Улуғбек Долимов. Абадий зиё маскани

Мадрасалар қадимдан олий ўқув юрти мақомида бўлган. Уларнинг пайдо бўлиши ўқитишда янги усулларнинг вужудга келиши билан узвий боғлиқдир. VIII-IX асрларда талабалар, асосан, масжидларда ўқитилар, уларда мусулмон дини ақидалари, исломий илмлар (нақлий илмлар) билан бир қаторда, аниқ фанлар (ақлий илмлар) ўқитилар эди. Талабаларга ўқитиш жараёнида айтиб турилган, улар ёзганлар. Бу «имло» усули деб юритилган. Х асрдан бошлаб ўқув муассасаларида «имло» усулидан воз кечилди. Швейцариялик арабшунос олим Адам Мец бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Ўқитишда янги усулларнинг вужудга келиши, ўз навбатида, янги турдаги ўқув муассасаларининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Аввал айтиб туриб ёздириш, яъни, «диктовка» («имло») усули ўқитишда энг юқори даража ҳисобланган бўлса, Х асрдан бошлаб «тадрис» («шарҳ», «изоҳ», «мунозара») усули етакчи мавқени эгаллади. «Тадрис» усули ўша даврда қабул қилинган илмий мунозара билан узвий боғлиқ эди, масжидлар эса мунозара учун мувофиқ эмас эди. Натижада, бу даврга келиб мадраса вужудга келди». (Адам Мец. Мусульманский ренессанс. Москва. Издательство «Наука». 1978. стр.154).

«Усули тадрис» кўпроқ мадрасаларда қўлланган. Натижада, янгича ўқитиш усуллари: мунозара, тафсир, шарҳ усуллари (Европада герменевтика таҳлили – У.Д.) талабларига жавоб берадиган мадраса вужудга келди ва масжиддан ажралиб чиқди, мактаблар эса масжидлар тасарруфида қолди. Энди мадрасалар учун махсус бинолар қурила бошланди. Мусулмон шаҳарларидаги энг йирик мадрасалар шоҳлар, хонлар, амирлар, беклар, йирик мулкдорлар, шариат-дин пешволари томонидан қурдирилган, шарқ меъморчилик санъатининг энг гўзал анъаналари мадрасаларда ўз ифодасини топган. Самарқандаги Улуғбек, Шердор, Тиллакори; Бухородаги Мир Араб, Абдуллахон; Тошкентдаги Кўкалдош; Хивадаги Оллоҳқулихон, Исломхўжа мадрасалари ва миноралари мусулмон шарқи меъморчилик санъатининг энг ноёб намуналаридир.

Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг энг эътиборли мадрасаларидан бири ҳисобланган. Икки қаватли бу мадрасанинг 55 та ҳужраси бўлган. Ҳар бир ҳужра 2 талаба учун мўлжалланиб, уч хонадан: ётоқхона, дарсхона, қазноқ (озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар учун)дан иборат бўлган. Улуғбек мадрасасида 100 талаба таълим олган. Талабаларга Самарқанднинг деярли ҳамма улуғ олимлари: Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Шамсиддин Муҳаммад Ҳавофий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи аниқ фанлар (илми ақлия) дан дарс берганлар ва Улуғбек расадхонасида ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб борганлар. Улуғбек мадрасаси билан расадхона фаолияти ўртасида яқин алоқа бўлган. Мантиқ, фиқҳ, адабиётшунослик, тилшунослик, тафсир, ҳадис илмларидан Фазлуллоҳ Абулайсий Абулқосим Самарқандий, Абдураҳмон Жомий дарс берганлар.

Мадрасаларда қоидага мувофиқ ҳафтанинг тўрт куни: шанба, якшанба, душанба, сешанба ўқиш кунлари; икки кун: чоршанба, пайшанба мустақил мутолаа кунлари; жума дам олиш куни ҳисобланган. Мадрасаларда ўқиш бир йилда олти ой давом этган, умумий қоидага мувофиқ ўқув йили мезон ойининг биринчи куни (22 сентябрь) бошланиб, ҳамал ойининг биринчи куни (22 март) тугаган; ҳамал, савр, жавзо саратон, асад, сунбула ойлари талабалар тирикчилик ишлари билан машғул бўлганлар. Ўқитиладиган илмлар таснифи, ўқитиш савияси, мударрислар мавқеига кўра мадрасалар икки босқичга бўлинган: биринчиси умумий таълим берувчи ўқув маскани – у мадраса деб юритилган. Ушбу гуруҳ мадрасаларда илми нақлия – диний илмлар анча чуқур ўргатилган, шу билан бирга, илми ақлия – табиий фанлардан умумий маълумот берилган. Бундай мадрасалар кичикроқ шаҳарларда, туманларда, баъзан катта маҳаллаларда ҳам бўлган.

