Асрлар давомида Ғарб Шарққа интиқ бўлиб яшаганини тарихдан яхши биламиз. Буни яқин ўтмиш Ҳерманн Вамбери, Алфред Куреллалар ҳаёти ва ижодий фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Буюк Ҳердер ва Гётелар ҳам катта муҳаббат билан Шарқ поэзиясига мурожаат қилган эдилар. Бунинг самараси ўлароқ Гёте ижодида “Ғарбу Шарқ девони” пайдо бўлган. Ғарбнинг бугун ҳам Шарқ томон шитоб билан интилаётгани ҳақиқат. Бу ҳақда фактлар бисёр. Бир пайтлари Гёте: “Шарқлашмоғимиз керак”, деган бўлса, бир аср ўтиб Алфред Курелла: “Шарқни шиддат билан ўрганмоқ даркор”, деган эди. Бугун ушбу сафда кўп ва кўп меҳнат қилаётган Ҳумболдт университетининг профессори Ингеборг Балдауф таваллудининг олтмиш санасини нишонлаётган паллада олима ҳақда фикр юритиш, ижодий-илмий фаолиятига қисқача назар ташлашни жоиз деб билдик.
Ингеборг Балдауф 1956 йилда Австриянинг Лилиенфелд қишлоғида таваллуд топган. У болалигидан саёҳатларни хуш кўрарди. Фусункор Шарққа шайдолик ва уни ўрганишга бўлган иштиёқ Ингеборни шарқшунослик соҳасига етаклади. Вена университетига ўқишга қабул қилингач, араб ва турк тиллари, ислом дини тарихини ўрганди. 1977–1978 йиллари Афғонистонга сафарга чиқиб, “Афғонистон ўзбеклари халқ қўшиқлари” мавзусида материал тўплади. Шу билан бир қаторда ўзбек тилини ҳам мустақил ўрганди. 1980 йилда диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади. Кейинчалик, 1989 йилда Германиянинг “Verlag Andreas Gehling” нашриётида чоп этилган китоби ҳам шундай аталади. Икки жилдли, умумий ҳажми минг саҳифадан зиёд бу китоб ёш олиманинг ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари, терма, лапар ва қўшиқларини катта машаққат билан тўплаганидан далолат беради. Олима бу ерда фақат афғонистонлик ўзбекларнинг халқ қўшиқларини йиғибгина қолмаган, балки уларни немис тилига таржима ҳам қилган. Шу йўсинда, халқ оғзаки ижоди билан шуғулланаётган немис туркологлари ишини бир қадар енгиллаштирган ҳам.
Олима 1981–1982 йилларда “Туркий халқлар топишмоқлари” мавзусида изланишлар олиб боради. 1982–1984 йиллар Фрайбург университетида туркий халқлар адабиёти, тарихи ва фольклори мавзуларида маъруза ўқиди, 1984–1991 йилларда эса Бамберг университетининг турк тили маданияти ва тарихи кафедрасида илмий ходим бўлиб ишлади.
Олима 1991–1992 йиллар АҚШнинг Индиана университети стипендиясига лойиқ топилади. У ерда И.Балдауф амалга оширган асосий ишлардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган “Оина” журнали материалларининг инглиз тилига ўгирилиб чиқарилиши бўлган эди.
1991–1993 йиллар олима ҳаётида маҳсулдор йиллар бўлди. У профессор К. Х. Менгес раҳбарлигида “Совет турклари ва мусулмон Русиясида ёзувнинг ўзгариши ва ёзув ислоҳоти (1850–1937), сиёсий-маданий, тарихий-ғоявий тараққиётнинг симптоми” деб номланган йирик тадқиқотини тугатди. 1995 йил И.Балдауф малакали мутахассис сифатида Фрайбургдан Берлин Ҳумболдт университетининг Осиё ва Африка фанлари институтига таклиф қилинади. Аввалига Марказий Осиё маданияти ва тиллари кафедраси мудираси, сўнгра институт раҳбари лавозимларида ишлайди. Туркологик аспектда глобал муаммоларни ёритишда халқаро доирадаги грантларга бош бўлади.
Шу ўринда қизиқ бир воқеага эътиборингизни қаратсак. Адабиётда бирор бир асар ёки образнинг яратилишига кимлардир сабабчи бўлиб қолиши, ижодкор фаолиятига муайян маънода таъсир кўрсатиши мумкин. Бунга адабиёт тарихидан етарлича мисоллар топса бўлади. Олима буюк мутасаввиф Юсуф Ҳамадоний қабрини зиёрат қилаётганда, унга рассом Шуҳрат Бобожон ва шоир Баҳром Рўзимуҳаммад ҳамроҳлик қилади. Зиёрат чоғида Ингеборг шоирга: “Тунлари қабристонда Давсаман деган махлуқ юрар экан, унинг қиёфаси қандай?” дея савол беради. Шунда Баҳром Рўзимуҳаммад: “Эни икки метр, баландлиги жуда баланд, ўн метрлар чамаси”, дея жавоб қайтаради. Бундан ажабланган Ингеборг: “Йўғ-э, жуда ваҳима қилманг, бунақа улкан махлуқ ҳатто Шуҳратнинг полотносига ҳам сиғмайди”, дейди кулиб. Кўп ўтмай Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Ингеборг Балдауфга бағишланган “Давсаман” шеъри ёзилади. Жумладан, унда:
Жунлари ҳурпайган ва йилтироқ
кўзлари қип-қизил
тумшуғи узун
нафис ҳаракатлар ила
мозордан мозорга сакраб юради, –
сатрлари ҳам бор эди.
Олима мазкур шеърни немис тилига ўгириб, 1995 йил Берлинда ўтказилган расмлар кўргазмасида уни немис ва ўзбек тилларида ўқийди.
Атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов Ингеборг Балдауф фаолиятига тўхталиб, “У Мунавварқори тўғрисида гапирадими, Авлонийдан баҳс юритадими, Беҳбудийни тилга оладими, уларнинг шахсиятига, қолдирган асарларига, миллат манфаатлари йўлида кўрсатган жасоратлари ва фидокорликларига нисбатан теран бир ҳурмат билан гапиради. Бу ҳурмат замирида шу буюк сиймоларни берган халққа, унинг маданиятига, иқтидорига муҳаббат жўш ураётганини сезмаслик мумкин эмас эди”[1], дея юксак баҳо беради.
Олиманинг туркий халқлар оғзаки ижоди, Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракати, Марказий Осиёни маданий советлаштириш, ўзбек тили тараққиётида татарчанинг роли, маърифатпарварлик даври ўзбек адабиёти, қадимшунослик, мусулмонлар дунёсидаги ислоҳотчилик ва модернизм мавзуларида олиб борган тадқиқотлари Европа шарқшунослигида алоҳида босқични ташкил этади.
И.Балдауф Фитратнинг “Шайтоннинг тангрига исёни”, У.Назаровнинг “Чаён йили”, Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” асарлари ва Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг кўплаб шеърларини немис тилига ўгирган, бу асарлар Германиянинг марказий нашриётларида чоп этилган. Балдауф ўзигача бўлган атоқли шарқшунос ва туркшунослар – Й.Бенцинг, Аннемария фон Габайн, Аннемария фон Шиммел, Д.Шулц ва бошқаларнинг тадқиқот усулларидан фарқли томони шундаки, у адабиёт ёхуд тилнинг маълум бир даври ёки муайян бир қисмини ўрганиш билан чегараланиб қолмай, мавзуга кенгроқ, батафсилроқ ёндашади, ўзи ўрганаётган соҳанинг тарихи, тараққиёт тамойиллари ва бугунги кундаги ҳолатини қиёслашга интилади. Бу эса унинг кенг тафаккур ва теран билимли тадқиқотчи эканлигидан далолат беради.
Олиманинг ўзбек маърифатпарварлари ва жадид адабиёти намояндалари ижоди чуқур таҳлил қилинган “Ҳақиқат излаб…”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда” сингари йирик тадқиқотлари, адабий таъсир ва типология масалалари кўтарилган “Тавфиқ Фикрат ва Чўлпон” номли маърузаси ва шундай характердаги қатор илмий-назарий мақолалари борки, улар ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Дарвоқе, “Тавфиқ Фикрат ва Чўлпон” тадқиқоти таржима қилиниб, ўзбек вақтли матбуотида ҳам чоп этилган.
И.Балдауф ўз фаолияти давомида Алишер Навоий, Чўлпон каби буюк сўз санъаткорлари ижодини Ғарбда кенг тарғиб қилиб келади, улар ижодига бағишланган қатор илмий-амалий конференциялар ташкил қилишда бош-қош бўлади. У Наим Каримов, Бегали Қосимов, Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов каби таниқли ўзбек адабиётшунослари билан мунтазам илмий-ижодий алоқалар ўрнатган. Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Германияда ташкил қилинган шундай конференцияларнинг бирида Наим Каримов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шуҳрат Ризаевлар ҳам иштирок этишган. Ўтган йили Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан Берлинда ўтказилган тантаналарда эса профессор Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, навоийшунос Афтондил Эркинов қатнашди.
Мен Ингеборг Балдауфни шарқшунослик соҳасининг атоқли вакили Аннемария фон Габайнга қиёслагим келади. Габайн жуда сермаҳсул олима бўлганлиги сабабли, вафотидан сўнг ўнга яқин шогирди йиллар давомида унинг биобиблиографияси тузиш билан банд бўлишган экан. Ингеборг Балдауф ҳам шарқ мамлакатлари тили, адабиёти ва маданиятининг турли жабҳалари қамраб олинган салмоқдор ва кенг миқёсли тадқиқотлари билан Габайннинг изидан бормоқда.
Йирик шарқшунос олимлар Аннемария фон Габайн, Вилле Банг Кауп, Йоҳаннес Бенцинг, Аннемария фон Шиммел, Карл Ҳайнрих Менгес каби заҳматкаш олимларнинг эзгу анъанасини давом эттираётган олиманинг айтишича, унинг бисотида ҳали чоп этилмаган кўпгина тадқиқотлари бор бўлиб, уларни тез орада ғарб илм оммаси, шу жумладан, бизга ҳам тақдим этиш тараддудида экан.
Сўзимиз сўнгида айни ижодий қувватга тўлган, халқаро адабий-маданий алоқалар ривожи йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган бу фидойи олимага ташаккур билдирган ҳолда, унинг келажакдаги ишларида муваффақият тилаймиз.
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 12-сон
_________________
[1] Балдауф И. XX аср ўзбек адабиётига чизгилар. –Т.: Маънавият, 2001. 3–4-бет.