Санобар Тўлаганова. Абдулла Қодирий қомуси: муаммо ва ечимлар (2014)

Абдулла Қодирийнинг адабий-танқидий ва эстетик қарашлари акс этган мақолалари адиб ижодий меросининг талайгина қисмини ташкил этади. Ёзувчи ўзбек адабиётига янги роман жанрини олиб кириши билан кичик асарлари адабиётшуносликда танқидий тафаккурнинг янги босқичини бошлаб берди. Қодирийнинг адабий-эстетик қарашлари ҳануз чуқур ўрганилган, ўзининг чинакам илмий баҳосини олган эмас. Мазкур изланишлар бугунги кунда яратилиши мўлжалланган “Абдулла Қодирий қомуси” иштирокчиларининг ҳам асл ниятларидан биридир. Қодирий ҳажвий асарларининг семантикаси ҳалигача кўпгина адабиётшуносларимизнинг ўзаро баҳсларига сабаб бўлиши баробарида, янгича талқинлари борлигини кўрсатмоқда. Зеро, ҳар бир давр бадиий асарга ўзгача муносабатда бўлишга интилади ва бу табиий ҳамдир. Кимдир ундан юксак пафос қидирса, яна кимдир ундан диний мотивларни излайди, бошқа биров эса уни эстетик идеалнинг энг юксак намунаси сифатида кўргиси келади. Қисқаси, ҳар ким ўз тасаввуридаги Қодирийни талқин қилади. Аслида, Қодирийни биз яхши таний олдикми?

Қомусга материал йиғиш мобайнида шунга амин бўлдикки, ҳали ёзувчининг илмий биографияси тўлиқ яратилмаган. Адиб биографиясидаги баъзи мавҳум нуқталар, очиқ қолаётган саволлар бизни шундай хулосага келишимизга сабаб бўлди. Қодирий ўсган оилавий ва адабий муҳит, унинг дунёқараши шаклланишидаги муҳим омиллар, адибнинг адабий-эстетик қарашлари, илк ўзбек романларининг юзага келиши, унинг ёзилиш вақти билан боғлиқ муаммолар ҳозирги кунгача мутахассисларни ўйлатиб келмоқда. Ёзувчи таржимаи ҳолига келсак, биринчидан, бу ўринда биз ёзувчининг 1926 йилда судга тақдим қилинган таржимаи ҳолига таяниб келамиз. Аммо бу маълумотнинг совет мафкураси андозаларига асосланиб ёзилганлиги, унинг неча бор таҳрир қилинганлигини ҳам эътибордан соқит қилмаслигимиз лозим. Биргина адибнинг “бой ёки камбағал оилада” туғилганлигини билмаслиги, отасининг савдогар ёки боғбон, сарбоз бўлганлиги каби масалалардаги атай тушириб қолдирилган нуқталар фикримиз исботи. Иккинчидан эса ёзувчи биографиясидаги асосий манба Ҳ.Қодирийнинг “Отамдан хотира” китобидир. Аммо бу китобнинг қачон, қайси даврда ёзилганлиги масалага ёндашувда бир оз сергакликни талаб этади. Китоб нашр этилган йилларда ҳали совет мафкурасининг шабадалари буткул йўқолмаган эди. Ҳатто ”Ёшлик”(1989) журналидаги эълон қилинган маълумотлар китоб билан жиддий фарқланишининг ўзиёқ фикримизга далил. Ҳ.Қодирийнинг ёзувчи ҳақидаги маълумотларни йиғиб, тўплаб, тартибга келтириб китобни нашр эттириши бу катта меҳнат ва адабиётга юксак садоқат белгисидир. Лекин беайб парвардигор деганларидек, бугунги кунда баъзи маълумотларда чалкашликлар кўзга ташланмоқда. Бунинг ўз навбатида объектив ва субъектив сабаблари бор. Фарзанд ўз отасини идеал деб билиши, унинг камчиликларини ҳам фазилат санашини исломий оилада тарбия кўрган ҳар бир одам билади. Қолаверса, бу ҳолнинг руҳий асосларига эътибор қаратсак, ноҳақ қатағон этилган ота ва унинг фарзанди бўлганлиги учун йиллаб қамалиб чиққан инсон кўнглидаги аламзадалик билан ҳам изоҳланиши мумкин. Ҳ.Қодирий ҳам отаси, ҳам ўзи учун совет ҳукуматидан аламзада бўлишга маънан ҳаққи бор эди. Бу каби ички омиллар “Отамдан хотира” китобида ўз изларини қолдирган. Қомусни яратувчилар эса бу каби жиҳатларга ортиқча урғу бермасдан, балки китоб муаллифини ва ёзувчи шахсини тўғри англаб, тушуниб холисона баҳо беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Теранроқ назар солинса, Абдулла Қодирийнинг кичик ҳажвий асарлари ва романларидаги услубий фарқланишни сезиш қийин эмас. Адиб кичик асарлари тили ўқувчини сергаклантирса, роман тили эса ўзига оҳанрабодай тортади. Бу эса, аввало, ёзувчи маҳоратидан далолат бўлса, ўз навбатида, адиб дунёқарашидаги ўзгаришдан, ички зиддиятлардан дарак. Услубий ифоданинг бундай ўрин алмашинув сабабини қай ўриндан қидирмоқ керак? Нима учун ёзувчи услуб ва усулларини янгилаб турди? Эҳтиёжми, заруратми, мажбуриятми? Бу саволларга жавоб топиш ниятида адибнинг адабий меросини яхлит ўрганиб чиқдик. Ёзувчи ижодий услубининг айнан кесишадиган ва бир-биридан айро тушадиган нуқталарининг кесишув нуқтаси ижодкор шахсиятида жо бўлади.