Иккинчиси мадрасайи олия деб юритилган ва таълим-тарбиянинг энг олий босқичи ҳисобланган. Унда юксак илмий мартабага эришган алломалар фаолият кўрсатган, бундай мадрасалар, асосан, пойтахтларда, илм-фан, маданият ривожланган шаҳарларда бўлган.

Мадрасаларнинг ҳар икки гуруҳида араб тилининг сарфи (морфологияси), наҳви (синтаксиси) анча чуқур ва узоқ вақт ўқитилган. Чунки мадрасаларда бошқа фанлар бўйича ўқитиладиган асарлар ва уларнинг шарҳлари деярли ҳаммаси араб тилида битилган ва араб тилини мукаммал билиш талаб этилган. Мадрасаларнинг кўпроқ қандай фанларга мўлжалланганлигидан қатъий назар, улуми нақлия ва у билан боғлиқ бўлган илмлар таълим дастурининг асосини ташкил этган. Баъзи мадрасаларда, уларнинг ихтисосига кўра, улуми ақлия, улуми маъмурия, улуми ҳарбия илмлари ўқитилган. Чунки уларда, асосан, давлат маъмуриятида хизмат қилувчи, элчилик ишлари билан шуғулланувчи давлат арбоблари ёки лашкарбошилар тайёрланган. Шунга кўра бундай мадрасаларда Кайковуснинг «Қобуснома», Низомулмулкнинг «Сияр ул-мулук» («Сиёсатнома»), Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари анча чуқур ўргатилган.

Мадрасаларнинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий мақомини белгиловчи асосий ҳужжати унинг вақфномаси ҳисобланган.

ХV асргача фаолият кўрсатган мадрасалар вақфномаларининг бизгача етиб келмаганлиги ёки топилмаганлиги туфайли уларда ўқитилган фанлар, ўқув жараёни, дастури, китоблар, ўқитиш усуллари тўлароқ маълумот бериш имкониятига эга эмасмиз. Аммо Алишер Навоий «Вақфия» асарида ўзи қурдирган «Ихлосия», «Шифоия», «Хисравия» мадрасаларига ажратилган вақфи ҳақида, уларда фаолият кўрсатган мударрисларга, толиби илмларга йиллик, ойлик маоши, ҳатто бўғдой ва арпа ҳисобида ошлик (озиқ-овқат) белгиланганлиги ҳақида кенг маълумот беради: «Арбоби вазоиф – икки олими муттақи мударрис бўлғай: ҳар бирининг йиллик вазифаси минг икки юз олтун нақда, йигирма тўрт юк[1] ошлиғким, сулси[2] арпа, сулсони[3] буғдой бўлғай. Ҳар ҳилқаи дарсда[4] ўн бир толиби илмким, бориси йигирма икки бўлғай, аъло – ҳар бирига ойлиқ нақд йигирма тўрт олтун, йилда буғдой беш юк; васат – секиз: ойлиқ ҳар бирига нақда ўн олти олтун буғдой йиллиқ тўрт юк; адно – секиз: ойлиқ ҳар бирига нақда ўн икки олтун, ошлиқ йиллиқ учун юк. Олти хушхон ҳофиздан мусаддирға[5] йиллиқ нақди беш юз олтун муносафа[6] ошлиқ ўн беш юк; сойирдан ҳар бирига йиллиқ нақда юз саксон олтун, буғдой тўрт юк. Шайхқа йиллиқ нақда минг олтун, муносафа ошлиғ ўн юк. Воизға йиллиқ нақда беш юз олтун, буғдой ўн юк. Илмоғи масжиди жомиъда хатиб бўлуб, мактаб дағи тутғай, йиллиқ нақда икки юз олтун, буғдой ўн юк. Муқриға[7] йиллиқ нақда юз олтун, буғдой беш юк. Хонақоҳ таббохнинг[8] йиллиғи нақда икки юз саксон олтун, буғдой беш юк. Табақчиға[9] йиллиқ нақда юз олтун, буғдой беш юк. Бир фаррош ва икки ходимдан ҳар бириға икки юз олтундан олти юз олтун, буғдой беш юкдан ўн беш юк».

