Сирожиддин Саййид. Йўлбарс наъраси

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида, Бобурийлар салтанати ва сулоласи, “Бобурнома” ва Бобур шеърияти тўғрисида жаҳон тарихида ҳам, адабиётида ҳам жуда кўп ёзилган. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Не мулк ичраки бир фармон йибордим, Анинг забтига бир девон йибордим” байтлари айнан ҳазрати Бобур ижодига ҳам тааллуқлидир, десак асло муболаға бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, диёру ёр соғинчи билан бир умр армонда ўтган Мирзо Бобурнинг номи-довруғи, ул зотнинг Тожмаҳалдан ҳам зўр маънавий-маърифий қўрғони “Бобурнома” асари, ўтлуғ ғазалларию беназир ижоди жангсиз-суронсиз жаҳон мулкини забт этди. Шу маънода ҳозирга қадар жаҳонгир боболарига муносиб Темурийзода сифатида жаҳон тарихи ва тамаддунида наслу насабига лойиқ баланд мақомини сақлаб келаётир.

Кейинги йилларда Бобур ­халқаро фондининг, бу фонднинг раиси, маърифатпарвар ва фозил инсон Зокиржон Машрабов бошчилигидаги илмий ­экспедициянинг хорижий сафарлари, саъй-ҳаракатлари давомида қўлга киритилган тарихий-бадиий китоблар, ҳужжатлар ва манбалар ўзбек бобуршунослигида янги-янги ёрқин саҳифалар очгани, натижада ҳазрати Бобур шахси, тарихи, ижоди ва довруғининг жаҳоншумул миқёси борасидаги тасаввур ва билимларимиз сезиларли даражада бойиб кенгайганини алоҳида қайд этиш керак.

Япон олими Эйжи Манонинг “Бобурнома” бўйича амалга оширган беқиёс ишлари, америкалик олим С.М.Беркнинг “Акбаршоҳ — Бобурийларнинг энг буюги”, таниқли инглиз адибаси Румер Годен хонимнинг “Гулбадан”, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарлари ва яна ўнлаб китоб ва рисолалари маънавий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Бу соҳадаги изланиш ва ўрганишлар муттасил давом этмоқда. Бобуршунослар, адиб ва шоирларимизнинг ҳам буюк аждодимиз шахси, ҳаёти ва ижодига қизиқишлари катта. Бу бебаҳо маънавий-тарихий хазинанинг вақт ўтган сайин янги-янги дуру гавҳарлари, ярқироқ олмослари топилмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлмоғи муқаррар.

Фонд илмий экспедициясининг кейинги сафарларидан бирида, Олмонияда қўлга киритилган яна бир муҳим китоби — австриялик немис олими ва ёзувчиси Фритс Вюртленинг немис тилида ёзилган “Бобур — йўлбарс” (сўзма-сўз таржимаcи “Babur, der tiger”), деб номланган саргузашт қиссасидир.

Асар муаллифининг ҳаёти ва таржимаи ҳолига доир аниқ саналарни топиш имкони бўлмади. Интернет тармоғидан олинган қисқа маълумотларга қараганда, Фритс Вюртле асосан санъат, санъатшунослик, дизайн, кино, маданият соҳаларига бағишланган асарлар ёзган. “Венеранинг қайтиши”, “Рассом ва модель” асарлари шулар жумласидан. “Бобур — йўлбарс” қиссаси унинг ягона бадиий асари бўлса керак.

Фритс Вюртле бу асарини “Бобурнома”дан таъсирланиб ёшлар учун ёзган. Китоб ўтган асрнинг 1947 йилида Австрияда (“S. Jorgl & Co” нашриёти, Вена) босилиб чиққан. Унда қуйидаги тавсифни ўқиймиз: “Ушбу қиссанинг ёш қаҳрамони Заҳириддин Муҳаммад 16-аср бошида яшаб, давлатни ­бошқарган. У 11 ёшида Фарғонага подшоҳ бўлган. Ҳиндистонда бир неча аср давомида ҳукмронлик қилган йирик сулола унинг номи билан боғлиқ. Бобур ўз бошидан кечирган воқеаларни она тилида, яъни туркий-чиғатой тилида китоб қилиб ёзган. Бу китоб “Бобурнома” деб аталади ва қўлингиздаги қисса шу асосда яратилди”.