Қодирийнинг адабиёт майдонига кириб келиши дастлаб у 1912 йилда ўз даврининг йирик савдогар, фуқаропарвар кишиси Расулмуҳаммадбой қўлида иш юритувчи бўлиб хизмат қилган йилларга тўғри келади. Ишлаш жараёнида Қодирий бу хонадондаги газета ва журналлар билан танишув имконига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, уни бутунлай янги олам билан боғлади. Бу вақтда Қодирмуҳаммадбобо анча кексайиб, рўзғор юки болаларга қолиб, айнан тирикчилик ташвиши ёзувчини бу хонадонга етаклаган эди. Расулмуҳаммадбой анча эътиборли, очиқкўнгил, камбағалдан чиққан диёнатли бойлардан бўлиб, ўз даври зиёлилари билан яқин алоқада бўлган. Абдулланинг зеҳни, фаросати миллатпарвар бойнинг назарига тушиб, кейинчалик ўзига куёв қилади. Абдулланинг сўз айтишга эҳтиёжи айни шу паллага тўғри келади. Бой хонадонидаги савдогарлар, маҳаллий тадбиркорлар ўртасидаги қизғин суҳбатлар Қодирий учун бевосита ахборот оқими бўлиб хизмат қилган. Бу ҳақда у ёзади: “Шу миёналарда бозор воситаси билан татарларда чиқадирғон газеталарни ўқуб, дунёда газет деган гап борлиғига иймон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча “Садойи Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойна” газеталари чиқа бошлағач, менда шуларга гап ёзиб юбориш фикри уйғонди”. Бу даврда адиб ҳали ўз йўлини аниқ белгилаб олмаган, адабиётга ҳавас иши деб қарагандек кўринса-да, даврнинг адабиёт олдига қўяётган талабларини ҳам ҳисобга олган эди. Адибнинг биринчи мақоласи 1914 йил 1 апрелдаги “Садойи Туркистон” газетасида, “Тошкент хабарлари” рукнида “Янги масжид ва мактаб” номи билан чоп бўлган.