Мадрасалар вақфномаларида фақат иқтисодий жиҳатларгина эмас, балки мадрасалардаги тартиб-интизом, ўқитиладиган илмлар ҳақида, талабаларнинг уч – адно, авсат, аъло гуруҳларига бўлиб ўқитилиши, демак, уларнинг ўзига хос ўқув дастурлари бўлганлиги ҳақида маълумот беради. ХV аср Самарқанд ва Ҳирот мадрасаларида ўқиш муддати саккиз йил бўлган. Агар талаба шу муддат ичида дастур талабларини бажара олмаса, белгиланган вазифа тўхтатилган ва талабалар кўрсатилган имтиёзлардан маҳрум этилган. Алишер Навоийнинг «Вақфия» асаридан яна шу нарса маълум бўладики, мадрасадаги тартиб-интизом, талабаларнинг дарсга қатнашиши қаттиқ назорат қилинган, дарс қолдирганларга вазифа бериш тўхтатилган ва ҳатто уч қатла сабабсиз дарс қолдирса, мадрасадан чиқарилган, унинг ўрнига муносиб талаба қабул қилинган.

Давлат миқёсидаги мадрасайи олиялар вақф мулкидан ташқари давлат хазинасидан ҳам таъминланар эди.

Умуман, мадрасалар аълам, қозикалоннинг умумий раҳбарлигида фаолият кўрсатган аммо мадрасайи олия – давлат миқёсидаги мадрасаларга мударрис тайинлаш, уларнинг билим савиясини текшириш, талабаларни вақти-вақти билан имтиҳон қилишда подшоҳлар, хону амирлар бевосита бошчилик қилганлар. Алишер Навоийнинг кичик замондоши, тарихчи олим, шоир Зайниддин Восифий ўзининг «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарида Улуғбекнинг Самарқандда бино қилган мадрасайи олияга мударрис тайинлаши билан боғлиқ бир воқеани шундай тасвирлайди: «823-йил (1420 йил милодий) куз фаслининг фараҳбахш куни, мадраса қурилиши итмомиға етган, ҳаммаёқ саранжом-саришта, олимлар, толиби илмлар, қозиюл-қуззот, сарой аҳли янги мадраса ҳовлисига жам бўлган. Ҳаммани бу фирдавсмонанд мадрасанинг биринчи мударриси (ҳозирги атамада ректор – У.Д) ким бўлиши қизиқтирар эди. Мирзо Улуғбек тўпланганларга мурожаат қилиб: «Ҳамма илмларда етукликка эришган киши ушбу мадрасанинг биринчи мударриси бўлсин», дейди. Шу пайт, одамлар эътиборидан ташқарида, ғишт қолдиқлари уюми устида ўтирган, бир ҳолатда кийинган одам ўрнидан туриб: «Бу мартабага мен лойиқдурман», дейди. Мирзо Улуғбек уни бир оз синаб кўрди ва илмий етуклигига ишонч ҳосил қилгач, имтиҳон дарси ўтишни буюрди.

У ҳаммомда покланиб, тоза кийимлар кийиб, белгиланган куни худди шу Улуғбек мадрасасида тўқсон олим ва талаба ҳузурида имтиҳон дарсини ўтди. Батлимус (Клавдий Птолемей)нинг «Ал-Мажастий» («Альмагест» 1-2 асрларгача бўлган астрономия фани ютуқларининг геоцентрик тизимдаги баёнига бағишланган) асари бўйича ниҳоятда юксак илмий савияда ўқилган бу имтиҳон дарсини фақат Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбек тушунди, холос. Бу ўз даврининг етук олими ва мударриси Шамсиддин Муҳаммад Ҳавофий эди».

