Постмодернизм анча мураккаб ҳодиса бўлиб, бу масала бўйича адабиётшунослар турлича муносабат билдирадилар. “Постмодерн” (post – кейинги) атамаси ҳам ХХ асрнинг иккинчи ярми маданиятидаги ўзига хослик, ҳам Жак Лакан (1901–1981), Жак Деррида (1930), Жорж Батай (1987–1962), Жиль Делез (1925–1995), Мишель Фуко (1926–1984), Ролан Барт (1915–1980), Ричард Рорти (1931) ва ўзгаларнинг номи орқали юзага чиққан фалсафий тафаккурни ифодалашда қўлланади.
Постмодернчилар бадиий адабиётнинг кўп асрлик, анъанавий муаммоси – асар муаллифи билан ўқувчилар орасидаги муносабатни таҳлил қилиб, субъект, муаллиф, мазмун, сюжет, инсон, Ало одам (сверхчеловек) ва ҳатто “Худонинг ўлими” каби ўлим турларини олға суришади. Биз қуйида субъект ва муаллиф ўлими мавзуи доирасида ушбу қарашлар моҳиятини кўриб чиқамиз.
Муаллиф ва унинг ўқувчилари ўртасидаги ўзаро муносабат таҳлили бир қанча саволларни келтириб чиқаради, бу саволларнинг асосийси эса постмодернизм оқими вакиллари томонидан олға сурилади. Ушбу тушунчаларнинг анъанавий талқинига кўра, объект (аудитория) субъект (муаллиф)га боғлиқ, бунга эса кўплаб постмодернчилар қарши чиқадилар. Бу қараш уларнинг асосий назарий постулатидир. Ушбу муносабатларнинг ечими, уларнинг назарида, анъанавий қарама-қаршилик бўлиб, бу муаллифнинг эркин ижоди дегани ва айни пайтда, у ижод қилган асарнинг аудитория томонидан эркин идрок этилиши ҳам эмас, балки мажбурий рационаллик, иккиёқлама (дуальные) маъно контрастидан иборат. Постмодернизм анъанавий адабиётшунослик томонидан қўлланадиган бундай зиддиятни мажбурийлик хоссасига эга, деб ҳисоблайди. Асар объекти (аудитория) бу ҳолда мустақил, озод эмас, унинг асарга муносабатини адабий танқид мудом кўрсатиб, ўзини қандай тутиш кераклигини таъкидлаб туради.
“Субъект” деган дефинициянинг ҳозирги талқини Р.Декартдан бошланади, чунки у субъектни объектга қарама-қарши қўйиб талқин этган. Постмодернчилар мавжуд ана шу зиддиятни бартараф этиш мақсадида субъект-объект муносабатини бири-биридан устун тарзда эмас, балки тенг ҳолда ўрганишни талаб қиладилар. Уларнинг фикрича, бирон-бир категорияни зиддиятли контекст сатҳида кўриб чиқиш мумкин эмас, бу самарасиз ишдир, шу боис, бундай тенгсизликни йўқотиш керак.
Хуллас, постмодернчиларнинг бош мақсади – ўзаро боғлиқликларни, жумладан, “субъект” ва “объект” категориялари борасида ҳам бартараф этишдан иборатдир. Улар айни муносабатларн бир-бирига тобе бўлмаган ҳолда, тенг асосда бўлишини ҳамда эркин амал қилишини талаб қиладилар. Постмодернизм даврига қадар кўп нарсалар, жумладан, “субъект-объект” муносабатлари ҳам ўзаро боғлиқ тарзда талқин этилар, чунончи, аудиториянинг хатти-ҳаракати унга муаллифнинг таъсири натижаси деб тушунтирилар эди. Шу сабабли ҳам постмодернчилар томонидан объектнинг субъектга тобелигининг бекор қилиниши буткул мантиқий равишда буни уларнинг субъектнинг ўлими деб аташларига олиб келди.
