1999 йилда Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ (собиқ ТошДУ) маданият саройининг кичик залида атоқли олмон адиби, давлат арбоби, қомусий илм соҳиби Ёҳанн Волфганг Гёте таваллудининг 250 йиллигига бағишлаб, “Гёте ва Навоий” мавзуида тадбир ўтказилганди. Унда Олмония элчихонасининг маданият ишлари бўйича масъул ходими жаноб доктор Кюхле сўзга чиқиб, тадбирга келишидан олдин элчихонадаги кўп жилдли қомусий луғатларни варақлаб, бирортасида ҳам Навоий номини учратмаганини гапирганди…
Мазкур мақолада олмон адабиётидаги Навоийга оид тарихий маълумот баён этилган. Профессор ушбу маълумот Алишер Навоий ҳақида олмон тилида яратилган илк матн бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлаган. Қарийб 200 йил олдин ҳазрат Навоийни ғарбликларга танитган шарқшунос Ҳаммер— Пургшталлнинг ҳаёти ва фаолияти ҳам азиз ўқувчиларни эътиборсиз қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
Овруполикларни Ислом дини, Шарқ адабиёти ва маданиятидан баҳраманд қилиш орқали довруғ таратган мутафаккир, аслзода Ёзеф Ҳаммер фон Пургшталл 1774 йилнинг 9 июнида Грацда (Австрия ҳудудидаги жой) маҳаллий ҳукумат амалдори Ёзеф фон Ҳаммер оиласида таваллуд топган. У ўз шаҳридаги қуйи мактабни, шунингдек, юқори мактабнинг дастлабки синфларини тугатгач, Венага келиб ўқишини давом эттиради, шу билан бирга дипломатлик хизмати учун оғзаки ва ёзма таржимонлар тайёрланадиган Академиянинг тайёрлов бўлимида ҳам сабоқ олади. Бир йиллик синов давридан сўнг, у Академияга қабул қилинади ва жадал равишда, араб, форс, туркий тилларни ўрганишга киришади.
1799 йилда Ҳаммер — Пургшталл Австрия ташқи ишлар вазири жаноб Тҳугут томонидан оғзаки ва ёзма таржимон сифатида Константинопол (Истанбул)га, австриялик дипломат Ҳерберт фон Раткел ҳузурига юборилади. Раткел уни бир неча мамлакатлар, шунингдек, Арабистон томон сафарга жўнатади, аммо айрим сабабларга кўра, сафар дарҳол бекор қилинади. Шундай бўлса-да, у инглиз ҳарбий кемаси “Тайгер” бортида қоладиган бўлади. Чунки бу вақт ичида Ҳаммерни котибликка ёллаган С. Смит (Англия вазири Спенсер Смитнинг укаси), уни кемада қолдириш ҳақида буйруқ берган. Шундай қилиб, Ҳаммер 1801 йилда инглизларнинг Арабистонга юришида иштирок этган. Бу сафардан сўнг у Ҳерберт фон Раткелнинг топшириғига биноан, Англияга юборилган ва беш ой ўша ерда бўлган. Кейин яна Венага чақирилиб, элчига котиб сифатида Константинополга жўнатилган. Ўшанда у янги бошлиғи жаноб Штюрмернинг анча-мунча нохуш муносабатларига тоқат қилишига тўғри келган.
1804 йилда Лайпцихда Ҳаммер — Пургшталл “Шарқ илмларининг қомусий шарҳи” асарини нашр эттиради. 1806 йилда у Молдавия ҳукуматининг Ясидаги бош консули этиб тайинланади, у ерда шарқона “Ширин” деб номланган шеърий асарини ҳам яратган. 1807 йилда Ҳаммер Венага чақириб олинади. Унинг у ерда қиладиган асосий иши туркийларга оид ҳужжатларни ўрганиб чиқиш ва тартибга солишдан иборат бўлган.