Бу анъана ХХ аср бошларигача давом этди. Хоразмнинг улуғ маърифатпарвар хони Муҳаммад Раҳимхон – Феруз вақти-вақти билан мадраса талабаларни имтиҳон қилар, мударрисларнинг билимини текшириб турар экан. Давлат аҳамиятига молик бўлган мадрасалар мударрисларини ўзи тайинлаган, дарсларни қандай савияда ўтишларини аниқлаш мақсадида, ҳозирги атама билан айтгнда, мударрисларни «очиқ дарслар» ўтказишга даъват этган. Бу ҳақда хоннинг замондоши, тарихчи олим, ҳаттот Ходим қўйидагиларни баён қилади: «Арабхон мадрасасининг охуни (мударриси – У.Д) Юсуф Ҳожи Доий адабиёт илми бўйича Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асари бўйича сабоқ берганида, Феруз мазкур асарлар юзасидан саволлар бериб, бизни имтиҳон қилдилар. Ана шундай пайтларда бирортамиз ғазал ўқишда хатоликка йўл қўйсак ёки бирорта сўзни нотўғри талаффуз этсак, Феруз бизни тўхтатиб, хатоларимизни тўғрилар, у ёки бу сўзнинг маъносини айтиб берар, ҳеч хафа қилмасдан камчилигимизни йўқотишга ёрдам берарди… Хон ҳазратларининг мударрислар дарсларини тез-тез кузатиб туриш одати бор эди». (Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий Тошкент. Камалак наширёти. 1991 йил. 254-бет).

Демак, мадрасалар фаолияти ҳаммавақт давлат аҳамиятига эга бўлган ва подшоҳлар, амирлар, хонлар эътиборида турган.

Мадрасайи олияда дарс бериш, ўқитиш усуллари алоҳида эътиборга лойиқдир. Улуғбек дарс бериш жараёнида, айниқса, мунозара-баҳс усулига тез-тез мурожаат қилган. Дарҳақиқат, мунозара усули, биринчидан, талаба нутқини ўстирса, иккинчичдан, масала моҳиятини чуқур идрок қилишга олиб келади. Улуғбек фақат талабаларга дарс бериш билан чекланмай, мадраса мударрисларига, расадхонада ишловчи олимларга ҳам дарс ўқир, мунозаралар ўтказар, шу билан уларнинг малакасини оширар эди. Ўзига хос академия вазифасини ўтаган Улуғбек расадхонаси мударрислар малакасини оширадиган илм маскани ҳам саналган. Мадрасайи олиянинг деярли ҳамма мударрислари расадхонада илмий изланишлар, асарлар яратиш Билан машғул бўлганлар. «Самарқанд академияси» ҳақида бундан 250 йил муқаддам машҳур француз ёзувчиси, файласуфи Франсуа Вольтер анча эътиборга лойиқ фифкрлар баён қилган.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқдир. Ўтмишда мадрасалар билан ёнма-ён масжид ва хонақоҳлар қурилган. Шўролар мафкурасига кўра кўпинча илмий асарларда хонақоҳларфақат дарвеш ва қаландарлар, шайх ва зоҳидлар зикр тушадиган маскан сифатида баҳолаб келинган. Аслида, хонақоҳлар ҳам мадрасалар вазифасини бажарадиган бўлиб, талабар учун бир неча ҳужралари, дарсхоналари, кутбхона, илмий мунозара ўтказиш учун махсус катта хона, мударрис ва воиз учун мармар ёки ёғочдан ишланган минбари бўлган, талабаларга мунтазам дарс берилган. Тарихчи олим Ғиёсиддин Хондамир ўзининг «Хулосат ул-ахбор» асарида Алишер Навоий бино қилган «Ихлосия» мадрасасида ҳамда «Халосия» хонақоҳида дарс берган даврнинг 20 дан ортиқ атоқли мударрисларини санаб ўтади. Унинг мударрислар Мавлоно Бурҳониддин Атоуллоҳ ҳамда Амир Иброҳим Машҳадий ҳақидаги сўзларга эътибор беринг: «Хулқининг яхшилиги, фахму фаросатининг тезлиги билан замондошларидан мумтоздир. Бир мунча вақт ҳоқони Саид ҳазратлари Шоҳруҳнинг мадрасасида ҳамда султон ҳазратларининг яқин дўст (Алишер Навоий)нинг «Халосият» хонақоҳида дарс бериш билан машғул бўлди… Амир Иброҳим Машҳадий «Султония» мадрасасида ҳамда фазилатли «Халосия» хонақоҳида дарс бериш билан машғул, талабаларнинг кўплари ул жанобга мулозим бўлиб, кўп баҳра олмоқдалар».

