Қозоқбой Йўлдош. Кўнгилга яқин шеърият

Фикрлаш тарзи ва ифода йўсинидаги халқчиллик билан адабиётимизда ўз ўрнига эга бўлган шоир Азим Суюннинг шеърлари – халқ айтимлари каби содда, теран ва юқумли. Битикларида оғзаки поэзиянинг кучли таъсири сезилиб турганига қарамай, ўз ижодий қиёфасига эга ижодкор бировни такрорламайди. Азим Суюннинг муҳаббат лирикаси ҳам ўзгаларнинг битикларидан бу муқаддас туйғуга том ўзбекча ёндашилгани билан ажралиб туради. Унинг кечагина ёзилган муҳаббат шеърларида ҳам худди қадим оғзаки лирикадаги каби турғун маънавий ўзлик, анъанавий бадиий воситалар, собит миллий руҳ акс этади. Шоир муҳаббатни ортиқча жимжималарсиз ёзади. Ифодалар ёрқин, кечинмалар бутун, туйғулар ёмби, сезимлар ўзбекча, туйғулар қўл билан тутгудек аниқ.

“Сени танидим-у, муҳаббат…”

“Сени танидим-у…” шеърида севги ифодасини беришга хизмат қиладиган анъанавий ва халқона “гуллар иси”, “булбуллар навоси”, “кўз ёшлар савдоси” сингари тушунчалар лирик қаҳрамонда пайдо қилган туйғу ҳақида теранроқ ўйлашга даъват этади. Шеърнинг:

“Сени танидиму, муҳаббат,
Қарғадим ортдаги умримни.
Сени танидиму, муҳаббат,
Қизиқ… яшамаган эдимми?”,

тарзидаги мисралари замирида муҳаббатсиз ўтган умрини қарғаб, уни яшалмаган йиллар санаган киши руҳий ҳолати ифодаси кўнгилни тозартириб, ўқирманни шахслик тараққиётининг руҳоний ҳиссиётларни англайдиган босқичига юксалтиради.

Шеърдаги: “Билдим: сув, ўт, ҳавоман” тарзидаги иқрорда севгининг инсонга туганмас қудрат бера олиши тасвирланади. Севги оғушидаги ошиқ ўзини бир вақтнинг ўзида бир-бирини инкор этадиган хислатларга эга сезиши мумкинлиги тўрттагина сўз орқали ифода этилади. Ахир, сувлик ўтликни ҳам, ҳаволикни ҳам инкор қилади. Лекин чинакам ишқ эгаси бир вақтнинг ўзида ҳамма нарса ва ҳар ким бўла олади. Лирик қаҳрамон билдирган: “Севинчман, беморман, давоман” йўсинидаги ўзаро зид, пойма-пойдай кўринган чигал ҳолатлар ифодасида муҳаббатдай номуайян туйғу ғоят таъсирли тасвирланган. Севги туйғуси бир вақтнинг ўзида кишига ҳам севинч беради, ҳам уни ишқ касали билан бемор қилади, ҳам ишқсизлик хасталигидан даволайди. Шеър сўнгида: “Сени танидиму муҳаббат, Танидим, танидим ўзимни” тарзидаги хулоса ўзликка келиш йўли фақат севги деган туйғу орқали эканини англатиши билан хотирага михланиб қолади. Севмаган одам ўзини, ўзлигини танимаган бахтсиз кимсадир. Шу сабаб муҳаббатга йўлиққан ошиқ ўзини таниганидан хушвақт.

А.Суюннинг “Гўзал” шеърида ҳам инсондаги энг сирли ва соҳир туйғу акс этган. Шеърнинг биринчи бандидаги “Кўксимда қиқирлар севги” мисрасида ишқ лирик қаҳрамоннинг кун, тун, тонгларинигина эмас, балки ғамлару мунгларини ҳам гўзал қилиб юборгани ғоят самимий ифода қилинган. Шу ифода шеърхонни ғам билан мунг қандай қилиб гўзал бўлиши мумкинлиги ва бу тасвирда нима кўзда тутилаётгани борасида ўйлашга чорлайди.

