Шарқ билан Ғарб халқлари ўртасидаги муштарак адабий маданий алоқалар тарихи олис асрлардан бошланган. Ўрта асрлардаёқ Шарқ маданияти таъсири остида Оврупода дунёвий адабиёт, илм-фан шакллана бошлаган эди. Бу жараёнда буюк аждодларимиз Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Саъди Шерозий, Умар Хайём, Алишер Навоий каби олим ва донишмандларнинг ижоди жуда катта роль ўйнаган ва Оврупо маданиятининг шаклланишига туртки бўлган эди. Натижада Шарқ адабиётига хос анъанавий олам гўзаллигини, ишқ муҳаббатни куйлаш немис адабиётига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Бунинг натижасида Гёте ва бошқа немис шоирлари шеъриятида гўзалликни мадҳ этиш, муҳаббатни улуғлаш, инсонпарварлик, севги-садоқат, фироқ изтироби тасвири илоҳий муҳаббат даражасига кўтарилди.
Ғарб шеъриятига сезиларли таъсир кўрсатган аллома шоирлардан бири Шамсиддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозийдир. Ҳофиз шеърларининг шуҳрати Шарқдагина эмас, Европада ҳам кенг тарқалган эди.
XVIII асрнинг охирларида Ҳофиз шеъриятининг ҳаётбахш оҳанглари Рейн бўйларига етиб келиб, шоирлар, олим, файласуфларнинг ҳам диққатини ўзига жалб этди; илк таржималари пайдо бўлди, ижодига қизиқиш бошланди. 1791 йили Шарқ шеъриятининг муҳиби Вал Ҳофиз ғазалларидан бир нечтасини немис тилида нашр эттирди. Бу – шоир асарларининг Европа тилларига қилинган биринчи таржимаси эди. Шундан кейин Ҳофиз ижодига қизиқиш янада кучайди. 1812 йили машҳур шарқшунос Йозеф фон Ҳаммер шоир девонининг тўла таржимасини яратди. Бу таржима Ҳофиз шуҳратининг бутун Европага ёйилишига, немис халқи орасида бу санъаткорга нисбатан муҳаббат уйғонишига сабаб бўлди. Шоирлар, шеърият мухлислари орасида ўзига хос “ҳофизхонлик”, тақлидий шеърлар ёзиш авж олиб кетди. Доумер деган таржимон тузган ва “Ҳофиз” номи билан нашр этилган тўплам ана шундай қизиқиш натижаси эди. Доумер Ҳофизнинг 200 дан ортиқ ғазалига ўхшатма ёзади. Бу шеърларни Ҳофиз асарларининг таржимаси деб бўлмайди, албатта. Лекин унинг шеърларидаги чуқур лирик маъноларни шарҳлайдиган бу мажмуа шоир ижоди немислар орасида янада кенгроқ танилиши ва шуҳрат қозонишига катта туртки бўлди. Ҳаммер наш-ри ва Доумер тўплами туфайли Гегель, Гёте, Ҳофиз ижоди билан танишишига муяссар бўлдилар. Шоир ғазалларидаги чуқур фалсафий-ижтимоий фикрлар Гегелни ўзига мафтун этди, у Ҳофизни “Гениал санъаткор, гўзал, оромбахш, айни чоқда, исёнкор шеърлар муаллифи” сифатида таърифлади.
Машҳур немис шоири Иоганн Вольфганг Гёте 1812 йили Рейн бўйларига қилган саёҳати вақтида Ҳаммер таржимаси билан танишишга муяссар бўлади. У уч ой давомида уйидан чиқмай, буюк форс шоирининг машҳур ғазалларини мутолаа қилади. Ҳофиз ғазалларида тараннум этилган инсонпарварлик, мавжуд ижтимоий тузумга ғазаб-нафрат, гўзалликка, яшашга муҳаббат, хақиқий инсоний севги Гётега кучли таъсир этди. Мана шу чуқур таассурот натижасида у 1814–16- йиллар орасида севги-муҳаббат мавзуида янги, ғоятда латиф шеърлар яратади ва “Ғарблик муаллифнинг Шарқий девони” (“Шарқу Ғарб девони”) номи билан алоҳида назм мажмуаси тартиб беради. Гёте ўз девонидаги шеърларида Ҳофиз яратган образлардан, ижтимоий-фалсафий фикрлардан фойдаланди. Мазкур туркум шеърларни “Муғаннийнома”, “Соқийнома”, “Ҳофизнома”, “Ишқнома”, “Ранжнома”, “Форсийнома”, “Темурнома”, “Хулднома”, “Масалнома”, “Ҳикматнома”, “Тафсирнома”, “Зулайҳонома” каби бўлимларга ажратади. Бу эса немислар диёрида Ҳофиз ижодига бўлган қизиқишни янада кучайтиради. Доктор Р.Опицнинг ёзишича, ўша йилларда Ҳофиз шеърлари ўқилмайдиган, унинг ижоди устида баҳс юритилмайдиган бирон адабий уюшма ёки тўгарак бўлмаган.
Шундан сўнг Хўжа Ҳофиз ижодига бағишланган мақолалар, тадқиқотлар, шоир асарларининг янги-янги таржималари, форсий асл нусхасининг нашрлари бирин-кетин пайдо бўла бошлайди. 1863 йили Лейпцигда машҳур шарқшунос Брокгауз таҳрири остида шоир шеърларининг немисча таржимаси, асл нусхалари ҳамда 80 ғазалга ёзилган изоҳ ва шарҳлар билан чоп этилади. Немис олимлари Ҳофиз асарларини тўлароқ нашр этиш, шоирнинг ҳаёти ва ижодини мукаммалроқ ёритиш устида мунтазам шуғулланадилар. Шарқшунос олим ва таржимон Бинкунц фон Розенцвейг 1858-63 йиллар орасида Ҳофиз ғазалларини ўгириш, асл нусхалари, тўла матнларини тайёрлаш устида иш олиб боради. У 1864 йили кўп йиллик меҳнатининг маҳсули бўлган Ҳофиз ғазалларининг тўла таржимасини асл нусхаси билан бирга нашр эттиради. Бу таржимада машҳур форсий ғазалларнинг мазмуни ва маъноси, уларнинг илғор ғоявий-мажозий ҳусусиятлари, ҳофизона нозик бадиий санъаткорлик анча мукаммал акс этган бўлиб, у Европада Ҳофиз ижоди хусусида олиб бориладиган тад-қиқотларга замин яратди. Бу таржимада Ҳофизнинг ҳаёти ва ижодига доир қисқача маълумот ҳам берилган.
1865 йили Ҳофиз ғазалларининг ихчам бир нусхаси яна Берлинда босилиб чиқди. Буни ношир ва таржимон Неселман тайёрлаган. Бу нашрлар ичида Фридрих Боденштед ва доктор Р.Опицнинг Ҳофиз ҳаёти ва ижодига бағишланган тадқиқотлари алоҳида диққатга сазовор.
Фридрих Боденштед 1876–77-йиллар орасида Ҳофиз шеърларининг янги гўзал таржималарини яратади. “Шероз булбули” номли бу тўпламга ёзилган 27 саҳифалик сўз бошида Боденштед шоирнинг ижоди, ғазалларига хос ғоявий-бадиий хусусиятлари ва санъаткорлик маҳоратини тадқиқ қилишга интилган.
Шамсиддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий ижодини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида немис олимлари, адиблари яна бир қанча ишларни бажардилар. Форс-тожик адабиёти, Осиё халқлари адабиётига бағишланган илмий ишларда, тўплам ва китобларда Ҳофиз асарлари, у ҳақдаги илмий мақола, беографик маълумотлар муносиб ўрин олди. Янги таржималар юзага келди. 1919 йилдан 1957 йилга қадар Хўжа Ҳофиз девони икки марта (Мюнхен ва Дюссельдорфда), ғазалларидан мажмуалар уч марта (Базель, Ҳамбург, Мюнхенда) таржима қилиниб нашр эттирилди. 1966 йили Лейпцигда чоп қилинган “Жаҳон халқлари адабиёти фиҳристи” номли катта китобда форс-тожик адабиётининг бошқа мумтоз адиблари қатори, Ҳофиз ижодига ҳам махсус бўлим ажратилган.
Кейинги даврларда яратилган Ҳофиз ғазаллари таржималари орасида шоир ва таржимон Вальтер Вильгельм томонидан ўгирилиб, “Ҳофиз гулдастаси” номи билан Лейпцигда (1970) нашр этилган янги мажмуа айниқса қимматлидир.
Немис олимлари ва шоирлари Ҳофизнинг ижоди ҳақидаги тадқиқотлари, асарларини таржима қилиш ва нашр этиш орқали бу улкан санъаткорни Европага танитдилар. Чунки Ғарбий Европадаги бошқа тилларга қилинган таржималарининг кўпчилиги ана шу немисча таржималар ёки немис олимлари нашр этган асл нусхаларга асосланган.
Ҳофиз ижоди ҳақида Гёте шундай ёзади: “Эй, Ҳофиз! Сенинг сўзларинг абадият каби буюкдир, унинг аввалу охири йўқ эрур. Сенинг каломинг осмон гумбазидай ўзи алоҳида олам, ғазалинг матлаъдан мақтаъсигача бир хилдур, ҳамма сатрлари жамол ва камол қиёмига етган. Бирон кун фалакнинг гардиши билан дийдорингга етмоқ насиб этса, эй, Самовий Ҳофиз, ёлғиз сен билан ва сенинг ёнингда бўлишни ва сен билан бода ичиш ва сен каби ошиқ бўлиш орзуимдир, чунки бу ҳаётимнинг фахри ва умримнинг манбаидир”.
“Was ich mit auberem sinn mit innerzen kenne Ah alle belehrande, kenn ich durch dich.”
Мазмуни “Мен дунёда нимани билишга қодир бўлсам, буларнинг барини сен орқали биламан, Эй доно дилбар”,– деб ёзади.
Аё, Ҳофиз! Раҳнамо сенБиздай мастоналарга.
Бошла қадаҳ жаранги-ла
Майхоналарга.
Ҳофиз Гётени ўзига сеҳрлаб қўйган эди. Шоир ўз “Девон”ида Ҳофизнинг номини 32 марта тилга олади, ҳар эсла-ганда шоир фикрлари теранлиги ва янгилигига қойил қолади.
“Девон”да шоир (Гёте) фақат Ҳофизгагина мурожаат этмайди, нақллар, афсоналар, ҳатто Қуръоннинг айрим суралари ҳам унга илҳом беради.
Қуръони Карим илк бор лотинчага 1422 йили Базелда Теодор Библиандр томонидан таржима қилингандир. Гёте шундай ёзади: “Биз Оврўпа халқлари бутун маданий имконларимизга қарамай Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) забт этган пиллапоянинг энди биринчи поғонаси-дамиз, шубҳа йўқки, ҳеч кимса ундан ўтиб кетаолмайди”. “Инсоният ҳар жиҳатдан Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) олдида қарздордир”. Гёте “Ҳазрати Муҳаммадга қасида” номли асарида: “Қуръон китобларнинг аълоси эканли-гига исломий эътиқод ва бурч туфайли ишонаман”,– деб ёзади (Илоҳий мўъжизалар № 2, 4, 5-бетлар).
Гёте “Девон”га Ҳофиз лирикасининг мотивлари, образлари, қаҳрамонлари билан бирга барча Шарқ шаҳарлари номларини, кийим-кечак, ўсимликлар, қимматбаҳо буюмлар, шарқ турмуши, одатлари, эътиқодига хос номлар – ҳаммаси бўлиб бир юз ўн икки хил номни келтиради.
Гёте ўзининг “Ғарбу Шарқ Девони”нинг “Ҳикматнома” бўлимида:
Вақтингни айлама сарфБеҳуда баҳсга, ўртоқ.
Нодон-ла жанжаллашма,
Доно ҳам бўлур аҳмоқ.
“Соқийнома” бобида:
Абадийдир Қуръони Карим,Бунга йўқдир шак,
У китоблар китоби доим,
У каломи ҳақ.
«Ҳижрат» шеърида:
Бузилди Ғарб, Жануб ва ШимолТахту тожлар бўлди паймол.
Сен шарққа, кун чиқарга бор,
Унда қўшиқ, севги бор, май бор.
У таббарук ҳавони шимир
Ва бошлагин янгидан умр,–
(Садриддин Салимов таржималари )
деб дил сўзларини изҳор қилган. “Юракдан чиқадиган хушмуомилалик,– деб ёзган эди Гёте, – муҳаббат-га яқин туради. Кишига ҳузур бағишлайдиган хушмуомилаликнинг сиртқи ифодаси ана шундай шаклланган”.
Гётенинг “Ғарбу Шарқ Девони”ни И. Брагинский “Бу девон Шарқу Ғарб адабиётининг синтези, Мағрибнинг Машриққа саломи, буюк Олмон адибининг Шарққа бўлган улкан эҳтироми, ихлоси нишонасидир”, деб баҳолаган эди.
Бу адабий алоқалар заминида бошқа миллатлардан ўрганиш билан бир қаторда ўз миллий маданияти ютуқларини умумбашарият мулкига айлантиришдек муқаддас истак ётади. Бу жараён бизнинг гўзаллик ҳақидаги тасаввурларимиз қобиғини ёриб чиқиб, оламнинг турли бурчакларида яратилган маданий бойликларнинг бутун ҳайратомуз ранг-баранглигини очиб беради.
Шарқ ва Ғарб ўртасида қадимдан мавжуд бўлган азалий дўстлик анъаналарини янада юксалтиришда адабий алоқалар катта аҳамият касб этади.
Раҳим Каримов, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 6-сон.