1964 йил, июн. Саратоннинг иссиқ кунларидан бири, мен ҳар сафаргидек маъруза залида малака оширишга келган шифокорлар билан машғулот ўтказаётган эдим. Кутилмаган меҳмон маъруза зали ёнига келиб, кимлардандир: “Шабот Хўжаевични қаердан топсам бўлади?”, – деб сўраётганини эшитдим. Мен бу мўътабар алломани кўришим биланоқ, хаёлимдан бемор киши шифокорни ахтаради деган фикр ўтди. Маърузани шу ондаёқ тўхтатиб, олдиларига чиқдим. У киши академик Муҳаммаджон Ўрозбоев экан. Ёшликдан дўстлари бўлмиш, ҳамшаҳари Абдулла Қаҳҳор бетоблигини, кунлар ўтган сари касаллик оғирлаша бораётганлигини, дори-дармон кор қилмаётганлигини айтди ва дўстлари Шабот Хўжаевичга Абдулла Қаҳҳорни кўрсатиш лозим дейишганини маълум қилди.
Шу заҳоти Абдулла Қаҳҳорнинг уйларига бориб, бемор тўшакда ётганлигини кўрдим. Юрагида катта ўзгаришлар содир бўлгани, айни вақтга келиб дард қайтганлигини билдим. Мени ва оиланинг қадрдони академик Ўрозбоевни дастурхонга таклиф қилишди. Суҳбат анча давом этгач, бемор Абдулла Қаҳҳор менга мурожаат қилиб: “Мени оталиққа олиб, ўзингиз келиб назорат қилиб туринг”, деган илтимосини билдирди. Шу кундан бошлаб, деярли кунора, уч кунда бир келиб, текшириб, беморга ҳамдард бўлиб, Абдулла Қаҳҳор хонадони яқинларидан бири бўлиб қолган эдим.
1965 йил. Бир куни кечқурун Абдулла Қаҳҳор телефон қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг: “Эртага куннинг иккинчи ярми — соат 5 ларда бизникига ўтирадиган бўлиб келсангиз, маслаҳат бор”, – дедилар. Эртасига келдим, одатдагидек, айтилган вақтда Кибриё хонимнинг қўлбола паловлари дамланган экан, сузиб келдилар. Овқатланиб бўлгач, Абдулла Қаҳҳор: “Рухсат берсангиз, сизнинг назоратингизда бугун “Ҳамза” театрида “Аяжонларим” пьесасининг премьерасини биргаликда кўрсак”, – деб таклиф қилди. Розилик берсам, хаёлимда Абдулла Қаҳҳорнинг юракларидаги дард асоратлари батамом тугамаган, ўқтин-ўқтин хуруж қилиб туради. “Йўқ”, – деган жавоб адиб учун биринчи премьерани ўзи кузата олмаслиги туфайли унга руҳий жиҳатдан жароҳатдек туюлади. Билдимки, Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари ҳам зийраклик билан бу ҳолатни сезиб турибди. “Сизнинг назоратингизда хотиржам бўламан”, – деди у. Яхши кайфият билан театрга йўл олдик. Зал томошабинлар билан лиқ тўла, деярли аксарият Абдулла Қаҳҳорнинг мухлислари йиғилган.
Муаллифни гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Бироздан сўнг парда очилди ва спектаклнинг биринчи премьерасида қатнашувчи актёрлар ҳаяжон билан асар муаллифи Абдулла Қаҳҳорни қутлаб, “Аяжонларим” спектаклини бошлашга рухсат сўрашди…
Асарни завқ билан кузата бошладик. Асар қаҳрамонларидан бири бўлмиш Раҳимжон шоша-пиша уйига келади, аммо хотини Саида кўзига кўринмайди. Раҳимжон онасига мурожаат қилиб: “Саида қани?” – деб сўрашга улгурмасидан, онаси: “Кетказиб юбордим”, – дейди. Раҳимжон онасига қараб: – “У бўғоз эди. Нима қилиб қўйдингиз”, – дейиши биланоқ онаси: “Вой ўлай, ундоқ экан, қайтар”,– деб бақиради…
Мен томошабин сифатида спектаклни кузатар эканман, айрим сўз ва ибораларни ёндафтаримга кишибилмас ёзганларимни Абдулла Қаҳҳор ўзига хос зийраклик билан кузатиб ўтирган эканлар. Спектаклни томошабинлар жуда катта ҳаяжон билан кутиб олганликлари, мазмуни жиҳатидан ўта миллий руҳ билан суғорилган асар эканлиги билан табрикладим. Шу билан бирга ҳозирги давр ёшлари ва ота-оналарнинг дунёқарашлари, урф-одатларга муносабати, тушунчалари ҳамда айниқса, тафаккури мутлақо бошқача эканлиги жуда жозибали ифодасини топганлигини айтдим.
