Хуршида Абдуллаева. Излаб-излаб топганим (ҳикоя)

Дераза рахида турган қўл телефони эгасининг бепарволигидан нолигандек ҳазин куй таратди. Деразадан бир қадамча беридаги столда компьютерда алланималарни ёзиб ўтирган жувон чўчиб, ўгирилди. Жим бўлармикин, дегандек бирпас норизо нигоҳ билан қараб тургач, истамайгина ўрнидан турди-да, телефонни олди.
– Алло! – деди матоҳни қулоғига тутаркан, оғ­ринибгина.
– Алло, ассалому алайкум! – деган овоз эшитилди. – Кечирасиз, безовта қилганим учун, бу Зумрадхон Алиеванинг телефонларими?
Бу қадар хуштавозелик билан берилган саволдан жувоннинг бироз чеҳраси ёришди ва жавоб берди:
– Ҳа, менман, эшитаман сизни.
– Мен – Ўктамбек Ғаниевман, – овоз эгаси сў­рамаслариданоқ ўзини таништирди. – Сиз билан та­нишмоқчи эдим, мумкин бўлса агар…
“Руҳшуноснинг янги мижози…”, деб ўйлади жувон, кейин одати бўйича, анчайин бепарво оҳангда деди:
– Майли, розиман! Ҳар куни эрталаб тўққиздан ке­йин ишда бўламан. Айтганча, нима учун танишмоқчи­сиз, сир бўлмаса? – у доим суҳбатдошининг гаплашиш услубига тез мослашарди, ҳозир ҳам шундай қилди, хуштавозе кишига такаллуф билан жавоб қайтара бошлади ва буни ўзи сезиб, ичида кулиб қўйди.
Овоз эгаси энди бироз тараддудлангандек туюлди:
– Ҳалиги, ўзим, шунчаки, танишмоқчиман. Сиз ҳақингизда радио орқали билгандим, бунга уч-тўрт ойча бўлиб қолди. Сиз билан бўлган суҳбатни эшиттиришганди, шеърларингизни, мулоҳазаларингизни тинглаб, кўнглимга яқин одамни топгандек бўлдим. Шу сабабли, бир кўриб, гаплашсам, дегандим, баъзи бир саволларим бор эди сизга берадиган.
– Ҳа, шунақа денг, – деди жувон, – нимаям дердим, унда ишхонамни ҳам биларсиз, истаган вақтингизда келаверинг, суҳбатлашамиз…
– Раҳмат сизга! Кўришгунча хайр!
Жувон телефонни жойига қўйди-да, яна ўтириб, ёзишга тушиб кетди…

* * *

– Турмуш қуриш ҳақида шу пайтгача ҳеч ўйлаб кўрмадингизми?
Қизиқ, одатда мижозларига саволни у берарди. Рўпарасидаги йигитга ҳайрон бўлиб қаради. “Мижоз” бўлса, очиқдан-очиқ берган саволидан бироз хижолат тортгандек, унга айбдорона термулиб турарди.
– Келинг, яхшиси, сиз ҳақингизда гаплашамиз, — деди руҳшунос. – Нима безовта қиляпти сизни?
Йигит энди ўзи ҳақида гапира бошлади. Унинг гап­ларини диққат билан тинглаган Зумрад қаршисида ўз муаммоларига замонавий ечим қидириб, руҳ­шунос ҳузурига келган шунчаки оддийгина мижоз ўтир­ма­ганини тушунди.
– Телефон рақамингизни топиш жуда қийин бўлди, аслида бундан уч-тўрт ой илгари ёнингизга келмоқчи эдим. Радиодан сўрасам, биз билмаймиз, дейишди. Қайта-қайта қўнғироқ қилаверганимдан сўнггина илтимосимга кўра, топиб беришди. Сиз билан, назаримда, аввалдан танишдайман, эшиттиришда айтган гапларингиз, айниқса, шеърларингиз жуда кўнглимга яқин. Шундан бери танишиш истагида эдим. Илтимос, Зумрад, менга ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз.
– Агар бошида берган саволингизга келсак, – деди Зумрад ҳамон ҳайратини яшира олмай, – мен турмуш қурганман, лекин… муваффақиятсиз никоҳ эди бу.., қисқаси, ишимдан бошқа ютуғим йўқ ҳаётда. Шуни билмоқчимидингиз?
Йигит бироз жим қолди, кейин яна дадилланди:
– Яна оила қурармидингиз? Масалан, мен билан?
Буниси энди ошиб тушди. Зумрад, касби нуқтаи назаридан ҳамма билан очиқ гаплашишга ўрганган бўлса-да, бундай қовушмаган, боз устига мутлақо кутилмаган таклифга нима дейишни билмай тараддудланиб қолди.
– Ғалати экансиз-ку, – деди кейин, – қандай қилиб бундай осонгина айтяпсиз бу гапни? Мени ҳозиргина танидингиз-ку!
Йигит унга қараб, мулойим жилмайди. “Табассуми чиройли экан!” – беихтиёр хаёлидан ўтказди руҳшунос.
– Биласизми, одамни билиш учун кўп вақт керак эмас. Мен сизни биламан ва қарорим қатъий, – деди Ўктам, – яхшилаб ўйлаб кўринг, мен яна келаман. Бир ҳафта етадими ўйлашингиз учун?
Зумрад ҳамон нима дейишини билолмай бу ғалати одамга қараб турарди. Ўктам гапини давом эттирди:
– Демак, бир ҳафтадан кейин, худди мана шу куни келаман…
 
