Собир Ўнар: “Ўзбеклар ҳеч вақтда адабиётдан йироқлашиб кетмаган” (2013)

Ёзувчи Собир Ўнарни “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Дунё шундоқ турурму?”, “Бибисора”, “Ака-укалар” сингари бир қанча қисса ва ҳикоялари орқали ўз оҳанги, ифода йўсинига эга бўлган истеъдодли адиб сифатида биламиз. Унинг асарларидаги кенглик, хулқ-атворнинг бениҳоя ўзбеконалиги, табиийлигидан завқ туямиз. Гоҳо муаллиф ва қаҳрамонлар тилининг аралашиб кетишидан озорланамиз ҳам. Аммо илҳом ва айтмоқчи бўлган фикр залвори ўқувчини ўз ўзанига тортиб кета олади.

Адиб билан ёзувчи масъулияти, ижодий жараён сир-асрори, бадиий маҳорат масалалари, шунингдек ижодкорнинг жамиятдаги ўрни хусусида суҳбатлашдик.

— Ижод палласида сиз учун энг муҳим эҳтиёж ва бунга туртки бўладиган куч манбаси хусусида ўзингиз англаган нарсалар нималардан иборат?

— Ёзиш, ижод қилиш эҳтиёжини эътиқод даражасига олиб чиққан адибларни биламиз. Устоз Шукур Холмирзаев шундай эди. Унинг суҳбатдошига ҳангома йўсинида гапириб бераётган воқеаси ҳам тап-тайёр асар ёки бўлғуси асарининг етилган сюжети бўлар, ўзи ҳам эшитувчидан “шу ҳикоя ўзи қалай?” деб фикр сўрашни эп кўрар, қисқаси ҳаётдан Адабиётни устун кўрарди. Ижобий маънодаги артистизм (санъатдир балки) билан реал ҳаётни моҳирона пайванд қила оларди. Шу боис “У кишим устоз, мен шогирд” деб аталувчи қарийб тўрт юз бетлик эссеси ҳам эзмалик бўлиб туюлмайди. Айтмоқчиманки, нима ҳақида эмас, қандай ёзмоқ муҳимроқ. Юрган йўлида ҳам ҳикоя ёзиб юрадиган ёзувчи эди Шукур ака. Бу гапни шу орада куймаланиб, керак бўлса интилиб юрган бир ишқибознинг ҳаваси маъносида айтяпман, холос. Шукур ака жуда кам одамгагина насиб қиладиган профессионал ёзувчи эди.

Энди бевосита саволга келсак, ижодга туртки бўлувчи куч манбаси — сабил қолгур у кўринмас бир бало-да. Кўпинча болалигим ўтган овлоқ манзилларда хаёлан улоқиб юраман. Ҳолбуки, у ерлардан узилиб кетганимга ўттиз йилдан ошибди. Кўнгил риштаси эса ўша ёқларга, болалик ҳаётимга боғлаб ташлаган. Эҳтимол шуниси ҳам тузукдир. Дастлабки ҳаёт, дастлабки эртак, биринчи, бировнинг кўмагисиз отнинг узангисига оёқ қўйиб эгарга тўрғайдай ғоз ўтириб олишинг — бу манзаралар, ҳатто ҳидлар, ёлғизоёқ йўллар, вақт, унинг ўта шафқатсизлиги, яъни бир лаҳзага ҳам ортга қайтмаслиги ва… яна кў-ўп нарсалар. Балки шулардир… Балки бошқа нарсалардир. Билмадим. Бир куни ўз-ўзидан “Субҳаналлоҳ” сўзи миямга, йўқ, юрагимга ўтириб қолди. Маъносини биласиз: Аллоҳ покдир! Одамзотнинг нафси бор, ейиш-ичиши бор, махлуқотга тегишли ҳар турли ишлари бор. Покми булар? Ўз-ўзимдан шуларни ўйлаб ўртандим. Ўзимча хаёлан бир ёқларга адашиб кетиб ҳам қолдим. Айтмоқчи бўлган фикр зўр бўлди. Таъсирландим… таъсирландиму бирор нарса ёзолмадим.

