Улкан, эҳтиросли шоирнинг ёниқ юраги уришдан тўхтади. Куни кеча бизнинг орамизда бўлган, дилбар суҳбати билан, тунда ёзган янги шеъри билан дилларни яйратган, ўзининг борлиги, салобати билан давраларга файз бериб турган устоз бир лаҳзада тарихга айланди қолди.
Ақл бовар қилмайди, кўнгил кўниколмайди, нашриёт хоналарида, редакция йўлакларида қўлимизни маҳкам сиқиб, самимият тўла кўзларини тикиб «омонмисан, бўтам» дейдиган, тонгларда телефон қилиб, «кеча газетадаги шеърингни ўқидим», деб гап бошлайдиган меҳрибон бир инсоннинг энди йўқлигига ишонгимиз келмайди.
Бу замин улуғ одамларнй кўп яратган, яна кўп яратади. Лекин шоир Миртемир қайтиб келмайди. Инсон Миртемир ҳам. Чунки устоз бетакрор бир сиймо эди, бетакрор нафасга эга бўлган шоир ва заршунос эди.
Миртемир адабиётга жуда эрта кириб келган, ўн еттига тўлиб-тўлмаган ёшида сочма шеърлари тўплами билан шуҳрат топган шоир эди. Умрининг охиригача ёшлик эҳтироси, ёниқлиги уни тарк этмади. «Қорақалпоқ дафтари»нинг мутойибага бой сатрлари, «Енгажон» каби шўх шеърлари битилганда Миртемир забардаст шоир бўлган. Ёшлик интилиши, изланиши шоирни сўнгги нафасгача тарк этмади.
Эсимда, биз институт талабалари эдик. Марҳум Хайриддин, Юсуф, Сайёр, Тўлқин, Ҳусниддин Шарипов, Азиз Абдураззоқлар Ёзувчилар Союзи қошидаги ёшлар семинарига қатнашар эдик. Домла Миртемир семинар олиб борар эди. Биз ҳар бир машғулотдан дунё-дунё таассуротга тўлиб, устоз суҳбатлари, ўгитларидан баҳраманд бўлиб қайтар эдик. Орадан йигирма йилча вақт ўтиб, ўтган йил бошларида устоз ёшлар семинарининг бир машғулотини бошқарди. Домла шамоллаган, бетоб эди. Дам-бадам иссиқ чой, дори ичиб турар эди. Шунга қарамасдан ёшларни ноумид қилгиси келмай машғулотга келди ва охиригача уни бошқарди, ҳаётий ва ижодий тажрибаларидан энг ибратли лавҳаларни гапириб берди, шеъриятнинг нозик сирлари билан ёшларни ошно қилди.
Ўшанда мен шоирнинг фидойилигига, куюнчаклигига, ёшларга, демакки адабиётимизнинг келажагига умиди, муҳаббати ва ишончига қараб ҳавас қилган эдим.
Устоз Миртемир юрак меҳрини, оташини сўнггигача ёшларга бериб кетди.
На олтин, на жавоҳир эдим, Армонли бир ёш шоир эдим. Зуҳро бўлмасанг-да ҳуснда, Мен ишқингда нақ Тоҳир эдим.Бу мисраларнинг ўзи Миртемирнинг кафт устида турган юрагини, ёниқ эҳтиросини, самимият тўла шоирлигини намоён қилиб турибди.
Устоздан бизга бой ва сермазмун мерос қолди. Бу — том-том шеърлар, достонлар. Бу — ўзбек тилида сўзлаган Пушкин, Некрасов, Шевченко, бу — улкан қирғиз эпоси «Манас»нинг ўзбекчаси, бу — дафтар-дафтар ёзишмалар, рисолалар, нутқлар… Улар қоғозда қолмайдиган, биз билан яшайдиган, кунда кунимизга ярайдиган бойлигимиз.
Пушкиннинг «Прошай, свободная стихия» сатрини устоз «Алвидо, қудратли асов ғалаён» деб таржима қилган эди. Шоир Миртемир — ҳаётда сокин ва майин инсон бўлса-да, юрагида шеъриятнинг қудратли асов ғалаёни яшар эди. Бугун устоз билан видолашиб «Алвидо, қудратли асов ғалаён», деймиз ва бу қудратли шеъриятининг бизга умрбод ҳамроҳ бўлиб қолишига ишонамиз.
1981