Улуғбек Ҳамдам. Адабиёт – олдинда ёнган чироқ

Дунё шиддат билан ўзгариб бораяпти. Худди шундай эврилишлар майдонида қолган “адабиётнинг қўли”дан нима келади? У олам равишига таъсир қила оладими? Ёки чирпиниб нималар қилмасин, нималар демасин, ҳаммаси бекору бекорчи валақлаш бўлиб чиқаверадими, деган оғриқли саволлар ўқтин-ўқтин хаёлимизни банд этади. Чунки теварак атрофда гоҳи-гоҳида янграб турган “бугун адабиётнинг жамиятга таъсири нолга тенг” деган иддаолар юрагимизга заҳри секин-аста таъсир ўтказадиган тиғдек санчилади ва вақт ўтган сайин мислсиз изтиробларга рўбарў қилаверади.

Академик Юрий Борев дунёни йўналтирувчи парадигма ҳозир йўқ, дея бонг ураяпти. Буни ўзбекона айтадиган бўлсак, башарият юриши мумкин бўлган тузукроқ йўл йўқ, деганидир. Нега йўқ? Ахир, у бор эди-ку! Бу нимадан далолат? Атрофни зулмат қоплаганидан эмасми? Дунё афкор оммасининг ичига кириб бораётган қоронғиликдан эмасми? Фақат зулматгина мавжуд йўлни кўздан пинҳон тутади… “Башар аҳлини чулғаб олган бўҳрон иккита уруш ва бошқа мусибатларни бошидан кечирган дунёнинг ўта хатарли ва террорга мойил бўлиб қолаётганида ўзини яққол намоён этмоқда. Совуқ урушдан кейин майдонга келган янги давр инсоният тарихида илк бор борлиқ ҳақида ҳеч қанақа формулага эга бўлмай турибди. Қаршимизда оламшумул қора туйнук пайдо бўлган. Бинобарин, ҳокимиятларда стратегия йўқ, фақатгина пишиб келаётган муаммони ҳал қилувчи амалий қарорларгина мавжуд”, деб ёзади академик. Совуқ ақл билан қилни қирқ ёрадиган Ғарбга, ўз ҳикматлари билан адашган руҳга йўл кўрсатгувчи Шарққа нима бўлди? Нега дунё тушкунликка тушмоқда?.. Эҳтимол, гап яна ўша йўлда, унга бўлган эҳтиёжнинг мавжудлигию бироқ эҳтиёжни қондириш шаклининг ҳадеганда топилмаётганида эмасмикан?.. Чунки дунё бор экан, унинг юрмоғи учун йўл керак. Қулай, фойдали ва энг муҳими, инсонни олдинга, моддий-маънавий жиҳатдан тараққиётга етаклайдиган йўл зарур… Худди шу ўринда адабиёт ўзини қандай тутади? Тўғрироғи, тутмоғи керак? Фаҳш, ур-сур, зулм, олди-қочди мавзулар ботқоғига ботиб, ўз ортидан инсониятни тортиб кетишга уринадими ва ёки дўппини олиб қўйиб, етти ўлчаб бир кесадими – теграсини зулмат қоплаб бораётган одамийзоднинг кўзларига бир қатим зиё бағишлайдими? Ахир, йўлни кўриш учун кўзларнинг нурга эҳтиёжи бормасми… Чунки бугунги дунё аввалги дунё эмас. Бугунги дунё – ҳар қачонгидан ҳам ҳимояга муҳтож дунё! Айни пайтда, ундан эҳтиёт бўлишга инсоннинг ўзи мажбур ва маҳкум бўлиб турибди. Бошқача айтганда, бугун дунё инсондан, инсон эса дунёдан муҳофазаланмоғи шарт. Умидбахш адабиёт, ёруғ санъат бизга шунинг учун ҳам лозим.

Газетада бирга ишлайдиган устоз ва шогирд ўртасида тез-тез баҳс мунозара бўлиб турар экан. Кунлардан бир кун шогирд юрак ютиб сўрабди: “Устоз, нега сиз ва мен танлаган материаллар бир-бирига терс келади, улар гўё ўт билан сув, доимо ўзаро жанг қиладилар?” Устоз жавоб берибди: “Чунки сендан фарқ қилиб, мен беғараз яхшиликка ишонмайман…” Шогирд эса ташқарига чиқади ва уйига кела-келгунча бир нарса ҳақида бош қотиради: “Наҳотки? Ахир, устоз элнинг катта, ҳамма танийдиган ижодкори бўлсаю “яхшиликка ишонмайман”, деб турса! Бу нима дегани? Яхшиликка ишонмайдиган одамнинг қўлига қалам тутиши нечоғли тўғри? Унинг икки оғиз сўз ёзиб одамларга ҳавола қилишга маънавий ҳаққи борми ўзи?”

“Инсон табиатига зид ҳаёт телбаликка олиб келади. Алалоқибат, улар (инсонлар) ўз дунёларини ўзлари вайрон қилади. Чунки маъносиз ҳаёт аламига дош беролмайди”, деб ёзади Эрих Фромм. Агар инсоният боши берк кўчага кириб қолаётган бўлса, демак, у ўз табиатига терс ишлар қилмоқда. “Ўз табиатингга содиқ бўл!” дея садо беради Шекспир. Лекин табиатимизнинг ўзи нима?..

Бир ажойиб феълли дўстим бор. У ҳеч қачон ҳеч ким ҳақида ёмон гапирмасликка ҳаракат қилади. Ҳар ҳолда, мен унинг бировни кескин танқид қилганини сира билмайман. Ғийбат қилганини эса боз устига. Бу – яхши сифат. Мен ҳамиша унинг шу томонини эслаб, алқаб юраман. Лекин, ўрни келганда, у билан тортишган вақтларим бўлади: “Сен оқни оқ, қорани қора, деёлмайсан, бу эса қатъий позициянгнинг йўқлигидан далолат”, дея янийман. У эса жавобан майингина жилмаяди: “Бўлиши мумкин”. Шунда ўзимча унга субутсизлик ёрлиғини ёпиштирмоққа жаҳдланаман, лекин дўстимни яхши билганимдан, унинг бу таври некбин қарашлари, майин жилмайишлари азбаройи юрагидаги ёруғликдан эканини сезаман ва ўзимга ўзим: “Улуғбек, адолатсизликка йўл қўймасдан бурун тўхта!” дейман.

Тоғдан қулаб тушаётган одамнинг ёрдам илинжида дод солиши, албатта, фойдасиз ҳаракат, лекин асло маънисиз эмас. Чунки унинг фарёди кучли воқелик зарбасига тутилган бирдан-бир қалқондир. Инсон – мантиқ фарзанди. Бас, ичимизга азалда жойланган мантиқ бизни ёруғлик, эзгулик, адолат ва яратишга ундайди. Асло зулмат, ёвузлик, ғирромлик ва бузғунчиликка хизмат қилишга чорламайди. Демак, дунёга келган бани одам қаршисида икки йўл бор: бири ёруғликка, бошқаси эса зулматга элтади. Бу – бир жайдари мантиқ. Лекин айнан шу мантиқда инсон табиати мужассам кўринади менга. Инсон ҳаётига маъни киритадиган ёки уни йўқ қиладиган куч ҳам шу ерда гизли, назаримда. Алалхусус, ана ўша содда мантиққа кўра дўстим тутган ҳаётий йўл ўзини тўла оқлайди.

Руҳшуносларнинг айтишича, ҳаётсевар одам ярим пиёла сувни кўриб, “пиёланинг ярмида сув бор” дегани ҳолда, тушкун киши худди шу идишга қараб, “унинг ярми бўш” дер экан. Чунки биринчи ҳолда инсон пиёладаги сувни, иккинчисида эса пиёланинг бўш жойини кўраркан. Асқад Мухтор “Тундалиг”ида деразадан боқиб кимдир осмондаги юлдузни, кимдир ердаги гўнгни кўради, деган маънодаги фикрни ёзиб қолдирган эди. Орий рост, чунки ҳар ким ўз табиатидан келиб чиқиб оламга назар солади. Ижодкор-чи? У қандай бўлиши, дунёни қайси нуқтадан туриб акс эттириши лозим? Фақат юлдузни кўриб, юлдузни алқасинми?.. Унда ҳақиқат, ҳаёт ҳақиқати нима бўлади? Чинакам адабиёт, ҳақиқий санъат адолатнинг юзига оёқ босмаслиги керакмасмиди?.. Ҳаётни қора рангларда кўриш ва тасвирлашга мойил яна бир ижодкор дўстим “Инсон балчиққа ботган махлуқ ва у шу ерда абадий қолади”, дея такрорлаб юришни ёқтирарди. Бу борада у билан кўп тортишганман. Дўстим ҳар қанча ўз фикрида қолса, мен ҳам шунча бўш келмасдим: имкон топилди дегунча тинимсиз эътироз билдирар, қайсар суҳбатдошим билан баҳслашишдан чарчамасдим. Тўғри, чинакам адабиёт ўзини балчиқни кўрмаётгандек тутмаслиги керак. У нафақат балчиқни кўриши, айни дамда, унинг бадбўй ҳидини ўқувчига ҳидлатиши, ҳалокатли қучоғидан бадиий информация бериши даркор. Ҳатто у бунга маҳкум. Лекин, айни пайтда, нажот ҳақида, унинг борлиги тўғрисида ҳам ўқувчининг қалб қулоғига шипшиб ўтмоғи шарт, деб биламан мен. Бас, шунинг учун бир шеърда “Балчиқларга ботса-да жисмим Қорачуғда яшайди осмон!..” дейилган. Дейилган-у, менинг бундайин важу корсонларим дўстимга заррача таъсир қилмасди. Орадан вақтлар ўтди. Дўстимнинг бир ўғилу бир қизи вояга етиб, уйдан остона ҳатлаб кўчага чиқди, жамият ҳаётига аралашди. Шунда, биласизми, нима воқеа рўй берди? Дўстим ҳаётнинг ёруғ рангларини излаб қолди! Ўзи учун тополмаганди ўша рангларни, қаранг, энди болалари учун, кўзининг оқу қоралари учун жазм этди бу ишга ва топди! Ҳатто ундан нари – дунё ва жамиятдаги, кўча-кўйдаги, одамлар феълидаги иллат ва нуқсонларни ўзича тузатишга бел боғлади. Нега? Чунки болалари бор эди у ерда – рўйи замин устида! Дўстим ҳатто шу кунгача ёзилган ўз ижодини қайта кўриб чиқа бошлади – ёруғлик, яхшилик, эзгулик, адолат ва бунёдкорлик руҳи фойдасига!.. Демак, дейман мен ўзимга-ўзим, вазиятга қараб, битта одам ўз умри давомида пиёладаги сувгаю дераза кўзидан кўриниб турган юлдузу гўнгга бўлган муносабатини ўзгартириб туриши мумкин ва бу ғоят табиий экан-да. Демак, инсон ҳаётдан қандай (мусбат ёки манфий) таъсирланса, секин-аста дунёқараши ҳам шунга мойил бўлиб шаклланар экан-да. Яъни инсон мияси гўё бир фотоаппарат: у ҳар куни атрофидаги воқелик парчаларини чиқиллатиб расмга олади. Мияда йиғилган суратлар эса унинг олам ҳақидаги тасаввурини, тасаввур эса, ўз навбатида, ўша инсоннинг дунёқарашию кайфиятини, оптимист ёки пессимист бўлиб етишишини таъмин этаркан-да! Демак, нимани суратга олиш ўша инсоннинг ҳаётга муносабатидаги даражани – некбинлик ёки тушкунлик миқёсини белгилаб беради. Бу даража ва миқёслар эса ўз ўрнида инсон ҳаёти маънисини ифодалайди. Қиссадан ҳисса шуки, адабиёт ҳаёт акси, воқелик модели бўлгани боис, ўқувчини ёруғлик ёки зулмат сари етаклаши, унинг онгу қалбини у ёки бу мазмун-кайфият билан эмлаб туриши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Бас, шундай экан, ижодкорнинг, умуман, инсоннинг “курашаётган бу икки тўлқин” (Ойбек) – (бу ўринда) Ёруғлик ва Зулматнинг қай бири томонида туришини иссиқ танасига яхшилаб ўйлаб кўриши керак бўлади. Ҳатто ҳар доим, бир умр ўйлаб юриши шарт буни.