“Бибисора”ни ёзишдан аввал ҳам шундай бир ғалати ҳолатда юрдим. Сўнг туманлар тарқаб, ўзимнинг ҳаётимдан бир қучоқ материал келди. Хурсанд бўлиб қоғозга тўкиб қўя қолдим. Сизга шуларни сўзлаётибману, яна бир далил билан фикримни исботлаб қўйгим келди. Яқинда уюшмада “Бола ботир” деган достон муҳокамаси бўлди. Фалсафий нуқтаи назардан ҳам, умуман асар сифатида ҳам пишиқ, бақувват. Унга ҳам туртки бўлган, куч берган нарса болалик хотиралари. Бундай ҳолат ҳар куни эмас, ҳар замонда бир бўлади-да.

— Бирор нарсани тинмай инкор қилаётган кишида ўша нарсага маълум маънода ишонч бўлади. Адабиёт ҳам қай маънода инкор ёки тарғибдир. Адабий эътиқод, деганда кўнгилдан нималар кечади?

— Қаламга олинаётган мавзу, объектнинг ўзиёқ муаллифнинг ўқувчига уқтираётган ғоясини билдиради. И.Буниннинг “Антоновка олмалари” деган ҳикоясини ўқиган чиқарсиз. Ғоясизликми, нимадирдай туюлиб кетади. Ёзувчи рус ерларини, анди-афанди одамларини, керак бўлса олмаю боғларини батафсил, бир оз эзмалик билан тасвирлайверадики, барибир ёзувчининг ўзгача бир муҳаббатини ихтиёрсиз суратда пайқаб турасиз. Аслида ғоянинг ўзи шу: инсонга, ҳаётга муҳаббат!

Айтматов ижодига батафсил сер солганда жаҳолатни буткул қоралаганини, Маркесда эса диктатурага, зўравонликка жон-жаҳди билан қарши турганини сезасиз. А.Қодирийда дард, севги — бари изчил алпозда уйғунлашиб миллий заминга чуқур ботиб кетганини кўрамиз. Одамлар, Кумушнинг “гунгурт қора” сочи, Ўзбекойимдай ҳовлиқма бир хотиннинг ҳадеб оила шаънини иддао қилавериши, Юсуфбек ҳожининг ҳамма нарсага ақли етгани ҳолда истагини амалга оширишга мудом қўли калта келавериши, Отабекнинг буткул аҳволоти — бари реаллик, жонли ҳаёт, энг муҳими, ўзимизнинг реал ҳаёт.

Назаримда, сўзни беҳуда исроф қилмаслик бугун адабиётда тағин кун тартибига чиқаётир. Образларимиз жуда кўп гапирадиган вайсақиларга айланиб бормаяптими? Тушунарсиз ҳолатни тушунтириб берамиз деб ўзимиз ҳам обдон уриниб ётганга ўхшаймиз. Биз Европа, Лотин Америкаси адабиётини бир қадар ўқияпмиз. Уларга очиқ юз билан қарашимиз керак. Профессионализмни, ҳолат, сўз, фикр, манзарани қай тарзда ифодалашни барибир ўрганишимиз лозим.

Баъзи бир ёзувчиларимиздаги зўракиликни, нотабиий — сунъийликни кўриб, руҳий кучларига ҳавас қилган ҳолда, даҳолик табиийликка дахлдор эканига иқрор бўлавераман. Низомий Ганжавий “Хамса” ёзиш учун 20 йил дарахт тепасида чилла ўтириб сўз битгани ҳақида ривоят бор. Навоий бобомиз эса, атиги икки йил бадалида энг мукаммал беш достонини битди.

Баъзан ҳаётдан адабиёт кучли бўлиши мумкин. Навоийнинг ижоди ҳаётдан кучли. Эртанги кунни муносиб башорат қила олувчи асарлар ҳам бугунги ҳаётнинг ислоҳотига ишорат қилади. Бу жиҳатдан ҳам ҳазрат Навоийга таъзим бажо қиламиз.

Шиддатли давр оқими ҳам даҳоларни юзага чиқариши мумкин. Урушлар, инқилоблар, чексиз зулм ва мусибатлар ҳам истеъдодларни пайдо қилади, албатта. Чунки беқиёс нафрат ҳам одамзотга тийиқсиз руҳий қувват бера олиши табиий. Шолоховдай гениал адибни мен давр, давр билан боғлиқ ўзининг тақдири пайдо қилди, деб ўйлайман. У колхозлаштириш (“Очилган қўриқ”), инқилоб (“Тинч Дон”), уруш (“Улар ватан учун жанг қилдилар”) тўғрисида асосан учта асар ёзди ва тарихда қолди.

