Шарқ цивилизацияси тарихи, жамиятнинг маънавий-маърифий такомилида ўтмишда яшаб ижод этган шоирлар, адабиёт аҳлининг хизмати катта бўлган. Туркий, хусусан, ўзбек ёзма адабиётининг юзага келиши ва ривожида Иккинчи турк хоқонлиги даврида яшаб ижод этган адиб ва тарихнавислар Тўнюқуқ ҳамда Йўллуғ тигиннинг ўрни беқиёс. Ушбу ижодкорларни туркий ёзма адабиётининг, туркий тарихнависликнинг асосчилари деса бўлади.
Билга Тўнюқуқ – Иккинчи турк хоқонлигининг барпо этилуви ва салтанатнинг мустаҳкамланишига муносиб улушини қўшган давлат арбоби, шу билан бирга, улуғ файласуф, тарихчи ва ўз даври адабиётининг йирик намояндаларидан бири, таниқли адиб эди. У уч хоқон – Қутлуғ (=Элтариш~Элтарис; ҳукмронлик даври 682–692 йиллар), Бўгу (=Қапған~Қапаған; ҳукмронлик даври 692–716 йиллар) ҳамда Билга хоқон (ҳукмронлик даври 716–734 йиллар)нинг маслаҳатчиси ва қўмондони ўтган. “Ўшанда кенгашчи ҳам менинг ўзим эдим, урушувчиси ҳам мен эдим”, дея хотирлайди бу тўғрида муаллиф ўз асарида. Айниқса, Қутлуғ ва Билга хоқон тахтда эканликлари чоғида унинг обрўси ва мавқеи баланд бўлган. Тўнюқуқ Билга хоқоннинг қайнотаси ҳам эди. Ёзувчи ва тарихчи Йўллуғ тигин Тўнюқуққа невара бўлади.
Тўнюқуқ туркий ёзма адабиётнинг энг кекса намояндаси, ундан илгари яшаб ижод этган туркий ижодкор маълум эмас.
Унинг оти туркий битигларда <н> ёки қўшалоқ <нй> ҳарфлари билан икки хил ёзилган: TЎНуҚуҚ ҳамда TЎНЙуҚуҚ. Ҳарқалай, биринчи <н> ҳарфи билан ёзилгани ҳам [нй] деб талаффуз этилган бўлиши керак.
Тўнюқуқ айрим хитой манбаларида Танг сулоласи даврида ўтган атоқли давлат арбоблари, улуғ донишманд ва саркардалар билан тенг қўйилади. Унинг отига билга сифатининг қўшиб айтилгани бежиз эмас. Билга сўзининг маъноси қадимги туркий тилда “доно, донишманд”: Билга Тўнюқуқ – “донишманд Тўнюқуқ” дегани. У йирик донишманд, хоқонлар кенгашчиси, улуғ файласуф бўлгани учун ана шу унвонни олган.
Тўнюқуқ юрт тинчлиги, мамлакат куч-қудратини ошириш йўлида кўп яхши ишларнинг бошида турди, мамлакат озодлиги, хоқонликнинг тикланиши ва эл юрт чегараларининг кенгайишига муносиб улушини қўшди.
Тарихнавис ва адиб Тўнюқуқнинг бир асари етиб келган. Асар фанда муаллифнинг оти билан юритилади. Тўнюқуқнинг ҳаёти ва қилган ишлари ўша асарда яхши берилган. Тўнюқуқ ҳақида ўтмиш манбаларида ҳам маълумотлар бор. Уни адиб ва тарихчи Йўллуғ тигин ҳам Билга хоқон хотирасига ўрнатилган битигида эслаб ўтади. Кули-чўр битигида Тўнюқуқнинг оти икки бор қайд этилган. Яна ўша замоннинг хитойча манбаларида ҳам Тўнюқуқ ҳақида маълумотлар учрайди. Мазкур манбаларда унинг оти Юан-шжен бўлиб, у Тўнюқуқ исмининг хитойча таржимасидир.
Тўнюқуқнинг туғилган ва ўлган йили маълум эмас. Лиу Мау-тсан хитой манбаларини таҳлил этар экан, Тўнюқуқ 716 йили етмиш ёшларда эди, деган фикрни билдиради.
Г. Клоусон, Л. Базин унинг ана шу фикрига таяниб, Тўнюқуқ 646–647 йилларда туғилган, деган хулосага келган.
Тўнюқуқ Табғачда туғилиб тарбия топган. Унинг ота-онаси ўша ерга бориб яшаб қолган турк зодагонларидан бўлиши керак; ёш Тўнюқуқнинг билим олишга шароити етарли бўлган.