Ҳамма-ҳамма даврларда одамларга “Яхши бўл!” деган гап уқтирилади. Яхши бўлиш инсонликнинг шарти эканлиги, акс ҳолда, бу дунёю у дунёда фароғат топмаслиги бот-бот унинг зеҳниятига сингдирилади. Лекин баъзан “эзгуликка шунча ташвиқот бўлгани ҳолда, одамларнинг яхшилиги тўпиққа ҳам чиқмайди-я. Агар яхшилик ўрнида ёмонлик тарғиб этилганда борми, билмадим, атрофимиз қанақа махлуқларга тўлиб кетган бўларди…” дея ўйлаб қоламан.

Инсон туғилибдики, зиёга интилади. Ҳаётнинг ибтидоси қуёш нури бағрида она сайёрамизга инган ёруғлик ва илиқликда яширин. Бошқача айтганда, Яратган Эгамиз қуёшни бир восита айлаб, замин узра ҳаётни бор этди. Замонавий илм ҳам қадам-бақадам буни исбот қилиб келаяпти. Демак, ёруғликка интилиш махлуқотнинг жавҳарига жойлаштирилган энг кучли Эҳтиёждир. Адабиётнинг ойдинликка талпиниши ҳам, аслида, ана шу илдиздан сув ичаяпти. Бинобарин, зулмат, ёвузлик, бузғунчиликка мағлуб бўлиш ва пировардида уларни тарғибу ташвиқ қилиш аслликка, соғломликка, моҳиятга, жавҳарнинг табиатига зиддир. Зеро, нур ўз йўлида учраган зулматни енгиш учун бор этилган. Аслида, олам ҳам чексиз коинот зулматига басма-бас яратилмадими? Зулматнинг бағри чок-чокидан сўкилиб, ичидан нур оқиб чиқмадими! Худди шундай, адабиёт ҳам алал-оқибатда ёруғликка, ҳаётга овоз бермоғи, башар аҳлига, йиқилганда юзини ерга уриб олишидан сақлайдиган тиргак – қўл, турганда эса олға кетишини таъминлайдиган оёқ бўлмоғи шарт эмасми! Бас, шундай экан, бу заҳматли, аммо шарафли Вазифани фақат Ёруғ, Ҳаётпараст, Некбин ва Кучли Адабиётгина уддалай олади! Ва инсониятнинг мана шундай адабиётга бугун ҳар доимгидан-да кўпроқ эҳтиёжи бор!

Газета, журнал ва китоблар чоп эттириш, аслида, адабиёт ҳақидаги ўзига хос суҳбатлардир. Лекин бу воситали суҳбатлар ҳисобланади. Тўғридан-тўғри суҳбатлар ҳам бор. Бу икки ёки ундан ортиқ муҳибларнинг ўзаро мулоқотлари бўлиб, айнан шундай суҳбатлар қучоғида кишининг қалби ёруғ ва иссиқ туйғуларга, айниқса, кўпроқ тўйинади. Чунки севимли машғулотинг ҳақида тирик инсон билан дилдан гурунглашишнинг завқига нима етсин! Ўзини Алман деб таништирган, ёши етмишни қоралаган шундай бир ҳамсуҳбатим бор менинг ҳам. “Нега исмингиз Алман?” десам, “Алман-да, гаплашганда ал бўп кетаман”, дейди ёқимли вилоят шевасида у. Мен ўзимча буни “Эл бўп кетаман, Элман” деб тушунаман. Чиндан-да Элман ака адабиётнинг том маънодаги шинавандаси… Шундай деб ёздим-у, Элман аканинг ҳақига хиёнат қилгандек сездим ўзимни. Чунки у ёд айтиб юрадиган шеърлар мағзини чақиш учун шунчаки шинавандаликнинг ўзи етмайди. Бунинг учун инсонда ҳақиқий санъат мазмун-моҳиятини ич-ичдан ҳис қиладиган тафаккур ва қалб бўлиши шарт. Буни ўқиб-ўрганиш орқали қўлга киритмоқчи бўлган кас чучварани хом санабди. У АТО ЭТИЛАДИ. Бинобарин, баъзан илмий даражага эга басавлат мутахассиснинг адабиёт тўғрисида ёзганларинию айтганларини ўқиб-эшитиб туриб ҳафсаласи пир бўлиб кетади кишининг: зоҳиран бинойидек, лекин ботиний мундарижасига назар ташласанг, маза-матра топмайсан! Тавба, дейман, бу кишим саноқ комиссиясида ишлайдими ўзи? Унга асарда нечта эркак ва нечта аёл қаҳрамон, қанча қуш ва ҳайвон тури, қанча дарахт ва гуллар хили тилга олинганини санаб чиқиш билан ҳақиқий бадиий таҳлил ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини қандай қилиб тушунтириш мумкин?.. Айниқса, илмий даражаси ҳам, ёши ҳам сеникидан анча катта бўлса. Назаримда, ўша саноқ асар моҳиятига тушишга имкон яратсагина ўзини оқлайди. Масалан, Симурғ – ўттиз қуш ҳақидаги улуғларимизнинг асарларидаги каби. Бошқа пайтлар бундай тутумнинг адабиёт илмига алоқаси йўқлигини англайдиган вақтлар аллақачон келган, ахир!

Элман ака ўнлаб шеърларни ёддан, ўзигагина хос услубда ифодали ўқийди, яна шеърнинг қоқ ўртасида андак тўхтаб, мисралар мазмунига шарҳ ҳам бериб қўяди ва давом этади. Уни кузатиб туриб, ўз-ўзимга дейман: Элман акага ўхшаган инсонларга адабиёт завқи Яратган томонидан берилади. Бас, аслида, энг муҳими ва кераклиси ҳам шу. Демак, адабиёт илми шу пойдеворнинг устига қурилсагина, бирон наф чиқиши мумкин. Акси тақдирда, соҳага етти ёт бегона “мутахассис” аралашиб, “ҳар гўшада йиғлаб” бошингизни қотиргандан-қотириб ўтаверади.

Учинчими суҳбатимизда Элман ака ёддан ўқиб бераётган шеърлар моҳияти ҳаётдаги жуда чуқур контрастлар бағридан отилиб чиққанлигини илғаб қолдим. Яна у кишим билан ҳар сафарги мулоқотдан сўнг кўнглимда ажиб бир ойдинлик кезиб юришини ҳам сездим. Кейин бунинг сабабини ўзимча қидириб кўрсам, гаплашган гапларимиз ва ўқигану эшитган шеърларимизнинг таъсиридан эканини англадим. Адабиёт турфа бўлади ва шундай бўлиши керак ҳам. Лекин ана ўша турфа адабиётнинг жон томирларида оқаётган қон таркибида битта, менинг фикримча, иштироки шарт ҳисобланган унсур бор бўлиб, исми УМИДБАХШЛИКДИР! Мен, бизнинг назаримизда саводсиз бўлган (“мактабни тўлиқ битирмаганман” дейди унинг ўзи) Элман ака билан бўлган мубоҳасаларда ана шу адабиётни ҳис қиламан десам, сира ҳақим кетмайди. Ахир, адабиёт бу ёзилган ва чоп этилган матнлардангина, китоблардангина иборат эмас-ку! Энг катта ва энг асл адабиёт бу бизнинг юракларимиздаги, ботинимиздаги адабиёт бўлса, не тонг! Ахир, у ҳар доим биз билан бирга-да! Энг омадли ижодкор ҳам ана ўша юрагидаги адабиётнинг юздан бирини қоғозга тушира олса, ўзини бахтли ҳисоблайверсин! Зеро, бу адабиёт уйғоқ пайтимизда ўнгимизда, ухлаётган вақтимизда тушларимизда ўзини намоён этаверади. Инсон бор экан, фикрлар ва ҳис қилар экан, унинг адабиёти ҳамиша у билан биргадир, тирикдир! Элман ака ўзи билан бирга ана шундай каттакон ва умидбахш адабиётини олиб юради.