Шунингдек, асл нусхада қисса ҳақида мухтасар ва таъсирчан муқаддима ҳам берилган. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Бу йўлбарс шундай қаҳрамонки, унинг тимсоли ёшлар қалбида оташ, ҳаяжон уйғотади. Унинг қисмати жуда ғаройиб, бир хилда кечмайди. Уни ўраб турган муҳит — сиру синоатларга тўла узоқ Туркистон сарҳадларида жойлашган Фарғона давлатида дўст ҳам, душман ҳам бисёр. Китобда ёш Заҳириддин Муҳаммаднинг ички ғалаёнлари ва саргузаштларга ўчлиги ўз ифодасини топган. У бегона юртларни ўрганишни истайди. Бу ­юртда у нимани орзиқиб истаган бўлса, ҳаммасини топади. Муаллиф буни кўнгилга хуш ёқадиган шаклда, ўзига хос ранг-барангликда тасвир этади… У шундай одамлар тимсолини яратадики, мард, жасур йигитлар жанг майдонида жунбишга келиб “Каругли!” дея ҳайқиришаркан, бу билан ўз баҳодирликларини, ҳеч нарсадан тап тортмасликларини исбот қилишади. Ёзувчи бу ерда ёшлар учун шунчаки бир қисса ёзиш чегарасидан ошиб кетган ва ёшлар ёппасига мириқиб, қўлдан қўймай ўқийдиган антиқа асар яратган. Руҳий, ақлий ҳудудлардан ташқарида ўқувчига қимматли қадриятлар даражасидаги хислатлар тақдим этиладики, булар унинг келгусидаги шаклланиш жараёнида зарур бўлади. Бу китоб ўқитувчилар, тарбиячилар, ота-оналар учун ҳам мўлжалланган, негаки ўз тарбиячилик касб-корида нимагадир эришиш, болаларга нафақат ўзига хос қувонч бағишлаш, балки бундан-да юксакроқ нимадир бера олишни истаган киши учун бу асар айни дастуруламалдир”.

Қиссанинг китоб ҳолидаги асл нусхаси Андижондаги Бобур халқаро фонди музейида сақланмоқда. Нашр вақтидан буён салкам бир одам умрича муддат — олтмиш тўрт йил ўтган бўлса-да, китоб яхши сақланган, қоғозлари, бичими ва босмаси сифатли. Ҳазрати Бобурнинг номи, шаъну шавкати янглиғ, давру замонларнинг шамоллари бу китобга ҳам дахл қилолмаган. Яна бир жиҳати шундаки, ушбу асар бутун жаҳон ва инсоният Иккинчи жаҳон урушидан қутилган бир пайтда, фашизм балоси Ер юзидан тугатилганига эндигина икки йил бўлган бир даврда нашр этилгани билан ҳам муҳимдир. Бунинг рамзий маъноси бор. Яъни Ер юзини қилич ва қурол-яроғ билан эмас, маърифат ила, илму адабиёт, шеъру ғазал билан фатҳ этмоқнинг нақадар эзгу ва улуғлигига ишора қилинмоқда.

Асарни олмон тилидан заҳматкаш олима Янглиш Эгамова ўзбек тилига таржима қилган. Мутаржима опамиз атоқли немис адиби Йоган Волфганг Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асари таржимаси орқали ўқувчиларга яхши таниш. “Бобур — йўлбарс” қиссасини ўгиришга киришар экан, таржимон ўз тажриба ва маҳоратига, тарих ва адабиётга таянади. Ҳажман унча катта бўлмаган, юз бетдан сал зиёдроқ асарни мутолаа қилар экансиз, аввало, муаллифнинг бу қиссани Бобур сиймоси ва шахсиятига, у туғилган юртга чексиз меҳр-муҳаббат ва эҳтиром билан ёзганининг гувоҳи бўласиз. Таржима ҳам худди шундай меҳр ва иштиёқ, завқ ва ихлос билан амалга оширилган.