Болалиги тўғрисида муаллиф ўз асарида шундай ёзади: Билга Тўнйуқуқ-бен. Ўзум Табғач элинга қилинтим. Tурк бўдун Табғачқа кўрур эрти (Мен Билга Тўнюқуқман. Ўзим Табғач юртида туғилдим. Турк халқи Табғачга қарам эди). Табғачнинг иш йўриғига кўра, турк ўғлонлари бу ерда тарбияланиб, ўз юртига раҳбарлик ишларига жўнатилар эди. Ёш Тўнюқуққа ҳам шундай йўл тутилди. Лекин у оталар юртига келиб, Табғачга хизмат қилиш ўрнига миллий озодлик ҳаракатларига қўшилиб кетди.
Тўнюқуқ битиги ёнма-ён тикланган иккита тошга кўк турк ёзувида ёзилган. Ёднома 62 сатрли бўлиб, унинг 35 сатри биринчи тошга, кейинги 27 сатри эса иккинчи тошга тепадан қуйига қараб битилган. Ёдгорлик ҳозир ҳам ўзининг тикланган жойида. Теварагида кўҳна мақбара вайроналари, усти нураган ҳайкал ва балбаллар, турли безаклар ишланган йирик-йирик тош парчалари, устунларнинг тагликлари ётибди. Вайронанинг бир ёғида, кунчиқарга бироз юрилса, яқин икки юз қадам чамаси қаторасига ердан чиқиб қолган турли кўринишдаги тошларга, балбал ва устунларга кўзингиз тушади. Мақбарага кириш йўлаги шу ёқдан бўлган кўринади. 1957 йили мазкур комплексдан тўрт қаторли матн парчаси ҳам топилган. Тўнюқуқ ёдгорлик комплекси ўз замонида улуғ зиёратгоҳлардан эди. Ҳозир эса унинг харобалари қолган, холос.
Тўнюқуқ ёдгорлик комплекси хоқонлик замонидан қолган бошқа ёдгорликлардан анча четда. Кул тигин ва Билга хоқон қабртошлари тикланган жой билан бу ернинг ораси 360 чақирим. Саркарда қариган чоғда давлат ишларидан четроқ, тинч бир манзилни танлаган бўлса ажабмас.
Ёднома матнини муаллифнинг ўзи кўзи тириклигида битиб, тошга ёздириб қўйган. Бу ҳақда матннинг 58-қаторида: Tурк Билга қаған элинга бититдим бен Билга Тўнйуқуқ (Қудратли Билга хоқон элида ёздирдим, мен – Билга Тўнюқуқ) деган сўзларни ўқиймиз. Матн унинг ўз тилидан ҳикоя қилинади. Бироқ битигнинг ёзилган санаси-да аниқ эмас. Баъзи билим кишилари ёдгорлик 712–716 йиллар орасида, баъзилар 720, бошқа бирлари 725–726 йилларда битилган, дея тахмин қиладилар. Ҳатто ушбу битиг Кул тигин битигига жавоб тариқасида битилган, деган қарашлар ҳам бор. Таниқли олим У. Серткая асарда акс этган тарихий воқеаларни таҳлил этиб ҳамда матнни Кул тигин, Билга хоқон битиглари билан текстологик жиҳатдан ўзаро чоғиштириб, битиг бирмунча кеч – Билга хоқон тахтда эканлиги чоғида (Tурк Билга қаған элинга бититдим жумласини кўзда тутган ҳолда), 732–734 йиллар орасида ёзилган деган хулосага келди. Унинг фикрича, Тўнюқуқ бу кезлар 85 ёшларда эди.
Битигда Тўнюқуқ ўзининг ўсиб улғайишидан бошлаб, Элтариш бошлиқ улус озодлиги ҳаракатларига қўшилиб, мамлакатни босқинчилар зулмидан қутқариши, ўз қаҳрамонликлари, мамлакат чегараларини кенгайтириш, юрт эрки, улус тинчлиги ва фаровонлиги йўлида олиб борган курашларини, эзгу ишларини ҳикоя қилади. Унда хоқонлик тарихи яхши ёритилган. Муҳими шундаки, тарих баёни оддий эмас: муаллиф кўрган-кечирганларини, ўзи қатнашган буюк ишларни таъриф этмаклик учун туркий тилнинг бой имкониятларидан, халқ мақоллари, турли бадиий воситалардан унумли фойдаланган. Услуб юксак балоғат даражасида, ўта чиройли. Бу белгилари матннинг бадиийлигини таъминлайди. Бундай услубнинг танланишига сабаб асарни ўқишли қилиш, унинг бадиий-эстетик таъсирини ошириш эди. Шунинг учун битигни тарихий-бадиий асар сифатида ўрганиш ўринлидир.