Навоий бобомиз эса ўзаро майда уруш, низолар даврида яшаса-да, қўлига қилич олиб уришмади. Дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳомийлигида асосан тинч яшади. Бу унинг даҳоси юксалишида ва намоён бўлишида юксак имкон ҳам бўлди.

Бизнинг йигирма икки йиллик Мустақиллик тарихимиз ҳам кам муҳлат эмас аслида. Бундай осойишта, тўкис шароит ҳам ўз бағрида улуғ ижодкорларни етиштираётган бўлса ажабмас. Бу ҳам табиий ва қонуний ҳолат. Саволга қайтиб шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозим: аввал ёзувчининг ўзида эътиқод бўлсин. Яъни, қалбидаги Худони танисин. Бошқалари бундан кейинги юмушлар. Бировни ахлоқсизликдан, гуноҳдан тийил, деб айтиш учун ушбу сўз эгасининг ўзи иймон-эътиқоди бардам бўлгани тузук-да. Бир вақт мен “ЎзАС” газетасида Б.Каримнинг “Далойил” ўқиётган Юсуфбек ҳожи” деган мақоласини ўқиб эдим. “Далойил”ни маълум бир даражага етган олим инсонларгина мағзини чақиб мутолаа қиларкан. Бу энди ўз-ўзидан Қодирийнинг даражасини ҳам белгилайди.

— Замондош қаҳрамонлар адабий қиёфасига ёндашганда уларни қандай тасвирламоқ лозим? Бу, албатта, ёзувчи маҳоратига қараб ўз натижасини беради. Сизнинг замон қаҳрамонингиз ким?

— Рус танқидчилари ХIХ асрда “Обломов” асари дунёга келганида у мешчан, маишатпараст, хомсемиз зотни “ана, замонамизнинг қаҳрамони, ҳақиқий рус қиёфаси” деб таърифлашди. Лермонтов “Замонамиз қаҳрамони” деб қисса ёзган эди, танқидчилар “дарвоқе, замонамиз қаҳрамони шу бўлади”, дейишди. “Евгений Онегин” поэмаси яратилганда эса Онегиннинг барча ахлоқий жиҳатларидан қатъи назар “ҳақиқий рус башараси шу-ку”, деб қолишди. Демоқчиманки, адабиётда қаҳрамонлар яратилаверади. Улар қайсидир фазилатлари ёхуд қусурлари билан типдирлар. Аммо, таассуфки, бизнинг мустақил замонимизнинг қаҳрамонлари адабиётимизда ҳали тўла бўй кўрсатгани йўқ. Шукур ака “Динозавр” романида зиёлининг янги даврдаги аҳвол-руҳиясини, фожиасини ҳам кўрсатиб бера олди. Лекин романнинг ўзи ўқувчи қўлига китоб ҳолида етиб боргани йўқ.

Назаримда, бадиий насрда қаҳрамон масаласи бир қадар турғунлик касб этаётгандай. Лекин албатта у яратилади, балки яратилаётгандир. Халқимиз дунё ҳамжамиятида мустақил давлат бўлиб, ғурури, шаъни, ор-номуси билан бирга меҳнаткашлиги, фидоийлиги, раҳбарлиги, маданияти жиҳатдан бировдан зиёд бўлса зиёдки, асло кам эмаслигини кўрсатди. Эҳтимол, бундай кезда бадиий публицистика, ҳужжатли наср ҳам байроқдор бўлиши мумкин эди. Ахир, ёзувчиларимиз қат-қат очерклар, узундан-узун мақолалар ёзиб қизил шўрони мақтаб обрў олар эдилар. Бугун ундай қуруқ мақтов-мадҳияга ҳожат йўқ. Ватан ўзимизники, шу заҳматкаш одамлар азиз замондошларимиз бўлгандан кейин, ёзувчи материални қаердан олиши кераклиги ўз-ўзидан аёнлашади. Шунинг учун ҳам ижод кишиси ўзининг мустаҳкам позициясини билдириб, холис фикр айтиб, керак бўлса бадиий-публицистик асарлари билан мунтазам қатнашиб туриши керак. Чунки ёзувчи барибир ўз асари, чиқиши орқали одамлар онгига таъсир ўтказа олади. Сабаби халқ ёзувчиларни пешқадам зиёли, энг ақлли инсонлар деб тушунади. Аслида ҳам шундай. Ҳа, бугун фаоллашиш зарурияти ҳар қачонгидан ҳам каттароқ.

