Шафиқа Ёрқин. Издошликми ёки фикрдошлик

Алишер Навоий

Амир ул-калом Низомиддин Алишер Навоий қасидалари кўп эмас. Форс тилидаги “Туҳфат ул-афкор” қасидаси фалсафий фикрлари, бадиий санъатлари билан юқори чўққига кўтарилган.

Кўпинча, қасида, деганда мадҳия ва марсиялар назарда тутилади, чунки ғазнавийлар ва салжуқийлар даврида Унсурий, Фаррухий, Асжадий, Зоҳир Фарё­бий каби машҳур қасиданавис шоирлар жанрни бадиийлик ва гўзаллик нуқтаи назаридан шеърнинг энг юқори чўққисига кўтарган бўлсалар-да, амирларни мақташ билан чегараланиб қолганлари сабабли, кейинги шоирлар ҳам қасидани шу мавзуга қаратдилар. Бора-бора қасида мадҳу сано воситасига айланиб қолди.

Мадҳия қасидалар ўзига хос тузилишга эга. Унда, тағаззул, ташбиб, насиб, гуриз, қочиш, асл мавзуга қайтиш, даъвои ҳусни талаб, махлас каби рукнлар мавжуд. Аммо, баъзи бир улуғ шоирлар, жумладан, Носир Хусрав Балхий, Саноий Ғазнавийлар қасидани тузилиш ва мавзу нуқтаи назаридан бутунлай ўзгартирди. Улар қасида шаклини тағаззул, гуриз, ҳусни талаб каби рукнлардан озод қилиб, матлаъдан бошлаб, кўзда тутган мавзуни ёритиб беришга киришдилар.

Шунингдек, қасидани кўпроқ панду насиҳат, фалсафа ва ҳикмат, аҳлоқу одоб, илму маърифат, тасаввуфу ирфон каби мавзуларга қаратдилар.

Амир Хусрав Деҳлавий ҳам қасидада кейинги тоифадаги шоирлардан ҳисобланади. Шоирнинг “Лужжат ул-аброр” (Дарёйи аброр) номли фалсафий, ижтимоий қасидаси мавлоно Абдураҳмон Жомий билан Мир Алишер Навоий диққатини тортган ҳамда “Лужжат ул-асрор” ва “Туҳфат ул-афкор” қасидаларининг дунёга келишига сабабчи бўлган.

Жомий ва Навоий замондош, фикрдош эдилар. Иккала шоир ҳам Ҳусрав Деҳлавийга ихлос қўйиб, ғазалларига назира боғлаб, назмини ҳар доим ҳурмат билан тилга олганлар. “Лужжат ул-аброр” қасидасига назира ёзиш шундай ихлос ва ҳурмат натижаси, дейилса тўғри бўлади. Чунки татаббуъ қилишга лойиқ фалсафий, ирфоний, ижтимоий қасидалар форс адабиётида кам эмас.

Мақола сарлавҳасини, “Издошликми ёки фикрдошлик”, деб қўйганимизга келсак, “Лужжат ул-аброр”, “Лужжат ул-асрор” ва “Туҳфат ул-афкор” қасидалари вазн, қофия, радиф жиҳатидан ҳам, олға сурилган ғоялар нуқтаи назаридан ҳам бир-бирига ўхшаган ҳолда бадиий санъатлар, сўз ўйинлари, баъзи фикрларни олға суриш ёки баён қилиш услуби нуқтаи назаридан фарқлидир. Бу мавзуни билиб олиш учун учала қасида матлаълари етарли. Амир Хусрав қасидаси бундай бошланади:

Кўси шоҳ холию бонги ғулғулаш дарди сар аст
Ҳар ки қонеъ шуд хушку тар, шаҳи баҳру бар аст.

Жомий қасидасининг матлаъи эса бундай:

Кунгури айвони шаҳ к-аз коҳи кайвон бартар аст
Раҳнаҳои дон к-аш ба девор ҳисори дин дар аст.

Навоий бу матлаъга жавобан мана бундай ёзади:

Оташин лаъле ки тожи хусравонро зевар аст
Ахгари баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст.