Худди ҳозирги етакчи университетларда бўлгани каби, Улуғбек мадрасайи олиясида ҳам иқтидорли, қобилиятли ёшлар мадраса хатимдан кейин мударрис сифатида олиб қолинган. Мана шундай ёшлардан Алоуддин Али Қушчи, Абдураҳмон Жомий, Мансур ал Коший ва бошқалар улуғ алломаи замон Қозизода Румий ҳамда Улуғбеклар эътиборига тушган ва шу мадрасада дарс берган эдилар. Абдураҳмон Жомий 1452 йилга қадар Улуғбек мадрасасида сарф ва наҳфдан дарс берган эдилар. У кейинчалик мударрислик тажрибаларини умумлаштириб, «Шарҳи мулло» асарини яратди, бу асар «Ал-қофия» асарига шарҳ бўлиб, ХХ аср бошларида ҳам мудрасаларда асосий дарсликлардан бири сифатида қўлланиб келган. Мадрасайи олияни муваффаққиятли хатм қилганларга турли мадрасаларда мударрислик қилиш мумкинлиги ҳақида ижозатнома (баъзи манбаларда санад) – диплом берилган.

Талаба домланинг дарси билан (энг юқори илмий савияда ўтса ҳам) чекланиши мумкин эмас. У китоб устида мустақил ишлаш малакасига эга бўлиши керак. Талаба илмдаги бир муаммо юзасидан олимларнинг турлича қарашларини билиши ва уларга ўзининг шахсий муносабатини англата олиши керак. Шу мақсадда мадрасайи олиялар қошида бой кутубхоналар, уларда ноёб китоблар бўлган, даврнинг кўзга кўринган дабирлари, саҳҳофлари, ҳаттотлари фаолият кўрсатганлар, улар янги-янги китобларни кўчирганлар, кутубхонани керакли асарлар билан бойитганлар. Булардан ташқари, подшоҳлар, улуғ мутафаккирларнинг шахсий кутубхоналари бўлган, улардан иқтидорли талабалар фойдаланганлар.

Шарқ мамлакатлари, айни замонда, Марказий Осиё мадрасаларида асосий ўқитиш усулларидан бири – шарҳлаб ўқиш усули эди. Маълумки, мадрасаларда аниқ фанлардан: риёзиёт, фалакиёт, ҳандаса, жўғрофия, тиб илмлари; ижтимоий фанлардан: мантиқ, фиқҳ, илми қофия, илми бадеъ, илми маоний кабилар ўқитилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бу фанлар йўналишида улуғ олимлар томонидан яратилган илмий асарлар талабалар билим савиясидан анча юқори эди. Олимлар кўп ҳолларда ушбу асарларини ёзаётган вақтда мадраса талабаларининг билим савиясини, ёшлик хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда ўзларининг билимларини асарга киритганлар. Чунки бу асарлар дарслик эмас-да. Шунинг учун талабалар ўқиётган асар материалларини пухта ўзлаштира олмаганлар, қийналганлар. Буни яхши тушунган кенг маълумотли мударрислар – олимлар бундай асарларни талабаларбоп қилиб қайта ишлаб чиққанлар – мадрасада ўқитиладиган ҳар бир асар учун шарҳ ёзганлар. Мазкур шарҳловчи олимлар асарнинг бошидан охиригача шарҳ беришга, асар муаллифининг фикрларини кенг миқёсда очишга ҳаракат қилганлар. Бундай шарҳлар мадраса талабаларининг асарни тушунишлари учун катта ёрдам берган. Демак, талаба илмий асарни ҳам, унга ёзилган шарҳни ҳам ўқишга мажбур бўлган. Шарҳ асардаги ҳар бир муаммони очишга хизмат қилган. Айниқса, мантиқ илмини, илми аруз, илми маоний, илми бадеъ каби адабиётга оид илмларнинг моҳиятини очишда шарҳлаб ўқитиш усули катта ёрдам берган. Кейинчалик шарҳ фақат мадрасаларда ўқитиладиган асарлар учун эмас, балки барча илмий асарларга кенг изоҳ бериш, муаллифнинг фикрларини кенгайтириш, соддалаштириш учун хизмат қилган.

Маълумки, Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг «Гулистон» асари неча-неча асарлар давомида мадрасаларда ўқитилган. 1909 йилда Муродхўжа дома Солиҳхўжа ўғли уни ўзбек тилига таржима қилган; шу билан бирга, талабаларга ва мударрисларга қулай бўлсин учун кўпгина сўфиёна фикрларга, жўғрофий номларга, тарихий исмларга кенг шарҳ берган. Шундай шарҳлар талабалар учун асар мазмуни, бадииятини, ижодкорнинг фалсафий қарашларини чуқур идрок қилиш имконини берган. Шунин учун ҳам китобга шарҳ берувчи мударрис турли манбаларни кўздан кечиради ва шарҳ учун материаллар тўплайди.