* * *

Жувон ишдан чиқиб, гўзаллик салонига бурилди. Анчадан бери кирмаган эди бу ерга. Сочларини чиройли қилиб тараттирди, қош тердирди. Негадир, ўзига эътибор билан қарагиси келиб қолганига ҳайрон бўлибгина уйига жўнади. Кўча, унинг ибораси билан айтганда, бир-биридан бахтли одамлар билан тўла эди: кимдир фарзандлари қуршовида кетяпти, яна кимдир севгани билан қўлтиқлашиб, дунё билан иши йўқдай беғам-бепарво қадам ташлаб боряпти. Уларни доимо ҳавас билан кузатадиган Зумрад кўтаринки руҳда эканлигини бирдан сезиб қолди, кейин ўз-ўзига кулиб қўйди – сабаби маълум…
Уйи ҳам кўзига доимгидан кўра шинам ва файзлидай туюлди. Кийимларини дарров алмаштириб, компьютерда мусиқани баландлатиб қўйди-да, уй тозалашга тутинди. Ҳамма ёқни ёғ тушса ялагудек қилиб, тозалади. Ўзи сезмаган ҳолда дам-бадам жилмайиб қўяр, кулча юзлари ёришиб, бир зум нималарнидир ўйлаб хона ўртасида туриб қоларди. Чангларни артди, мижозларидан бири бериб кетган бир даста чиннигулни идишга солиб, стол устига қўйди. Овқатлангач, ўтириб, бафуржа тирноқларини бўяди, кейин кўнгли хотиржам тортиб, компьютер ёнига чўкди-да, илмий ишини ёзишга киришди…

* * *

Эрталаб хуш кайфиятда уйғонди. Ювиниб-тараниб, енгилгина нонушта қилгач, ишга отланди. Бир-икки кун аввал сотиб олинган, лекин ҳали ки­йилмаган кўйлагини кийди. Тақинчоқларини қутичадан олиб, тақ­ди. Сочлари кеча яхшилаб оро берилгани учун айтганидай турарди. “Типратикан” тароғи билан бир-икки таради-да, кўзгудаги аксига диққат билан тикилди. Ўзидан бирор камчилик тополмагач, хотиржам уйдан чиқди. Бугун мижозлари сал кўпроқ. “Ишқилиб, У келган вақтда тиқилинч бўлмасин-да”, – ўйлаб қўйди жувон…