Учала қасидада ҳам шоирлар бошиданоқ шоҳни огоҳлантиради, шоҳлик шон-шавкати, зеб-зийнати дардисар ва хом-хаёл эканлигини уқтиради, унга кўнгил қўймаслик, у билан мағрурланмаслик зарурлигини айтади. Аммо шоирларнинг ҳар бири, фикрини ўзига хос услуб, ўзига хос сўз санъатлари билан баён этади.

Амир Хусрав матлаъининг биринчи ва иккинчи мисралари орасида мустаҳкам робита ўрнатилмаган. Чунки биринчи мисрада қатъий қилиб, шоҳларнинг ноғораси бўш, ғулғуласи бош оғриғи, деб айтилса, иккинчи мисрада ҳўл ва қуруққа қонеъ киши, баҳру барр, яъни еру сув подшоҳидур, деб ҳукм чиқарилади. Бу икки мисрада фақат хушку тар, баҳру барр орасида тазод санъати мавжуд, аммо ҳўлу қуруққа қонеъ киши қандай қилиб, баҳру барр подшоҳи бўлиши мумкинлиги исботлаб берилмайди.

Жомий матлаъини ҳам жуда гўзал ва мустаҳкам деб, баҳо бера олмаймиз. Чунки унда ҳам ҳар икки мисра орасида мантиқий робита юзага келмаган. Шоҳлар қасри кунгураси, дин қўрғонининг рахнаси (тешиги), деб ифодалаган бўлса ҳам бунинг далилу исботи келтирилмаган. Шунингдек, биринчи мисра сустроқ воқе бўлган, чунки шоҳ айвонининг кунгураси, дин қўрғони деворига рахна солса ҳам осмон қасридан юқорироқ, деб айтилади.

Навоий матлаъи Хусрав ва Жомий матлаъларидан анча устун туради. Бу даъвоимиз исботи қуйидагилардан иборат:

  1. Навоий қасидаси матлаъида, биринчи ва иккинчи мисра орасида узилмас мантиқий робита мавжуд. Биринчи мисра иккинчи мисрага йўл очиб беради, иккинчи мисра биринчи мисрани изоҳлайди ва ҳар иккала мисра бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Қизил лаъл, оловга ўхшайди. Олов хом нарсаларни пишириш учун қўлланади, лаълнинг жойи тожда ва тожнинг жойи бошдадир. Албатта, хом хаёллар ҳам бошда бўлгани сабабли, олов ва хом хаёл бир жойда бўлиши керак. Бу икки мисра орасида маъно ва бадиийлик нуқтаи назаридан узилмас мустаҳкам робитани узиш мумкин эмаслиги, бу матлаъ ўта моҳирлик билан ёзилганидан далолат беради.
  2. Навоий матлаъини шеърий санъатлар мажмуи дейиш мумкин, чунки лаъл ва оташда ташбеҳ, лаъл, тож ва зеварда мароъат ун-назир, тож билан шоҳда таносиб санъатлари мавжуд. Оташин лаъл ташбеҳида ташбеҳ ҳарфлари йўқлиги ташбеҳ кучини оширади. Чунки лаъл оташга ўхшайди демайди, балки лаълнинг ўзини олов, деб беради. Демак, шу сабабли у балиғ (етук) ташбеҳлардан ҳисобланади. Шунингдек, икки мисрада ахгар пухтан (чўғ ва пишириш) орасида мантиқий ­таносуб бўлса, хом ва пухтан (хом ва пишиғ) орасида тазод санъати мавжуд. Иккала мисрани бир-бирига солиштириб қаралса, биринчи мисра мубтадо, иккинчи мисра хабар, биринчиси лафф, иккинчиси нашр, деб ҳам айтиш мумкин.