Элман акага ўхшаган яна бир дўстим айтадики, ҳақиқий, баланд истеъдоднинг қалби тоза бўлади. Аслида, у қанчалик тоза бўлса, шунча истеъдодлидир. Мен далилларга суяниб, уни инкор этмоқчи бўламан: фалон шоир (ёки пистон носир) ғоят истеъдодли, ёзганларини кўзингга суртиб ўқийсан, лекин инсон сифатида яқинига йўлаб бўлмайди – ё тишлайди, ё тепади. Шайтон алайҳилаънани ол, у ҳам истеъдодли, қилмиши-чи?.. Бас, шундай экан, ўзимча, ҳар бир инсон ботинида нур ва зулмат кураши кечади, айрим истеъдодлар ёруғликни қанча кўп ташқарига чиқарса (ёзса), унинг ичида шунча кўп зулмат қолармикан, деган адоқсиз ўйларга чўмаман. Лекин, барибир, дўстимнинг гапи ўзимникидан кўра менга кўпроқ маъқул тушганини тан оламан. Мазкур иқрор истеъдодли кишининг шахси ҳам худди асарлари янглиғ беғубор ва баланд бўлишини истаганимдан туғилади.

Бир вақтлар тенгдошларим қатори мен ҳам Ф.М.Достоевскийнинг “Дун­ёни гўзаллик қутқаради” деган чиройли гапини айтиб юргич эдим. Ҳозир ўйлаб қарасам, гапнинг маъносию кучи билан унчалик ишим бўлмаган экан ўша ёшлик йиллари. Унинг мавжуд ҳақиқатга қанчалар яқин келиб-келмаслигини эса ўтган қатор ўн йилликлар кўрсатиб берди, чамаси. Бугун мен дунёни қутқариш ёлғиз гўзалликнинг қўлидан келмаслигига аминман. Яна етиб келган ҳақиқатим шу бўлдики, асосий гап гўзаллик (ва хунуклик, эзгулик ва ёвузлик, юксаклик ва тубанлик…) қаршисидаги инсоннинг муносабати, яъни танлови дунё тақдирини (унинг инсон фаолиятига боғлиқ қисмини, албатта. Йўқса, одамийзодга мутлақо алоқаси бўлмаган, унинг таъсиридан холи томонлари ҳам сон-саноқсиз) кўп жиҳатдан ҳал қилиб берар экан. Танлов эса шу инсон қандай муҳитда, қанақа қадрият асосида яшаганлиги, кимнинг қўлида ва нимани ўқиб-ўрганганлигига боғлиқ бўларкан. Агар гўзаллик ўз ҳолича дунёни қутқарадиган бўлса, унда нима учун гўзал Елена (Ҳомернинг “Илиада” асари қаҳрамонларидан бири)нинг ҳусну жамоли ёки Амир Умархон канизагининг тилларда достон чиройи бутун бошли мамлакатларнинг қон ичида сузишига сабаб бўлди? Нега бу мисолларда гўзаллик халоскорликка эмас, ҳалокатга судради?.. Сабаби, назаримда, беш қўлдек аён: агар, бу ўринда гўзалликка муносабат худбинона тус олмаганда қирғинбарот урушларнинг юз бермаслиги ҳамда минг-минглаб одамлар ёстиғининг қуримаслигини англаш унчалик қийин эмас. Достоевский юқоридаги мулоҳазани юз йиллар муқаддам ўртага ташлаган эди. Эҳтимол, улуғ ёзувчи яшаган давр учун гўзалликни тушуниш, унинг қадрига етишнинг ўзи чиндан ҳам дунёга, унинг авзойига жиддий таъсир қилгандир (ёки шундай бўлишига асослар мавжуд бўлгандир). Ҳозир ҳам алоҳида вазиятлар учун “Дунёни гўзаллик қутқаради” дея айтиш жоиздир, балки. Лекин бутун бошли курраи заминдаги ҳаётнинг, аввало, маънавий, сўнгра эса жисмоний ҳалокатдан қутулиб қолиши учун ушбу шиоргагина риоя қилиб яшаш кутилган натижаларга олиб бормаслиги бугун кундек равшан ҳақиқат. Гап шундаки, орадан талай сувлар оқиб ўтди. Дунё бир эмас, бир неча ўн марта думалади, турланди, мураккаблашди. Ниҳоят, замонамизга келиб, у тамомила бошқа кайфият қучоғида нафас оляпти. Биланиҳоя, дунё бугун бутунлай бошқа қутқарув ҳалқасига эҳтиёжманд бўлиб турибди.

Бошқа жиҳатдан, дунёдаги жамики одамлар Достоевский каби олам гўзаллигини нозик тушуниб, “Дунёни гўзаллик қутқаради” дея ҳайқирганда ҳам бошқа гап эди. Лекин, шу билан бирга, муддаонинг ҳосил бўлиши учун ўша ҳамма, шу жумладан, Достоевский ҳам, гўзалликка дахл қилмай, аксинча, асраб-авайлаш лозим деган хулосага келиши шарт бўлади. Ахир, гўзалликни ўта нозик тушуниш ҳам руснинг беназир ёзувчисини “Россиянинг зиммасида умумжаҳоний вазифа турибди. У Осиёни бўйсундириши ва маданийлаштириши керак” деган истилочи ва ёвуз истакдан қутқаролмаган-да! Ахир, бу ният ортида (албатта, Россия сиёсатининг ўзи шу томонга сирпанаётган эди) тарих неча бор айланиб, қанча-қанча даҳшатли урушлар юз бериб, не-не бегуноҳ одамларнинг қонлари тўкилмади, дейсиз. Бу ҳам гўзалликка хизматми ёки уни маҳв этишми?.. Демак, гўзалликни кўриш ва уни нозик ҳис қилиш билан унга қандай муносабатда бўлиш бошқа-бошқа нарсалар экан. Зеро, гўзалликни кўриб, ҳис қилиш ортидан унга эгалик қилиш хуружига мубтало бўлиш ҳеч қачон ўзини оқламайди. Ахир, дунёда гўзаллик (эстетика категорияси)дан бошқа эзгулик, адолат, ҳақиқат (этика категориялари) деган тушунчалар ҳам бор. Ва у ҳам инсон эҳтиёжлари ҳосиласидир. Гўзалликка муносабатда инсон ахлоқ нормаларини четлаб ёки бузиб ўтдими, демак, қалбда эго зулматидан озиқланган ёвузлик туғилиб келаяпти, деяверинг. Бундай вақтларда ҳатто гўзаллик шайдосидан ҳам ҳимояланиш, керак бўлса, уни тўхтатиш керак бўлади.

Яна бир гап шуки, “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган фикрни Достоевс­кий асар қаҳрамони тилидан айтган. Демак, асар қаҳрамони маълум бир кайфиятга, вазиятга, ўзигагина хос дунёқарашга суяниб айтган бу гапни. Бас, шундай экан, ушбу фикрни улуғ ёзувчи дунёни халос этиш йўлидаги бирдан-бир энг олий чора, деб илгари сурганлигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бизнинг айни масала юзасидан батафсил мулоҳаза юритганимизнинг боиси шуки, гап ҳаёт ва уни қўриш ҳақида борар экан, ҳашамдор фикрлар, чиройли шиорлар, сержилва мулоҳазалар, эсда қоладиган нутқлар ҳар доим ҳам кўринганидек, туйилганидек кучу қудратга эга бўлавермаслигига иқрор бўлиб олишдир. Йўқса, янги йўллар, дунёни чиндан-да халос этувчи ўзга чоралар кўзланмай, изланмай қўйилади. Илло, бугун дунё янги йўлга муҳтождир. Бу йўл уни муқаррар ҳалокатдан қутқармоғи керак.

