Дунё фольклоршунослигида эртакларни ўрганиш, тадқиқ қилиш усуллари ва йўллари доимо янгиланиб борган. Мотивлар тизимининг ўсиши ва ўзгариши оқибатида сюжетнинг вужудга келишига кўра тадқиқотлар, асосан, мотивларни текшириш, кузатиш, таснифлаш йўналишида олиб борилган. Ўзбек эртакларидаги шарт-синов мотиви масаласи муаллиф белгилаган мавзуга бўйсунган ҳолда йўл-йўлакай ўрганилган, аммо унинг ўзи махсус кўриб чиқилмаган мотив ҳисобланади. Ваҳоланки, умуман, бадиий адабиёт, хусусан, халқ оғзаки ижодида яратилаётган ҳар бир персонаж, образ, характер сўз санъаткори томонидан муайян ҳаёт заминида ҳаракат қилади. Унинг фаолиятидаги ҳар бир ҳаракат эса шарт-синов билан узвий боғланган бўлади. Ўзбек фольклоршунослигида туш, от, замон ва макон масалалари кейинги йилларда алоҳида диққат билан ўрганилди[1]. Бу тадқиқотлар халқ оғзаки ижодида образ яратиш, реал ҳаётни тасвирлаш, бадиий маҳоратга баҳо бериш каби бир қатор илмий муаммоларнинг ҳал этилишини таъминлади. Бироқ халқ оғзаки ижодидаги бадиий асарни ҳаракатга келтирувчи омил унинг қаҳрамони ва унинг тақдирисиз фольклор намунасини тасаввур қилиш мумкин эмас. Инсон тақдири эса ҳаёт томонидан унинг олдига қўйиладиган шарт-синов билан уйғун ҳолда боғланади. Биз танлаган мавзунинг аҳамияти айнан ана шу мақсад билан белгиланади.
Умумий адабиётшунослик қиёслар, типлар, фарқлар-тафовутларнинг илмий изоҳини тадқиқ этиш орқали амалга оширилмоқда. Шу жиҳатдан муаммонинг ўрганилишидаги бошланғич даврни А.Н.Веселовский, Ж.Ж.Фрэзер, В.Я.Пропп, К.Леви-Строс, А.Н.Самойлович, В.М.Жирмунский, Е.М.Мелетинский, В.П.Аникин ва бошқа олимлар тадқиқотлари билан белгилаш мумкин. Бу олимлар мотив масаласи, хусусан, шарт-синов мотиви генезисига доир изланишлар юзасидан назарий ва амалий асосларни яратиб берди. К.Леви-Строс мифлар структурасини тадқиқ қилиш орқали сюжетлар тизимини ҳосил қилган умумий циклга йўл очди. В.Я.Пропп кўрсатиб ўтган мотивлар илк бор тартибга тушди, уларнинг тарихий ва маросимий илдизларини текшириш бошланди. Ж.Ж.Фрэзер мотивларнинг маросим орқали дастлабки мифологик ва бадиий тафаккурга бориб туташишини асослашга имкон берувчи бой манба тўплади. А.Н.Веселовский ишнинг назарий негизини – мотив муаммосини даври учун етарлича ҳал қилиб берди. А.Н.Самойлович ўзбек эртакларини текширар экан, икки етакчи мотивни кўрсатади: жумбоқ айтиш (ёки ёлғон ҳикоя айтиш), синов мотиви[2].
Ҳ.Зариф, М.Афзалов, М.Саидов, К.Имомов, Ғ.Жалолов, Х.Эгамов, Ж.Юсупов, М.Жўраев, Т.Собитова, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул каби ўзбек олимлари муаммога дахлдор ва ёндош изланишларни олиб бордилар[3].
Қаҳрамоннинг синовдан ўтиши барча халқлар фольклори жанрларида турли даражада ва турли кўринишларда учрайди. Ҳар бир янги жанр зарурат. Ўзгача ифодалаш зарурати. Сюжет ва мотив муносабати ўша жанр, ўша ифода билан боғлиқ тарзда ҳам ўзгаради. Мотив модификацияси эртакларда бошқача, қўшиқларда, достонларда бошқача. Достонда ифода ишонтириш, қўшиқда қўзғатишга қаратилган бўлади. Биз тадқиқ этмоқчи бўлганимиз эртак интуитив билимларни тартибга солади. Эртак ишончни кўзлаган ифода эмас. Бу уларнинг ишланганлик даражаси ҳар хиллигини кўрсатади. Фольклор асарлари тадқиқи учун манбанинг ишланганлик даражаси қанча паст бўлса, шунча яхши. Бундай аниқлик сабаб биз шарт-синов мотивини текширишда эртакларни объект қилиб олдик.