— Кишиларимизни, айниқса, техник тараққиёт ва ёпирилиб келаётган “оммавий маданият” бўҳронларига пок, ишонувчан назар билан қараб турган ёшларни китобга, яъни эзгуликка қайтаришдек долзарб муаммо бугунги кун адибини ҳаммадан ҳам кўпроқ безовта қилса керак…

— “Оммавий маданият” деган гапни ўзимиз кўп ишлатсак ҳам унинг таъсири ва бўлғуси асорати ҳақида етарлича жон куйдирмаётганга ўхшаймиз. Энг ёмони — ҳиссизлик. Ғарбда балки ирғишлаб ўйнамоқ аввалдан одатдир. Американинг аввал-бошдаги эгалари ҳиндулар ҳам ўз одатига кўра ирғишлагандир. Бу энди унинг феъли, ўрганган расми. Бора-бора тор, енгил, калта кийимлар урф бўлиб, ҳаракатлар ҳам бир қадар такомил топган кўринишга кириб, бўксани ликиллатиш даражасига чиқди. Ўғлимиз ё қизимиз базм ёки дўстининг тўйида чучмал қўшиқчининг чучмал қўшиғига боягидай ликилловчи ҳаракатлар билан ўйнаб кетса “оббо” дейиш ўрнига қувватлаб турамиз. Тутуруқсиз қўшиққа бефарқлик у ёқда турсин, уни тарғиб қилишга ҳам киришиб, бу ҳам етмагандай чапак чаляпмиз. Мақом, лирик қўшиқлар яхши, қолгани бекор дейишимиз ҳам маҳдудликдир, балки. Дунё эстрада юлдузлари, хусусан Майкл Жексон ижодида ҳам эзгуликка, инсонийликка дахлдор нималарнидир кўрамиз. Ўзимиздаги эстрада қўшиқларида одамга ёқувчи ритмика, авж, эркалаш, севги, халқона оҳанг ҳам бор. Бошдан-оёқ шаталоқ отишга мўлжалланмаган. Биргина Ботир Зокировни ­эсланг…

Муҳаммад Юсуф қон-қони билан халқчил, туғма, эркалиги ўзига ярашган шоир эди. Шеъриятда эса М.Юсуф раҳматликнинг чўнтагидан тушиб қолган бир “тўда” пайдо бўлди. Қўйиб берсанг, тўшак воқеасини ҳам шеърга, қўшиққа солади. Ўқимаслик улар учун фазилат. “Фалон қўшиқчи менинг шеъримни айтяптими, демак, зўрман”, дейди. Дарахтни силкитсанг, пишгани тушади. Хом, етилмагани жойида қолаверади. Табиат ўзи ҳар нарса учун андоза бериб қўйибди-ку.

— Ғарбда чинакам адабиётга бўлган талаб ва эътибор жуда ночор, деб эшитаман. Бугун ёшларга, адабий жараёнга ўзимиздаги муносабат тамоман бошқа. Шундай бўлса-да, йилига камида ўнта етук роман, йигирмалаб қиссани журналхонларга тақдим этаётган “Жаҳон адабиёти”, адабий асарлар тарғиботида етакчи бўлган “Ёшлик”, “Тафаккур” журналларининг жами нусхаси эллик минг ҳам чиқмас-ов. Гарчи, дунёнинг бирорта нуқтасида биздагидек мамлакат миқёсида маънавият тадбирлари, китоб байрамлари бўлаётгани йўқ. Бу ҳолни қандай изоҳлайсиз?