Спектакл премьерасидаги ҳис-ҳаяжон туфайли Абдулла Қаҳҳор саломатлигига салбий таъсир бўлмадими, деган хаёлда эртаси куни хонадонларига ташриф буюрдим. Ҳол-аҳвол сўрашилгандан сўнг Абдулла Қаҳҳор сўрадилар: “Раҳимжон ва Саидалар ёш, замонавий шифокорлар, бўлажак жараёнларга ўз муносабатларини ифода қила олганларми-йўқми, томошабин сифатида кузатганларингизни айтсангиз”,– деб мендан фикр сўрадилар. Нималарга эътибор берганим ва ёндафтаримга нималарни ёзганларим билан қизиқдилар. Асар нақадар долзарб эканлигини, ёш авлоднинг катталарга анъанавий муносабатлари ижобий ёритилганлиги менда катта таассурот қолдирганлигини сўзлаб бердим ва шу билан баробар, бизлар, айниқса, шифокорлар, Раҳимжон каби – аёл кишини “бўғоз” эди деган сўз билан эмас, “ҳомиладор эди” деб ифодалашимизни айтдим. — “Яхши эътибор берибсиз! Бўғозлик фақат ҳайвонларга нисбатан айтилишини унутибман”, дедилар. Бир-икки ой ўтгандан сўнг “Аяжонларим”нинг яна бир бор премьераси бўлди. Бу сафар Раҳимжон онасига қараб: “Нима қилиб қўйдингиз, у бўлажак фарзандимга ҳомиладор эди-ку”, – деб “бўғоз” сўзини “ҳомиладор”га айлантириши Абдулла Қаҳҳорнинг таклифларга нақадар эътибор билан қарашини билдирарди…
1968 йил. Апрел ойининг бошлари. Ҳар сафардагидек, кечқурун соат 10 ларда телефон орқали майин товуш билан: “Домла, эртага ишга бориш олдидан келиб кетсангиз. Маслаҳатли гап бор”, дедилар. Билмадим, ҳар сафар телефон қилганларида ўзларига яқин киши, шифокор бўлганлигим учунми, ҳузурига чорлайдиган бўлса, албатта, бир маслаҳат бор деб йўқлар эдилар. Эрталаб иш олдидан хонасига бордим, дастурхон эрталабки нонуштага ҳар сафаргидек муҳайё, Кибриё хонимни ёнига ўтқазиб, суҳбатга чорлаб, шундай дедилар: “Кеча уйга бир гуруҳ шифокорларни бошлаб келган марказий шифохона бош шифокори, профессор Саид Маърупович Аъзамхўжаев (жарроҳ), Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи муовини, профессор Ўктам Орипович Орипов ва бошқалар уй шароитида консилиум ўтказишиб, қарор қабул қилишди. Қарор бўйича, қандли диабет касаллигининг асорати бўлмиш чап оёғимдаги ярани тузатиш учун Москвага – Кремл шифохонасига боришим лозим экан. Бу масала бўйича москвалик шифокор-олимлар билан келишилган, эмиш”. Сўнг менга мурожаат қилиб: “Сиз нима дейсиз? Боринг десангиз бораман, йўқ десангиз бормайман”, –деган мулоҳазани айтдилар. Шифокорлик ҳаётимда биринчи бор ўта масъулият ҳисси билан саволга жавоб беришда ўйланиб қолишим эди.
1968 йил 7 апрел. Бемор Абдулла Қаҳҳорни кузатиб борувчи ҳамшира Юлина Вера Ивановна ва Кибриё хоним биргаликда Москвага учиб келдилар. Кутиб олганлар беморни ваъда қилинган Кремл шифохонасига эмас, тўғри “Добринский” майдонидаги академик А.А. Вишневский номли илмий-текшириш институтига олиб боришди.
Ҳамшира Вера Ивановнанинг сўзлари: “Аэропортдан Абдулла Қаҳҳорни тўғри А.А.Вишневский институти касалхонаси қабулхонасига келтирдилар. Шу дақиқадан бошлаб Абдулла Қаҳҳор учун кетма-кет мутлақо кутилмаган қатор стресслар бошланди.
1-стресс. Қабулхонага кетма-кет беморлар олиб келинаяпти. Беморлар кўп бўлиб, қабул тартиби ўта мураккаб, ҳатто рафиқаси Кибриё хонимга ҳам рухсат беришмади. Абдулла Қаҳҳор жойлашган палатада ҳар хил оғир беморлар бўлиб, айримларининг оёғи кесилган, бошқалари турли жарроҳликка тегишли касаллар эди. Шу шароит ва аҳволда Абдулла Қаҳҳор менга мурожаат қилиб: “Мени қайтариб Тошкентга олиб кетинглар”, – деди. Бунга жавобан: “Бу шифохонада сизни обдон текширувдан ўтказишлари зарур, сўнгра натижага кўра қарор қабул қилинади”, деб жавоб бердим. Икки кун ўтгач, Абдулла Қаҳҳор мени кузатар экан, ниҳоятда хомуш ва тушкун кўринишда эди. Бироз ёнида бўлиб, хайрлашиш учун қўл узатсам, қўлимни узоқ вақтгача ушлаб туриб: “Тез кунларда сиз билан Тошкентда учрашамиз”,– деб хайрлашди.
1968 йил 23 май. Ригада “Жигар касаллигига бағишланган бутун жаҳон конгресси. Соат 18да меҳмонхона маъмури менга Тошкентдан келган телеграммани топширди. Мазмуни: “Москва, А.А.Вишневский номли илмий-текширув институтида Абдулла Қаҳҳорнинг аҳволи оғирлашган, сизни йўқламоқда, тезлик билан етиб келинг” дейилганди.
24 май соат 8-00 ларда самолётдан тушиб, тўғри Абдулла Қаҳҳорнинг ҳузурига шошилдим. Институтга кириш олдида Тошкентдан келган профессор С.М.Аъзамхўжаевга дуч келдим. Мени учратиши биланоқ С.М.Аъзамхўжаев: “Тез Абдулла Қаҳҳорнинг олдига киринг, кўзи тўрт бўлиб сизни кутмоқда, – деди ва сўзида давом этиб, – мени Абдулла Қаҳҳор қабул қилмади, кўрмай қайтаяпман”, – деди. Шошилиб институтга кириб бордим. Аввал институт директори академик А.А.Вишневский ҳузурига кирдим. Бу катта, номи маълум олим билан кўпдан буён таниш бўлганлигим туфайли Абдулла Қаҳҳор аҳволини суриштирдим. У киши тезлик билан бемор олдига киришим лозимлигини, мени кутаётганини айтиб, ҳамширага палатага кузатиб кўйишни тайинлади.
Палатага кириб келишим биланоқ Абдулла Қаҳҳор: “Домла, хайрият, хайрият, етиб келдингиз”, – деди-ю, кўкрак қафасидаги оғриққа чидай олмаётганлигини, бамисоли қиздирилган чўянни юракка тикиб қўйгандек, чидаб бўлмас оғриқни энтикиб-энтикиб, айтиб берди.
Кўринишдан ранглари ўчган, кўзлари оловдек чақнаб, кўз соққалари қизарган, пешонасини дурдек совуқ тер қоплаган. Томир уриши санаб бўлмайдиган даражада тез. Хаёл тиниқ, саволларга жавоби равон, аммо қўл-оёғи муздек. Бундай шароитда ҳар бир шифокор биринчи навбатда беморни оғир аҳволдан олиб чиқиши шарт. Демак, биринчи навбатда кўкрак қафасидаги чидаб бўлмайдиган оғриқни бартараф этиш, қон босимига тезлик билан таъсир қилиш ва беморни тинчлантириш зарур.
Айтилган муолажалар кўрилгани туфайли 2-3 соат ўтар-ўтмас оғриқлар камайиб, бемор анча тинчланди. Мен билан мулоқотни бошлаб дедилар: “Домла, анча ўзимга келдим, бироқ аҳволим анча оғир, кўриб турибсиз… Ниятим ва сизга бир неча илтимосим борлиги туфайли кўзим тўрт бўлиб кутдим. Хайрият, кўкрак қафасимдаги оғриқ анча тинчиди, сўзлашга имкониятим бор. Демак, сиз, шифокор дўстим, ўз назоратингизда мени тезлик билан Тошкентга олиб кетинг. Дўрмон боғимда, мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб, кўзимни юмишга розиман…
Абдулла Қаҳҳор нақадар оғир аҳволда эканликларини кўра туриб, уни самолётда Тошкентга олиб кетиш беморга нисбатан кечириб бўлмас хиёнат бўлса, шифокор учун жиноят бўлмоғини айтиб, бу илтимосларини бажо қила олмаслигимни айтдим.
Шу мулоқот дақиқаларида ҳамширалардан бири мени йўлакка чорлади, йўқлаётган киши Абдулла Қаҳҳорнинг қадрдони, Константин Михайлович Симонов экан. Бу табаррук зот Абдулла Қаҳҳорнинг дарди оғирлашганлигидан хабардор бўлиб, беморни йўқлаб келиб, мендан кириб кўришга рухсат сўраб деди: – “Мне сказали, что Вы как врач наблюдаете за больным. Можно ли мне его увидеть? Не повредит ли мой визит больному?” – деб жавоб кутди. Мен жавоб қилиб: – “Не только можно, но и нужно, ибо Вы для него в эти минуты дарите силу и оптимизм, в чем он очень и очень нуждается”, – дедим.
К.М.Симонов бемор ёнига ўтириши биланоқ, аҳвол қанчалик оғир эканлигини пайқаб, Абдулла Қаҳҳорнинг ўнг қўлини, икки қўли билан сиқиб, анча вақт қўйиб юбормай турди: “Вы мужественный сильный человек, впереди все будет хорошо. Вы очень и очень нужны для литературы, культуры. Не такое Вы преодолевали”.
К.М.Симоновнинг бу қадар самимий, дўстона, илиқ сўзларини эшитар экан, кўзлари, юзларига ранг кириб, чеҳраси бироз ёришгандек бўлиб, раҳмат ва раҳмат дея К.М.Симонов билан хайрлашди.
Мен К.М.Симоновни кузатиб чиқдим. Вазиятни сеза олган, ўта зийрак адиб мендан: “Неужели нельзя спасти жизни?”, деди-да, хомуш тортиб шифохонани тарк этди.
Шу кун давомида Абдулла Қаҳҳор ёнида бўлдим. Кечга томон оғриқлар камайиб, чеҳралари ёришган бўлиб, менга: “Сиз энди меҳмонхонангизга бораверинг. Мен ўзимни дурустроқ ҳис қилаяпман”, – деб эртагача хайрлашдилар. Кун давомида кўкрак қафасида оғриқлар камайиб, беморнинг руҳи тетиклашиб қолган эди. Афсус! Кечга яқинлашиб, 24 майдан 25 майга ўтар кечаси яна нохушлик рўй бериб, тонг саҳарга келиб қон босими кўтарилди. Кўкрак қафасидаги оғриқ кучайиб, бетоқатланиш авж олди. Кўрилган тадбирлар, устма-уст қилинган уколлар эм бўлмади ва соат 10 дан 23 дақиқа ўтганда, Абдулла Қаҳҳор бу дунёни тарк этди…
Шу куни тунда марҳумни Кибриё хоним, жиянлари Хуршида, шоир Шуҳрат, Пиримқул Қодиров ва мен, тунги соат 2 ларда учган самолёт билан Тошкентга олиб келдик. Тошкент аэропортига марҳум Абдулла Қаҳҳорни кутиб олиш учун бир неча ўнлаб одамлар, ҳукумат аъзолари, ёзувчилар чиқишди. Кўзим биринчилар қаторида кўзлари қайғу ёшлари билан тўлиб турган, ўта маъюс Озод Шарафиддиновга тушди. Бу устозига вафодор, садоқатли шогирд билан саломлашарканман, унинг “Иложи бўлмадими?” – деган саволи ҳали-ҳали қулоғимдан кетмайди…
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 8-сон