Постмодернчилар ўз ғояларини қандай асослашади? Бу мактабга мансуб бир қатор вакилларнинг қарашлари қуйидаги иқтибосда яққол ифода топган: “Байналматнийлик (интертекстуальность – Т.М.) концепцияси М.Фуко томонидан илгари сурилган “субъектнинг назарий ўлими” ғояси билан чамбарчас боғлиқки, буни Ролан Барт “муаллиф (яъни ёзувчи)нинг ўлими”, шу билан бирга турли аён ва ноаён иқтибослар ичида аралашиб кетган индивидуал матннинг ҳам “ўлими” деб атаган. Л.Перрон-Муазес эса ушбу муаммони бошқаларга қараганда равшанроқ ифодалаб, мутолаа жараёнида учала нарса: муаллиф, матн ва ўқувчи ягона нарса – “хат ўйини учун бепоён майдон”га айланади, дейди…
Ролан Барт “Муаллифнинг ўлими”га эса янада кўпроқ эътибор қаратади: “Муаллифнинг ўлими” – постмодернистик матншуносликнинг парадигмал фигураси бўлиб, унда матн маъно англатиш жараёни учун кифоя, деган ғояни ифода этади”.
Постмодернизм муаллиф яратган матнни у томонидан барпо этилган “асар” сифатида анъанавий талқин этишни рад қилади: “асарни муаллифга боғлаб қўйиш – бу матнни бўғиш, матнга битта маънони ёпиштириб қўйиш, хатни ёпиш демак” (Р.Барт). Постмодернистик фалсафа бундай ёндашув доирасида “муаллиф” тушунчаси ўрнига “котиб” тушунчасини олға сурадики, у субъектнинг асар ижодкори ёки лоақал матн детерминанти сифатидаги даъволарини чиппакка чиқаради. Постмодернизм эса, П.де Маннинг фикрига кўра, “талқиннинг матндан ва матннинг талқиндан мутлақо мустақиллигини” эълон қилади. Дерриданинг айтишича, матнда субъектнинг талқиний фаолияти эмас, балки “фикрнинг олға сурилиши моменти” мавжуд. Т.Д’ан, Л.Перрон-Муазесларнинг қарашига кўра, Муаллиф, Ўқувчи ва Матн ягона вербал-дискурсив муҳит ичра уйғунлашиб кетади”[1].
Муаллиф сўзига қараганда, “котиб” сўзи мақбул топилишига тилдаги бир нозик хусусият ҳам сабаб бўлган кўринади. “Автор” (муаллиф) сўзи инглизча “authority” – авторитет (мавқе), ҳокимлик, ижозат каби маъноларни билдиради, инчунин, биринчи маъно асосий ҳисобланади[2]. “Авторитет”тушунчасини юмшатишга интилган Р.Барт “ёзувчи” таърифини (дефиницияси) “скриптор” (котиб) тушунчаси билан алмаштиради; бунда эса таҳқирлаш маъноси аён кўриниб туради (scriptor – оддий кўчириб ёзадиган одам).
Ушбу муаммога бағишланган асарлар ичида француз файласуфи ва адабий танқидчиси Ролан Барт қаламига мансуб “Муаллифнинг ўлими” (1967) тадқиқоти алоҳида аҳамият касб этади. Олимнинг асосий фикри шундан иборатки, ёзувчи ижодининг мақсади ва у фаолият кўрсатадиган ижтимоий муҳит матннинг талқинига қўшилмаслиги керак, чунки бу ҳолда унинг мазмуни аудиторияни йўналтириб, мазмунни чеклаб қўймаслиги лозим. Ўқувчи ўзига тақдим этилаётган асарни максимал даражада эркин қабул қилиши керак.