Дарахт ҳали навниҳол кўчат экан, унинг ўзаги ҳатто кичкинтой болани ҳам кўтаролмайди. Улғайиб, бўй-бастини баралла керганда эса, ҳар битта шохига бир нечтадан вояга етган одамни “чиқариб олиши” мумкин. Хос одамлар учун мўлжалланган, фақат шуларгина ҳазм қилиши мумкин бўлган “юкли” асарларни кенг омма учун нашр этиш қанчалик ўзини оқлайди? Демократия, плюреализм каби тушунчалар таъсири остида ҳар доим ҳам тўғри иш қилаяпмизми? Мен “Улисс” (Жеймс Жойс) каби китобларни, унинг, айниқса, 18-қўшиғини ўқигач, шундай ўйларга бордим. Албатта, Жойснинг тасвирда онг оқими деган кашфиёти бадиий тафаккур тадрижида алоҳида босқич сифатида қаралади. Лекин бу кашфиётни ўта беҳаё тасвирларсиз ҳам бемалол амалга ошириш мумкин эди. Чунки ахлоқсиз ҳолатларнинг асар тақозосига кўра фрагментар тарзда берилиши бошқа, уларнинг эринмасдан узоқ ва батафсил тасвирланиши тамомила бошқа таъсир кучига эгалигига эътибор қаратмоқчиман. Айниқса, кейингисининг қаршисидан чиқиб қолган ёш авлод вакили ҳолатини тасаввур қилиб олаверинг. Мулоҳазаларимга “Нима бўпти шунга? Ана, интернетни очиб, битта буйруқ берсанг, бас, истаганча порно томоша қиласан. Интернетдаги шармандаликларнинг олдида “Улисс”даги эпизодлар арзимас нарса”, дея эътироз билдирса бўлади, буни биламан. Лекин адабиёт нима ўзи? Унинг илдизи қаердан сув ичади? Инсон кўнглидан эмасми? Руҳга пайвасталаниб кетмайдими адабиётнинг теран томирлари? Ва айнан шу нарса инсонни ҳайвондан ажратиб турмайдими? Адабиёт, бўлганда ҳам жиддий адабиёт билан шуғулланувчи кишилар башар аҳлининг маънавий раҳнамоларидан эмасми? Йўлбошловчиларнинг ўзи руҳга эмас, жисмга, унинг истакларига сажда қилиб тургандан кейин, қолганлардан нима кутиш мумкин? Бадиий асар бани одамнинг инсонлик тарафига эмас, балки ҳайвонлигига хизмат қилар экан, у ҳолда “умуман адабиёт керакми-йўқми ўзи?” деган саволнинг қаршисидан чиқиб қолмаймизми? Ахир, кишилик жамиятининг ҳар доим, ҳамма даврларда адабиёту санъат янглиғ инсонни тубанликка эмас, юксакликка, зулмга эмас, адолатга, фаҳшга эмас, покликка етакловчи оламга эҳтиёжи бор эмасми? Инсон табиати фақат ҳайвоний майллар йиғиндисидан иборат эмас-ку, ахир! Қани унинг руҳоний-маънавий тарафи?! Йўқ, гап бу ерда “Улисс” каби асарларни ман этиш ҳақида эмас, балки кенг омманинг ҳукмига тўлалигича ҳавола қилиш ҳақида кетаяпти. Талаба чоғимда ёши ўзимдан анча катта дўстимдан маркиз де Сад китобини ўқиш учун сўраганимда, у ўртадаги самимиятимизга қарамай, китобни менга бериб туришдан бош тортганди. Ўшанда ундан хафа бўлгандим, энди эса мен уни тушунаман. Айниқса, анча йиллар кейин, де Сад асарлари билан танишганимдан сўнг дўстимга ҳатто ҳурматим ошган. Орадан 20-25 йиллар ўтиб эса ўша дўстим оғир хасталик вақтида бир роман ёзиб қўлимга тутқазди. Мен унинг йигирма саҳифасини маъқул дея, қолган 280 бетини мутлақо қайта ёзиб чиқиши кераклигини айтганимда, энди у мендан хафа бўлди. Лекин йиллар ўтиб, дўстим соғайиб кетди, жамият ва табиат бағрига қайтди ҳамда романнинг ўша мен айтган қисмларини қайта таҳрир қилаётганини айтди. Фақат дўстим эмас, яқинда менинг ўзим ҳам илгари чоп қилинган асарларимни таҳрир кўзи билан қайта кўриб чиқдим: натижада жуда тор давраларда, шу соҳанинг одамларигагина айтилиши мумкин бўлган туйғуларимни ҳам фарқига бормай бир вақтлар элга достон қилганимни англаб, хижолат тортдим, аямай таҳрир қилдим (Собиқ Шўро даврида жамият анчагина чекловлар ичида яшаган ва адабиёту санъатнинг гоҳи-гоҳида эркинликка талпиниб туриши табиий зарурат эди. Тафаккур кишанларини парчалаш ҳақиқий адабиётнинг вазифасидек туйиларди ўшанда. Энди-чи? Энди ҳамма нарса мумкин ва бу ҳол муқаддас деб билганимиз адабиётни айрим ўринларда оёқлар остига отиб юбормоқда! Энди адабиёт аксинча иш тутмоғи (вазиятга қараб иш тутишни асло субутсизлик деб тушунмаслик керак) ва инсонга ҳамма нарсанинг мумкинлиги ҳалокатга олиб бориши ҳақида бонг урмоғи шарт! Достоевский қаҳрамонларидан бири “Агар Худо ўлган бўлса, демак, ҳамма нарса мумкин” деган фикрни айтган эди. Ҳамма нарсанинг мумкинлиги эса инсоннинг биз билган табаррук зот сифатида барҳам топганлигини англатади. Бошқача айтганда, Худога эътиқоднинг ўлиши билан инсоннинг ўзи ҳам ўлади). Шунда қуйидагича хулосаларга келдим: ижодкорнинг (гарчи мумкин бўлмаса-да) ҳамма нарсани билиши яхши экан-у, ҳамма нарсани ёзиши жоиз эмас экан! Бу борада ҳам улуғ Навоийдан дарс олсак арзийди:

Хирадманд чин сўздин ўзга демас,
Вале бари чин ҳам дегулик эмас.

Чунки “ҳар чин сўз” ҳам уни ҳазм қила оладиганга, ботини ёруғлик ила етарлича тўйинган ойдинларгагина айтилмоғи жоиз. Йўқса, у ҳар қанча чин сўз бўлсин, алал-оқибатда зулматга хизмат қилиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Чанқаб турган одам қўлига қалам олмасин, йўқса, унинг ёзганлари сув борасидаги таъмага айланиб кетади, дея ёзган эдим қайдадир, қачондир. Худди шундай, дардман одам ёзганларини ўша дарддан фориғ бўлгандан кейин яхшилаб кўздан, яъни соғлом назардан ўтказиб олиши керак. Токи, бу дарддан тўраган матн инсонни инсон ўлароқ тутиб турган гуманизм устунларига рахна солмасин. Чунки касал киши, одатда, ўз дарди исканжасида қолиб, хасталикнинг хархашаларини ўзининг асл истаклари деб билади. Ахир, инсон фақат касал ҳолининггина маҳсули эмас-ку! У ўз умри давомида неча-неча бир-биридан фарқли ҳолларга тушмайди, дейсиз. Лекин у шуларнинг бирини мутлақлаштириб, жамият аъзолари эътиборига “Бирдан-бир ҳақ гап шу!” дея сунса, бу қанчалик тўғри бўлади?..

Ҳамма нарсани ҳурфикрлилик билан хаспўшлаб бўлмайди. Агар ҳурфикрлиликда инсониятга, унинг ҳаётига қарши нимадир, ҳатто энг кичик унсур бор бўлса ҳам, демак, бундай плюрализм алал-оқибатда қора кучларга хизмат қиладиган ҳол сифатида баҳоланмоғи керак. Бундай ҳурфикрлик ортидан чиқиб келадиган ёвузлик, фаҳш, зўравонлик каби иллатлар бориб-бориб дунёдаги ҳар қандай яхшилигу эзгуликнинг, ёруғлигу адолатнинг уруғини куйдириши мумкин. Шунинг учун ҳам плюрализм ҳақида баланд пафос билан нутқ ирод қилаётган пайтимизда билмоғимиз керакки, плюрализмдан плюрализмнинг фарқи бор. Башар манфаатига тўла хизмат қиладиган ҳурфикрлилик билан шу ниқоб остида унинг оёғига болта урадиган “ҳурфикрлилик” ўртасида жуда нозик, лекин ўта муҳим чегара чизиғи мавжуд.

Кунлардан бир кун талаба ёшларимизнинг уч-тўрт вакили эшик қоқиб келишди-да: “Дунёда адолат йўқ, ҳаёт бемаъни, нима гуноҳ қилсанг қил-у, гуноҳкор сен эмассан, бу ёруғ оламда нима каромат кўрсатсанг кўрсат-у, оқибати бир пул”, деган гапларни дастурхон қилишди. Шунда мен улар билан очиқчасига баҳсга киришмай, секин кўнгилларига қўл солиб кўрдим. Натижада, улар ўзлари “кўтаролмаган”, “ҳазм қилолмаган” ёзувчию шоирлар асарларини ўқиб юришганини, ҳатто уларнинг таъсирида эканликларини билиб қолдим. Булар – Умар Хайём, Достоевский, Жойс, Кафка, Камю ва ҳоказо жаҳон тан олган улуғ ижодкорларбўлиб чиқди…

Ёшларни обдан тинглаб бўлгач, муддаога кўчдим. Ҳаётларининг шу палласида бошқа адабиётларни, хусусан, ботинида нур балқиб турган асарларни кўпроқ мутолаа қилишлари зарурлигини уқтиришга уриндим. Кейинроқ, масалан, маънавий иммунитетлари кучга кириб тўлишганда бошқа ҳар турли адабиётларни ўқиш зарар қилмаслигини уқтирдим. Шунда улардан бири жиддий туриб эътироз билдирди: “Нега энди, масалан, Достоевскийни эмас-да, Толстойни айтяпсиз? Ахир, Достоевский дунёда энг катта ёзувчи деб тан олинади?” деди. Мен, аввало, ҳеч қайси ёзувчи “энг катта” бўлолмаслиги сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилдим, сўнгра, асосий масалага келиб, тавсия қилинаётган асарларда зиғирдек бўлса-да ёруғликка ишонч борлиги ҳақида гапирдим. Улар эса яна баҳслашишди. Чунки ўша тобда ичларидаги зулматнинг ҳиссаси ёруғликникидан кўпроқ эди, назаримда. Зулмат, одатда, ёруғлик билан ўт билан сувдек гап. Ёруғлик ҳақидаги каминанинг гаплари шунинг учун ҳам уларнинг ботинларидаги “борлиқ” билан ҳамоҳанг жарангламасди. Натижада эътироз билдириб, қарши фикр айтишаверди… Эслайман, 2005 йилда оғир бир хасталикка чалинган эдим. Бир неча ойлар чамаси тўшакдан туролмаганман. Бутун борлиғимни аллақандай зулмат қоплаб олганди. Нажотим – ёруғлик эди. Ҳатто ўша йиллари қуёш тушиб турадиган бошқа уй қидириб, уни энг охирги қаватдан топиб, ўшанга кўчиб ҳам ўтганман. Изтироблар исканжасида қолиб, Яратганга қилган илтижоларимдан бири қуйидаги шаклда қоғозга ҳам тушган эди: “Қуёш билан калтакла мени, Чиқиб кетсин ичимдан зулмат!”

Муҳтарам ўқувчи! Менинг бу гапларимни контекстдан узиб олиб, Умар Хайём, Достоевский, Жойс, Кафка ёки Камю сингари улуғ шоиру ёзувчиларга эътироз деб тушунмаслигингизни ўтиниб сўрардим. Чунки уларнинг инсон бадиий тафаккур тадрижига қўшган оламшумул ҳиссасини инкор қилгулик ниятим ҳам, ҳолим ҳам йўқ, аксинча, бу ҳақда баҳоли қудрат“нималардир” қоралаб келаман. Лекин улар маълум маънавий иммунитетга эга бўлган, руҳий жиҳатдан бақувват кишиларнинг бадиий тафаккур тарзигагина ижобий таъсир ўтказиши мумкинлигини баралла айтгим келади. Дунёқараши ҳали етарлича шаклланмаган ёшларни, узоқ йиллар йўлини тополмай гандираклаб юрадиган бўш-баёв ўқувчилар маънавиятини эса бир умрга майиб қилиб қўйиши ҳеч гапмас, деб биламан. Эслайман: тахминан йигирма-йигирма бир ёшларимда Кафка асарларига ошно бўлиб, сўнг улар таъсирига тушиб, йиллаб тузукроқ ухлай олмай изтироблар чекканман. Хуллас, яна ўша гап: дарахт навниҳол экан, эгилувчан, мўрт келади, улғайгач, унинг биргина шохи ҳам неча-неча инсонни “бағрига олиши”мумкин.

