Ўтган ХХ аср адабий-илмий муҳитида кечган жараёнларни пухта таҳлил этиб, шу асосда келажак режаларини тузиш адабиётшуносларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зотан, ушбу аср миллий адабиётимизда уйғониш, янгиланиш даврини бошлаб бергани, шу билан бирга, истибдод мафкураси тазйиқу тақиқлари унинг сўнгги йиллиги эса эркин мушоҳада юритиш ва фикр айтиш имконини яратгани билан тарих саҳифаларида қолди.
Модомики, гап давр билан боғлиқ ҳолда адабиётшунослик ҳақида кетар экан, мустабид тузум бу борада ҳам ўзининг “чандиқли” изларини қолдирганига тўхталмасдан ўта олмаймиз. Чунки ўтган асрда айни шу мафкура учун хизмат қиладиган, бадиий савияси паст бўлса-да “кўтар-кўтар” қилинган асарлар яратилиши билан бирга шу тузум қолипида илмнамо ишлар ҳам қилинганки, буларнинг бари ўз навбатида, бизнинг дунё адабиёти, адабиётшунослиги сари интилиб қадам ташлашимизни секинлаштирди.
Албатта, бу ўринда “Чинакам истеъдоднинг ўзини кўрсатиши учун даврни баҳона қилишнинг кераги йўқ. Чунки Худо берган истеъдод қуёш янглиғ барибир ўзини кўрсатади” деган ҳақли эътирозни ҳам билдириш мумкин. Аммо умумий олиб қараганда барибир ҳукмронлик ўз кучини кўрсатганини асло инкор этиб бўлмайди.
Адабий-илмий нуқтаи назардан олиб қаралса, ХХ асрда жаҳон адабиётида, адабиётшунослигида чиндан-да олға силжишлар бўлди. Бу асрда мамлакатимизда кечган адабий жараённи, муҳитни ана шу юқори мезонлар асосида пухта ўрганишимиз ва янгиланаётган назарий тамойиллар уйғунлигида илм яратиш олдинда турган жуда ҳам муҳим вазифа эканини асло ёддан чиқармаслик лозим. Қувонарлиси, бу йўлдаги изланишлар аста-секин бўй кўрсатиб, салмоқли тадқиқотлар яратилмоқда. Таниқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримнинг кейинги йилларда чоп этилган “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” номли китоби бунга ёрқин бир мисол бўла олади.
Абдулла Қодирий ҳақида ўнлаб китоблар, юзлаб адабий-танқидий мақолалар ёзилган. Уларда адиб ижоди, ҳаётига тегишли бўлган маълумотлар турлича талқин қилинган. Буни дейлик, кейинги чорак аср давомида адабий-илмий муҳитда кечаётган жараёнларни кузатиб юрган нафақат адабиётшунос, балки адабиёт муҳиби бўлган киши ҳам яхши билади.
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида изланишлар олиб бориб, салмоқли тадқиқотлар яратган олим бу китобида ўқувчига ҳали ҳеч ким айтмаган қандай илмий янгиликларни, қарашларни, муҳим маълумотларни тақдим этишни ният қилган?
Китобни мутолаа қилар экан, ўқувчи Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди тадқиқи билан боғлиқ салкам бир асрлик қимматли манбалар билан танишади. Албатта, бу ҳам керак. Аммо бу ердаги энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, адибнинг бадиий асарлари ҳамда маълумотлар жаҳон адабиётининг етакчи мезонларидан бири саналган герменевтика – талқин нуқтаи назаридан билимдонлик ва синчковлик билан талқин қилинган.
Олим бугунги кунда дунё адабиётшунослигида герменевтикани адабий талқин таълимоти, талқин назарияси сифатида адабий танқидчилик ва адабиётшунослик учун методологик асос қилиб олишга уринишлар кучли эканини баён этар экан, аввало, герменевтикага доир айрим маълумотларни келтириб ўтади. Чунончи, Баҳодир Карим герменевтиканинг грекча “hermeneukos” сўзидан олинганини, унинг “тушунтирувчи”, “талқин этувчи” маъносини беришини айтиб, тарихига ҳам бир назар ташлайди. Унинг замонавий фалсафадаги йўналишлардан бири маъносида экани, адабиётшуносликда герменевтика ўзининг мавжуд фалсафий-назарий имкониятларини намоён қилиши ҳақида мулоҳаза юритиб, бу таълимот аниқ бир ҳолатда тўхтаб қолмаганини, унинг доирасида ҳалигача шаклланиш жараёни кечаётганини ҳам назардан қочирмаслик кераклигини зукколик билан ўқувчига уқтиради.
Одатда, илмий қарашларни ёхуд халқлар ўртасидаги маданиятларни таққослашда ўз-ўзидан “Шарқда қандай бўлган, Ғарбда-чи?” деган доимий ва асосли савол ҳам ўртага қўйилади. Олим айни бу жиҳатни асло эътибордан соқит қилмаган ҳолда шарқда ҳам герменевтик тафаккур ўзига хос шаклда мавжуд бўлганини, моҳиятига кўра “шарқ герменевтика”си ва ғарб герменевтикаси ўртасида ўхшаш, айни пайтда фарқли жиҳатлар борлигини имкон даражасида асослаб, ўзи кўзлаган мақсаддан узоқлашмаслик учун “қиёсан ўрганилиши лозим” деган таклиф билан чекланади.
Фикримизча, бу ўринда муаллифнинг ушбу маълумотлар билан чекланиши ўринли. Боиси, айни шу масаланинг ўзиёқ билимдонлик ва холислик билан чуқур ўрганиладиган илмий бир тадқиқотга мустаҳкам бир заминдир.
Баҳодир Карим герменевтиканинг кейинги бир аср давомида ўзбек адабиётшунослигида қандай тарзда намоён бўлгани ҳақидаги масалани ҳам диққат марказида ушлаган ҳолда бу борада ҳам асосли хулосалар чиқаради. Хусусан, ушбу даврда ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидчилигида бу таълимотнинг асослари илмий муомалага кирмаганини, гарчи жуда кўп ўзбек адабиётшунослари герменевтиканинг қатор принципларини ўз илмий фаолиятларида қўлласалар ҳам, ўша фикрлаш тарзи, гипотезалари, таққослари, ҳукм ва хулоса чиқариш усулларининг қайсидир жиҳати герменевтик тафаккурга дахлдорлигини хаёлига ҳам келтирмаганларини қайд этади. Олим бу фикрларини давом эттириб, ўзбек адабиётшунослигида жаҳон илм-фанидаги энг илғор назарий-фалсафий мезонларни истифода этган герменевтиканинг мустақиллик йилларида ўрганила бошлаганини алоҳида таъкидлайди. Бизнингча, Баҳодир Карим айни шу ўрганилиш жараёнларига ҳам бироз тўхталиб, айрим маълумотларни келтириб ўтса нур устига нур бўлар эди.
Муаллифнинг асосли хулосаларидан яна бири “Ўзбек адабиётшунослигида герменевтиканинг муайян адиб ижодига татбиқи қониқарли эмас” деган фикрида ўз ифодасини топган. Назаримизда, бу фикр жуда тўғри бўлиб, ўз навбатида, олимнинг қодирийшунослик асосига қурилган мазкур тадқиқоти адиб ҳаёти ва ижодига оид илмий-адабий манбаларни герменевтик тафаккур маҳсули сифатида ўрганиш йўлидаги муҳим бир қадамдир.
Баҳодир Карим китобда қодирийшунослик билан боғлиқ масалаларни мантиқий, изчил ва асосли равишда ёритар экан, Абдулла Қодирий бадиий асарларининг поэтик концепциясини, ижодкор идеалини, қолаверса, ўз даври адабий танқидчиларининг Қодирий ижодига ва шахсиятига бўлган муносабатларини замона муҳити билан боғлиқ ҳолда теран тарзда ўқувчиларга тушунтиришга ҳаракат қилади. Масалан, олим Сотти Ҳусайн, Миён Бузрук, Айн (Олим Шарафиддинов) каби “танқидчи”ларнинг мақолаларини атрофлича ўрганиб, уларнинг адиб асарларига энг аввало, сиёсий-мафкуравий нуқтаи назардан ёндашганини, бу эса вульгарлашган ва субъективлашган қарашларнинг шаклланишига хизмат қилганини аниқ мисоллар билан кўрсатиб беради. У ҳар бир ҳолатда холислик ва ҳаққонийлик билан иш тутиб, бу “танқидчи”ларнинг ўзлари билиб-билмаган ҳолда Қодирий маҳоратини “ёритиб берган”ига ҳам синчковлик билан эътибор қаратади.
Бир асарни ҳар бир киши турлича тушуниши, тушунтириши, талқин қилиши мумкин. Бу албатта, табиий ҳол. Баҳодир Карим шундан келиб чиқиб, китобда “тушуниш”, “тушунтириш”, “талқин” тушунчаларига ҳам жўяли фикрлар бериб ўтади. Ўз навбатида, қодирийшунослик борасидаги талқинлардаги хилма-хиллик негизини, бадиий талқин ва илмий талқин мувозанатини инобатга олиб, ўзаро таққослаган ҳолда ХХ асрнинг 30–60 йилларидаги, ундан кейинги ва мустақиллик даври адабиётшунослигининг илмий манзарасини таҳлилий бир тарзда намоён қилади.
Тарихий манбалар, турлича қарашлар, тушунчалар, муносабатлар… Бу каби жиҳатлар улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди мисолида яхлитлашган ҳолда мана шундай салмоқли бир тадқиқотнинг юзага келиши учун замин бўлган. Кириш ва хулоса қисмини қўшиб ҳисоблаганда ўнта бўлимдан иборат мазкур китоб ёш адабиётшуносларнинг илмий қарашларини, адабий-эстетик дидини такомиллаштириш учун муҳим манба вазифасини ўтайди. Унда дунё олимларининг адиб ҳаёти ва ижодига бўлган муносабати илова қилингани ҳам китобнинг илмий қимматини янада оширган.
Китобнинг бир бўлимини муаллиф “Руҳий эврилиш машаққати” деб номлаган. Назаримизда, бу бежиз эмас. Боиси руҳий эврилиш ҳар доим кишидан катта машаққатни талаб этган. Айни шу ҳолатни муқояса қиладиган бўлсак, адабиётимизга, адабиётшунослигимизга ҳам бу нарса жуда-жуда керак. Ана шундагина биз жаҳон адабиёти ва адабиётшунослиги билан бўйлашиш сари қадам ташлаймиз.
Биз, баъзи ҳолларда, яхши асарлар ҳақида негадир ўз вақтида муносабат билдирмаймиз. Сўз юритганимиз – Баҳодир Каримнинг ушбу китоби нашр этилганига ҳам тўрт йил тўлмоқда. Мақолани ёзиш жараёнида ушбу китоб ҳақида эълон қилинган мақолалар ёки фикр-мулоҳазаларни ҳам қидириб кўрдим, бироқ жўяли бир нарса тополмадим. Бир қаршда иддаога ўхшаб кетадиган бу мулоҳазани келтиришимдан мақсад шуки, яратилаётган ҳар бир салмоқли тадқиқот адабий танқидчиликда ўз вақтида муносиб баҳосини олмоғи керак. Ана шундагина олдинга силжиш, ривожланиш бўлади.
__________________
Содиқ Норбоев – 1982 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Илмий-адабий мақолалари билан матбуотда қатнашиб туради. Айни пайтда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телерадиоканалида фаолият юритмоқда.