Тўлқин Сайдалиев. Таржима ва шеърий санъатлар

Бобур портрети

Бобур ўзбек адабий тилини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган мумтоз шоирдир. У барча асарларини содда, равон, ихчам тилда баён этишга интилган. Шоир, айниқса, ғазалларининг тили содда, тушунарли бўлишига ва чуқур мазмунни турли бадиий санъатлар орқали бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилган.

Маълумки, ҳикматли сўзлар, масал ва фразеологик бирикмаларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири — уларнинг мажозийлиги ва пурмаънолигидадир. Улар ихчам шаклга, ҳатто киноявий ифода тилига эга бўлиб, асар ғоясини образли ифодалаш имкониятини яратади. Шунинг учун уларни асл маъносида қўллаш таржимондан катта маҳорат ва билим талаб қилади.

«Кимки, бўлғай сен киби оламда дилдори анинг» матлаъи билан бошланувчи ғазал таржимасида худди ана шундай маҳорат ва билим намойишини кузатишимиз мумкин. Айниқса, бу ғазалнинг мақтаъи таржима билан солиштирилганда яққол намоён бўлади.

Аслият:

Борғай эрдим бош ила кўйига найлай, Бобуро,
Ҳар қачон борсам эшигига, келур ори анинг.

Таржимаси:

Зачем, в слезах, я вновь и вновь стучусь в знакомые ворота?
От слез Бабура никогда ее гордыня не смягчалась…

Р.Д.Моран таржима қилган бу ғазал мақтаъининг биринчи мисрасида қўлланган «бош ила бормоқ» иборасини рус тилида ифода қилиш мушкул, унинг муқобили гўё йўқдай. У сўзма-сўз таржима қилинса, аслият маъноси бузилади, рус ўқувчиси учун бу ибора ғализ туюлиши табиий. Лекин таржимон ошиқ — лирик қаҳрамоннинг маҳбуба даргоҳига кўз ёшларини тўкиб, қайта-қайта келганлиги маъносига алоҳида урғу беради, уни ўта таъсирчанликда тасвирлайди ва аслият бағридаги асл маънони рус китобхонига бутун жозибаси билан етказади.

Тажрибадан маълумки, мумтоз адабиёт намуналарини таржима қилиш ўта машаққатли ва мураккаб иш бўлиб, таржимондан катта маҳорат ва ижодий лаёқатни талаб қилади. Хусусан, сўз ўйинлари, шаклнинг маъно товланишларини, айниқса, шеърий асар таржимасида акс эттириш муайян мушкулотлар туғдириб, аксар ҳолларда таржимондан катта меҳнат ва қунтни тақозо этади. Масалан, «Бобурнома»да шундай рубоий бор:

Юз шукр де, Бобурки, кариму ғаффор,
Берди санга Синду Ҳинду мулки бисёр.
Иссиқлиғиға гар санга йўқтур тоқат,
Совуқ юзини кўрай десанг, Ғазни бор.

Рубоий Бобур ҳаётидаги реал воқеалар билан боғлиқ. Маълумки, у Ҳиндис-тонни эгаллагандан сўнг кўп яқин кишилари, беклар ва навкарлар бу ердаги ноқулай иқлим шароитига чидай олмай, у ерда қолишга рози бўлмаганлар. Улар орасида Бобурга қадрдон бўлган беклардан Хожа Калон ҳам бор эди. Кетар чоғида у «Агар эсон-омон Синд дарёсидан ўтиб олсам, Ҳиндистонни яна ҳавас қилсам, юзим қаро бўлсин», деган мазмунда байт ёзиб қолдиради. Бобур гарчи Хожа Калоннинг кетишига рухсат берган ва уни Ғазна ҳокими этиб тайинлаган бўлса-да, лекин ундан қаттиқ ранжиган, хусусан, юқоридаги байт кўнглига оғир ботган эди.

Мазкур рубоий ана шу муносабат билан ёзилган. Ғазни Афғонистоннинг қаҳратон совуқлари билан машҳур вилоят ҳисобланади. Бобур рубоийда ана шунга ишора қилиб, «Ҳиндистоннинг иссиғига чидай олмай, совуқ ерни хоҳласанг Ғазнига бор», дейди. Лекин бу шоирнинг асосий мақсади эмас, бу ерда яна бир маъно, тўғрироғи, пичинг ҳам бор. Юқорида айтганимиздек, Бобур Хожа Калонни Ғазнига ҳоким қилиб юборган эди. «Совуқ юзини кўрай десанг, Ғазни бор» мисрасидаги «совуқ юзи» ибораси орқали Хожа Калонга ишора қилинади. Бобур шу тариқа дўстидан ранжиганлиги, кўнгли қолганлигини ифодалайди.

