Пушкиннинг ҳаёт шаъмини сўндирган машъум дуэлдан сўнг 166 йил ўтди. Дуэл қатнашчилари ҳақидаги маълумотлар ҳали-ҳануз охиригача очилган эмас. Адабиётшунослар бу борада жуда қизиқарли маълумотларни эълон қилмоқдалар.
Пушкин ва Дантес — Гончаровлар катта оиласининг икки куёви. Натали ва Катрин опа-сингиллар эди. Ўз қариндошларининг қонини тўкиш — ўз шаънига доғ тушириш билан баробар. Лекин жанжалли машъум дуэл айнан Россияда, Петербургда содир бўлди.
Француз шаҳарларининг бирига кираверишда чоғроқ қабр тошига оддий қилиб ёзиб қўйилган: “Барон Жорж Шарл де Геккерн-Дантес, 1812 йил 5 февралда туғилган; 1895 йил 2 ноябрда Сулцда вафот этган”. Бу қабрда қувноқ, ман-ман, уддабурон Жорж Дантес ётибди. Дунёқараши бўйича — бонапартист, дини бўйича — католик. Бир вақтлари поручик, кейинчалик шаҳар мэри ва Франция сенатори. Адабиётда эса у буюк шоирнинг қотили сифатида тилга олинади. Ҳарбий суд қарори билан лавозими ва дворянликдан маҳрум этилган, империядан жандарм кузатувида қувилган, деб эсланади.
Дантес ҳатто қуролдошлари ўртасида ҳам ўз қилмишини оқлай олмади. Бу ҳақда у 1837 йил 26 февралда полковник Бревернга, жумладан, шундай деб ёзди: “…оддий халқ ўйлаб ўтирмай рақибимнинг уйига югурди, менинг қиёфамда улар фақатгина хорижлик қотилни кўрардилар…”
Сулцда Дантес кўчаси бор, сал нарида эски катта уч қаватли минорали уй — Дантеслар қасри. Дарвоза тепасига шундай сўзлар битилган: “1605 йил. Уйнинг эгаси Жорж Шарлнинг отаси Иосиф Дантес, ирландиялик, Францияда хизмат қилиб, Наполеондан баронлик унвонини олган”.
Биринчи марта Дантес фамилияси Сулцда 1720 йили фабрикант Жан-Анри Антес пайдо бўлганида тилга олинган…
Жорж Шарл Дантес — Сен-Сир ҳарбий ўқув юртининг курсанти. Ашаддий роялист. Роялистлар қўзғолони мағлубиятга учрагандан кейин таниш-билишларининг ёрдами билан ёш Дантес Россияга омад излаб келади. Рус ҳарбий хизматига кириш нияти жуда тез ва муваффаққиятли амалга ошади. Дантес одамларга қандай ёқишни биларди: голландиялик элчи барон Геккерн Дантесни ўғил қилиб олади.
Пушкиннинг ҳам Дантесга муносабати ёмон эмасди. Натали ва Дантес 1834 йил кузида танишадилар. Улар тенгдош эдилар. Бу машъум учрашув “севги”га айланади. Дантес Наталига очиқчасига хушомад қила бошлайди. Бу қилиқ гап-сўзларга, шов-шувларга сабаб бўлди.
Наталига бефарқ бўлмаган Николай Биринчига ҳам бу хушомадлар ёқмасди. 1836 йилнинг 9 октябрида Жорж Дантес император ҳузуридаги отлиқларга бошлиқ қилиб тайинланади. Бу лавозимга у бекорга тайинланмади. Подшо Дантесни ўзининг кўзи олдида сақлаб туриш ниятида шундай қилганди.
1837 йилнинг 10 январида Петербургда Дантес билан Екатерина Гончарова никоҳдан ўтадилар. Пушкин тўйга келмайди; тўйдан кейин ҳам уларни табрикламайди. Лекин тўйдан сал илгарироқ Пушкин отасига шундай деб ёзганди: “Бизникида тўй. Қайниопам Екатерина барон Геккернга турмушга чиқаяпти. Куёв жуда чиройли, қаллиғидан 4 ёшларча кичикроқ”.
Бир оиланинг икки куёви ўртасидаги “жимлик”ни Дантес бузди.
20 қадамлик масофадан ўтказилган қонли дуэл ҳеч кимни ўлимдан сақлаб қололмаслиги аниқ эди. Уларнинг иккиси ҳам ўлимга маҳкум эди.
Дантес биринчи бўлиб отиб, Пушкинни қорнидан яралади. Пушкин ҳам бор кучини йиғиб отади. Дантес эс-ҳушини йўқотиб йиқилади. Бу фожеа 1837 йилнинг 27 январида содир бўлади. Пушкин яна 43 соат яшайди.
1837 йил 29 январ куни 230да Пушкиннинг юраги уришдан тўхтайди…
Вақти келиб, буюк шоир ҳаётига нуқта қўйган дуэлни Дантес “ёшликдаги бир саргузашт”, деб эслайди.
Айтишларича, қотиллиги учун кўпчилик Дантес билан тескари бўлиб қолган. Дантес авлодлари ҳам уни бу қилмиши учун кечира олмаганлар. Ҳатто Екатерина билан Жоржнинг қизи ўз отасини буюк шоирнинг қотили, деб атаган. У онасининг ўлимида ҳам отасини айблайди ва уни умрбод кечирмайди…
Дантес уйлангунича ва уйланганидан кейин бутунлай бошқа-бошқа одам эди. Ўттиз уч ёшида бева қолиб, тўртта фарзандни ўстириш учун у ўзида куч топади. Лекин рус хотини хотирасига содиқ қолишни истаб иккинчи бор уйланмайди.
Айтишларича, ҳаётининг сўнгги кунларида Екатерина Наталидан келган икки хатдан сира ажралмаган. У қўлида жигарлари (Натали ва Александра) совға қилган олтин билакузукни маҳкам ушлаганича жон берган. Бу билакузук қаердан, қайси пулга олинганини у билмасди. Бу сирни билиш учун бир мактубдан қуйидаги сатрларни келтириш кифоя: “Ҳазрати Олийлари эрингиз ва Сизни хурсанд қилиш мақсадида опангизнинг тўйи муносабати билан Сизга ушбу пулни шахсан қўлингизга топширишимни менга юклади.
Х.Бенкендорф — Н.Н.Пушкинага. 1937, 4 январ, Петербург”.
… Дантес Пушкиндан кейин ярим асрдан кўпроқ яшайди. Бойлик ва шуҳратга кўмилиб, 83 ёшда, 1895 йилнинг 2 ноябрида ҳаётдан кўз юмади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 25-сонидан олинди.