— Замонавий давлатчилигимизда маънавиятга, унинг ўзак-асосини ташкил этувчи адабиётга ўта муҳим йўналиш сифатида қаралиб, давлат раҳбарининг ўзи ҳомий бўлиб туриши бирон жойда йўқ. Президентимиз аввал-бошдан теран маънавий илдизларимиз, улуғ аждодларимизнинг бой меросига эҳтиром, улардан ёшларимизни маънан баркамол, эътиқодли қилиб вояга етиштиришда кенг фойдаланиш, дарс соатларига киритиш сиёсатини юргизиб келади.

Мана, Ғарб мамлакатларини олинг. Ғарбда чинакам адабиётга бўлган талаб, эътибор ночор деб секин айтасизми — умуман бўлмаган. Уилям Фолкнер кун кўриш, тирикчилик ўтказиш учунгина кинога мослаб роман, киноқиссаларга қўл уриб турган. Ўша асарлари жуда тез тарқалиб, қўлига мўмай пул ҳам кирган. Лекин вақт ўтиб тағин жиддий адабиёт билан машғул бўлганида яна эътибордан қолган…

Достоевский энг машҳур романларини ҳам буюртма билан — аввал қалам ҳақини олиб, сўнг ёзишга киришган пайтлари бўлган.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар китобхонлиги билан бугунгисини таққослаб бўлмайди. Яқинда 28 ёшга кирган бир инсонга “Толстой деган ёзувчи асарларини биласизми?”, деб савол бериб, елка қисганидан ҳайрон қолдим. “Балки Толстой деб эшитгандирсиз?” десам, яна ўша аҳвол. Рус тилини билмассиз, шунинг учун эшитмаган чиқарсиз”, деб ёлғондан вазиятни юмшатишга уриндиму, унинг мақтанганнамо “умуман билмайман” дейишини кўриб негадир ўзимни ҳам ёмон кўриб кетдим: шунча тиришиб-тирмашиб ёзиб ётган адиблар аслида лайлак ҳайдаб юрган экан-да… Тўғрисини айтай: у инсон олий маълумотли эмас, бироқ ўрта махсус таълим эгаси, мактабда дарс ­беради.

Бунақа жоҳилларни кўрганда дилинг хуфтон бўлади. Адабиётга дахлдор нашрлар, алалхусус, журнал-газеталарнинг жами тиражи 25 минг нусхага ҳам бормайди. У ёғини сўрасангиз, Россия адабий нашрларининг аҳволи бизникидан анча хароб. “Ёшлик” журналининг шу йилги 3-сони 6660 дона чиқди. Журнал қўлдан-қўлга ўтиб ўқилишини ҳисобга олсак, ўқувчилар сони бундан кўпроқ дейиш мумкин. 150 миллиондан ортиқ халқ яшайдиган Россиядаги нуфузли “Дружба народов”, “Новый мир” журналларининг адади бизникидан анча кам. 1988 йилги бир маълумот эсимда: Бутуниттифоқ журнали ҳисобланмиш “Юность”ники 400 мингтага етмагани ҳолда “Ёшлик”ники 800 минг нусхадан ортиқ эди. Демоқчиманки, китобхонлик масаласи ҳамма жойдаги муаммо, лекин ўзбеклар ҳеч вақтда адабиётдан йироқлашиб кетмаган. Бизда тинимсиз суратда китобхонлик ва маънавий тадбирлар — уларда шоир-ёзувчилар, уларнинг асарлари, адабиёт тарғиботи масаласида гап бўлгани боис оммалашувига таъсири бор, албатта.

— Ҳозирда нашриётларимизда бешинчи синф ўқувчисининг шеърий тўплами ҳам, Навоийнинг тўла асарлари ҳам нашр этиляпти. Буни “Майли-да, ёмон йўлга кирмай шеър ёзса, яхши-ку”, дея баҳолайдиганлар ҳам бор. “Ёшлик” журналининг “Неваракулча”, “Биринчи учрашув” рукнларида берилаётган асарлар даражасида ҳам гоҳо ўша “Майли-да…” дегандек муносабат кўриниб қолади… Тўғри, бу катта ­мавзу, аммо…

— Навоий даврида “Ёшлик” журнали тугул манаман деган шоирлар шеърларини жамловчи баёзлар ҳам йўқ эди. Китоблар сони ҳам ҳаттотларнинг қўл меҳнати ва заҳматига боғлиқ экани уларнинг нусхалари жуда кўп бўлмаганидан, демакким, асосан хослар ўқиганидан далолат беради. Ҳазратнинг ўзи қолдирган маълумотларга кўра, ўша вақтда Мовароуннаҳрнинг ўзида юзлаб етук шоирлар баравар ижод қилишган, нафис мажлислар тез-тез бўлиб турган. Шундоқ экан, саволда энди: Кимлар қолди?