Шеърни шеър қиладиган нарса ғайри ҳақиқий, яъни мажозий тасвирдир. Шоирнинг хаёлида яратилган тасвир, қанчалик ғайри ҳақиқий, яъни мажозий бўлса, бадиийлиги ва тасвири ўшанча кучлироқ бўлади. Навоийнинг матлаъида шундай тасвир лаълдан ясалган чўғ бўлса, иккинчи мажозий тасвир хаёлнинг хомлиги, учинчи тасвир, хом хаёлни лаъл алангаси ёрдамида пишириш, тўртинчи тасвир тожни чўғи ловуллаб турган ўчоқ, деб тасаввур қилишдир. Албатта, сўнгги тасвирни шоир очиб бермайди, аммо тожнинг кўриниши ҳам, олтиндан ясалгани ҳам, унда ёниб турган лаълнинг чўғи ҳам олтин ўчоқни эслатади.

Навоийнинг она тили дари бўлмаса ҳам “Туҳфат ул-афкор” қасидасида сўз ўйинини ниҳоятда маҳорат билан кўрсатган. Матлаъда (жим ва хе) ҳарфлари олти марта (тож, хусрав, ахгар, хом, хаёл, пухтан сўзларида) келтирилган.

Жомий икки мисрадан иборат бир матлаъда беш марта сўзларни қисқартиришга мажбур бўлган. Биринчи мисрада “кунгура” сўзини, “кунгур” “шоҳ” сўзини “шах”, “ки аз”сўзини “к-аз” қилиб қисқартирган бўлса, иккинчи мисрада “ки аш” сўзини “каш” ва “андар” сўзини “дар” қилиб қисқартиради. Хусрав ҳам “шоҳ” сўзини ҳар икки мисрада “шаҳ” қилиб қисқартирган. Сўзларни қисқартириш ва талаффузни ўзгартириш катта айб ҳисобланмаса-да, етук шоирлар матлаъда кўпроқ куч сарфлаб, сўзларни яхшилаб танлаш заруратини сезиб, шеър матлаъсини нуқсонсиз қилишга уринадилар. Навоийнинг қасидасида ҳам сўз қисқартириш мавжуд, лекин матлаъ байти айтиб ўтилгандек , нафақат айбсиз, нуқсонсиз, балки жуда чиройли, адабий санъатларга бой шоҳ байт ва матлаълардан ҳисобланади.

Мазмунга эътибор берсак, Амир Хусрав (102 байтли) қасидасида шоҳ, муфти, фақиҳ, мунажжим, ҳоким кабиларни айблайди, ҳиммат, хокисорлик, фақирлик, ростлик, меҳнатсеварлик, жавонмардлик, саховатни тарғиб этиб, ҳар қандай ёмон ниятни қоралаб, кишиларни яхши йўлга йўллайди. Жомий (100 байтда) Хусрав каби муфтий, файласуф, ҳаким, мунажжим кабиларни айбласа, Хусрав тарғиб қилган фазилатларни тарғиб қилиб, ман этган амалларни ман этади. Шунингдек, ўз қасидасини Хусрав қасидасига ўхшатиб ёзгани ва уни “Лужжат ул-асрор”, деб номланиши қасиданинг яратилиш тарихини (880) “фарах” сўзидан ҳосил қилиш мумкинлигини баён қилади, аммо Жомий ўз қасидасида тавозени тарғиб этса ҳам ўзини Хусравдан юқорироқ қўймоқчи бўлади:

Ҳамчу фикри бикру Хусрав зодааст аз лутфи табъ,
Дар камоли хуби ин як хохар, он як хохар аст.
Эй басо хохар, ки бо хохар чу гардад жилвагар,
Дар жамол акбар бувад, ҳарчанд дар сол асғар аст.

Яъни, бу икки қасида, камол ва гўзалликда икки опа-сингилга ўхшайди, аммо сингил (Жомий қасидаси), жамолда опаси (Амир Хусрав қасидаси)дан улуғроқдир. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Жомий қасидасида уч-тўрт жойда сўкиш сўзлари жой олган.

Навоий биринчи байтдан бошлаб шоҳга ҳужумни бошлайди. Иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи байтларда ҳам шу мақсаддан қайтмайди, муддои масал санъати ёрдамида мазмунни яхшироқ очиб беришга ҳаракат қилади. Шоҳдан қўрқмаган, шоҳ қулидан қўрқмаслиги аниқ. Шунинг учун шоҳнинг салбий томонларини айтгандан сўнг садр, ҳоким, шайх, воиз, фақиҳ, қози, мунажжим, сифла, тардоман, далли, золим кабиларни қаттиқ танқид қилади ва аксинча, ишқ, фақир, ирфон, мардлик, хокисорлик, ростликни мақтаб, тарғиб этади. Қасиданинг бир қисми Жомийга бағишланади, номланиш далили ва ёзилган тарихи қайд этилиб, дуо билан тугатилади.