Мадрасаларда шарҳлаб ўқитиш тарихий анъанага эга. Бу анъана, айниқса, мадрасаларда кенг қўлланган. Шарқ мамлакатларида, шу жумладан, Марказий Осиёда шарҳлаб ўқитиш Х асрдан эътиборан мадрасаларга ҳамда қисман мактабларга татбиқ этила бошланди. Шарқнинг энг илғор Улуғбек мадрасасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбек , Али Қушчи математика ва астрономия илми фанидан, Ҳожи Бурҳониддин тиббиёт илмидан, Фазлуллоҳ Абулайсий фиқҳ, илми бадеъдан, Абулқосим Самарқандий тилшунослик, адабиётшунослик илмларидан, Абдураҳмон Жомий сарф ва наҳвдан дарс берганлар. Мударрислар талабалар таълим-тарбиясига ниҳоятда катта масъулият билан қараганлар. Ўз даврининг олимлари томонидан яратилган ва дарслик сифатида фойдаланиладиган асарлар талабалар руҳиятини, билим савиясини яхши билган мударрис – педагоглар, бундай асарларга шарҳ яратганлар. Шарҳловчи мударрис дарслик-асарнинг бошидан-охиригача тушунтириш матнини ёзган, асар муаллифининг илмий фикрларини кенг таҳлил этган, керакли ўринларда шу мавзудаги бошқа илмий асарлар билан муқояса қилган. Шундай шарҳ берувчиларни шориҳ, – деб атаганлар. Шориҳлар мударрис-педагог бўлиш билан бирга, ўз даврининг билим доираси анча кенг олимлари ҳам бўлганлар. Кўп ҳолларда шориҳлар шарҳларни китобнинг ҳар бети ҳошиясига ёзганлар. Бундай шарҳни шарҳи муҳашшо ёки ҳошияйи шарҳ деб атаганлар. ХV асрда Алишер Навоий раҳнамолигида Ҳирот шаҳрида ўнлаб шориҳлар етишиб чиқдилар. Ҳиёсиддин Хондамир ўзининг «Макорим ул-ахлоқ» ва «Хулосат ул-ахбор» асарларида Сайфиддин Аҳмад Тафтазоний, Ҳусайн Виоз Кошифий, Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий, Имомиддин Абдулазиз Абхарий, Ҳожа Абулқосим Абулайсий (Фазлуллоҳ Абулайсийнинг ўғли – У. Д.) каби мударрис-шориҳлар ва уларнинг шарҳий асарлари ҳақида кенг маълумот беради: «Охунд Фасиҳиддин Муҳаммд Низомийнинг ҳикмат, риёзиёт, маънилар баёни, сарф ҳамда наҳв илмлари бўйича ёзган асарлари кўп ва уларнинг аксарияти талабалар орасида машҳурдир. Ул жаноб фиқҳ ва ҳадис илмлари бўйича ҳам бениҳоят моҳир бўлгани учун шу кунларда «Виқоя»га шарҳ ёзиш Билан банддир, иншооллоҳ, тамомлаш зийнатига муяссар бўлғай».

Буюк мутафаккирлар асарларига ёзилган шарҳлар талабалар учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳақда қомусий олим Ибн Сино ўзи билан кечган қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади. Ибн Сино одати бўйича китоб дўконларини айланиб юрганида, – саҳҳоф унга бир китобни тавсия қилади ва пулга ниҳоятда муҳтожлигини ҳам айтади. Ибн Сино бу китобни дўкондор айтган нархга олади ва уйидаги китоб жавонига ташлаб қўяди. Кунлардан бир кун олим шу китобни варақлай бошлайди. Тасодифни қарангки, у даражада хушига ёқмай олган ушбу китоб Арастунинг «Метифизика» асарига Абу Наср Фаробий томонидан ёзилган «Мо баъда ат-табиа» («Табиатдан ташқари нарсалар») шарҳи эди. Арастунинг «Табиатдан ташқари нарсалар» китоби мақсадларини тушунмай, диққат бўлиб юрардим. Бир кун Абу Нарснинг бу борада шарҳини топиб олдим, бундай китоб топганимдан хурсанд бўлиб, худога шукур қилдим ва атайлаб рўза тутдим, фақирларга хайр-садқа улашдим». Абу Наср Фаробий ҳаёти давомида юнон мутафаккирлари Платон, Аристотель, Эвклид, Птолямей асарларига шарҳ ёзган.