Шоир табиат ҳодисаларини ўз кўнгил ҳолатига мувофиқ тасвирлайди:

“Қип-қирмизи зардолилар,
Севги оловидан ёнар.
Боғ четида ошиқ анор
Ишқ зўридан тарс ёрилар”,

сатрларидаги ўрикнинг қирмизлиги япроқлари қизарганидан эмас, балки муҳаббат оловида ёнаётганидан, анорнинг ёрилиши ишқнинг зўридан экани борасидаги бетакрор тасвир ўқирманни ҳайратга солади. Булар шунчаки ўхшатишлар эмас, балки ўткир шоирона нигоҳ билан илғаб олинган тенгсиз гўзалликлардир. Чиндан ҳам япроқлари қип-қирмизи бўлиб оловланган ўрик оғочи гуриллаб ёнаётган гулханга ўхшайди. Ёрилган анорнинг эса, ишқини вужудига сиғдира олмаган юракни эслатиши табиий. Зеро, анор кўриниши ва ранги билан юракка ўхшаб ҳам кетади. Шеърда ўринли қўлланилган ташхис, жонлантириш санъати фавқулодда катта бадиий қиммати билан эътибор тортади.

Одам шундай ижтимоий-биологик ҳодисаки, унинг туйғулари мувозанатдан чиқиб, ҳиссиёти жунбушга келганда оламни ўз кайфиятига уйғун ё ёруғлик ичида ёки зулмат оғушида кўради. Шеърдаги: “Кунботарлар тўлқин-тўлқин, Сой таратар инжа ёлқин, Кун бўларми шундай ёрқин?!” сатрларида ошиқ йигит кайфияти туфайли дунё унга ўзгача тароват ва ёғдуга эга бўлиб кўринаётгани акс этган. Кунботарни тўлқинланган, сойни инжа ёғду таратган, кунни одатдан ташқари ёлқинли  ҳолатда кўриш учун одам фавқулодда гўзал туйғуларга эш бўлиши керак. Ҳар банд сўнгида такрорланиб келган: “Кўксимда қиқирлар севги” мисраси ифода таъсирчанлигини оширган.

 “Муҳаббат” деб номланган шеърнинг биринчи бандида бир-бирига зид, ёнма-ён туриши мумкин бўлмаган тушунчалар усталик билан ўринлаштириши натижасида дунёга сиғмай кетаётган ошиқ йигит ҳаяжони акс этган. Шоирнинг маҳорати сабаб “Даштларда ёнгудай куйлар зарғалдоқ”дай инерт тасвир кўнгил ҳолати динамикасини англатишга хизмат қилади. Севгининг зарғалдоқдай паррандани ёнар ҳолатга тушира олиши мумкинлигини тўғри илғаш ўқирманнинг маънавий ўсишида муҳим ўрин тутади.

Шеърдаги: “Тоғни ёриб чиққан гиёҳни кўрдим, Денгизни кўтарган қиёқни кўрдим” тарзидаги кутилмаган поэтик кашфиётлари инсон кўнгли, тафаккури ва бадиий диди ўсишида улкан аҳамиятга эгадир. Чиндан ҳам яшашга бўлган адоқсиз муҳаббати сабаб аслида салгина эпкинга тебраниб кетадиган даражадаги ожиз гиёҳ тошнинг бағрини тешиб чиқади. Тирикликка, ёруғликка ишқи туфайли тубсиз денгиз қаъридаги қиёқ миллионлаб тонна сувни кўтариб ўсаверади. Ҳисобсиз оғирлик мангу босиб турса-да, яшашга интилаверади. Шеър­даги “Суйиб елган ел”, “Куйиб кулган кул” ташбиҳларининг ҳаётий ҳамда эстетик маъноларини англашга уриниш шеърхонда бадиий дид ва шахслик сифатларини қарор топдиради. Севги ҳамма нарсага эзгу моҳият ато қилади. Елишнинг ҳам, куйишнинг ҳам сабабкори муҳаббат бўлгани боис “суйиб елган ел” танларга ором бахш этиши акс этса, “куйиб кулган кул” ишқдан куятуриб кулишга куч топган кулни билдиради. Шеър бандларининг якунловчи мисраси бўлиб келган “Ўлдирсанг ҳам ўзинг ўлдир, муҳаб­бат!” тарзидаги хитобнинг асар умумий руҳи ва ошиқ ҳолатини беришдаги ўрни алоҳидадир.