Р.Бартнинг фикрича, муаллифнинг индивидуал руҳий ҳолати натижасида, ёзувчи билан у ижод қилаётган асар ўртасидаги ҳиссий мутаносиблик йўққа чиқади. Фақат матнда умумлашган шаклда баён этилган нарсагина қолади. У эндиликда муаллиф ўрнини котиб эгаллаганини таъкидлайди ва бунда котиб матн билан бир вақтда туғилишини, хат ижод этилгунига қадар ҳам, ундан ташқарида ҳам ҳеч қандай воқелик мавжуд эмаслигини, ҳар қандай матннинг эса шу ерда, ҳозир ёзилишини кўзда тутади.
Барт ҳатто “Муаллиф – Худо” деган ифодани ҳам қўллайди ва ёзувчи ҳақида сўз юритиб, “унинг ихтиёрида фақат турли хилдаги хатларни аралаштириш, уларни бир-бирига дуч қилиш, аммо улардан ҳеч қайсисига бутунлай суяниб қолмаслик борлиги…”ни таъкидлайди. Афтидан, муаллиф қарашларининг ўзига хослиги унинг ғоялар, образлар, фактлар ва мулоҳазаларни ана шундай оригинал тарзда қориштириб юборишида ҳам намоён бўлса ажаб эмас.
Бартнинг хулосасига биноан, “матн ўз келиб чиқиш асосига кўра эмас, мақсад-эътибори билан ягоналик характерига эга бўлади, аммо бу мақсад шахсий адресли эмас, зеро, ўқувчи тарихи, таржимаи ҳолига, ўз руҳиятига эга эмас, у бор-йўғи – ёзма матнни юзага келтирадиган барча қирраларни ўзида жамлаган мавҳум одамдир”.
Р.Бартнинг фикрича, ёзувчининг ҳукмронлиги барҳам топиши шарт, буни олим эссесида бир қадар ўзига хос усулда баён қилади. Шундай қилиб, постмодернчилар адабий танқиднинг энг муҳими – муаллиф, қолган барчаси – асар ҳам, унинг ижтимоий таъсири ҳам пировардида, ёзувчи шахсиятининг намоён бўлишига боғлиқ, деган анъанавий қарашларни кескин инкор қиладилар.
Муаллиф муаммоси француз файласуфи ва маданият назариячиси М.Фуконинг бир қатор асарлари учун мавзу бўлган. Француз фалсафий жамиятининг 1969 йил февралдаги мажлисида у шундай деб айтган эди: “Энди хат – бу ихтиёрий ўчиришдирки, у китобларда акс этмаслиги ҳам лозим, зеро, у ёзувчининг мавжуд эканлигининг ўзи биланоқ рўёбга чиқади. Ўлмасликка олиб келиш вазифаси юкланган ижод эндиликда ўлдириш ҳуқуқига – ўз муаллифини ўлдириш ҳуқуқига эга бўлди. Флобер, Пруст, Кафкани олинг. Шу билан бирга, яна бир жиҳати ҳам бор: бу хатнинг ўлимга муносабатида ёзадиган субъектнинг индивидуал ўзига хосликларини йўққа чиқаришдир. Ёзадиган субъект турли воситалар орқали ўзи билан ёзаётган нарсаси ўртасида барпо этаётган хилма-хил найранглар билан у ўзининг алоҳида индивидуаллигини кўрсатадиган барча белгиларни чалкаштириб юборади; эндиликда ёзувчининг қалами – бу унинг йўқлиги аломатидан бошқа нарса эмас; у эндиликда хат ўйинида ўлик ролини ўйнашга маҳкум. Булар маълум нарсалар; танқид ва фалсафа муаллифнинг бу йўқолишини ёхуд унинг ўлимини қайд қилганларидан бери аллақанча замонлар ўтди”[3]. Кўрамизки, бу ерда ҳам муаллифнинг ўлимини таъкидлаш яққол намоён.
