Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг доирасида, Қуръон ва Ҳадис аҳкомига мос равишда пайдо бўлган тасаввуфий таълимотлар X—XI асрларга келиб Мовароуннаҳрда ҳам кенг тарқала бошлади.
Тасаввуф — Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг маънавий ҳаёти тарихидаги энг мураккаб, ўзаро зиддиятларга тўлиб-тошган ва муҳим ҳодисалардан бири бўлиб, унинг учун таркидунёчилик, бу дунё бойликларидан ва нозу неъматларидан воз кечиш, Аллоҳ васлига етмак учун пок, ҳалол, ўз меҳнати ила яшаш, ихтиёрий равишдаги фақирлик характерли хусусиятлардан ҳисобланган.
Марказий Осиёда тасаввуфий таълимотларнинг пайдо бўлиши Юсуф Ҳамадоний (1048—1140) номи билан боғлиқдир. Юсуф Ҳамадоний Марв ва Бухорода хонақо ва мадраса қурдириб, кўплаб туркигўй, форсигўй шогирдлар тайёрлади. Бухородаги шогирдлари орасида Ҳасан Андоқий, Абдулло Барақий, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний алоҳида ажралиб турарди. Кейинроқ бу тўрт истеъдодли шогирд Ҳамадоний мактабини муваффақият билан давом эттирдилар.
“Яссавия”, “Нақшбандия” тариқатлари Ҳамадоний таълимоти асосида шаклланди.
XII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий 1041 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда ҳижрий 562 (1166/67) йил деб ёзилган. Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Уни бобоси Арслонбоб тарбиялаб вояга етказади. Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобои Арслонбоб қўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи “Устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшида борганини ва ул Ҳазратнинг тарбиясига ноил бўлғонлигини” айтади. У ерда тасаввуфдан таълим олиб, сўнг ўз юрти Туркистонга қайтади, ўз таълимотини тарғиб этиб, шогирд, муридлар тайёрлай бошлайди.
Ривоятларга кўра, Яссавий 63 га (Пайғамбар ёшига) етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Бир ривоятга кўра, у 125 йил, бошқа ривоятга қараганда, 133 йил умр кўрган.
Яссавий маданиятимиз тарихида илк туркийзабон мутасаввуф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб этувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди.
Алишер Навоий ибораси билан айтганда, “Туркистон мулкининг улуғ Шайх-ул-машойихи” Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий жуда кўп мутасаввуф донишмандларни тарбиялаб вояга етказган. Маълумки, “Яссавия” тариқатидан кейин Марказий Осиёда икки йирик тариқат пайдо бўлади: “Нақшбандия” (Хўжагон), “Бектошия”.
Тасаввуфдаги барча йирик тариқатларда бўлганидек, “Яссавия” тариқатининг ҳам ўзига хос муайян қоидалари (одоби) бўлиб, бу таълимотдаги соликлар қуйидаги қоидаларга амал қилишлари мажбур бўлган: 1) Мурид ҳеч кимсани ўз пиридан афзал кўрмаслиги, унга доимо таслимият изҳор қилмоғи лозим; 2) Мурид шунчалик зукко ва идрокли бўлиши керакки, то ўз шайхининг румуз ва ишораларини мукаммал англай олсин; 3) Шайхнинг барча акволи (сўзлари) ва афъоли (ишлари)га мурид содиқ бўлиб, унга мутлақо муте ва мўътақид бўлмоғи лозим; 4) Мурид ўз муршиди (пири)нинг барча топшириқларини чусту чолоклик (чаққонлик) ила сидқидиддан бажариб, уни ҳамиша рози қилиб юрмоғи зарур. Чунки ризои Аллоҳ унинг (яъни Шайхнинг) зимнидадир: 5) Мурид ўз сўзига содиқ, ваъдасига росих бўлиб, муршиди кўнглида ҳеч қандай шаку шубҳа туғдирмаслиги зарур; 6) Мурид ўз ваъдасида вафодор, сўзида устувор турмоғи лозим; 7) Мурид ўз ихтиёридаги барча мол-мулкини, бутун бору йўғини ўз шайхига нисор этмоқ учун доимо тайёр турмоғи лозим; 8) Мурид ўз муршидининг барча сир-асрорларидан огоҳ бўлиб, унинг ифшосини ҳеч вақт хаёлига келтирмаслиги керак; 9) Мурид ўз шайхининг барча таклифларини назарда тутиб, унинг мушкилотини осон қилмоғи, панду насиҳатларини бажо келтирмоғи шарт; 10) Мурид Худо висоли учун ўз Шайхи йўлида бутун молу жонини нисор этмоққа тайёр туриши, унинг дўстига дўст, душманига душман бўлиб яшамоғи шарт.
“Яссавия” тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш “Ҳикмат”да муфассал баён этилган. XII асрдаги туркийзабон шеъриятнинг ажойиб намунаси бўлган, кейинги даврлардаги туркий адабиётга катта таъсир кўрсаттан “Ҳикмат” асарида “Яссавия” таълимотидаги поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, Аллоҳ таоло висолига етишиш йўлида Инсонни ботинан ва зоҳиран ҳар томонлама такомиллаштириш каби илғор умумин-соний қадриятлар ифода этилган.
Бағдодда 922 йилнинг 22 март куни риёкор шайхлар ва мутаассиб уламолар томонидан худосизлиқда айбланиб дорга осилган, сўнгра қўл-оёқлари кесилиб, танаси куйдирилиб, дарёга ташланган машҳур мутасаввуф олим Мансур Халлож (858—922) ни Яссавий бир талай шеърларида чуқур ҳурмат билан тилга олади, мазкур илғор, довюрак ва жасур мутасаввуф донишмандга катта рағбат кўрсатади:
“Билмадилар муллолар “Анал-ҳақ” нинг маъносин,
Қол аҳлига ҳол илмин Ҳақ қўрмади муносиб,
Ривоятлар битилди, ҳолин ани билмади,
Мансурдек авлиёни қўйдилар дорга осиб.
Шариатдур, деб олимлар буюрдилар,
Кофир Мансур ўлмади, деб куйдурдилар.
Ахгар қилиб кулин қўкка совурдилар,
Тоғу тузлар “Анал-ҳақ”, деб турар эрмиш”.
Яссавий ҳам ўзининг пири бузруквори Шайх Юсуф Ҳамадонийга ўхшаб мол-дунё тўплашга мутлақо қизиқмаганини, камбағалпарвар ва ғарибпарвар бўлиб яшаганлигини унинг баъзи бир ҳикматларидан ҳам билса бўлади. Мол-дунёга, бойликка ва давлат орттиришга муккасидан кетган, хасис ва очофат кишиларни Яссавий беаёв танкид қилади:
Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро,
Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқлик чўбин от бир кун санго етаро.
Дарҳақиқат, Хожа Аҳмад Яссавий Марказий Осиёдаги илк тасаввуфий тариқат — “Яссавия”нинг асосчиси, нафақат Хуросон ва Мавороуннаҳр, балки туркийзабон халқларнинг маънавий тарихида кенг маълум бўлган, мутасаввуф донишманд, инсонпарвар шоир ҳисобланади.
фил. ф.д. О. Усмонов