Раҳмон Қўчқор. “Толкўприк”дан инсон қалби сари

Таниқли адабиётшунос Умарали Норматовга хат

Ассалому алайкум, муҳтарам устоз!

Тириклик, тирикчилик ташвишларига ўралашиб, Сиздан тез-тез хабар ололмаётган укангизни маъзур тутасиз, аввало. Соғ-омон юрганингизга, Сизга умрбод ҳамроҳлик қилаётган ҳайрат ҳиссига кўз тегмасин, илойим.

Узоқ ўйлаб, кўпчиликни кўз олдимдан ўтказиб, бу изҳорни Сизга йўллаш энг тўғриси бўлади, деган тўхтамга келдим. Умид қилдимки, бизни гоҳ қийнаётган, гоҳ юпатаётган қуйидаги ўй-мулоҳазалар Сизга ҳам ёт эмас…

Кейинги пайтларда одамни безовта қиладиган бир савол миядан чиқмай қолган: бизнинг – ўзбекларнинг бадиий-эстетик тафаккуримиз ҳозир қай аҳволда, айниқса, дунёдаги илғор халқлар тафаккури даражасига солиштирганда биз қаерлардамиз? Дунёни-ку, майли қўя турайлик, ўзимизнинг бундан ўттиз-қирқ йиллар илгари етишганимиз манзилларга қиёсласак-чи?

Ахир, бу манзилларда бино бўлган адабий обидалар кўрку салобати чакана эдими? Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва Омон Матжон, Анвар Обиджон ва Шавкат Раҳмон, Усмон Азим ва Абдували Қутбиддин шеърияти, Шукур Ҳолмирзаев ва Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам ва Тоғай Мурод, Хайриддин Султон ва Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахон ва Назар Эшонқул насри адабиётимиз бўй-у бастини минтақамиздан олисларда ҳам кўринадиган даражада юксалтирган, бадиий ижоднинг аксарият йўналишларида дунёга етиб юришимизни таъминлаб берганди.

Ҳозир ўйлаб қаралса, масалан, қарийб ярим миллион нусхада босиладиган адабиёт газетасида чиққан Сизнинг “Жунбуш” номли мақолангиз миллий адабиёт танасига ёпиша бошлаган ҳаёсизлик, уятсизлик иллатларидан, бугун бутун дунёни мўр-малахдек босиб бораётган “оммавий маданият”дан огоҳликка илк даъват бўлмаганимиди? Ёзувчилар уюшмасидан қувват оладиган ўсиш-ўзгаришлар шиддати, уюшма залларига сиғмай, йўлак ва зиналарга сиқилганча, очиқ эшикдан эшитилаётган қизғин муҳокамалардан баҳраманд бўлаётган талабалар кўзидаги ҳайрат ёлқини одамнинг ёдидан чиқиши мумкинми? Балки бу – сўзга, ижодга, адабиётга муҳаббат ва ихлоснинг, уларни ҳар қандай манфаатдан устун кўрган, бадиий сўзни хушомадгўйлик, ёлғон ҳамда нафсий истаклар йўлида хизмат қилдиришни ўзига ор билган чинакам адабий муҳитнинг соғинчидир…

Албатта, ўзимизни юпатиш (тўғрироғи, чалғитиш)нинг йўллари кўп. Ахир, бугун ҳам шеър деганлари, ҳикоя ва роман деганлари кам ёзиляптими, одамлар ўқимай қўйган бўлса, ёзувчи ва шоирда нима айб? қабилидаги “изоҳ-у тушунтириш”ларни истаганча тўқиш ва шу билан яна “ёрқин йўл”да давом этавериш мумкиндек ҳам. Бироқ…

Бироқ бояги – мияни пармалаётган қайсар савол яна очиқ қолаверади-да: ҳолимиз не, қаердамиз-у, қаён кетмоқдамиз? Ахир дунёнинг илғор адабиёти, фалсафаси, эстетик изланишлари руҳониятнинг не-не манзилларини кашф қилиб олға бораётган, олам ва одамга хос қирраларни қанчалар кутилмаган ракурслардан кўрсатиш мумкинлигини исботлаётган бир пайтда биз нимамиз билан кимни ишонтира оляпмиз?.. (Ҳайратлантириш ҳақида-ку гапирмай қўя қолайлик.)

Ҳартугул, яқинда ўқиб тугатганим бир китоб ўша мия ва руҳни бир муддат бўлса-да юпатишга, эртанги кунга недир илинж билан боқишга ундади мени. Айни кайфиятни, аввало, Сиз билан ўртоқлашишни истадим.

