Ўтган аср ўзбек адабий ва театр танқидчилигида сезиларли из қолдирган сиймолардан бири самарқандлик шоир ва мунаққид, тожик тили грамматикаси муаллифи Вадуд Маҳмуддир(1898-1976). У ўз даврида шўро мафкурачилари ва комфирқа томонидан кескин таъқиб қилинди, маданиятчилар қурултойида Чўлпон, Фитрат, Элбек ва бошқалар қатори маънавий калтакланди, қувилди.
Вадуд Маҳмуд ўзбек адабиётига кўпгина замондош ва тенгдошлари қатори мадраса илми билан кириб келди. Унинг бадиий-эстетик қарашлари хусусий мутолаасининг кучлилиги туфайли ўзига хос тарзда шаклланган эди. Кейинчалик турк ҳамда рус адабиёти ва адабиётшунослиги билан кенгроқ танишуви натижасида дунёқараши янада кенгайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул Шомуҳамедов янги ижтимоий ҳаёт билан таништирган бўлсалар, Фитрат уни маърифат, маданият ва адабиётнинг мутлақо янги оламига олиб кирди…
Вадуд Маҳмуд Самарқанд вилояти Юқори Дарғом туманининг Тойлоқ қишлоғида Маҳмуд Пирмуҳамедов ва Анвара Пирмуҳамедова оиласида туғилган. Етти ёшида отадан етим қолгач, онасининг Ражабамин қишлоғидаги ҳовлисига кўчиб борадилар. Ўз сўзига қараганда, уларнинг 12 таноб ери, бир сигир ва икки бош қўйи ҳамда боғи бўлиб, синглиси Сабоҳат, жияни Мунира ва Ҳамид унинг қарамоғида яшаганлар. У Ражабаминдаги муаллим Абдуқодир Шакурийнинг мактабида, унинг рафиқаси Розия отин ва шахсан Шакурийнинг ўзидан таълим олади. 1912-1913 йиллари устози Шакурий Истанбулга бориб, мактаб ишлари билан танишиб қайтади. Устози Туркиядан келтирган адабиётларни ўқиб, турк наср ва назмидаги янгиликлар билан ошно бўлади. «Шакурий турк-татар мафкурасини жуда ҳурмат қилиб, уларнинг мафкураси таъсирида эди. Уларнинг фанини илғор ҳисоблар эди», дейди В.Маҳмуд. У қози Ҳайдарбек Абусаидовдан ҳам сабоқ олади. Чамаси, 1915-1916 йиллари Шаҳрисабзда ўқитувчилик қилаётган Фитрат Шакурий билан фикрлашган
и келади ва ёш Вадуд билан танишади. Бухоро ва Самарқанд ёшлари орасида анча машҳур бўлган Абдурауф Фитрат ва муаллим Исмоил Садрий билан биродар тутиниши натижасида улардан шоир Муҳаммадаминбек Юрдақул шеърлари ва исми номаълум адибнинг «Буюк Турон» романини олиб ўқиб чиқади. «Биз Муҳаммадаминбек шеърларини қўшиқ қилиб айтар эдик», дейди Вадуд Маҳмуд кўрсатмаларидан бирида. Шу даврда Абдуқодир Каримов, Акобир Шомансуров каби маърифат фидойилари билан дўстлашади. Бу ижтимоий-адабий муҳит Вадуд Маҳмуднинг тафаккурига таъсир кўрсатмай қолмади. 1917 йил куз фаслида Фитрат бир неча Самарқанд ва Бухоро ёшлари қатори уни Уфага олиб бориб, Мадрасаи Олияга жойлаштиради. Ўзи ҳам ўша ерда 20-30 кун туриб, ишни пишитиб қайтади. Маҳмудий 1918 йил баҳор фаслида таҳсилни тугатиб, махсус ҳужжат билан Тошкентга келади, сўнг Самарқандга қайтади. Ёз ойигача педагогика курсида ўқийди. 1919-1925 йиллари ўқитувчилик қилади. Аммо бу орада Бухнернинг «Модда ва қувват» асари билан таниша
ди ҳамда ашаддий материалистга айланади. 1919-1921 йиллари комфирқага киради ва Самарқанд шаҳар маориф бўлимига мудир этиб тайинланади. Тахминан, 1922 йили Жиззах шаҳар маориф бўлими мудири вазифасига ўтказилади. 1923 йили Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат университетининг иқтисод факултетида ўқийди. Орадан кўп ўтмай Самарқанд педагогика институтига мудир бўлади, аммо кимларгадир феъли ёқмай қолгани учун яна Самарқанд маориф бошқармасига мудир этиб ўтказилади.
