Улуғбек Долимов. Жаҳонгашта ижодкор

Исҳоқхон Ибрат портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

Исҳоқхон тўра Ибрат фаолият доираси кенг шоир ва олим, ношир ва педагог, сайёҳ ва миллий уйғониш даврининг машҳур ислоҳотчиси сифатида бутун умрини Ватан ва миллат манфаатига бағишлади. Шу боис унинг бой маданий мероси наинки мамлакатимизда, ҳатто яқин ва узоқ хорижда ҳам ўрганилмоқда. “Мезон уз-замон” маърифий асарининг япон ва ўзбек профессорлари Хисао Коматцу ва Бахтиёр Бобожоновлар томонидан ҳамкорликда Тошкент ва Токиода нашр этилиши[1], ушбу фикрни тасдиқлайди. Шоирнинг асли исми Исҳоқхон бўлиб, Ибрат унинг адабий тахаллусидир. Исҳоқхон 1862 йили Наманган яқинидаги Тўрақўрғон қишлоғида туғилди. Унинг отаси Жунайдуллохўжа Суннатуллохўжа ўғли машҳур мутасаввиф Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб, анча билимли соҳибкор боғбонлардан эди. Унинг беш танобча ери бўлиб, деҳқончилик, боғдорчилик билан оила тебратган. Ибрат Аҳмад Яссавий (султонул орифин) авлодига мансублигини ёзиб ҳам қолдирган:

Ибрат тахаллусимдур, аҳфоди Ҳазрати Султон,
Шуҳратда – Ҳожи тўра, маъвоси – Тўрақўрғон[2].

Онаси Ҳурибиби ўз даврининг ўқимишли, оқила аёлларидан бўлган, у уйида қишлоқ қизларини ўқитарди, шу билан бирга, адабиёт ва санъатга муҳаббат қўйган, шеърият билан ҳам шуғулланган. Оиладаги бундай ҳаёт тарзи ёш Исҳоқхонда адабиёт ва санъатга муҳаббатнинг анча эрта пайдо бўлиши учун асосий омил бўлди. 1870 йилда отаси Жунайдуллохўжа вафот этади. Исҳоқхон дастлаб маҳалла мактабида таҳсил кўради, аммо беш йил давомида ҳам саводини чиқара олмагач, ўз уйида онасининг қўлида ўқиди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон асарларида онасини устози сифатида ҳурмат билан тилга олади. Адабиёт ва санъатга зўр муҳаббат қўйган Исҳоқхонни ўқишни давом эттириш учун 1878 йилда Қўқонга юборадилар ва у Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига ўқишга киради. Унинг Қўқонда таҳсил кўрган йиллари ўзбек адабиётида, маданий ҳаётида, айниқса, маорифида туб сифат ўзгаришлар содир бўла бошлаган даврга тўғри келди. У Қўқон адабий муҳитининг Муҳйи, Муқимий, Фурқат, Завқий, Нодим, Ғурбат каби йирик намояндалари билан яқин алоқада бўлган, мушоира ва мунозараларда иштирок этган. Исҳоқхон Ибрат мадраса берадиган илмлар билангина чекланиб қолмади, ўқиш давомида буюк Шарқ олимлари асарларини мустақил қунт билан мутолаа қилди, араб, форс ва рус тилларини чуқур ўрганди.

Исҳоқхон Ибрат 1886 йилда Қўқон мадрасасини тугатиб, ўз қишлоғи Тўрақўрғонга қайтади ва фаолиятини илғор маорифчи сифатида қишлоқда маърифат тарқатиш билан бошлайди: ўша йили мактаб очади. Унинг мактаби ҳижо методига асосланган “усули қадим” мактабларидан анча фарқ қилар эди. Исҳоқхон Қўқонда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўлкада рус ва маҳаллий миллат болалари учун очила бошлаган рус-тузем мактаб­ларидаги ўқитиш усулларининг маҳаллий мактабларда ҳукм сураётган ҳижо ҳамда қуруқ ёдлаш усулидан афзаллигини сезган эди. Исҳоқхон ўз мактабига нисбатан илғор бўлган, саводга ўргатишда анча енгиллик вужудга келтирувчи товуш (савтия) усулини татбиқ қилди ва “усули савтияи тадрижия”ни “усули қадимия” тарафдорларидан ҳимоя қилди. Бироқ бу мактабида узоқ вақт ишлай олмади. Баъзи бир жоҳил мутаассиблар унинг мактабини “кофирлар мактаби” деб эълон қилдилар, халқ болаларини бу мактабдан қайтаришга ҳаракат қилдилар ва генерал-губернаторлик амалдорлари ёрдамида ёптирдилар. Бу ёш маорифчи Исҳоқхон Ибратнинг мутаассиблар ва мустамлакачи маъмурлар билан биринчи тўқнашуви эди.