Назаримизда, Р.Бартнинг қарашларини бошқача талқин этиш ҳам мумкин. У муаллифнинг индивидуаллигига эмас, у ҳақда адабий танқид режага солиб қўйган тушунчаларга қарши чиқмоқда. Ҳатто муаллифларнинг ўзлари ҳам асарларидаги бир талай жиҳатларнинг талқини борасида – ғоядан тортиб, жанрлар масаласига қадар мунаққидлар билан ҳамфикр бўлавермайдилар. Адабиётшунослар ўз танқидлари, мантиғи, қотиб қолган анъаналари ёки стереотип илмий ёндашувлари билан аудиториянинг тафаккур юритишига халақит берадилар.
Постмодернистлар айтаётган муаллиф ўлимини тўғрироқ тушуниш ва талқин этишнинг йўли қандай? Р.Барт ва бошқа мутахассисларнинг мушоҳадалари мантиқан қанчалик асосли бўлмасин, муаллифнинг ўрни ва ролини йўққа чиқариш мумкин эмас. Бироқ постмодернистлар, ўзларига хос ўжарлик туфайли бу ҳолни ўлим деб: муаллифнинг, субъектнинг, асарнинг ва ҳоказоларнинг ўлими, деб атамоқдалар. Чунки уларнинг тафаккури, турмуш тарзи ва хатти-ҳаракатлари – бари-барига максимализм хос.
Аслида эса масала сал бошқачароқ. Зеро, ҳатто постмодернчилар талқинига кўра ҳам “муаллиф ўлими” деган иборанинг маъноси ўзгача тарзда бўлиб, у умуман ўлиб кетмайди, балки котибга айланади, яъни мавқеи юксак одамдан оддийгина ёзадиган котибга айланади. Одамнинг ахборотни тушуниши ҳамда индивидларнинг дунёқараши юксалиб боргани сари омманинг билимлари ошиб, аудиториянинг сифати яхшиланаверади, шунга мувофиқ равишда муаллифнинг мавқеи аста-секин пасайиб, у бора-бора котиб мавқеини эгаллайди. Бу табиий бир жараёндир.
Хуллас, матн тайёр бўлгач, муаллиф орқа планга ўтиб кетади, чунки матн унинг қўлидан чиқиб, бошқаларнинг қўлига ўтади. Кейин бу асарнинг ўз умр йўли бошланади: у эркин талқин қилинади ҳамда асл манбаига бевосита ҳам, билвосита ҳам боғлиқ бўлмаган ҳолда яшай бошлайди.
Муаллиф билан асар орасидаги муносабатни субъектнинг ўлими нуқтаи назаридан эмас, балки асар эълон этилган дамдан бошлаб муаллифдан узилиши жиҳатига кўра талқин этиш мақсадга мувофиқдир. Бу жараённи эса бегоналашиш деб аташ тўғри бўларди, чунки эндиликда муаллифнинг яратган асари унга тегишли бўлмай, жамоат мулкига айланади. Аслида-ку, асар жамият учун яратилади, бу жиҳатдан олганда, асарнинг субъектдан ажралиб, оммавий аудиторияга узатилиши муаллифнинг асл мақсадини ташкил этади.
Муаллиф матнни баён қилишда бошқаларга тушунарли бўлиши учун одатда анъана ва новаторликни мувофиқлаштиришга уринади. Аммо буларнинг нисбати қанақа даражада бўлиши кераклиги борасида Маршалл Маклюэннинг яхши бир гапи бор: у ўзининг машҳур “Медиани англаш” китоби қўлёзмасининг тақдиридан ҳадиксираганини тасвирлар экан, бир муҳаррир айтган гапни келтиради – “У мажҳул бир кайфиятда фикрини билдирди: “китобингиздаги материалнинг 75 фоизи янги. Аммо муваффақият қозониш учун 10 фоиз янгилик кифоя. Бундан ортиғини ўқувчи ҳазм қила олмайди”[4]. Шу ўринда шуни айтиш ўринлики, Маклюэннинг ғояларини узоқ вақтларгача масс-медиа соҳасидаги мутахассислар ҳам англай олишмаган ва қабул қилишмаган.
