Болалар адабиёти – адабиётнинг балоғати
Алла – адабиётнинг бешиги, бутун инсониятнинг мурғаклиги адабиёти. Лекин ўзи мурғак эмас, ёмби адабиёт. Алла қачон пайдо бўлган? Ҳеч ким билмайди, у ниҳоятда қадимий.
Болалар адабиёти адабиётнинг болалиги эмас, баркамол адабиётнинг қаймоғи, комил маҳсулидир. Балоғатга етмаган адабиётда, миллатда болалар адабиёти алоҳида шаклланиб ривожланмайди. Дунёда шундай ночор адабиётлар, миллатлар ҳозир ҳам мавжуд. Мустаҳкам пойдевор бўлмаса, бино барпо қилиб бўлармиди?
Болалар шоири бўлиш мушкул. Бунинг учун болақалб, болафеъл, болатабиат бўлиш керак. Айниқса, энг кичик ёшдаги болакайга мослаб шеър ёзиб кўринг-чи, унинг дилини топинг-чи, тилини топинг-чи…
Одам жисмонан бақувват, билимли, ҳар ишда чаққон, эпчил бўлиши мумкин. Аммо оқкўнгил, иймон-эътиқодли, инсонпарвар, юртпарвар бўлмаса, ҳаётда ўзидан яхши ном, яхши из қолдиролмайди. Адабиёт ва санъат боланинг ана шундай гўзал туйғулар, фазилатлар соҳиби бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Бунда, айниқса, болалар адабиёти ва унинг жонкуярларининг хизмати каттадир.
Болалар адабиётида Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Кавсар Турдиева, Абдураҳмон Акбар, Дилшод Ражаб каби шоир ва ёзувчиларнинг болажонларга туҳфа этган асарлари адабиётимизда салмоқли ўрин тутади. Бу рўйхатни бугун Турсунбой Адашбоевнинг номисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўспиринлик пайтимизда Турсунбой Адашбоевнинг шеърларини кўп ўқиганмиз, ёд олганмиз. Негадир шеърлардаги сатрлар хотирамизга тез ўрнашиб қоларди. Кейинчалик унинг шеърлари болалар яхши кўрадиган ширинликдек тотли эканлиги, шу боис ёдлаш, маъносига етиш осонлигининг сиридан воқиф бўлдик.
Шоир синчков кузатувчи, болаларни жондан севувчи ижодкор ҳам. Шу боис қувноқ юмор, самимий ҳазил мўл шеърларида бола табиати кўзгудагидек кўринади: шеърларда бола ўз ички олами аксини кўради, гоҳо ҳаракатларини шоирбобо кўриб турганидан хижолат тортади, билиб қолибдилар-да, деб ўйласа, эҳтимол. Ҳа, шоирбобо болаларни, уларнинг феъл-атворини, орзу-мақсадларини билиб турадиган болақалб шоир.
Турсунбой Адашбоев асарларида болалар психологлари ўз мутахассисликларида қўллашлари мумкин бўлган нозик кузатишлар, хулосалар мавжуд. Бу эса болалар психологияси билан шуғулланувчи мутахассислар учун тайёр иш дастури бўла олади.
Саккиз сатр
Боланинг хаёл осмони бепоён, уфқларга сиғмайди. Унингча, мушук бекордан-бекор ҳам офтобга чиқаверади. Катталар хаёли эса, уларнинг ўзи каби бепоён кенгликларда беҳуда сузмайди.
Болалар шоири моҳир сеҳргар каби боланинг енгидан, ёқасидан шеър олади ва бунга болани ишонтиради. Ишонтира олмаса, бола ҳам шеърга ишонмайди.
– Қарға қақимчи экан,
Чумчуқ чақимчи экан,
Ғоз карнайчи экан,
Ўрдак сурнайчи экан.
– Ғоз карнайчи бўлмасин,
Ўрдак сурнай чалмасин.
Карнайчи Шокир тоғам
Хафа бўлиб қолмасин.
Турсунбой Адашбоевнинг “Ғоз карнайчи бўлмасин” шеъридан олинган ушбу иқтибос қатида шоир ижодининг ўзига хос хусусиятлари, индивидуал характери, бетакрор бадиий бўёғи акс этган, дейиш мумкин. Қарға, чумчуқ, ғоз, ўрдак – болалар бадиий оламининг доимий персонажлари, болаларнинг севимли қаҳрамонлари. Қаҳрамонларгина эмас, болаларнинг ажойиб дўстлари, ўртоқлари. Ғаройиб қаҳрамонлар етовида болалар тасаввур оламига, ўсувчан ҳаётга кириш қулай ва ўнғай. Шаффоф ва майин чегарадан болалик, хаёл, орзу ҳудудига ўтиш мумкин. Т.Адашбоев шу беғубор майдонга ўта олган.
Юқорида келтирилган шеърий парча диалог шаклида қурилган. Бу эса шеър ўқиётганда боланинг сезги ва тафаккури ҳушёр бўлишини, идрок оқими монотонлик (бир хиллик)дан зерикмаслигини, яъни фикрий ва ҳиссий қабуллови фаол ҳаракатда бўлишини, объект билан узлуксиз муносабатга киришишини таъминлайди. Шеърнинг энг муҳим жиҳати эса, “карнайчи” сўзининг кўпқатламли маъно касб этишидадир. Ғоз карнайчи, нега ўрдак эмас? Чунки ўрдак табиатан анқовроқ, фаҳмсизроқ, ён-атрофда кечаётган воқеаларга ғозчалик ҳушёр эмас. Шу боис карнайчи бўлиш ўрдакка ярашмайди. Бу машғулот роса ғозбоп-да! Нега? Аввало, ғознинг ўзида “ғоз”лик одати – бодилик, ҳовлиқмалик, шошқалоқлик, шу билан бирга, ўрдакка нисбатан ортиқча зийраклик, сезгирлик, воқеалар моҳиятини тезроқ ва аниқроқ илғаш каби хусусиятлар мужассам. Йўқ, биз эмас, бу феъл-атворни ўрдакка ҳам, ғозга ҳам халқ ижоди – фольклор, эртаклар, афсоналар тимсол этиб берган. Шу маънода, ғоз карнайчи бўлишга жуда мос-да. Карнайнинг ўзи ҳам кўпинча “сувни кўрмай этик ечади”, элбурутдан шовқин кўтаради, ғалоғул қилади, воқеа-ҳодиса, нарса-ашёнинг ҳали “қора”си кўринмай, моҳиятга етмай, мояга кирмай туриб элга жар солади. Одатий сокин муҳитни безовта қилади. Шу мантиққа кўра, ғоз карнайга, карнай ғозга роса мос ва муносиб. Юзаки қараганда, шоир минг йиллардан буён яшаб келаётган эртаклар ритми ва оҳангини енгил тафталогияга тортгандек туюлади. Аммо бу – алдамчи тасаввур: Ғоз карнайчи бўлса, карнайчи Шокир тоға хафа бўлиб қолади. Шу штрих, яъни ғоз ва карнай орасида Шокир тоға, яъни инсон шеърга ижтимоий маъно юклайди.
Эртакдан чиққан қуёш
XXI аср боласига эртак керакми? Бола эртакни ҳаёт деб, эртак қаҳрамонини ўзи билан ёнма-ён яшаётган ўртоқ, деб ўйлайди. Бола эртакдаги ижобий қаҳрамонлару салбий қаҳрамонлар ҳам ҳаётда мавжудлигига астойдил ишонади. Эртаклар болага таъсир ўтказади, эртак қаҳрамони кулса, бола ҳам кулади, йиғласа, бола ҳам йиғлайди. Эртакдаги воқеаларда бола ўзича иштирок этади. Бола Зумрад, Кенжа Ботир, Тўғривой билан дўст, ўртоқ бўлади. Боланинг беғубор қалби эртак қаҳрамонлари сингари эзгулик тарафдори, у шу қаҳрамонлар сингари яхши одам бўлишни орзу қилади. Болалар ҳаётни эртак орқали билиб, эртак воситасида оқ-қорани ажратадилар.
