Шарль Пьер Бодлер – фаранг шоири, дунё авангард шеъриятининг асосчиларидан бири. Жаҳон адабиётида энг кўп мунозараларга, инкор ва эътирофларга сабаб бўлган ижодкор.
Ўлимидан эллик йил ўтгач ХХ аср япон адабиётининг классиги Акутагава завқ тарозисининг бир палласига шоирнинг сатрини, бошқа палласига бутун дунёни қўйиб шундай деганди: «Бутун дунё Бодлернинг бир сатрига арзимайди!»
Мазкур сўзларни фаранг шоирини эътироф этиш деб талқин қилиш ҳам мумкин, бироқ бу ерда эътирофдан кўра кўпроқ дунё Бодлер поэзиясини ҳазм қилиш, ҳис этиш, моҳиятига етишга қодир эмас деган таъкид бор эди.
Поль Верлен эса Бодлер ва унинг издошларини «лаънатланган шоирлар» деб атаган. «Лаънатланиш» бир қарашда жуда оғир тушунча, залворли юк. Бироқ ким томонидан лаънатланган? Ким уларни лаънатлаяпти, ким уларга бундай аянчли муҳораба эълон қилди? Бу саволларга ҳали тугал жавоб олингани йўқ, тугал жавоб бўлгачгина Бодлер, умуман, танқидчилар томонидан «авангард» либоси кийдирилган шеъриятга холис баҳо бериш имкони туғилади.
ХIХ аср ярмидан бошлаб дунё адабиётига «янги оқим» атамаси билан кириб келган авлодга мансуб, ҳаётга, даврга шафқатсиз муносабатда бўлган, Сартр таъбири билан айтганда, «юрагини токи шир яланғоч қолгунча» ечинтирган, фаранг адабиётининг ёрқин намояндаси, асарлари ва қарашлари билан ўзидан кейинги адабиётга жуда катта таъсир ўтказган Шарль Пьер Бодлер 1821 йили Парижда дунёга келди. У туғилганда отаси 62, онаси 28 ёшда эди. Ўзи бу ҳақда шундай ёзган: «Болалик. Людовик ХVI даврига хос эски жиҳозлар. Қадимийлик уфуриб турган буюмлар. Консуллик нуқси уриб қолган одатлар, қўшиқлар…»
Ана шу Людовик ХVI даврига хос безалган уйи, давр тартиблари ўтириб қолган яшаш тарзи, урфлар ҳаётининг энг гўзал, завқли даври эди. У бу даврни умрининг бошқа ҳеч бир палласига алмашмади. Аслида, ҳаёти давомида ёруғлик кўрган, ёруғликка интилган, излаган бирдан-бир макони ҳам шу бўлган.
Олти ёшга кирар-кирмас у болалик идроки билан илоҳий зот сифатида тасаввур қилган отаси вафот этди. Шундай қилиб, боланинг назарида, у ишонган, уни қўллаб турувчи, унга мадад берувчи барча нарса отаси билан бирга қулади, вайрон бўлди. Устига-устак, бир йилдан сўнг онаси бошқа турмуш қилди. Шарлнинг романтикага мойил тасаввурида онаси отасига ва ўзига кечирилмас хиёнат қилгандай туюлди, бу ҳиссиёт шоирни бир умр таъқиб этиб юрди. Сочига оқ оралаган, юз-кўзида меҳр балқиб турган, шаҳарнинг Люксембург хиёбонига ўрнатилган ҳайкалларнинг тарихи ҳақида ҳикоялар айтиб берган отасини бир умр унутолмади, аксинча, мана шу бир парча хотирасини бутун дунёга, ҳаётининг қолган қисмига, бутун инсониятнинг ахлоқига, яшаш тарзига қарши қўйди, ҳаётдаги барча нарсани ана шу хотирасига қиёслади, хотираси билан ўлчади ва шу хотирага асосланиб инкор қилди. Нимаики шу хотирага дахлдор бўлмаса, унинг учун барчаси ёлғон, барчаси сохта, барчаси