2014 йилнинг август ойида атоқли шоиримиз Чўлпоннинг татарчага таржима қилинган китоби Қозонда нашрдан чиқди[1]. Татарчага ўгирилган бу тўпламга шоирнинг “Яна олдим созимни” китобидан танлаб олинган 84 шеърининг таржимаси киритилган. Демак, юксак бадиият билан йўғрилган Чўлпоннинг миллий сози, ватанпарвар ва халқпарвар овози энди Татаристонда ҳам янграй бошлади.
Маълумки, Чўлпон шеърлари мазмунан ўзига хос бўлгани билан бирга шаклан ҳам муҳим хусусиятларга эга. Яъни, бармоқнинг турли шаклларида ва арузнинг туркий тилга уйғун айрим баҳрларида ёзилгани билан ажралиб туради. Шоир шеърлари бошқа тилга, айниқса, қардош туркий тилларга таржима этилаётганда ана шу фазилатлар сақланиши керак. Масалан, бизнингча, унинг аруздаги шеърларини қозоқ, қирғиз, гагауз ёки олтой турклари тилига арузда таржима қилиш қийин, чунки уларда аруз йўқ. Аммо уйғур, туркман, озарбайжон, турк, қозон ва қрим тилига ўгириларкан, бармоқдаги шеърларни бармоқнинг айни ўша турида, вазн ва қофиялаш тартибини сақлаган ҳолда, аруздаги шеърларни ҳам ўз вазнида, ундаги санъатларни имкон қадар асраган тарзда таржима қилиш талаб этилади.
Шу маънода, бизнингча, Қозон татар тилига Чўлпон шеърлари мазмунан ва шаклан нисбатан яхши ўгирилган. Шоирнинг бармоқ ва аруз вазнидаги шеърлари айнан ўз вазнида, қофия ва туроқлари сақланган ҳолда таржима қилингани, бунга интилингани диққатга сазовордир. Бу таржимон Рауф Гаташнинг ютуғидир, албатта.
Шу ўринда шоирнинг Қўқон мухториятининг қонга ботирилиши мавзусидаги “Ёнғин” шеърининг таржимасига бир кўз ташлайлик.
Ўзбекчаси:
Нега менинг қулоғимда тун ва кун
Бойқушларнинг шумли товши бақирар?
Нега менинг борлиғимга ҳар ўйун
Ва ҳар кулги оғу сепар, ўт қўяр?
Қозон татарчаси:
Нигә әлә колагымда көн вә төн
Ябалакларнын шомлы өне янгырар?
Нигә минем барлыгымда hәр уен
hәм hәр kөлке агу сибеп, ут кояр?
Таржимада мазмун, шакл тўла сақлангани кўриниб турибди.
Таржимон “Янгын” сарлавҳаси остидаги “Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ, гўдаклар найза бошида” эпиграфини “… Таланмаган, тапталмаган жир юк… Сабыйларны сөнгегә алдылар…” дея ўгирган. Таржима ўрнида, бир қусури йўқ. Аммо… Чўлпон жуда уста шоир бўлгани учун айнан шу хабарни шеърига эпиграф қилиб олган. Бунинг маъносини бугунги ўзбек ўқувчиларининг барчаси тушуна олади дея олмаймиз. Таржимон, бизнингча, шу ўринда, масалан, чор мустамлакаси бўлган Туркистонда 17-йилги болшевиклар тўнтаришидан сўнг илк мустақил давлат ўлароқ эълон қилинган Қўқон мухтор республикасини балшевиклар қабул қилмади ва дашнақлар билан бирга Қўқон ва унинг атрофидаги ўнларча қишлоқларни ёндирдилар, йигирма минглаб бегуноҳ ҳалқ ўлдирилди, ҳатто гўдаклар бошини найзага илиб келган аскарларга мукофотлар берилди каби изоҳни берсайди, бу шеърнинг аҳамияти, Чўлпондай чин шоирнинг жасорати очилган бўларди. Яхши фикр такрорланса, айби йўқ дейишгани учун мен ҳам Абул Фараж Исфахонийнинг машҳур сўзини эслатмоқчиман: шеър, асар бир келин бўлса, унга ёзилган муносиб изоҳлар бир зийнатдир.
