Қудрат Дўстмуҳаммад. Бадиий асарлар нима учун ўқилади?

1) воқеалар, саргузаштлар, кечмишлар ва тақдирлардан таъсирланиш учун;
2) билим олиш, дунёқарашларни бойитиш учун;
3) ҳаётий тажриба орттириш учун;
4) маънавиятни ошириш учун;
5) дардкаш топиш учун;
6) муҳаббат учун;
7) зериккани учун;
8) вақтичоғлик учун;
9) асардаги туйғуларни олиш ва янги туйғулар ҳосил қилиш учун;
10) касб тақозоси билан (илмий ходим, мунаққид, мураббий, педагог, оммавий ўйин-кулгилар ташкилотчиси, актёр, киночи, пьесаларни саҳналаштирувчи, жуналист,…);
11) мактаб ва бошқа ўқув юртларида таълим топшириқларини бажариш учун;
12) тилни, урф-одатларни ўрганиш учун;
13) сиёсий, ижтимоий, психологик ва бошқа хил маълумотларга эга бўлиш (даврни ўрганиш) учун;
14) сиёсий ва мафкуравий курашлар учун;
15) асар ёзиш тажрибасини орттириш учун;
16) бадиий асарга расмлар чизиш ва китоб дизайнини ишлаб чиқиш учун;
17) асар қўлёзмасини таҳрир қилиш ва имлони тузатиш учун;
18) китобсеварлардан ортда қолиб кетмаслик учун;
19) ўзини ўқимишли кўрсатиш учун;
20) суҳбатларда, баҳсларда “тили узун” бўлиши учун;
21) шаҳвоний туйғулар учун;
22) китоб савдосини ривожлантириш учун (бизнинг жамият, ҳозирча, бу даражага етиб келгани йўқ).

* * *

Бадиий асарлар қандай мақсадлар билан ўқилишини қурбимиз етганича санаб чиқдик. Келтирилганлардан бошқача сабаблар ҳам бўлиши мумкин.
 
* * *

Ҳар қандай дори-дармон учун илова қилинадиган йўриқномада, дорининг, юзага келиши эҳтимол бўлган салбий хусусиятларини кўрсатиш одат бўлгани каби, сара бадиий асарлар рўйхатига ҳам шундай илова – огоҳнома ёзиш лозим кўринади.

* * *

Китоб ўқишнинг сабаблари рўйхатида салбийлари ҳам бор. Улардан кўз юмиш – ҳақиқатни яшириш бўларди. Салбий бўлса ҳам, китоб ўқишга туртки берибдими, шунинг ўзи яхши! Чунки китоб ўқиш жараёнида, ҳар қандай одамда яна бошқа қизиқишлар, интилишлар юзага келади, шунда ижобий сабаблар етакчилик қилиб қолса ажаб эмас.

Муайян бир мақсад билан китоб ўқишни бошлаган одам ўша мақсад билан чекланиб қолиши камдан-кам бўладиган ҳодиса.

Энг сара асарлар рўйхатларида шаҳватга урғу берадиган китоблар ҳам бор. Масалан, “Ҳуррият” газетаси ўтказган сўров асосида тузилган, 111 та асардан иборат рўйхатда Владимир Набоковнинг “Лолита” романи ҳам кўрсатилган. Бу асар фақат, шаҳватни қўзғаш учун ёзилган! Ўта даражада одобсиз! Унинг олдида Стендаль ва Мопассаннинг баъзи асарлари ҳеч гап эмас! “Лолита” – Ғарб мафкурасига жуда мос келадиган асар, шунинг учун ҳам бестселлер бўлиб кетган, ғарибликда юрган Набоковга катта обрў келтирган, даромади ҳам шунга яраша бўлгани шубҳасиз. В.Новодворская тузган, 555 банддан иборат рўйхатда Набоков умуман кўрсатилмаган.

Шаҳвоний туйғулар ҳар бир одамга таъсир қиладиган кучли ва нозик омил, одамнинг ихтиёрини олиб қўйиши мумкин. Бу дунёда яшашдан мақсад – шаҳватни қондириш, деб ўйлайдиган одамлар бор. Улар адабиётнинг асл мақсадини ҳам шунга боғлаб қўйишган.

Бундай сердаромад мавзуни қурол қилиб олган ёзувчилар ва ноширлар Ғарбда кўплаб топилади. Биздаги баъзи ёзувчилар ҳам жиддий асар ёза туриб, шаҳвоний бир манзарани “томизғи” қилиб қўйишади. Шу билан шов-шув қўзғаб, мухлисларни кўпайтирмоқчи бўладилар. Бундай анъанадан воз кечиш керак. Китобсевар юртдошларимиз эса, салбий таъсирлардан сақланиши мақсадга мувофиқ.