Айрим муаллифлар даврнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришади (“Дон-Кихот”), эҳтиросни тасвирлашади (“Демон”, “Ака-ука Карамазовлар”), ишқни (“Лайли ва Мажнун”) ёки қаҳрамонликни (“Фарҳод ва Ширин”) тараннум этишади. Асар мумтоз намунага айланиши учун у даврнинг типик воқелигини ёхуд муайян давр жамияти кишисининг характерли хусусиятларини тасвирлаши лозим.
Демак, субъект ўлмайди, у аввалги муаллифларнинг, ҳозирги давр адибларининг ҳамда келажак ижодкорларининг бағрига сингиб кетади, адабиёт ва тарих, эстетика ва маънавиятда зуҳур этади. Аммо муаллиф қанчалар йирик сиймо бўлса, унинг изи ҳам шунга яраша даражада чуқур ва сезиларли бўлади.
Публицистикада бошқа соҳаларга қараганда субъект ўлмайди, нимагаки ҳиссиётли, индивидуал ижодида публицист шахсининг ўзига хосликлари бўртиб кўриниб туради. Публицистик диалог ташаббускори бўлган субъект “асар – аудитория” боғламасида етакчи роль ўйнайди. Публицистнинг сиймосида жамият муҳим шахсни кўради. Публицистлар ижтимоий фикрни ўзига хос тарзда, публицистик руҳ билан ифода этадилар, бинобарин, адабиёт ва илм-фан каби, публицистика ҳам ижоднинг муҳим соҳасидир. Публицист ўтмиш ва ўзи яшаб турган давр воқелигини идрок этади. Бироқ у шунчаки идрок этиш ва эслаб қолиш билан чекланмайди. Жамоатнинг муносабатига қараб, яъни одамлар қандай қабул қилишаётганидан келиб чиқиб у ўз қарашларини шакллантиради ва одамлар орасида янгиланган образларни тарқатади. Бундай англаш ва тасвирлаш жараёни тинимсиз равишда давом этади, зеро, у шунчаки бир одам эмас, ёзишга, бошқа кўпларга қараганда яхшироқ тафаккур юритишга қодир шахсдир. Башариятнинг аксиологик хазинаси мана шу тарзда тўлдириб-бойитиб борилади.
Худди шу боисдан ҳам Аристофан, Демосфен, Цицерон, Жон Мильтон сингари қадимги ва нисбатан кейин яшаган мутафаккирлар ёрқин муаллиф сифатида тарихда қолганлар. Публицистларни одамлар ҳамда даврларнинг воситачилари деб аташ мумкин.
Субъектни тирилтириш, яъни аристотелча-кантча мантиқни рад этиб, ижтимоий муносабатларда инсон устуворлигини тиклаш учун Шарқнинг ҳаддан ташқари рационаллашиб кетмаган дунёқарашига қайтиш лозим бўлади. Шарқ фалсафасининг марказида инсон ва унинг ҳис-туйғулари қўйилади. Постмодернчилар субъектнинг ўлимини эълон қилишади ва чора ахтариб, уни ўзлари яна тирилтиришади, аммо энди бу иш дунёни ҳиссий англашнинг шарқона тарзига асосланади.
Постмодернчилар Ғарбнинг рационализмидан илгарилаб, эндиликда индивиднинг эркинлигига, шахснинг ҳурлигига қайтишни талаб қилмоқдалар. И.П.Ильин ёзади: “Европа фалсафий ва маданий анъаналари томонидан забун этилган ҳозирги шароитда бошқа маънавий анъаналарни қидириб топиш эҳтиёжи юзага келди ва юзимиз ўз-ўзидан Шарққа томон бурилди. Шарқ ва унинг донишмандлигига даъват ҳозирги кўпгина файласуфлар ва маданиятшунослар, адабиёт ва санъат назариячиларининг асарларида мавжуд: Фуко “Классик асрда телбалик тарихи” асарида Шарққа даъват этади; Деррида ўзининг “Антиэллинизм”ида қадим аҳдли Шарққа мурожаат қилади; Кристева “Ҳинд-Европа жумласидаги мантиқ маркази” танқидида ҳамиша мантиққа ёпишиб олишни рад этиб, ундан нажот топиш учун хитой фалсафасидан мадад излайди”[5].