Бугун аниқ статистик маълумот олишга бошингиз қотар, бироқ минглаб шоир-ёзувчилар ижод қилаётгани ва улар учун юзлаб матбуот минбарлари, яна юзлаб нашриёт эшиклари очиқ тургани ҳам бор гап.

Бу яхшими, ёмонми? Аввало, яхши дейишимиз керак! Чунки рағбат бор, сўз айтишга эҳтиёж бор. Конституциямиз белгилаб қўйган сўз эркинлиги мавжуд. Бу эркинлик юз йил давомида бўғиб ҳам келинган эди-ку. Ватан ҳақида шеър ёзишдан аввал, албатта, халқлар дўстлиги масаласини ўйлашинг керак эди. Қалбингда Ўзбекистонни севсанг ҳам шеърингда шўрони куйлашинг керак эди.

Вақти-замони келиб Абдулла ­Орипов, Эркин Воҳидовга муносиб издошлар етишиб чиқишининг ўзи катта гап. Бизда муҳими ижодий пойдевор, база бор, давлат етарли шарт-шароит яратди. Яхши асарлар ёзиш керак, холос.

“Майли-да…” Аввал ҳам шундай эди, энди… Сирасини айтганда “Ёшлик” адабий матбуотнинг биргина тури. У бир ўзи умумадабиётга қараганда жуда устун туриши ҳам мантиқсиздир. Лекин имкон қадар баланд савия учун интиламиз. Бу ҳам бор гап.

— Профессионализмни адабиётнинг муҳим ҳодисаси сифатида қадрлайсиз чоғи, ҳозир ҳам бир неча бор бу сўзни такрорладингиз…

— Тўғри, мен профессионализмни ёзувчининг бирламчи маҳорати сифатида қабул қиламан. Дейлик, унча оламшумул бўлмаган воқеалар ҳақида ҳам жуда яхши асар битиш мумкин. Шоша-пиша ваҳимали мавзуда, тез обрў олиш истагида ёзилган асардан зўр бир табиат манзарасини сўз маҳорати билан чизиб берган адибнинг миттигина қатрасини баланд қўйишим мумкин.

Русларда профессионал ёзувчилар кўп: Паустовский, Катаев, Казаков, Пришвин… Бизда кам. Иккиланмай Шукур акани тилга олиш мумкин. У киши ҳикоясида, овга чиқса, тезроқ бир ҳайвон чиқса экан, отақолса экан, деймиз. Бу сизнинг анъанавий ҳикоячиликка кўникиб қолиб бошқасини қабул қилолмаётганингизни билдиради. Адиб эса атайлаб сизни бошқа ёқларга етаклаб юради.

Сетон-Томпсонда ҳайвонлар ҳаётини одамникидай қизиқарли қилиб тасвирлаш маҳорати бор. Ш.Холмирзаевнинг “От йили” қиссасини ҳам шу қаторга киритардим.

А.Аъзамда диалоглар табиийлигини, ҳолатларнинг йўсинини керакли сўз ва деталлар воситасида жонли ифодалаб бера олиш устунлиги бор. Воқелик билан бошқа воқеликни боғлашда ҳам, туйғуларнинг кечиши ва отини айтишда ҳам ажабтовур усуллар қўллайди. Булар бариси бир сўз билан профессионализм дейилади.

Қадимда достончи, қиссагўй боболаримиз бўлган. Бири жуда қизиқ воқеани нўноқлик билан сўзласа, бири унча эътибор берилмайдиган жиҳатлари билан обдон гапни оборади: ўзи ҳам кулади, бошқаларни ҳам кулдиради ёки ўзи жиддий туриб бошқаларни кулдира олади. Ўзи кулиб туриб тингловчиларни йиғлата оладиганларни ҳам кўрганман. Ўзингиз ҳам биласиз бундайларни, бир эсланг.

Профессионализм ҳам тахминан шу нарса.

Шодмонқул Салом суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 21-сонидан олинди.