Достоевкий ҳаёти ва ижодига диққат билан разм солсангиз, улуғ ёзувчининг ботинида ҳам жуда катта зулмат яшаганлигини илғайсиз. У ўша зулматга қарши бутун умри давомида курашиб ўтган. Лекин ҳар доим ҳам ёзувчининг қўли баланд келавермаган. Юқорида эсланганидек, ёзувчи ана шундай дамларда империалистик кайфиятидаги ниятларни ёзиб қолдирган (“Дневник писателя”). Шундай улуғ ёзувчи меросида шу каби битиклар ҳам борлигига афсуслар қиласан, киши. Бундай таассуфни ёзувчининг забардаст таржимони Иброҳим Ғафуров ҳам “Достоевский билан тунги суҳбат” мақоласида ўринли равишда билдириб ўтади. Хўш, нега ёзди экан руснинг бетакрор адиби ушбу сўзларни?.. Енгилиш содир бўлдимикан! Ўз даврининг умумруҳига, чор давлати сиёсати кайфиятига тушиб қолдимикан ёзувчи… Ахир, киши ичкарида – ботинда ғолиб келса, ҳеч қачон ўзига раво кўрмаган кўргиликни ўзгага тиламайди-да! Тиламаслиги жоиз! Исо алайҳиссалом ўгитини эсланг. Ҳатто у зулмнинг ҳар қандай хилига қарши чиққан. Ўнг юзингга урсалар, чап юзингни тут, дея ўгит берган. Бу ўгитни юзаки тушунганларгина пайғамбарни ожизлик ва мутеликда айблайди. Аслида, бу сўзлар зулмга қарши юксак мартабадан туриб мардона айтилгандир. Достоевскийнинг насронийликка чуқур эътиқоди бўлганлигини ҳисобга олсак, у юқоридаги каби мулоҳазаларида муқаддас ўгитлардан ҳам нақадар узоқлаб кетганига гувоҳ бўламиз. Албатта, ҳар қандай миллатпарвар ижодкор ўз халқини севиши, уни улуғлаши, ўзи мансуб жамиятни буюк мақсадларга ундашини тушунамиз ва қабул қиламиз, лекин бу нарсалар ўзга халқларнинг кўз ёши ва қони эвазига бўлмаслигини ҳам мудом ёдда тутамиз. Шуларни ўйлаганда, хаёлга беихтиёр қуйидаги ўйлар келади: ҳар бир давр тафаккури ўзигача бўлган ва улуғ деб ҳисобланиб келинган ҳамма даҳолар ва уларнинг барча хизматларини юксак этик ва эстетик тафаккур чиғириғидан ўтказиб, гуманизм мезонлари билан обдан ўлчаб олиши шарт (Адабиёт ҳам ўз даврининг кайфиятидан келиб чиқиб, унга руҳий-маънавий кўмак бериш маъносида ўз таврини белгилаб олиши керак). Ўтмишнинг хаёлларимиздагина мавжуд пойдеворига бугуннинг ҳақиқий иморатини қуриб бўлмайди. Ёки кечаги куннинг соясида бугуннинг жазирасидан сақланиш мумкин эмаслигини теран англамоғимиз керак. Баъзан таълим-тарбия ҳақида гап борганда, жаҳоннинг машҳур асарлари тилга олиниб, ҳатто ўқиб-ўрганиш тавсияси берилади. Бу, умумий маънода, тўғри албатта. Лекин масаланинг хусусий томонлари ҳам бор. У ҳам бўлса, тарих ва бугунги жамиятлар, уларнинг дунёқарашлари ва қадриятлари ўртасидаги тафовут. Шу маънода тарихий-маданий меросни қандай бўлса, шундайлигича бугунги кунга кўчиришга уриниш ўзини тўла оқламайди. Керак бўлса, ҳар қандай маълуму машҳур мерос ҳам танқидий ўрганилиши фойдадан холи эмас. Чунончи, “Панчатантра” деган машҳур ҳинд адабиёти намунасини ўқиб қолган яқин дўстим асардаги очиқ саҳналарни, кўплашиб яшаш эпизодларини, эридан зериккан хотиннинг осонгина бошқаси билан бўлиб, сўнг эрини ўлдириш чораларини қидириб қолганини гапириб, тушуниксиз кўйларга тушди. Нега, десангиз, торозининг бир томонида, бутун дунё шу кунгача кўкка кўтариб келган асар ҳақидаги тасаввур, ҳурмат турса, иккинчи тарафида манавиндақа эпизодлар намойиши…

Хўш, “Панчатантра” қачон битилган? “Дебоча ўрнида” сунилган, устоз таржимон Иброҳим Ғафуров томонидан битилган сўзда эрамизнинг учинчи-тўртинчи асрларида дейилади. У пайтда инсонлар жамияти, одамларнинг ўзаро муносабатлари қай даража ва аҳволда эди?.. Нега бу саволни бераяпман? Чунки асарда ахлоқсиз муносабатлар анчагина тасвирланганки, уларнинг бугунги кун илғор жамиятларининг ахлоқ тушунчаларига тамомила зид эканлигини таъкидлаб айтмоқ керак. Ҳозирам Африкада, жанубий Америкада ярим ёввойи қабилалар яшайди, уларда оила, ахлоқ тушунчаларида замонавий, илғор жамиятлардагига мутлақо мувофиқ тушмайдиган ҳолатлар бор (Кунимизда Оврупанинг айрим жойларидаги ахлоқсизликларни ана ўша етиб келинган баланд маромдан четланиш деб қараш керак). “Панчатантра” битилган даврларда ҳам одамзод ривожланишнинг анча қуйи босқичида бўлганлигини назарда тутсак, биз, башар аҳли, шунча йўл босиб, қанча қонлар ютиб қўлга киритган ҳаёт тарзимиздан, унинг қонун-қоидаларидан, ахлоқ нормаларидан воз кечишимиз ақл иши эмаслигини аён бўлади. Узун гапнинг қисқаси шуки, нимаики ҳаётда ўзининг соғлом қирраси билан намоён бўлса, ўшани олиш, камол топтириш зарур бўлганидек, нимаики, соғлом ҳаёт тарзи ва мантиққа зид бўлса, у энг улуғ асарларда битилган бўлишига қарамай, ҳеч иккиланмасдан танқидий ёндашмоқ, сарагини авайлаб олиб, пучагини пуфламоқ лозимдир! Янада кескинроқ айтай: нимаики, инсоннинг ҳайвоний тарафига озуқа бўлса, аёвсиз танқид қилмоқ, нимаики унинг инсоний томонини қувватласа, дастакламоқ зарур. Гап оловга ташлаш ҳақида эмас, балки жамиятнинг каттаю кичик аъзоларида мавжуд меросга нисбатан соғлом нуқтаи назарни шакллантириш, тўғри муносабат борасида кетаяпти. Ахир, неча вақтдан бери башарият ўзининг олий мақсади – идеал олам, идеал жамият сари интилиб келмоқда. Буни утопия, чўпчак ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Лекин ўша орзунинг ўзи инсониятни инсонлик мақомида тутиб тургувчи маънавий кучлардан бири эканлигини инкор қилиб бўлмайди! Шундай пайтда ортга қайтиб, ўтмиш замонларда урф бўлган ибтидоий одатларга риоя қилиш инсон маънавиятига ҳам, унинг орзусига ҳам, мақсад-муддаосига ҳам терс ҳаракатдир. Албатта, маънавий мероснинг бугунги кун учун ҳам аҳамиятини йўқотмаган қирралари ўқиб-ўрганилади, бундан тониш йўқ. Лекин уларни олдимизда турган зулматни ёритгувчи қўлимиздаги бирдан-бир машъала мақомига кўтармаслигимиз жудаям муҳим. Зеро, ҳаёт деганимиз, аслида, куйдиргувчи бир оловдир. Инсон мана шу оловда ёниб покланади, покланаяпти, покланмоғи зарур ҳам! Унинг шу гулханда ёниб, ўзининг энг тубан, энг жирканч, энг қабиҳ сифатларидан тозаланиб бориши лозимлигига ишонмоғимиз эса янада муҳим.

Мулоҳазамиз қуруқ бўлмаслиги учун “Панчатантра”дан жой олган уч сийнали қиз, кўр ва букри ҳақидаги ҳикояга қисман тўхталсак. Шоҳ нуқсонли туғилгани учун уч сийнали қизини кўрга хотинликка бериб, сийловлар эвазига ўзга юртга кетишини истайди. Шундай бўлади ҳам. Аммо ногирон қиз кунлардан бирида кўр эрига хиёнат қилиб, букри билан ўйнашади. Сўнг хиёнаткор хотин ва дўст кўрдан халос бўлмоқ ниятида қора илон ўлигини келтириб, шўрва тайёрлашади. Шўрванинг ҳовуридан эса кўрнинг кўзи очилади. Бундан бехабар хиёнаткорлар яна ишратга берилишади. Ҳаммасини кўриб турган эр ғазаб отига миниб, букрининг оёғидан ушлаб айлантиради-да, хотинига уради. Натижа қандай бўлди, деб ўйлайсиз?.. Сира кутилмаган! Яъни кучли зарбадан хиёнаткор дўстнинг букриси ва вафосиз хотиннинг сийнаси тузалади. Ҳикоя шу ерда тугайди. Хўш, Шарқ дидактик адабиёти, фалсафаси, ваъзу насиҳатлари, асосан, қиссадан ҳисса чиқариш асосига қурилар эди-ку! Бу ёғи қанчадан тушди энди?.. Бевафолик (аёлнинг тутуми), хиёнат (дўстнинг тутуми), қотиллик нияти (хотин ва дўстнинг тутуми) натижасида учови қосирнинг ҳам нуқсони тузалиб кетаяпти! Бошқача айтганда, “марҳамат, разил ишни қилаверинг, натижаси яхши бўлади” деганими бу?.. Мазкур “қиссадан ҳисса”ни бугунги инсон, унинг қалби ва тафаккури, ахлоқий қарашлари, иймону эътиқоди қабул қиладими? Уни кеча ҳам қабул қилишмаган эди. Ахир, араблар “Панчатантра” асосида “Калила ва Димна” деган асар барпо қилишган. Солиштириб ўқинг-а! Орада анча фарқ бор. Араблар ўз жамиятлари, бу жамиятдаги одоб-ахлоқ нормалари негизида асарни асрлар мобайнида мудом қайта ишлаганлар. Шунга эҳтиёж сезганлар. Чунки ҳинд вариантидаги кўпгина муносабатларнинг мазмун-моҳияти уларнинг дунёқарашларига тўғри келмаган кўринади. Шунинг учун ҳам замонавий олимнинг тафаккури улкан прожектор каби ишламоғи керак деб ўйлайман:у ҳар бир қарич ерни, ҳар пучмоқни ёритмоғи ва у ерда башар қисматига дахлдор борлиқ ҳақиқатни кўрмоғи, уни ўз номи билан атамоғи лозим. Мабодо, доғ бўлиб тушадиган заррача кирни кўрса ҳам, у кимга, қайси халққа ва қайси улуғ зотга тегишли бўлмасин, бундан тафаккур аҳлини хабардор этмоғи жоиз. Бу унинг энг олий ва муқаддас бурчи, вазифасидир.