Бу – умидбахш адиб Муҳаммад Шарифнинг “Толкўприк” дея оддийгина ном берилган, бироқ ичида оддийликдан ном-нишон бўлмаган ниҳоятда жиддий китоби.

Хўш, бу китобга жамланган 15 та ҳикоя, муаллифнинг хорижий сафарлардан олган таассуротлари ҳамда “С.А. хотиралари” номли қисса нимаси билан мени бу қадар таъсирлантирди?

Аввало, мазкур асарларнинг барчасида муаллиф тасвирланаётган воқеликка нисбатан объектив, реалистик позицияда туради. Бу жиҳатни алоҳида ва аввало таъкидлаётганим эса бежиз эмас. Зеро, ўзини шоир-у ёзувчи санаб юргувчи кўплаб қаламкашлар айнан шу масалада, демакки, шу билан бошланган қолган барча жиҳатларда ҳам риёга йўл қўйишяпти. Дейлик, Ватан, халқ, миллат мавзуларига фақат “муқаддас”лик сифатидан келиб чиқиб ёндашиш ва шу асосда китобий, баландпарвоз, юзаки тавсифлардан нажот қидиришдан-да хунук ожизлик бўлмаса керак.

Ҳолбуки, Ватан, халқ, миллат қандайдир мавҳум, хаёлий, эйфорик тушунчалар эмас, балки аниқ, конкрет, қўл билан ушлаб, жон билан сезиш мумкин бўлган, ҳамма нарсадан-да тирикроқ қадриятлардир. Уларнинг дарди, оғриғи, туйғулари ҳар биримизникидан сезилувчанроқ, ўткирроқдир. Сизу мен чалинадиган дард, оғриқ уларники олдида нима? Зотан, Ватан, халқ, миллат тумов билан, томоғ ёки ошқозон дарди билан оғримайди. Уларга келган ёхуд улар туфайли келадиган дарду ташвишлар залвори одамни ё у ёқли ё бу ёқли қилади-қўяди. Муҳаммад Шарифнинг “Отамакон”и айни шу ҳақиқатни ниҳоятда янги, бизнинг адабий тажрибамизда учрамаган макон ва қаҳрамонлар мисолида онгу шууримизга қуядиган ҳикоя бўлган.

Воқеликка нисбатан ҳалол, холис ва мардона назар, шу назар ойнасида кўринган реалликни бўяб-бежамай ифодалаш (бу – қуруқ ва натурал тасвир дегани ҳам эмас!), энг муҳими – тақдиридан ҳикоя қилинаётган қаҳрамонлар руҳиятидаги жамики товланишлар ва ўша реаллик ўртасидаги алоқадорликни теран ҳис қилдира олиш ёзувчининг аксарият асарларидаги энг муҳим қиймат туюлди. Ифодадаги ранг, оҳанг, ритм меъёри шунчалар сақланиб, умумманзарада улар шунчалар уйғунлаштириладики, биз буларнинг бари муаллифнинг қора иши – ёзиши, матн орасига қўшиши, ўчириши, яна қайта ёзиши… натижаси эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Зеро, ҳикоя ичра кўраётганимиз одам, манзара, ҳолат аслида кўзга жуда иссиқ, ўзимиз ҳам билган, бироқ бунчалар ҳис қилмаган жиҳатлари билан энди кўнглимизга кўчади.

Мана, келиб-келиб “ҳукуматти осмонида” учиб қўйган “айбланувчи Бозоров Адҳам”нинг бизга илк бор таништирилиши: “Қорамағиз, сийрак қошлари остидаги қўй кўзлари чўккан ўрта яшар киши ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, лекин униқиб, титилиб кетаёзган шимининг почаси шабадада қолгандек тинимсиз ҳилпирарди. У ўрнидан тургач, суд залининг салобати босибми ёки ҳозиргина ҳакам ўқиб эшиттирган айбловнинг залворидан гангибми, қийналиб ютинди, негадир кўйлагининг тугмаларини бир-бир пайпаслаб ушлаб чиқди”.