Исҳоқхон Ибрат ўзининг “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Тарихи Фарғона” асарларида ёзишича, 1887 йилда онасини ҳажга олиб боради. У 1887–1888 йилларда онаси билан бирга Истанбул шаҳрида истиқомат қилади.

Исҳоқхон Ибрат онасини Жидда шаҳрида дафн этиб, ҳаж амалларини бажаргач, Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатини давом эттирди, шу билан бирга, у Истанбул, София, Афина, Рим, Париж каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Арабистоннинг Жидда шаҳрида истиқомат қилди. Макка шаҳридан Қизил ва Арабистон денгизлари орқали Ҳиндистонга келди. 1892–1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарлари Бомбей ва кейинроқ Калькуттада яшади. Бу ерда у халқлар ўртасида кўп ишлатиладиган тўрт тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди, шарқ мамлакатларидаги европаликлар орқали кириб келган Европа маданияти, тили ва санъати билан яқиндан танишди, ўрганди, илмий асарлари учун қимматли маълумотлар тўплади. Ибрат Арабистонда француз тилини, Ҳиндистонда инглиз тилини, шу билан бирга, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганди. Ибратнинг Шарқ ва Ғарб халқлари тилларини анча мукаммал билганлигини эътироф этиб, Иброҳим Даврон шундай ёзади: “…Фозили инсониядин маода қози тўра (Исҳоқхон – У.Д.) жаноблари туркча, форсча, ҳиндча, русча лисон билиб, яна русча, французча, арманича ва бошқа хатлар ёзмоққа моҳирдурлар”[3].

Исҳоқхон Ибрат чет элларда олим ва фозил кишилар билан, улар қайси дин ёки миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, яқин алоқада бўлди. “Ҳар бир лисон сафар аҳлина юз олтун баробаринда” ишлатилганлигини тушунган ва кўрган маърифатпарвар чет тилларини ўрганишга катта эътибор берди. Исҳоқхон тўра Ибрат 1896 йилда Ҳиндистондан Бирма орқали Хитойга, сўнгра Кошғарга ўтди ва ундан ўз ватанига қайтиб келди.

 

Тил – дил калити

Қарийб ўн йил давом этган саёҳат унинг янгича таълим-тарбия тизимига бўлган муносабатини мустаҳкамлади, янги куч-ғайрат ва эътиқод билан маърифатпарварлик фаолиятини йўлга қўйди. Саёҳат давомида йиққан катта материаллари асосида олти – арабча, форсча, ҳиндча, туркча, ўзбекча, русча тилларни ўз ичига олган “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”) асарини яратди. ХIХ аср охирларига келиб, маҳаллий мутаассиблар ва губернаторлик маъмурларининг қаршилигига қарамай, рус тилини ўрганишга қизиқувчилар сезиларли даражада ортиб борди. Аммо ўқувчилар ва рус тилини мустақил ўрганувчилар учун дарслик ва қўлланмалар йўқ даражада эди. Бу ҳақда “Туркестанские ведомости” газетасида Тошкент китоб дўкони хўжайинларидан бири қуйидагиларни маълум қилади: “Шу кунларда шаҳарликлар ўртасида рус тилига қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Тошкент китоб дўкони хўжайинларидан бири “сартлар тинчлик бермаяпти, русча ўрганиш учун сарт тилида ёзилган бирор дарслик борми?” деб сўраб келишавериб жонга тегди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ерли ўтроқ аҳолининг тил ўрганишга қобилияти кучли”[4].