Асарда “Бобурнома”нинг илк фаслини бошлаб берган, Бобуршоҳ ўзи алоҳида таъкидлаган ­“Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати бирлан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих секкиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум” деган давр, яъни отаси Умаршайх мирзо жардан учиб ҳалок бўлгандан кейин, Бобурнинг тахтга ўтирган пайтдаги қисқа бир жараёнда кечган шиддатли воқеалар қаламга олинган. Қисса муаллифи Фритс Вюртле тарихни, Бобур шахси ва ҳаётини, “Бобурнома” ва яна кўплаб бошқа манбаларни астойдил ўргангани ўқувчида иштибоҳ уйғотмайди. Унинг Темурийзодаларга, Бобурнинг насл-насабига катта эҳтиром ва хайрихоҳлик билан қараши ўқувчида ҳам муаллифнинг ўзига нисбатан худди шундай ҳурматни юзага келтиради.

Қисса “Осмондаги темир қозиқ”, “Карвонбоши”, “Умаршайх Мирзонинг ўлими”, “Оқ каптар”, “Яшил ўқ”, “Ноғора чалинди”, “Донолар урушга боради”, “Ҳарбий кенгаш”, “Отлиқлар жанги”, “Оллоҳнинг амри” сингари кичик-кичик йигирма бобдан иборат. Ўн икки ёшли подшоҳзода Бобур иштирокидаги қизғин воқеалар тафсилоти давомида муаллиф ўша даврдаги Мовароуннаҳрнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётига, ҳарбий воқеалар ва низоларга ҳам ўз билим ва тажрибаси доирасида баҳо беради. Ахси қалъасидаги вазият, Умаршайх Мирзонинг ўлимидан кейин рўй берган таҳликали ҳолатлар, садоқат ва сотқинлик манзаралари ҳаётий тамсиллар, шахслар ва ҳодисалар ёрдамида жонли лавҳалар орқали ишонарли тасвирланади. Фарғона водийсининг сўлим табиати, тоғу тошлар тасвири, обу ҳаводаги ўзгаришлар ва ҳатто Бобур Мирзо “Бобурнома”да алоҳида тилга олган “Ҳо дарвеш” даштидаги қуюн, чанг-тўзон бўронлари ҳам австриялик муаллиф назаридан четда қолмаган.

Биз ўзбек китобхони учун янгилик бўлган мазкур асар мутолаасини эътиборга олган ҳолда, ўқувчини бу имкониятдан бебаҳра қолдирмаслик учун қисса воқеаларини сўйлаб беришдан тийиламиз. Аммо таржима билан танишиш жараёнида туғилган баъзи бир фикр-мулоҳазаларни айтиб ўтишни ўринли, деб ҳиссоблаймиз. Китоб муаллифи, ким бўлишидан қатъи назар, тарих ва манбаларни нечоғли ўрганганига қарамай, у барибир ғарб кишиси. Шарқона таомиллар, одоб-ахлоқ, ёш Бобур таълим ва тарбия олган юксак ахлоқий муҳит унга бегона. Ана шу бехабарлик баъзи бир ўринларда муаллифга панд беради. Мисол учун, асардаги барча қаҳрамонлар, каттаю кичик ғарбликлар одатига кўра бир-бирига “сен”лаб мурожаат қилишади. Айтайлик, ёш Бобур уcтозини, отаcининг дўcти кекcа Қоcимбекни “cен”лайди. Шарқона удумга кўра, илмли, юкcак мартабали кишиларга (гарчи улар ёш бўлишcа ҳам), ёши улуғларга “cиз”лаб мурожаат этилади. Бу ҳам бизда миллий қадрият cаналади. Таржимада шу жиҳат инобатга олинган: зарур ҳолатларда аcар қаҳрамонлари бир-бирларига “cиз”лаб мурожаат қилишади. Айрим ўринларда перcонажлар ­нутқида ғарбона бетакаллуфлик билан қўлланилган cўзлар ҳам имкон даражаcида шарқона лутф ­билан юмшатилган.