Мурод Муҳаммад Дўст, боя қумсаганимиз, шиддаткор адабий ҳаёт жўш урган замонларда “Галатепага қайтиш” деган  ўқишли қисса ёзган, унда “Дунё – байт-ул-жафо, ғамгусор йўқ, дилларимиз гунг ва бешарҳ қолади! Гунг ва бешарҳ!…” деган армонни битганди. Муҳаммад Шарифнинг эслаётганим “Парвоз” ҳикояси қаҳрамони, “айбланувчи Бозоров Адҳам”нинг ҳам қалби шу кунга қадар гунг ва бешарҳ қолаётган, аксарият қишлоқдошлари уни “ўзи, қисталоқ, рўзғори зўрға тебраниб турибди. Отаси бечора ишга ярамай қолган, бунда онаси касалманд, хотини боғчада ишлайди, олган пули нимаям бўларди, бу ёқда тўртта мишиқиси бор… Бу қорамойга ботиб трактор тузатади…” деб билишарди. Суддан кейин ҳам бу фикр шундайлигича – ўзгармай қолиши-да бор гап. Бироқ бу қорамойга ботган тракторчининг ҳам бир пайтлар осмоний орзулари, ўшаларга мос кўнгил истаклари, майллари бўлгани, ҳаёт уларнинг аксариятини ерпарчин қилган бўлмасин, гоҳида  ҳаётнинг ўша қоқсуяк панжаларидан бир муддат бўғзини бўшатиб, бир марта келадигани дунёда ўзгаларга эмас, ҳеч қурса ўзига ўзини исботлагиси, кўрсатгиси, у-да одам – ИНСОН эканини билдиргиси келганини илғагани ва бизга ёддан чиқмайдиган қилиб илғатгани учун ҳам Муҳаммад Шарифни ижодкор, ёзувчи атаяпман. Бу илғов, сезим ҳам очиқ-ошкора, публицистик тилда эмас, бошқа бир образлар, жумладан, Бозоров Адҳамнинг синфдоши, “кўйлагининг ёқаси сарғайиб ёрилган, шимининг тиззаси сузилган, титилиб кетган қайишининг учи ёнбошида пичоқ қинидек осилиб қолган киши”нинг судда тутила-тутила берган жавоблари орқали ҳосил қилинади.

Умуман, “Парвоз”ни, худди Сизнинг чексиз ҳайратингизни қўзғаган  Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” номли ҳикояси сингари, миллий адабиётимизда воқеликка, мавзуга ёндашиш, муаллиф мақсадини изҳор этишнинг нисбатан янги, кутилмаган усулини таклиф этгани билан ҳам қимматли асарлар, десак бўлади, назаримда. Зеро, уларда туйғу ва ўйларнинг даққи талқини, одам шахсиятига тепадангина назар, ўқувчига ақл бўлиш-у насиҳатгўйлик қилишдек истеъдодсизлик қусурлари учрамайди, муаллифларнинг инсон ҳодисасига нисбатан шафқатли ёндашуви сезилиб туради. Фридрих Шиллер: “Ёзувчилар инсониятнинг буюк адвокатларидир”    деганида, ажабмаски, айни шундай асарларни назарда тутган бўлса.

Китобда жамлаб берилган “Сомон йўли” номидаги туркум, бироз ишлов билан қиссага дўниши ҳам ҳеч гап эмас. Негаки, тўртала ҳикояда ҳам қишлоқда Ботир дўхтир деган “мартаба” билан сийланган, бир қарашда жисми ҳам, жони ҳам, аҳамияти ҳам бировни қизиқтирмайдиган одмигина одамга “бош қаҳрамон”лик раво кўрилган. Ҳолбуки…

Ҳолбуки, у “ёшлигидан миқти, абжир ва чайир бола эди. Маҳалласидаги болаларга бош бўламан деб ўзини ўтга-чўққа урар, маҳалла шаъни, қишлоқ шаъни деб жанжалга бош суқишдан тап тортмас, тўйларда кураш тушар, эшакдек чайир бу боладан бир-икки синф юқорида ўқийдиган ўспиринлар ҳам ҳайиқиб турарди…”

Булар нима экан, мана шу чайир Ботирнинг ҳаётида синфдоши Замира, унинг ёмғирпўши, сочининг ҳиди, кумуш қўнғироқдек жарангдор ва ёқимли овози билан юз кўрсатган қанчалик сеҳрли онлар кечди. “Энди у дунёга бошқача нигоҳ ташларди. Худди бир умр чанг бойлаб ётган дераза ойналарини кимдир ярақлатиб ювиб қўйгану ташқарида у шу пайтга қадар сезмаган ҳаёт тўқ ва бой рангларда жўшқин давом этарди”.