Бу мотивнинг, бизнинг ҳисобда, 20 дан ортиқ турлари ва уларнинг ҳар бирининг юзлаб навлари мавжуд. Масалан, тақиқ билан боғлиқ шартлар: муайян ичимликни ичмаслик (“Опа-ука”, “Шаҳзода Салмон”); сочни кесмаслик; сирли сўзларни айтмаслик (“Чол билан кампир”, “Меҳригиё”, “Соҳибжон ва Аҳмаджон”); қиз туғмаслик (“Олтин қиз”); пари юзидаги 40-пардани кўтармаслик (“Мислабу”); маликага қарамаслик (“Ҳасан ва Ҳусан”); гапирмаслик (“Беш қиз”, “Сирли туш”, “Тўқлибой”, “Етти аҳмоқ”, “Куйган чол”). Синовдан ўтолмаганлар маҳрумликка учрайдилар, жазоланадилар. Ёки куч синашиш билан боғлиқ мотив ҳам эртакларда энг кўп ва турли шаклларда учровчи синов мотивидир. Душманларни жисмонан, руҳан енгиш талаб қилинади. Куч турли йўллар билан синаб кўрилади. Жисмонан бақувватлик пойгада чопиш, соққа ирғитиш, ўқ отиш, арқонларни узиш, кураш, дарахтни қўпориш, кўп овқат ея олиш шаклларида келади. Руҳий қувват эса оловли хонадан омон чиқиш, аждарни енгиш, бошқа қиёфага кириш, кимнидир даволаш йўллари билан аниқланади. “Момир ва Сомир”, “Паҳлавон Рустам”, “Қорасоч пари”, “Аждар қуш”, “Ғулом полвон” эртак сюжетларида бу синов мотивининг кўплаб турларини кўрамиз.
Имкон даражасида айрим шарт-синов мотивлари генезисини аниқлашга уринайлик: қиздирилган темир хонадан омон чиқиш шарти. В.Я.Пропп “Сеҳрли эртакларнинг тарихий илдизлари” китобида ҳам, “Эртаклар морфологияси”нинг “Қаҳрамонга оғир топшириқнинг юкланиши” (ХХV) қисмида ҳам бу шарт ҳақида фикр билдирмаган. Ушбу синов мотиви “Аҳмадлар” эртагида учрайди. “Етим Иброҳим ва очкўз дўкондор” номли озарбайжон эртагида золим шоҳ ва унинг тарафдорлари ўтда куйдирилади. “Алпомиш”дан ўқиймиз: “Алпомиш… Шоҳимардон пирнинг тарбият қилганидан ўтга солса, куймас эди, қилич солса, ўтмас эди, милтиқ отган билан ўқи ботмас эди…”[4]
Х.Эгамов тадқиқотларида оловнинг айбдорнинг чиндан ҳам айбдор ёки айбсизлигини аниқлаб берувчи восита эканлиги баён қилинган. Гуноҳсиз одам оловдан соғ-омон чиқиб келган. Олим фикри исботи учун “Рамаяна”даги Ситанинг олов ёрдамида поклигини исботлагани тасвирини беради[5]. Ж.Юсупов Л.А.Лелековдан маълумотлар келтиради: Оролбўйи қабилаларида қабила бошлиғи ўлса, танаси тўртбурчак шаклидаги ёғоч уйга қўйилиб, ёндирилган. Бу маросим излари Қўйқирилганқалъада сақланган. Олим қадим ҳинд ёдгорлиги “Упанишад”дан парчалар ҳавола қилади: “Ўлим худоси Яма жасадга қарата: “Мен сени самовий оловга топшираман. Билгинки, бу олов боқий дунё маҳсули!” дер эмиш. Жисм ёнса, руҳ олов билан кўкка ўрлагай, Брахман нурига қўшилиб кетгай”[6]. Зардуштийликда ҳам марҳумлар куйдирилган, олов муқаддаслиги айтилган. Жисм, руҳнинг олов билан тўғридан-тўғри мулоқоти илдизи қаерда? Қайси дастлабки мотив динларга турли кўринишларда сочилиб кетган? Эртакдаги Иброҳим исми кимга далолат? Қуръони карим гувоҳлиги: “Биз айтдик: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқинлик ва омонлик бўл!” (Анбиё сураси, 69-оят). Динларда, бадиий асарларда сочилиб ётган, маросимларда узлуксиз турли даражада амалга оширилган олов билан боғлиқ урф-одатлар, шартлар Анбиё сурасидаги Иброҳим а.с.нинг жисман, руҳан олов билан юзлашишига ишора қилаётгандек.
Бошқа қиёфага кириш шартини олайлик. Тақиқланган мева ёки ичимликни истеъмол қилиш қаҳрамонни имкониятлари чекланган ҳолатга келтиради. Аёлга ҳомиладорлик, эркакка трансфигурация, яъни қиёфа ўзгариши хавф солади. Қаҳрамон жазо муддати тугагунча ниқобда юришга мажбур бўлади.
“Беш қиз” эртагида дуо билан маймунни одам ҳолига қайтариш ва маймундан асл одамга айланиш мотивлари бор. Дев жазолаш учун дуо билан қаҳрамонни маймунга айлантиради, уни маликанинг дуоси аслига қайтаради. Жазонинг бу тури ҳақида Қуръони каримнинг Бақара (65) ва Нисо (154) суралари хабар беради. Шанба куни балиқ овламаслик шартини бузган қавм маймунларга айлантирилади.
Баъзи эртакларда ниқоб ёрдамчи кучга айланади. Эртакларда ўзини дарёга ташлаган қизни ютган балиқ ҳақида ҳикоя қилинади. А.Мусақуловнинг “Ўзбек халқ қўшиқларининг тарихий асослари” китобидан ўқиймиз: “Нил бўйидаги халқлар ҳар ёш қизни ясантириб, Нилга ташлаганлар. Гўё шу билан қиз ва эр деб билинган дарёни никоҳлаганлар”[7]. Балиқнинг кимгадир аталган қизни ютиши қизни дарё никоҳидан сақлаган. Балиқнинг омонатни сақловчи восита эканлиги Юнус а.с. қиссасига алоқадордек.
Алоҳида иқтидор эгаларининг кўримсиз, ёқимсиз ниқобда яширин (масалан, турли бош кийимларида, турли соч турмаклари билан, кал, қурбақа малика, тошбақа шаҳзода қиёфасида) юриши учрайди. В.Пропп “Сеҳрли эртакларнинг тарихий илдизлари”да бу ҳодисани инициация[8] вақтида бошга чизиладиган турли ҳайвон тасвирлари, турлича қиртишланган сочлар билан; никоҳ инициациясида сочнинг катта магик кучга эгалиги билан боғлайди.
Асарнинг “Оловли дарёда” қисмида инициация вақтида кишиларнинг, дафн маросимида тананинг терига ўралгани ҳақида маълумот беради[9]. Ўзгарган қиёфа, ўзгарган шакл бошқа оламга олиб ўтувчи воситадир. “Зулм” эртагида отасининг никоҳидан қочиб қиз кигиз кийиб беркиниб юради. Яна бир эртакда тулупга солинган қаҳрамонни овчи қуш дарёдан олиб ўтади ва ўликлар маконига элтади. “Беш қиз” эртагида бўлса қаландарлар қаҳрамонга нега йиғлаётганлари сирини очиш учун шарт қўяди: “Бозорга бориб, бир катта қўй олиб кел, сўйиб гўштини бизларга бер, ўзинг терисига кириб турсанг, шундан кейин биз сенга бу сирларни айтамиз”. Қаҳрамон шартни бажаради, аммо терида ётган вақти семурғ келиб кўтариб кетади ва чўлу биёбонга олиб бориб емоқчи бўлади. Теридан чиқиши билан семурғ қўрқиб учиб кетади. Қаҳрамон иккинчи марта яна чўлда қолиб кетади. Хулоса шуки, ниманидир билиш учун қиёфа ўзгартирилади, семурғ қиёфаси ўзгарган қаҳрамонни ўзга оламга – чўлга олиб ўтади.
Жазога буюрилган ошиқларнинг хом терига солиб жазоланиши достонларда куйланган.
Инсоннинг қиёфа ўзгартириши Қуръони каримда икки пайғамбар ҳаёти билан боғлиқ ҳолатда тилга олинади. Биринчиси, ғазаб устида қавмини тарк этган Юнус а.с.нинг кемачилар томонидан сувга улоқтирилиши. Чунки гуноҳкорни аниқлаш учун ташланган қуръа учинчи марта ҳам Юнус а.с.ни кўрсатади. Юнус а.с.ни кит ютиб юборади, 40 кунлик ибодатдан сўнг, тавба муддати тугагач кит оғзидан омон чиқадилар. Бу Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини тарк этгани учун берилган жазо эди. Юнус а.с. гуноҳлар оламидан дастлабки гуноҳларсиз оламга ўтадилар. Бирор жонивор терисига кириш мотиви шу сюжетдан ўсиб чиққандек. Иккинчи пайғамбар – Исо а.с. Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида айтилади: “Ҳолбуки уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос”. Биз ён бераётган фикрлаш тарзи бошқа инсон қиёфасига ўтиш мотивини мазкур сюжетга алоқадордек кўрсатади. Илоҳий китоблардаги тушунчалар оғзаки, ёзма адабиётни кесиб ўтгандек ва бизни туташ тасаввурлар ичида қолдиргандек бўлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 7-сон
[1] Тилавов А. Ўзбек халқ достонларидаги от образининг тарихий илдизлари ва бадиий талқини: Ф.ф.н. дисс… – Т., 2000. Қодиров Д. Ўзбек сеҳрли эртакларида замон ва макон талқини. ф.н.н. дисс. – Т., 2004. Ҳалилова Д. Ўзбек фольклорида илон образи: ф.ф.н. дисс. – Т., 2004. Эшонқул Ж. Ўзбек фольклорида туш мотиви ва унинг бадиий талқинлари: ф.ф.д.дисс… – Т., 2011.
[2] Веселовский А.Н. Поэтика сюжетов. Соб.соч. т. 2. – СПб., 1913; Самойлович А.Н. Сказка “Сорок небылиц” по туркмен., узбекс., киргиз. вариантам (“Живая старина”), 1912; Пропп В.Я. Исторические корни волшебной сказки. – Л., 1946; Аникин В.П. Русская народная сказка. – М., 1959; Пропп В.Я. Морфология сказки. – М., 1969; Жирмунский В.М. Тюркский героический эпос. – Л., 1974; Леви-Строс К. Структурная антропология. М., 1983; Леви-Строс К. Печальные тропики. – М.: Мысль, 1984; Фрэзер Ж.Ж. Золотая ветвь. – М., 1986; Фрэзер Ж.Ж. Фольклор в ветхом завете. – М., 1989.
[3] Афзалов М. Ўзбек халқ эртаклари ҳақида. – Т.: Фан, 1964; Саидов М. Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат. – Т.: Фан, 1969; Жалолов Ғ. Ўзбек халқ эртаклари поэтикаси. – Т.: Фан, 1976; Имомов К. Ўзбек сатирик эртаклари. – Т., 1979; Эгамов Х. Совет Шарқи туркий халқлари эртакчилик анъаналари алоқалари тарихидан очерклар. – Т.: Ўқитувчи, 1982; Собитова Т. Ўзбек достонларида конфликт: ф.ф.н.дисс. – Б., 1984. Юсупов Ж. Хоразм эртаги ва ҳаёт ҳақиқати. – Т.: Фан, 1996; Турдимов Ш. “Гўрўғли” достонларининг генезиси ва тадрижий босқичлари. – Т.: Фан, 2011.
[4] Алпомиш. Достон. – Т.: Шарқ НМАК, 1998. Б.225.
[5] Эгамов Х. Совет Шарқи туркий халқлари эртакчилик анъаналари алоқалари тарихидан очерк-лар. – Т.: Ўқитувчи, 1982. Б. 128-129.
[6] Юсупов Ж. Хоразм эртаги ва ҳаёт ҳақиқати. – Т.: Фан, 1996. Б. 106-107.
[7] Мусақулов А. Ўзбек халқ қўшиқларининг тарихий асослари. – Т., 1994. Б. 8.
[8] Ўсмирликдан эр йигитликка ўтиш маросими.
[9] Пропп В.Я. Исторические корни волшебной сказки. – Л., 1946. С. – 121-122.