Шундай қилиб, “муаллифнинг ўлими” деган тушунча ғарб назариётчилари фикрича, муаллифнинг ўлими эмас, балки ғояларнинг муаллифдан аудитория сари кўчиши ҳамда матнни талқин этиш, асар ғояларини изоҳлашда муаллифнинг аҳамияти пасайишида кўринади, сюжетнинг ўлими эмас, балки унинг дунё адабиётларига сингиб кетиши, конкрет асарнинг ўлими эмас, балки унда хилма-хил манба ва таъсирларнинг мавжудлигида кўринади.
Бизнингча, бу тушунчаларни мутлақ ва нисбий хилларга ажратиш мумкин бўлади. Мутлақ маънода, гарчи кўпгина муаллифларнинг номи сақланиб қолмаган бўлса-да, уларнинг асарлари асрлар оша яшаб келмоқда. Аммо нисбий маънода улар машҳур ва аудитория уларни конкрет асарларнинг муаллифи сифатида билади.
Асарнинг уни тайёрловчисидан бегоналашиши асарни яратиш ғоясининг ўзида дастурлаб қўйилган бўлади. Айтиш мумкинки, чоп этилган асарда акс этирилган ғоялар горизонтал йўналишда – одамлар ва миллатларга, вертикал йўналишда эса авлодлар ва даврларга етиб бориб, узоқ тарихий тақдирга сазовор бўлади.
Гарчи бугунги постмодернизм аста-секинлик билан бўлса-да, Шарқ гуманистик фалсафаси таъсирида муаллифнинг яна тирилишига қайтаётган бўлса-да, бу муаллифнинг ўлими деган тушунча нотўғри эди, деган фикрга олиб келмаслиги керак. Гап шундаки, бу тадорик муаллифнинг тарихий, миллий ва мавзу соҳаларида истиқболда ҳам туганмаслигини англашга ёрдам берди, шу билан бирга, бадиий асарнинг яратувчилари бир вақтнинг ўзида кўп одамлар бўлишини ҳам англаб етишга йўл очди.
Албатта, Аристотель, Кант, Гегель ва бошқа атоқли Европа алломаларининг эришган ютуқлари башарият мантиқий тафаккурининг энг юксак натижаларидан бири эканини инкор қилиб бўлмайди. Улар инсоният тамаддунининг янада юксакроқ босқичига кўчиб ўтиш йўлида ўзига хос бир босқичдир. Постмодернистик тафаккурнинг унга танқидий муносабати эса инсоният адабий-фалсафий ютуқларининг замонавий, постиндустриал жамият шароитида янгича идрок этилиши натижаси сифатида изоҳланмоғи керак.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон
[1] Большой энциклопедический словарь: философия, социология, религия, эзотеризм, политэкономия. Гл. науч. ред. и сост. С.Ю. Солодовников. – Мн.: УП МФЦП, 2002. С. 755.
[2] Қаранг: Collins Gem Dictionary. Harper Collins Publishers. General Editor W T McLeod. Latest preprint, 1991. – Р. 413.
[3] http://lib.ru/COPYRIGHT/fuko.txt.
[4] Маклюэн М. Понимание медиа: внешние расширения человека. 3-е изд. – М.: «Кучково поле», 2011. С. 6.
[5] Ильин И.П. Постструктурализм, деконструктивизм, постмодернизм. – М.: Интрада, 1996. //–С=55 http://nietzsche.ru/influence/philosophie/iliin/?curPos=12&curpos=12.