Агар ўша ҳаёт ва қисмат мардлик қилганида, ҳеч қурса, муаллиф қўйиб берганида, уларнинг – Ботир ва Замиранинг қиссаси ҳам худди Тоҳир ва Зуҳро, Ромео ва Жульетта қиссалари қадар юксалар, улар-да ишқ-муҳаббат боғининг гуллари, райҳонлари бўлиб қолардилар. Афсуски, тақдир бу гал ҳам ўз билганидан қолмади: Ботирга у Тоҳир ҳам, Ромео ҳам эмаслигини, Замирага бўлса Зуҳро ҳамда Жульетта ишқ эртакларининг севгидан ўзга ташвиши йўқ нозанинлари эканини, ХХ аср Зуҳросига, нари борса, Замирага илинилган оний хуш дамларгина раво кўрилишини эслатиб қўйди. Зеро, ҳаётий зуҳролар эрига қўшилиб буғдой янчиши, пиёз экиб ўтоқ қилиши, қаҳратон қишни ўйлаб иложи борича кўпроқ таппи ёпиши, болаларининг қорнини, эгнини бутлаш учун зир югуриши ва баъзида ҳардамхаёл алпозга тушиб қоладиган, “ови юрса тови юрмайдиган, тови юрса ови чопмайдиган” эрини, ўша Тоҳири, йўғ-е, Ботирини энсаси қотганча: “Ҳа, иш битдими?! Пиёзга заҳар септирдийизми? Э, қанақа одамсиз ўзи, нега тиржаясиз, заҳар нима бўлди, заҳар” дея тергаб турмоқлари керак…

Ботир дўхтирнинг, аксарият қишлоқдошлариникидан деярли фарқ қилмайдиган ҳаёти манзаралари, бу ҳаётнинг бутун мазмуни ва моҳияти, менимча, дастлабки ҳикоядаги ушбу биргина тасвирда қабариқ ҳолда ифода этилган: “Аслида, оддий бир ўткинчи бу манзарани илғаши қийин, унинг назарида, Ботир ва болалар адирда кўтарилган қуюн ичида адашиб чопиб юрган шарпалардек туюларди…”

Бизни юпантирадигани, ҳайриятки, ёш ёзувчи шу манзараларни илғайди. Ҳаёт, тириклик ва тирикчилик қуюни ичида адашиб чопиб юрган шарпалар ОДАМ экани, агар уларнинг шарпага айланиб қолаёзган жисму жонига виждон кўзи билан боқолсак, кўраётганимиз аччиқ ҳақиқат кўзимиздан ёш бўлиб қалқиб чиқишидан огоҳ этади.

Устоз, Сизга яхши маълум: ҳар бир истеъдодли ижодкор, унинг ўзи буни хоҳлайдими йўқми, билиб ёхуд стихияли тарздами, ўзи туғилиб кўз очгани маконнинг, қароғи ва димоғига дунёнинг илк ранги ва ифорини берган юртнинг бошқа бирор ижодкорда такрорланмайдиган, такрорланиши мумкин бўлмаган манзараларини бадиий сўз полотнолари тарзида дунёга намоён қилади. Муқимий “Саёҳатнома”сидаги Қўқон атрофи қишлоқлари, Ғафур Ғулом “Шум бола”сидаги Тошкент, Шукшин ҳикояларидаги Сибирь кенгликлари, Габриэл Маркес асарларидаги Маконда… – бундай ғаройиб гўшаларнинг кўпини эслаш мумкин. Муҳаммад Шариф ҳам, айтганимдек, ўзи билиб ёхуд билмай, Косонсойнинг дўппидеккина Гўрмирон қишлоғини гўё кўзимизга дурбин тутиб бизга намоён этиб беради. Унинг табиати – пасту баландликлари, дала ва қирлари, ариқ ва анҳорлари, жарлик ва унгурлари – бари-бариси ниҳоятда тиниқ, суратдагидан-да аниқ, ҳаётдагидан-да жонлироқ манзара касб этади. Мана бу айрим намуналарнинг ўзи айтган гапим муболағадан ҳоли эканига далил бўлса, ажабмас:

Қишлоқда баҳор: “… анҳорнинг суви бўтана келади. Кулол пишитадиган лой рангида бўлади. Тўлиб-тошиб, тўлғониб-тўлғониб, қирғоқларини ямлаб, дарахтларнинг илдизларини юлқилаб, янги камарлар бунёд қилиб оқади…” Ёз: “Сув тиниқлашади, серсоя гўшанинг тинчлиги бузилади, анҳор лабида учиб юрган ниначи ва капалаклар, сершох дарахтларда полопонларини ёнига олиб мизғиб ўтирган қушлар бирдан чўчиб кетади: қий-чув билан келган сон-саноқсиз болалар сувга ўзларини гуп-гуп ташлайди…” Бу эса куз: “Балчиқ, балиқ, бақашолнинг ҳиди келиб турса-да, сув шишадек тиниқ, унда кўм-кўк осмондаги оқиш парча булутлар, тўқ зангордан сарғиш-қирмизига ўтаётган дов-дарахтлар аксланиб туради…” (Ҳаммаси “Толкўприк” ҳикоясидан.)