Битигда Тўнюқуқ қўрқмас баҳодир, улуғ йўлбошчи сифатида гавдаланади. Буни Ярис даштида кечган жанглар таърифида очиқ кузатамиз. Ёв сирини билиб келган кузатувчининг “Ярис даштида ўн туман [юз минг] қўшин терилди” деган хабарини эшитиб, беклар ёппасига ортга қайтишни хаёл қилдилар. Лекин Тўнюқуқ: “Алтун йишни ошиб келдик, Эртиш ўгузни кечиб келдик. Келгани алп деганлар. (Ёв бизни) туймади. Тангри Умай, муқаддас ер-сув босиб берган, шекилли, нега тезамиз (ёвни) кўп дея, нега қўрқамиз (ўзимизни) оз дея? Қани, босайлик, жангга кирайлик”, дея уларни тўхтатиб қолди, қўшиннинг руҳини кўтарди. Тўнюқуқ айтганидай бўлди, жангда ёв енгилди. Иккинчи кун келди, ўтдай қизиб келди. Ёвнинг икки қаноти яримча ортиқ эди. Шундай эса-да, ёв мағлуб бўлди. Ўша хабарни эшитиб, ўн ўқ беклари, халқи ёппасига бош эгиб келди.
Битиг охирлаган сайин ёзувчининг кўзлаган мақсади очиқ-ойдин кўзга ташлана боради; хоқонлик тарихидаги ютуқларнинг бошида хоқон билан бир сафда Тўнюқуқ ҳам турганига алоҳида урғу берилади. Битигда айтилувича, Элтариш хоқон алломаси билан бўлгани учун, баҳодири билан бўлгани учун қўшни элларга чериг тортиб, мамлакатни кенгайтирди, зафар қозонди. “Элтариш хоқонга, турк Бўгу хоқонга, турк Билга хоқонга тун ухламайин, кундуз ўтирмайин, қизил қонимни тугатиб, қора терим югуртиб, меҳнатимни, кучимни бердим” (қизил қаним тукати, қара терим югурти, исиг-кучиг бертим), дея урғулайди муаллиф.
Асар қаҳрамонининг алпларча кураши “Босадиган ёвни поймол қилғучи эдим”, дея таърифланади. Бошқа бир ўринда у юрт жонкуяри эканлигини таъкидлаб: “Бу турк халқига яроқли ёвни йўлатмадим, (унинг) яловли отини югуртирмадим”, дейди. “Қай ердаги хоқонли халқнинг менинг сингари алпи бор эрса, унинг не қайғуси бўларди”, дея якунланади эпосларга хос баён.
Алоҳида таъкидланувича, Элтариш хоқон ва Тўнюқуқ елкама-елка туриб зафар қучмаганларида улус озодликка эришмаган, салтанат тикланмаган бўларди. “Элтариш хоқон зафар қозонмаганида, унинг билан менинг ўзим зафар қозонмаганимда, юрт ҳам, халқ ҳам йўқ бўлар эди. (Хоқон) зафар қозонгани учун, менинг ҳушёрлигим, зафар қозонганим учун, эл ҳам эл бўлди, халқ ҳам халқ бўлди”, дейилади битигда.
Бу сўзлар қайта-қайта таъкидланади: “Элтариш хоқон зафар қозонмаганида, йўқ бўлганида, мен ўзим билга Тўнюқуқ зафар қозонмаганимда, мен бўлмаганимда, Қапаған хоқон турк сир халқи ерида бўй ҳам, халқ ҳам, киши ҳам эга бўлмас эди”. Ушбу қайтариқларнинг ўзига яраша бадиий-эстетик вазифаси бор: ундан мурод ана шу тарихий ҳақиқатга ўқувчи эътиборини жиддийроқ қаратиш, асарнинг ғоявий таъсирини оширишдир.
* * *
Иккинчи турк хоқонлиги даврида (VIII юзйилликнинг биринчи ярми) яшаб ижод этган тарихнавис, кўк турк ёзма адабиётининг йирик намояндаларидан яна бири Йўллуғ тигиндир. Кўк турк обидаларини нашр эттирган олимлар транскрипцияда унинг отини Йўлиғ~Йўлуғ~Йўллуғ~Йулуғ шаклларида берадилар. Битигларда унинг оти икки хил ёзилган: ЙЎЛҒТИГН ва ЙЎЛЛҒТИГН. Кейинги қўшалоқ <лл> билан ёзилган шаклини кўзда тутиб, унинг отини Йўллуғ тигин шаклида ўқиган маъқул. Бу исм таркибидаги йўллуғ – “йўли ойдин; йўли ёруғ”, тигин эса “шаҳзода” англамидадир.
Тарихнавис ва адиб Йўллуғ тигиннинг икки битиги маълум: иккови Иккинчи турк хоқонлиғининг асосчиси Элтаришнинг ўғиллари хотирасига тикланган мангутошларда. Бири Элтаришнинг кичик ўғли, саркарда Кул тигин (=Кўл тигин), иккинчиси катта ўғли Билга хоқон битигидир. Мангутошлар Мўғулистоннинг Кошо Цайдам водийсида Кўкшин-Урхун дарёсининг яқинида, бири-биридан бир чақирим узоқлиқда, ўзининг ўрнатилган жойидан топилган. Ҳозирги чоғда Кул тигин битиги тикланган ўрнида, Билга хоқон битиги эса анча урингани учун бошқа бир ерга элтиб қўйилган.
Билга хоқон битигида Йўллуғ тигин хоқонни “отам хоқон” (қангим қаған) дея тилга олган: Қангим қаған ит йил ўнунч ай алти ўтузқа уча барди (Отам хоқон ит йили ўнинчи ойнинг йигирма олтисида ўлди). Ёки бошқа бир ўринда Қангим турк Билга қаған ўлуртуқинта (Отам қудратли Билга хоқон (тахтда) ўтирганда) деган жумлани ҳам ўқиймиз. У. Серткая матндаги ана шу қайдларни кўзда тутиб, Йўллуғ тигин Билга хоқоннинг ўғли бўлган, деган мулоҳазани билдиради. Унинг фикрича, ёзувчининг отига қўшилаётган тигин сўзи ҳам шуни англатади.
Қизиғи шундаки, Кул тигин битигида Йўллуғ тигин ўзини Kул тигин атиси деб таъкидлайди: битигнинг сўнгги сатрларида Kул тигин атиси Йўллуғ тигин битидим, деб ёзган. Бу сўзни отаси Билга хоқонга ўрнатилган битигда ҳам қўллаган: қаған атиси Йўллуғ тигин. Музкур битиглардаги aти сўзини олимлар “невара” ёки “жиян” деб таржима қиладилар. Ҳолбуки, муаллиф матнда Билга хоқонни “отам хоқон” дея атагани назарда тутилса, у бирйўла ҳам Кул тигиннинг, ҳам Билга хоқоннинг жияни бўла олмайди. Шунинг учун ҳам битиглардаги aти сўзи “жигар, қадрдон” деб тушунилгани маъқул. Ўзбекларда “яқин киши”ни, “қадрдон”ни жигар дейилади. Битиглардаги aти сўзи ҳам ана шу маънода кечган: Кул тигиннинг жигари Йўллуғ тигин; (Билга) хоқоннинг жигари Йўллуғ тигин.
Саркарда Кул тигин 731 йилнинг 27 февралида ўлган. Бу хусусда битигда: Kул тигин қўн йилқа йити йигирмика учди. Tўқузунч ай йити ўтузқа йўғ эртуртимиз (Кул тигин қўй йилида, ўн еттинчи куни ўлди. Тўққизинчи ой(нинг) йигирма еттисида азасини ўтказдик), деб ёзилган. Лекин битигтош ва мақбара комплекси кейинроқ – 732 йилнинг 21 августида тугалланган: Барқин бедизин битигташи[н] бичин йилқа йитинч ай йити ўтузқа қўп aлқдимиз (Биносини, нақшини, битигтошини маймун йилида, еттинчи ойнинг йигирма еттисида бутунлай тугатдик), дейилган битигнинг якунида муаллиф тилидан.
Билга ҳоқон ўлимининг санаси – 734 йил ноябрининг 25 куни: (Билга) қаған ит йил ўнунч ай алти ўтузқа уча барди (Хоқон ит йили ўнинчи ойининг йигирма олтисида ўлди). Битигтошининг тикланган вақти номаълум. Лекин Йўллуғ тигин уни 34 кун ўтириб тошга ёздирганини таъкидлайди: Бунча барқиғ бедизиг узуғ … қаған атиси Йўллуғ тигин мен ай aртуқи тўрт кун ўлуруп битидим, бедизтим (Бундай иморатни, нақшни, санъат ёдгорлигини … хоқон жигари Йўллуғ тигин, мен бир ою тўрт кун ўтириб ёздим, нақшладим). Яна матнда йўғ маросимининг ўтказилган санаси ҳам қайд этилган: Лaғзин йил бишинч ай йити ўтузқа йўғ эртуртим (Тўнғиз йили, бешинчи ойнинг йигирма еттисида (=735 йил, 22 июнь) йўғ қилдирдим). Шунга кўра, битигтош 735 йили тиклангани ойдинлашади.
Йўллуғ тигин амакиси Кул тигинга атаб ёзилган битигни отаси Билга хоқоннинг топшириғи бўйича битган. Ҳарқалай, битиг матнини хоқоннинг ўзи айтиб турган бўлиши керак. Орадан икки йил ўтгач, Билга хоқон ҳам ўлди. Йўллуғ тигин энди отаси хоқоннинг хотирасига атаб битиг ёзишга киришди. У амакисига аталган аввалги битигдан хоқоннинг эл-улусга айтган сўзларини, мурожаатини олиб, кейинги битигга ҳам киритди. Шунинг учун ҳам иккала битигнинг катта бир бўлаги бир хил, улар хоқон тилидан берилади. Лекин кейинги битиг битилаётганда хоқоннинг сўзлари анча таҳрир қилинган.
Диққатга лойиқ ери шундаки, иккала ёдномада матннинг асосий қисми муаллиф Йўллуғ тилидан эмас, унинг отаси Билга хоқон тилидан ҳикоя қилинади. Боиси, битигларда турк хоқонининг ўз элига мурожаати, чақириғи битилган. Хоқон бутун турк улусини, келажак авлодни ўз сўзларига қулоқ тутмоққа ундайди: “Сўзимни тугал эшитгил, кейинимдаги ини, жияним, ўғилларим, иттифоқ, уруғим, халқим, ўнгдаги шадапит беклар, сўлдаги тархонлар, буйруқ беклар, ўттиз … тўққиз ўғуз беклари, халқи, бу сўзларимни яхшилаб эшит, диққат билан тингла”. Матн бўйлаб бу чақириқ кучли тус олади. Хоқон турк улусини бирлашишга, тинч-тотувликка, оталар заҳмат ила қўлга киритган озодликни асраб, ўз элини сақлашга чақиради. Ўтмишни эслатиб, ундан сабоқ ўрганиш, ёв ҳийлаларидан ҳушёр бўлишга ундайди. Улуғ йўлбошчи элига қарата: “Бу хоқонингдан, бу бекларингдан, ерингдан, сувингдан айрилмасанг, турк халқи, ўзинг эзгулик кўражаксан, уйингга киражаксан, беташвиш бўлажаксан”, дея хитоб қилади. Битигларнинг бош ғояси ҳам ана шулар билан белгиланади. Билга хоқоннинг бутун туркий улусга мурожаати, ўз навбатида, ўша кезлар туркий қавмлар орасида умумий адабий тил амал қилганидан далолатдир.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиш ўринли: Урхун битиглари, хусусан, Кул тигин ва Билга хоқон ёдномаларининг тузилиши ўта мураккаб. Уларнинг тузилиши ва услуби қадимги турк монументал матн тузиш анъанаси юксак даражада такомил топганидан белги бериб туради. Матннинг баён шаклига келсак, асосан насрда. Бироқ ора-орада шеърий ўринлар ҳам бор. Муҳим тарихий воқеаларнинг кульминацион нуқталари, қаҳрамонлар фаолиятининг таърифи, айрим тасвирлар шеърда. Шунингдек, матн орасида марсия ҳам бор. Бу жиҳатдан битигларнинг тузилиши халқ достонларига ўхшаб кетади.
Кул тигин ва Билга хоқон ёдномалари хоқон ва улуғ саркардалар хотирасига ўрнатилган оддий битиглар эмас. У улуғ йўлбошчининг бутун туркий улусга, келажак ўғил-қизларга мурожаати, ўгитлари, сабоғи эди. Ушбу қабртошлар тикланган манзилни улус муқаддас билиб, у ерни зиёрат қилган, улуғ хоқон, миллий қаҳрамонларга ўз ҳурматини билдирган. Битигларни ўқиб, улардан сабоқ олган.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 5-сон
Қосимжон Содиқов, филология фанлари доктори, профессор. 1954 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган.
“Қутадғу билигнинг тил хусусиятлари”, “Аждодларимиз битиги”, “Ўзбек адабий тили тарихидан”, “Қадимги туркий ёзувлар”, “Туркий тил тарихи”, “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ўқиб ўрганиш”, “Ёзув тарихи ва китобат санъати” каби ўттизга яқин китоблари нашр этилган.