийлик кучли. Маълумки, табиат туҳфаси – Наврўз азалий ва қадрли анъаналардан. Адиб табиатнинг тўлғоқ, дард билан янги кун, йилни инсонларга ҳадя қилишини шундай бадиий кашф этади. Атиргулнинг муаттар бўй таратиши, қисмдан бутун яралиши, хушбўй ифорнинг туйғу қувватларига таъсири матннинг мазмун қатламини бойитган.
Тоғай Мурод қиссаларида замон ва макон таркибий яхлитликни юзага келтирган. Хусусан, тонг ёруғлик, нурафшонлик рамзи сифатида “субҳи содиқ”, “саҳар маҳали”, “тонг саҳар” тарзида кўп қўлланган: “Субҳи содиқ маҳалдан саррин-сарин саболар эсди” (“Ойдинда юрган одамлар”).
Реал, жонли манзара сезимларга эпкинлик бахш этади. Мусаффолик қалбга сурур, ўзгача кайфият улашиб, оний лаҳзаларни муҳрлаб боради, “с” товушининг такрорланиб келиши таъсирчан оҳанг ва жарангдорликни таъминлайди.
Инсон яралибдики, сув, ҳаво, ер, ўт каби энг зарур ҳаётий унсурлар унга туҳфа этилган. Адиб инсон ва табиат мувозанатини асрашдай долзарб муаммони қаламга оларкан, одамзот ва набототнинг бир тану жон эканини бадиий талқин қилади. Бўри полвон, Зиёдулла кал, Қоплон каби қаҳрамонлар табиат фарзанди. Улар ер, сувни эъзозлайдилар, сирдош тутинадилар. Бўри полвон қўш ҳайдаб, ерни меҳр билан парваришлайди. Боғбон Қоплон она-замин туҳфа этган неъматларга шукрона айтади. Деҳқонқул эса ер, тупроқни онадай қадрлаб, у билан дардлашади. Адибнинг поэтик маҳорати илк бор дала образини яратганда, яъни далани пейзаждан образ даражасига кўтарганида кўринади: “Далаларим мудраб-мудраб олди. Дала кўнгли нозик бўлади – вақт-бевақт оралай берса, кўнглига олади” (“Ойдинда юрган одамлар”).
Жонлантириш воситасида инсонга хос сезимлар ҳис этилади. Кенг, бепоён дала тасвиридаги контраст, маъно нозикликлари эътиборни тортади. Она тупроққа эҳтиром далиллаб кўрсатилади.
Қиссаларда сувнинг тиниқ, зилоллиги беғубор инсоний туйғуларга уйғун тарзда ифодаланган. Қоплон билан Оймомо илк бор булоқ бўйида учрашади ва шу ҳодиса сабаб тақдирлар туташади. Маълум муддат айрилганларида ҳам Қоплон булоқ бўйига келиб қўмсаш, эслаш қўшиғини куйлайди. Бу макон тасвирига маълум ғоявий-бадиий вазифа юклангани воқеалар ривожида кўзга ташланади. Сув шаффофлиги дилдаги ғуборларни ювади, вужудга роҳат, осудалик бағишлайди. Шу ўринда китобхон ёдига Отабек ва Кумушнинг ариқ бўйидаги сирли учрашуви келади. Бу ҳолат улар қисматида ҳам туб бурилиш ясайди — сув детали муҳаббат талқинида муҳим аҳамият касб этади. Тиниқлик, поклик рамзи бўлмиш сув инсоний туйғулар билан ҳамоҳанглиги фалсафий-эстетик жиҳатдан далилланади.
Тоғай Мурод қиссаларида Момоқиз, Момосулув, Оймомо исмли бадиий образлар билан танишамиз. Қизиқ, исмлар замирида қандай маъно мужассам? Маълумки, Момо Ҳавво одам наслининг онаси. Она деган мўътабар зот қадим-қадимдан буён муқаддасдир. Қизалоқларга исм танланар экан, инсон яралиши, туғилиши, камол топишига ишора этилади. Момо Ҳавво наслининг ориятли, диёнатли, меҳрли авлодлари бу номга ворисликларидан фахрланадилар. Шу боис, адиб аёллар фитратини, латофатини рангин бўёқларда ёрқин тасвирлайди. Хусусан, Оймомо руҳияти ифодасида фалсафий мушоҳаданинг теранлиги кузатилади. Адиб турли кечинмаларни ўз дунёқараши, эстетик идеали орқали синтез қилиб, бетакрор образ яратади. Оймомо тирноққа зор бўлиб, фарзанд илинжида сўнгги дамгача умидвор ўтади. Оналикни орзу қилган аёл алла айтар экан, дили тубидаги дардлар сиртда намоён бўлади:
“Аллада Шеробод даштларидай анқиллаб ётмиш кўнгил ноласи бўлди.
