Шукур Қурбон. Бўз боласи ўзбаки сўзнинг

1. “СИЗ — МАҲАММАТ ЮСУПСИЗ-А…”

Аслида бу хотирани мен эмас, менинг тўғримда Муҳаммад Юсуф ёзганида тўғрироқ бўларди. Ҳарҳолда ундан беш-олти кўйлакни ортиқроқ кийгандим. Шоирнинг ўзи ҳам буни ҳис қилиб, менга андижонча, яъни исмимни қўшмай, ўз жигарларимдек самимият билан “ака”, деб мурожаат этарди. Шунинг учун бўлса керак, уни ўнлаб шоир-укалар қаторида инимдек ўзимга яқин олардим. Бир-биримизнинг униб-ўсган Балиқчи ва Марҳаматдаги ҳовлиларимизда бўлганимиз, хешларимизни билганимиз — бу ака-укаликни янада қалинлаштирган эди. Бугина эмас, тақдир тақозоси билан Муҳаммаджоннинг ота томонидан қадрдони, маънавият ишқибози, зукко инсон Бегижон Раҳмоновнинг туманимизда ҳокимлик қилиши нафақат менинг, балки қишлоқдошларим ҳаётида ҳам алоҳида ёрқин из қолдирди. Бегижон ака гоҳ байрам баҳона, гоҳ бошқа сабаблар билан шоирни оиласи билан бирга, тез-тез чорлар, жойларда мушоиралар ташкил этар, аҳолини унинг дилбар шеъриятидан баҳраманд қилар эди. Шу тариқа шоирнинг ўн йиллар мобайнида Балиқчига, балиқчиликлар ҳузурига ташрифи тўхтамаган. Муҳаммаджон уларнинг тўй-маъракаларида, турли давраларида иштирок этган, дўстлар орттирган. Ва, ажаб эмаски, сиз билан биз билган асарларининг баъзи ғоялари бизнинг қишлоқда ҳам туғилган.
Туманимиз Чинобод қишлоғи яқинидаги “Уч соҳил” дам олиш масканида шоир иккимиз сайр қилиб юрган эдик. Иттифоқо, ўша атрофда полизга сув қўйиб юрган бир нуроний отахон йўлимизни кесиб чиқди. Саломлашдик.
— Сиз Маҳаммат Юсупсиз-а? — шоирга юзланди отахон.
— Ҳа, Муҳаммадман, ота, — жавоб қилди шоир, ҳаммамизга қадрдон ва самимий жилмайиши ва бироз бўғиқ овози билан.
— Танидим, болам, танидим. Ҳу, ўшағдан туриб танидим. Тилвизорда кўрганман.
У Муҳаммаджоннинг қўлларидан тутиб олган, қўйиб юборгиси келмай, меҳнатда қотган кафтлари билан уларни силаб сийпарди.
— “Самарқандга борсам мен агар”ни ёзган қўлларингиз шуми?
— Ҳа, шу, ота! Ўқадими сизга ўша ашулам?
— Ўқади, болам. Жа ёқади. Оталарнинг ичини ёзгансиз, болам. Шу ашулани ёзган қўлингизни кўзимга сурай… Ота, негадир кўзлари ёшланиб, мен томонга ҳам қараб қўйди. Муҳаммаджон мени отахонга таништирган бўлди:
— Ота, бу ака Шукур Қурбон бўладилар, устозим.
— Ким? Устозингиз? Ҳа, яхши-яхши.
Мен ўнғайсиз ҳолатга тушдим.
Шоир Муҳаммад Юсуфнинг халқимиз орасида ҳурмати нечоғлик баландлигини илк бор ўшанда кўрганман. Бу бежиз эмас эди, албатта. Ўша чинободлик отахон тилга олган “Самарқанд” шеърида шоир кишиларимизнинг мустабид даврдаги изтиробини авж пардаларда жаранглатганди:
Мен дардимни кимга айтаман?
Аҳвол мамлакатимизда ўша йилларда ҳақиқатан ҳам танг бўлиб, аёллар ўзига ўт қўяётган, эркаклар “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” қатағонларини бошдан кечираётган паллалар эди. Шоир кейинчалик бу мавзуни давом эттириб, “Гдлян Иванов”, “Файзулла Бобо”, “Бобур”, “Шароф Рашидов” каби асарларини яратиб, ўзига хос жасорат кўрсатди. Хусусан, замонавий қўшиқчиликка “ҳаётбахш таҳрир киритиб”, уни қуруқ ва ҳиссиз асарлардан қайсидир маънода “тозалади”, “поклади”. Мустақиллик йилларида шоирнинг бу борада қилган ишлари, айниқса, диққатга сазовор: “Ўзингдан қўймасин, халқим”, “Ҳеч кимга бермаймиз сени”, “Халқ бўл, элим” сингари қўшиқлари мамлакатимиз маънавий ҳаётида ўзига хос воқеа бўлди.
Шоирнинг севги-муҳаббат мавзуидаги шеърларини бутун Ўзбекистон ёшлари ёд олди. Уларни қўшиқ қилиб, қанчадан-қанча ҳофизлар элга танилди, Мустақил Республикамиз юксак мукофот ва унвонлари соҳиби бўлишди.

2. ХОСИЯТЛИ ТУШ

Талабалик даврида ва ундан кейин ҳам ижара уйларда яшаб юрган шоирга, ниҳоят, Дархон маҳалласидаги кўп қаватли иморатларнинг биридан уй берадиган бўлишди. Лекин ҳадеганда уй битавермади. Битганидан кейин ҳам, ҳатто калити қўлга тегиб ҳам, унга кўчиб ўтиш пайсалга солинаверди — уни уй бошқармаси қурувчилардан қабул қилмай туриб олди. Қиш кунларидан бирида дўстлари даврасида шеърхонлик қилиб қолиб кетган шоирнинг оёғи, негадир, ўша ёққа тортди. Унгача ҳам Муҳаммаджон уйга кирган, яхши ният билан эшикка янги қулф ўрнаттирган, кўрпача, ёстиқ келтириб қўйганди. Уй қоровули кўнглини топиб, хонадонга кириб борган. Бениҳоя толиққаниданми, хоналарнинг иссиқлиги хуш ёққанми, ҳалиги кўрпачага чўзилиб, ухлаб қолган. Ва тонгга яқин туш кўрган. Тушида ям-яшил адир эмиш. Муҳаммаджон адирда ўша кўрпачада ухлаб ётганмиш. Тепасида оппоқ кийинган бир нуроний қария бошини силаб ўлтирганмиш. Ўнида чақмоқдай бир от турганмиш.
— Тур, болам, манави оқ отга мин, — деярмиш у. Бундан буёғи Муҳаммаджон кўп ўйлаб ўлтирмай, чолга миннатдорчилик билдириб, отга минганмиш. От ажиб бир салобат билан юриб кетганмиш.
Ўша куни тонг олди шоирнинг “Самарқанд” шеъри дунёга келган.

3. ИСМИ ШАРИФ

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида мен “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятининг шеърият бўлимида хизмат қилардим. Тоҳир Малик адабий котиб эдилар. Кўпчилик шоирлар қатори, Муҳаммаджоннинг шеърларидан бир даста тайёрлаб, аканинг ҳукмига ҳавола этдим. Тоҳир ака уларни ўқиб, илиқ фикр билдирдилар. Кейин қўшимча қилдилар:
— Лекин имзосини ўзгартирамиз.
— Имзосини? Нега? — ҳайрон бўлдим.
— “Муҳаммад Юсупов” эмас, “Муҳаммад Юсуф” имзоси остида эълон қиламиз бу шеърларни.
— Қандай бўларкин?
— Яхши бўлади: “Муҳаммад” ҳам, “Юсуф” ҳам Пайғамбарларимизнинг исмлари. Уларга “ов” қўшимчасини қўшиб, ўзимиздан бегоналаштирмайлик.
Мен бу фикрга қўшилдим.
— Шоир келса, розилигини олинг. Бўлмаса, менга учрашсин, ўзим тушунтириб қўяман.
Шундай қилиб, бу шеърлар “Муҳаммад Юсуф” имзоси остида ёритилди ва Ўзувчилар уюшмаси Поэзия секцияси йиллик муҳокамасида улар йилнинг энг яхши шеърлари сифатида эътироф этилди.

4. “ЙЎЛИМИЗДАН ИТ ЧИҚИБ ҚОЛДИ”