Албатта, Фритс Вюртле муаллиф сифатида ҳар қандай бадиий восита ва услублардан, жумладан, бадиий тўқимадан ҳам фойдаланишга ҳақли. Шу маънода, ёш ­Бобур тахтга ўтирган вақтда ўттиз ёшли хушқомат, навқирон йигит бўлган Қосимбек ушбу асарда кўзлари ожиз донишманд, маслаҳатгўй мўйсафид сифатида тасвирланади. Яна бир нозик ҳолат шундан иборатки, асарда Умаршайх Мирзонинг жардан учиб ҳалок бўлиши тасодиф ё қисматдан эмас, балки Шайбонийхондан мартаба ва амал илинжида юрган сотқин беклар, аниқроғи, Ахси қаъасининг беги бошлиқ фитначилар гуруҳи томонидан уюштирилган аниқ режа асосида амалга оширилган суиқасд сифатида ифодаланади. Бу воқеа тарихий ҳақиқатга қанчалик тўғри келиши ё келмаслигидан қатъи назар, қиссада ғоят ишонарли, жонли ва таъсирчан таcвирланган. Таржимон ҳам ушбу воқеани бутун мураккаблиги билан бера олган.

Асарга муаллифнинг ўзи муносиб кўрган “Бобур — йўлбарс”, деган номга эътироз билдирмаган ҳолда, “Темурийзода”, “Андижондан чиққан йўлбарс” ёки “Андижон шаҳзодаси” номларини ҳам тавсия этган бўлардик.

Қиссада ўқувчи қалбини жимирлатадиган, ҳикмат даражасида қиёмига еткизиб берилган таъсирчан ўринлар талайгина. Мисол учун, Ахси қалъаси тасвирланар экан, бундай таърифни ўқиймиз: “Сирдарё юртимиз орқали қанча вақтдан бери оқаётган бўлса, Ахси қалъаси шунча вақтдан буён мавжуд… Бир нарса аниқ: агар қалъанинг энг баланд минорасининг энг баланд майдончасидан туриб дарёга тош отилса, тошнинг шалоплаб сувга тушганини эшитгунга қадар одам Оллоҳга уч бора шукроналик келтириб, олти карра шайтонни лаънатлашга улгуради. Ахси мамлакатдаги энг юксак қалъа, бошқа бирорта қалъа узоқдан қарасанг, бу қадар осмонўпар бўлиб кўринмайди”.

Умаршайх Мирзонинг ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ёзган хати эса бугунги кунларимиз билан ҳамоҳанг:

“Ўғлим, сенга Оллоҳнинг ўзи ёр бўлсин! Отангнинг гапларига қулоқ сол. Биласанки, мен тинчликни яхши кўраман, чунки тинч мамлакат бахтли мамлакат ҳисобланади. Мен Ахси халқининг садоқатига ишонаман. Мабодо менга бирор гап бўлса, ҳамиша ёдингда бўлсин: кимки вақт синовларига дош бера оладиган уй қуришни истаса, ­ғиштни тўғри терсин, қоришмани эзилган халқ кўзёшида тайёрламасин! Муқаддас китобимизда ёзилган гапни ёдингда тут: Оллоҳ Ер ва осмонни бизга эрмак учун яратмаган! Ҳамиша тажрибали, оқил кишиларнинг маслаҳатига қулоқ тут, енгилтаклик қилиб уларни эътиборсиз қолдирма. Бироқ маслаҳат берган ҳар қандай одам ҳам тажрибали ҳисобланавермайди. Сен эса, менинг ўғлим ва меросхў­римсан, сен ёшсан, жасурсан, ҳамиша ақлли ва мулоҳазали бўл”.

Андижондан чиққан йўлбарс наърасини олис Австрия ўлкасида туриб эшитган, меҳр-муҳаббати, иззат-эҳтиромини қўшиб, бизнинг улуғ аждодимиз ҳаётидан чиройли китоб битиб бизга мерос қолдирган, Темурийзода султонимиз шаъни-шарафи оламаро таралишида ўзининг беназир ҳиссасини қўшган жаноб Фритс Вюртле номи олдида таъзим бажо ­келтирамиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 31-сонидан олинди.