Шоирнинг “Оқшом. Оқ шом. Катта боғ” мисраси билан бошланадиган шеъри енгил ҳаволарда битилган. Ўйноқи оҳангга эга, тоза руҳдан бино бўлган бу шеърда чин ошиқнинг кайфияти ғоят жонли акс эттирилган. Ўн бешгина сўздан иборат биринчи тўртликнинг ўзида тўққизта атов гап ишлатилган. Телеграф услубини эслатувчи бу сўз-гап­лар ёнгинасидаги маъшуқасига қандай ёндашишни билмай эловсираётган ошиқ ҳолатини акс эттиради. Азим Суюн ўзбек севги лирикасига воқеабандлик олиб кирган шоирдир. Унинг энг ичкин ишқий ёки том манзара шеърлари ҳам қандайдир бир ҳаётий воқеадан сувланади. Шоир ҳар лаҳзада ўзгараверадиган чигал туйғулар тасвиридан кўра кўпроқ муайян ҳаётий воқеа оғушида ҳаракатланаётган қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини кўрсатади.

Шеърда ошиқнинг ўта мураккаб вазиятдаги руҳияти ҳаётий ва таъсирчан акс эттирилади. Катта боғ қўйнида ёри билан ёлғиз қолган ошиқнинг маъшуқаси кўнглига қандай йўл топишни билмай қийналаётгани: “Қучиб олишга сени  Етмас менда жасорат, Ёнгинамда ийманиб Турсанг ҳамки, муҳаббат” тарзида ифода этилади. Бу сатрларда ўзи ва суюклиси тақдирини ўзгартириб юборадиган журъатли ҳаракат қилишни истаётган, аммо бунга юраги дов бермаётган ошиқ ҳолати акс этади. Кейинги банддаги: “Осмон четида чақмоқ Ногоҳ унсиз ярқ этди” тасвири унинг ёрни қучоқлашига баҳона бўлиши гўзал тасвирланган. Биргина ҳимога маҳтал суюкли чақмоқдан қўрқиб, ошиқ қучоғига ўзини отиши, ёр висолига эришган ошиқ кўзига ҳовуздаги сувнинг “Ҳовуз тўла оқ бода” бўлиб кўриниши тасвирида табиийлик бор. Чунки ҳовузда ойнадай бўлиб ёйилган тўлин ойнинг висолдан маст ошиқ кўзига улкан пиёлага қуйилган оқ бода бўлиб кўриниши руҳий жиҳатдан асосли.

Азим Суюннинг “Оҳу” шеърида маъшуқасида унинг туйғуларига мо­йиллик борлигини билган ошиқ ҳолати жуда самимий ифода этилган. “Ҳаёт гўё абадул абад. Зулумот йўқ, бор фақат ёғду” сатрларида юксак бахт оғушидаги йигит руҳияти акс этган. Кўтаринки кайфият туфайли тун ёғдуга тўлиши, қаҳратон совуқ ҳарорат бахш этиши табиий. Шеърдаги енгил оҳанг шоирнинг: “Умр – ўлжа, бу дунё – сайёд” шаклидаги ўта маҳзун хулосасига ҳам некбин ёруғлик бахш этади. Бу шеърдаги тамомила бир-бирига зид маънолар бирваракайига акс этган “Ҳам шафқатсан, ҳамда бешафқат. Яшамоқ – бол, яшамоқ – оғу” мисралари шеърхонга тийрак фикр, ўткир эстетик назар беради. Бундай назар ёрдамида “шафқат”, бешафқат”, “бол”, “оғу” каби зид тушунчаларининг луғавий ҳамда бадиий маънолари тушуниб етилади. Шеърнинг ҳар уч бандида такрорланиб келган ва ҳар бандда алоҳида хулоса чиқаришга асос бўлган ҳолат ифодасини топиб, изоҳлаш ўқирманни маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстиради.