ясама эди. Унинг ҳаётда илинж оладиган, ўзини дунё залворидан яширадиган, завқ топадиган, сиғиниб яшайдиган бирдан-бир бошпанаси ана шу отаси ҳақидаги хотиралар эди. Шу бир парча хотира унга ҳаёт деб аталмиш неъматдан, дунё деб аталмиш чексизлик ва азал-абаддан азизу мукаррамроқ эди. Шу хотирага боғлиқ бўлмаган барча нарса унинг учун бахтсизлик, шафқатсизлик, ёвузликдек туюлди. У шу бир парча хотирасини байроқ қилиб ҳаёт оқимига, дунёга, мавжуд ахлоқ ва тушунчаларга, қарашларга қарши исён кўтарди, табиийки, бу исёнда енгилди, исённинг маъниси йўқлигини ўзи билди, англади, аммо ўзлигини, ўзгалигини, хотирасига садоқатини сақлаб қолиш учун бу йўлдан воз кечмади: хотираси туфайли ҳаётга қасдма-қасд яшади ва бутунлай мағлуб одамга айланди. Бу ҳолатни Сартр «бахтсиз онг манзаралари» деб атади. Айнан шунинг учун у кўз олдида яйраб-яшнаётган дунёга, ҳаётга акс садо сифатида пайдо бўлган туйғуларидан туғилган шеърларини «Ёвузлик гули» деб атади. Бу билан ўзини ўзи инкор ҳам қилди. Бодлер онасини кечиролмади, ўгай отасини ўз отасидай қабул қила билмади. Ваҳоланки, ўгай ота ҳалол, тартибли, Бодлерга ҳар томонлама меҳрибон, уни қўллаб турувчи киши эди. Тўғри, ҳарбий хизмат туфайли ўн бир ёшли Бодлерни Лион қироллик коллежининг интернатига топширишга мажбур бўлишди. Бола яна онасидан айрилди. Бу ҳол олти ёшдан бери тутаб ётган ғусса ва аламларини аланга олдирди. У энди ўгай отасини бутунлай ёмон кўриб қолди, ўзининг бахтсиз қисматига шу одам айбдордай туюлди. Кейинчалик ўгай отаси Опика генерал унвонига эришди, мартабаси янада баландлади, адабиётни тушунмаса ҳам ёш шоирни кўп марта қўллади, уни Парижнинг машҳур сиймолари билан таништириб қўйди. Бодлер эса ҳамиша ўзини қўллаган, энг оғир пайтларда ҳамдард ва ёрдамчи бўлган кишини барибир тан олмади. 1848 йил инқилобида оломон ижтимоий талаблар, адолат, эркинлик истаб намойишга чиққанда у бу ижтимоий ҳаракатга ҳеч қандай алоқаси йўқ талаб билан – «Йўқолсин генерал Опика!» деган шиор кўтариб чиқди. Аслида, айнан шу ўгай отаси туфайли болалигида турмуш заҳматларини тортмади, қийинчилик кўрмади, оғир қарздорликдан қутулиб қолди, ваҳоланки, бебош, пул сарфлашга уқуви йўқ, қўлига тушганни бирпасда совурадиган одам бўлган. Лекин унинг қалби бир умр оғриб, бир умр азоб чекиб ўтди. Бу ҳолат бутун ижодига сингиб кетди. «Сархушлик» номли насрий шеърларидан бирида шундай ёзганди: «Ҳамиша сархуш яша, ҳаётнинг мазмуни сархушликда. Фақат сархушликкина шафқатсиз вақт залворини унутишга, уни енгишга, ундан холи бўлишга имкон беради». У ўз ҳаёти, ўз шеърлари билан вақтга қарши исён қилди, вақтни олти ёшидаги хотираларига қайтармоқчи бўлди. Аммо вақт унга бўйсунмади, вақт олдида у енгилди, шунда ўзини сархушликка солди, сархуш ҳолатидагина ўша беозор хотирасига қайтиб турди, ўша хотира билан ўзи абгор қилган руҳига шифо бағишлаб яшади.
У ана шу озурда ва ўзининг тасаввурида хиёнат маҳсули сифатида кўнглида пайдо бўлган дарз орқали дунёга, ҳаётга қаради, шу дарзли туйнук орқали ҳаётнинг, тирикликнинг, дунёнинг фақат дарз кетган жойларини кўра олди, унинг озорли қалби дунё гўзаллигидан фақат озорли метафоралар топди, унинг фожиага мойил кўнгли дунё ва тирикликнинг андуҳли томонини излаб топди, унинг мусибат тўла кўзлари дунёнинг қора, фожиа билан ёнма-ён турган манзараларинигина кўрди, унинг узлатга, ёлғизликка мойил руҳияти дунёни ёлғиз ва зулмат оғушида қабул қилди. Унга дарз кетган, ўпирилган, хўрланган, янчилган, фожиаси билиниб турган тақдирлар, эзгин муносабатлар, ҳиссиёт ва кечинмалар ёқарди, у ана шу кечинмаларни, ана шу ҳиссётларни шеърга, адабиётга олиб кирарди. У ҳар бир образида жимжима пардаларни кўтариб ташлаб фожианинг, изтиробнинг юзини кўрсатарди, фожиа ва алам акс этган ҳар бир нарсадан шеър, адабиёт, ҳикмат изларди, унинг ўзи ана шу ранглар, ана шу изтироблар ичида яшади ва дунёни ҳам шундай яшаяпти деб билди. У изтиробнинг, инсон фожиасининг, дунёнинг ҳеч ким кўрмаган, кўролмаган жилваларини илғарди, ҳеч ким кўрмаган дарзларни, ҳеч ким сезмаган фожиаларни шуури билан ҳис этарди. Унинг шеърлари аламзада кишининг қора хаёллари эмас, инсоният ҳаётини бошқа томондан, нариги, иллюзиялардан холи, совуқ мантиқ, совуқ ақл билан қараладиган томондан кўрилган, ҳис этилган, ташхис қўйилган таассуротларидир. Унинг образлари, шеърлари гўзаллик билан ўзини муолажа қилолмаган, муолажа қилишга куч ва ҳафсала тополмаган, ўткинчи завқларга алданмаган совуқ хулосаларга тўлиб-тошган аччиқ, шафқатсиз ҳақиқатлардир.
Бодлер ўжар ва оғир феъл-атвори билан коллежни бир амаллаб тугатди, сўнг ўқишни давом эттиришдан воз кечди. Генерал Опика қанчалик ундамасин, у шу пайтгача олган билими яшаш учун етарли деб ҳисоблади. Ўзини санъат соҳасида синаб кўрмоқчи бўлди. Дастлаб ўзини танқидчи сифатида намоён қилди. Унинг Париж адабий салонларига бағишланган «1845 йил санъат салони», «1846 йил санъат салони» номли иккита мақоласи босилиб чиқди. Бироқ бу мақолаларнинг адабий муҳитда ҳеч қандай ўрни бўлгани йўқ.
Бодлер драмалар, эсселар, мақолалар ёзган бўлса-да, ўзининг «Ёвузлик гуллари» тўплами ҳамда насрий шеърлари билан адабиёт майдонига кириб келди ва эътироф этилди.
«Ёвузлик гуллари» 1857 йили босилиб чиқди. Нашр этилиши билан китоб атрофида катта жанжал бошланди. Ўша даврнинг адабий муҳити, адабий диди китобни ҳазм қилолмади. Асар судга тортилди ва муаллиф «замондошларининг эстетик тасаввурини бузгани учун» 300 франк жарима тўлашга мажбур этилди. Бу ҳолат ҳам Бодлерга қаттиқ таъсир қилди. У энди замонаси ўзини тушунмаслигига тўла амин бўлди. Энди ўзини одамлардан четга тортди, ярим узлатда яшай бошлади.
Бодлер сўзнинг қудратини янги поғонага кўтарган шоир эди. Унинг ҳар бир шеърида исён – қалбнинг, руҳнинг, мусибатли юракнинг исёни сезилиб туради. Бодлергача бўлган шеъриятда ижтимоий муносабатларга, тартибларга исён қилинарди. Бодлер инсоннинг моҳиятига, унинг ибтидосига исён қилди. «Исён инсон моҳиятидадир» деган экзистенциалча фалсафа, асли, Бодлердан бошланган; унинг қарашларига кўра, инсоннинг ўзи ҳар қандай фалсафанинг, диннинг манбаидир. Бодлер шеърларини ўқиган одам инсониятнинг бўйнидаги жуда катта масъулият бўйинтуруғини ҳис этади, шу лаҳзада ўқувчига ўзи муҳим деб ҳисоблаб келган ташвишу икир-чикирлар арзимас нарсага айланади. Бодлер шеърияти ижод – исённинг ёрқин намунасидир. Ижод, Бодлер назарида, инкордир. У ўзининг болалик хотирасидан бошқа ҳамма нарсани инкор қилди. Бу инкордан адабий олам яратди.
Бодлер шеърияти, ижоди қанчалик ғамгин, баъзида ўта маҳзун, уларда айрим танқидчилар модерн шеъриятга хос деб тушунадиган қора ранглар кўп, уқубат ва изтироб илоҳийлаштирилгандек туюлмасин, барибир, унинг изтироблари, оғриқларининг туб асоси, сабаби ортида, Бодлер ижоди андуҳларга тўла бўлса-да, ёлғизликни куйлаган эса-да, барибир, инсонни ва жамиятни идеал кўриш орзуси ётганини, айнан шунинг учун уқубатга, қайғуга, изтиробга чўмганини ҳис этиш мумкин. Аслида, бу бор гап. Унинг ҳам назмий, ҳам насрий шеърлари синчиклаб ўқилса, моҳияти таҳлил қилинса, ўзининг бадбинлиги, ғуссалари орасига яширган идеал инсон, санъат ва меҳнат уйғунлигига қурилган идеал жамият ҳақидаги орзуларга дуч келамиз. Айнан одам ва жамият унинг орзуларидек яшамаётгани, ҳаёт кечирмаётгани учун қайғуради, изтироб чекади, уни бу йўлдан қайтариш учун ғуссаларини, кўнгил жароҳатларини очиб ташлайди. Аслида, қайғуришга сабаб бўлмаса, қайғунинг ўзи бўлмасди, изтиробга асос бўлмаса, изтироб чекилмасди. Бодлернинг изтироби унинг орзуси билан воқеликнинг тафовути, унинг идеали билан ҳаётнинг бошқа-бошқа эканлиги ила боғлиқ. Бодлернинг инсон ва жамият ҳақидаги орзулари бирданига бўй кўрсатмайди, у ўзини оғриқ ва азоблар, бизга қора рангга бўялгандек туюладиган изтироблар, уқубатлар ортига яширади, лекин ана шу уқубатларнинг сабаби битта нарса-да – унинг инсон ва жамият ҳақидаги орзуси амалга ошмаганида, инсон ва жамият унинг орзусига муносиб эмаслигида. Шоир шеърларидаги оғриқлар ана шу идеал жамият ва идеал инсон ҳақидаги, тўғрироғи, ана шу идеалга мос яшолмаётган инсон ва идеалга мос тартиблар қилолмаган жамият нолаларидир. У ўзи орзу қилгандек камолотга эришмаган инсон ва ижтимоий муносабатлардан оғринади, уларнинг фожиасини бор бўйи билан, баъзан бўрттириб кўрсатади, улардан нафратланади. Зеро, унинг шеърияти ўз даврининг, ўз замонининг оғриқлари ва ижтимоий ҳаёт манзараларидир.
1848 йилги фаранг инқилобидан кейин ҳукумат тепасига ҳамма нарсани пул билан ўлчовчи, дунёни пул орқали кўрувчи янги табақа, янги тоифа келди. Улар пулдан бошқа ҳамма нарсани инкор қилишга, ҳамма нарсани, ҳатто санъат, муҳаббат ва инсонийликни ҳам пулу бойлик билан ўлчашга киришди, бу билан даврнинг маънавий таназзулини бошлаб беришди. Бу таназзул Бальзак, Гюго каби Бодлер ижодида ҳам ўз аксини топди. Фақат Бодлер масалага чуқурроқ кирди, кўнглининг ўзи уқубат ичида яшаётгани учун ҳам, у бу оғриқларни, бу яраларни чуқурроқ ва теранроқ акс эттирди. Шоир ўз даврининг, инсон ва жамиятнинг қон томирини ушлаб туриб унга ташхис қўяётган докторга ўхшаб кетади: унинг инсонга ва даврга қўйган ташхиси жуда аянчли эди, унинг шеърлари даврга қўйган ташхисларидир. Инсоният бу ташхисни ундан кейин ҳам тан олмади, ўзидаги касалликни барибир ҳали ҳам тўла, Бодлер кўрган, англаган, огоҳлантирган даражада кўргани ва англагани йўқ, ўзини муолажа қилишга киришгани ҳам йўқ.
Бодлер агар ҳаммага ўхшаб яшаса, ҳамма каби ўйласа, ҳамма каби тушунса, унда онасини ҳам, ўгай отасини ҳам тушуниши ва ҳазм қилиши керак эди. Бироқ, Сартр таъбири билан айтганда, у онасини атайин кечирмади, атайин ўгай ота билан «илиқлашмади», атрофга атайин ўзига хос алам назари билан боқди, ўзига хос шеърият яратишга уринди, ўзига хос услуб ва мантиққа амал қилди. У айнан ўзига хослик билангина болалигидан қолган дард-изтиробни, хотираларни сақлаб юриш мумкин деган хулосага келди. Ҳамма айтган гапни айтгиси, ҳамма билдирган фикрни билдиргиси, ҳамма амал қилган ахлоққа бўйсунгиси, ҳамма тушунган нарсаларни тушунгиси келмади. Бунинг асосий сабаби, ўзининг изтироби, оғриқлари ортидаги унинг ҳақиқий қиёфаси – нима бўлмасин, инсонга ишониши, инсонга умид билан қараши, айблаб-фош қилиб турса-да, барибир, инсоннинг буюк мавжудот экани ҳақидаги кўнглининг тубидаги ҳақиқат фош бўлиб қолишидан қўрқарди. Айнан шунинг учун уқубат, изтироб, нафрат унинг бош мавзулари ва ижодий қуввати асоси бўлди. Сартр Бодлерни ўз ҳуснига маҳлиё бўлиб гулга айланган афсонавий Нарцисга ўхшатади: фақат Бодлер ўз ҳуснига эмас, кўнглидаги ярага, болаликда олинган жароҳатига маҳлиё бўлиб қолди ва унинг «Ёвузлик гуллари» асари фақат фаранг адабиётининг эмас, дунё адабиётининг ифорли ва тиконли гулига айланди.
Шарль Бодлернинг 46 йиллик умри ҳайратланарли мўъжизаларга ва фожиаларга тўла. «Ёвузлик гуллари», «Яланғоч юрак», «Кўнгил жаннати», «Насрдаги шеърлар» тўпламларидаги юксак бадиий жозиба, теран ақлий салоҳият Бодлерни француз адабиёти, ғарб ва жаҳон шеъриятининг олиймақом салафлари қаторига олиб чиқди. ХIХ аср Оврупо шеъриятига хос бўлган шаклий ва маъно изланишларини, нафрат ва муҳаббатни, некбинлик ва тушкунликни, инсонга ва оламга муносабатни Верлен ва Рембодан аввалроқ Бодлер шеъриятида аниқ кўрамиз. Бодлер ҳақли равишда Оврупо авангард шеъриятининг отаси ҳисобланади. Шоирнинг ХIХ аср ўрталарида ёзилган санъатга доир мақола ва бадиаларида шеъриятнинг янги йўналишлари ҳақида қизғин мулоҳазалар ўз аксини топган. Унинг шеърларидаги некбин кайфият, тушкунлик, нафрат ва ғалаённи ана шу нарсадан – унинг янги давр одамининг кўнглини акс эттирадиган янги даврга хос шеърий шакллар ва ифода усуллари топишга уринишидан излаш керак. Нафрат, ёлғизлик, узлатга мойиллик, дунёнинг ёлғон жилвалардан иборатлиги, софлик ва гўзаллик топталганини инсоннинг бир махлуқ сифатида ҳаёт кечираётгани, барча нарса таназзул даракчиси эканлиги ҳақидаги хавотирлар ва кечинмалар шеърларига сингиб кетган. Бир қарашда «малъунлик»дан иборат бу шеърлар кишида бадбин ҳиссиёт уйғотиши табиий, бироқ мазкур шеърият инсонни ўрганиш ва кашф қилишнинг янги йўналишини – уни тубанлик, ожизлик, ёвузлик, зулмат, умидсизлик, маънисизлик, мавҳумлик қоришиғида ўрганиш йўлини бошлаб берди. Ортега-и-Гассет таъкидлаганидек, санъатдаги зулмат тонгга, умидсизлик умидга, нафрат муҳаббатга даъватдир. Тушкун кайфиятдаги шеър – шу тушкунликдан чиқишга йўл ахтараётган шеър. Бу барча санъат асарларига хос жиҳат. Кафка махлуққа айланган одамни («одам-маҳлуқ» Бодлер шеъриятида кўп учрайдиган истилоҳ) тасвирлаш билан одамни махлуққа айлантиришга ундамаган, аксинча, одамзодни махлуқот онгидан халос бўлишга чақирган. Ғарб адабиётидаги тубан шароитдаги тубан ахлоққа – тубан муносабатларга ғарқ бўлган инсон ҳаётини маънидан маҳрум қилиб, уни Сизиф каби тош юмалатиб юрувчига айлантирган ахлоққа ва муҳитга қарма-қарши ўлароқ инсонни чинакам гўзаллик билан ёнма-ён кўришдек бадиий исён Бодлер шеъриятининг асоси саналади, бу таҳлил Бодлердан бошланганини авангард адабиётнинг барча вакиллари эътироф этишган. Яна бошқа бир хусусияти шундаки, қарийб 25 асрлик Оврупо адабиёти Бодлер ижодига келибгина инстинкт тарзида эмас, онгли равишда кўп қатламли руҳий қоришиқдаги «мен»ни излашга киришди. Шу сабабли ҳам адабиётдаги табақаланиш Бодлердан бошланганини эътироф этиш керак. Унинг шеърларига келиб санъат тушунчасидан «оммабоп» деган баҳо олиб ташланди. Бодлер ўз ижоди билан «омма»га эмас, балки бадиий мушоҳаданинг гултожи бўлган тафаккурга хизмат қилажагини билдирди. Шу сабабли ХХ аср Оврупо шоирларию мутафаккирлари Бодлерга қайта-қайта мурожаат қилдилар. Зеро, бадбинлигу худбинлик, тушкинлигу умидсизлик, зулмат ва ёвузлик, фаҳш ва мунофиқлик тасвирлари тўлиб-тошган Бодлер шеърияти ботқоғини кечиб ўтолсангиз, сизни нариги қирғоқда инсонга бўлган буюк муҳаббат кутиб олиши тайин.
Шарль Бодлер 1867 йили оғир касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Унинг шеърлари қанчалик некбин, маҳзун бўлмасин, жаҳон шеъриятининг мулки бўлиб қолди. ХХ аср янги шеърияти, янги адабий оқимларнинг аксарияти Бодлер ижодидан ўсиб чиқди.
Назар Эшонқул