Бинафша Тошдили (1954)

Бинафша Тошдили Ибодова (Bənövşə Daşdılı) 1954 йил 29 апрелда Озарбайжоннинг Лочин районида туғилган. Озарбайжон ёзувчилар бирлиги аъзоси. “Қизил қалам” медиа мукофоти совриндори. Шоиранинг “Юрт ҳасрати”, “Бинафшаси сўлган Лочин”, “Сендан узоқда”, “Сен ёнимда бўлмаганингда”, “Унвонсиз сафарга чиққим келади”, “Унутдим десам ишонма” сингари қатор китоблари чоп этилган.

ОНАМ

Бошим узра ўзинг чироқ бўлурсан,
Сочимни тараган тароқ бўлурсан,
Дардимни ёзганим вароқ бўлурсан,
Менинг хоним онам, ҳикматли онам,
Номусдан, ғайратдан давлатли онам!

Дунё ишларини кўпини билган,
Ўз уйида яшаб, уйида кулган,
Кимки кўнгли синиқ, кўнглин кўтарган,
менинг хоним онам, ҳикматим онам,
Номусим, ҳайратим, давлатим онам!

Ўлим шарбатини ичиб кетганим,
Отамнинг ёнига кўёиб кетганим,
Кўнглимда яралар очиб кетганим,
Менинг хоним онам, ҳикматим онам,
Номусим, ҳайратим, давлатим онам!

Қабрингиз бўлибдир, зиёратгоҳим,
Бирингиз ғуссамсиз, бирингиз оҳим,
Кечиргайсиз бўлса агар гуноҳим,
Менинг хоним онам, ҳикматим онам,
Номусим, ҳайратим, давлатим онам!

ҒАЗАЛ

Фалак чархи мени солди замондан – замонга,
Кўз юмиб яхшиларга, қисматим ёзди ёмонга.

Тўлқинли дарёдаман, йўқдир етган имдодимга,
Умидим бўлур ғолиб ки, қўл ташламай сомонга.

Яна ейди жонимни шубҳа, тараддуд, қўрқув,
Солма ё, раб, мани сан бундай гумондан – гумонга.

Ҳар қийин иш бир синовдир, буни тарк айлаганга,
Имтиҳондан ўтадир, юз тутурмиз биз иймонга.

Аллоҳим, Тошдилининг кўнглини шод эт, аммо,
Лутф айла бандангга сен, меҳру муҳаббат уммонга.

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси