Улуғбек Ҳамдам. Шеъриятимизда Қодирий анъаналари

http://n.ziyouz.com/images/qodiriy.jpgАбдулла Қодирий ва Эркин Воҳидов

Э.Воҳидов ижодининг А.Қодирий меросига алоқадорлиги бир қарашда кўзга яққол ташланмаслиги мумкин, лекин синчиклаб кўздан кечирилганда устоз-шогирд маъносидаги ижодий таъсирланишни кўрмаслик мумкин эмас. Умуман олганда эса, Қодирийдан кейин ўзбек адабиёти майдонига кирган жиддий ижодкорларнинг деярли ҳаммаси бу улуғ ёзувчи сиймоси ва меросидан бевосита ёки билвосита таъсирланган, деб айтиш тўғри бўлади. Чунки Қодирий истеъдодининг кучи шу даражада кўламли эдики, у нафақат ўзбек романчилигига асос солди, нафақат Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза ва Чўлпонлар билан биргаликда янги ўзбек адабиёти тамал тошини қўйди, айни дамда, қардош туркий халқлар насрига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Бу фикрларни замонамизнинг забардаст ижодкори, Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳам тасдиқлайди. Унинг Қодирий билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари “Изтироб”[1] ва “Шоиру шеъру шуур” номли адабий-танқидий мақолалари, суҳбатлари жамланган китоб­ларида ўз аксини топган. “Изтироб” тўпламидан жой олган “Қадримиз, қадриятимиз” номли мўъжаз мақоласида Э.Воҳидов Қодирийю Чўлпонлар қисмати билан, дастлаб, асосан, устозларнинг ҳикоятлари воситасида танишганини айтади: “Отанинг, узтознинг муқаддас вазифаси фарзанд, шогирд қалбига ҳақиқат уруғини экмоқдир. Домла Ғайратий ана шундай ота ва устоз эди. У эллигинчи йилларнинг бошида, Чўлпон, Қодирийлар тўғрисида сўзлашиш ҳам қатағон бир замонда биз – еттинчи, саккизинчи синф ўқувчилари бўлган “дилдошлари”га уларнинг ҳаётини, ижодини сўзлаб берарди. “Ўтган кунлар”нинг боблари устоз овози билан қулоғимда қолган”.[2]

Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби талай Истиқлол фидойиларининг асарлари миллатимизнинг чинакам мард зиёлилари, китобхонлари томонидан узоқ вақт мобайнида уйларининг ертўласи, томбошиси ва оғилхоналарининг кўздан пана кунжларига беркитилган, баъзан эса хотиралар қаърида сақланган десак, муболаға бўлмайди. Чунки менинг ўзим ҳам тахминан 1988-89 йилларда худди шунга яқин бир ҳолнинг гувоҳи бўлганман. Аввалги ТошДУ, ҳозирги ЎзМУ филология факультетидаги дарслардан бирида профессор А.Алиев А.Чўлпоннинг улуғ рус шоири А.С.Пушкиндан ўгирган “Гул ва булбул” номли шеърини ёддан ўқиб, сўнг бу шеърни у болалик чоғида ёд олгани, шеърнинг қуйма оҳангдор ва мазмундор бўлгани учун сираям ёдидан чиқармаганини айтиб берган эди. Чунки адабиёт тарихидан яхши биламизки, Чўлпоннинг илмий-бадиий ва таржима асарлари чоп этилмас, қачондир чоп этилганларининг мутолаасига ҳам мутлақо рухсат йўқ эди. Худди шундай, А.Қодирийнинг асарлари ҳам неча ўн йилликлар мобайнида халқдан олисда тутилди. Шунга қарамасдан, одамлар қайси бир йўллар билан улуғ адибдан қолган меросга талпиниб, ўз бадиий-эстетик завқини қондиришга уриниб келди. Эркин Воҳидов ёзади: “Эски қоронғи қазноқ шифтидан топиб олганим (белбоққа тугиб ўралган) “Меҳробдан чаён” мени бир ҳафта бурчак жинниси қилиб қўйган эди. Кўзлардан йироқ жойни топиб олиб мук тушганча ўқиганим ўқиган эди.

Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб этмиш менга гулшан аро гулларнинг Раъноси.

Ҳозир шу сатрларни ўқисам, ўша қазноқнинг нимёруғ бурчаги ёдимга тушади, сарғайган варақлар кўзимга кўринади, чанг ҳиди димоғимга урилади”. Бу сатрлар шоирга бир умр ёд бўлиб келгани, уни илҳомлантиргани, Навоийю Фузулийларнинг ижодидаги шоҳбайтлар янглиғ аруз вазнига меҳр боғлашига туртки бўлгани, умуман, унинг ижодий кредосини кўп жиҳатдан белгилаганини Э.Воҳидовнинг ўзи эътироф этади: “Киши умрида ўқиган китоблар ичида шундоқ китоблар бўладики, улар умрининг бир қисмига, инсон ўзлигининг таркибига айланиб қолади. “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” мен учун ана шундай китоблардан. Улар мени одам қилиб шакллантирган. Дунёқарашимни, юрагим ҳолатини белгилаган, умрим бойлиги бўлган китоблар сирасига киради”.[3] Кўринадики, Қодирийнинг юқорида исмлари зикр этилган икки романи Ўзбекистон Халқ шоири ижодининг шаклланишида жуда катта ўрин тутган. Аслида, ушбу фикрни ривожлантириб, янада каттароқ миқёсларда айтиш мумкин ва керак. Чунки бир қарашда, Қодирий ва Воҳидов ижодларида ҳеч қандай зоҳирий муштараклик йўқдек. Аммо масалага ичкаридан, ижодкорнинг бадиий-эстетик дидининг тадрижи нуқтаи назардан қаралса-чи? Бунда вазият бутунлай ўзгача манзара касб этади. Э.Воҳидовнинг ўз эътирофи бўйича, “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” асарлари шоир умрининг бир қисмига, унинг ўзлиги таркибига айланиб кетган. Бу дегани шуки, ташқаридан бу икки ижодкор асарлари ҳар қанча тафовут қилса-да (бири ХХ аср аввалида, насрда, бошқаси ХХ асрнинг олтмишинчи йилларидан кейин, назмда ижод қилган), ботинан узвийлик касб этиб, ворисийлик халқаларини пайдо қилади. Шу томондан боқилганда, Қодирий, Чўлпон ва Ҳамза каби асосчи санъаткорларнинг асарлари бутун бошли ХХ аср ўзбек адабиётининг равишига Янги ўзбек адабиёти тонги отгандан бери залворли таъсир кўрсатиб келаётир, дея баралла айтиш мумкин ва зарур. Бу таъсир Қодирий ва Чўлпон асарлари ўқилиши ман этилган чоғларда ҳам тўхтаган эмас, тўхташи мумкин ҳам эмасди. Чунки улар Навоий асос солган ёзма ўзбек адабиётида яна бир янги йўлни бошлаб берган йўлбошчилар эди. Бу таъсир, аввало, дунёни бадиий-эстетик идрок этишда, адабий методда, қолаверса, образлар тизимию бадиий приёмларда, услубда сезилади. Мана, Э. Воҳидовнинг ўзи бу ҳақда нима дейди: “Абдулла Қодирий руҳи бизни уйғоқликка чақиради. Қўйдек юввош тарқоқ ва бечораҳол бўлмасликка ундайди. Ўз ҳақи, ҳуқуқини таниган инсон – бутун инсон. Ўз қадру қиймати, шону шарафини асраётган халқ – бутун халқдир”.[4] Кўринадики, Қодирий ўз ҳаёти ва асарлари билан келгуси авлодни уйғоқликка чақирар, уни ўз ҳақини билиб яшашга ундар экан. Шундан келиб чиққан ҳолда, Э.Воҳидов қаламига мансуб “Руҳлар исёни”[5] достони қатларидаги исён мотивини эсласангиз, ҳаммаси янада тушунарли бўлади. Дунёқарашининг шаклланишида Қодирийнинг ўрни ва таъсирини шоир икки жабҳада кўради. Бири тақдири, бошқаси ижоди мисолида. “Исёнкор шеърларим зимнида ана шу таъсир бор. Шу маънода мен – мен кўрган, яқин мулоқотда бўлган одамлардан, асарларини ўқиган ижодкорлардан иборат бўлсам керак, деб ўйлайман”, дейди у каминанинг саволларига жавоб бераркан.

Э.Воҳидов шеърларида Қодирий асарлари (романлари)дан бевосита таъсирланган ўринларни топиб кўрсатиш, албаттаки, мушкул. Аммо ХХ асрнинг иккинчи ярмида ғазал жанрига янги замон тўнини кийдира олган (“Ёшлик” девони билан) шоирнинг ўзи айтадики, “менинг мумтоз шеъриятимизга қизиқишимда Навоийю Фузулийлардан кейин Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида келтирилган ғазаллар бениҳоя катта таъсир қилган. Шу маънода, Қодирий асарлари руҳи ижодимда сезилиб туради, дея бемалол айта оламан”, дейди. Бунинг исботини яна шу далилда кўрса бўладики, шоир Қодирий романларини ислоҳ қилинган алифболарнинг барчасида (араб, лотин ва кирилл имлоларида) ўқиб чиққанлигини таъкидлаб айтади. “Қодирий асарлари, назаримда, проза эмас, поэзиядир. Улар шеърдек ўқилади. Қодирий ва Чўлпонларга тузумнинг муносабати, аслида, менинг ва тенгдошларимнинг тузумга бўлган муносабатларимизни маълум маънода белгилаган эди”, дейди шоир суҳбат чоғида.

“Қодирийни Европа унчалик яхши қабул қилмайди. Чунки Шарқ ва Ғарб дунёқараши ва фалсафаси ўртасида катта фарқлар мавжуд. Масалан, Европа ва ҳатто рус кишиси “Ўткан кунлар” романи бош қаҳрамони Отабекни муҳокама қилган бўларди, “Нима учун у ўз эркини ота-онасига топшириб қўйди, ўз бахти ва муҳаббати учун курашмади?” деган бўларди. Албатта, бу эътирозлар Ғарб дунёқараши ва фалсафаси нуқтаи назаридан тўғридир, лекин Қодирий асарларини, унинг ранго ранг қаҳрамонлари руҳиятини тўғри тушуниш учун ўқувчи Шарқ инсони бўлиши шарт. Европа куч-қудратни яхши кўради. Мажнун табиатида ожизлик бор, бўйсунишга мойиллик бор. Аммо бу шунчаки ожизлик эмас, балки Оллоҳ олдидаги ожизлик билан боғлиқ фалсафага бориб тақалади. Бундай ожизликни Ғарб қабул қилмайди, тушунмайди. Шунинг учун Қодирийни Европалик тўғри баҳолай олмайди”,[6] дейди шоир. Яъни, бошқача айтганда, Қодирий асарлари шоирнинг Ғарбу Шарқ ҳақидаги ўй-мулоҳазаларига, умуман, ижодининг камол топишига улкан таъсир қилган.

Асрнинг илк чорагида Абдулла Қодирий, Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, “бутун инсон” сифатида яшаб, ижод этган кўйи халқининг бутунлигига муносиб ҳисса қўшган эса, асрнинг сўнгги чорагига келганда, Воҳидовнинг ўзи улуғ салаф адиб йўлидан бориб, миллат дарди акс этган ёниқ шеърлар, дилрабо ғазаллар, қалбу онг­ларга муҳрланадиган достонлар битди, натижада, бу икки ижодкор “ҳамкорлиги” мисолида авлодлар ўртасидаги ворисийлик анъанасининг давом этиб келаётганини кузатишимиз мумкин бўлди.

Абдулла Қодирий ва Муҳаммад Юсуф

Ўзбек адабиётида жуда кўплаб шоирлар Қодирийга, унинг ўлмас романлари қаҳрамонлари – Отабек, Кумуш, Анвар, Раъноларга шеърлар бағишлаганлар. Лекин бу борада М.Юсуфнинг хирмони узоқ-узоқлардан ҳам кўзга яққол ташланиб туради: шоирнинг бир неча ўнлаб гўзал ва ҳароратли шеърлари айни мавзуда битилган. Муҳаммад Юсуфнинг Қодирий сиймосига, унинг асарларига, хусусан, “Ўткан кунлар” романига, унинг қаҳрамонлари – Отабек, Кумуш ва Зайнабга мурожаат тарзида ёзган шеърлари, айниқса, кўпчиликни ташкил этади. “Ватаним”, “Тушимга киради Қодирий бобо”, “Муҳаббат”, “Кундошли уй”, “Лаганбардорлар”, “Юртим, адо бўлмас армонларинг бор”, “Содда Муҳаммадман”, “Кинога кирмайман”, “Зайнаб қўшиғи”, “Биби”, “От­­­­­а­бек қўшиғи”, “Тушимга киради Қодирий бобо” (шоир бир хил ном остида иккита шеър битган), “Тошкент”, “Она тилим” каби шеърларида бевосита ёки билвосита Қодирийнинг ўзига ва асарларига, уларнинг қаҳрамонларига мурожаат бор бўлиб, бунинг маъноси ғоят теранларда эканлиги, яъни икки ижодкор руҳининг халқ руҳиятига яқинлиги билан изоҳланади. Хусусан, Истиқлолга эришган миллатнинг эстетик, ижтимоий, сиёсий, маданий ва руҳий жиҳатдан қаддини тиклаши палласида Қодирийдек юрт озодлиги ва миллат равнақи йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар номини эсланиши, уларнинг ёди ва ишларига суянилиши алалоқибатда мақсаду интилишлар муштараклигидан далолат бўлиб, М.Юсуфнинг айни мавзудаги шеърлари сўзимизнинг яққол мисолидир. Шу маънода, шоир шеърларини мазмун-мундарижасига кўра бир неча гуруҳга ажратишимиз мумкин. Чунончи, бевосита “Отабек қўшиғи”, “Кумуш”, “Зайнаб қўшиғи” каби шеърлар “Ўткан кунлар” романи қаҳрамонлари тилидан ёки уларга мурожаат тарзида битилган. Шуниси эътиборга лойиқки, шоир ҳар бир шеър қаҳрамони кўзи билан дунёга қарайди, уларнинг дардини (ўз назарида давом эттирган ҳолда) шеър тили билан изҳор айлайди:

Сен Ширину мен ҳам Фарҳод эмасман,
Сен аччиғу мен ҳам новвот эмасман.
Зайнаб, Зайнаб, менга айтма зорингни,
Сен дилхуну мен ҳам дилшод эмасман…
Бошга неки тушса, кўкдан атомиш,
Биз бир қафас аро гирён бир жуфт қуш.
Бир гўшада сен хомушсан, мен хомуш
Сен вайрону мен ҳам обод эмасман...[7]

Шу тарзда шоир Отабек тилидан романда баён этилгандан ўзгачароқ манзараларни чизадики, натижада ўқувчи Отабекнинг чорасизликда қолган ҳолатини, дардини теранроқ, кўламлироқ англайди, айни дамда, Зайнаб тушиб қолган вазиятга, унинг фожиасига ҳам бошқа нуқтаи назардан разм солади, унга салбий қаҳрамонга қарагандек қарашни бир зумга қўйиб, шўрлик аёлни “кўкдан ато” тақдирга бўйин сунган бир бечора ўлароқ таний бошлайди. Бошқача айтганда, М.Юсуфнинг юқоридаги шеърлари мисолида роман воқелиги ва қаҳрамонлар хатти-ҳаракатлари ўзига хос йўсинда талқин қилинади.

Тенгим бошқа, деди ёр,
Топдим десам тенгимни.
Марғилонлик бир дилдор
Тортиб олди бегимни…
Нима бўлди бек йигит,
Бекангизга қараш йўқ?
Кумушдан минг ўргилиб,
Зайнабдан ҳол сўраш йўқ[8]

“Ўткан кунлар” романини ўзини зиёлиман деган ўзбек ўқувчиси борки, ўқиган, уққан, мағзини чаққан. Одатда, асарни ўқиб бўлиши билан ўқувчи қалбини Кумушга нисбатан муҳаббат ва ачиниш ҳиссию Зайнабга нисбатан нафрат туйғуси қамраб олади. М.Юсуф шеърлари эса ўқувчининг ана ўша илк муносабатига таҳрир киритади, ҳаммасини бошқатдан ўйлаб кўришга, Зайнабни ҳам бир инсон ўлароқ тушунишга ундайди. Бунинг учун эса воқеликка айнан Зайнаб кўзидан қараш талаб этилади. Бу, Зайнабнинг мудҳиш қилмишини оқлашга интилиш эмас, балки у тушиб қолган вазият чигаллигини ва кундошли аёл бошига ёғилган шўриш залворини юрак-юракдан ҳис қилишга даъват этиш деганидир.

Марғилонда Кумушни кўрдим,
Кўзига ёш олиб турибди.
Сочларини майдалаб ўриб,
Отабекни излаб юрибди[9]

“Кумуш” деб номланган шеърида шоир ана шундай манзарани чизади. Бу билан эса ўқувчи хаёлини яна ўша буюк севги қиссасига, бағоят гўзал ва садоқатли Кумуш образига – сочини майда ўриб, кўзи тўла ёш билан Марғилонда Отабекни излаб юрган Кумушга қаратади. Натижада, ўқувчи кўз ўнгида яна “Ўткан кунлар” романи воқеалари, қаҳрамонлари жонланади-да, беихтиёр, асарнинг бадиий олами чашмасидан эстетик диди чанқоқлигини қондириб олади.

Шеърларнинг бошқа бир гуруҳи эса Қодирийнинг номи билан боғлиқ. “Тушимга киради Қодирий бобом”, “Ватан”, “Юртим, адо бўлмас армонларинг бор”, “Тошкент”, “Она тилим” деб номланган шеърлар ижтимоий мавзуларда бўлиб, ўқувчи эътибори ўрни-ўрни билан Қодирий сиймосига йўналтирилади:

Ўткан кунинг ўткан кундир,
Ўз бошингга етган кун.
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.[10]

Қодирий қўлини боғлаб, дилини доғлаб кетган ўткан кунни эслаш бу Ватанимиз тарихини, кечаги қора кунини хотирлаш ва тарихдан тўғри сабоқ чиқаришга юзланишдир. Ўша вақтларда Ватан ва миллат душманлари бағоят кучли бўлиб, Қодирий каби миллатнинг маънавий гуллари пайини қирққани, қолганларни эса дудуқ бўлишга мажбур қилгани яқин кечмишимиздан маълум. Демак, шеър тарихни кинотасма янглиғ ўқувчи кўз ўнгидан қайта кечириб, хаёлида жонлантирган кўйи бадиий идрок этишга чорлаяпти.

Учинчи гуруҳ шеърлар эса у ёки бу мавзу ҳақида бўлиб, йўл-йўлакай Қодирий асарлари ва асарлари қаҳрамонларининг номлари ёдга олинади, бундан керакли хулосалар чиқарилади. “Юртим, адо бўлмас армонларинг бор, Тошларни йиғлатган достонларинг бор, Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним, Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор”.[11] Тарихий ҳаракатда маълум босқичга етган миллат шоири ортга ўгирилиб, ўтмишни ёдга олади, уни англамоқчи, англаганларига кўра хулосалар чиқармоқчи бўлади. Чунки бу миллат янги тарихий бурилиш олдида турибди, бу тарихни яратиш учун эса кечаги кун сарҳисоб этилиши шарт: “Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар, Ана, юришибди кийганлари зар. Қодирийни сотиб шоир бўлганлар Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор…” Бу билан шоир кечаги даврнинг фожиаларига эътиборни қаратиб, ундан керакли, бугунги ва эртанги кун учун зарурий ўгитлар чиқаришга ундаётгандек бўлади. Яъни Қодирийга, унинг аччиқ қисматига ва асарларига мурожаат орқали шоир келажак авлод маънавиятига хизмат қилади. Шеър “Қодирийни сотиб шоир бўлганлар – Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор…”[12] деган аламангиз мисралар билан якунланади. Бу мисраларнинг биринчисида, Қодирийнинг аччиқ қисматига ва уни сотганларга, ўша мураккаб даврга ишора бўлса, иккинчисида, буюк адибнинг “Меҳробдан чаён” номли иккинчи романи назарда тутилади. Айни дамда, яна бир маъноки, роман номи Қодирийни сотганларга эпитет сифатида хизмат қилдирилади. Кўринадики, тарих китобини варақлаш, тарихни идрок этишнинг ягона йўли эмас экан. Тарих китобларини уқиб- ўқиш ёнида бадиий адабиёт қаҳрамонлари қисматлари ва дардларини англаш ҳам миллат ўтмишини ҳис қилиб англашга олиб бораркан. Айтилгандан шундай хулоса қилиш мумкин: бадиий адабиёт тарихга олиб боргувчи яна битта йўл – ҳис ва тафаккур билан йўғрилган муқаддас йўл.