Истеъдод ўз соҳибидан ортиқ даражада машаққат чекишни, куч-қувват сарфлашни талаб қилади. Кўпинча бу саломатликни йўқотишга олиб келади. Аксар шоирлар буни одатдаги ҳол, деб билади. Ўзган асарларига маҳлиё бўлиб, йўқолган саломатлиги ҳақида қайғурмайдилар ҳам. Мухлислар-чи, буни билишмаса ҳам керак. Улар ўқиётган асарларининг савияси баланд ёки пастлигига эътибор беришади, холос. Бинобарин, Муҳаммад Юсуф узоқ йиллар давомида ошқозон-ичак хасталиги билан оғриган. Шоирнинг кўпчиликни ҳайратга солаётган ўлим ҳақидаги сатрлари ана шу хасталик азобларининг ифодаси бўлса ажабмас. Табиийки, шоир буни кўпчиликдан сир тутган. Унда ғурур, орият жуда баланд эди.
Мени кўнглига яқин олган шекилли, ошқозонимдан шикоят қилганим сабаб бўлиб, унда ҳам шундай хасталик борлиги, айни кунларда жуда қаттиқ хуруж қилаётганлиги тўғрисида гапириб қолди. Шу кунларда бир табибникига қатнаб, у берган гиёҳларни қайнатиб-ичиб, даволаниб юргандим. Натижа ёмон бўлмаётганлиги учун, Муҳаммаджонга ҳам ўша табибга учрашишни маслаҳат бердим. Агар истаса, бирга олиб боришим мумкинлигини айтдим. Шоир рози бўлди. Дам олиш кунларидан бирида Қибрай туманидаги табиб ҳузурига йўл олдик. Табибнинг маҳалласига панжара билан ўралган икки киши зўрға сиғадиган тор йўлакдан ўтиб борилар эди. Йўлакнинг ўртасига ҳали етмаган эдик, қаршимиздан бизга қараб келаётган каттакон итга кўзим тушди. Олдинда бораётганим учун юрагимни ваҳима босди: “Тишлаб олса-я!..” Шунда шоир олд тарафга ўтди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди, яна олдинга ўтиб, йўл бошладим. Юзаки қараганда, оддий ҳол. Лекин… дўст йўлидан ит чиққанда қалқон бўлиш… У шундай инсон эди.

5. “БИЛМАЙДИЛАРКИ…”

Муҳаммад Юсуфнинг юлдузли йиллари эди. Эсимда бор, Халқлар дўстлиги саройида шоирнинг ижодий кечаси бўлиши керак эди. Уни Ўзбекистон радиосига ёзиш учун бордик. Кечадан аввал шоирни мухлислари даврасида учратдим. Халақит бермай деб четга чиқдим. Бир пайт у ёнимга келди. Хурсандликдан сармаст. Шоир учун аслида муҳлис эътиборидан кўра юксакроқ бойлик йўқ, деб ўйладим. Суҳбат асносида бир сирни ичига сиғдира олмади. Мухлислари уни ўраб олиб, кастюмини ечишган ва ўзлари меҳр билан тикиб келган туморларини шоирнинг қўлтиқларига осишган экан — кўз тегмасин, деб. Туморга ишониш тўғри эмас. Лекин мухлислар муҳаббатининг рамзи сифатида шоир уларни ечиб ташлагиси келмади. Муҳаммаджоннинг мухлислар қалбини шу қадар забт этганига қойил қолдим. Тўғрироғи, ўша кунларда унинг ўзи ҳам бунга қойил эди.
— Ҳайронман, ака, нега бундай қилишди булар?
— Кўз тегмасин, дейишган-да! Яхши, Муҳаммаджон! Кўз тегмасин, ишқилиб, — дедим. — Бу кунга етганлар бор, етмаганлар бор. Ҳали бирорта шоирга мухлисларнинг ўз муҳаббатларини бу тарзда изҳор қилишганини, очиғи, мен кўрмаган эдим.
Орадан бир неча кун ўтиб, шоирни ниҳоятда тушкун ҳолатда Ғафур Ғулом номли нашриётдан чиқаверишда учратдим. Сабабини сўраб-суриштирдим. Маълум бўлишича, баъзи бир қаламкаш тенгдошлари Муҳаммад Юсуф шеърларини «рўзғорбоп», «асарларида янгилик етишмайди» — деб камситмоқчи бўлганликлари қулоғига чалинган экан. Демак, унга ҳасад қилишган, деб ўйладим. Таскин-юпанч керак. Унга Халқлар дўстлигидаги мухлисларнинг туморларидан сўз очдим. Қўшиқларининг халқоналиги борасида гапирдим. Шунингдек, унга «ташланаётганлар»нинг ўзлари сизникидақа ёзолмаганлари учун, ўзларича «шеъриятда бир янгилик ахтариб қариб кетиши» хусусида сўзладим. Сергей Есенин асарларидан мисоллар келтирдим, унинг бир дўстига ўз даврида худди шундай хужумлар бўлган пайтида ёрилганини айтиб бердим.
— Биз ҳар хил «футуризм-путуризм»ларни кўрганмиз, — деган эди Есенин. — Улар ёзаётган шаклларда ҳам жуда ёзганмиз. Энди ўз йўлимизни топиб олдик. Улар билмайдиларки, биз тўғри йўлдамиз, биз ҳали ҳаммасидан ўтамиз!!! Тўғрими?
Муҳаммаджон менинг сўзларимни тинглар экан, аста-секин кайфияти кўтарилиб жилмая бошлади. Кейин мен Есенин сўзларини келтирган китоб номини айтди:
— «В мире Есенина».
— Ҳа, баракалла! Сиз ҳам ана шу сўзларни гоҳ-гоҳ такрорлаб юринг. Аслида ёзган сиз-ку сиз ҳам ҳар хил шакл ва оҳангларда бир пайтлар.
— Ёзганман. Ҳаммасиникидан зўр ёзганман.
— Ҳа, баракалла! Энди бошқача ёзаяпсиз!
Шундай қилиб, бизлар хушчақчақ кайфиятда хайрлашдик. Кейин ҳам кўп бор учрашганимизда ундан хол-аҳвол сўрарканман, Муҳаммад жилмайиб, ўша давомини иккимиз биладиган «сеҳрли» сўзни такрорлайдиган бўлди:
— Билмайдиларки…

6. «МЕНИ ОЛИБ КЕТИШАДИ, АНА УНДАН КЕЙИН…»

Туманимизнинг Чинобод қишлоғида байрам муносабати билан мушоира ташкил этилиб, унга балиқчилик қаламкаш-шоирлар таклиф қилинган эди. Ўша пайтда онам зиёратига бориб, ўша ерда юрганимдан хабар топганлар мушоирада менинг ҳам қатнашишимни сўрашди. Рози бўлдим. Кечга томон билдикки, мушоирада ҳаммамиз учун севимли шоир Муҳаммад Юсуф ҳам қатнашар экан.
Саломлашишга ҳам улгурмасимиздан унга сўз бериб юборишди. Икки юз чоғлик киши йиғилган чойхона гулдирос қарсаклардан жаранглаб кетди. Мен шоирини, шеъриятни олқишлаган балиқчиликлардан мамнун эдим. Шу қарсаклар орасида Муҳаммад энгашиб, қулоғимга шивирлади:
— Ака, хайрлашолмай қолмайлик.
Мен унга савол назари билан қарадим. У яна энгашиб, гапига изоҳ берди:
— Ташқарида уч-тўртта мошин билан марҳаматлик дўстларим мени кутишаяпти. Мени тезда олиб кетишади. Ана ундан кейин, навбатни сизларга беришади. Унгача, хафа бўлманглар, сизларга навбат ҳам, қарсак ҳам тегмайди. Ҳаммасини қолдириб кетаман тезда.
Ҳам туманимиз меҳмони, ҳам севимли шоиримизнинг бироз ғурур, бироз эркалик билан айтилган бу гаплари энди билсам, ўзининг оламдан эрта кетишию, бизнинг ундан кўра кўпроқ яшашимизга ҳам ишора экан.
Шоир 5-6 та шеърни қарсиллатиб ўқиб, ҳеч ким билан хайрлашмай-нетмай, юксак олқишлар остида даврадан чиқиб кетди. Энди Муҳаммадсиз қолган даврада шеър ўқишни тасаввур қилинг. Муҳаммад Юсуфнинг мухлисларига шеър ўқишни тасаввур қилинг.

Муҳаммад Юсуфга

Қара, кўзларимда кўринмайди нам,
Гарчанд кўнгил тўла оҳ ила фарёд.
Шоирларнинг эрта кетишига ҳам
Наҳот, кўниктирди бизларни ҳаёт.
Шу сўзларни мендан кутганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Бир шоир оламга келиши учун,
Ким билар неча бор тўлғонар замин?
Шоирлар бемаҳал ўтса оламдан,
Айт, кимлар тўлдирар унинг бир камин?
Сенинг ўрнингни-чи, ким босади, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Водий шевасига пайваста гарчанд,
Андижон лафзининг ўз оҳанги бор.
Бобурий каломнинг оддийлигидан
Теранлик барқ урар асрлар бедор.
Сен ҳам шу ҳикмат, деб ёнганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Тақводор ҳамкентинг Дукчи Эшоннинг
Руҳи қўллагандир сени эҳтимол.
Назмий бир ишора ила эл-юртни
Ойдин орзуларга бошладинг алҳол.
Бошлаб қўйиб, ўзинг қайга кетдинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Бўз боласи бўлиб ўзбаки сўзнинг,
Биқиқ давралардан кетдингми бадар?
Китоб ўқимасдан қўйган улуснинг
Қалбини қўшиқ-ла этмоқ мунаввар —
Мақсадинг эдими шеър ёзишдан, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Лекин хонандалар… баъзилари паст,
Шеъринг ундиргунча ялтоқланди-ку!
Танилиб дедилар «Буюртмамиз-ла
Шеър ёзиб бўлди бу «Муҳаммад Юсуф»
Билганмидинг буни, кулганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

Улар ҳам ўтишар, ғийбат гап-сўз ҳам,
Лекин қўшиқларинг янграйди абад.
Мустақиллик даври тароналари
Сенинг куйларингсиз кемтикдир, албат.
Боқий бу толени ўйлабмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 18-сонидан олинди.