Рус тили билан бир қаторда ўнга яқин Шарқ ва Ғарб тилларини анча мукаммал билган Исҳоқхон бу масалада ўз халқига ёрдам қўлини чўзди. Мутафаккир мазкур асарни яратар экан, биринчи галда, рус тилига қизиқувчи ўзбекларни кўзда тутди. Бу ҳол китобнинг биринчи бетиданоқ кўзга ташланади. Муаллиф кирилл ёзувини билмайдиган ўзбекларга қулай бўлиши учун рус сўзларини ҳам араб ёзуви билан беради. Маълумки, рус ва Европа сўзларини араб ёзувида ифодалаш анча мураккаб иш, лекин Ибрат бу ишни муваффақиятли ҳал қилди. Олимнинг ушбу асари ХIХ аср 90-йилларининг ўрталарида, унинг чет эл сафаридан қайтиб келиши биланоқ ёзиб тугатилган бўлса-да, губернаторлик маъмурлар томонидан маҳаллий муаллифлар асарларига қарши ўрнатилган қаттиқ назорат, таъқиб туфайли асар анча кечикиб, 1901 йилда босмадан чиқди. Буни ўша даврда чор Русиясининг мустамлака Туркистондаги матбуот нозири (цензори) вазифасини бажарувчи Николай Остроумов шахсий архивида сақланувчи ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Архивда Исҳоқхоннинг Н.Остроумов номига ёзилган иккита мактуби сақланади. Биринчи мактуб 1898 йилнинг бошида ёзилган бўлиб, унда Ибрат Остроумовга луғатни босмадан чиқаришга ёрдам беришини илтимос қилиб мурожаат этади ва унинг таклифига мувофиқ китобнинг икки жузъини юборади. Лекин узоқ вақт асарни нашр қилиш ёки қилмаслик ҳақида ҳеч қандай жавоб ололмайди. Ибрат 1900 йилнинг 26 февралида иккинчи марта рус ва ўзбек тилларида мурожаат қилишга мажбур бўлади. Мазкур асарни нашр қилишда катта аҳамиятга эга бўлган мактуб ушбудир: “1900-инчи йил 26 февралда ҳурматлу Остроумов тўра ҳузурларига саволнома… Сиз улуғ мартабадан ўтунуб сўрайманки, 1898 йилда сиздан илтимос қилиб эдим, ўз таснифларимдан олти тил узра “Ситта ал-сина” деган словар китобни босма қилмоқ учун. Марҳамат қилиб икки жузъ юборинг, кўрмоқ учун деган экансиз. Дарров амрларига мувофиқ юбориб эдим. Мазкурни(нг) ҳеч хабари бўлмаган жиҳатидан боз илтимос қилиб турубманки, агар нозирлар назоратидан ўтган бўлса, мен қолган ўн жузъини ҳам юборсам ва ёки қабул бўлмаган бўлса, ўшал нусхани марҳамат илан Намангон маҳкамасига, менинг исмимга адрес этуб юборсалар, боз бўлак маслаҳат қилсак деб, илтимос қилувчи Исҳоқхон тўрадурман”[5].

Исҳоқхон Ибратнинг мазкур “Луғати ситта ал-сина” асари бир неча йиллик саргузаштлардан сўнг 1901 йил охирида Тошкентдаги В.И.Ильин босмахонасида нашрдан чиқди. Маълумки, Исҳоқхонга қадар ўзбекча-русча, русча-ўзбекча луғатлар яратилган. Масалан, эр-хотин Владимир Наливкин ва Мария Наливкиналарнинг “Русско-сартовский словарь”, “Сартовско-русский словарь” луғатлари шулар жумласидандир. Бироқ бу китоблар кирилл графикасида яратилган бўлиб, ўзбек тилини ўрганувчи руслар учун мўлжаллангани туфайли ўзбеклар эҳтиёжини қондира олмади. Исҳоқхоннинг мазкур луғатни араб алифбосида яратишига ҳам худди шу масала туртки бўлди ва мана шу муҳим, ниҳоятда мураккаб масалага ўзбек маърифатпарварлари, педагоглари орасида биринчи бўлиб қўл урди ва замондошларининг талабини қондиришга муваффақ бўлди.

Исҳоқхон Ибрат мазкур луғатни яратиш учун анча вақт илмий фаолият олиб борди, чет элларда катта материал тўплади. Икки мингга яқин фаол сўзларни ўз ичига олган ушбу луғат ўз даврида катта аҳамият касб этган. “Луғати ситта ал-сина” асари рус тили асосий ўқув предметларидан бири сифатида ўқитишга рухсат олинган жадид мактабларида ҳам фойдаланилган. Шунинг учун ҳам китобга махсус тақриз ёзган замондошларидан бирининг “…Бизнинг Туркистон вилоятида сартиялардан шунча тил билиб, бул тариқа китоб ва луғат тасниф қилган одам йўқ эди”[6], – деган сўзлари заминида катта ҳақиқат ётар эди.