Абдулла Қодирий матбуотда “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга бир қарор”, “Фикр айлағил” каби шеърлари ва “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз”(1915) каби асарларини “татарларда чиқиб турған ҳикоя ва рўмонларга тақлидан” “рўмон” деб эълон қилади. Ёзувчининг бу даврда ёзган асарларида қуруқ ахборот руҳи устувор бўлиб, услубий жиҳатдан тажрибасизлик сезилиб турса-да, аммо уларда ўз қарашларида собит бўлган эътиқод эгасини, иймони бут улкан Руҳни ҳис қилиш қийин эмас. Кейинчалик, ёзганларидан тамоман мазмун ва моҳиятда фарқланувчи “Улоқда” (1916) ҳикоясини яратади. Бу ўзбек адабиётида эстетик ҳодиса саналиб, ёзувчининг услубан янги босқичга кўтарилиши баробарида, бадиий пишиқлиги жиҳатидан аввалги асарлари билан тенг­лаштириб бўлмайдиган даражада юқори бўлиб, Ойбек “воизнинг ўрнини санъаткор эгаллашини” ўз вақтида қайд этган эди. Ёзувчи рус-тузем мактабидан сўнг анъанавий таълим тизимига кўра мадрасада ўқишни маъқул кўради. Бизга маълумки, мадрасада мантиқ, фиқҳ, наҳв каби илмлардан дарс берилган. Адибнинг мадрасага ўқишга эҳтиёж сезиши ҳам бизни мулоҳазага чорлайди. Қодирий ўша даврнинг таомилга кўра мадрасада ўқидими ёки ислом илмини чуқурроқ ўрганиш учунми ёки ёзилажак романи учун тайёргарликми… Чунки ёзувчи романларида бу сабоқ таъсирини, муаллифнинг етук илм эгаси эканлигини ҳис қилиш қийин эмас. 1916-1917 йилларда ёзувчи Абулқосим мадрасасида Усмонқори домладан араб ва форс тилларини ўрганиб, ўз даврининг етук билимдони Алижон домла раҳбарлиги остида Қуръондан таълим олган. Бу каби жиҳатлар ҳам, ўз навбатида, унинг шахс бўлиб ўзини англаши, таниши учун маълум сабоқ ўрнини бажаради. Йиллар давомида Қодирий шахси шаклланди, такомилига етди ва ниҳоят ўзлигини топди. Адабиёт майдонига Қодирий ўзини таниган, иймон- эътиқоди бут, айтар сўзи бор, нияти Ҳаққа боғланган руҳи бутун ижодкор сифатида кириб келади.