Мадраса таълимининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, араб ва форс тилларини ўқитиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Мактабларда тушунмасдан қуруқ ёдлш асосий ўринни эгаллаган бўлса («катта бўлганда тушуниб олади», – деган ақида одат тусига кирган – У.Д.), мадрасаларда эса ўқилган асарни чуқур таҳлил этиш, идрок қилиш, бошқа асарларга нисбатлаш, мантиқий фикрлаш биринчи ўринга кўтарилган. Бунинг учун, аввало, араб ва форс тилларини, мантиқ илмини мукаммал билиш талаб қилинар эди.

Мадрасаларимиз тарихидаги бундай нурли саҳифалар асргача давом этди. Ватанимиз чор Россияси томонидан босиб олингач, бошланғич ва олий таълимдаги инқироз чуқурлашди. Мактаб ва мадрасаларни асрлар давомида иқтисодий жиҳатдан таъминлаб келган вақф мулклари мустамлакачилар тасарруфига ўтди. Мактаб ва мадрасаларда фақат диний илмларгина ўқитилиб, аниқ фанлардан ибтидоий билим олмоқчи бўлганлар учун рус-тузем мактабларида ўқиш жорий этилди. Натижада, миллий таълим йўққа чиқарилди, бу ҳол узоқни кўра оладиган ўзбек зиёлиларининг норозилигига сабаб бўлди. Улар чор Россиясидек маккор мустамлакачилар таъқиб ва тазйиқлари остида инқироз ботқоғига ботган ибтидоий мактаблар ўрнида «усули савтия» методига асосланган «усули жадид» мактаблари ташкил қилиш, мадрасаларни замонавий илмлар заминида қайт тиклаш, замонавий олий ўқув юртлари – университетлар очиш учун кураш олиб бордилар. Бу зумранинг тепасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Саидаҳмад Васлий каби истиқлол фидойилари турдилар.

Туркистон ўлкасида мадрасалар ислоҳи маҳаллий мактабларга нисбатан бирмунча кеч бошланди. Бунинг асосий сабабларидан бири мустамлакачиларнинг мадрасалар ислоҳотига кескин қаршилик кўрсатиши эди. Н.Ильминский 1879 йил 29 сентябрда Н.Остроумовга йўллаган хатида мадрасаларни асло ислоҳ қилмаслик, уларнинг дастурига дунёвий, амалий ва илмий фанларни киритишга йўл қўймасликни маслаҳат беради. Унинг фикрича дунёвий фанлар маҳаллий ёшлар миллий онгининг уйғонишида асосий восита бўлади, бу эса, ўз навбатида, Россиянинг ўлкадаги ҳукмронлигига қарши курашда улар учун қурол бўлади.

Аниқ фанларни англаш орқалигина ўлкани қолоқликдан, халқни жаҳолатдан қутқариш мумкинлигига ўзбек мутаффаккирлари ишонар эдилар. 1880 йиллардаёқ Шайхаван Таҳур даҳаси қозиси Шарифхўжа Пошшохўжа ўғли мадрасаларда физика фанини ўқитиш масаласини генерал губернаторгача олиб чиққан эди. Шарифхўжа Пошшохўжа ўғли ва Себзор даҳаси қозиси Муҳиддинхўжа Ҳакимхўжа ўғли Тошкентнинг руслар яшайдиган қисмига яқин бўлган Эшонқули додхоҳ мадрасасида рус тилини ўқитиш масаласи билан чиқдилар. Аммо Н.Ильминский ғояларига амал қилган генерал губернатор маъмурлари уларнинг бу талабларига тиш-тирноқлари билан қарши бўлдилар.

Туркистон ўлкасидаги мадрасалар аҳволи Ризо Фахриддиннинг «Шўро» журналида қизғин муҳокама ва мунозара мавзуси бўлди. Бу борада, Садриддин Айнийнинг «Бухоро шаҳрида таҳсил», Н.Ёвушевнинг «Самарқанд мадрасалари», «Туркистон мадрасаларида дарс програми», А.Асмонийнинг «Хива мамлакатида мадрасалар», С.Мустафонинг «Бухоро мадрасалари» каби мақолаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур мақолаларда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Қўқон мадрасалари ҳақида фикр юритилиб, уларнинг ташқи кўриниши меъморий санъат намунаси сифатида юксак баҳоланади. Аммо мадрасаларнинг ички аҳовли, яъни, улардаги ўқув дастур ва дарсликлари, ўқитиш усуллари – умунам педагогик техналогияси тамоман яроқсизлиги, замон талабларига бутунлай жавоб бермаслиги қаттиқ тнқид қилинади, бор ҳақиқат айтилади. Хусусан, Бухоро мадрасаларидаги 18-20 йиллик ўқув дастури, талабалар умрининг бекор ўтиши, ўқитилаётган фанларнинг давр эҳтиёжларига мос келмаслиги кўп афсус билан тилга олинади.