«Бобурнома»нинг русча таржима қилган М.Салье мазкур байт маъносини ҳатто насрий таржимада ҳам чиқара олмаган. Қаранг:

Если нет у тебя сил вынести жару
И если захочешь увидеть лицо холода,
То отправляйся в Газну.

Бу ўринда таржимон қўллаган «лицо холода» ибораси мисранинг биринчи маъносини ифодалайди, «совуқ юзи» иборасининг иккинчи, яъни инсон юзига нисбат берувчи маъноси («холодное лицо») таржимада акс этмаган. Натижада рубоийнинг бутун мазмуни, ундаги чиройли киноя ва муаллиф маҳорати русийзабон китобхонга мавҳум бўлиб қолган.

Худди шундай ҳолни Бобурнинг бошқа бир рубоийси таржимасида ҳам кўриш мумкин. Бобур шундай ёзади:

Беқайдману хароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
Кобулда иқомат этди Бобур дерсиз,
Андоқ демангизки, муқим эрмасмен.

Таржимаси:

Бродягой стань, но не рабом домашнего хламья,
Отдам и этот мир и тот за нищий угол я.
Бродяжничество — не позор, и нищенство — не срам,
Уйти куда глаза гладят — давно моя мечта.

Таржимон «Кобул» сўзини (талмеҳ санъати) тушириб қолдирган. «Муқим» сўзининг бу ўриндаги маъносига ҳам тўлиқ эътибор бермаган. Натижада Бобурнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ равишда ёзилган, аниқ мазмунга эга бўлган рубоий мазмуни таржимада мавҳумлашиб, ноаниқ бўлиб қолган. Гап шундаки, охирги мисрадаги «муқим» сўзи доимий деган маънони англатиш билан бир пайтда, Кобулда Бобурдан аввал ҳокимлик қилган кишининг исмини ҳам билдиради.

«Андоқ демангизким, муқим эрмасмен» деганда Бобур ўзининг Кобулда муқим эмаслиги (доимий яшаб қолмаслиги)ни таъкидлаш билан бирга, Кобулнинг аввалги ҳокимига ўхшамаслиги, ўз олдига буюк орзу ва эзгу мақсадлар қўйганлигига ҳам ишора қилади. Бунга ўхшаган нозик маънолар, сўз товланишлари фақат Бобур ижодида эмас, умуман, мумтоз санъаткорлар ижодида кўп учрайди ва уларни таржимада акс эттиришнинг ҳаммавақт ҳам иложи бўлавермайди.

Фикримизча, бундай ўринларда таржимонлар батафсил изоҳлар бериш тажрибасидан кенгроқ фойдаланишлари лозим. Юқоридаги икки рубоий таржимонлари ҳам уларда нозик сўз ўйинлари мавжудлигини кўрсатишлари ва буни таржимада тўлалигича акс эттириш қийинлигини айтиб, изоҳ беришлари зарур эди.

Умуман олганда, Бобур лирикаси таржималарида шеърий санъатларни қайта яратиш борасида бир қадар тўғри йўл тутилгани кўзга ташланади.

Масалан:

Ул аҳд ила паймон қани, эй ёр, не бўлди,
Ул лутф ила эҳсон қани, эй ёр, не бўлди.

Клятвы твои, твои обеты — где это всё,
Ласки твои, любви приметы — где это всё.

Мазкур таржимани Л.М.Пенковский амалга оширган.

Аслиятда қўлланган тарсеъ санъатини Бобур охиригача давом эттирмайди. Шу боисдан русча таржимада ҳам мазкур талқин изчилликни талаб этмайди. Эътиборли томони, байтдаги барча сўзларнинг уйғунлашуви рус тилида ҳам сақланган. Бу ҳолат мутаржимнинг Шарқ мумтоз шеъриятидаги ўзига хосликларни яхши эгаллаганидан далолат беради. У ғазалда қўлланган такрор санъатининг турли кўринишларини ҳам муваффақиятли қайта яратган.

Қуйидаги мисолда эса бунинг аксини кўрамиз. Таржимон аслият матнини яхши ўзлаштирмаганлиги сабабли айрим қусурларга йўл қўйган:

Дўстлуқни гар тиларсан, айласанг исбот қил,
Суҳбатингға асру кўп муштоқдурман бот қил…

Ты хочешь дружбы — докажи: скорей приди ко мне,
Я побеседовать с тобой хочу наедине.

Бу фард таржимаси Н.И.Гребнев қаламига мансуб. Унда баъзи хатоларга ҳам йўл қўйилганлиги кўриниб турибди. Аслиятдаги муболаға (асру кўп) таржимада, биринчидан, ўз ифодасини топмаган, иккинчидан, мазмун мутлақо ўзгарган. Бу жиҳат асосий матннинг нозик сир-асрорларига эътиборсизлик билан қараш оқибатида юзага келган.