Бас, шундай экан, ташқаридан қараганда, бир четда китобга жо бўлиб турадиган беозор адабиётнинг қандайлиги ақл ва қалбларга кўчганда, у оламшумул кучга айланади. Бинобарин, китобга, адабиётга беписанд қараб бўлмайди. Шунинг учун ҳам айрим буюк ижодкорлар асарларини мутолаа қилаётганингизда кўзингиз орқали қалбингизга бўрон янглиғ қоп-қора зулмат бостириб кирмоқчи бўлаётганини ҳис қиласиз. Агар ботинингизда етарли даражада ёруғлик бўлмаса, сиз ёзувчи зулмати қуюнида қолишингиз ҳеч гап эмас. Ахир, улуғ ёзувчи демак, айни дамда, буюк истеъдод, ҳатто даҳо демак. Қайси ўқувчи (айниқса, ёш китобхон)даҳо санъаткор билан беллаша олади? Кимнинг унга кучи етади?.. Жиддий ўйлаб кўриладиган мавзу бу!

Бовужуд, УМИД берувчи асарларга бўлган эҳтиёж бугун ҳар доимгидан-да катта (Эртага кашфиётчилик адабиётига шундай эҳтиёж сезишимиз мумкин. Худди бир вақтлар саргузашт асарларга талпинганимиз каби). Турмуш ва унинг адоқсиз ташвишлари бурамаси, “оммавий маданият” гирдоби, енгил ҳаёт тарзининг тарғиб этилиши, эътиқоднинг, бурднинг заифлашуви ва ҳоказо сабаблар натижасида инсон руҳий илдиздан узоқ тушиб бормоқда. Унинг ҳайвонлиги ҳакалак отмоқда. ОАВ бутун моҳияти истеъмолчиликдан иборат Янги Инсоннинг пайдо бўлаётгани ҳақида овоза қилмоқда. Шунинг учун ҳам бугун инсоннинг инсонлик тарафини кучайтирадиган ёруғ ва умидбахш асарларга сув ва ҳаводек эҳтиёжимиз бор, деб ўйлайман. Яқинда реал ҳаётий воқеага асосланган кино кўрдим ва бир неча кун шу асар таъсирида юрдим. Сўнг интернет орқали асарни топдирдим. У француз драматурги Жан Доминик Боббининг “Скафандр ва капалак” номли асари бўлиб, ёзилиш тарихи мени ўзига жалб қилди. Яъни роса кучга тўлган, ҳаёт ва ижодда муваффақият қозониб келаётган драматург сира кутилмаганда инсультга чалинади-да, бир умр тўшакка михланиб қолади. Лекин у таслим бўлмайди. Соғлом мия ва биттагина кўз билан, уларнинг ёрдамида ҳаёт учун курашади. Чунки қолган ҳамма аъзолар фалаж ҳолда эди: на қимир этади, на гапиради ва на овқат ея олади. Ишга яроқли биттагина кўзи билан логопед ёрдамида асар ёзади. Бунинг учун алфавитдан фойдаланишади. Логопед бир чеккадан ҳарфларни ўқиб чиқади, фалаж драматург керакли ҳарфга келганда ягона соғ кўзини юмади ва шу тарзда бир неча дақиқада биргина сўз ёзилади. Энди бутун бошли асарни ёзиш учун кетган жасорат, сабр, вақтни ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. Асар “Скафандр ва капалак” деб номланади. Скафандр бу – сув остига тушиш учун кийиладиган махсус кийим, лекин бу ерда рамзий маъно касб этиб, инсон танасини, капалак эса руҳни англатади. Драматург узоқ яшамайди – ўлади. Лекин одамларга умид қолдириб кетишни уддалаб ўлади. Ёзилиши буюк жасорат ва инсонликнинг олий кўриниши бўлган асарда мужассам эди бу УМИД. Эҳтимол, асарнинг ўзида ҳам эмасдир бу умид (Чунки унда Ғарб кишисининг дунёқарашига сингиб кетган шундай нуқтаи назарлар борки, баҳслашиш мумкин). У шу асарни ёзишга бўлган иштиёқ замирида яширин ҳаётпарастликдадир! Яна бир француз адиби ва файласуфи Альбер Камю автоҳалокатга учраб ўлганда ўзининг бош – “Уруш ва тинчлик”дек асарини ёзаман деб яшаётган эди. Назаримда, унинг ана шу яратувчанлик иштиёқи ёзилмай қолган асаридан-да баландроқ туради.

Хуллас, яна ўша – деразадан боқиб кимдир юлдузни, кимдир гўнгни кўради, деган фикрга қайтиб келдик. Дарвоқе, Дейл Карнегининг отаси ҳам шунга яқин гапни айтганини ўқиган эдим. Яқинда сира кутилмаганда Умар Хайёмга нисбат берилган қуйидагича фикрга дуч кеп қолдим: икки киши битта деразадан боқиб, бири ёмғир ва лойни, иккинчиси эса баҳор ва ложувард осмонни кўрибди… Хуллас, адабиёт кўнгил ойнаси деймиз. Бу ойнадан боққан ўқувчига биз нималарни таклиф қилаяпмиз?.. Албатта, ҳақиқий адабиёт ҳамма нарса ҳақида билиши ва ёзиши керак. Лекин бу дегани хулосани гўнг ва балчиққа олиб келиб тақаш мумкин дегани эмас-да! Нега инсонга умид бериш мумкин эмас? Бир қатим нур илиниш шунчалар қийинми унга? Дунёни зулмат босганда ёруғлик ҳақида ёзмаслик, зиёни тараннум этмаслик инсоният олдида жиноят содир қилиш билан баробардек туйилмаяптими сизга?.. Айтадиларки, “Иблис Одамга сажда қилмай, Оллоҳнинг амрига қарши чиқиб: “Мени оловдан, уни эса балчиқдан яратдинг”, деди. Яъни менинг зотим оловдан, уники тупроқдандир. Юксак бўлганнинг тубан бўлганга сажда қилиши тўғрими? Иблис Оллоҳ билан шу тарзда мужодала этди ва Унинг лаънатига учради, ҳузуридан қувилди. Ва: “Оҳ, Оллоҳим! Ҳаммасини Сен қилдинг. Булар Сенинг бузғунчилигингдир. Устига-устак, мени лаънатлаб ҳузурингдан бадарға қилмоқдасан”, деди. Одам ҳам гуноҳ қилди. Оллоҳ: “Эй, Одам, гуноҳинг учун сени жазоладим. Ҳаммасини Ўзим қилганим ҳолда сени қилди, дедим. Сен эса Мен билан тортишмадинг. Ёки далилинг йўқмиди? Ахир, сен ҳам: “Ҳаммаси Сендан, Сен қилдинг, чунки дунёда Сен истаган нарса бўлади, истамаганинг бўлмайди”, дейишинг мумкин эди. Шу қадар аниқ далилинг бўлгани ҳолда Менга қарши лом-мим демадинг, нечун?” дея буюрди. Одам: “Эй, Тангрим, биламан. Бироқ Сенинг ҳузурингда тарбиямни қўлдан чиқармоқни истамадим. Чунки Сенга бўлган ишқим мени қўйиб юбормади, қарши чиқсам”, деди”. Инсон ҳам масалага худди шайтон каби қараши мумкин эди, лекин нафсини, тилини тийди ва ярлақанди. Адабиёт дидактика билан бир нарса эмас, деймиз. Тўғри. Адабиёт инсонни ҳар томонлама кашф қилади, унинг сиру синоатга, зиддиятга тўла қалбинибадиий тадқиқ этади. Чунончи, Ф. Достоевский инсон шуури ертўласига тушиб, инсон хатти-ҳаракатларининг асл манбаига қўл узатди, онгости қўриқхонасига кириб борди. Достоевскийнинг мана шу кашфига таянган ҳолда жаҳон адабиёти инсон ботинида кечадиган хилма-хил ва ғоят мураккаб қирраларни шундоқ кафтимизга қўйдики, натижада Одам ҳақидаги тушунчаларимиз, сезимларимиз кенгайганини англадик. Мавриди келганда айтиш керакки, бу хил кашфлар Шарқ мумтоз адабиётида аввалдан бўлган. Фақат улар тизимли тарзда эмас-да, фрагментар шаклда асарлар қатига яширилган. Чунончи, З.Фрейднинг (ХХ аср) инсон жинсий қувватининг ҳаётни белгилайдиган етакчи факторлигига доир қарашларини эсланг. Энди Шарқнинг “Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун у мажнун (жинни)га айланди”деган фикрини мушоҳада қилинг. Шарқда бир жумлада айтилган фикр Ғарбда бутун бошли фан тизимига айлантирилаяпти. Ғарб инсон хатти-ҳаракатлари зимнида фақат биологик асосни кўрган бўлса, Шарқ руҳий ўзакни мудом ёдида тутган. Бас, шунинг учун ҳам биологик факторлар таъсирини бўрттирмаган. Инсонда бир вақтнинг ўзида ҳам ҳайвонлик, ҳам малаклик сифатлари яшашини уқтиргани ҳолда, кейингисининг ғалабасига умид билан кўз тутган. Шарқ инсоннинг руҳий маънавий жавҳарини улуғлаб, фаришталардан юксак мақомга элтиб қўйгани ҳолда, Ғарб худди шу инсоннинг ҳайвоний тарафини идеаллаштириб, биологик махлуқ даражасига туширди. Лекин бу, Фрейд таълимоти ёлғону бўҳтонлардан иборат, инчунин, у ўрганилмаслиги керак, дегани эмас. Инсоннинг биологик жиҳати инкор этилмайди. Гап бу ерда мутлақлаштирмаслик ҳақида, айни дамда, инсонни улуғлайдиган сифатига урғу бериб, зулматдан чиқиш тирқишига йўналтириш ҳақида бораяпти. Бас, шундай экан, урғуни тўғри қўйиб олишимиз лозим ва у, энг аввало, инсоннинг ҳайвонлиги устига қўйилмаслиги шарт бўлиб туйилади менга. Дунёни ўзгартириш даъвоси билан чиққан яна бир олим К.Маркс ўз асрида инсоннинг ижтимоий жиҳатини идеаллаштиришга уринди. Демак, инсонни руҳий, биологик ва ижтимоий асослар ҳаракатлантиради. Шарқ эса инсонда бир вақтнинг ўзида ҳам малаклик, ҳам ҳайвонлик яшайди. Малаклик уни юқорига тортса, ҳайвонлик пастга етаклайди, дейди. Хуллас, яхшилаб суриштириб чиқсак, ўзимизнинг мумтоз адабиётимиз замирида ҳаммаси бор эди, ҳаммаси бор. Лекин ўша ҳаммаси пардага ўраб, айни пайтда юксак санъат билан айтилган эди. Шундай қилиб, адабиёт дидактика билан бир нарса ҳам, ундан тамомила холи ҳам эмас! Унинг бағрида панд-насиҳат (албатта, юксак санъат воситасида) унсури доимо сақланиб қолади. Инсонга керакли адабиёт доимо шундай бўлган ва у шундай бўлиб қолиши керакка ўхшайди. Ўқувчи кўнглига бир қатим нур олиб киролмаган, яхшилик, эзгулик, баландлик уруғини сеполмаган каломдан қўл тортмоқ керакми, дейман.