* * *

Бугун, яхшиси, савдога чиқмайди. Бемалол тайёрланиб, кейин уйдан чиққани маъқул. Зумраднинг иши кўп, то у боргунича, мижозларининг аксариятини қабул қилиб бўлган бўлса, яхши бўлади – бемалол гаплашиб олишади. Шу боис Ўктам учрашув учун тушга яқин пайтни танлади. Юраги бесаранжом ҳолда соқолини қиртишлади, кийинди, уйдан чиқаётиб, шошганидан калитни тополмай, анча овора бўлди. Доим стол устига қўядиган калитни бу сафар шимининг чўнтагидан топди. Амаллаб уйни қулфлаб, кўчага чиқди-ю, муюлишда ҳамқишлоқ дўстлари – Омон ва Адҳамга дуч келди.
– Ие, ие, ана ўзи! Қалайсан, жўра, биз сеникига бораётган эдик, – қучоқ очиб келаётган Адҳам билан кўришар экан, йигитнинг юраги яна безовта тепа бошлади. “Эҳ, сал аввалроқ чиқсам бўларкан, майли энди, бироз кечроқ борарман, бешгача ишлайди-ку”, – деди ўзига-ўзи, сўнг дўстларини уйга бошлади…

* * *

Соат 5. Эрталабдан бери дам эшикка, дам телефонига қараб-қараб қўяётган жувон умидини узиб, кетишга чоғланди. Хонасини қулфлаб, кўчага чиқаркан, кечаги кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Маъюс хаёллар оғушида уйига етиб келди. Ичкарига кириши биланоқ, бир нима ёдига тушгандек, дарров сумкасидан телефонини олди. Қабул қилинган қўнғироқлар орасидан таниш — учта уч, иккита олти ва иккита саккиздан иборат рақамларни топди. Бироз тараддудланиб, бош бармоғини яшил тугмага қўйди, аммо босишга журъат қилолмади. Телефонни жаҳл билан ёстиқ устига ирғитиб, битта-битта босганича кўзгу қаршисига келди. Тақинчоқларини ечиб, бирин-кетин пардоз столига қўя бошлади. Маъюс, ранги хиёл оқарган чеҳрасига ойнадан бироз қараб турди-да, сочтўғноғични қўлига олди. Нозик елкалар узра шаршарадай қуйилиб турган сумбулларнинг эркинлигига путур етди — бир зумда йиғиштирилиб, турмакландилар. Яна кўзгуга қараркан, ўз-ўзига деди:
– Ўл-а, дарров ишона қолдингми? Бир оғиз гапга-я!
Бироз туриб, яна ўйлади: “Балки у рўйхуш бермаганимга фикридан қайтгандир, эҳтимол, у тасаввур қилганидек эмасдирман…”
Жувон оғир хўрсинди. Қулоқлари остида таниш овоз янграб кетгандай бўлди:
– Ўв, билиб қўй, мендан бошқаси билан бахтли бўлиб бўпсан!
Худди ҳаво етишмаётгандай, тез бориб, деразани очиб юборди. Кўзларининг қирғоғидан тошган бир томчи ёш киприкларига илинди…

* * *

“Ношуд, лапашанг, ландовур! Энди У нима деб ўйлайди? Нега бир иложини тополмадим? Оғай­ниларимга зарур ишим бор, дарров келаман, ўтириб туринглар, десам, осмон узилиб, ерга тушмасди-ку!”
Йигит хона ичида у ёқдан бу ёққа юрганича жи­ғибийрон бўларди. Радиодан берилган ўша суҳ­батни эслади:
“– Зумрадхон, айтинг-чи, атрофингиздагиларнинг қайси жиҳатлари сизга ёқмайди?
– Баъзида учраб турадиган лафзсизликни сира ҳазм қилолмайман. Биласизми, ҳар бир одам, у ким бўлишидан қатъий назар, аввало, лафзида турадиган бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Ваъда бердингми, албатта, бажаришинг шарт…”
“Ҳа, у шунақа, лафзсиз одамни кечира олмайди. Мениям…” Йигит деразани очиб, умидсиз нигоҳларини қоронғуликка тикди. Хотирасининг олис қаърида яна ўша овозни эшитгандай бўлди:
– Сендақа ландовурга ким ҳам тегарди…
Чуқур хўрсиниб, қўллари мушт бўлиб тугилди…

* * *

Дам олиш куни. Бироз кечроқ уйғонган Зумрад шоирнинг мисраларини эслади: “Якшанбани яхши кўраман…” Жувон ишини яхши кўрганидан, ҳам илмий ишини тезроқ тугатиш умидида шанба кунлари ҳам мижозлари билан шуғулланарди. Якшанба эса, ўзининг таъбирича, унинг “хос куни”. Телефонини ўчириб қўйиб, ўзига истаганича китоб ўқиш, телевизор кўриш, мусиқа тинглаш ёки йиғилиб қолган баъзи уй ишлари билан шуғулланишга рухсат берарди шу куни. Компьютерни ҳам эркин ижод қилиш истаги туғилсагина ёқиши мумкин. Бугун ҳам худди шу қоидага кўра иш тутмоқчи бўлди. Деразаларни ланг очиб, хоналарни шамоллатди. Ташқарида кезиб юрган кузнинг сарин ҳавосини тўйиб симирди. Кейин компьютерни ёқди-да, ўзини эркин қўйиб, ёза бошлади:
“Сенинг сариқ рангинг нега суйдим, Куз?
Не учун заъфарон боғларинг аро,
Хаёлчан кезаман ўйчан ва бесўз?
Нечун сен қалбимга яқин ва ошно?…”

* * *

Ўктам шошилиб, кўчага чиқди. Шу бугуноқ бориши шарт, бормаса бўлмайди. Бир амаллаб, жувоннинг уй манзилини билиб олган, бундан кўнгли тўқ. Боради-да, Зумрадни чақириб, унинг бир оғиз жавобини эшитади, керак бўлса, ялинади-ёлворади, ишқилиб, турмуш қуришга кўндириши шарт уни, акс ҳолда…
Йигит то муюлишдан бурилгунича жуда тез, худди биров қуваётгандай юриб борди. Сўнг енгил нафас олди – бугун ҳеч ким унинг йўлини тўсмади. Марказий кўчадан ғизиллаб ўтаётган таксилардан бирини тўхтатди-да, манзилни айтди. Ўтган бир неча кун давомида Зумрадга қўнғироқ қилишга ҳам юраги бетламади. Ҳозир бўлса, ҳеч нарсани ўйламас, лабларини маҳкам қимтиганича, фақат жувонга айтадиган гапларини ичида такрорлаб борарди. Манзилга етди. Кўп қаватли уйнинг атрофида фақат “Сут, қатиқ, қаймоқ!” деб қичқириб юрган бир-иккита аёлдан бошқа зоғ кўринмасди. Эшикни тақиллатиб бориш ноқулай, энди нима қилсин?
Ўктам бир-бир босиб, биринчи қаватдаги очиқ деразанинг тагига келди…

* * *
Зумрад ёзишга берилиб кетган. Мисралар бир-бирига қўл бериб, равон жумлаларга, меъёрида қайнаган қиёмдек мағизли фикрларга айланиб борар, бунга сари, дилбар шоиранинг чеҳраси гул-гул яшнаб борарди… Ниҳоят, у ёзиб бўлди, энди овоз чиқариб ўқишга тутинганида, деразадан нимадир учиб, хонага кирди-ю, шундоққина столга келиб қўнди. Бу – қоғоздан ясалган қуш эди. Жувон жилмайганича уни қўлига олди. “Шумтакалар, эрталабдан шўхликни бошлашибди-я!” Танбеҳ бериш мақсадида ўрнидан тураркан, тўсатдан қоғоздаги катта-катта ҳарфлар билан ёзилган ёзувни кўриб қолди. Шоша-пиша ўқиди. Қоғоз қушнинг қанотларига шундай деб ёзилган эди:
“ИЗЛАБ-ИЗЛАБ ТОПГАНИМ…”
Зумрад деразага яқинлашиб, ташқарига қаради. Йигит унга қўл силкитиб, хижолат аралаш жилмайди:
– Шу атрофда бир руҳшунос яшайди, деб эшитгандим, мабодо сиз эмасмисиз? Менга унинг ёрдами жуда-жуда керак…
Жувон ташқарига отилди…