Ўлум уйқусига бориб жаҳондин бўлдим осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.

Избавился от мира я: мне смертный сон послал творец
Когда соскучитесь, друзья, я вам приснюсь, ваш друг — певец.

Аслиятда ийҳом (арабча гумонсираш) санъати қўлланган. Р.Д.Моран таржимасида эса мумтоз адабиёт анъанасига риоя этмаганлиги очиқ кўзга ташланмоқда. Таржимон «уйқу» сўзига сингдирилган мажозий маънони деярли рус китобхонига етказиб беролмаган.

Бундан ташқари, ушбу таржимада мазмунга ҳам бироз путур етказилган. Аслиятда «мени истасангиз (соғинсангиз)» дейилади. Таржимада эса у «зериксангиз» («когда соскучитесь»)га айланиб кетган. Ҳолбуки, «соғиниш» билан «зерикиш» ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Қуйидаги байт таржимасида эса ўша таржимоннинг ўзи аслият жозибасини ифодалашга муваффақ бўлганлигини кузатамиз:

Улки давроннинг аёғидан дамо-дам қон ютар,
Нашъа топмас гар ичар ҳар давр жоми Жам била.
Когда ты вынужден из чаши судьбы лишь кровь глотать,
Хоть осуши Джамшида чашу — услады не вернуть.

Бу ўринда Р.Д.Моран талқинда талмеҳ санъатини қайта тиклаш (Жоми жам — Джамшида чашу) билан кифояланмай, сўзнинг шаклий товланишларидан (чаша судбы — Джамшида чаша) ҳам ижодий фойдалангани ифода бадиий талқинининг тўлалигини таъминлаган.

Ёз бўлдию бўлди яна жаннат киби ёзи,
Хуш ул кишиким, айш ила ўтгай қишу ёзи.

Пришла весна — и снова степь, как райский сад, цветет,
Кто наслаждался и зимой и летом, счастлив тот.

Бобур ижодининг мағзини ташкил этадиган мисралар мутаржим талқинида бир қадар эркин ифодаланган. Ёз — тажниси (фасл — дашт) тўғридан-тўғри тушунчалар (весна — степь) воситасида далилланган. «Жаннат киби» (ташбеҳ) таржима талқинида ҳам «как райский сад» (ўхшатиш) аслиятдаги мазмунни тўла очиб бермоқда. Аслиятдаги иккинчи мисра бошида келган «хуш ул кишиким» сўзлари ҳам рус тилида «счастлив тот» тарзида ўзининг яхши ифодасини топган. Натижада таржимон аслият мазмуни билан бирга унда қўлланилган санъатларни ҳам ўзига хос усулда қайта яратишга эришган ва сюжетнинг мазмундорлиги билан бир қаторда гўзал композиция ярата олган.

Бобур шеъриятида энг кўп қўлланиладиган бадиий санъатлардан бири ташбеҳдир. Мазкур тасвир воситасининг асосий ўзига хослиги эса шеър мазмунининг салмоғи ошиб, илгари сурилган асосий ғоя талқинининг ўзига хос гўзаллиги бирламчи ўринга чиқишида акс этади.

Қиёсланг:

Бобур ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом,
Бир навойи рост қил мундоқ мақоминг борида.

Бабур ты, словно соловей, нашел приют у этой розы,
Так пой же, если ты избрал себе пристанище такое.

Р.Д.Моран таржимасида қўлланилган мазкур санъат аслият моҳиятини тўла очиб берган. Мутаржим шоир талқинидаги ишорани тўғри илғаб, «булбул киби» сўзидаги ташбеҳни «как соловей» деб айнан қўллаган ва бу ташбеҳ туфайли таржима тўлақонли чиққан.

Бобур шеърларининг рус тилига қилинган таржималари таҳлили шуни кўрсатадики, таржима соҳасида катта тажриба орттирган истеъдодли шоирлар ҳам таржима назариясининг асосий қонуниятларига бефарқ қараса, аслиятни ифодалашда катта хатоларга йўл қўйиши мумкин. Таржимон тилни қанчалик яхши билса, аслиятни қанчалик чуқур ўзлаштирса, таржима жараёнининг табиий қонуниятларига қанчалик риоя қилса, шунчалик яхши натижаларга эришади. Ўз навбатида бу юксак таржималар ўзбек адабиётини тарғиб этишга хизмат қилиши билан бирга рус китобхонини Бобурдек жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшган ижодкорнинг бадиий мероси билан яқиндан таништириш имкониятини беради.

Тўлқин Сайдалиев, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон