Роберт Музил – австриялик адиб, драматург ва бадиачи. «Тикланиш» ва «Уч аёл» туркумидаги ҳикоялар, пьесалар, театрга ва адабиётга оид эсселар, «Тёрлеснинг рўёлари» ва тугалланмаган «Қиёфасиз одам» романлари муаллифи. Психологик роман асосчиларидан бири.
Бу адиб ижодий майдонга кириб келганда Европа адабий осмонида Томас Манн, Стефан Цвейг, Марсел Пруст, Жеймс Жойс каби юлдузлар порлаб турарди. Уларнинг ёғдусида услуби ҳам, интилиши ҳам, бадиий ифода усули ҳам ҳеч бир ёзувчиникига ўхшамайдиган, асарларини ўқиш ва англаш анча машаққат бўлган Роберт Музилнинг номи хира тортиб қолганди. Музил асарлари ўз эътирофини узоқ кутди. Ўтган асрнинг 50-йилларида «Қиёфасиз одам» романи тўлиқ чоп этилгачгина адабий жамоатчилик уни Жойс, Кафка, Камю ҳамда Пруст билан бир қаторда санай бошлади. Аммо адибнинг ўзи бу эътироф ва шуҳратни кўрмай хор-зорликда, узлат ва уқубатда вафот этиб кетганди.
Дунё адабиётида XX аср ярмидан сўнг энг кўп муҳокама қилинган, энг кўп мақолалар ёзилган, ўзининг янгича қарашлари билан кўплаб тадқиқотлар ва мунозараларга сабаб бўлган, адабиётга «қиёфасиз одам» истилоҳини олиб кирган Роберт Музил 1880 йил 6 ноябрда Австриянинг Клагенфурт шаҳрида муҳандис Алфред Музил оиласида дунёга келди. Отаси ҳарбий инженер бўлгани учун шаҳарма-шаҳар кўчиб юришларига, бир нечта мактабда ўқишига тўғри келди. Алфред Музил зиёли, ўқимишли, интизомга қатъий амал қиладиган киши эди. Нозиктаъблик, инжиқлик, дунёга ва ҳаётга фалсафий муносабат, ҳиссий ва руҳий инстинктлар унга отасидан ўтган. Роберт кўп китоб ўқир, фалсафага, санъатга қизиқар, илмий салоҳияти ҳам юқори эди. Аммо отаси ўғлининг ҳарбий бўлишини истарди. Шунинг учун у ҳарбий билим юртини тугатди. Кейин ҳарбий академияга кирди. Бу ўқув юртидаги шароит ва ундан олган таассуротлари орадан бир неча йиллар ўтгач ёзган «Тёрлеснинг рўёлари» романи учун хомашё, яъни кечинма, ҳолатлар тасвири учун етарли манбалар берди. У озгина муддат ҳарбий қисмда хизмат ҳам қилди. Аммо охир-оқибат ҳарбий бўлишни истамади. Ҳаммасини ташлаб Брно техника университетига кирди. 1901 йили инженерлик дипломини олди ҳамда техника олий мактабида ассистентлик қила бошлади. Айнан шу йиллардан «Тёрлеснинг рўёлари» романини ёзишга киришди.
Бу роман Музилнинг келажакда яратадиган «Қиёфасиз одам» асари учун тайёргарлик, ўз тили, услуби, бадиий мушоҳадаси, ифода кучини, бадиий салоҳиятини синовдан ўтказиш вазифасини ўтаб берди. Гарчи тадқиқотчилар асарга кўп ҳам эътибор қаратмаса-да, у «Қиёфасиз одам»нинг соясида кўринмай қолса-да, ана шу илк романидаёқ Музил ўзининг ижодий концепциясини, адабиётга олиб кирадиган услубини баён қила олганди.
Асар худди бир пайтлар Робертнинг ўзи ўқиган ҳарбий мактаб каби махсус ўқув даргоҳи ўқувчиси Тёрлеснинг улғайиш йўлидаги машаққатли ва рўёга тўла кечинмаларига қурилган.
Бу асар асосига ўспиринлар ҳаёти танланади. Уларнинг туйғулари, ҳолатлари тадқиқ этилади. Айнан шу ёшдаги қаҳрамонларни танлашдан адибнинг иккита мақсади бор эди. Биринчиси, Музил илк романидан бошлаб «қиёфасиз одам» концепциясини ишлашга киришди. Яъни бу асарда қиёфасиз одамнинг шаклланиш даври тасвирланди. Мазкур ёшда ўспирин дунёси бўш идишга ўхшайди. Унга нима солинса, ўша билан тўлади. Романда ана шу бўш идишнинг тўлдирилиш жараёни, бошқача айтганда, инсон қиёфасизлигининг бошланиши, қиёфадан маҳрум қилиниш даври қаламга олинади. Мактабдаги таълим ёш йигитларни қиёфасидан маҳрум қилиб, уларни жаллодга, ёвуз амалдорга, сохта ватанпарварга, мақсад учун ҳар қандай қабиҳликдан тап тортмайдиган ижтимоий махлуққа ёки фақат кузатувчи бўлиб турадиган оломонга ва ҳоказоларга айлантиради. Асар ёзилгандан сўнг орадан эллик йил ўтиб – адабиётда Музил даври бошлангандагина тадқиқотчилар асардаги Райтинг ва Байнеберг образлари орқали адиб Гитлер ва Муссолинини, яъни фашизмнинг шаклланиш даврини тасвирлаган дейишди. Зотан, кейинчалик ер юзини қатл ва қирғин майдонига айлантирган бу жаллодларнинг ўсмирлик даври асар ёзилган паллага тўғри келарди. Музил ўттиз йил олдин Германиядаги таълим ва тарбия мамлакатни, одамларни қай йўлга бошлашини ўзига хос башорат қилганди. Бу каби ижтимоий руҳдан ташқари асар шахсдаги қиёфасизланишнинг бошланиш даврини тадқиқ қилади. «Қиёфасиз одам» концепцияси ҳали бу асарда тугал маъно касб этмайди. Фақат унга пойдевор яратилади. Музилнинг ўзи ҳам 1906 йилги кундаликларида инсон ўзлигини ифодалашга имкон бермайдиган муҳит ва ана шу муҳитда яшашга маҳкум этилган инсон ҳақида йирик асар ёзишни режалаштирганини баён қилади.
Музил дастлаб бир нечта эссе, пьеса, тақризлар ёзди. Аммо ёзганлари ўзи қўйган ва ўзи истаётган бадиий мушоҳада талабларига жавоб бермасди. 1903 – 1908 йилларда адабий таълим олиш учун Берлин университетида эркин тингловчи сифатида фалсафа ва психология йўналишида таҳсил кўрди ҳамда «Мах таълимоти моҳияти» мавзуида диссертация ёқлади. Бу диссертация унинг номини фан оламига танитди. Бироқ Музил олимликни эмас, шу йиллардан ўзини адабиётга тўлиқ бағишлашга қарор қилди. Унинг номи адабий давраларда кўпам тилга олинмас, асарлари ўша давр эҳтиёжига мос эмасди. Шу сабабли ёзувчи сифатида тирикчилик қилиши анча оғир кечди. У ҳануз ота-онасининг моддий қўллаб-қувватлашига муҳтож эди. Умуман, Роберт Музил умри давомида адабиёт орқасидан йирик маблағ ёки мартабага эришмади. Шу боис отаси уни кутубхонага ишга жойлаштириб қўйди. Аммо тезда уруш бошланиб, Роберт Музил зобит сифатида ҳарбийликка чақирилди. У Биринчи жаҳон уруши даҳшатларини ўз кўзи билан кўрди ва инсон фожиасини, қиёфасизланаётган, оммавий қирғинлар ва зулм билан ўз қиёфасидан маҳрум қилинаётган инсонни теранроқ ҳис этди. Уруш инсонни оммавий равишда қиёфасидан маҳрум қилишини англаб етди. Зобитлик йилларида кўрган-кечирганлари кейинчалик унинг асосий романига кўчиб ўтди. Музил инсон моҳиятини таҳлил қилишга, унинг ботиний қиёфасини чуқурроқ ўрганишга киришди.
Урушдан сўнг отасининг меросидан ҳам тўлиқ маҳрум бўлди. Энди ўз кунини ўзи кўришга мажбур эди. У ташқи ишлар вазирлигида, бошқа турли муассасаларда ишлади. Шу йилларда ҳарбий вазирликдан тўкин-сочин яшашга етадиган маоши бор катта амал тавсия қилишди. Аммо қанчалик қашшоқ яшаётган бўлмасин, Роберт Музил ҳарбий бўлишни истамади ва ўзини тўлиқ адабиётга бағишлади. Ёзганлари учун келадиган арзимас қалам ҳақи ва ёзувчиларга ажратиладиган хайриялар ҳисобига оила тебратди. Бунинг устига, асарлари ҳам оммалашмади. Тўғрироғи, унинг асарларини ўқийдиган, қадрига етадиган авлод ҳали етишмаганди. У кун кечириш учун театр танқидчиси, журналист сифатида ўзини синаб кўрди. Барибир омади юришмади. Баъзи кунлари ейишга нони ҳам бўлмаганини кундаликларида кўп марта эътироф этган. Шу йиллардаги ёзишмаларида Музил ҳаётдан ҳаддан ташқари безганини ва ўзининг аҳволидан чарчаганини қайта-қайта қайд қилади.
1923 йили адабий жамоатчилик Музилга эътибор қаратгандек бўлди. У драматик асарлари учун Австриянинг А.Клейст номидаги энг нуфузли адабий мукофотига эришди. Мукофотни машҳур адиб Алферд Дёблин топширди. Айни шу йилларда бир қанча немис адиблари Музил ижодига қизиқиш билдиришди. Бироқ мукофот ҳам, эътирофлар ҳам Музил ҳаётида кескин ўзгариш ясолмади. Яъни замондош ёзувчилар, унинг тенгдошлари қалам ҳақи ҳисобига виллалар қуриб, дунёни томоша қилиб, обрў-мартаба орттираётган бир пайтда Музил амал-тақал кун кечиришни ўйларди. У шон-шуҳратни ёқтирмайдиган ёзувчига айланганди. Аммо ўзининг адабиётдаги ўрнини ва қадрини, асарларининг даражасини биларди. Билгани учун ҳам қийналарди. Фақат зоҳири адабиёт бўлиб кўринган асарлар машҳурликка эришаётганидан, ўзи айтмоқчи бўлган гапларни, муаммоларни, маънони замондошлари кўролмаётганидан, тушунмаётганидан, ўз даврининг дид ва савиясидан оғриниб азоб чекарди. Унинг ичида гўё иккита шахс яшарди. Бири аламзадалик билан шон-шуҳрат, эътирофдан ўзини четга олган, ўз замонига қасдма-қасд тарзда фақат ўзи англаган ифода усулида асар ёзишда, ҳақиқий адабиёт яратишда давом этаётган шахс бўлса, иккинчиси ўзини эътироф этишларини, тан олишларини, шон-шуҳрат шоҳсупасига чиқишни, замондоши бўлган Томас Манн, Фейхтвангер, Леонгард Франк, Стефан Цвейг, Рот, жилла қурса, енгил адабий беллетристлар – Франц Верфел ёки Антон Вильдганс қаторида ўзининг ҳам эътироф этилишини истаётган шахс эди. Умуман, бу икки шахс Музил қиёфасида бир умр курашиб яшади.
1924 йили Музил Вена шаҳри, 1929 йили эса Герхарт Гауптман номидаги адабий мукофотларга сазовор бўлди. 1929 йили адибга ҳар томонлама ёрдам бериш ва унинг адабий-фалсафий ғояларини тушунтириш учун Берлинда «Музил жамияти» тузилди. Аммо бу эътибор ва эътироф узоққа бормади. 1934 йили фашистлар ҳукумати Музил асарларини тақиқлади, жамиятни тарқатиб юборди. Музил аввал Венага, Австрия Германияга қўшиб олингач эса Швейцарияга кетди. У ерда ҳам жуда қашшоқ ва аянчли ҳаёт кечирди.
Айни шу йилларда ХХ асрнинг энг улуғвор романларидан бири – «Қиёфасиз одам» асарининг биринчи китоблари босилиб чиқди. Роман том маънода янги йўналишдаги психологик асар эди. Музил унда гўё Пруст услуби билан Кафканинг бадиийлаштириш усулини бирлаштирганди. Роман қиёфасиз одам, бошқача айтганда, қиёфасидан маҳрум этилган инсон ҳақида эди.
Музил Кафка каби одамни шахс эмас, маълум бир ҳаракат ёки қарашнинг тимсоли бўлган мавжудот деб қарайди. Одам қайсидир ҳаракатларнинг, қайсидир ғояларнинг, қайсидир қарашларнинг қиёфасидир, унинг ўз қиёфаси, ўзлиги бой берилган. Тараққиёт инсонни ўз қиёфасидан маҳрум айлади. Унинг ичи, руҳи, ботини жамиятдаги турли қарашлар, ғоялар, тушунчалар, турланишлар, тусланишлар билан тўлдирилди. Асарда ана шу жиҳат – қиёфасиз инсон таҳлил қилинади. Адиб бу орқали ХХ асрда яшаётган, Музилга замондош бўлган, унинг ёнида ва теварак-атрофида юрган одамларда инсон эмас, ижтимоий муносабатлар, мафкураларнинг қиёфасини кўраётганини, яъни инсон яшаш учун ўзига шу қарашларни, шу муносабатларни сингдиришга ва буларни ўз қиёфаси қилиб олишга, жамият тутқазган, таклиф қилган қиёфаларда юришга мажбур эканини тушунтирмоқчи бўлди. Ана шу жиҳати билан инсон маҳкум қилинган, ижтимоий ҳаракат ва қарашларнинг, жамият ва цивилизациянинг қурбонига айланган мавжудотдир. Жамият талаб қилган ниқобни киймасдан инсон яшолмайди, унинг ўз хоҳиши ва ўзлиги билан яшашига имкон берилмайди, қиёфасини сақлаб қолган одам маданийлашган жамият учун ётдир. Инсон учун иккита йўл бор: ё ўз қиёфасини сақлаб қолиб ўзини ўлимга ва ётлашишга маҳкум этади, ё жамият ва ижтимоий ҳаёт тақдим этаётган қиёфа билан юришга мажбур. Одам бор-йўғи ижтимоий ва оммавий тафаккурнинг, мавжуд ахлоқнинг, мавжуд ҳаракатнинг ва турли ғояларнинг қиёфасига кириб яшаб қолиш учун курашади. Унинг асл қиёфаси, асл вазифаси унутилган. Музил қаҳрамонларининг ҳаммаси ана шундай қиёфасиз, жамият ва ижтимоий муносабатлар истаган қиёфага кириб олишган. Биз қиёфа деб тикилганимиз ва муносабат билдирганимиз қайсидир ижтимоий ғоя ёки мафкуранинг, муносабатлар, анъаналар, қарашларнинг, умуман, қайсидир ижтимоий тушунчанинг кўринишидир. Шу сабабли замонавий инсон қиёфасида ўз даври, замони, жамияти балқиб туради. Музил инсон бугунги тараққиёт ва тамаддун даврида ўз қиёфаси билан яшолмайди, ўз шакли билан яшашга ҳаққи йўқ, агар ўз қиёфасига қайтса, ўзини ўзи ўлимга маҳкум қилади, чунки ўзлик билан яшашга имконият ва шароит йўқ, шу сабабли ижтимоий муносабатлар, мавжуд жамиятлар ясаб берган қиёфада яшашга маҳкумдир, шу сабабдан ҳам у қиёфасиздир дейди. Аслида, Музилнинг бу хил қараши ва инсонга бу хил ёндашуви Фрейднинг инсоннинг онгли ҳамда онгости ҳолатлари таҳлили билан боғлиқ таълимот таъсирида дунёга келганди. Айни шу таълимот таъсирида Музил инсонни иккига: рациод ва норациод тоифаларга бўлади. «Қиёфасиз одам» романи ана шу қарашнинг бадиий ифодасидир. Асар бош қаҳрамони Улрихдан тортиб давлат амалдорларигача, олимлар ва адиблар, зиёлиларгача – ҳаммаси асарда одам қиёфасида эмас, одам шаклидаги маълум бир қарашларнинг, анъаналарнинг, ижтимоий муносабатларнинг қиёфасида гавдаланади ва ҳаракат қилади. Улрих ҳам жамиятда яшаш учун ўзлигидан кечиб улар талаб қилаётган қиёфага киради. Охир-оқибат Улрихни бу хил яшаш зериктиради. У ўзига хос исён қилади: ҳаммасини ташлаб синглиси Агатанинг дунёсига қайтади. У инсонни халос қиладиган муҳаббатни синглисининг ва ўзининг хаёлидан топади. Чўккан ва зада кўнглига синглисига нисбатан меҳр ҳамда уларнинг муҳаббат ҳақидаги орзу-истаклари малҳам бўлади.
Музилга бу асарини якунлаш насиб қилмади.
Роман Томас Маннинг эътиборига тушди. Айни шу романидан сўнг Ғарб адабиётида Музил номини француз Марсел Пруст билан ёнма-ён қўя бошлашди. Томас Манн асарни: «Ўзининг қудрати ва қуввати билан катта анъаналарни бошлаб берадиган янги немис романчилигининг ибтидоси», – деб атади. Арнольд Цвейг: «Бу асар Австрия адабиётининг энг юксак бадиий намунаси», Брох эса: «Музил бу асари билан дунё миқёсидаги эпик адиб эканини исботлади», – дея баҳо берди.
Бу эътирофлар ошкора ва оммавий тарзда дунё юзини кўра бошлаганда Музил оғир касал ётарди. Машаққатли кечган ҳаёти, йўқчилик охири унинг силласини қуритган, соғлиғига таъсир қилганди. 1938 йилдан эътиборан у адабий олам учун деярли унут одамга айланди. Замондош адибларнинг эътирофлари 1939 йили бошланган Иккинчи жаҳон уруши, дунё алғов-далғовлари ичида билинмай ҳам қолди. Музилнинг фақирона ҳаёт шамчироғи эътирофини кута-кута 1942 йили, ниҳоят, сўнди. Уни сўнгги манзилга бор-йўғи 10 киши кузатди. ХХ асрнинг энг йирик ва улуғ адибларидан бири ҳаётини шу тариқа якунлади.
1943 йили рафиқаси «Қиёфасиз одам» романининг охирги томларини нашр қилдирди. 1951 йили Адольф Фриз романнинг барча томларини жамлаб якка китоб ҳолида чоп эттирди. Ана шу нашрдан Ғарб, қолаверса, дунё адабиётида Музил даври бошланди. Адабий дунё Музилни қайтадан кашф қилди ва унинг номини энди бир овоздан Кафка, Жойс, Камю, Томас Манн, Герман Брох, Элиас Канетти билан бир қаторда санашга тушдилар.
Музилнинг сўнгги романи 50-йиллар ва ундан кейинги авлод адабиётига жуда кучли таъсир ўтказди. Ўлимидан сўнг бўлса ҳам у ҳақли равишда ХХ асрда адабиётни янги босқичга олиб чиққан ва дунё адабий жараёнида янги йўналишни бошлаб берган, психологик-интеллектуал романнинг асосчилари бўлган адиблар сафидан жой олди.
Назар Эшонқул