Болаларнинг эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонликни англашида, уларнинг бир-биридан фарқини илғаши ва мантиқини тушунишида эртаклар муҳим аҳамият касб этади. Эртаклар болалар ҳиссиётини ўстиради, туйғу, тушунчасини ривожлантиради. Оламни идрок этишни ўргатса, одамга туйғудош, қайғудош бўлишни маъсум ва беғубор табиатга – бола сажиясига юқтиради. Эртакларнинг шундай фараҳбахш ва сурурли таъсирида улғайган инсонларгина маданиятли, маънавиятли бўладилар. Ватанпарвар, миллатпарвар, меҳнатсевар, инсонпарвар бўладиганлар ҳам шулар. Бундай болалар оламни ота-оналари, бобо-момолари сўзлаган эртаклар, ҳаётий ҳикоялар орқали танийдилар. Бугунги боланинг эртага қандай феъл-атвор, одатлар эгаси бўлиб камол топиши бугун тинглаётган эртакларига жудаям алоқадор.
Қандай бола келажакда комил инсон бўлиб етишади?
Орзулари бисёр, хаёл дунёси бепоён бола, албатта! Орзулар ёшу қари – ҳамма-ҳаммага бирдай куч-қувват бағишлайди, юксакларга чорлайди.
Эртагу афсоналарни, аллаю достонларни тинглаб улғайган бола ҳеч қачон ёмон одам бўлмайди, ундан буюк санъаткор, жасур фазогир, машҳур рассом, назири йўқ инсон, ҳеч бўлмаса, оддийгина яхши одам чиқиши исботланган ҳақиқат.
Машҳур рус ёзувчиси Валентин Распутин алланинг бола руҳиятига, тарбиясига ижобий таъсири хусусида шундай деган эди: “Пушкин энагаси Ирина Радионовнанинг мунгли аллаларини эмас, бугунги эстрадани тинглаб улғайганида эди, ундан Пушкин эмас, Дантес чиқарди”.
Афсуски, кейинги пайтларда телевизор ва компьютер эртакларни болалар ҳаётидан тобора кўпроқ сиқиб чиқармокда. Бу эса болаларнинг тарбиясига, ахлоқига ўзига хос тарзда таъсир ўтказади. Бугунги болалар яна йигирма йилдан кейин тамомила янги дунёқараш, янги ахлоқ, янги маънавият, турмушнинг янги мезонлари билан муносабатга киришган авлод сифатида ҳаётга кириб келадилар, сиз билан бизнинг ўрнимизни тўлдирадилар. Бу авлоднинг тўқлари очларига, очлари эса тўқларига, пўримлари юпунларига, юпунлари эса пўримларига қандай муносабатда, муомалада бўлишаркин? Ўрта мезонни топишга муваффақ бўладиларми?
Ҳа, болалар интернетга, мобил телефон ва замонавий технологияларга тобора берилмоқдалар. Оммавий маданият – оломончилик маданияти билан бало-қазодек келаётган маданиятсизлик, маънавиятсизлик бўрони ҳатто ақлини таниб улгурмаган болаларга мўлжалланган зўравонлик, шафқатсизлик, сохталик, худбинлик иллатларини олиб кирмоқда. Бундай шароитда мурғак қалб ва мурғак онгни адабиётга, шеърга боғлаб турадиган сўзни топиш, адабиётга қизиқтириш болалар шоирининг зиммасига долзарб масъулият юклайди. Т.Адашбоевнинг шеърий эртаклари болаларга оқ-қорани ажратишда, мустақил фикр сари силжишда, болалик палласидан балоғат фаслига ўтишда руҳий кўприк, руҳий қувват бўлади.
Турли электрон воситалар орқали ҳаётимизга кириб келаётган болалар ўйинлари эртаклар ўрнини, айниқса, ота-оналар, бобо-момолар ҳикоя қилиб берадиган афсонаю ривоятлар ўрнини боса оладими? Бу саволга лўнда тарзда шундай жавоб бериш мумкин: Агар яна йигирма, ўттиз, қирқ йилдан кейин зўравонликка, бетизгин рақобатга, ўзбошимчаликка, узоқни кўра олмаслик ҳолатларига, ё остидан, ё устидан дейдиган таваккалчиларга, “гибрид” одатлар эгаларига, худбинларга, “ўзим бўлай” тушунчасини ҳаётий шиорига айлантирганларга рўбарў келсангиз, улар ўз пайтида замонавий ўйинларга муккасидан кетган болалар бўлганига ишонаверинг. Бундайлар ўз калтабинликлари билан катта маънавий ўпиришларни, ижтимоий фожиаларни бошлаши мумкин.
Эртак боланинг фантазиясини тарбиялайди, унга орзу, хаёл, қанот бағишлайди. Боланинг наздида, кундалик турмушни кўпрангли ва сержило, гўзал ҳаётга айлантиради. Бола эртак туфайли дунёдан ҳайратланишни ўрганади. Эртак берган ранг-баранг хаёллар бутун умр инсонга руҳ, куч ва завқ бағишлайди, ғайрат, илҳом ва қувват беради. Эртак бола тасаввурида эзгулик ва ёвузлик чегарасини белгилаб беради. Қаҳрамонлару ботирлар, ёмонлару шотирлар бола наздида, эртаклардан чиқиб, ҳаётга кириб келади. Ҳаёт эртакнинг, эртак ҳаётнинг давоми бўлиб туюлади. Бола наздида, қуёш ҳам эртакдан чиқиб, эртакка ботади…
Ҳа, XXI аср боласига эртак керак!
Пародиялар – қувноқ дийдиёлар
Ростини айтганда, китобга меҳри тушган бирор хонадон йўқки, Турсунбой Адашбоевнинг, ҳеч қурса, битта китоби кириб бормаган бўлса. Айтиш жоизки, шоирнинг жаҳон болалар адабиётидан таржималари ёш мухлислар ва адабий жамоатчиликнинг меҳрини қозонган.
Корней Чуковскийнинг “Дўхтир Войжоним”, Жованни Рабонининг “Мушук котангенснинг арифметика дафтари”, Самуил Маршакнинг “Тентак овчи” каби дунё болалари қўлдан қўймай ўқийдиган китоблар ва бошқа бир қанча чет эл адибларининг бир-биридан қизиқарли асарлари Т.Адашбоев таржимасида ўзбек болаларининг ҳам севимли китобларига айланди. Бундан ташқари, тилимизга ўгирилган ушбу асарлар болалар адабиётида янги қамров, кенг уфқ очганини, болалар адабиёти ривожига қувват берганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Т.Адашбоев шоир ва таржимонликдан ташқари, пародиянавислик ҳам қилади. Пародияни маромига етказиб моҳир муқаллид-шоир даражасини олиб, шубҳасиз, ўзбек адабиётида пародия жанрининг “қироли”га айланди. Учрашувларда кўп шоҳиди бўлганмиз – устоздан янги пародиялардан ўқиб беришни мухлислар кўп сўрашади.
Ҳар хил олди-қочди, саёз шеърларни юмор ва сатира билан қаламга олар экан, шоир пародияларни муаллифнинг устидан кулиш учун эмас, адабиётга, маънавиятга чин юракдан қайғуриб ёзади. Пародия муайян асарга берилган ҳазил баҳо ёки баҳоларнинг ҳазилидир, дейиш мумкин. Зеро, унинг қатида жиндеккина ҳақиқат ҳам зоҳир бўлади. Бу билан шоир адабиётда танқидчи-мутахассиснинг ишини ҳам ўзига хос тарзда уддаламоқда, дейиш мумкин.
Бугун устозни нуроний ёшда, деёлмайсиз. Ижодда сермаҳсул, ҳаётда серғайрат. Саксонга салобат билан бораётган пири бадавлат бу инсоннинг феъли ҳали-ҳамон бола атворидек бегард, болаларча қувноқ. Ҳа, чиндан кўнглида кири йўқ инсон қаримайди.
Биз ҳавас қиламиз, холос.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 2-сон