Кўнгил дарди бўлди, армони бўлди.
Кўнгил фожиаси бўлди!” (“Ойдинда юрган одамлар”).
Муаллиф алла воситасида аёл қисматига ишора қилади. Кўнгил ноласи дашт мисоли бепоён, қат-қат йиғилган фиғон сиртдан отилиб чиқяпти. Нола, армон – тасвирнинг авж нуқтаси, маъно кучайган, дил торларининг таранглашган ҳазин интиҳоси.
Аёл суюкли ёрини оталик саодатига мушарраф этолмаганидан ўзини айбдор ҳисоблаб кетиб қолади. Умр бўйи бир-бирини алқаб, ардоқлаб яшаган эр-хотин бу айрилиқдан азобланади: “Юракни яширса бўлади. Боиси юрак кўринмайди. Юрак жамики дардларни пинҳон тутади. Аммо кўзларни яшириб бўлмайди. Кўзлар ўзини ўзи фош этади” (“Ойдинда юрган одамлар”).
Меҳрибон, беғубор, самимий боқишларни соғинган Қоплон аёли кўзларига термулиб, унинг ҳолати, изтиробини ўзида туяди. Диллар унсиз дардлашади. Адиб бу учрашувни гўё саҳнага кўчиради. Инсон руҳиятида кечмиш ҳиссиётларга нигоҳ ташлашда кўз тасвиридан ўринли фойдаланади. Имонли, хокисор, сабрли қаҳрамонлар ой ёғдусида нурли манзилларга ошиқаверади.
Тоғай Мурод миллатимизга хос ўзлик, ғурур, ориятни талқин этаркан, бир шахс тақдири орқали келажакка ишора беради. Бўри полвон кураш тушиб, туғилган юрти, эли шарафини ҳимоя қилади. Ғурури, ўзлигини асрай олган инсон мартабаси ҳамиша баланд. Зиёдулла чавандоз кўпкарига тушади. Бунда чавандозлар бирикиб, ҳамжиҳат бўлиб курашади. Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар нақлининг амали адиб асарларида бадиий талқинини топган. Бўри полвон, Зиёдулла кал, Қоплон тимсолида танти, мард, ғурури баланд ўзбек гавдаланади. Зотан, уларнинг мақсад-муддаоси ўзи ва элининг шаъни, орини асраш.
Ривоят, афсоналар халқ донишмандлиги маҳсули. Улар замирида эзгулик, олижаноблик муқимлашади. Умуминсоний фазилатлар талқинида асарлар таркибига ривоятлар сингдирилиши тагмаънони, тагқатламни кучайтиради. Тоғай Мурод илк қиссалари таркибига ривоятларни киритиб, мазмун-моҳиятни бойитган. “Ойдинда юрган одамлар” қиссасида санъат, тарих, фалсафа, эътиқод уйғунлиги воқеалар занжирини мустаҳкамлаган. Тўй маросими, келин салом, ҳайит байрами тасвири воситасида бағрикенглик, одамохунлик, саховатпешалик улуғланади. Наврўз, сумалак ҳақидаги ривоятлар халқ урф-одатлари, маданияти тарихини кўз ўнгимизда гавдалантиради. Лайлатул қадр, Рамазон билан боғлиқ ривоятларда имон, диёнат, қаноат тушунчалари теран таҳлил қилинади. Сўфи Оллоёр, Ҳизр, Вахшимор, Қорабулоқ афсоналар сирли ҳодисаларга ойдинлик киритади. Тасвирдаги оригиналлик, ғоявий-эстетик таъсирчанлик китобхонга завқ ва маънавий қониқиш ҳиссини бағишлайди.
Тоғай Мурод адабиёт майдонига ёниб кирди. Ўткир зеҳни, нозик диди, маънавий-ахлоқий қарашлари, бадиий-эстетик принциплари яратган қаҳрамонлари фитратида ўз тажассумини топди, пировардида ўзбек насрини поэзияга яқинлаштирди. Сиқиқ жумлалар қатига кенг маънони сингдира олган ижодкор заргарона уқув билан халқ оғзаки ижодига хос сеҳрли оҳанг ва жозибали талқинларни замонавий прозага уйғунлаштиради. Хушоҳанглик, ёрқин бўёқдорлик, фалсафий теранлик Тоғай Муроднинг бадиият оламига поэтик ёндашувининг ёрқин далилидир. Адиб ҳаёт бўлганида олтмиш беш баҳорни қаршилар эди. Асарлари китобхонлар қалбидан жой олган экан, демак, Тоғай Мурод юлдузи порлайверади.
Умида Расулова,
ЎзМУ доценти
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 22-сонидан олинди.