Муҳаммад Шариф, китобга сўзбоши ёзган профессионал адиб Эркин Аъзам урғулаганидек, “бирор ҳолат тасвирига киришар экан, асло шошмайди, одатий тафсилотларга чалғимай, қилқалам тутган мусаввир мисол ҳар бир чизгисини эринмай поёнига етказади”. Бу астойдиллик эса муаллиф томонидан ўзининг тасвирга усталиги-ю, хотира қувватини намойиш қилишга уриниши сифатида англанмаслиги керак.

Бошқача изҳор этсам, бадиий матнда бирор тасвирий унсур йўқки, улар асар мағзини очиш, тўлдириш, изоҳлаш, бойитишга хизмат  қилдирилмаган бўлсин. Масалан, юқорида эслатганим – “Парвоз”даги Бозоров Адҳам ва унинг синфдоши “шахту сумбати”даги деталлаштирилган тасвирлар бекоргами ахир? Тасаввур қилинг: мана шу одамлардан бири ҳаммани “учаман” деб куйдиради, бошқаси бўлса унинг бу шаккоклигини, нима қилиб бўлмасин, “ҳаспўшлаш” тадоригида… Аҳвол шундай бўлгандан кейин “осмони палакдан бир нарса тариллаб келдию ҳовлига қарсиллаб тушди. Яна немис босди-ёв, қоч-а Маҳкам, деб бир ирғиб ўзимни айвонга урдим… Таҳоратам синди-да шу жойда…” дея судга сидқидилдан  кўрсатма бераётган “содиқ” қишлоқдош Рихсиев Маҳкамбой отадан ёмонлик кутиб бўладими?..

Аксарият тасвир кучи билан фоже тақдирлардан ҳикоя қиладиган, қилганда ҳам, заррача одамийлик сифати қолган ҳар қандай кўнгилда бир умрлик таассурот қолдирадиган асарлардан яна бири “Толкўприк” ҳикоясидир. Ҳажман салмоқликкина бу ҳикояда диалог деярли учрамайди, қаҳрамонларнинг айрим суҳбатлари ҳам ниҳоятда қуйиқ тасвир қатига (уларнинг намуналаридан юқорида бир қисм баҳраманд бўлдик!) ранглар, оҳанглар мисол сингдириб юборилади. Бу қуйиқ тасвирлар мутолаа асносида тасаввурга шу даражада синггиб, ўрнашиб борадики, унинг фонида бўртиб кўз олдимиздан ўтадиган, “лабининг чап устида кичик хол қўниб турган” қиз қисматини энди бу картинадан айро тасаввур қила олмаймиз.

Толкўприк, мана неча даврлар ўтибдики, ўзи боғлаб турган икки қирғоқ – кунчиқар ва кунботар томондаги не-не кишилар тақдири, уларнинг қай бир ҳислари, туйғуларига гувоҳ бўлмади. Қанча авлодлар аждодларга дўнди, неча самбит қадлар унинг ўзи каби эгилди, синди. Агар қадлар эгилиши, қоматлар синиши табиий, оғринмай тан олинадиган кўргулик бўлса, назарга илинмаган кўнгиллар истаги, топталган ҳислар, бевақт ҳазонга учраган туйғулар йиғиси толкўприк бағрига синга-синга, унинг ичию ташини хароб қилади. “Толкўприк, одамларнинг йўлига ўзини кўприк қилиб тўшаган тол уларнинг кўнглига кўприк сола олмаганидан бўлса керак, танаси тарс-тарс ёрилади”.

Умарали ака, Сиз, айниқса, яқин ўтмишимиз мисолида теран англайсиз: ҳар бир ёзувчи ўзи яшаётган даврнинг ижтимоий ва эстетик ҳолати,   кайфияти, адабий сиёсатидан келиб чиқиб иншо усули ва услубини танлайди, дардига дастурхон топади. Шу нуқтаи назардан қарасак, ёзувчининг “Хиргойи”, “Ҳадик”, “Кулдиргич” ҳикоялари учун топилган изҳор усуллари ўзининг кутилмаганлиги, янгилиги билан кишида қониқиш ҳосил қилади. Бу асарлардаги юзаки ниҳоятда сокин, оддий, ҳар қадамда учрайдиган воқеалар, ҳолатлар замиридаги улкан фожиалар, инсоний дард ва оғриқлар, ночорлик ва маҳкумлик залвори чакана эмас. Аслида айни фожиалар, дард ва оғриқларни, маҳкумликларни ўзидан ўтказмаган, ҳар куни тийрак нигоҳи, уйғоқ тафаккури ва сергак виждони ила улар билан юзма-юз келмаган кишидан бу изҳорларни кутиб ҳам, умид қилиб ҳам бўлмайди.

Эслаганимиз яқин ўтмишда айни дардлар қалбини зада қилган бир шоир “қурбонликка сўйдим ўз истеъдодимни” дея ҳайқирган бўлса, бугун “келар ўзга замонлар, кўринар ўзга номлар” қоидасига амал қилиб кун кўрадиган бошқа бир шоир ўша истеъдодни қурбонликка сўйиш ўта соддалик, ҳатто бориб турган гўллик бўлишини, у билан подага қўшилинса, қанча ем, қанча илиқ-иссиқ ошён насиб этиши мумкинлигини “шараф-ла исботламоқда”. Альберт Эйнштейн деган қувгина мутафаккир эса, ҳаммамизни масхара қилгандек тилини барала чиқариб, биз иккинчи мисолда келтирган ҳолат асло истеъдод иши эмаслигини таъкидлагандек, қайсарлар-ча: “Подадаги энг намунали қўй бўлиш учун, энг аввало, қўй бўлиш керак” дея кўзини қисиб кулимсираб қўяди…

Умуман, Муҳаммад Шариф китобидаги барча ҳикоялар ҳам ўзи тўғрисида шу сингари батафсил, кўнгилдан чиқариб, хуморни ёзиб гурунглашишга арзийдиган юкка, залворга эга. “С.А. хотиралари” қиссаси ҳам алоҳида тадқиқот, жиддий мулоҳазалар талаб қиладиган асарки, улар ҳақда йўл-йўлакай, юзаки гап айтиш маъқул иш эмас, деб ўйладим.

Китобга кирган асарлар матнида бир қалам теккизиш билан ўнглаш мумкин бўлган ўринлар ҳам кўзга ташланишини эса айтсам, Муҳаммаджонга оғир ботмайди, деб ўйлайман.

Масалан, гелни сочга “сепиш”дан кўра, “суриш” тўғрироқ бўлса керак (123-бет). “Америка президенти Жимми Картер Иттифоққа атом ҳам эмас, ядро бомбаси ташламоқчи эмиш” деганини миш-миш гап сифатида бериш ҳам тўғри эмас (247-бет). Зеро, атом, водород, нейтрон бомбаларининг барчаси бир хил – ядро қуроли ҳисобланади. Аслида, ўша президент нейтрон бомбаси билан дунёга дағдаға қилганди. А.Дюманинг муаллиф қўлига тушган русчадаги “Три мушкетёра” романи ўзбек тилига “Уч мушкетёрлар” тарзида эмас (284-бет), “Уч мушкетёр” деб таржима қилинади. Қолаверса, ҳар қанча ҳарбий ҳаёт тасвирланмасин, “горохли бўтқа”ни (290-бет) “нўхотли бўтқа” деб аталса ҳам, “армия колорити” бузилиб қолмайди…

Булар – катта ишлардаги арзимас қусурлар, холос. Энг муҳими,  бизнинг замондошимиз, истеъдодли укамиз Муҳаммад Шариф томонидан ортиқча шов-шувсиз, олдиндан чанг чиқарилмай, бировдан недир эътибор ва мурувват кутмай ўша катта ишларнинг қилинганидир. Муаллиф бу ишларига недир эътибор ва рағбат кутаётган бўлса, менимча, фақат ва фақат ўқувчи халқдан – ўзининг ўтмиши, бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган юртдошларидан бу асарларини ўқиш, уқиш эътиборини кутаяпти, холос.

Сизу биз бу ишга ҳали яраймиз, деб ўйлайман…

Сизга чексиз ҳурмат билан,

Раҳмон ҚЎЧҚОР