Азим Суюн муқаддас туйғу бўлмиш муҳаббат жўнида ёниб куйлайди. У ишқ туйғусига ўта умидбахшлик билан ёндашиб, уни неъмат ҳисоблайди. Одам муҳаббат туйғуси туфайлигина одам саналишини, шу туйғу уни юксалтиришини тасвирлайди. Севган одамнинг кўзига олам ўзгача кўриниши шоирнинг бир шеъридаги: “Оққуш каби ой сузди, Оққуш каби ой сузди. Сакраганда балиқлар, Ойнинг патлари тўзди” сатрларида яққол намоён бўлади. Бу сатрлардаги чинакам поэзиянинг нурли ёғдуларига чулғанган тимсоллар ўқирман кўнглини сурурга тўлдиради. Шоир кўкдаги тўлин ойнинг сезилмас ҳаракатини сувда виқор билан сузаётган оққушга ўхшатиб, уни осмондан ерга туширади ва ўқирманга яқинлаштиради. Шунчалар яқинлаштирадики, кутилмаганда сакраган балиқлар ойнинг патларини тўзитиб юборгани ўқирманга ҳам кўрингандай бўлади. Тасвир маҳорати юксакдан пастга энмайдиган ой тимсолини оққуш воситасида шеърхонга ёвуқ­лаштирган бўлса, кейинги икки қаторда акс этган тимсоллар бу тасвирни ўқирман руҳиятига кўчириб, кўкка ўрлатади.

“Бургут менинг аждодим…”

Азим Суюн лирикасида интим шахсийлик даъваткор ижтимоийлик билан, содда ҳайрат донишмандларча ҳикмат билан ёнма-ён келади. Шоирнинг “Овчининг ўлими” шеърида шахсиятида эрк ва мардлик сифатлари ҳукмрон йирик инсон туйғулари акс этган. Воқеа асосига қурилган шеърда “Ўлимдан титраган зот Титрагайдир ҳаётда! Уларга мен ҳамма вақт Қараб келдим нафрат-ла!”, – дейдиган шахс руҳиятининг жилвалари тас­вирланган. Қўрқув нималигини билмай умр кечирган Қодир овчи ўз тириклигига шараф билан нуқта қўя оладиган бургутдай мардона ўла олишни орзулайди:

Бургут деган бир қуш бор
Титрамайди ўлимдан,
Долға каби шиддаткор.
Сўнгги дамин сезса у
Қояга урар ўзин.
Унинг олов патлари
Ҳавода кетар тўзиб.
О, улар тушмас ерга,
Ерда нима – бойланиб,
Шу заҳот учар кўкда
Бургутларга айланиб…
Бургут менинг аждодим…

Ҳарорат билан битилган ушбу сатрларда шоирнинг тасвир маҳорати биргина “о” товушига ҳам ҳайрат, ҳам қувонч, ҳам ҳасрат сингари бир кўп маъноларни юклай олгани ва айни вақтда ифода мавзунлигини бузмасликка эришганида кўринади. Бу шеърда мутеъларча тирик юришдан ғурурли ўлимни ортиқ билган шахс сезимлари акс этади. Унда улуғлик улуғликдан пайдо бўлиши борасидаги ҳақиқат ўзини қояга уриб ҳалок бўлган бургут патларидан бургутчалар дунёга келиши тўғрисидаги тасвирда, айниқса, яққол намоён бўлади. Шоир шеърхонни шу тарзда юксакликка ундайди. Унда баланд маънавий сифатлар бўлишини орзулайди. Ифоданинг беқиёс жозибаси шеърни ўқирман хотирасига михлаб қўяди.

Шеърда Қодир овчига муайян даражада зид қўйиб тасвирланган лирик қаҳрамоннинг: “Келар-кетар бу даврон, Мен-чи титрайман ҳамон!” тарзидаги иқрорида замондош туйғулари акс этади. Шоир кейинги тасвир нишонини бевосита ўқирманга қаратиб, унга: “Сиз-чи, сиз ҳам титрайсиз, Титраб, қақшаб яшайсиз! Замон, замон, замонми, Ё сўзларим ёлғонми?”- дея тиккалай хитоб қиладики, шеърнинг қудратли таъсир кучи, шаксиз, ўқирманни ўз виждони, ички дунёси билан юзма-юз қолдириб унинг маънавий юксалишга хизмат қилади.

Азалдан юртсуяр санъаткор Азим Суюн ижодида Ватан тушунчаси кейинги пайтда бир қадар янгиланди. Шоирнинг олдинги шеърларида ватан тушунчаси туғилган ёки яшаётган маконни англатган бўлса, эгаманликдан кейинги шеърларида ватан жуғрофий англамдан руҳий-маънавий масканга кўчди. Қизиғи шундаки, шоир шеърларида отамакон моддийликдан йироқлашиб, маънавий моҳият касб этиши билан янада конкретлашади. Эндиликда Азим Суюн учун Ватан ташқаридаги тоғу тош, тупроқдан иборат моддийлик эмас, балки кўнгилдан жой олган маънавий-руҳий моҳиятдир. Шоирнинг ватаний лирикаси учун Ватан, биринчи навбатда, руҳий-маънавий қадрият. Унда “юрт” “эл”дан айро тасаввур қилинмайди. Отамакон руҳиятга кўчирилгани учун ҳам шоир битикларида қуруқ чақириқ йўқ. У отамаконни кўнгил кўзи билан кўради.

Азим Суюн – қисмда бутунни, томчида дарёни, қатим нурда қуёшни акс эттирадиган назаркарда шоир. Унинг ижодидаги шу жиҳат “Кўпкари” шеъридаги: “Чарсиллар чавандозлар, Чарсиллайди халойиқ” сатрларида яққол кўринади. Бу тасвирлар ўзбекнинг руҳиятини акс эттириши, ватаннинг белгиларини кўрсатиши жиҳатидан бетакрордир. Уларда бедовлар танаси ва ҳавода чарсиллаётган қамчиларнинг, қамчилардан-да қаттиқроқ чарсиллаб бораётган асаб­ларнинг кардиограммаси акс этган.

Азим Суюннинг ватансуярлик лирикасида “Соғинч қўшиғи” шеъри муҳим ўрин тутади. Шоир юртда туриб, уни соғинаётган киши туйғуларини таъсирли акс эттиради. Унда кўнгилга яқин, асл сезимларни қўзғайдиган нарсаларга бўлган табиий соғинчни тасвирлаш орқали отамакон қадри теран ифода этилади. Шоирнинг: “Ассалому алайкум, отамдан қолган чорбоғ, Ассалому алайкум, бобомерос ёнғоқзор. Ассалому алайкум, жоналари қорли тоғ, Туғилиб ўсган ерим, ассалому алайкум” тарзидаги хитобида киндик қони тўкилган жойни астойдил соғиниб, қўмсаб, унга чин дилдан интилган киши руҳияти акс этган. Шоирнинг туйғуларида сохталик, ўринсиз кўтаринкилик ва сунъий руҳворлик йўқ. Шеърдаги ҳар бир тимсол шоир шахсига, унинг кўнглига доир бўлганидан ифода сербўёқ ҳамда таъсирли: “Қиррадор қояларнинг бағридаги тошкулбам, Қалдирғоч уясидай турибсан ҳамон-ҳамон. Кенг дунёга йўллаган, о, суюмли бош кулбам, Бир умр таъзимдаман, ассалому алайкум”. Шоир самимияти олис болаликнинг осмон, чўққи, бургут, каклик, сор сингари жонли-жонсиз йўлдошларига мурожаатида ёрқин намоён бўлади:

Бормисиз бургутларим, ошёнингиз омонми?
Осмонларда нима гап, чўққиларда не гаплар?
Сиз-чи, ҳей какликларим, сорлар ҳамон ёмонми?
Мўминнинг куни қурсин, ассалому алайкум…

Шоирнинг соғинчлари ифодасида чин инсоний меҳр балқиб турибди. У гўзал, аммо ожиз какликка ачинади. Лекин у бургутни ҳам ёв деб билмайди. Фақат серташвиш очунда ҳамиша ожизнинг куни оғирлигидан озурдажон, холос. Енгилгина ёзилган шеърга оламий оғриқ шу тариқа жойланади.