Шоирнинг яна шундай шеърлари борки, уларни тўртинчи гуруҳга оид, деб аташ мумкин. Чунки уларда шоир Қодирий қаҳрамонларига мурожаат воситасида ўз аҳволига назар ташлайди, уни ўқувчи кўз ўнгида бор бўйича гавдалантирмоқчи бўлади. Чунончи, “Биби” номли шеърдан ўқиймиз:

Марғилон ҳавоси элитди андак,
Маъюс кўчаларда юрдим довдираб.
Ҳозир Кумуш чиқиб қоладигандек
Ҳар эшикка боқдим кўзим жовдираб.
Чиқса, Биби дердим,
Шеърга ёр бўлдим,
У бир юҳо янглиғ домига тортар,
Шуҳрат йўлиққанда дўстга зор бўлдим,
Қалбимни ёлғизлик азоби ўртар.

Яъни Кумушбибига дардини изҳор айларкан, эл аро машҳур шоирнинг оддий инсон сифатида бир дўстга зорлиги, устига устак, ёвларининг кўп ва улканлиги қуйироқда баён этиладики, натижада шоир қисмати “Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Кумуш образи билан қиёс этилади:

Аслида-ку, шаҳарга йўлим чап эди,
Нетай, пойтахтдаман, насибам экан.
Сенинг-ку, душманинг бир Зайнаб эди,
Менинг кундошим кўп, ёвларим улкан.
Булардан қўрққулик. Булар доғули,
Зайнаб нима? Зайнаб бир рашк бандаси.
Булар душманларнинг энг номард хили,
Булар кундошларнинг энг шармандаси...[13]

Аламли ва аччиқ айблов шоир билан замондош айрим олчоқ, ичиқора ва тубан кимсаларнинг асл башарасини, ёвуз сийратини очиб ташлайди, айни дамда, М.Юсуфдек улкан шоир дардини, армон ва изтиробларини элга ошкор айлайди.

Кўринадики, Муҳаммад Юсуфдек халқга, унинг руҳиятига энг яқин шоирлардан бири бутун ижоди давомида улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий ва унинг асарларига мурожаат қилганлиги сира бежиз бўлмай, бу авваламбор, адиб ва шоир дунёқарашида, оламни бадиий-эстетик қабул қилишида муайян муштарак жиҳатлар борлигини кўрсатади. Қолаверса, Қодирий ижоди М.Юсуф шеърияти сув ичган кўплаб зилол чашмалардан бири эканлигини билдиради.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон

————————–

[1] Изтироб. Тошкент. Ўзбекистон. 1992.

[2] Ўша асар.

[3] Изтироб. Тошкент. Ўзбекистон. 1992.

[4] Ўша асар.

[5] Э.Воҳидов. Сайланма. Иккинчи жилд. Тошкент.”ШАРҚ” НМАК.2001.

[6] Суҳбатдан.

[7] М.Юсуф. Сайланма. Тошкент, “Шарқ” 2007. Б 180.

[8] М.Юсуф. Сайланма. Тошкент, “Шарқ” 2007. Б 144.

[9] Ўша асар, Б.249.

[10] Ўша асар, Б 11.

[11]Ўша асар, Б 64.

[12] Ўша асар, Б.63

[13] Ўша асар, Б.169.