Таҳририятга ёзувчиларимиздан бири уч йил мобайнида учта ҳикоя олиб келди. Лекин ҳеч бири чоп этилмади. Чунки ҳаммаси фаҳший эпизодлар билан тўла эди. Буни ёзувчининг ўзига айтдик. У эса “ҳаётда бор-ку, мен ҳаёт ҳақиқатини акс эттираяпман”, дея норози бўлди. Бир (юзаки) қарашда, ёзувчи акамизнинг гапида жон бордек. У ёғини сўрасангиз, худди шундай қараш талайгина ижодкорларга хос ҳам. Лекин чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрсак, бу қарашнинг таги пуч эканлигига гувоҳ бўламиз. Аввало, адабиёт ҳаётдан кўчирилган нусха эмас. Нусха бўлса, адабиётнинг бир тийинлик қиймати қолмасди. Чунки ҳаёт ўзидан айнан кўчирилган ҳар қандай нусхадан чексиз карра ранго-ранг ва бойдир. Чинакам адабиётни Гегель ҳатто табиатдан устун кўради. Чунки адабиётга инсон руҳи иштирок этади, дейди. Ҳа, қаранг, гап қаерга бораяпти? Муносабатга! Ижодкор томонидан танлаб олинган ҳаёт материалига бўлган муносабат адабиётнинг яроқли ёки яроқсиз эканлигини белгилаб берар экан. Ёзувчики, фаҳш ҳақида ёзаркан, ўқувчи кўнглида ҳам ўша “дарёдан сув ичиш” истагини пайдо қилса, билингки, бундай адабиёт алал-оқибатда ёвузликка, буҳронга, ҳайвонликка хизмат қилади. Ҳақиқий адабиёт ўқувчи кўнглида ҳар қандай мавзуга нисбатан шундай бир муносабат ёки ҳол пайдо қилиши керакки, пировард-натижада, бу туйғу турмушга эмас, ҳаётга, тирикчиликка эмас, тирикликка, бузишга эмас, тузишга, тубанликка эмас, юксалишга, парвозга овоз берсин!

Эсимда, талабалик йилларимда дунё ва ўзбек адабиётининг айрим намуналарини ўқиб юрган чоғларимда, бирдан қалбимнинг ич-ичида шундай бир туйғуга дуч келдимки, унинг отини масалан, “Ёруғликка ташналик” деб атаса бўларди. Гап нима ҳақда? Мен бошим билан муккасига шўнғиган ўша асарларнинг қат-қатида улкан бир зулмат бор эди ва мен нурсизликдан, ҳавосизликдан бўғилган, димиқиб қолган эдим. Шунинг учун ҳам сал кейинроқ қуйидаги шеър туғилган бўлса, ажабмас:

Олисларда бўлса ҳам,
Ҳеч қачон етмасам-да,
Майли,
                   фақат олдинда
Бир чироқ ёнса дейман…

Айтилганлардан муаллиф “ҳаёт гўзал, ҳаёт соз” деган жўн тезисни адабиётга тиқиштиряпти, дея юзаки хулоса чиқармасликни сўраган бўлардим. Ҳаёт ҳар доим ҳам байрам эмас. Балки, катта миқёсда олиб қараганда, умуман байрам эмасдир. Ошини ошаб, ёшини яшаб ўтаётган инсон умри давомида, Навоий бобомиз айтганидек, тўрт фаслни бошидан кечиради. Турмушнинг ўзга муаммоларини қўя турайлик, шу тўрт фаслнинг ўзида, фасллар алмашинуви бағрида қанчадан-қанча қувончли ва қайғули дамлар яшалмайди, дейсиз! Тўртинчи фаслдан у ёғи яна маълум… У ёғи (руҳ) ҳақида эса бани одамга жуда кам илм берилган дейилади муқаддас китобда. Шунинг учун ҳам ана шу ўгитлару кўнглимиз сезгисига таянган ҳолда фақат ўз ичимиздангина ўтса ярашадиган хаёл ва тасаввурлар юпанчига дуч келамиз ҳаммасидан нарида. Юпанчи бўлмаганлар эса, инсон бу дунёга ташлаб кетилган ташландиқ, унинг ёлғиз ҳукмронлиги фақат ва фақат бу дунёдадир (Экзистенциализм фалсафаси), дея бадбин ўйларга енгилади. Ва бундайларни биз негадир фақат ғарбликлар деб ўйлаймиз. Аслида-чи? Янглишамиз. Ёзган асарларида моҳият-эътибори билан яхшиликка, эзгуликка, ёруғликка ишончи бўлмаганлар, аксинча, фақат ва фақат зулмни, маънисизликни, ишончсизлигу бузуқликни тарғибу ташвиқ этувчилар Шарқнинг қоқ марказида ва ҳатто Маккаю Мадинада яшасалар ҳам, фарқи йўқ, барибир ЗУЛМАТГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИЛАР бўлиб қолаверади!

Кунлардан бир кун профессор Қозоқбой Йўлдошев телефонда бир ҳикоянинг ёруғ хотимаси ҳақида қониқиш билан гапириб қолди. Ҳикоя “Эртага қуёш чиқса керак” деган жумла билан якунланарди. Гўшакни қўйгандан сўнг мушоҳада қилсам, сермаҳсул ва синчков олим ўша суҳбатимизда асосан хотима ҳақида гапирган экан. Қозоқбой акани кўпчилик турфа экспериментларга бой авангард адабиёт намуналарининг ашаддий тарғиботчиси деб билади. Лекин унинг юрагининг жуда чуқур жойида азалий яхшилигу ёруғликка бўлган улкан муҳаббат борлигини мен ўшанда аниқ ҳис қилганман. Аслида, бундай муҳаббат ҳаммамизда бор. Фақат замонанинг шовқинлари босиб кетаётганидан, кўпинча,унинг ичкаридан таралаётган сасини эшитмаймиз.

Гоголь ва Кафка нима учун ўз қўлёзмаларини ёқиб йўқ қилишларини дўстларидан илтимос қилган экан, деб кўп ўйланаман. Эҳтимол, дейман ўзимга-ўзим, ўша ёзувлари қатларида зулматни ҳис қилишгандир ва бу ҳол уларнинг руҳиятидаги, жуда ичкарида яширин ёруғ моҳиятга тескари келиб қолгандир, а? Нима деб ўйлайсиз, сиз?.. Ўспиринлик чоғларимда А.Дюманинг “Граф Монте Кристо” асари менга жуда ёқарди. Чунки у ерда ёмон одамлардан боплаб қасд олиш бор эди-да. Талай ҳинд киноларида ҳам шу мотив энига ва бўйига роса ишланган. Улар кулгингни қистатадиган даражада содда эди, лекин негадир вақти-вақти билан томоша қилишга эҳтиёж сезардим. Нега? Талабалик йилларимда бунинг мағзини чаққандек бўлдим: ўшандай асарлар менинг ботинимдаги адолатнинг тикланишига кўмаклашар экан. Чунки мен ҳам ҳали ёш бўлишимга қарамай, атрофимда рўй бераётган ўзига яраша адолатсизликларга дуч келиб турардим-да. Наз­димдаги адолатни тиклашга эса, беркитиб нима қилдим, ожизлик қилар эдим: жисмоний, ақлий ва юрак қувватим етмасди. Шунда, масалан, Монте Кристонинг саргузаштлари орқали мен ичимдаги ана ўша орзуимга эришгандек ҳис қилганман ўзимни. Ҳозир эса, мен қасд олишдан кўра афв этиш баландроқ ва инсон шаънига муносиброқ аъмол эканлигини оз-моз фаҳмлаб қолдим десам, айбга буюрмайсиз.

Умуман олганда, асар ўз ҳолича, яъни бадиий, фалсафий ва бошқа жиҳатларига кўра баланд бўлиши мумкин. Ўқишинг билан буни тушуниб етасан, киши. Фақат ҳамма гап шундаки, ҳар қандай улуғ асарнинг ҳам жамиятга максимал таъсир қиладиган ўз вақти, даври бўлади. Тушунганингиздек, мен ижобий таъсирни назарда тутяпман. Шу билан бирга, унинг салбий таъсир фазаси ҳам бор. Қизиқ-а? Асар гениал мақомда бўлсаю ўқувчига икки хил таъсир қилса!.. Чунки ўртада ўқувчи мансуб бўлган замон ва унинг муаммолари масаласи бор. Ана ўша зўр асар деганимиз давр ва унинг дардлари билан қайсидир нуқталарда ё кесишади ва ёхуд йўқ. Биринчи вазиятда кутубхоналарда чанг босиб ётган асарга қайтадан жон киради, иккинчи ҳолатда эса акс таъсир этади. Мисол учун иккинчи жаҳон уруши вақтида Умар Хайём рубоийларининг фронт ва фронт ортидаги одамларга кўрсатган таъсирини эслаб кўринг. Яқинда “Литературная газета”да “Умидлар сўнмайди” деган суҳбатга кўзим тушди. Унда “ХХI асрда сизга катта таъсир қилган фильм номини айта оласизми?” деган саволга РосФА бош илмий ходими, МДУ профессори Сергей Кара Мурза шундай деди: “Жавобим кулгили туйилиши мумкин, лекин бу “Синиқ чироқли кўчалар”.Ҳар бир серия эзгуликнинг ёвузлик устидан енгилгина ғалабаси билан якунланади… Сериаллар терапевтлик функциясини бажаришмоқда. 1990 йиллар аввалида жамиятимиз олган жароҳат ҳали битиб кетгани йўқ. Ҳозир ярага туз сепадиган картиналар керак эмас”. Албатта, бу ерда олим бирон-бир асар пешонасини силаб, иккинчисининг кўкрагидан астойдил итаришни мақсад қилганда эди, биз ҳам ушбу мақоламизда эътирозларимизни баён қилардик, у билан баҳслашардик. Лекин контекстдан келиб чиқадиган бўлсак, профессор буни кўзга олмаганини уқамиз. Шунга қарамай, нега у ўртамиёнароқ кино асарини ёқлаб чиқмоқда? Бундай деяётганимнинг сабаби, сериалнинг бир неча қисмини мен ҳам томоша қилганман. Актёрлик маҳорати, кўтарилаётган муаммонинг янгилиги, махсус эффект ва бошқа кўплаб жиҳатларига кўра, чинданам миёнароқ фильм. Профессорнинг ўзи ҳам бежиз “жавобим кулгили туйилиши мумкин”, демаяпти. Фақат давр ва унинг кайфиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу асарни тилга олмоқдаки, бу билан “ҳозир одамларга эзгулик тантанасига бўлган ишонч ҳар қачонгидан-да зарурроқ” демоқчи. Ҳа, санъат асари, адабиёт ўрни келганда, тарбия воситасига айланган, айланиши зарур. “Мен шунга ишонаманки, инсон нафақат бардош беради – у енгади. Унинг ўлмаслиги тирик мавжудотлар орасида ақл-идрокка эгалигида эмас, балки қалби, руҳи, изтироб чекишга қобиллиги, ўзини қурбон қила олиши ва сабр-тоқатли экани-да. Шоирнинг, ёзувчининг бурчи шу ҳақда ёзиши зарурлигидадир… Шоир шунчаки инсон ҳаётининг солномасини ёзмаслиги керак; унинг асари инсонни қўллаб-қувватлайдиган, унинг бардошига куч берадиган ва енгишига кўмаклашадиган таянч, устун бўлиши лозим”, деб ёзганда Уильям Фолькнер адабиётнинг тарбиявий томонини ҳам назарда тутганлигига шубҳа қилмасак керак?.. Ҳа, умумга мўлжалланган адабиётдан айни шу нарса кутилади. Санъату адабиётнинг фақат идрок ва ҳис сари йўналган бошқа, теранроқдаги қирраси эса алоҳида суҳбат мавзуси. Хос суҳбат мавзуси.

Бас, шундай экан, вақти-вақти билан давр ва унинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, қандай бадиий асарларга кўпроқ эҳтиёж борлигини мунаққидлару зиёлилар тадқиқ этиб топишлари, топганларини билдиришлари, ўз навбатида, жамоатчилик ҳам айтилганларни эътиборга олиши, масалан, кўпроқ нашр этиши, дарсликларга киритиши, тарғибу ташвиқ қилиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, мамлакат ва жамиятлар ривожи ўқилган асарларнинг сифат ва савиясидан ташқари ўша вақтдаги руҳий-маънавий эҳтиёжга кераклилик даражасига ҳам боғлиқ.

Хулласи калом, адабиёт ҳаётимиз таркибига кириб, сингишиб кетган экан, унинг камоли, инсон ва жамият ҳаётидаги роли устида доимий равишда қайғурмоқ лозим бўлади. Зеро, адабиёт ҳар биримизнинг ботинимизда. Энг катта адабиёт, аслида, юрагимизда яшайди. А.Камю “Исён ва санъат” мақоласида антик даврдан то ўз давригача – барча буюкларнинг санъатга бўлган турлича муносабатларига тўхталади. Сўнг санъатга ҳукм ва тазйиқ қилмаслик керак, деган тезисни ўқувчига юқтиради. Рост. Фикрлар турлича бўлавериши мумкин ва бу алал-оқибатда тўғри ҳам. Чунки санъат (адабиёт)нинг ўзи хилма-хилдир. Дидлар, дунёқарашлар хилма хил. Шу билан бирга, улар ҳар қанча ранг-баранг бўлишмасин, пировардида бир нуқтада кесишадилар, кесишмоқлари керак. У ҳам бўлса, ана ўша кўп тафовутли санъат ва адабиёт инсонга, унинг маънавиятига хизмат қилиб, одамнинг Инсон ўлароқ яшаб ўтишига кўмаклашмоғи жудаям зарур. Йўқса, санъату адабиётнинг эркинлигидан одамларга нима наф? Марио Варгас Льоса бежиз қуйидагиларни айтмаган кўринади: “Адабиёт туфайли, адабиёт уйғотган тафаккур, интилиш ва истаклар туфайли, хаёлот салтанатига сафар чоғи кўнгилда бош кўтарган кечинмалар туфайли бугунги цивилизация одамийлашди, нажот топди. Адабиёт аҳли ўйлаб топган бадиий тўқима қумга сингиган сувдек изсиз кетмади, билъакс, тошга айланган юракларни мумдек эритди. Яхши китоб­лар бўлмаганида эди, инсониятнинг бугунги ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди, мустақил фикрдан маҳрум лаббайчилар урчиб кетарди, кўнгил бирлиги йўқоларди, мутелик кайфияти кенг тарқалиб, ўз-ўзини англаш туйғуси – тараққиётнинг етакчи омили йўқоларди”. Айтилганлардан келиб чиқиб, инсон ва жамиятнинг ҳоли руҳиясига қараб туриб, адабиёт ҳам айтар сўзи ва унинг ифода тарзини оҳорлаб бориши мақсадга мувофиқ келади, дейиш мумкин.

Биз – инсонларнинг ботинида раҳмоний ва шайтоний кучлар яшайди. Муқаддас битиклар бунга шоҳидлик беради. Томонлар ҳар доим курашиб келади. Ҳамма гап – бизнинг ана шу томонларнинг қайси бирининг ёнини олишимизда. Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”сида келтирилган ривоятга кўра, зўр бериб ишлаётган ҳақир чумолига Сулаймон алайҳиссалом: “Агар сенга Нуҳнинг умрию Айюбнинг сабрини ато этса ҳам бу тепани йўлингдан олиб ташлаш қўлингдан келмайди, жонингни жабборга бериб курашмоғингдан мақсад не?” деса, у жавобан: “Тупроқни олиб, дўнгни ер билан бир этсам, унинг ортида мени кутаётган ёримга қовушаман”, дейди. Эътибор беринг, умри бир чимдим бўлган чумоли қаршисида турган ва ўзини ёрдан тўсиб қўйган улкан тупроқ уюмини ҳеч қачон олиб ташлай олмаслигини билмайди, дейсизми? Билади. Жуда яхши билади. Лекин ёрга элтувчи бу йўлдан ўзгасини ҳаром деб ҳисоблайди. Бас, умрини ёр йўлига тикади, шу йўлда қурбон бўлишни ўзи учун шараф, ҳаётининг энг олий аъмоли, мазмун-моҳияти деб ишонади. Бу билан чумоли Нур ва Зулмат, Эзгулик ва Ёвузлик, Юксаклик ва Тубанлик… курашида сафини маълум қилмоқда. Ҳеч қачон етолмаса-да, ёруғ мурод – ёрнинг йўлларига умрини бахшида айламоқда. Чумолидан мурод – инсон. Ёрдан мурод эса инсоннинг ким эканлигини унинг ўзига англатадиган, сездирадиган Борлиқ – Тилсимдир! Юқорида “Адабиёт олдинда ёнган чироқ” дедик. Лекин қандай адабиёт? “Фақат ва фақат умидбахш адабиёт!” деб ҳайқиради ичкаридаги овоз! Инсонлик жуда-жуда юксак мартаба. Шу билан бирга, ўта тубан ҳам. Юксак ёки тубан бўлишимиз, ёрни танлаш ёки ундан воз кечишимиз эса, бутун мақола давомида таъкидланганидек, ўзимизга боғлиқ бўлади. “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” дея хитобий ишора беради оташин ўзбек шоири Шавкат Раҳмон. Аслида, дунёнинг, дунёмизнинг тақдири ҳар биримиз учун ана шу танловда ҳал этилади. Дарвоқе, уҳронинг, уҳромизнинг ҳам…

2013–2014 йиллар.

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 1-сон