Ёшликка хос юксак ва покиза туйғулар ёрқин тасвирланади: “Ў, менинг оқ булоғим, қани у қўшни қизлар, Сувга чиқишларини мен қандай пойлар эдим. Қайга кетди сочилиб бўйингиздан юлдузлар, Юлдузлар босган излар, ассалому алайкум”. Ушбу ифодалар аниқлиги, серқатлам ва тагдор экани билан ўқирманни лол қолдиради. Ўзбек юзи иссиқ қизларни юлдузга ўхшатади. Юлдуз – кўкка мансуб, унга муносиб ва шу боис юксакдан жой олган яратиқ. Булоқда осмон акс этади. Бинобарин, унинг бағрида юлдузлар ҳам. Аммо булоқ бўйидаги юлдузлар, яъни ёшликдаги қизлар кўкдаги юлдузлардан кўра ёрқинроқ, иссиқроқ, чақноқроқ… Афсуски, эндиликда улар босган излар шоир кўнглигагина муҳрланиб қолган.

Юрт тушунчаси тилидагина бўлиб қолмай, кўнглига кўчиб, руҳини тўлиқ эгаллаган ижодкор нима ҳақда ёзса ҳам ватанни тасвирлаётган бўлиб чиқаверади. Чунки у ўз ички оламини ифода этади. Ички олами эса, ватанга тегишли ва ундан иборат. Негаки, ватан шоирнинг ичидадир, ичкарисидир. Азим Суюннинг “Шом шафағи” асари ҳам, бундай қараганда, ватан ҳақида эмас, ундаги бир манзара акс этган шеър. Аммо қиш чилласи қўйнидаги тоғ қишлоғи манзараси шундай чизилганки, унда Ўзбекюрт бутун жилвалари билан намоён бўлади:

Шом шафағи тоғларни қучмиш,
Тун қўйнига кирар дала, қир.
Дараларда чирсиллайди қиш,
Кўз тиндириб ялтирар ўнгир.
Бунда тўхтаб қолган жилғалар,
Тўниб қолган юлдузлар кўкда.
Шода сирға таққан жинғиллар,
Букчайишиб турар оқ юкдан.
Дилга ҳадик солар сукунат,
Босиб келар қандайдир ваҳм.
Кўпдан қўноқ қорли салтанат,
Сукутида бир сирли қаҳр.

Шоир ғоят тиниқ бу прелюдиядан сўнг чиллада масиққан бўри галасининг қишлоқ ёнидаги дўнгликка чиқиб намойишкорона ўйини қўзғаган даҳшат тасвирини беради. Шеърда бўрилар чизгиси аниқлашган сари мисралар шиддати, ҳолат драматизми ортиб боради: “Ўйнар-ўйнар ҳориб-толганча, Сўнг ўйинлар жонига тегиб, Ўқдай кўзлар порлаб ёнганча Қайларгадир қолар санчилиб”. Кишининг тани ва руҳига титроқ солгувчи бу тасвирдан сўнг шоир жўнгина бир ахборот каби “Гўдакларин босиб бағрига Хавотирда мудрайди қишлоқ” деган икки сатрни келтирадики, назаримда, ватан тимсоли айни шу серҳадик мисраларда намоён. Шеър сатрларининг қатидан, Ватан ҳамиша сени паноҳига олади ва, айни вақтда, у доим сенинг ҳимоянгга муҳтож ҳам деган маъно балқиб туради.

“Мен ҳеч ким эмасман Ўзимдан бўлак….”