ХХ асрга келиб, мадрасалар ислоҳоти ҳақида «Туркистон вилоятининг газати» саҳифалари орасида мадрасалар фаолияти, уни ислоҳ қилиш масалалари билан кўпроқ мударрис, ислоҳотчи педагог Саидаҳмад Васлий шуғулланди. Унинг мадрасалар ислоҳига бағишланган мақолалари «Туркистон вилоятининг газати», «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона» газеталарида, «Ойна», «Ал-ислоҳ» журналларида чоп этилган. Албатта, ўлка мадрасаларининг тартиб-интизомсизлиги, ўқитиш усулларнинг тараққиётдан бутунлай узилиб қолганлиги, айниқса, мадрасалар учун умумий дастурнинг йўқлиги, уларнинг давлат эътиборидан бутунлай четдалиги илғор фикрли мударрисларни ташвишга солар эди. 1915 йилда «Ал-ислоҳ» журналида мадрасалар ислоҳотига бағишланган анча катта мунозара бўлиб ўтди. Мунозара Саидаҳмад Васлий билан бошланди. Унда муаллиф мадрасаларда ўқитилиши зарур бўлган илмлар, мадрасаларнинг ўқув дастурлари, ўқиш муддати, мударрис ва талабаларнинг маънавий қиёфаси, билим даражаси каби муҳим масалаларга доир ўнта савол билан ўлка мударрисларига мурожаат қилади:

«1. Муддати таҳсил неча сана бўлмак керак?

2. Ҳар санада неча ой таҳсил ойи бўлур?

3. Ҳар ҳафтада неча кун дарс ўқилур?

4. Бир сана ўқутулмуш китобининг неча дарсға тақсим топиши лозим?

5. Ҳар таҳсил кунлари неча дарс ўқулса, нофеъ бўлур?

6. Ҳар дарснинг миқдори неча саҳифа бўлмоқ вожиб?

7. Шогирдларнинг тушунмаклари лозимми ёки дарсхонаға кириб-чиқса бўлурми?

8. Мударрисларға жаҳд ила шогирдларни маълумотлик қилмаклари вожибми ёки кун ўтказиб, шогирдларни ишға мардикор қилсалар жоизми?

9. Ижозат олиб хатим карда бўлмак учун, расмий дарсларни билмак учун улуми фунунға олим бўлмак лозимми ёки барвақт жамоаға шерикул дарс бўлиб, келиб-кетиб уч-тўрт сўм бериб, Мулла Жалол бўлса кифоями?

10. Ҳар ким ўз бошича умр кечуруб, вақфларни еб, мударрисман деб юра бўлурми ёки улуғ уламолар ва ҳукумат тарафларидан назорат ва таҳқиқ фарзми? Вассалом, яна керак нимарсаларни фузалойи киром ҳазратлари ёзуб «Ислоҳ» саҳифаларини музаррин қилсунлар, токи, бора-бора бирор маслаҳат юз бериб, нофеъи умумий ҳосил бўлса эди, қориин киром «Ислоҳ»ға салом ўқуб, қатъий калом эдирам».

Саидаҳмад Васлий ўртага қўйган масалалар бўйича ўша давр газета ва журналларида мударрислар фаол чиқишлар қилган.

Хулоса қилиб айтганда, мадрасалар ислоҳоти масаласи замонавий олий маълумотли мутахассислар тарбиялаб етиштириш масалалари билан боғланиб кетди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йил 1-сонидан олинди.


[1] Юк – бир улов кўтарадиган оғирликдаги юк.

[2] Сулс – учдан бир.

[3] Сулсон – учдан икки.

[4] Ҳалқаи дарс – синфдаги талабаларнинг устоз атрофида халқа бўлиб ўтириши.

[5] Мусаддир – бошловчи, бошчи.

[6] Муносафа – бир нарсани иккига бўлиш.

[7] Муқри – қироат билан ўқувчи, қори.

[8] Таббох – ошпаз.

[9] Табоқчи овқат ташувчи