Исҳоқхон Ибрат тилшунослик соҳасида ҳам анча мукаммал “Жомеъул хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) номли асар яратди. Муаллиф ўзининг мазкур илмий асарида жаҳон ёзувларининг энг ибтидоийси – пиктографик (лотинча pictus – расм ва грекча grapho – ёзаман) ёзувлардан, то шу кунги энг мукаммал ёзувларгача босиб ўтган тараққиёт тарихини ёритиб беришга ҳаракат қилади. Исҳоқхоннинг мазкур “Жомеъул хутут” асари 132 бетдан иборат бўлиб, 1330 ҳижрий–1912 милодий йилида ўзининг “Матбааи Исҳоқия” бомсахонасида чоп этилган. Исҳоқхон Ибратнинг тилшунослик фани соҳасида чуқур билимга эга эканлиги мазкур асарида намоён бўди. Асарда пиктографик ёзувлардан кейин вужудга келган финикия, яҳудий, сурия, араб, юнон, форс, хитой, славян, санскрит, ҳинд, арман, лотин, грузин, уйғур ва бошқа қирқдан ортиқ жаҳон ёзувлари, уларнинг келиб чиқиши, тараққиёти ҳақида маълумот берилади, бу ёзувлардан, алфавитлардан намуналар кетирилган.

У Фарғона водийсидаги эски ёзув намуналарини, масжид ва мадрасалар пештоқларига, қабр тошларига, қадимги тангаларга, эски китобларга, тоғ-тошларга ўйиб битилган ёзувлардан намуналар тўплади. Араб мамлакатларида энг қадимий халқ – финикия халқи ёзув маданиятини ўрганди, бу битикларни тўғри ўқишга ҳаракат қилди. Исҳоқхон эрамиздан 2000 йил илгари финикия халқлари томонидан вужудга келтирилган ёзув ёдгорликларини Кипр оролидаги ғорлардан топди ва улардан ўз асарида намуналар келтирди. Исҳоқхон ёзувлар тарихини ўрганар экан, товуш-ҳарф ёзув тизими биринчи марта финикия халқлари томонидан яратилган ва бошқа қўшни халқлар: яҳудий, сурия, араб ёзувлари финикия ёзувлари асосида вужудга келган, деган тўғри илмий хулосага келади: “Иброний (Яҳудий) эски хат экан. Зикримизга далилимиз – финикия хатидан олинган экан. Финикилар эски тараққий халқ бўлиб, ҳамма хат илми тараққийни финикия халқидан олган.”

Исҳоқхон Ибратнинг ёзувлар келиб чиқиши ҳақидаги мазкур илмий хулосаларини ёзувлар тарихи соҳасида махсус илмий иш олиб борган В.А.Истриннинг “Биринчи ҳарф-товуш ёзув тизимининг вужудга келиши финикияликлар зиммасига тушди. Улар томонидан яратилган ҳарф-товуш ёзувининг ўқиш, ўқитиш ва фойдаланишга анча содда бўлгани туфайли дастлаб финикияликларнинг қўшниларига тарқалди, кейинроқ эса ҳамма ҳарф-товуш ёзув тизимларининг вужудга келишига асос бўлди”[7] деган фикрлари билан солиштирар эканмиз, ундан 50–60 йил аввал илгари сурган Ибратнинг фикрлари нақадар тўғри эканлигига, у ўз замонаси илми тараққиёти даражасидан анча юқорида турганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Исҳоқхон Ибрат маориф ва маданиятимиз тараққиёти тарихида ҳуснихатни мукаммал эгаллаган хаттот сифатида ҳам катта шуҳрат қозонди. Бу ҳол унинг “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий”, “Жомеъ ул-хутут” асарларида яққол кўзга ташланади. Иброҳим Даврон хабар беришича, Исҳоқхон зўр хаттот, ҳуснихатни мукаммал эгаллаган каллиграфдир. У бу соҳада яратган “Шоёни бир санъати (асари) учун 1907 нчи йилда катта мукофотга сазовор бўлган. У (Исҳоқхон Ибрат) ҳам хаттоти аъзамдур. Чунки мусулмонча хат ёзмоқдин ўн етти навъ ёзув бирла қалам юргузурлар. Бу осори қаламия ва ақлиясидин намунаи зоти, демакки, шоён бир санъати ўтган йили – 1907 нчи йилда Туркистон генерол-губирнаторига тақдим қилиниб, шоисталиғиға иккинчи даражали почўтной халат (фахрли чопон) олган эдилар”[8].

Ўрта Осиёда ҳуснихат ва хаттотлик тарихи масалалари билан махсус шуғулланган олим Абдуқодир Муродов Исҳоқхоннинг мазкур “Жомеъул хутут” асарини дунё ёзувлари тарихини ўрганишда нодир манба сифатида баҳолайди. Дарҳақиқат, Исҳоқхон Ибрат асарни яратиш жараёнида араб ёзувининг буюк назариётчиси Мир Али Табризий, ХV аср Ҳирот ҳуснихат мактабининг асосчиси, “хаттотлар султони” Султон Али Машҳадий асарларини чуқур ўрганди.

Исҳоқхон тўра тарихшунос сифатида “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” сингари илмий асарлар яратди. Олим бу асарларни яратишда рус ва Европа шарқшуносларининг асарларидан баҳраманд бўлди, баъзилари билан ҳамкорлик қилди. Ғарб тилларини ҳам анча мукаммал билган олим “Тарихи Фарғона” асарини яратишда атоқли шарқшунос олимлар В.В.Радлов, В.В.Бартольд, В.П.Наливкин, туркшунос, этнограф, сайёҳ Ҳерман Вамбери асарларидан фойдаланди, уларга ўз муносабатини билдирди. Айниқса, Владимир Наливкиннинг “Краткая история Какандского ханства” (Қозон, 1886) асаридаги фактик хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтди. Дарҳақиқат, унинг ниҳоятда бой кутубхонасида уларнинг ўнлаб асарлари, ҳатто “Ислом энциклопедияси”нинг кўпгина жилдлари, дунё олимлари эътиборини қозонган Вамберининг “Путешествия по Средний Азии” каби асарлари бўлган. ХХ аср биринчи чораги ўзбек публицисти ва шоири Лутфулла Олимий маълумотларига қараганда, “Қутадғу билиг”нинг дунёга маълум уч нусхасидан бири – Наманган нусхаси ҳам Исҳоқхон Ибрат кутубхонасига мансуб бўлган.

Исҳоқхон Ибрат ўз халқининг порлоқ келажагига, озод ва фаровон истиқболига зўр умид ва ишонч билан қаради. У Ватанининг, келажакда илм-фан, маданияти ривожланган шаҳарларининг қиёфасини романтик бўёқларда ишонч билан тасвирлайди: “Маданий шаҳарлар шундай бўлурки, анда дорилмуаллимин мадрасалар ва анвойи фунун мактаблар (олий ўқув юртлари – У.Д.), ҳар хил илм ва ҳунарлар, катта дўхтирлар, табиблар ва мазлумни золимдан ҳимоя қиладурган ҳокимлар ўз шаҳарларида бўлур… Ҳар куни юруб турадиган фойизлар, чироқ, шамол сандал (вентилятор ёки холодильник – У.Д.) бўлса, катта мактаблар бўлса, телефонограмлар бўлса, шаҳарлар озода, чангдан, бўйи баддан тоза бўлса, қайси илмни хоҳласа, ани таълим берадурган муаллимлар бўлса, аҳли илмларнинг қадри яхши бўлса, нодонларни ўз ҳолига қўймаса, фикр ва илм ва ҳунар ўргатса…”[9].

Эътибор беринг, Исҳоқхон Ибрат таълим-тарбиянинг умумий комплекси ҳақида гапиряпти: ибтидоий мактаблар ҳам, касб-ҳунар мактаблари ҳам, ҳатто олий ўқув юртлари ҳам муаллиф диққат марказида. ХХ аср бошлари жадид зиёлиларининг, шу жумладан, Исҳоқхон Ибратнинг буюк орзуси миллат фарзандлари учун университет очиш эди.

Исҳоқхон тўра Ибрат 1898 йилдан эътиборан Тўрақўрғон туман халқ қозиси лавозимида ишлаб келган. Бу анча масъулиятли лавозим унинг илғор фикрларни халқ ўртасида кенгроқ ёйишида анча ёрдам берган, ҳамма вақт ҳам мутаассиблар унинг маърифатпарварлик, маорифпарварлик фаолиятига қарши очиқ чиқишга журъат қила олган эмаслар. Шунинг учун ҳам 1906 йилдаёқ “Мактаби Исҳоқия”га рус тилини ўқув предмети сифатида киритган, рус ва немис тилларини мукаммал билувчи татар маорифчиси Ҳусайин Макаевни рус ва немис тиллари ўқитувчиси этиб та­йинлаган. Исҳоқхон Ибрат бошқа усули жадид мактабларида ҳам шундай йўл тутишга даъват этган, у ўз мактабида ҳафталик дарс жадвалини ишлаб чиққан: ҳар 40 дақиқада қўнғироқ чалинган ва 10 дақиқалик танаффус жорий қилган. Туркистон ўлкасидаги бошқа усули жадид мактабларидан фарқли равишда дарс жадвалига ўқитиладиган китоб-дарсликлар номи эмас, ўқув предметларининг номлари кўрсатилган, ҳатто дарс жадвалига бадантарбия предмети ҳам киритилган. Бу дарс кўп ҳоларда “Исҳоқия боғи”да махсус ҳаракатли ўйинлар тарзида ўтказилган. 1912 йилдан эътиборан худди шу мактабда алоҳида қизлар гуруҳини ташкил қилган ва бу гуруҳга Ҳусайин Макаевнинг рафиқаси Фотиҳа Макаевани ўқитувчи этиб тайинлаган. Педагог Исҳоқхон Ибрат фикрича, мактаб-мадрасаларни ислоҳ қилиш билан баробар миллатни, унинг онгини, тафаккурини ислоҳ қилиш керак. Унинг “Ойна” журналида босилган бир мақоласи “Миллатни ким ислоҳ этар?” деб номланади. Унда муаллиф шариат-дин пешволари масжидларда амру маъруф ўтказиб, миллатни шариатга хилоф бидъатлардан воқиф қилсалар, “вазифалари таълиму ҳидояти халқуллоҳ” бўлган уламолар Оллоҳ олдидаги вазифаларини адо этган бўлур эдилар, деган фикрни баён қилади. Бу эса мактаблар ислоҳига, усули жадид мактабларига кенг йўл очар эди. Бу “ислом дини барча фанларнинг сарчашмасидир” ақидасига мос келар эди.

Исҳоқхон Ибрат 1908 йилда Москва, Петербург шаҳарларида бўлади, диққатга сазовор жойлари билан танишади. Эрмитажда сақланаётган, Кауфман томонидан 1868 йилда Самарқанддан олиб кетилган “Мусҳафи Усмон”ни кўзига суртди, Русия олий ва ўрта ўқув юртлари тизими билан яқиндан танишди. Қайтишда Оренбург, Уфа шаҳарларида бўлади, туркий халқларнинг улуғ мутафаккирлари, “Шўро” журналининг муҳаррири Ризоиддин Фахриддин, “Вақт” газетасининг муҳаррири Фотиҳ Каримийлар билан “усули жадида” хусусида узоқ суҳбатлашди. У ердаги Гауфман деган матбаачидан пулини ўн йил мобайнида тўлаш шарти билан кредитга литографик машина сотиб олади ва уни жуда катта машаққатлар билан – Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда олиб келди. 1908 йилнинг декабрь ойида бўш ётган ҳаммом биносида босмахона ташкил қилди ва “Матбааи Исҳоқия” номи билан ишга туширди. Матбаа ишларидан анча хабардор бўлган Ҳусайин Макаев ва Абдурауф Шаҳидий Исҳоқхон билан ёнма-ён туриб ишлади. Туркистон ўлкасининг чекка бир қишлоғида матбаанинг вужудга келиши ўзбек халқининг таълим-тарбия, маърифат соҳасидаги улкан ютуғи эди. Матбаанинг ташкил қилиниши, уни вужудга келтиришдаги мақсади тўғрисида Исҳоқхон Ибрат “Тарихи чопхона” номли шеър битди, унда шундай мисралар бор:

Минг уч юзу йигирма олтида чопмахона
Очмоққа бўлди рухсат ва сўз бериб замона.
Мақсад бу ишдан эрди оламга илм қасри,
Ҳам қўймоққа асарлар ёдовари жаҳона…

Туркистоннинг илк матбаачиларидан бири Исҳоқхон бу амалий фаолияти билан ўлка маърифатпарварлари, маорифчилари фаолиятини яна бир поғона юқорига кўтарди. Бу матбаада савод чиқаришга оид рисолалар, дарсликлар, плакатлар, мажмуалар мунтазам нашр этиб турилди. Ибрат ”Мақсад бу ишдан эрди оламга илм қасри” деб таъкидлаганидек, бу матбаа ўз фаолиятини илм-маърифат тарқатишдан бошлади. Унда биринчи марта 1908 йилда савод чиқаришга бағишланган “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” асарини нашр қилди. Ушбу асар савод чиқаришда, ҳуснихат намуналарини ўргатишда жадид ва қадим мактабларида “Муфрадот” дарслиги сифатида қўлланган. “Матбааи Исҳоқия”нинг илм-маърифат тарқатиш мақсадида ташкил қилинганлигини яна шундан ҳам билишимиз мумкинки, Исҳоқхон матбаа пештоқига нур таратаётган қуёш тасвирини ишлаб, унинг ичига “илм” сўзини ёздирган. Бу билан маърифатпарвар илмни нур таратаётган қуёшга ўхшатади. Бу рамзий тасвир – эмблема мазкур матбаада чоп этилган китобларнинг кўпида мавжуд. Исҳоқхон матбаанинг очилган йилиёқ уни кенгайтириш, ўлкада энг кўзга кўринган босмахоналардан бирига айлантириш учун ҳаракат қилди, керакли анжомлар тайёрлади. Халқ ўртасида китоб ва турли рисолаларга талабнинг ортиши натижасида матбаа 1910 йилда Наманган шаҳрига кўчирилди ва типолитографияга айлантирилди. Намангандаги ҳозирги Исҳоқхон Ибрат номидаги матбаа-босмахона “Матбааи Исҳоқия” асосида ташкил топган. Исҳоқхоннинг ҳуснихатга, хат-савод чиқаришга бағишланган “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” (1908) ўқув рисоласи, “Илми Ибрат” (1909) номли шеърлар тўплами, ёзувлар тарихига бағишланган “Жомеъ ул-хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) каби асарлари ўз матбаасида нашр этилди.

Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Обиджон Маҳмудовлар нашр этган газета ва журналларда ўз мақола ва шеърлари билан фаол иштирок этган Исҳоқхон Ибрат ўзи ҳам 1913 йилда “Матбааи Исҳоқия” қошида “Ал-тижорал ал-Намангон” номида газета чиқариш учун ҳукуматдан рухсат сўраб ариза берганлиги ҳақида “Таржимон” газетасининг 1913 йил 128-сонида хабар берилган. Бу ҳақда Оренбургда чиқадиган, “Вақт” газетаси катта мамнуният билан қуйидагиларни ёзади: “Намангон. Мўътабариндин Исҳоқ қози ҳазратлари “Ал-тижор ал-Намангон” исминда бир газета чиқарарға сўраб ариза берди. Бу зот 1908 нчи йилда Намангонда бир матбаа очган эди. Бу йил “Кутубхонаи Исҳоқия” исминда кутубхона очиб, турк, татар, ўзбек, рус тилларинда бўлғон адабиёт китоблари олдирди. Ҳозир газета чиқармоқ хаддиндадур. Чин кўнгулдан муваффақият тилаймиз”[10].

Ҳар қанча ҳаракат қилса-да, Исҳоқхон газета чиқаришга муваффақ бўла олмади, лекин ўз уйида анча бой кутубхона ташкил қилди ва уни “Кутубхонаи Исҳоқия” деб атади. Ибрат архивидаги китоблар рўйхати шуни тасдиқлайдики, кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, татар, турк, араб, форс-тожик тилларида кўплаб китоблар бўлган, улардан нафақат ўзи, қишлоқ аҳолиси унумли фойдаланган. Исҳоқхон Ибрат ўз мактаби ўқувчиларини кутубхонада сақланувчи китоблар, дарсликлар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактаб ўқувчиларига бағишланган қисмида кўплаб пешқадам педагогларнинг элликдан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалари бир неча нусхада, таълим-тарбияга оид юзлаб китоблар бўлган. Афсуски, бир неча минг китоб, қўлёзмалар, газета ва журналлар бойламларини ўз ичига олган ушбу ноёб кутубхона 1917 – 1920 йиллар инқилоб деб аталмиш ур-йиқитларида, 1937 йилнинг машъум қатағонида бутунлай йўқ қилинди.

Исҳоқхон Ибрат жаҳон илми ва маданиятининг ҳар қандай янгиликларидан халқини баҳраманд қилишга ҳаракат қилди. У тараққий этган Шарқ ва Ғарб давлатлари шаҳарларида, хусусан, Туркия пойтахти Истанбулнинг фараҳбахш “Миллат боғи”да онаси Ҳурибиби билан дам олган пайтларда ўз Ватанида ҳам ҳамқишлоқлари учун шундай гўзал боғ яратиш ҳақида ўйлаган бўлса, ажаб эмас. У отасидан қолган беш таноб ерда халқ учун истироҳат боғи яратди, фавворалар қурдирди, 150–200 туп арчадан хиёбон барпо этди, рус ва Европа манзарали дарахтларини ўтқазди, Европа усулида иморат қурдириб, аркига “Хуш келибсиз Исҳоқия боғига!” деб ёзиб қўйди. Бу боғни қишлоқ аҳолиси ҳозир ҳам “Исҳоқия боғи”, “Гулбоғ” деб атайди.

Исҳоқхон Ибратнинг илм-фан, маданият ва маориф янгиликларини ўз халқига тарғиб қилиши, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган ярамас урф-одатларга қарши кураш олиб бориши, албатта, мутаассибларга ёқмади, уларнинг ғазабини оширди, мутафаккирга нисбатан турли-туман бўҳтон тошларини ёғдирдилар, уни “Исҳоқ кофир” деб эълон қилдилар. Исҳоқхон ўзининг илғор ғояларидан бир қадам ҳам чекинмади, ҳар қандай оғир шароитда ҳам маърифатпарварлик фаолиятини давом эттирди. Замондоши Иброҳим Даврон гувоҳлик беришича, “Дунёнинг сонсиз меҳнату андуҳларидин ва гуруҳи кажрафтор таъналаридин бир зарра қадар бўлса-да, малулият ҳосил этмади”[11].

1937 йилнинг март ойида даҳшатли қатағон машинаси Ватанимизнинг фозил кишилари қаторида Исҳоқхон Ибратни ҳам аждаҳодай ўз комига тортди. 75 ёшни қоралаган кекса мутафаккир шоир, педагог ва бир қора машина тўла китоб Андижон турмасига олиб кетилди. У шўролар турмасида икки ой ётиб, ҳаёт билан видолашди.

Истиқлол, Мустақиллик туфайлигина Исҳоқхон Ибрат ҳақида бор ҳақиқатни айтиш, унинг асарларини тўлалигича халқнинг маънавий мулкига айлантириш имконияти вужудга келди. 1994 йилда “Шарқ” нашриёти шоир ҳақида “Истиқлол фидойилари” рукни остида алоҳида рисола, 2005 йилда “Маънавият” нашриёти “Истиқлол қаҳрамонлари” рукни остида Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Танланган асарлар”ини босмадан чиқарди.

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 10-сон

[1]* Улуғбек Долимов – педагогика фанлари доктори. Исҳоқхон тўра ибн Жунайдуллоҳ хўжа. Мезон уз-замон. – Тошкент – Токио, 2001.

[2]2 Исҳоқхон Ибрат. Илми Ибрат. – Тўрақўрғон, 1909 й., 4-бет.

[3] “Туркистон вилоятининг газети”, 1908 й., 56-сон.

[4] “Туркестанские ведомости”, 1900, № 98.

[5] Ўзбекистон Республикаси Давлат архиви. 1009-фонд, 15-дело.

[6] “Туркистон вилоятининг газети”, 1901 й., 4 август.

[7] Истрин В.А. Возникновение и развитие письма. Стр. 274.

[8] “Туркистон вилоятининг газети”, 1908 й., 56-сон.

[9] Юқоридаги асар. 113–114-бет.

[10] “Вақт” газетаси, 1913 йил, 1324-сон.

[11] “Туркистон вилоятининг газети”, 1908 йил, 56-сон.