Одам ҳаётидаги асл маъни ўзликни топишда намоён бўлади. Ҳаётнинг аёвсиз синовларидан қиёфасини йўқотмай ўтган, ўзи бўлолган шахс одам аталишга лойиқдир. Чунки ўзини топган одамгина ҳаётнинг чин маъносини англайди. Шоирнинг “Мен сизни севаман” шеърининг сўнгги мисраси бўлган бу қаноат Азим Суюн ижоди ва шахсининг моҳиятини  ифодалаши билан диққатга лойиқдир. Ушбу шеърда юрагига олам ва одамлар дардини жойлаган шоир аҳли башарга бўлган муҳаббати ифодалаган. Унда одамлар ҳаётини ўзаро муҳаббат асосида йўлга қўйиш истаги, ўзаро муносабатларни чигаллик ва тушунмасликдан халос этиш дарди акс этган. Шоирнинг: “Дўстларим кўп менинг Рақибларим ҳам, Рақибларим мени англамаган дўст!” тарзидаги иқрори билан бошланган шеърда ўзгаларни тушунишга интилган олижаноб кўнгил эгасининг сезимлари тасвирланади. Одамларнинг бир-бирини тушуниши орзулаб ёзилган бу шеърда туйғулар самимий бўлгандагина одамлараро муносабатларда эзгулик қарор топиши мумкинлиги акс этади: “Сиз йиғланг, бир йиғланг Дарёдай тошиб, Юрагингиз ахир йиғига тўла. О, сиз мени шунда Англайсиз шошиб, Тўлган ой сингари бутун бир йўла. Мен сизни севаман!” – дейди шоир. Бу сатрларда меҳрсизлик, ўзгани тушунишга уринмаслик туфайли тошга айланган юраклар йиғи билан эритиб юборилсагина кишида атрофидагиларга муҳаббат уйғониши мумкинлиги ифодаланган. Шоир одамни севиш уни англашдан, англаш эса тинглашдан бошланишини айтади. Кўкдаги тўлин ой бутунича идрок этилгани каби одам ҳам борича қабул қилингандагина уни англаш ва севиш мумкин бўлиши тасвирланади.

Адоқсиз зиддиятлар, саноқсиз топишу йўқотишлардан иборат дунёда ўзлигига собит қолиб, қиёфасидан кечмаган, тикондай санчилгувчиларни-да севишга куч тополган кишигина яшашга муносиб экани таъкидланади:

Топдиму йўқотдим,
Йўқотдим топдим,
Кутиб олдим барин бир-бир хотиржам,
Сени севишларин истасанг, дўстим,
Аввало сен севгин тиконларни ҳам.
Мен сизни севаман!

Шоир ана шу маънавий қоидаларни ҳаётий ақида, тирикликка асос деб билади. У: “Қонунлар ҳимоя қилса бўрини Хабар олдим қўйлар – қўрқоқларимдан”,- дея олиши билан бахтиёр.

Лирик қаҳрамон – зиммасидаги инсоний миссияни ҳалол бажаришга уринаётган шахс. У катта мақсадлар, тоза ниятлар билан яшаб, ўткинчи майда манфаатлар исканжасида қолмаганидан масрур: “Алҳақ ҳаёт мангу Соямга қараб Асло ўлчамадим умрим мазмунин. Мангулик мангу сир, Унга йўқ жавоб, Фақат сақламоғинг керак қалб қўрин. Мен сизни севаман!” Шоир одамларни сева олган кишигина ўзини одам санашга, чинакам умр кечирдим деб ҳисоблашга ҳақли эканини:

Қуёш ботиб борар
Қайда бергум жон,
Уммонми, саҳрода ёки самода,
Менга берилди-ку
Бир буюк имкон,
Мен сизни севолдим ушбу дунёда

тарзида ифода этади. Лирик қаҳрамон қаерда, қандай яшаш ва ҳаётининг қаерда, қандай якун топишини ўйлашдан кўра, одамларга севги улашишни муҳим ҳисоблайди. Зеро, ҳаётдан кетиш-кетмаслик ихтиёри одамнинг ўзида эмас, аммо ўзгаларни севиш, уларга эзгулик қилиш имконидан фойдаланиш-фойдаланмаслик унинг қўлидадир. Шеърнинг “Мен ҳеч ким эмасман Ўзимдан бўлак” тарзидаги қаноат билан якунланиши ўзи бўлолган кишигина эзгуликларга қодир шахсдир деган қараш ифодасидир.

Халқ руҳини, тилини, қадриятларини чуқур туядиган ва акс эттира биладиган шоир Азим Суюн бу йил етмиш ёшга кирди. Оқсоқоллар қаторига кираётган шоиримиз ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида гўзал бир поэтик чаманзорда ифорли чечаклар ундирди. Ўйлаймизки, бу гулзор бадиий таровати билан Сизнинг кўнглингизга эзгулик олиб киради. Ўзлигига собит шоирнинг самимий битиклари сизнида ўзингизу кўнглингизга ёвуқлаштиради.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон