«Муҳаббат эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди», деган экан бир донишманд. Муҳаббат туйғуси Гёте қалбига ташриф буюрганида у ўн тўрт ёшда эди. Адиб бу ҳақда «Ўз хаётимдан. Поэзия ва ҳақиқат» номли асарида батафсил ҳикоя қилади. Бироз ўтиб унинг кўнгил боғида Кетҳен Шўнкопфга туғилган покиза ишқ ҳисси ғунча очди. Ўн олти ёшида Гёте ёзган «Аннета», «Оҳанглар ва қўшиқлар», «Янги қўшиқлар», «Дўст ҳақида қасида», «Севишганлар қиссаси» асарларида Кетҳенга ошиқу беқарорлигини яшириб ўтирмай, ғоят таъсирчан ифодалайди. Страсбургда яшаган кезларда эса шоир зезенҳаймлик Фридрикага кўнгил беради. Илк учрашувдан кейиноқ у қизга қуйидагича мактуб ёзади: «Азизам. Сизни ҳеч иккиланмай шундай деб атасам, чунки мен кўзларнинг қарашларига, бироз бўлса-да, ишонаман. Биринчи назарданоқ Сизнинг юрагингизда дўстликка бўлган умид учқунларини топдим… Қасам ичаманки, Сиз бениҳоя нозик ва гўзалсиз. Сизни билганимдай, Сиз ҳам мени таниб олишингиз зарур, чунки Сизни шу қадар севаманки, бошқача бўлиши ҳеч ҳам мумкин эмас». Шу тариқа севги сеҳрига асир бўлган шоир қалбидан соҳир туйғуларга йўғрилган шеърий мисралар туғила бошлайди. «Зезенҳайм қўшиқлари» туркуми, «Сени севаманми, билмайман», «Оҳ, мен сени нақадар соғиндим», «Висол ва ҳижрон» каби ишқ изтиробига тўла руҳият манзаралари тасвирланган асарлар олмон лирикасига янги руҳ, янги йўналишни бошлаб олиб кирди. Ўшанда Гёте йигирма бир ёшда эди.
Гёте Фридрика олдига охирги марта борганда, бу сўнгги ташрифи эканини унга айтолмайди. Шоир Франкфуртга келгач, энди висол хотима топиб, ҳижрон дамлари бошланганини чуқур ҳис этади. «Бунчалар нозик, бунчалар нафис! Ёқимли чеҳранг да Менга аталган маъноли табассум…» («Висол ва ҳижрон») сингари маҳзун мисралар ўша дамлар кайфиятидан далолатдир.
Шоир Франкфуртда Лилия Шўнеманн билан танишади. Улар ҳатто никоҳдан ҳам ўтишади. «Лилия қўшиқлари» туркумига кирган шеърлар айнан ўша гўзал хонимга бағишланган. «Боқий муҳаббатнинг кўз ёшлари қуримайди. Намли кўзларга бу олам, Бўшлиқдай бўлиб кўринади…», деб ёзган эди шоир «Нурли қайғу» шеърида. Бу шеър Гёте дил армонининг гўзал бадиий ифодаси бўлиб қолди.
Вецлерда Шарлотта Буфф билан танишуви Гётенинг руҳиятини тамом ўзгартириб юборди. Шарлоттанинг беқиёс гўзаллиги шоир ҳаётининг мазмунига айланади. Кўз ўнгидан соҳибжамолнинг қиёфаси ҳеч кетмайди. Оламдаги энг қадрли нарсаларни Шарлотта билан қиёслаб кўриб, усиз яшашни тасаввур ҳам қилолмаган Гёте Лоттанинг Альбертга унаштириб қўйилганини эшитганда дунёга сиғмай қолади. Бир муддат ўзини қўлга олиб, уни унутишга ҳаракат қилади. Ишқнинг ҳалокатли гирдобидан қутулишнинг ягона йўли Лоттадан узоқлашиш, деб ўйлаган шоир «Бахтли инсонларни ташлаб кетмоқдаман, аммо сизларнинг юрагингизда мангу яшаб қоламан» деган сўзлар битилган мактуб қолдириб, Вецлерни тарк этади. Ўшанда Гёте йигирма уч ёшда эди. Адибнинг куйган кўнгил васфини «Ёш Вертернинг изтироблари» номли маҳзун романида кузатиш мумкин. «Унинг чаросдек кўзларига назар ташлаганим заҳоти руҳим тетиклашади… Афтидан Альберт ўзи кутганчалик бахтли эмас… Мен эса, агар мен… бахтли бўлардим», дейди Гёте романда қаҳрамони Вертер тили билан. Ушбу сатрларни ўқиган киши, қолаверса, асардаги «Муҳаббат – бу қайтариб олиб бўлмайдиган туҳфадир, севилган қалбни жароҳатлаш ёки ҳимоясиз қолдиришдан-да ёмони йўқ», деган фикр ҳам адибнинг муҳаббат тақдиридан далолатдир.
1775 йили Гёте Веймарга келади ва бу ерда министр лавозимига тайинланади. Веймарда шоир ўзидан етти ёш катта ва етти фарзанднинг онаси Шарлотта фон Штайн хоним билан танишади. Улар муайян вақт бирга яшайдилар. Бу дилбар аёлга Гёте 1700та хат ёзгани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, «Шарлотта фон Штайнга» «Чексиз муҳаббат», «Ойга», «Ягона Лоттага», «Сирлар», «Етар, бас шунчалар йироқдалигим…» шеърлари ҳам ана шу соҳибжамол аёлга бағишланган.
Улар ўн йил бирга турмуш қуришади. Гётенинг Италияга сафари бу яқинликка якун ясайди. Карлсбадда дам олаётган Гёте на Герцогга, на Шарлоттага бир оғиз сўз айтмай Италияга жўнаб кетади.
Италияга саёҳат Гётенинг олий орзуси эди. Шоир имкон туғилган маҳалда дўстлари ёрдамида Йоҳанн Филипп Мўллер номи билан почта аравачасида тоғ йўли орқали Италияга ўтиб кетади.
Римдаги ҳаёт унинг руҳига ўзгача сурур бахш этади. Уйғониш даври санъат асарлари билан танишув етук шоирнинг ижодий имкониятлари янада кенг роқ очилишига туртки беради. Гёте Италия сафарини танҳо ўтказди, дейиш қийин. «Рим элегиялари»ни ўқиганда шунга гувоҳ бўлиш мумкин. Гётешунослар унинг Италияда ўзига тан маҳрами топганлигини таъкидлайдилар. Таассуротлари жамланган китобининг охирида Гёте миланлик Маддалина Ригги деган аёлни эслатиб ўтади. Улуғ адиб ижоди ва ҳаётини тадқиқ этган олимлар бу аёлни «Рим элегиялари»даги Фаустинанинг прототипи деган фикрга келганлар. «Тунги тўшакда ёлғиз бўлишдан-да ёмони йўқ. Аммо муҳаббат йўллари ундан-да азоблидир… Фаустина… мени бахтиёр айлади» каби «Рим элегиялари»даги мисралар шундан далолат бўлса ажабмас.
Тақдир учратган ҳар бир қиз ва аёлга Гёте жуда кўп кўз ёшлар тўккан. Шоир туйғуларининг кучлилиги унинг гўзалликка ташналиги, гўзалликни теран ҳис қила олгани ва ундан чинакамига севина билгани, қолаверса, ҳаётдан имкон қадар кўпроқ нарса олишга интилгани билан изоҳланса керак. Дарвоқе, у ким билан яқинлашмасин, муносабатлари доимо нозик ва адолатли кечган. У ҳеч қачон гўзалликка эришиш учун давлат маслаҳатчиси ёки вазирлик лавозимларини суиистеъмол қилмаган, муҳаббат йўлида мартабасини йўқотишдан ҳам чўчимаган.
Гётенинг Италияда олти ой бедарак кетиши Шарлоттанинг ғурурига тегади. Хориждан қайтгач, Шарлотта уни қабул қилмайди. Ёлғиз қолган шоир Шарлотта билан ўтган ўн йиллик умр энди хотирага айланганидан изтиробга тушади. Ўзининг қанчалик ноҳақ эканлигини билса-да, ички эркинлигининг чегараланишини у хоҳламас, бу руҳни сўндириш билан баробарлигини биларди.
Ёлғизлик саҳросида қолган шоирни тақдир Кристиана Вульпиус билан учраштиради. Шунда уни изтиробли ўйлар тарк этади, атрофга ёғду таралгандай бўлади. Ўшанда Гёте 39 ёшда эди. Бу давр Гёте ҳаётида энг бахтли давр бўлиб қолди. Ниҳоятда гўзал Кристиан Гётега такрорланмас ҳаётбахш дамларни, кўтаринки ижодий кайфиятни бахш этди. Ўша дамларда Гёте Шарлоттага: «Агар Сиз мени ўйлаётган бўлсангиз, энг бахтли Инсон ҳақида ўйлаётган бўласиз», деб айта оларди.
Гёте Кристианани доим «менинг суюкли кичкинтойим» дея эркаларди. Баъзан дилини шубҳа ўртаганда: «Мен сени қандай севсам, мени-да сен худди шундай севгин, менга муҳаббатинг керак, уни мен учун асра», деб тайинлар, «Мендан муҳаббатинг ни дариғ тутма! Рашкчилигимни биласан-а, баъзан Сенга мендан бошқа тузукроқ одам ёқиб қоладигандай бўлиб туюлаверади, чунки ўзимга қараганда чиройли ва бамаъни эркаклар борлигини биламан-да. Бундайлар учраганда кўзларингни юм, фақат мени дегил. Менга эса сендан ўзга ёр даркор эмас», деб кўп такрорларди. Кристиана Гётенинг рашкидан ранжиган пайтлари шоир унга «Мабодо дилингни оғритган бўлсам, кечир, азизам, сенинг муҳаббатинг мен учун бебаҳо, уни йўқотишдан қўрқаман, йўқотсам борми, бахтсиз бўлиб қоламан. Сен юрагимдаги ғулғулани тўғри тушунмоғинг керак, чунки қачондан бери мендан йироқдасан, ҳозир ёнимда бўлишингни жуда хоҳлаяпман. Мен сеникиман, бошқа гаплар ортиқча», деб бе тўхтов мактублар ёзарди.
Гёте 58 ёшида Минна Херцлибга, 66 ёшида Марианна фон Виллемерга дуч келади. «Бу ёшда одам ўйлагандан кўра кўпроқ муҳаббатнинг қадрига етаркан, кучлироқ севаркан», деб ёзган эди Гёте. Шоирнинг турли вақтларда тушган суратлари орасида бирорта ҳам кўзойнак таққан сурати йўқ. Шубҳасиз, улуғ шоир оламга муҳаббат кўзи билан боққан, муҳаббат унинг кўзларига нур берган, дунёни унинг нигоҳида нурлантириб турган. «Менинг шеъриятимда тўқима йўқ, фақат кўрган-кечирганларимни, нимаики мени ижод қилишга ундаган бўлса, шуларни қоғозга туширдим, шулар ҳақида гапирдим ва севган дамларимдагина муҳаббат ҳақида ёздим», дейди шоир.
Тақдир Гётени умри ниҳоясида ўзгача бир муҳаббат майи билан сийладики, кутилмаган бу туйғу шоирнинг сўлғин руҳига ҳаёт нурларини индирди. Бу унинг ўн етти ёшли Ульрикага бўлган сўнгги ошиқи беқарорлиги эди. Ишқ қуши шоирнинг сўниб бораётган руҳида ошиён қурди. Бу азиз туйғу ҳорғин руҳидаги мудраб ётган охирги кучлари, ижодий имкониятларининг уйғонишига туртки бўлди, ҳайратомуз ижодий парвоз бахш этди, у «Фауст»нинг чала қисмини ёзиб тугатди. Бу музаффар туйғуни қалбида пинҳон сақлашга Гёте ожиз эди. Саройда, бутун Веймарда «Гёте – Ульрика муҳаббати» дув-дув гап бўлди. Шоир учун «ғийбат қаш қирлари» ичида яшаш осон кечмади. Аммо ҳеч ким бу ёруғ ҳаётбахш туйғуни унинг қалбидан суғуриб ололмади. Аламли пайтларда шеърият унинг дилкаш дўстига айланди. Шоир юрагида қатланиб ётган дарду изтиробларини назмга солди. Покиза туйғулар қудратидан «Мариенбад элегия си» бунёд бўлди. «Сатрларим ва ҳаётимнинг туб моҳияти соф инсоний муҳаббат тантанасидир», деган эди кекса Гёте. Етмиш уч ёшли Канцлер Гётега ҳавас қилиб, «Оҳ, аҳволим қурсин-а, мен на севибман, на севилибман», деганда улуғ шоир ҳаётининг туб моҳиятини, қисман бўлса-да, англаганини пайқаш мумкин.
Гёте Ульрикага уйланмоқчи ҳам бўлади. Герцог Карл Август Ульриканинг келажагини таъминлашни қонунийлаштиришга сўз беради. Аммо Ульрика бу таклифни рад қилади. Ҳеч қандай қонун, маъмурий чоралар муҳаббат туйғусидан устун келолмайди. Уни на ҳашаматли қаср, на Гётенинг мероси қизиқтирарди, унга инсоний туйғунинг ўзи етарли эди. Ульрика умрининг охиригача Гёте ёди билан яшади.
Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 11-сонидан олинди.