Вадуд Маҳмуд 1930 йил 18 августда берган кўрсатмасида шундай дейди: «Таъкидлашим керакки, инқилоб вақтида менинг мафкурам бир неча марта ўзгарди. Болалик ва ўсмирлик пайтимда диний руҳда тарбияландим. 1917 йили «Модда ва қувват» билан танишиб, дин билан алоқамни уздим… Аста-секин ўзим сезмаган ҳолда Қуръон ўқиш билан шуғулланиб, айрим сура-оятларнинг қироати вақтида йиғлайдиган бўлдим, шундай қилиб, бошимда саллаю, яна диндор одам бўлиб қолдим».
Абдурауф Фитрат 1919-1920 йиллари Тошкентда яшагани, «Чиғатой гурунги» уюшмасини расмий ташкил этиб, «Тонг» журналини нашр эттиргани кўпчиликка маълум. Ана шу пайтда у Вадуд Маҳмудни Чўлпон, Элбек, Боту билан таништиради. Улар чин дўст, айниқса, Чўлпон билан ижодий масалада ўзаро маслаҳатлашадиган маслакдошларга айланадилар. (У Самарқандга қайтгач, «Чиғатой гурунги»нинг бўлагини ташкил этади.) Вадуд Маҳмуд Тошкентдалик кезлари Фитрат ва Чўлпон ёрдамида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Обиджон Маҳмудов, Наби Расулов, Толибжон Мусабоев, Салимхон Тиллахонов, Лазиз Азиззода, Ҳусайнхон Ниёзий, Саидалихўжа Усмонхўжаев, Эшонхўжа Хоний, Шоҳид Эсон, Тангриқул Мақсудий каби ватанпарвар зиёлилар билан танишади. Бухоро инқилобидан сўнг Фитрат таклифи билан Бухорога бориб, маориф соҳасида фаолият олиб боради. Бухородан яна Самарқандга қайтиб, маориф бошқармасида ишлашни давом эттиради. Аммо аллакимларнингдир таъсири билан 1923 йили вазифасидан ноҳақ четлаштирилади. Бу ҳақда
Абдулҳамид Сулаймон-Чўлпон «Туркистон» газетасида норозилик билдиради. У шу йили фирқадан ўз ихтиёри билан чиқади. 1925 йили Москвага бориб, Адабиёт ва санъат институтига ўқишга киради. 1930 йил 22 август кўрсатмаларида хотирлашича, Москвадалик пайтида Муҳиддинқори Ёқубов, Абдулҳай Тожиев, Шокир Сулаймон, Боту, Восил Муҳаммадиев, Ишоқ қори Каримов билан учрашиб туради.
Хуллас, Вадуд Маҳмуднинг Москвадаги ҳаёти ажиб тарзда кечди: илмга чанқоқ бўлгани учун Туркия элчихонаси билан алоқа ўрнатиб, элчихонадан 12та турк адабиётига оид китоб олади, «Ҳокими миллия» газетаси билан кутубхоналар орқали танишиб боради, Шарқ халқлари нашриётида директор бўлиб ишлаётган Назир Тўрақулов ёрдамида туркча китобларни мутолаа қилади, Умар Хайём билан танишади.
У ердан 1926 йили Самарқандга келади. Бу ердаги ишларини битириб яна ўқишга қайтмоқчи бўлганда, маориф комиссари Д.Ризаевнинг топшириғи билан «Маориф ва ўқитғувчи» журналида масъул котиб лавозимида фаолият олиб боради. Аммо орадан бир ярим йил ўтгач, мафкурага тўғри келмайдиган мақолалар эълон қилдинг, деган баҳона билан ишдан четлаштирилади.
1928 йилдан матбуот ва маориф ишларидан четлашиб, давлат нашриёти ва турли ташкилотларда таржимонлик билан кун кечиради. Аммо унинг адабий-бадиий қувватини сезган Чўлпонга ўхшаган дўст ва замондошлари уни кўпроқ бадиий ижод билан шуғулланишга йўналтиришга ҳаракат қиладилар.
Вадуд Маҳмуд1919-1930 йиллари Туркистон, Бухоро матбуотида фаол иштирок этади. Чўлпон, Фитрат ижоди ҳақида мақола-тақризлар ёзади. Ўзбек шоирлари, хусусан, Чўлпон ва Фитрат ижоди ҳақида Абдураҳмон Саъдий билан «Туркистон» ва «Зарафшон» газеталари саҳифаларида баҳс олиб боради. Севимли адиб дўстлари фаолияти ҳақида ҳали куч олмаган болшавойча дунёқараш нуқтаи назаридан эмас, балки инсонни камолотга, гўзаллик манзилларига чорлаш нуқтаи назаридан фикр юритади. Чиғаноқ ичига яширинган дур цингари сўз оғушидаги ўткир ва теран маънолар, парвозлантирувчи, қалбларни порлатувчи сулув тимсоллар, рамзлар, ташбеҳлар хусусида фикр юритади. 1925-1928 йиллари «Маориф ва ўқитғувчи» журнали, «Қизил байроқ», «Туркистон» газеталарида босилган Фитрат, Чўлпон, Сиддиқий-Ажзийга бағишланган мақолалари, хусусан, Чўлпоннинг «Булоқлар» тўплами, Фитратнинг «Чин севиш» ва «Ҳинд ихтилолчилари» пиесаларига бағишланган мақолалари фикримизга далил бўла олади. Ўша даврда унга «Қизил қалам»
уюшмасида Чўлпон ижоди ҳақида маъруза қилиш топширилади. Вадуд Маҳмуд ўз маърузасида Чўлпонни танқид этишга эмас, балки унинг ижоди бадиий хусусиятларини кашф этишга интилади. Шоир Олтой ва қаламкаш Носир Саиднинг 1930 йил 8-12 августда берган кўрсатмаларига қараганда, Вадуд Маҳмуд 1925 йилги маърузасини аввал мумтоз шоирлар ижодини тарғиб қилишдан бошлаган. Бошқаларнинг эслашича, у Машраб ижодини Чўлпон ижоди билан чоғиштирган.
Унинг ўзи 1930 йил 23 августдаги кўрсатмасида: «Менга Чўлпон ҳақида маъруза қилишни топширишди, мен Чўлпон шеърларининг Машраб шеърларига ўхшаш томонларини муқояса қилганимда, шўро зиёлилари динни тарғиб этмоқдасан, деб айблашди. Мен буни атайлаб қилганим йўқ эди…», дейди. Шундан кейин уни адабий жараёнга жалб этишмайди. 1927 йил октябр ойида ўтган Ўзбекистон маданият ходимлари қурултойида Чўлпон билан баробар унга ҳам қаттиқ ҳужум уюштирилади, жавоб бериши учун имконият берилмайди ва шўро хунвейбинлари уни қурултойдан ҳайдаб чиқарадилар. Ана шу воқеадан кейин ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлади…
В.Маҳмуднинг фаолиятини зимдан кузатиб юрган сиёсий бошқарма ходимлари 1930 йил 17 август куни унинг уйида тинтув ўтказиб, қамоққа оладилар. Унга «миллатчилик, аксилинқилобий ташкилот фаолияти ҳақида давлат ташкилотларига хабар бермаганлик, баҳоизм билан шуғулланганликда» айб қўядилар. ОГПУ ҳайъати қошидаги махсус кенгаш 1931 йил 3 октябрда уч йил меҳнат тузатиш лагерларида ва қўшимча равишда яна уч йил мобайнида Қозоғистонда ишлашга мажбур қилади. У уч йил Тошкентда ҳибсда бўлгач, Олмаотага сургун қилинади. 1936 йил охири – 1937 йил бошларида сургундан қайтиб келади. Лекин орадан йил ўтмай, 1937 йил 18 августда «Миллий иттиҳод»нинг фаол аъзоси, ўтмишда аксилинқилобий, миллатчилик ташвиқоти олиб борганлик, машҳур миллатчи Исмоил Садрий билан алоқадорликда» айбланади ва 10 йилга Архангелск вилоятидаги Каргопол тутқунгоҳига сургун қилинади. 1944 йили мазкур тутқунгоҳда у маҳбуслар орасида баҳоизмни тарғиб қилди, деган айб билан яна 10 йилга ҳукм қилинади ва муддатни 19
59 йили тугатиб, Самарқандга қайтиб келади.