Қисқаси, “Ёнғин” шеъри яхши ўгирилган, фақат ундаги сўнгги:
Кенг яйловга ўтми кетди, ёндими?
“Маданият” истагига қондими?
Татарчаси:
Ил-жәйләүгә утлар үтеп яндымы?
“Мәдәният” теләгенә кандымы?! –
мисраларидаги “Маданият” сўзига ўзбекчада “фотиҳ Оврупо”, яъни босқинчи Оврупо дея изоҳ берилган. Аммо таржимон буни ўзича тушунган ҳолда, “бу ўринда революция, тўнтариш йиллари кўзда тутилади” (28 б.) дея изоҳлайдики, бу фикр матндаги асл маъно-мақсадни англашда ўқувчини чалкаштириши мумкин. Чунки шоир бу шеърда фотиҳ сўзининг тилимиздаги босқинчи англамига алоҳида юк қўйган, босқинчиларга ишора қилмоқда.
Чўлпоннинг аруздаги шеърларини ҳам таржимон татарчага арузда ўгиришга интилган ва мақтовли натижаларга эришган. Мисол: “Қизларнинг дафтарига” шеъридаги аруз оҳанги (v – – – / v – – – / v – – – / v – – – /) Қозон татарчасида ҳам сақланган, маъно ҳам яхши ўгирилган, қисқаси, парчадан Чўлпон руҳи уфуриб турибди:
Кўнгил, тинмас кўнгил, энди етар, кўз тикма гулларга,
Гўзалдир, ёшдир ул гуллар, фақат алданма унларга,
Ки, қизғонмас, кўнгил қўймас сенингдек оқ кўнгилларга.
Кызларнын дәфтәренә
Күнел, тынмас күнел, индә житәр, күз текмә гөлләргә.
Гүзәлдер, яшьтер ул гөлләр – тик алданма гүзәлләргә:
Кайсылар, кем, күнел куймас cинен күк ак күнелләргә… (91 б.)
Чўлпон шеъриятининг ўзига хослигини, юксаклигини белгиловчи шеърларидан ҳисобланган “Ёнғин” (27 б.), “Мен ва бошқалар” (31 б.), “Халқ” (33 б.) “Кўнгил” (49 б.), “ Бас энди” (77 б.) шеърлари ҳам жуда яхши ўгирилган.
Бироқ ҳар ишда бўлгани каби бу тўпламдаги таржималар орасида ҳам ҳали яна бироз ишлаб, жило берса бўладиган шеърлар, мисралар бор. Масалан, “Амалнинг ўлими” шеъридаги “Мангу тутқунликка кирдими ўлка?” сатри татарчага “Мәнге тоткынлыкка дучармы Ил-өлкә” (34 б.) дея бир бўғин ошириб таржима қилинган. Таржимон шафтоли сўзини татарча матнда қўллаб, “персик” дея тушунтириш бергани маъқул, аммо “танбур – барабаннинг бир тури” (57 б.) дея изоҳ бериши мантиқли эмас, албатта. Бугунги кунда бутун дунё интернет боғлантисига таяниб иш кўрмоқда, лаҳзада хабар олиш ва юбориш мумкин. Агар татарча таржима бирор ўзбек муҳарририга юборилсайди, тўплам бундайин жузъий нуқсонлардан ҳам холи бўларди. Бизнингча, келажакда таржимонларимиз адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашлари, энг яхши асарларни ўз ўлкалари адабиёти хазинасига қўшишлари шубҳасиздир.