Хусрав, Жомий ва Навоий муддаои масал санъатидан кенг фойдаланганлар. Аммо, Навоий муддаои масални ҳар бир байтда қўллайди. Унинг масалалари қуйидаги шакллардан иборат:

Муддао исботи учун тажнис санъати воситасида сўзларнинг шакл ва маъносидан фойдаланади. Мисол учун, “Оқибатни ўйламаган шоҳ, мулкни вайрон қилади”, деган гап исботи учун “Хусрав” сўзидан фойдаланади. Чунки Хусравнинг маъноси подшоҳдир, аммо оқибатсиз хусрав, шакл нуқтаи назаридан “хуср” бўлади ва “хуср” сўзи нуқсон, камчилик, зиён ва бузилиш маъносини ифодалайди:

Шаҳ, ки ёд аз марг н-орад з-ўст вайронаи мулк,
Хусрави беоқибат хусри билоди кишвар аст.

Шунингдек, сафар ва асфар, наҳс ва нажас, абир ва анбар, фақиҳ ва фиқх, қурб ва ақраб, дур ва давр, қаср ва қайсар, қоф ва фоқиҳ сўзларидан ушбу мақсад йўлида фойдаланади.

Муддао исботи учун талмеҳ санъати орқали тарихий ва диний ҳикоятларга ишора қилади. Масалан: жом ва жам, Хизр ва обиҳаёт, Хайбар ҳисори, араб асирлари, Санжар ва Марвнинг ободлиги, Иброҳим ва Озар ҳикоялари ҳамда Пайғамбар (С.А.В.)нинг “Алфақру фахри” каби ҳадисларига ишоралар мавжуд.

Муддао исботи учун ҳаммага қуёшдек маълум ёруғ ҳақиқатни келтиради. Масалан, Гунбади хазронинг (осмон) иши тўкишдир, дейди, исботи учун энг содда, ҳамма биладиган мисол кифоя. Хинонинг барги яшил, аммо амали қизартириш, дейди:

Гунбади хазро ки хунрезист феълаш, дур нест,
Барги хино ахзар омад, лек рангаш аҳмар аст.

Мард киши олдида фано ва бақо орасидаги масофа бир манзилдир, деса, исботи учун офтоб Машриқдан Мағрибгача узун масофани бир кунда босиб ўтишини мисол қилиб беради:

Мардро як манзил аз мулки фано дон то бақо,
Меҳрро якрўза роҳ аз Бохтар то Ховар аст.

Шунингдек, яланғоч киши қишда қалтирагани, ухлаётган киши уйқуда сўзлаганда уйғоқлар кулгиси қистагани, туя учун саҳрода қуруқ тикан хурмодек ширин экани, ипак қурти ипакка ўралиб ўлиши, мармар тоши сувдан мавж топмаслиги, шам орасидаги ип узунроқ бўлганда қирқилиши, дур қиймати байзодан (тухум) анча ортиқлиги каби ҳақиқатлар мисол бўлиб, Навоий муддаолари исботи учун хизмат қилади.

Муддао исботи учун барчага аён бўлган гапни эмас, балки хосларга маълум ҳақиқатни ўзи кўриб мушоҳада қилган воқеаларни масал ўрнида келтиради. Масалан, ёш болалар ўйини (фолизбозлик) деҳқоннинг фолизидан тубдан фарқли эканлиги, болаликда ўрганилган нарсалар, қариликда эсда қолиши, даф (доира, чилдирма) ёрилса унинг чамбари маймунни ўйнатиш учун қўлланиши, сичқон тухумни қандай ўғирлаши каби воқеаларга ишора қилади. Айтиб ўтилган сўнгги масал жуда қизиқарли. Бундай ҳодисани кўп кишилар кўрмаган ва ҳатто эшитмаган. Мен ҳам Навоийнинг бу ҳодисага ишорасини тушунмаганлигим сабабли кўп кишиларга мурожаат қилдим. Охири бир киши воқеа қандай юз беришини айтиб берганидан сўнг қуйидаги байт маъносини англадим:

Зиллат омад ҳосили хоин, ки мушон чун кунанд,
Байза дузди он яке, занбаркаш ин як занбар аст.

Яъни, хиёнаткор кишиларнинг ҳосили (оқибати) зиллат ва пастликдан бошқа нарса эмас. Бунинг мисоли сичқон сиймосида кўринади. Улар тухумларни ўғирлаганда, бири занбар ва бошқаси занбаркаш бўлади. Сичқон қандай қилиб занбар ва занбаркаш бўлади? Саволга бундай жавоб топдим: тухумни ўғирлаш учун икки сичқон бир-бирига ёрдам беради. Бири орқаси билан ерга ётиб, тухумни қорнига чиқаради ва оёқлари билан тухумни кўксида қисиб туради. Иккинчиси эса унинг думидан тишлаб судраб уясига олиб боради. Яъни бириси занбар бўлиб, тухумни кўксига ортади, иккинчиси занбаркаш бўлиб уни тортади.

Навоийнинг “Туҳфат ул-афкор” қасидаси ана шундай қизиқарли ҳикоялар, масаллар ва бошқа адабий санъатлари билан Хусрав ва Жомийнинг “Лужжат ул-аброр” ва “Лужжат ул-асрор” қасидаларидан устунроқ туради. Бундай устунликни исботлаш учун юқоридагилардан ташқари қуйидагиларни айтиб ўтиш керак:

  1. Амир Хусрав матлаъи унчалик кучли эмас ва мисралар орасида мантиқий робита йўқ, деган эдик. Навоий ҳам ана шу камчиликни билиб, Хусрав қасидасининг матлаъини тазмин қилади, яъни ҳар бир мисрани байтда иккинчи мисра қилиб қўяди, бир-бир мисра уларга қўшиб, узилган робитани мустаҳкам боғлаб туради:

Лозими шоҳи набошад холи аз дарди саре,
“Кўси шаҳ холию бонги ғулғулаш дарди сар аст”
Бо даҳони хушку чашми тар қаноат кун аз он-к,
“Ҳар ки қонеъ шуд ба хушку тар шаҳи баҳру бар аст”

Навоийнинг қўшган мисралари Хусрав мисраларини маъно нуқтаи назаридан кучайтиргани яққол кўриниб турибди.

  1. Навоий Султон Санжар Салжуқийни Марв бинокори, яъни Марв шаҳрига асос солган киши деб баҳолайди, аммо Жомий Санжарнинг ҳирсдан очилган оғзи Марв тупроғидан тўлди, деб маломат қилади:

Навоий:

Мулки дил пири жавонро ҳаст ободон зи ишқ,
Бонии Марви куҳан Санжар зи нав хам Санжар аст.

Жомий:

Шуд даҳони хирси Санжар пур вале аз хоки Марв,
Ин сухан бишнав ки Марве аз даҳон Санжар аст.

  1. Нуқсонда ҳам бирор фойда бор, деган гапни Навоий қуйидаги мисол билан исботлаб беради:

Навоий:

Эй басо нуқсон, ки дар зимнаш бувад як навъ суд,
Чун дафи лўли дарид аз баҳри маймун чанбар аст.

Яъни, нуқсонда ҳам бирор фойда бор. Лўли доирасининг чанбари маймунни ўйнатиш учун керак бўлади.

Хусрав шу маънини қуйидаги байтлар билан англатади:

Ҳеч зиште нест, к-ўро хубии ҳамроҳ нест,
Зангии шабрангро дандон чу дар азҳар аст.

Яъни, зиштларни (хунук) ҳам бирор чиройи бўлади. Тундек қаро зангини (қора танли) тишлари дурдек оқдир. Амир Хусрав ушбу байтнинг биринчи мисрасида зиштнинг чиройли жойи бўлади, деб яхши мавзуни кўтаради, лекин қора танли кишиларни “занги шабранг”, дейди. Яъни даф ва чанбардан Амир Хусрав бундай мазмун чиқаради:

Дил ки шуд бемор уммеди бувад то қолаб аст,
Даф, ки шуд сурох ғарболи бувад то чанбар аст.

Яъни, юрак касал бўлса ҳам жисм тирик қолса умид бор. Даф – чилдирма чанбаридан ғурбол ясаш мумкин. Хусравнинг бу байти кўп шеърлардаги ҳақиқатларга қарши туради, чунки қолип, яъни жисм асл эмас, балки жон ва юрак аслдир. Қолип бузилса, яъни қўл-оёқ қирқилса, кўз кўр, қулоқ кар бўлса яшаш мумкин, аммо юрак урмаса, тўхтаб қолса ва ёки жон чиқиб кетса, қолипнинг ҳеч кераги бўлмай қолади.

  1. Навоий, бир ишни яхши ва ёмон бир хил бажармайди, яхши яхшиликка, ёмон ёмонликка олиб боради, деган мавзуни қуйидагича ифодалайди:

Золиму Одил на яксонанд дар таъмири мулк,
Хук дигар дар шиёри мулку деҳқон дигар аст.

Яъни, золим ва одил ўрни мулкни обод этишда бирдек эмас. Масалан, ёввойи тўнғиз ерни кавлаб пайҳон қилади, аммо деҳқон ерни шудгор қилиб экин учун тайёрлайди.

Жомий шу мазмунни бундай ифода қилади:

Комилу ноқис на яксонанд дар қатьи умур,
Он чи аз шамшир мешояд, на кори ханжар аст.

Яъни, комил ва ноқис ишни бажаришда бирдек эмас, шамшир қиладиган ишни ханжар қилолмайди. Жомийнинг бу байтида иккинчи мисра биринчи мисра изоҳ ва исботида ёрдам беролмайди. Шамшир ва ханжар ўлдириш, зарар етказиш учун қўлланилади. Шамширни фақат шаклига қараб, комил дейиш мантиқ нуқтаи назаридан тўғри келмайди.

Юқорида айтиб ўтилганга ўхшаш бир қанча байтлар Навоий, Жомий, Хусрав қасидаларида мавжуд. Ҳар бирини изоҳлаш, мақолани чўзиб юбориши мумкин. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Амир Хусрав биринчи бўлиб “Лужжат ул-аброр” қасидасини ёзди. Кейин Жомий “Лужжат ул-асрор”ни яратди. Навоий бу икки қасидани чуқур ўрганиб, улардаги ноаниқ жойларни тиниқлаштиришни, янги мавзуларни олиб киришни, сўз санъатлари ва мажозий тасвирлар ёрдамида мазмунни кучли ва таъсирли этишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Дарҳақиқат, Навоийнинг “Туҳфат ул-афкор”(Фикрлар туҳфаси) қасидасининг байтлари сони озроқ бўлса ҳам чуқур маъно ва гўзал ифодаси билан ўзига хос юксак ўринда туради. Шунинг учун бу қасидани тақлид эмас, балки фикрдошликнинг янги бир маҳсули, дейиш тўғри бўлади.

Ориф шоирлар комил Инсон бўлишни ўзларига мақсад қилиб қўйганлар. Ҳар доим комил инсон излаганлар ва инсонни комиллик сари олиб боришга интилганлар. Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам “Лужжат ул-аброр”, “Лужжат ул-асрор”, “Туҳфат ул-афкор” қасидаларини ана шу муқаддас ғоя йўлида инсон фазилатини ошириш ва уни комиллик сари йўллаш учун ёзганлар.

Табдил қилувчи Абдурасул Эшонбобоев

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 9-сон

________________
Шафиқа Ёрқин 1955 йилда Афғонистонда туғилган. Қобул университетининг журналистика факультетини тамомлаган. 1997-2001 йилларда ЎзРФА тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаган. Филология фанлари доктори. “Бобурга армуғон”, “Нодира ва унинг шеърлари” каби бошқа кўплаб китоблари чоп этилган.