Чақимчилар Фитрат, Чўлпон Тошкент ва Самарқандда яшаган пайтлари доим уларнинг уйида ёзувчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар ва талабалар бўлганини, баҳор, ёз, куз фаслида ўтказиладиган бу аллақандай ташкилот йиғинида Вадуд Маҳмуд ҳам иштирок этганини таъкидлайдилар. Аммо Вадуд Маҳмуд 1930-1931 йиллари ўтказилган барча тергов жараёнларида ўзининг махфий ташкилот аъзоси бўлмаганини, бундай ташкилотни билмаслигини айтади. 1937 йили эса, бирон марта тергов ўтказилмай, тўғри Каргопол меҳнат тузатиш лагерига жўнатиб юборилади. У қўйилган айбни ҳам, жазо муддатини ҳам ўша ерда эшитади.
ГПУ ходимлари у сақланаётган хонага М.Исмоилов деган ёш талаба йигитни «қулоқ» сифатида бириктирадилар. У 1931 йил 14 февралдаги чақувида шундай хабар беради: «Мен билан бир хонада Вадуд Маҳмудов ва Саидносирхон тўра Камолхонтўраев ўтиришибди. Маҳмудов мен билан суҳбатда шундай деди: «1923 йил ёки ундан аввалроқ Самарқанд ижроия қўмитаси ёхуд Самарқанд КПТ(б) вилоят фирқа қўмитаси котиби Шермуҳамедов (ёки Тошмуҳамедов) мени ташкилотга аъзо бўлиш учун таклиф этди, мен рози бўлдим, лекин аъзоликка ўтмадим, буни терговда яширдим… ГПУ ходимлари менинг уйимни тинтиш вақтида бир хатни топишни эплай олмадилар. Бу Чўлпон қўли билан ёзилган махфий хат эди, мен уни Қуръон ичига яшириб қўйган эдим».
Тергов атайлаб бир йўналишда ўтказилган, яъни уни «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси сифатида айблашга қаратилган. Шу сабабли М.Исмоиловнинг хабари уларга жуда асқотган. Бироқ қайсар маҳбус ўз сўзида туриб олади.
Вадуд Маҳмуд сургун муддатини ўтаб қайтиб келгач, 1959, 1961, 1963 йиллари тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, 1930 ва 1937 йиллардаги ГПУ ва НКВД ҳамда Архангелск вилоят судининг ҳукмларини бекор қилдиради. Шундан сўнг Самарқанддан Душанбага кўчиб кетади. Илмий-бадиий ижод билан шуғулланади. «Фарҳанги забони тожик» луғатини тузишда фаол иштирок этади. Муаллими Абдулқодир Шакурий ҳақида хотира-қисса ёзиб, эълон қилади. Шўролар ҳукумати Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Турор Рисқулов, Назир Тўрақулов, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Элбек, Қаюм Рамазон, Бўлат Солиев, Миёнбузруг Солиҳов ва бошқа кўпгина зиёлилар қатори Вадуд Маҳмудни ҳам ноҳақдан ноҳақ жабрлади, аммо унинг қалбидаги халққа, Туркистонга муҳаббатини сўндира олмади. У ўзбек маданиятида ўзига хос илмий салоҳиятга эга адабиётшунос, мунаққид сифатида қолди.
“Маърифат” газетасидан олинди.