Бу улуғ руҳ соҳиби йиллар, даврлар давомида баъзида чарҳланди, баъзан эговланди, гоҳида эса эгилди, лекин синмади. Ҳаётнинг, тақдирнинг синовларидан, бурилишларидан ўзи айтганидек, “иймон тазйиқи остида” ўтишни мақбул йўл деб билди. Ёзувчи “зиёли” ва “зиёнли” сўзларини жуда эҳтиёткорлик билан қўллаган. Ҳурриятнинг дастлабки йилларида Эски шаҳар озуқа қўмитасининг саркотиби (1918), “Озиқ ишлари” газетасининг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920) бўлиб, худди шу даврда таниқли журналист ва ёзувчи сифатида эътироф этилади. Бевосита бу даврда ҳурриятга ишонган Қодирийни кўрамиз. Дастлаб большевикларнинг ёлғон ваъдаларига ишонган ёзувчи кейинчалик вақт ўтиши билан зулм салтанатининг найранглари гувоҳи бўлгач, ёвуз мустамлака сиёсати моҳият эътибори билан ўзгармай қолаётганини, мунофиқлик, сўз бошқа, амал бошқа эканлигини аста-секин англаб етди. Ҳукуматга ишонган адиб икки йўл ўртасида қолади. Аналитик психологиянинг асосчиларидан бири К.Г Юнг “инсонга жамиятдаги таназзул, бошбошдоқлик, тутуруқсизлик, охир оқибат, оммавий онгсизлик психологик эпидемия каби зарарлидир”[1], деб ёзган. Туркистон халқларига тиқиштирилаётган оммавий онгсизлик миллат эртасини йўққа чиқарар, жавобгарлик ҳисси йўқолиб итоат, мутелик халқ орасида эпидемияга айланиб улгурган эди. Айниқса, Қўқон мухториятининг тор-мор этилиши кўпгина ҳур фикрли зиёлилар қаторида ёзувчини ҳам бефарқ қолдирмади, қалбини ларзага солди. Нима учун Қодирий Чўлпон, Фитратлар сингари намойишкорона кураш йўлини танламади? Бизнинг англашимизча, Қодирий бундай кураш йўлини маъқул кўрмаган. “Манзил узоқ, роҳила оз”лигини билган. Адиб “ҳар кимга ўхшаб кучана бергим келмайди”, деб ёзган. “Ёмоннинг яхшиси бўлиб юрғандан яхшининг ёмони бўлиб” юришни афзал билади. Қолаверса, адиб “фардлик”ни яхши кўриб, табиатан вазмин, камгап бўлиши билан биргаликда, ниҳоятда эҳтиёткор бўлган. Ўзининг ҳар бир сўзини, ҳаракатини жиддий мулоҳаза қилиб доимо ўзини назорат қилган. Қодирий инқилобни дастлаб ўзида, қалбида ўтказди. Бу ниҳоятда оғир психологик жараён бўлиб, борган сари ёзувчига ичида ёнган аланга тафти азоб берарди. Ёзувчи ҳақиқатга етишувнинг ўзига хос йўлини танлади. Ташқаридан муросага ўхшаса-да, барча норозилик ва нафрат алангасини ўз вужудига қамаб ижод қилишни маъқул билди. Давр шиорларига муносабат билдиришда Қодирий бошқа ёзувчиларга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашган. Бу йилларда ўзида ички инқилоб ясаган ёзувчи “мен”ини кўришимиз мумкин.

Адибнинг “Ўткан кунлар” романини яратиши ижодий фаолиятининг энг юқорига кўтарилган палласи бўлиб, бу даврда ёзувчи ўз “мен”и билан топишди.

Яна бир мулоҳаза. Қодирий динни ниқоб қилиб олган “нимча уламолар”ни ўзига хос равишда фош этди. Нима учундир ёзувчи асарларидаги диний уламолар, домлалар, ҳатто Бухоро мадрасаларидаги аҳвол тасвирида Қодирий фақатгина қора ранглардан фойдаланган. Бунга сабаб муносабатми, аҳволми, даражами? Ўша даврда Туркистон уламолари халқни ўз ортидан эргаштириш кучига эга ягона маънавий куч ҳисобланиб, улар билан маълум маънода ҳокимият ҳам ҳисоблашган. Қолаверса, “Худоёрхоннинг биринчи истинодгоҳи бўлған уламода инсоний ҳис битганлиги”ни ёзувчи миллат ва юрт таназзулининг бош сабаби, деб ҳисоблаган. Ҳам алам, ҳам нафрат диннинг асл моҳиятини тирикчилик воситасига айлантирган уламоларни аёвсиз танқид қилиш адибнинг асосий дастурига айланди, десак муболаға бўлмас. Худди шу ўринларда “аламзада” ёзувчи “мен”ини кўриш мумкин. Умуман, аламзадалик ёзувчи ҳаётида муҳим қийматга эга. Аввал уни ўзи ишонган ҳукумат, сиёсат уни алдади. Кейинчалик алданган ёзувчи ноҳақ туҳматнинг (1926) жабрини тортди. Мунофиқ ҳукумат ёзувчини ёлғончиликда айблади. Хўрлик, ишончсизлик, маломат Қодирийдаги аламзадаликни улканлаштириб юборди. Юқорида айтганимиздек, Ҳ.Қодирийга аламзадалик отасидан мерос бўлиши ҳам мумкиндир.

1926 йилда ёзувчи маълум сабабларга кўра судланади. Машъум суд воқеалари уни бутунлай ўзи истаган маслакдан қайтишга ундаса, бўғизда қолган армонлар ёзувчини азоблар эди. Алам ўртаган ёзувчи, маълум маънода, ҳукумат талаблари билан ҳисоблашишга ўзини кўндиришга уринган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Мана шу нутқи унинг бироз бўлса-да, совет ҳокимияти талабларига бўйсуниш мажбуриятини олиб, замона зайлига кўра ўзини зўрлаб бўлса-да, ён бериб ҳукуматга қайишганини сезиш қийин эмас. Бу йилларда Қодирийни иложсиз боши берк кўчага кириб қолиб, йўлини йўқотиб қўйишдан ҳадик олган имконсиз инсон сифатида адиб “мен”ини кўрамиз. У бу йўлдан қандай чиқишни биларди. Фақат иймонига ишонарди. Ҳар қандай ўткинчи куйлар оҳангини ажрата билиш салоҳияти ёзувчига куч бериб турарди. Суддаги нутқида “жазойингиздан қўрқуб эмас, балки виждоним, иймоним тазйиқи остида сўзлайман”, дейиши фикримизга далил.

Давр сиёсий изғиринларидан безиб, ўзини ҳимоялашга интилган адиб кучини адабиётга бериб, ўзини овутиш ва совутиш йўлида йиғилиб қолган фактларни тўплаб янги роман ёзишга бел боғлайди. Бу унинг даврга ўзига хос исёни эди. Қолаверса, роман ёзиб машҳур бўлган ёзувчини янаям янги гап айтиш истаги тинч қўймасди. 1928 йилда эса адибнинг иккинчи тарихий романи “Меҳробдан чаён” дунё юзини кўради. Кейинги романи “Меҳробдан чаён”да ўзини кўндирган ва шу билан бирга, ниятини сўз ортига яшира олган ёзувчи руҳини ҳис қилиш қийин эмас. Ёзувчи бу ўринда ўз “мен”ига бир қадар яқинлашади.

Инсон шахсининг эврилиши, давр билан муросага бориши ниҳоятда мураккаб жараён. Аммо шуни қатъий равишда айта олиш мумкинки, Қодирий бу жараёндан ўз “мен”ини омон сақлай олди. Катта маънодаги Ҳақиқатга содиқ, маслагида собит қолиш ёзувчининг ҳаётдаги муҳим жавҳари бўлиб қолди. Ўз даврига сиғмаган, ҳаммабоп бўлишдан чекинган, иймони бут исёнкор шахс руҳияти ижодкорнинг жамики асарларида бош белги – ўзак ядрони ташкил қилган. “Бойлар, уламолар, чўнтакчи хоин ва ўғрилар, умуман, Ўзбекистон тескаричиларига”, “ўчоқбошини холи топган олақарғаларга” нисбатан матбуотда “жиҳоди акбар” қилган. Тергов (1926,1937) жараёнидаги ёзувчининг ўзини тутиши, жон талвасаси умидида ўзгаларнинг панасига бекинмаган, “хўрликдан ўлим тансиқлигини” баралла айта олиши унинг иймон-эътиқод қўрғони мустаҳкамлигидан далолат. Ёзувчининг мазкур фикри уни янаям яқиндан билишимизга кўмак беради: “Ўз бутунлиғини сақлай олмаған бошқаға енг бўла олмайдир. Шахсий бутунлиқ, мустақил шахсият қуллик билан зиддир. Шахсий бутунлиғи бўлмаған, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қила билиш кучи тополмаған ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин ағзо бўла олмаслар”.[2]

Ижодкор руҳидаги кечинмаларни, изтиробларни англай олсак, унинг асари туб моҳиятига шу қадар чуқур кира оламиз. Зеро, ҳар бир асар ортида ижодкор руҳияти мужассам. Бу жараённи нафақат адабиётшунослик, балки психология, тарих, фалсафа билан боғлиқ ҳолда ўрганиш баробарида Қодирий ижодини тарихий жараён билан чамбарчас боғлаш адабиётшуносликда ҳали очилмаган назарий илмий муаммолар ечимига кўмак беради.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон

————————–

[1] Юнг.К.Г. Аналитическая психология. – М.: 1987. С. 153.

[2] Ўша асар. 368-бет.