2014 йилда Қозон шаҳрининг туркий маданиятлар пойтахти деб эълон қилинишидаги умумий тадбирлар орасида туркий адабиётлардан икки китоб татарчага таржима қилиб нашр этилди. Чўлпоннинг татарчадаги бу тўплами ана шу икки китобнинг бири бўлиши жиҳатидан ҳам қадрлидир. Чўлпон ижодининг бош йўналишлари Туркистон ва унинг истиқлоли, Туркий дунё ва унинг Оврупо “фотиҳ”ларига, яъни босқинчиларига қарши кураш каби жаҳоний нуқталар билан боғланиши жиҳатидан бошқалардан ажралиб туради. Бизнингча, ўша 1910-1920 йилларда кўплаб шоирларимиз ижодида бўлганидек, бирдамлик руҳи, туркий тиллардаги адабиёт ва уларнинг бой тилидан таъсирланиш, усмонлича, озарбайжонча шеърлар битиш анъанаси (бу илғор йўналиш Умархон даври ва Қўқон адабий муҳити қайнаган йиллардан бошланганини таъкидлашимиз ўринлидир) Чўлпонга ҳам хосдир. Чўлпоннинг ўнга яқин ана шундай шеър ёзгани маълум. Аммо унинг Қозон ва Бошқирд татар адабиётидан таъсирланиши, у ўлкаларда яшагани янада чуқурроқ тадқиқотларни талаб этади. У шеърларида қўллаган татарча сўзлар кейинги даврдаги ўзбек тилида ўзлашиб кетмаган бўлса-да, ўтмиш адабиётимизни ўрганишда керакли нуқталардан биридир. Масалан, Чўлпон шеърларида ва таржималарида фойдаланган кишан маъносидаги бўғов ўша йиллардаги ижодкорлар асарларида ҳам қўлланилган, аммо ҳозирда камдан-кам ишлатилади; камбағал англамидаги ёрли сўзи эса 20-йилларда қолиб кетди, луғатга ҳам олинмаган. Чўлпоннинг Қозонда босилган китоби билан танишарканман, бу мавзуларни ҳам ўрганишимиз керак экан, деган фикр кўнглимдан ўтди.
Туркиялик олим ва таржимон Ҳусайн Ўзбой 1993 йил нашр эттирган “Чўлпон шеърлари” китоби шеърларнинг араб ёзувидаги нусхаларига суянгани, ўзбекча ва туркча маъно таржимаси, катта тадқиқот билан бирга босилгани жиҳатидан ўзига хосдир. Радиф Гаташ тайёрлаган бу тўплам эса, туркий адабиётлар ичида, бизнингча, Чўлпон шеърларини шеър сифатида таржима этилгани билан алоҳида ажралиб туради. Чунки шеър – санъат, маъно таржима ё қора сўздаги таржима (подстрочник) тоғ йўлидаги бир тепадир, ундан шеър чўққисидаги гўзалликлар, мушоҳада завқи, маънавий неъматлар кўринмайди. Яъни шеърдаги барча бадиий хусусиятларни сақлаган ҳолда бошқа тилда яратиш бир маънавий неъматдир.
Чўлпон шеърлари аввал ҳам шеър ўлароқ туркий тилларга ўгирилган. Масалан, унинг бир қатор шеърларини 1990 йилларда атоқли шоир Ҳалил Ризо озарбайжончага катта маҳорат билан ўгирган, улар мабуотда ва шоирнинг “Турон чаланги” номли китобида босилган эди. Шимолий Қибрисда нашр этиладиган “Турналар” журналида ҳам Чўлпоннинг бир неча шеъри ўзбекча, инглизча (А. Обид таржимаси) ва туркча шеърий таржима ҳолида босилиб чиққани маълум.
Хуллас, Чўлпон – ХХ аср ўзбек адабиётининг классиги, улкан санъаткор шоир, унинг асарлари санъаткор шоир-таржимонлар меҳнати билангина ўз бадииятини, қадрини сақлаган тарзда бошқа тилда жаранглаши мумкин. Татаристон халқ шоири Радиф Гадаш таржимасидаги Чўлпоннинг бу тўплами ана шу йўлдаги илк жиддий одимдир, албатта, бу барча адабиёт мухлисларини қувонтиради.
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон
[1] Чүлпан. Үйный сазым. Шигырләр – Үзбәкчәдән Радиф Гаташ тәржәмәсә, Казан Татарстан китап нәшрияты 2014.