1809 йилда француз қўшинлари Венани ишғол этишади. Шундай шароитда Ҳаммер дўсти, таниқли француз шарқшуноси Силвестр Барон де Сасига мурожаат этади ва унинг ёрлиғи ёрдамида Шарқ қўлёзмалари талон-торож бўлиб кетишининг олдини олиб қолишга муваффақ бўлади. Венада Ҳаммер романтик адиб Вилҳелм фон Шлегел ва де Штайл хоним билан кўришиб, фикр алмашиб турган. Худди шу ерда у поляк шарқшуноси граф Венцеслав Рцевуски билан дўстлашган ва у билан ҳамкорликда ишлай бошлаган. Ўшанда улар “Шарқ хазиналари манбаи” сарлавҳали асарни нашр эттиришни режалаштирганлар. Асар Ҳаммер раҳбарлигида 1810-1819 йиллар ичида, 6 жилдда чоп этилган. Гёте бу жилдларни батафсил ўрганиб чиққани маълум.
1811 йилда Ҳаммер давлат девонхонаси маслаҳатчиси, шунингдек, император саройи таржимони этиб тайинланган. Бўш вақтларида у “Сулаймоннома” сарлавҳали эртак асарини ёзиш билан машғул бўлган. Ундаги энг қизиқ қиссаларни 1813-1815 йилларда Тюбингенда нашр этилган “Атиргул ҳиди ёхуд Тонготар мамлакатнинг афсона ва ривоятлари” китобига ҳам киритган. 1815-1816 йилларда Ҳаммер “Усмонийлар салтанатининг шариат қоидалари асосидаги ҳуқуқий қомуси ва давлат тизими” сарлавҳали икки жилдли асарини нашр эттирган. Тахминан шу йиллар ичида у Муҳаммад Шамсиддин Ҳофизнинг ғазаллар тўплами “Девон”ни ҳам форсчадан олмон тилига таржима қилиб, чоп эттирган. Гёте бу асарни жуда севиб ўқиган, ундан маънавий қувват олган. Бу асар уни шу даражада мафтун этганки, ундан илҳомланиб, тез орада ўзининг “Ғарбу Шарқ девони”ни ёзган. Унинг илк бор 1819 йилда чоп этилган ушбу асари, 1827 йилда, яъни муаллиф вафотидан беш йил аввал, яна бир бор нашр этилган.
1816 йилда Ҳаммер Каролине фон Ҳеникштайнга уйланган, ундан тўрт нафар фарзанд кўрган. 1817 йилда у император — подшоҳ саройи маслаҳатчиси этиб тайинланган. 1818 йилда унинг “Форсийларнинг жозибадор нотиқлик санъати тарихи” ҳамда “Ососинлар тарихи” асарлари чоп этилган. Кейинги даврда у “Минг бир кеча” асарини олмон тилига таржима қилиш билан машғул бўлган. Бу таржимаси 1823-1824 йилларда Штуттгартда нашр этилган. 1825 йилда Ҳаммер рицарлик табақасига кўтарилган. 1825-1835 йиллар ичида унинг “Усмонийлар салтанати тарихи” сарлавҳали кўп жилдли асари чоп этилган. 1835 йилда Ҳаммер “Халифаликнинг бошқарув тизими” номли китобини ҳам нашр эттирган. Ҳаммер айнан шу китоби учун Пруссия Фанлар Академияси томонидан муносиб тақдирланган. 1836-1838 йиллар ичида унинг “Усмонийлар шеърияти тарихи” асари нашрдан чиққан. 1837-1839 йилларда у “Ҳижрийнинг еттинчи асригача яшаб ўтган буюк мусулмон ҳукмдорларининг ҳаёти ва фаолияти” асарини Дармштадтда чоп эттирган. 1838 йилда Ҳаммер таржимасида Маҳмуд Шабустарийнинг “Сирли гулшан” асари нашр этилган. Шундан кейинги йилларда у Вена Фанлар Академиясини тузиш борасида катта ишлар олиб борган. 1847 йилда ушбу Академия тузилгач, ўзи унинг дастлабки президенти этиб тайинланган. Шундай лавозимни эгаллаб турган бўлишига қарамай, у илмий-ижодий фаолиятини сусайтирмаган, кетма-кет яна бир нечта асарлар яратган. Улар қуйидагилар:
- “Қизилўрдалик қипчоқлар тарихи. Бу Русиядаги мўғулларга” (1840).
- “Иликхонлар тарихи. Бу форс давлати мўғулларига” (2 жилд, 1842-1844).
- Форсий ва туркийларнинг рамзлари (1850).
- “Араблар ва туркийларнинг найза ва камонлари ҳақида” (1852).
- “Муҳаммад ҳадисларининг авлоддан-авлодга ўтиб келиши ҳақида” (1853).
- “Араблар ҳаётида от” (1856).
- “Усмонийлар ҳукмдорлиги остидаги қрим хонлари тарихи” (1856).
1852 йилдан бошлаб Ҳаммер “Араблардан фан ва адабиёт” сарлавҳали 12 жилдга мўлжалланган асарини ҳам чоп эттиришни мўлжаллаган. 1856 йилгача ушбу асарининг фақат еттита жилдини нашр эттиришга улгурган.
Ҳаммер — Пургшталл 1856 йилнинг 23 ноябрида Венада вафот этган. Унинг ижодий мероси асрлар оша янги-янги авлодлар учун муҳим манба бўлиб қолиши муқаррар. Марҳум хотирасига бағишлаб ўтказилган бир расмий тадбирда Париждаги “Осиё жамияти”нинг котиби жаноб Моҳл шундай деган экан: “Айни пайтда араблар, форсийлар ёхуд туркийлар тарихининг бирор қисмини ўрганиш билан машғул шахс, унинг (Ҳаммер — Пургшталлнинг) асарларига мурожаат этмай қолмайди. Унинг таржималарини аниқлик нуқтаи назаридан ўрганиш мумкин, ёзув услубини, шаклини ўта шарқона, деб танқид қилиш мумкин, аммо улардан фойдаланмаслик ёки уларни четлаб ўтиш асло мумкин эмас”. Бинобарин, бизнинг олмон адабиётидаги Алишер Навоийга оид маълумотларни топишга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз ҳам Ҳаммер — Пургшталл илмий-ижодий меросига мурожаат этишимизни тақозо этди. Натижада, шу ҳол аниқландики, 1818 йилда Венада чоп этилган “Форсийларнинг жозибадор нотиқлик санъати тарихи” асарининг 310-312-бетларида Ҳаммер — Пургшталл Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб ўтган экан. Аслида Ҳаммер ушбу маълумотни французчадан таниқли француз шарқшуноси Силвестр де Сасининг (1758-1838) асаридан (у уни Давлатшоҳ ҳамда Сом Мирзо матнлари асосида тузганини билдирган) олмон тилига таржима қилган. Шу тарзда Ҳаммернинг “Форсийларнинг жозибадор нотиқлик санъати тарихи” асаридан ўрин олган Навоийга оид маълумотларда қуйидагилар қайд этилган:
“Мир Алишер насл-насаби улуғ сулолага мансуб бўлиб, Чиғатой султонлари саройидаги энг юқори мансаблардан бирини эгаллаган Баҳодирнинг ўғлидир. Унинг ота томондан бобоси султон Байқаро Мирзонинг амирларидан бўлган. Бу султоннинг набираси султон Ҳусайн Мирзо ҳукмдорлиги остида Мир Алишер юқори мансабларга ва катта обрў-эътиборга эришган. У уни дастлаб бош мунший, кейинчалик эса бош вазир этиб тайинлаган. Бу ҳукмдор билан Мир Алишер ўртасидаги дўстлик ришталари улар бирга қатнаган мактаб чоғлариданоқ бошланган. Алишер болалигида султон Абулқосим Бобур Мирзо қарамоғида бўлган. У уни суйган, ўз ўғлидай кўрган. Унинг вафотидан сўнг, Алишер Машҳадда ўқишини давом эттирган ва ўша пайтларда Хуросонда кўтарилган исёнлар туфайли, Самарқандга жўнаган ва у ерда хўжа Фазлуллоҳ Абуллайсий мадрасасида илму ижод билан машғул бўлган. Ҳусайн Мирзо Хуросоннинг чексиз ҳукмдори бўлиб олгач, ўшанда Амударёнинг нариги томонида ҳукмдорлик қилган султон Аҳмад Мирзодан Алишерни қайтариб юборишини талаб қилган. Султонга бу талаб маъқул бўлмаган бўлса-да, ноилож ҳолда уни тантанали равишда кузатиб қўйган. Ҳусайн Мирзо саройида у янада тантаналироқ тарзда кутиб олинган. У илму маърифатни ривожлантиришга камарбаста бўлиб, унинг ҳукумати шуҳратини оширган, ўзига ишониб топширилган ҳар қанча муҳим давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай, мамлакатида маърифатни юксалтирмоқ мақсадида, ўзининг ва ўзгалар савиясини ўстиришга алоҳида эътибор берган. Чиғатой ва форс тилларида шеърий асарлар ёзиш, топишмоқлар ва ҳарфли топишмоқлар тузиш, унинг севимли эрмаклари ҳисобланган. Илмга иштиёқи баланд бўлгани туфайли, у ўзини бутунлай мана шу фаолиятга бахш этишга қарор қилган ва тез орада ўзга ишлардан халос бўлишга интилган: дастлаб бош вазирлик мартабасини Астробод ҳокими лавозимига ўзгартирган, кейин эса фақат ва фақат илмга берилган, ундан ўзга юмушлардан воз кечган. Бироқ шундай бўлса-да, унинг омма орасидаги обрўйи камайиши ўрнига кундан-кунга ортиб борган, султон ҳам унга нисбатан ихлоси баландлигини мунтазам равишда билдириб турган. Ҳаётининг сўнгги йилларида у жуда кўп ёзган, натижада, асарлари тўплами сон ва ҳажм жиҳатидан кўпайиб кетган. У туркий асарларини Навоий, форсча асарларини эса Фоний тахаллуси билан ёзган. Унинг форсча ғазаллари тўплами олти минг мисрани ташкил этади.
Мир Алишер нафақат асарлари билан, балки кўлами ва сони жиҳатидан улардан қолишмайдиган эзгу ишлари билан ҳам шуҳрат қозонган; у уч юз етмиш иншоотни янгилатган ёки тубдан қурдирган. Булар мақбараю мадрасалар, ибодатхоналар, кўприклар, қудуқлар, ҳовузу карвонсаройлар эди. Шу билан бирга у ўз юрти меъморлари ва ҳунармандларини етарли равишда иш билан таъминлаган. Қурувчилар, ҳайкалтарошлар, рассомлар, заргарлар, хаттотлар Мир Алишердан топшириқ сифатида олган санъат асарларию қурилиш ишларини юксак даражада бажаришга интилганлар. Замондошлари Жомий ва Давлатшоҳ уни ҳомий сифатида завқу шавқ билан улуғлаганлар, истеъдоди буюк форс қасиданавису масалнавислари Анварий ва Ҳоқонийларникидан ҳар томонлама устунлиги ҳақида келажак авлодларга гувоҳлик берганлар. Эзгу ишларию юксак истеъдодининг намуналари сифатида қурилиш санъати ва шеърият санъати соҳасида қолдирган мероси боис, форсийлар ва туркийлар қалбида мангу барҳаётдир, буюк вазир, буюк шоир Мир Алишер”.
Қарийб 200 йил олдин олмон адабиётидан ўрин олган мана шу маълумот Алишер Навоий ҳақида олмон тилида яратилган илк матн бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Унинг муаллифи Ҳаммер — Пургшталл сермаҳсул фаолияти туфайли, олмон тилли мамлакатлар адабиётини Шарқ дурдоналари билан мислсиз даражада бойитган. Улар орқали ғарбликлар Шарқни теранроқ англашларига катта имконият яратган. 1827 йилда Гёте кишилик жамиятлари вакилларидан биринчи бўлиб “Жаҳон адабиёти” истилоҳини қўллаганига ҳам айнан Ҳаммер — Пургшталлнинг фидокорона фаолияти ўзига хос туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.
Одилжон Сафаров тайёрлади.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 2-сон